Ҳайрон хоним (1790-1848)

Ҳайрон хоним Дунбули (Heyran xanım) Озарбайжоннинг хушҳаво Нахчевон шаҳрида Канкарли Дунбули авлодига мансуб хонадонда туғилган, Русия – Эрон тўқнашувлари даврида Эроннинг Урмия кўли яқинидаги қишлоққа кўчирилган. Ҳайрон хоним ёшлигида саройда таҳсил олди, мумтоз шеърият анъаналарини ўрганди. Рўдакий, Саъдий, Ҳофиз, Урфий, Насирий, Навоий, Фузулий, Соиб, Қавсий каби устозлар ижодидан баҳраманд бўлди. Ночор халқнинг ғаму ҳасратига қайғудош бўлди. Ғазалларини озар тилида, форсийда, ширу шакар усулида ҳам ёзган. У Табризда вафот этган.

ҒАЗАЛЛАР

* * *

Лабингни мояи жон яратмиш
Ва ушшоқ дардига дармон яратмиш.

Менинг жоним учун ризқу насиба
Ўшул соат яна ҳижрон яратмиш.

Фироқингда кўзим гирён қилгай:
Лаби лаълингни на хандон яратмиш.

Агар юлдуз эрур жумла гўзаллар,
Сени танҳо моҳитобон яратмиш.

Юзингни нуридан олмиш-да зарра,
Ўшандан хуршиди рахшон яратмиш.

Гадойи ҳуснингга мени дарбадар,
Сениким, сарвари хўбон яратмиш.

Мени булбул, сени бир гул атаблар,
Мени чексин, дея, афғон, яратмиш.

Етишди маъшуқин васлига ошиқ,
Мени бир сен учун Ҳайрон яратмиш.

* * *

Сабо эсса сенинг кўйингдан, эй шўх,
Қилур парвоз руҳим сўйингга, эй шўх.

Гулу сунбул ажаб атрин бўлолмас
Сенинг чеҳранг, сочинг, бўйингдай, эй шўх.

Бу гулшанда битарми сарву шамшод
Қадинг монанди, дил жўйингдай, эй шўх.

На бир хуш кун эди лутф айладинг сен,
Каманд бўйнимга гисўйингдан, эй шўх.

Ки душман макридан чекдим жафолар,
Жудо бўлдим сенинг рўйингдан, эй шўх.

Киши йўқ билгучи атворинги ҳеч,
Бу Ҳайрон фидодир хўйингга, эй шўх.

* * *

Зулфини чун ораза ул моҳ паришон айлади,
Равзаи фирдавс гўё сунбулистон айлади.

Ноз ила отди агар новакларини маҳлиқо,
Ўлдириб ошиқларини қони алвон айлади.

Чун боқиб аҳволима этди табассум ноз ила,
Ғунчаи боғи беҳиштни кўр, на хандон айлади.

Чун табибим ул ики ёқутни этди дурфишон,
Руҳ берди қалбима, дардима дармон айлади.

Ёр чун ағёр ила этди такаллум лутф ила,
Кўнглими дарду ғами мавж этди, тўфон айлади.

Кўрди чун ағёр ила дилдорини саргарму ноз,
Дийдаи хунборими, кўрким, на туғён айлади?

Қошу кўз, ҳам лаъли майгун, холи ҳинду, зулфи каж,
Сарв қаддин кўрсатиб, Ҳайронни ҳайрон айлади.

* * *

Дардимга чора йўқдир лаъли дутодин ўзга,
Тутмас қўлимни ҳаргиз зулфи расодан ўзга.

Ҳолимни дилдоримга арз айлагувчи йўқдир
Борсам гузар бошида боди сабодан ўзга.

Каж бахтимиз боҳайрат, боиски, ёр бизга
Кўрмас раво ҳеч не жавру жафодан ўзга.

Зулму ситам бўлибдир дилдорга касбу корлик,
Мен этмадим санамга меҳру вафодан ўзга.

Дилбарга хизмат этмак азмин тутар бўланда,
Йўқдир алимда туҳфа хайру дуодан ўзга.

Дарду алам-ғаминда гирифтор ўлди ким ҳам
Ёр кўчасинда мендек бахти қародан ўзга.

Ағёр таъна ургай, ҳижрон олов уфургай,
Йўқ бизга меҳрибоне ғамхор худодан ўзга.

Қисмат иши бу, Ҳайрон, тушдинг ёрдан айру,
Тақдирга чора йўқдир рози-ризодан ўзга.

* * *

Очилди субҳ рўйинг, шом зулфинг аён ўлди,
Хижолат оташина меҳр ёнди, моҳ ниҳон ўлди.

Чекиб қавси кузаҳ хуш тоқи рангин осмон узра
Кўруб қошинг каби ул моҳ қадди камон ўлди.

Ду чашмаи масти махмуринг олиб жонлар, тўкиб қонлар.
Хаданги кирпигинг, тиғи нигоҳинг комрон ўлди.

Гирифтори каманд ўлди дилим, ақлим учиб бошдин,
Кўнгул мурғига холинг дона, зулфинг ошиён ўлди.

Кўриб лаъли лабинг, эй, ҳурваш, лаъли Бадахшоннинг
Куйиб бағри ҳасаддин, дийдасинда хун равон ўлди.

Кўзунг олди маним жоним, лабинг тўкди унинг қонин,
Биҳамдиллаҳ, санинг кўйингда охир қонга қон ўлди.

Этиб завқ бирла жон қурбон анга ҳар ошиқ эй, Ҳайрон,
На танҳо ожизу нолон ўларда жонфишон ўлди.

* * *

Ёрим, манга айла бир наззора,
Ўлди жигарим ҳазор пора.

Ҳажрингда менинг ҳазин кўнглум
Ҳар лаҳза ёниб сочар шарора.

Мен оҳ дедим, ўтли фиғондин
Ўт кетди бу дашту кўҳсора.

Сен Лайли эдинг, ошиқи зорлар
Мажнун киби тушди рўзигора.

Кўпдир сени деб йиғлаган ушшоқ,
Йўқ мен киби кас толеи қора.

Ҳайрон кўзи йўлингда нигорон,
Қил чора бу дарди интизора!

* * *
Ғами йўқдир кишининг ёри меҳрибон бўлса,
Юз таассуфдир агар мен киби нолон бўлса.

Ҳижрон ўтида ёнди, ўт ичра қолди кўнгил,
Уф тортмадим, кўз ёшим лахта-лахта қон бўлса.

Мени ёзғирмади ким, қарғиши урсин тошга,
Найларам мен, умидим боқчаси вайрон бўлса?

Висолдан гумоним йўқ, сабрдан ишончим тўқ,
Ағёр касби не тонг оҳ бирла фиғон бўлса!

Ғами ҳажрида тўзган даҳрда йўқ манингдек,
Уммедим чечак очгай ёр менга меҳмон бўлса.

Толе иродаси шул: ранжима ёрдан, Ҳайрон,
Ишқингга ким инонгай, васлатинг онсон бўлса?

* * *

Бу – мен саргаштаю овора сенсиз,
Ғарибу бекасу бечора сенсиз.

Неча гулшан сари қўйдим қадамни
Қилиб сарву гула наззора, сенсиз.

Юрак ҳижрон тиғи, дардинг ўқи-ла
Бўлибдир тилкаю юз пора сенсиз.

Бу кенг дунё кўзимга тийраю тор,
Ою офтоб куюк сайёра сенсиз.

Тунин ҳижрон ишим, афғондан ўзга
Чу йўқ касбим менинг, моҳпора, сенсиз.

Сенга кор этмади Ҳайроннинг оҳи,
Фақат кор айлади тошлора, сенсиз!

* * *
Бир нома ёзай, боди сабо ёра етурсин,
Шарҳи ғамимни ул бути хунхора етурсин.

Ҳижрон мани этди яна беҳолу ҳаловат,
Дорую висоли менга бир чора етурсин.

Сабрим тугади, ёр энди жоним ола қолсин,
Ё шод айласин васл ила, дийдора етурсин.

Мен ики дунёда кўрай: орзуга етсин,
Ҳар кимки, мени ёри вафодора етурсин.

Тўсма йўлини, эй ғами ҳижрон, паёмим
То боди сабо ул гули гулзора етурсин.

Юз ҳасрат ила бу дили ҳижронга гирифтор
Азм этди, ўзин ул гули бехора етурсин.

Юз ниш ила йўл бермади ул хори ситамкор,
Қўймади ўзин ул гула бечора, етурсин.

Ёраб, манга сен бунча зулм айлама изҳор,
Қўй, ёрга ўзин бу дили овора етурсин.

Бекаслигима раҳм айласин холиқи якто,
Ҳайронни у шаҳбози дигарбора етурсин!

* * *

Бўйинг сарви сиҳи, зулфунг муанбар,
Жамолинг Юсуфи Канъона ўхшар.

Қошинг ошиқларинг қасдига мисли
Эгилган тийғи сарафшона ўхшар.

Қиё боқса, кўзунг олгай бу жоним,
Йўхуда фитнаи даврона ўхшар.

Омон йўқ, ноз ила тири нигоҳинг
Юракда ханжари буррона ўхшар.

Тили булбул, сочи сунбул, юзи гул,
Тун магар киприги пайкона ўхшар.

Сени ой жамолинг, эй ҳури жаннат,
Гулистонда гули хандона ўхшар.

Эсиб боди сабо, зулфинг тўзитмиш, –
Гул узра дастаи райҳона ўхшар.

Лабинг кунжида холинг ҳиндуваш бир
Ўтирган тахт аро султона ўхшар.

Санинг кўйингда ошиқлар фиғони
Чаманда булбули хушхона ўхшар.

Шарораи шўрангизингдан, эй ой,
Бошим ҳам оташи сўзона ўхшар.

Кўзум ёши фироқингдан юзимда
Шашқатор лўлую ғалтона ўхшар.

Агарчи ошиқинг кўпдир ва лекин
Ишонма, қай бири Ҳайрона ўхшар?

* * *

Фироқинг қалбимизда кор этибдир,
Бу зулмни чархи бадкирдор этибдир.

У мажлисда ҳушим учмиш бошимдан,
Ҳавойи вуслатинг бедор этибдир.

Бу қисматга минг эҳсон, минг ташаккур:
Гадони подишоҳга ёр этибдир.

Ки гул ҳажрида булбул нола этмас,
Уни ҳар не этибдир, хор этибдир.

Қазо Мажнунни қувди тоғу даштга,
Қадар Мансурни дорда зор этибдир.

Чекиб шамширини дилдор, мисли
Рақибим қатлима шиор этибдир.

Ҳажрдан нолима зинҳор, Ҳайрон,
Бу жабру жафони ағёр этибдир.

* * *

Билурсен, ёрингни бир ёри бордир,
Ағёр ила аҳду қарори бордир.

Нетай мен фақирмен, ёр – султон,
Менга ёр ўлмоғидан ори бордир.

На даркордур менга сунбул ва райҳон,
Анингки турраи таррори бордир.

Кўнгил, қайғурмагил, даҳри чаманда
Очилган ғунчанинг минг хори бордир.

Кел, инжитма, санга шўрлик бу Ҳайрон
Бир ошиқдир, меҳр иқрори бордир.

* * *

Хуршиди тобон бўлмиш намоён,
Бўлмиш намоён хуршиди тобон.

Зулфи паришон юзларда печон,
Юзларда печон зулфи паришон.

Ул чашми фаттон ақлимни олди,
Ақлимни олди ул чашми фаттон.

Ул тири мужгон санчилди қалбга,
Санчилди қалбга ул тири мужгон.

Ул лаъли хандон оби ҳаётдир,
Оби ҳаётдир ул лаъли хандон.

Ул кўйи жонон минг қурбон истар,
Минг қурбон истар ул кўйи жонон.

Шайдо бу Ҳайрон ул ой жамолга,
Ул ой жамолга шайдо бу Ҳайрон!

Ойдин Ҳожиева таржимаси