Халил Ризо (1932-1994)

Халил Ризо Улутурк (Xəlil Rza Ulutürk) Озарбойжон халқ шоири, атоқли миллатпарвар шоир, моҳир таржимон, Озарбойжон-ўзбск адабий алоқаларига улкан ҳисса қўшган олим. Салйан туманида туғилган, ўрта мактабни, сўнгра Боку Давлат университети филология факультетини битирган (1954).
Матбуотда ишлаган, Москвадаги Жаҳон адабиёти институти олий курсида ўқиган; Бокуда аспирантурани битирган, номзодлик диссертациясини ёқлаган, институтда дарс берган, кўп йиллар Озарбойжон ФА Низомий номидаги Адабиёт институтида хизмат қилган. М. Шайхзода ижоди бўйича докторлик диссертацияси ёқлтаган (1985).
Жаҳон адабиёти намуналарини Озарбойжон тилига таржима қилган. Жумладан, жуда кўп ўзбек шоирлари асарларини Озарбойжончага ўгирган, улардан айримлари “Турон чаланги” (“Турон гулдастаси”) китобидан ўрин олган.
X. Ризо ижодининг уч қаноти бор: шеър, илм, таржима. У бу уч соҳада ўз йўлини очган, ўзига хос мактаб яратган ижодкор.
Илк шеъри 1948 йилда босилган. Ўз даврида шов-шув яратган, севиб ўқилган ва ўқилаётган йигирмадан ортиқ шеърий китоблари бор; “Баҳор келур” (1957), “Севган кўзлар” (1959), “Муҳаббат достони” (1961), “Буюклик” (1973), “Табиийлик” (1977), “Сени топурман” (1980), “Умрдан узун кечалар” (1982), “Дунё қайга кетмоқда” (1983), “Ватан мендан бошланар” (1988), “Давом этар 37” (1992), “Ой ва қуёш орасида” (1992), “Қаҳрамон Табриз” (1994), “Турон чаланги” (1994), “Мен Шарқман” (1994), “Алвидо, Ватан” (1996), “Лефертово қамоғида” (1998) ва бошқалар.
Тадқиқотчилар фикрига кўра, ватанпарварлик, миллатпарварлик мавзусида ижод қилган шоирлар орасида у алоҳида ажралиб туради.
X. Ризо нодир ижодкор эди: у шоир сифатида донг қозонгани қаторида, сўзи ва иши бир бўлган, темир продали, чин миллатпарвар, қаҳрамон шахсдир. Озарбойжон истиқлоли учун 60-йиллардан бошлаб сўз байроғини юксалтириб майдонга тушган ва умрининг охиригача майдондан чиқмаган, эгилмаган, синмаган мағрур шоир эди. 1990 йил январда қизил империя томонидан қамоққа олиниб, Лефортово турмасида 22 ой сақланган, жамоатчилик тазйиқи остида озод қилинган. 1994 йил 22 июнда Бокуда вафот этган.

НИЗОМИЙ

Карвоннинг бир учи Ленинградда,
Бир учи Ганжада, бири сарҳадда.
Ғарбу Шарқ, ҳаттоки фалак, албатта
Жойлашур сен каби дилга, Низомий.

Етти иқлим оқар Ватанинг томон,
Юлдузлар ҳам боқар Ватанинг томон,
Неча асрларга обрўсан шоён,
Пешвосан, шуҳратсан элга, Низомий.

Қўноқлар тушмоқда қизил қатордан,
Қўлларида чечак неча гулзордан,
Гар бошинг кўтарсанг мармар мозордан
Кўрардинг эл менгзар селга, Низомий.

Кўрдим бир ўзбекни, ихлосманд ўғлон,
Бошида дўппи-ю эгнида чопон.
Сенинг меҳробингга етишган замон
Тушди ялангоёқ йўлга, Низомий.

Таваллуд топгансан Ганжабосарда,
Номинг жаҳон кезар, хокинг мозорда.
Башар дурдонаси ўлмас асарда
Сўнмас ҳаёт бердинг чўлга, Низомий.

Сенга сиғинувчи бир менми танҳо,
Фақат Москва-ю Бокумикан ё!
Бошингга коинот сочмоқда зиё,
Айландинг гулшанда гулга, Низомий.

Замон ҳеч айлади тождорларни,
Ювуқсиз подшо-ю ҳукмдорларни
Ва лекин Сен каби санъаткорларни
Шоҳ этди Муғону Милга, Низомий.

Саккиз аср сенинг пойингда ётар
Сирлар хазинаси соҳир бир асар.
Фузулий шаклида қайтдинг бир сафар
Онанг алла айтган тилга, Низомий.

ЮРТИМ УЧУН

Бир мажлисда унутилдим.
Май ичдилар ҳар келганнинг соғлигига,
Ҳар кетганнинг соғлигига.
Май ичдилар
Соҳилига бизлар қўнган
Мовий кўлнинг соғлигига.
Май келтирган шўх гўзалнинг соғлигига,
Гулшандаги қизил гулнинг соғлигига,
Хуш қадамли ойнинг, йилнинг соғлигига.
Май ичдилар…
Пичирладим ўз-ўзимга
Эй дўст, сенинг соғлигингга!
Тўртта уммон қуршаб олган
Буюк элнинг соғлигига,
Соволону Қўчқор каби
Юксак тоғлар соғлигига,
Боққанингда ҳавас қўзғар
Сочи оқлар соғлигига.
Қттиз йиллик курашларда
Бир асрлик йўл кечдинг сен,
Лекин ортга қайтганинг йўқ.
Бировларга қул бўлмадинг,
Қулдек қуллиқ айтганинг йўқ.
Боса-боса лабимга бу пиёлани,
Ичаман ол шалолани
Эй дўст, сенинг соғлигингга.
Сен шундайин бургутсанки,
Учмоғинг бор, қўнмоғинг йўқ.
Сен шундайин ўчоқсанки,
Ёнмоғинг бор, сўнмоғинг йўқ.
Сен шундайин йўлчисанки,
Маслагингдан қайтмоғинг йўқ.
Бировларнинг шавкатини
Кўриб узр айтмоғинг йўқ…
Кечирсинлар дўстлар мени,
Май тўла бу пиёлани
Ичдим сенинг соғлигингга,
Юртим, сенинг соғлигингга.

Абдулла Орипов таржимаси

НИЗОМИЙ ГАНЖАВИЙ, АВФ АЙЛА МЕНИ

Овга чиққан шоҳларнинг қўлига қўниб, яйраб,
Лочин жим тургани-чун каклик этин ер экан.
Гулғунча ҳасратида қонли ёш тўкиб, сайраб,
Булбул жим турмас экан, кўксини тешиб тикан…
                                                         Низомий

“Сирлар хазинаси”ни ўгирарканман, бир дам,
Сўз шу ерга етганда, қаламимни тўхтатдим.
Доҳийлар-ла айтишмоқ бир оз оғир бўлса ҳам,
Ичимда не бор, сўйлай, авф эт, буюк устодим!

Менга лочин бўлмоқлик, каклик тўши на керак,
Овчи шоҳлар қўлида тарлонлик эмас ҳавас.
Гўзалликни кўрганда, жим турмагай бу юрак,
Олчоқликни кўриб-да, тек турган инсон эмас.

Яхшиямки, ҳеч замон нафратим яширмадим,
Муҳаббатим жўшганда, дарё бўлиб қайнадим.
Илонфеъл, тулкифеъллар қошида тек турмадим,
Қўймадим топтамоққа, сўз ўқим-ла сийладим.

Жим турганлар, қўявер, топсин шуҳрат, сийму зар,
Бом-бошқадир кўнглимнинг интизоми, низоми.
Пасткашликни кўрганда туролсайди жим агар,
На “Хамса” яраларди, на-да доҳий Низомий.

ЯХШИЯМКИ

Кўкда булут қуюқлашиб, қуюн тургач,
Ерда инсон бир-бирини уриб-сургач,
Оч тупроққа пок, гуноҳсиз бола қони тўкилганда,
Пуч шиорлар йиртилганда, чок-чокидан сўкилганда,
Иккиюзли нотиқларга ҳеч ким қулоқ солмаганда,
Ганжа, Боку дарра, ўқдан қўрқмай, таслим бўлмаганда,
Сумгаитда деразалар синиб, қонга буланганда,
Виждонсизлар, юраксизлар виждон, юрак тиланганда,
Ўт пуркаган оғизларни ҳеч ким юма олмаганда,
Ҳафталарча уйқусизлар бир марта ҳам кулмаганда,
Оқ байроқлар камандига Шуша шаҳри банд тушганда,
Оқтом яланг қўллар билан солишганда, туйишганда,
Бир ун келди юрагимдан:
– Яхшиямки Туркия бор!
Ҳар бир тоши, ҳар қояси темирлашган буюк диёр!

Яхшиямки, бу дунёда Истанбул бор, Анқара бор,
Яхшиямки, кўксимизнинг Турк аталган шунқори бор,
Яхшиямки, Озарбойжон турклари бор,
Яхшиямки, Ўзбекистон турклари бор!

Яхшиямки, Қозоғистон , Қирғизистон турклари бор,
Туркманистон, Бошқирдистон, Татаристон турклари бор,
Яхшиямки, Олтой, Сибир, Уйғуристон турклари бор!
Бўлиб-бўлиб ташланса-да, ўзгарса-да қавму номи,
Руҳи, қони ўзгармаган Булғористон турклари бор!

Насимийга кўкдан инган бир сас берган,
Фузулийга минг йил яшар нафас берган Парвардигор.
Яхшиямки, Каркук, Ироқ турклари бор,
Бағдод, Ҳалаб турклари бор!

Таянч туғим, байроғимдир, борлиғимдир турклигимиз,
Жасур, содда турклигимиз,
Ахлоқи пок фавқулодда турклигимиз.
Яхшики, Ер курраси бор,
Унга ҳаёт берган олий бир қувват бор,
Саваландан анча қари,
Эверестдан анча юксак лаёқат бор.

Яхшиямки, Алпомиш бор, Гўрўғли бор,
“Ғарб ҳам, Шарқ ҳам менман!” деган турк ўғли бор.

Жоним, кўзим Халил Ризо!
Туғилдингки, яшайдирсан турк сўзидан нафас олиб,
Инсонликнинг сийнасидан тўйинароқ марду ғолиб.

Сен каттасан,
Аммо кичик – умид шами липиллаган
Жуда кичик улуслар бор,
Удин, нанай, лазгин, нен бор — тил барқарор,
Бордир тува, хакас, чуваш, ёқут, нўғай,
Гагаузлар — кўкўғузлар, қўмиқлару дўст қорачой!
… Узоқларда чукча яшар, макони қор, оқ бичимда,
Кўзи Ўтлар диёрида, ўзи қат-қат муз ичида.
У – кичик халқ.

Турк бўлсанг, қалқ!
Ёт додига
Ботганларнинг,
Жон кўзини жавдиратиб ётганларнинг!

Турк номига лойиқ кимдир?
Ҳайқир, билсин ҳар беватан,
Туркдир —
Ўзи маҳбус бўлиб, ўзгаларни халос этган!
1988 йил

ТУРК СЎЗИДАН ҚЎРҚҚАН ГАДО

Ғалати бир феълинг бор:
Турк сўзин эшитсанг, бас, шарт ўрнингдан турасан,
Овсарланиб, сўзингни бошқа ёққа бурасан.

Жияним исми — Туркэл,
Яшар қишлоғим — Туркан,
Шеъримда кўрсанг, дарҳол ўчирарсан, бузарсан,
Ё Мардакан ёзарсан,
Ё Шавалан ёзарсан, токи Туркан бўлмасин.

Ичингда ғўлдирайсан,
Боладай мўлтирайсан,
Баъзан ошкора дейсан: “Қардош, “Туркан” бўлмасин…”

“Қардош” сўзини ҳеч дам
Тилга олма, эй гадо!
Сўздан қўрққан одамдан қардош бўлмас дунёда
Яқинга ҳам, ётга ҳам.

Бу жаҳонда минг турли қўрқоқларни кўрдим мен:
Ўтдан, сувдан, денгиздан, илондан қўрққанлар бор,
Жин, ажина, хаёлий ҳайвондан қўрққанлар бор.
Аммо сўздан қўрққанни дунёда кўрибди ким?
— Йўқ, бу оддий сўзмас, — дер. — Турк сўзидир бу, жоним!

Бас, танидим мен сени – виждонсиз, бир майитсан!
Ўттиз еттинчи йилдан қолган думсан, бир хилтсан!
Қайси йил туғилгансан? Қирқинчими?
Фарқи йўқ?!
Ҳаққи йўқ, туғилдим деб айтса элнинг қўрқоғи!
Бордир ҳар жиноятда қўрқоқ қўли, бармоғи!..

Сендайин кимсаларни супурмасак жаҳондан,
Инсонлар боши чиқмас зулм ила қирғин-қондан!

Сенга хитоб этмоқни ор билсам-да ўзимга,
Бироқ гап бошлаб қўйдим, қулоқ бергил сўзимга:
Ҳарҳолда, сендан кўра беш-олти ёш улуғман,
Ердаги буюк дарё — Нилга ўхшаган туркман!

Озарбойжон туркиман, турк ирқининг бутоғи,
Кўксимда эраларнинг булоқлари — қайноғи!

Ернинг муз қатламларин эритган қудрат менман,
Тош даврини яшаган, тунж даврини яшаган,
Темир даврида пўлат эритган ҳикмат менман!

Оврупони уйғотди Атилланинг қиличи.
У қилични Фузулий қаламига эвирган
Журъат, лаёқат менман!

Ракетларнинг онаси – аравани кашф этган,
Бир неча улусларга –
Юнонларга, русларга,
Лахларга, олмонларга,
Чехларга, тунгусларга
Минг-минг сўзни бахш этган башар отаси Туркман!

Қулоқ сол, эй ақли кам:
Мендан бошланар тарих.
Тарих каби билгинман ҳам тарих каби қари.
Туркман, неча миллатга ўз қонимни берганман,
Денгизлар юрагимда, уммонимни берганман!

Бориб кўр Камчаткани, кезиб боқ Алйаскани,
Америка эгасин сўр – у ерда бор илдизим.
Тилларини солиштир,
Ўша қадим ҳиндулар ўз боламдир, ўз кўзим!

Мен сўқмоқмас, тарихнинг каҳкашоний йўлиман,
Қўрқут ота, Алпомиш, Манасман, Гўрўғлиман!

Шеъру илму рубобнинг илк баҳор насими — мен,
Туркистонда Фаробий, Ироқда Насимий — мен!
Бир қанотим — Навоий, бириси Юнус Эмра,
Ўрган — қайси мақомда ингандим кўкдан ерга.

Неча миллатнинг сочи қўлларим-ла таранди,
Ийохан, Иван сўзи
Бизнинг “хан”дан яранди.
Улуғ — Олег қариндош, Уғур — Игор бўлгандир,
Булар жумбоқ, чистонмас, тарих оша келгандир.

Эдил, Иртиш, Енисей, Қизилирмоқ — қўлларим,
Ернинг шоҳ томиридир жангу кураш йулларим,
Йўқ, бегона бўлмадим мен ҳам хайр ила шаррга,
Мен “человек” сўзини бахш айладим башарга.

Сен пуч йўлда озғунсан.
Туркка қарши қўйилган жосусларни кўп кўрдим.
Чиркинликдан тозариб,
Ёмонликлардан тонмиш,
Ўзи туркка айланмиш.

Туркман.
Битта тўлқинман – денгиз ичра буюкман,
Сен кимсан?
Бор, онангдан сўраб бил кимлигингни.
1986 йил

МЕН ЯНА ҚАЙТУРМАН ОЗАРБАЙЖОНГА

Бу ерда ҳаво оз… Ҳаво истайман –
Ҳазар денгизининг ўзидай бўлсин!
Бунда самосизман, само истайман –
Қуёшнинг оламга сўзидай бўлсин,
Ҳазар денгизининг ўзидай бўлсин!

Узинг занжирларни билакларимдан,
Бузинг қулфларни тилакларимдан,
Туширинг зиндонни куракларимдан!
Хайр деб совуқ тун – қўллари қонга,
Йўл олай жонажон Озарбайжонга!

Фақат онам, синглим, қондошиммас, бил,
Ватаним – абадий саодатимдир!
Минг-минг фарзандидан биридир Халил,
Ватансиз икки бор, уч бор етимдир,
Ватаним – абадий саодатимдир!

Ҳар сойи, ирмоғи – товшим, нафасим,
Ҳар тоши бадалдир лаълу маржонга.
Майли, чопинг, кесинг!.. Мен кесим-кесим
Бўлсам-да, етсам бас Озарбайжонга!
Ҳар тоши бадалдир лаълу маржонга.

Мутлоқ шарт қайтишим ота маконга,
Бир оз кучли бўлиб, бир оз-да метин.
Кур, Ораз наҳридай боғлиқман унга,
Жониман, бағриман – шудир давлатим,
Бир оз қудратлиман, бир оз-да метин.

Бузинг зиндонларни, очилсин бутун!
Мен шу кун қайтайин Озарбайжонга,
Каҳкашон бўлайин, порлайин бу тун,
Юзимдан нур ёғсин Милга, Муғонга,
Мен шу кун қайтайин Озарбайжонга.

Оқсоқолман, юртим, сен – ёш онамсан,
Боладай бағрингга жойланай бу кун,
Ойна Кўккўлимсан, Моралгинамсан,
Мен ойнинг нурига айланай бу кун,
Боладай бағрингга жойланай бу кун.

Озарбайжон яшар шу кўзларимда.
Менинг қайтишим-ла у юксалажак.
Қўшинлар келажак ҳақ сўзларимда,
Юртимга куч, ишонч, қудрат келажак,
Менинг келишим-ла у юксалажак.

Зумрад ёмғирингга, оқ туманингга,
Ўраниб-бураниб келажакман мен;
Тик, оёқ устида кела олмасам,
Йиқилиб-суриниб келажакман мен;

Нафасим узилса… Юзимни суртиб,
Тоғингдан, тошингдан қувват олурман;
Узилса қўлларим… тишим-ла тутиб,
Ёғийга сўнг бора қилич солурман,
Тоғингдан, тошингдан қувват олурман.

Йўлимга неча минг Азроил чиқса,
Умримни мозор-ла бўла олмасман;
Англа, эй имонсиз:
Озарбайжонсиз –
Мен яшай олмасман, ўла олмасман.

Мен Озарбайжонга келурман қайтиб,
Шонингни куйларман, олқиш дегайман;
Аччиқ тутунингни бол каби ютиб,
Ўтингни қаймоқдай суюб егайман;
Шонингни куйларман, олқиш дегайман.

Ярали бир бургут бўлсам-да магар,
Бир қанот билан ҳам учарман, инон.
Дарбанддан Салёнга, Занжонга қадар –
Барин етмиш қўл-ла қучарман, инон,
Бир қанот билан ҳам учарман, инон.

Кўтаринг бу оғир тошни устумдан,
Кўккўлдан сув сепинг бу ёнар жонга,
Балки минг йилларнинг боши устундан
Мен қайтиб келурман Озарбайжонга,
Кўккўлдан сев сепинг бу ёнар жонга.

Келинг, эй нафасим, эй қардошларим,
Малул-малул боққан орқадошларим,
Ёқадир оламни бу кўзёшларим,
Сиз мени қайтаринг Озарбайжонга…
Қараб шу қуёшга онт ичайинки,
Ўтмишман, бугунман, келажакман мен.
Қолмас ҳеч шоирнинг йўли боғланиб,
Отиб елкамдаги темир тоғларни,
Ўзим Ватанимга келажакман мен,
Ўтмишман, бугунман, келажакман мен.

Бағримга босурман сени, эй элим,
Мени висол куни – у кун яшатур.
Кўзимдан бир томчи ёш оқса, билинг,
Демак, озод бўлган куним ўшадур,
Мени висол куни – у кун яшатур!..

Озарбайжон тилидан Тоҳир Қаҳҳор таржимаси

ОЗАРБАЙЖОН ТУРКИМАН,

бу суюн шоҳ бутоғи,
Қанча- қанча эранинг кўксимдадир қайноғи.
Асрларнинг қатини эритгувчи кучиман,
Тош даврини яшаган тинч,
Темир даврида пўлат эрғтган қудрат менман.
Европани уйғотган Атилланинг қиличи,
У қилични Фузулий қаламига чевирган,
Журъат,лаёқат менман.
Ракетанинг онасғ аравани кашф этган,
Не қанча улусларга: юнонларга,русларга,
Тунқушларга,леҳларга,олмонларга,чехларга,
Минг-минг сўзни бахш этган башар отаси Туркман!
Қулоқ тут,эй ақли кам:
Мендан бошланур тарих,
Тарих қадар хўжаман,тарих каби мудрикман.

Туркман,неча миллатга ўз қонимни бермишам,
Денгизлат ботинимда,уммонимни бермишам.
Кет дўлдир Камчаткани,
Аляскага кетгин ёт,
Амриқога камон от,унда орзум бор менинг.
Тилларини қориштир,
Ўз туғмача боламди қадим ҳиндилар манинг.

Мен чиғир йўқ,тарихнино каҳкашонлик йўлиман,
Дада Қўрқут , Алпомиш,
Манасман , Гўрўғлиман.
Шеъру-илмнино,рубобнинг,
Ироқда Насимийман.
Бир қанотим Навоий,у бири Юнус Эмто,
Ўрган,қайси мақомда эндим самодан ерга.

Қанча миллат нино сочи қўлларимда таралди,
Лоҳан,иван сўзлари
Бизнинг “хон”дан яралди.
Улуғ-Олег қардошдир,бош Угур- игор қандай?
Булар на топқирдир,на афсун
ни билмаса.

Волга- Иртиш,Енисей,Қизил ирмоқ-қўлларим,
Эрзун шоҳ томиридир менинг
туйган йўлларим.
Йўқ,бегона қолмадим на хайрга,на чора,
Мен “человек” сўзини баҳс айладим башарга.

Суқилмагин бўш ерга,
Туркка қарши тусланмиш жосуслар кўрмишам мен,
Ҳушсизликдан тирилди,
Ўрганаркан айрилиб ўзи Туркка бурилди.
ТУРКМАН!
Бунга ҳаётим етар денгиз елкани,
Сен кет онангдан ўрган кимдан қозондим сани?!

ҲАЁТ ТУШУНЧАЛАРИ

СЕН яхши билма ки,кўчганим замон,
Дунёдан бир йўла кўчадурман мен.
Бир даъфа бўлгунча балки минг даъфа,
Ғафлатни босиб ўтадурман мен!

Бир кун ўз ёнингда кўрмасанг мани,
Чиқ яшил боғларга,қушларни тингла.
Океан қудрати,Ораз наҳрини,
Сақламоқ истаган тошлатни тингла!

Тингла булутларни,булутлардаман!
Юраклардан сўра,юрмклардаман!
Бутун юлдузлатда,бутун сойларда,
Бутун гуллардаман,чечаклардаман.

Булути чақмоқда парчаланибоқ,
Зулматни нур билар бўғадирман мен.
Қалбда юлдуз каби ботсам,Шарққа боқ!
Шарқдан Қуёш каби туғиламан ман!

Қанотланадурман сенинг ёнингга,
Қушдай учаётган илк баҳор билан,
Савалан тоғининг чўққиларидан,
Ғарбга- Шарққа душган шуълалар билан!

Ўтиб- ботмоқ учун шуълаланаман.
Ўтмишман!! Бу кунман! Келажакман ман!
Бир кун бу дунёдан кетсам ҳам не ғам,
Дунёга қайтадан келажакман мен!

ЭШИТСАМ КЕЛУРСАН

Эшитсам келурсан, айланиб елга,
Ўпаман муборак қадамларингни.
Ичаман шу узун киприкларингдан,
Осилган марварид шабнамларини.
Ўпаман муборак қадамларингни.

Эшитсам келурсан, учаман, инон,
Кўкдаги булут-ла, қучоқлашаман.
Очаман кўксимни етти иқлимга,
Далли сойлар каби ошиб – тошаман,
Оппоқ булутлар-ла қучоқлашаман.

Шундай бир гулсанки, умр боғимда,
Сани нафасим – ла, бошлаётган ман,
Ғунча боғловчисан кўз, қабоғимда,
Сани жон жонингдан саслаётган ман,
Сани нафасим-ла бошлаётган мен.

Эшитсам келарсан, чиқаман йўлга,
Келар йўлларингга гуллар экаман,
Иккимиз бир қалбда яшаймиз дея,
Санга қалбим бўйида уй тикаман,
Келар йўлларингга гуллар экаман.

Мен уйман, сан манинг ўт – ўчоғимсан,
Боғбонман, сен менинг борлиқ боғимсан,
Ман тоғ бўладирман, сан булоқли тоғ,
Дунёда энг катта умид чоғимсан.

Юрагим у қадар, чаппар урди ки,
Бир дамда қанотли бир қуш бўламан,
Санинг қанотларинг бўлмоқлик учун,
Ёмғирга, зумрадга, тош- қошга дўнай,
Қанотлари кўркам бир қушга дўнай.

Шодланиб баҳор бўл, шу қаторда кел!
Ҳар бир қадамингни кўнглим излайди.
Юз – юз, милиён, милиён долғалар-ла, кел!
Сани соҳилда бир қоя кўзлайди,
Ҳар бир қадамингни кўнглим излайди.

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси