
Таассуф билан айтиш керакки, кейинги вақтларда қулоқни батанг қиладиган, бошни ғовлатадиган реп, рок оҳангларига мойил, “бэбби бумер”ларга кўр-кўрона эргашадиган ёшлар кўпаймоқда. Ҳолбуки, бунақа реп, роклар инсондаги ҳайвоний инстинктларни авж олдиришга мўлжалланган. Шунинг учун ҳам бунақа оҳангларга “шайтоний мусиқа” деб ном берилган.
Мусиқа нафақат руҳиятга, балки танга ҳам шифобахш таъсир кўрсатади. Америкалик психотерапевт Стив Смит Техас университети талабаларининг иккита гуруҳида битта тажриба ўтказган. Биринчи гуруҳдаги талабалар вазифани сукунат ҳукмрон бўлган хонада, иккинчи гуруҳдагилар мумтоз мусиқанинг сокин садолари остида бажарганлар. Натижалар таҳлилида иккинчи гуруҳ талабалари юқори баҳоларга лойиқ кўрилгани аниқланган. Стив Смит бу тажрибасига асосланиб, мусиқа хотирлаш қобилиятини кучайтириши тўғрисидаги хулосага келган. Руминиянинг Ясса шаҳридаги болалар тиш шифокори профессор Мирча Руси бир неча йил давомида мусиқанинг хаста болаларга таъсирини ўрганган ва муайян оҳангдаги мусиқа хаста болаларни оғриққа янада чидамли бўлишига, яраларнинг тезроқ битишига таъсир қилишини аниқлаган.
Бугун эса ўзлари бўғзигача маънавий қашшоқлик ботқоғига ботган “оммавий маданият” ихтирочилари Шарқ мамлакатлари маънавияти ва маданиятини ичдан бузиш ниятидалар. На сўзи, на куйининг маъноси, мағзи бўлмаган реп, рокларнинг асосий зарари – маънавиятга бераётган зарбасидир. Бундан ташқари, улар соғлиққа ҳам кони зиён. Чунки шовқин маълум бир даража(децибал)дан ошганидан кейин мия ва юрак фаолиятини издан чиқаришини мутахассислар аниқлаган.
Сўнгги вақтларда тузуккина ижро қобилиятига эга, аммо мўмай даромад ёки қарсак кетидан қувган айрим ёш хонандалар мумтоз мусиқа мухлиси кам, концерт заллари тўлмайди, деган баҳонани рўкач қилиб, ўзларини сершовқин реп, рокка урмоқдалар. Чаламулла бошловчилар бўлса, шанғи мусиқа ижрочиларини “юлдуз” деб ёшларни чалғитмоқда. Бу “юлдузча”лар шу йўллар билан тезроқ жаҳон миқёсига чиқаман, деб ўйласалар ажабмас. Афсуски, реп, рок ва ҳоказоларнинг энг зўр бақироқлари хорижда тиқилиб ётибди. Ғарбдаги чинакам мусиқа ихлосмандларини фақат беназир, тенги йўқ миллий санъатимиз билан қойил қолдириш мумкин. Турғун Алиматов, Муножот Йўлчиева сингари машҳур хонандаларнинг Европа ва Америкадаги концертлари бунинг ёрқин далилидир. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари охирларида америкалик ношир Уилям Теффт ва венгриялик ношир Гизелла Басса Ўзбекистонга меҳмон бўлиб келишди. Теффт мусиқа ихлосманди экан, қайси вилоятга бормайлик, ўзбек мусиқалари ёзиб олинган кассеталарни (у вақтлари диск, флешкалар ҳали чиқмаганди) сотиб оларди. У фақат мумтоз куй-қўшиқларимиз ёзилганини мақбул топарди. Шунда эстрада йўналишидаги ашулалар ёқмадими десам, бу хил қўшиқлар халқингизнинг тийнатини акс эттирмайди, дерди. Бу билан мен ўзбек эстрада қўшиқларини камситмоқчи эмасман, аксинча, бу йўлдаги ижрочиларнинг моҳир хонанда Ботир Зокиров даражасига кўтарилишларини орзу қиламан. Тўғри, эстрада қўшиқларини миллий оҳангларда, манзур даражада ижро қилаётган хонандаларимиз кўп. Ҳатто мумтоз ашулаларимизни эстрада йўналишида айтишни тажриба қилаётган ёшларимиз бор. Бу тажрибалар, балки ижобий натижа берар, буни келажак кўрсатади. Лекин ишонч билан айтиш мумкинки, эстрада қўшиқлари мумтоз куй-қўшиқларимиз билан беллаша олмайди, уларнинг аксарияти вақт синовларидан ўтиши мушкул.
Сўз танлаш ва уни соз билан уйғунлаштиришнинг ўзи бир санъат, уни ширали овоз билан маромига етказиб ижро этиш орқали тингловчи қалбини ром қилиш эса, яна бир санъат. Бундай фазилат ҳаммага насиб қилавермайди. Жўрахон Султонов, Ҳожихон Болтаев, Комилжон Отаниёзов, Маъмуржон Узоқов, Ориф Алимаҳсумов, Берта Давидова, Назира Юсупова, Рўзмат Жуманиёзов, Отажон Худойшукуров, Ортиқ Отажонов, Раҳматжон Қурбонов кабилар ана шундай абадиятга дахлдор санъаткорлардир. Мумтоз мусиқамизни бошни оҳиста чайқаган ҳолда ҳузурланиб эшитамиз, асабларимиз тинчланади, руҳиятимиз ором олади. Шунингдек, таниқли хонандаларимиз ижро этган шўх қўшиқлар, лапарлар, яллалар борки, давраларни қизитади, рақс тушишни ёқтирадиганларни жўштиради.
Ўтмишда Қўқон, Бухоро, Хоразм хонликларида мусиқа маданиятини ривожлантиришга эътибор берилган, миллатидан қатъи назар, мумтоз мусиқамизнинг моҳир ижрочиларини тарбиялаш борасида ғамхўрлик қилинган. Бухоро амирлиги саройида ижод қилган муғаннийлар орасида фаолият кўрсатган, моҳир яҳудий хонандаларнинг Шашмақомимизни ривожлантиришга, асрашга қўшган ҳиссалари мутахассислар томонидан эътироф этилган. Хоразм хонлигида феномен бўлган Феруз махсус фармон билан мақомларни давлат мулки, деб эълон қилган. Уларни бузиб ижро қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи бўлмаган. Феруз саройида ўн йил котиблик қилган Бобожон Тарроҳнинг “Хоразм навозандалари” китобида булар ҳақида кўпгина маълумотлар берилган. Хоразмда мумтоз куй-қўшиқлар ижроси ҳақида гап кетганда чиқишни ҳам, тушишни ҳам билиш керак, деган таъбир айтилади. Яъни хонанда авж пардага чиқишни ҳам, ундан тушишни ҳам уддалай олсагина талабчан мусиқа шайдоларини қойил қолдиради. Ҳолбуки, гоҳида баъзи таниқли хонандалар авжни қойиллатган ҳолда, “тушиш”да нуқсонга йўл қўяди, битталаб тушиш ўрнига биратўла томдан сакраб қўя қолади. Мумтоз куй-қўшиқ ижрочиларидан Муножот Йўлчиева, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Камолиддин Раҳимов, Ўлмас Саиджонов, Озодбек Назарбеков, Раҳматжон Қурбонов, Ғафур ва Ғулом Эшчоновлар, Фарҳод Давлетов, Оғабек Собиров, Каримбой Раҳмонов ва бошқа кўпгина хонандалар авжга чиқишда ҳам, тушишда ҳам маҳорат кўрсатганлар.
Яна бир гап: сўнгги вақтларда бепарда, беҳаё қўшиқ айтишни урф қилган хонандалар, бепарда латифалар айтадиган қизиқчилар чиқди. Иш юзасидан Хоразмга борганимда Урганч бозорига йўлим тушди. Диск сотадиган йигитча микрофонни варанглатиб ашула қўйиб ётибди. Таниш хонанда, беихтиёр қулоқ солдим. Сўзлари аниқ эсимда қолмаган, лекин мазмуни: “Тезроқ эшикни тамбала, ҳеч ким кўрмасин, эринг билиб бизни ўлдирмасин”, қабилидаги ғирт беҳаё қўшиқ. Бу қанақаси?! Нимани тарғиб қилаяпмиз? Қўшиқ айтган хонанда нафс тузоғига тушиб, беҳаёликни тарғиб қилаётганини наҳотки билмаса? Бу санъаткор маданияти, масъулиятига хилоф-ку! Улуғ ҳофизларимиз ашулаларида ошиқ ёрига фақат яхшиликни, ўзига бўлса, барча жафоларни раво кўргани куйланган. Эндиликда эса бевафолигини айтиб мақтанадиган хонандалар чиқди. Чунончи, Яҳёбек ширали овози, яхши ижроси билан элга танилган хонанда. Аммо унинг “Бевафолигим билмайди-да” деб ашула айтиши кишини ажаблантиради. Яна бир аёл хонандамиз “Сен бўлмасанг, бошқаси” дея жар солади. Бу нима дегани? “Севгилилар”ни истаганча алмаштиравераман, деганими? Вафо, садоқат тушунчалари эскириб қолди-ю, биз бехабармизми?
Таниқли қизиқчимиз Мирзабек Холмедов катта истеъдод эгаси. Аммо шундай катта истеъдод эгаси ҳам урфга айланаётган беҳаёлик тўрига тушгани кишини жуда ачинтиради. Мирзабек хусусий телеканал орқали намойиш қилинган бир кўрсатувда томошабинлардан олқиш оламан дея, бепарда латифалар айтди. Талабчан газетхон мени кечирсин, гап қуруқ бўлиб қолмаслиги учун латифа мазмунини келтираман. Бир чол кечаси кампирини туртиб уйғотибди, “Астағфуруллоҳ, астағфуруллоҳ, қимирлаяпти, қимирлаяпти” дебди. Шунда кампир “Қимирласа яхши-ку, астағфуруллоҳ деманг, алҳамдулиллоҳ денг” дермиш. Чол бўлса “Эй кампир, ер қимирлаяпти, ер!” деган экан. Машҳур аскиячиларимизнинг репертуаридан ҳам бу каби беҳаё латифалар ўрин олаётгани ташвишли ҳолдир. Ахир, ўша залда ёки телевизор рўпарасида оналарингиз, сингилларингиз, қизларингиз ўтирибди, уят эмасми? Уйингизда фарзандингизга шунақа тарбия берармидингиз? Саҳна – муқаддас даргоҳ, дедик. Саҳнани ҳам ўз уйингиздай кўринг!
Рақс борасида ҳам кишини ранжитадиган ҳолатлар кўзга чалиниб қолади. Чунончи, ғоят латиф, жозибадор ва машҳур “Лазги” ижросида баъзи раққосалар олқиш олиш илинжида диди паст томошабинни қитиқловчи, маст-аластларни қутиртирувчи бачкана қилиқлар қиладилар, бўлар-бўлмасга эгилиб-букилиб, қийшанглайдилар. Ваҳоланки, моҳир раққосалар ижро этган “Лазги”ларда нафосат бор, ноз-истиғно бор. Тўғри, кейинги вақтларда Маданият ва туризм вазирлиги назоратни кучайтирди. Муз кўчгани яхши, лекин айни чоғда хонандалар айтадиган қўшиқларнинг матнига ҳам жиддий эътибор қаратилса, нур устига нур бўларди.
Устоз санъаткорлар саҳнага чиқаркан, ораста кийинган шогирдларидан ҳам шуни талаб қилган. Комилжон Отаниёзов 1967 йили Свердлов номидаги концерт залида концерт берганида даврининг таниқли бошловчиси, овози қўнғироқдай Зайтуна Тожибоева биринчи куни бачканароқ кўйлак кийиб саҳнага чиққан эди. Устоз ўша куни ғижинган бўлсалар-да, индамаган. Лекин саҳна ортида эътироз билдирган бўлсалар керакки, З.Тожибоева эртасига хонатлас кўйлак кийиб чиқди. Шунда Комилжон ака “Зайтунахон, мана, бўларкан-ку, кеча “уч қаватли” кўйлак кийиб чиқувдингиз”, дея бутун зални кулдирган эдилар. Бугунги кунда саҳнада кийинишига эътибор бермайдиган, ёқавайрон, очиқ кўйлаклар киядиган аёл хонандалар, пешонасига ип боғлаб чиқадиган, бозорга борганда кийиладиган либосда кўринадиган эркак ашулачилар, афсуски, учраб туради. Яна бир танилиб қолган ашулачи қиз телевидение орқали намойиш қилинган клипида ётволиб, этик кийган оёғини кўтариб хониш қилди. Этикни ишлаб чиқарган фирма унга буюртма берганми, шу йўл билан пул ишлаяптими, деган хаёлга боради киши. Санъаткор фақат ижроси билангина эмас, туриш-турмуши, хулқи, ҳатто кийиниши билан ҳам томошабинга ўрнак бўлсин.
Хулоса шуки, миллат сифатида бор бўлмоқни истасак, Ғарбнинг “оммавий маданияти” маҳсули бўлган бўлмағур мусиқий йўналишларга, мусиқий экспанцияга қарши туришимиз, азалий мусиқий қадриятларимизни асраб, ривожлантирмоғимиз даркор. Бу ҳукуматнинг иши деб бепарво, лоқайд бўлмаслигимиз, четда турмаслигимиз, аксинча, бу ҳар биримизнинг ишимиз, жамият ва халқ олдидаги бурчимиз эканини теран англаган ҳолда, ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз керак.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 14-сон

