Ўрхон Вали Қониқ (1914-1950)

Ўрхон Вали Қониқ (Orhan Veli Kanık) Истанбулда туғилган. Истанбул университети Адабиёт факультети, Фалсафа бўлимида ўқиган. Ахборот-алоқа идорасида (РТТ), бир муддат Миллий Таълим Вазирлигининг таржима бюросида ишлаган. Ўлимидан олдинроқ ўн беш кунлик “Япроқ” журналини ташкил қилган.
Шеър китоблари: “Ғариб” (Ўктой Рифат ва Мелиҳ Жавдот билан бирга, 1941), “Воз кечолмаганим” (1945), “Достон каби” (1946), “Янгиси” (1947), “Насриддин хўжа ҳикоялари” (1948), “Қарши” (1949). Ўлимидан сўнг бу китобларга кирмаган шеърлари билан бу китобдаги шеърлар нашр қилинган (1951,1982). Таржима шеър китоблари “Ла Фонтенинг эртаклари” (икки китоб, 1948), “Француз шеърияти антологияси” (1982).
Ўрхон Вали ташбеҳ ва истиора каби бадиий тасвир воситалари ҳақида шундай фикрда: “…ташбеҳ билан истиорадан қочган, кўрганини ҳамма қўллаётган калималар билан тушунтирган одамни бугуннинг мунаввари (олимлари) ғалати қабул қилишмоқда”.
Ўрхон Валига кўра “Шеърни шеър қилган фақат адоси (якуни)даги хусусият бўлиб, бу маънога оиддир. Шеър барча фазилатлари якунида жам бўлган бир сўз санъатидир. Яъни, тамоман маънодан иборатдир. Маъно инсоннинг беш туйғусига эмас, ақлига хитоб қилади. Бинобарин, тўғридан-тўғри инсон руҳиятига хитоб этувчи ва бутун қиймати маъносида бўлган ҳақиқий шеър унсури борлигини ҳам унутмайлик”.
Ўрхон Вали шеъриятда қўллаган туркча ўзига хослиги, табиийлиги билан ажралиб туради.
Ўрхон Валининг таржималари ҳам замонавий турк таржимашунослигининг мумтоз намуналаридир, десак, муболаға бўлмайди.

АОРИСТ

Эй, хотираси ичимда қасам қадар буюк,
Эй, боғчасининг хуш кунларга очиқ эшиги.
Ҳануз рўёларимга кирган энг суюк,
Бола пешонасидаги каби иссиқ бўса ҳадиги.

Эй,севги шохимда илк чечак очган ғунчам,
Қоним оқишини енгиллатган томир…
Гул ранги нурлари, савдо тўла оқшом,
Ичимда янги бир шафақдай қолур…

Эй,тахта тўсиқдан ошиб ўтган гул
Ва ҳаволари сасимизга тўла баҳор …
Ўйнаганимиз сувлар, югурганимиз йўл,
Қоғоз бир кемаю, қувонч юклари бор…

Эшитиб қарши минорадан хуфтонга чорлов,
Ётоғимга иссиқлигин келтирган рўё…
Денгизларда яшаганим – куйдирмас олов,
Ва қирғоқ энг катта беғубор дунё …

Оҳ, кўп нарса берган ўрик дарахти,
Илк йўлчиликда бошланган ҳасрат…
Қўнғироқли файтун таққан от шахти …
Кичик рўмолчамда юмалаган дард …


АБОБИЛ

Сақлаб ичига саслар, учган бу оқшомдан,
Ҳофизамни денгиз қирғоғига тортган йўл…
Ойдинлик, рўёлар изига тушган конгул ,
Мовий денгизда сузар каби ёнган шамдон…

Суратлар устида зулматнинг қўрқинчи
Ва бирдан қалбларга урилган хотира.
Мени чексиз саодатга тортиб ботирар,
Кичик бармоқларингда рўёлар илинжи…

Айрилмоқда кўзларимдан йилларча кечалар
Ва ёлғиз қолмоқда ёзга ром соҳил…
Учишади кўк юзида бир гала абобил;
Севгим ва ҳасратим абадий қолар…

Очиқ пардалардан сасларнинг тўкилиши;
Бир сардоба янглиғ руҳнинг чўкиши…
Энг яқин севгининг сезилмаган ўпичи…
Яшамоқдан гўзал бўлган унинг кулиши…

Илиқ сояларда ухлатиб ўйларинг,
Оқ этакларинг билан менга кўринганинг …
Ва нафасингни яшил тонгларга илинганинг,
Менинг ёз тунидаги иссиқ ўйларим…

Рангли фонусларнинг тагига тушган  севинчи,
Елкаларингда ой нуридан жамалак.
Ҳасратни қуволмай фитратим ҳалак,
Кичик бармокларингда эса, рўёларинг илинжи…

КИТОБАИ САНГИ МОЗОР

I
Ҳеч нарсадан азоб кўрмади дунёда,
Носирдан кўргани қадар.
Ҳатто хор, чиркин яратилганидан ҳам
Бу қадар қайғули эмасди.
Туфлиси оёғин қисмаганда,
Эсламасди аммо Аллоҳни.
Ўзини гуноҳкор ҳисобламасди,
Ёзиқ бўлди Сулаймон афандига …

II
Масала у қадар шов-шув эмасди,
На бошқалар, на ўзи учун;
Бир оқшом ухлади,
Уйғона олмади.
Олиб кетдилар,
Ювилди, намози ўқилди, кўмилди.
Эшитсалар ўлганин оладиганлар,
Ҳаққини ҳалол қиладилар албатта.
Оладиганига келганда…
Зотан, оладигани йўқ эди раҳматлининг…

III
Тўфангини омборга қўйдилар,
Савобини бошқасига бердилар.
Ортиқ на тўрвасида нон бўлаги,
На ёстиғида дудоқларининг изи;
Шундай бир шамол каби
Ўзи кетди,
Ҳатто исми ҳам ёдгор қолмади.
Ёлғиз шу байт қолди,
Қаҳва ўчоғида қўл ёзуви билан:
“Ўлим Аллоҳнинг амри,
айрилиқ бўлмаса эди”…

ТОНГГА ҚАДАР

Шу шоирлар маъшуқалардан баттар,
Нимадир бу одамлардан чеккан азобим…
Шундай бўладими тонгга қадар,
Бир мисра деб учса ёноғим…

Тингла, тингла, эшитасанми,
Қўшиғини том мўрисининг.
Ёхуд буғдой ташиганини,
Чумолининг уяларига.

Кутмасам на бўлар қуёш туғишин,
Қўлланган қофияларни қўллаш учун.
Тонгда келган қоғоз олувчиларга,
Букланган қоғозни йўллаш учун.

Шайтон деяптики: “Оч деразангни,
Бақир, бақир, бақир,
Тонгга қадар…”.

ГЎЗАЛ ҲАВОЛАР

Мени бу гўзал ҳаволар маҳв этди,
Шундай ҳаволарда истеъфо қилдим,
Вақфдаги. маъмуриятимдан.
Тамакига ҳам шу ҳавода ўргандим,
Шундай ҳавода ошиқ бўлдим;
Уйга нон ва туз олиб келишни,
Шундай ҳаволарда унутдим.
Шеър ёзиш хасталигим,
Доим шундай ҳаволарда нуқс этди,
Мени бу гўзал ҳаволар маҳв этди…

АНГЛАТОЛМАЯПМАН

Йиғласам, сасимни англоласизми,
Мисраларимда.
Учрата оласизми кўз ёшларимни
Қўлингиз билан?
Билмасдим қўшиқларнинг бу қадар гўзал,
Калималарнинг эса тансиқлигини.
Бу дардга чалинмай туриб.
Ҳаммасини айтиш мумкин бўлган
Бир ер борлиги билан…
Хийла яқинлашибман, деяпман,
Аммо, англатолмаяпман…

ПОЕЗД ОВОЗИ

Ғарибман;
На бир кўнгил овутар гўзал бор бу шаҳарда,
На бир таниш чеҳра.
Бир поезд овозин эшитишга ташна,
Икки кўзим,
Икки чашма…

ИСТАНБУЛНИ ТИНГЛАЯПМАН

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмилган,
Енгилгина шамол эсмоқда.
Секин, секин солланмоқда,
Япроқлар дарахтларда,
Узоқ, жуда узоқларда
Мешкопчиларнинг саслари шамолга илинган…
Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган.

Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган,
Гала-гала қушлар учади.
Юксакларда чуғур-чуғур овозлари
Тўрлар тортиларкан қирғоққа,
Бир аёл ўтирар оёғи сувда, хаёлга кўмилган
Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган…

Истанбулни тинғлаяпман кўзларим юмилган,
Салқин, салқин ёпиқ бозорлар.
Жонли, жонли Маҳмуд пошо…
Кабутар тўла ҳовлилар…
Болғасаслари келар портлардан.
Гўзалим баҳор шамолида турар, юзлари кулган,

Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган…
Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган,
Бошимда эски замонлар сархушликлари,
Эски қайиқлари билан бир қирғоқ.
Бўронларининг шовқини, денгиз тинчлиги брилган,

Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган…
Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган,
Бир гўзал ўтмоқда тош йўлдан,
Куфр гаплар, қўшиқ, гап отишлар…
Бир нарса тушар қўлидан,
Сочилган гуллари ортидан термулган…

Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган…
Истанбулни тинглаяпман кўзларим юмилган,
Бир қуш потирлайди этакларида;
Пешонаси совуқми, иссиқми биламан;
Дудоқлари ҳўлми, қуруқми биламан;
Тўлин ой чиқмоқда кунгабоқар ортидан,
Қалбимнинг уришини англагандай англаяпман,
Истанбулни тинглаяпман!…

(“Қарши” китобидан)

БУРГА ШЕЪРИ

Бу не ажойиб билмача ,
На кундуз битар, на кеча.
Кимга айтамиз дардимиз,
На ҳаким англар, на хўжа.

У кимдир ишинда, кучинда,
У кимдир саси йўқ ичинда?
Оғиз бор, қулоқ бор, бурун бор.
Аммо бари айри бичимда.

У кимдир пайғамбар деб ёнар?
У кимдир соат каби айланар?
У кимдир котиб ёзувин ёзса?
У кимдир кўчаларда тиланар?

У кимдир қамчи тақар белига?
У кимдир шўнғир дунё елига?
Аёл ҳисобида тунлари,
Кундузлари ота қўлида?

Бу низом шундай кетарми?
Бургалар филни ютарми?
Етти нуфузли ётар жойда,
Уч бетайин ётса етарми?

Қоришиқ ишлар бу вассалом,
Телбаликни ёзади қалам.
Ёзганингни тонгда ўқисанг,
Ҳеч қийматга арзимас калом…

ЙЎЛЧИЛИК

Не сир бор бу йўлчиликда,
Ҳар сафар йиғлатар мени,
Менки ёлғизман бу дунёда!
Йўлга чиқаман тонгги қизилликда…

Узун кўприкдан қир бўйлаб,
Яйловнинг отлари дупур, дупур…
Ҳайдовчим ўн тўрт ёшида,
Юзимни ёш билан қўяман сийлаб…

Кўнглим шод бўлиши керак-ку ахир,
Қаерда мен излаган шодлик.
Айтинглар не сир бор йўлчиликда,
Кўзимдан не учун ёш оқаётир?…

(“Воз кечмаганман” китобидан)

Абдулатиф Абдуллаев таржимаси

ИСТАМБУЛНИ ТИНГЛАЯПМАН

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ,
Сокин бир шабада эсмоқда майин;
Сокин-сокин тебранади
Япроқлар оғочларда;
Узоқларда жуда узоқларда
Бирин-сирин жарангламоқда
Мешкобларнинг қўнғроқчалари
Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ.

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ
Қушлар ўтар юксаклардан
Қатор-қатор, шовқин солиб.
Балиқчилар ёйишади тўрларини
Бир аёлнинг оёқларин тўлқин ювар
Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ
Салқин-сарин Қопаличорсу*
Гуррос-гуррос Маҳмудпошшо*
Кабутарлар ғужғон ҳовлилар
Чўкич саси келар док*лардан
Гўзал баҳор елларида тернинг ҳиди бор
Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ
Бошимда эски аламларнинг сархушлиги
Рангсиз қайиқхонали кўркам бир ҳовли
Жануб шамолининг сокин шивири аро
Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ
Бир соҳибжамол ўтиб борар,
Уни кузатар
Қарғишлар,қўшиқлар,алёрлар,лофлар
Нимадир тушади қўлидан ерга
Гул бўлса ажабмас
Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ

Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ
Бир қуш қўнай дейди соҳибжамол этакларига
Юзи қизардими,йўқми,билмайман
Дудоқлари намми, йўқми,билмайман
Оппоқ ой кўринар дарахтларнинг ортида
Истанбулни тинглаяпман, кўзларим юмуқ

ВАТАН УЧУН

Не ишлар қилмадик шу ватан учун!
Биримиз ўлдик,
Биримиз нутқ сўзладик..

АЙРИЛИҚ

Тикилиб қоламан кемаларнинг ортидан;
Отолмайман ўзимни денгиз қаърига
– Ахир,дунё ғозал;
Эрман,ахир, йиғлаёлмайман.

КЎЗЛАРИМ

Кўзларим,
Кўзларим қайда?

Шайтон олди-кетди,
Сотолмасдан қайтарди.

Кўзларим,
Кўзларим қайда?

САБОҲГА ҚАДАР

Бу шоирлар ошиқлардан баттар,
Ахир нима олдим ўзи улардан?
Шуям ишми,бутун бир тунни
Бир мисра сирини билишга бермоқ?

Бир дам қулоқ бергин,
Эшитяпсанми
Томларнинг,қувурларнинг қўшиғини
Ёхут уясига буғдой ташиётган
Чумолиларни?

Қуёшнинг чиқишин кутишим шартми,
Туни билан битган қофияларимни
Тонгда эшик қоққан фаррошлар билан
Денгиз қирғоғига жўнатмоқ учун?

* * *

Текин яшаяпмиз,теп-текин,
Ҳаво теп-текин,булут теп-текин.
Дара,тепа теп-текин;
Ёмғир лой ҳам теп-текин
Автомобиллар тутуни,
Кинозаллар эшиги
Фоҳишалар теп-текин;
Нону пишлоқмас аммо
Денгиз суви теп-текин;

Озодлик бош эвазига
Қуллик эса теп-текин
Текин яшаяпмиз,теп-текин

* Қопаличорсу – Истамбулдаги бозор
* Маҳмудпошшо – Истамбулдаги масжид
* док – кемалар таъмир қилинадиган устахона назарда тутилмоқда

Хуршид Даврон таржималари