Уильям Шекспир (1564-1616)

Шекспир Уильям (William Shakespeare; 1564.23.4 — Стратфордон-Эйвон — 1616.23.4) — инглиз драматурги ва шоири. Тахминан 1585 йилда она шаҳрини тарк этиб, бирмунча фурсатдан сўнг Лондонга борган. Театр актёри ва драматург сифатидаги фаолияти 1580 йилдан бошланган. Шекспирнинг 1603 йилдан кейинги актёрлик фаолияти тўғрисида бирор маълумот йўқ. Аммо у ўзининг «Лордкамергер хизматкорлари» труппаси учун (мазкур труппа Яков I нинг тахтни эгаллаганидан кейин қирол труппаси деб аталган) пьесалар ёзишда давом этган. Тахминан 1612 йилда Стратфордга қайтиб келган ва шу ерда вафот этган. Шекспирнинг актёр сифатидаги фаолияти тахминан 15 йил давом этган. У Англиянинг энг яхши ҳисобланган труппасида 2-даражали ролларни ижро этган ва шу труппа учун пьесалар ёзган.
Шекспирнинг адабий мероси шеърият ва драматургия асарларидан иборат. Ёшлик йилларида мифологик сюжет асосида ёзган «Венера ва Адонис» (1593) ҳамда Рим тарихига оид «Лукреция» (1594) достонлари самимий кутиб олинган. Бу асарлар, айниқса, 1592—1600 йилларда ёзилган «Сонетлар» Шекспирнинг Уйғониш даври маданияти билан узвий алоқада майдонга келганини кўрсатди. Жаҳон лирикасининг буюк намуналари қаторидан ўрин олган Шекспир сонетлари мавзу жиҳатидан 2 гуруҳга ажралади: дастлабки 126 сонет шоирнинг яқин дўстига бағишланган бўлса, 127—152-сонетларда лирик қаҳрамоннинг бевафолик қилган маҳбубага нисбатан муҳаббат туйғуси ва изтироблари тасвир этилган. Шекспир яна бир неча достонлар ҳам ёзган бўлсада, уларнинг муаллифи масаласи ҳамон баҳслидир.
Шекспир асарларининг нашр саналари уларнинг на ёзилган ва на саҳнага қўйилган вақтига тўғри келади. Шекспир бир неча қисмдан иборат асарларининг аввал 2—3-қисмларини, кейин 1-қисмини ёзган пайтлар ҳам бўлган. Шунинг учун адабиётшунослар Шекспирнинг драматургик ижодини 4 даврга бўлиб ўрганишни маъқул кўрадилар: 1-давр — 1590-94, 2-давр 1594-1600, учинчи давр 1600-1608, тўртинчи давр 1609-1613 йиллар. Шекспир драматургик ижодининг 1-даврида достон, илк трагедия («Тит Андроник») ва комедиялар («Хатолар комедияси», «Қийиқ қизнинг тийилиши»)дан ташқари, «Генрих VI» (2-қисм, 1590), «Генрих VI» (3-қисм, 1591), «Генрих VI» (1-қисм, 1592), «Ричард III» (1593) илк хроникаларини ёзган. 2-даврида «Ричард II» (1595) «трагедияга яқин хроника»си, «Генрих IV» (1-қисм, 1597), «Генрих IV» (2-қисм, 1598) ва (1594), «Ёз тунидаги туш», «Венеция савдогари» (1596) романтик комедиялари ҳамда «Ромео ва Жульетта» (1595) трагедиясини ёзган. Унинг «Йўқ жойдан чиққан ғавғо» (1598), «Ўн иккинчи кеча» (1600) сингари машҳур комедиялари ҳам шу даврда майдонга келган. Драматург ижодининг шоҳ асарлари — «Юлий Цезарь» (1599), «Ҳамлет» (1601), «Отелло» (1604), «Қирол Лир» (1605), «Макбет» (1606), «Антоний ва Клеопатра», «Кориолан» (1607) сингари трагедиялар Шекспир ижодининг 3-даврини ташкил этади. «Генрих VIII» (1613) хроникаси, «Қиш эртаги» (1611), «Бўрон» (1612) романтик драма ва трагедиялари эса Шекспирнинг сўнгги давр ижоди маҳсулидир.
Шекспир ўз асарларини яратишда Холиншеднинг Англия тарихига оид сюжетларга бой «Англия, Шотландия ва Ирландия хроникаси»дан самарали фойдаланган. Шекспир тарихий трагедияларининг майдонга келишида Плутархнинг «Қиёсий ҳаётномалар», комедияларининг ёзилишида эса М. Банделлонинг Италиянинг Уйғониш даврига оид ҳикоялари асосий манба бўлиб хизмат қилган. «Ромео ва Жульетта», «Ҳамлет», «Қирол Лир» сингари трагедияларга асос бўлган сюжетлар асосида Шекспирга қадар ҳам саҳна асарлари яратилган. Лекин бу сюжетлар Шекспирга хос улкан драматургик маҳорат туфайли жаҳоншумул фикр ва ғояларни ифодаловчи ўлмас асарларнинг юзага келишида ҳаётий манба вазифасини бажарган.
Шекспир ўзигача бўлган Европа халқлари тарихи, адабиёти ва театрини ўрганиш билан бирга 17-асрнинг илғор тафаккур меваларидан ҳам баҳраманд бўлган ва шу асосда уларни ўзининг энг яхши асарларида катта бадиий куч билан мужассамлантирган. Ҳар бир тарихий даврда кузатилганидек, Шекспир яшаган давр ҳам зиддият ва карама-қаршиликлардан холи бўлмаган. Шекспир, бошқа ёзувчилардан фарқли ўлароқ, ўз даври ҳаётидаги бундай зиддиятлар, ижтимоий ҳаёт ва кишилар тақдиридаги мураккабликларни нозик ҳис этган ҳамда шу билан кифояланиб қолмай, жамият ва инсон ҳаётининг қалтис нуқтасида юзага келган драматизмни тасвирлашга алоҳида эътибор берган. У ҳақиқий драматург сифатида персонажларнинг у ёки бу хатти-ҳаракатларини келтириб чиқарган ижтимоий, маиший, маънавий ва руҳий сабабларни очиб ташлаб, уларнинг ҳар бирига ўз хулқ-атворидаги кескин ўзгаришларни тўла асослаш ёки изоҳлаш имконини яратган.
Шекспир ижодининг 2-даврида поэтик драма устаси сифатида намоён бўлган. У шу даврда қарама-қарши қўйиш усулларидан воз кечмаган ҳолда драматизмга катта эътибор бериб, трагик ва комик мотивларни ўзаро уйғунлаштирди. Шунинг натижаси ўлароқ Шекспир ижодида («Ррмео ва Жульетта», «Ричард II», «Ўн иккинчи кеча») драматик лиризм авж нуқтасига эришган. Шекспир ижодининг 3-даврида трагедия жанрига мансуб асарлар етакчи ўрини эгаллайди. Драматург Уйғониш даврига хос гуманизм ва инсонпарварлик ғоялари билан воқеликда тобора ривожланиб бораётган худбинлик, мунофиқлик, ёвузлик ўртасидаги зиддиятни кўриб, шу зиддиятларни ўз асарларига конфликт сифатида жалб этади. У худди шу даврда яратган трагедияларида бадиий маҳорат чўққисига эришган. Шекспир ижодининг сўнгги даврига оид романтик драма ва трагик комедиялар унинг дунёқарашида ҳаётий зиддиятларни ижобий ҳал қилиш мумкин, деган умид пайдо бўлганидан гувоҳлик беради.
Шекспирнинг бутун ижодини нурлантириб турувчи фазилат юксак ахлоқиймаънавий муаммоларнинг тасвиридир. «Ромео ва Жульетта» лирик, «Юлий Цезарь» сиёсий, «Ҳамлет» интеллектуал трагедия, «Отелло» эса эҳтирослар трагедияси ҳисоблансада, улар замирида ўрта асарлар учун ҳам, ҳоз. замон учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлган ахлоқий масалалар ётади. Агар «Юлий Цезарь», «Ҳамлет», «Макбет», «Ромео ва Жульетта» сингари асарларда тасвирланган драматик конфликт қаҳрамонларга ўзини билиш, ўзининг руҳий кучини рўёбга чиқариш имконини берган бўлса, Отелло, Лир сингари адашган қаҳрамонлар онги фақат фожеа рўй бериб, муқаррар ҳалокат яқинлашганидан кейингина нурланиб кетади. Шунга қарамай, уларнинг ҳар бири ва умуман Шекспир асарларининг қаҳрамонлари асосан катъий характерга эга бўлган, онги ва ахлоқий қарашлари шаклланган, воқеликка ҳушёр кўз билан қаровчи, кучли ва мард инсонлардир.
Шекспир комедия ва трагикомедия жанрларида ҳам юксак санъат асарлари яратган. Унинг Уйғониш даври романтикаси билан суғорилган, қишлоқ ҳаёти манзаралари тасвирланган, саргузаштбоп воқеаларга бой комедиялари марказида ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтувчи муҳаббат мавзуи ётади. Шекспир трагедияларида бўлгани сингари, комедияларидаги қаҳрамонларнинг нутқи ҳам ўткир ва чуқур фикрларга, пичинг ва ҳазил-мутойибаларга бой.
Шекспирнинг ўзбек томошабини томонидан кашф этилиши 1935 йилда — «Ҳамлет» трагедиясининг Ҳамза номидаги драма театри (ҳозирги Ўзбек миллий академик драма театри)да саҳналаштирилиши билан бошланган. Шундан кейин Ўзбекистондаги ўзбек ва рус театрларида Шекспирнинг «Отелло», «Ромео ва Жульетта», «Юлий Цезарь», «Қирол Лир», «Кориолан», «Вероналик икки йигит», «Қийиқ қизнинг қуйилиши», «Ёз тунидаги ғаройиб отлар» сингари асарлари катта муваффақият билан қўйилди. Шекспир асарларини таржима этишда Ғафур Ғулом, Яшин, Уйғун, Шайхзода, Туроб Тўла, Қ. Мирмуҳамедов каби ёзувчи ва таржимонлар иштирок этдилар. Сўнгги йилларда Жамол Камол Шекспир асарларини бевосита инглиз тилидан ўзбек тилига таржима қилди. Чўлпон қаламига мансуб «Ҳамлет»нинг таржимаси эса ўзбек таржима санъатининг шоҳ намунаси ҳисобланади.
Наим Каримов.

СОНЕТЛАР

Биров роса мақтанади насаби билан,
Биров бойлик, биров мулки, бисоти билан,
Биров кучи, биров темир асаби билан,
Биров лочин, искович ит ва оти билан.

Одамларда ҳар хил ҳавас, ишқибозлик бор,
Аммо ҳар ким учун фақат биттаси афзал.
Мен бир нарса билан бўлдим ғоят бахтиёр,
Фақат ўша тақдиримни қила олди ҳал.

Сенинг севгинг қимматроқдир жавоҳирлардан,
Қадрлироқ эрур шоҳлар тожу тахтидан.
Гўзалроқдир зарбоф либос, олтину зардан,
Ёқимлироқ овчиларнинг омад бахтидан.

Ҳа, истасанг ҳаммасини олишинг мумкин,
Мени мангу гадоликка солишинг мумкин.

Уйғун таржимаси

* * *

Мабодо рўй берса ҳаёт ғуссаси,
Барча айбларимдан бўлсанг хабардор,
Мабодо сабрнинг тўлса косаси
Ва менга ҳукмингни билдирсанг ночор,

Оломон ичида мени кўрганда
Гўё бегонадек кўзга илмасанг,
Ҳамон аввалгидек сўлим чеҳрангда
Совуқлик турса-ю, асти кулмасанг –

У дамда менда бор битта тасалли:
Ҳа, дейман, эмасман сенга мустаҳақ,
Бунга онт ичаман ва дейман: “Балли!”
Сени ҳақли дейман, ўзимни ноҳақ,

Ҳақинг бор, ёргинам, мени қўй, воз кеч!
Бахтиёрлик ҳаққин қозонмабман ҳеч!..

* * *

Тезроқ ўссак ҳамки, сўламиз тезда,
Аммо битаётган умримиз ҳамон
Давом этиб турар ўғилда, қизда…
Ёшларнинг қуввати бизга ҳам дармон.

Шундайдир башарнинг ҳусни, идроки,
Йўқса девоналик, қарилик демай,
Дунёга абадий бўларди ҳоким
Ва олам тугарди олтмиш йил ўтмай.

Ҳаётга, дунёга ёқмаган инсон,
Дағаллар, бебурдлар йўқолсин, майли.
Сен эса муяссар бўлган армуғон
Ортади сендаги шукуҳ туфайли.

Сен-ку, ўйилибсан муҳрдан яхши, –
Юз йиллар ўчмайди муҳрингнинг нақши.

* * *

Сенинг шавкатингни мумкинмас сира,
Шунчаки бировга таъриф айламоқ.
Тангри шоҳиддирки, бу ожиз мисра
Нақл қила олмас мақбардан кўпроқ.

Сенинг суратингни айласам тасвир,
Дилрабо нигоҳинг куйласам агар,
Авлодлар айтарки, алдабди шоир,
Қўшиб одамзодга самовий ранглар.

Сарғайган варақни итариб дарҳол,
Мени маҳмадана, алжиган деяр.
Балки жеркиб дерлар: “Гапдон экан чол,
Лекин сўзида йўқ ростликдан асар”.

Аммо ўғлинг бўлса у чоғда тирик,
Яшарсан ўғлинг ва байтимда тетик.

* * *

Чеҳранг ўхшармикан ёзнинг кунига,
Йўқ, сенинг майинлик ва ҳуснинг ошиқ:
Бўрон ёз гулларин совурар нега?
Ёзимиз муҳлати шунчалик қисиқ.

Гоҳо қамаштирар кўзини осмон,
Гоҳ қуёш бекиниб, булутлар йиғлар.
Табиат ноз айлаб, қийнайди ёмон,
Гоҳ бизни у силар ва гоҳо йиғлар.

Камаймас сендаги кундуз пояси,
Ёзларнинг доимо ўз авж пайтида.
Сени қоплаёлмас ўлим сояси,
Сен мангу яшайсан шоир байтида.

Токи одамзодда нафас бор, кўз бор,
Тириклар қатори умринг барқарор.

* * *

Дунёдан, фалакдан бўлсам дарғазаб,
Бошимга келганда фалокат қатор,
Мен гаранг ва лоқайд самога қараб,
Ялинаман, аммо бу ҳеч қилмас кор.

Шўрлик қисматимдан нуқул нолийман,
Санъатда, ижодда совринлар олган,
Элнинг арзандаси – умидга тўлган
Бахтлилар ўрнида бўлсайдим, дейман.

Шу дамда бехосдан келасан ёдга,
Ўзим сустлигимни қарғайман паққос;
Бўйсунмай фалакка ва самовотга,
Руҳим тўрғай каби қилади парвоз.

Сенинг севгинг билан, хотиранг билан
Дунё шоҳларининг баридан зўрман.

* * *

Мени қари дейди кўзгулар, ёлғон,
Сенинг ёшлигингни улашаман-ку!
Лекин буруш қўйса чеҳрангга замон,
У чоғ тан бераман фалакка мангу.

Юзингни ойна деб чеҳрангга боқсам,
Ўзим кўринаман ўзимга ёшроқ.
Менга ёш қалбингни сен бағишлайсан,
Мен ҳам сенга дилим тутаман шу чоқ.

Асрагил ўзингни, ўзинг деб эмас,
Ахир ёр қалби ҳам сақланган санда.
Мен мушфиқ онадек сени ҳар нафас
Авайлай бошингга бало тушганда.

Бизнинг юракларнинг қисмати битта:
Мен битсам, битасан сен ҳам албатта.

Мақсуд Шайхзода таржималари

27-сонет

Уйимга қайтаман чарчаб, худди маст,
Чарчоқларим олиб кетсин деб кеча –
Аммо,тан ухлайди-ю, фикр ухламас,
Бари бир у ором топмас тонггача.
Яна хаёл сени кетади излаб,
Яна хаёл учар сен томон илҳақ –
Яна уйқу билмас толиққан кўзлар,
Зулматга тикилар сўқирдай бефарқ.
Қалбим кўзи билан кўраман сени,
О, бу кўз ўзгани кўргиси келмас.
Жамолинг ёритар бу дам қалбимни,
Бундай дам ўлим ҳам баттоллик қилмас.
Ҳаёт иккимизга бермас фароғат,
Кеча-кундуз фикр тополмас роҳат.

28-сонет

Чарчадим ва лекин қайдан куч топай,
Қайдан олай толғин вужудга мадор?
Кундузги чарчоғим ҳали тарк этмай,
Туни билан яна тафаккур бедор.
Кундуз билан кеча – бамисли ғаним,
Иккови дўстлашар менга келганда –
Куни буилан ором топмайди таним,
Соғинчлар ухлашга қўймайди тунда.
Раҳм қилар дея алдайман кунни,
Боланг гўзал,дея тонгни қучаман.
Зулмат чоғи эса алдайман тунни,
Айтаман:ЪСени деб тонгдан кечаман!ъ
Аммо тонг келтирмас дилимга ором,
Аммо қайғу билан келар яна шом.

29-сонет

Қисмату дунёдан бўлиб норози,
Ҳолимга ачиниб йиғлайман ўзим,
ЪНега сен мендан ҳеч бўлмайсан рози?ъ –
Деб сассиз фалакка тикаман кўзим.
Шундай дам эрк бериб алдоқ ҳисларга,
Телбадай гоҳ йиғлаб, гоҳо куламан.
Йиғлаб куламану бахтли дўстларга,
Омадли дўстларга ҳасад қиламан.
Ногоҳ эслайману чеҳрангни туйқус,
Ожиз туйғуларим узра учаман,
Қуёшга юзма-юз,бахтга юзма-юз
Тўрғайлардай учиб тонгни қучаман.
Сенинг муҳаббатинг шунча бебаҳо,
Алишмасман тожу тахтларга ҳатто!

66-сонет

Мен ўлим тиларман, роҳатбахш ўлим,
Не қилай, кўнмасам ортиқ хўрликка.
Сиз томон чўзилмас тиланиб қўлим,
Бошимни эгмасман энди кўрликка.
Не қилай, пасткашлик юксалса яна,
Бокира ор-номус этилса бадном.
Куч иймон устидан қилса тантана,
Заифлик Қудрат деб олса агар ном.
Тўғрилик устидан зўр келса ёлғон,
Донолар нодонга эгилса, нетай?
Мудом ҳақиқатнинг бағри бўлса қон,
Шафқат ёвузликка қул бўлса, нетай?
Нетай, барчасидан дил бўлса безор –
Фақат сенинг ишқинг қўйбермагай, ёр.

Хуршид Даврон таржимаси

CXXVIII

Мен ишониб, алданаман севгилимга,
Қасам ичса, ҳақиқатдан яралдим деб.
Навқиронлик керак ахир бу дилимга,
Гарчи ёлғон суянмоқни кўрмайман эп.
Каминани қирчиллама ўйлар пари,
Магар билар ўтиб кетган у кунларим.
О, кўнгилга ёқармикин ёлғонлари,
Икки томонда ҳам ҳақнинг умри ярим.
Қизиқ, ўзин ёлғончи деб санамас у,
Мен ҳам асло тан олмасман қариликни.
Бу муҳаббат рост кўрилса ажиб туйғу,
Ёш танламас экан дўстлар севги ҳукми.
Шу туфайли бир-биримиз алдаб ҳар гал,
Хушомад-ла ҳаётимиз топур сайқал.

XXI

Сержило рангларга бурканган, гўзал
Илҳом парисига берилган мисол,
Фирдавс жамолига бергучи сайқал
Шеърдай бўлолмадим омадли, хушҳол
На қуёш бўлдим мен, на ҳилолга хос,
Тупроқ ҳам денгизда маржонга дўндим.
Бойчечак кундайин очилса қийғос,
Минг хил очилмаган онларга кўндим.
О, севги, мен сенга содиқман, фақат
Ҳақни ёзганимда ишонинг, атай,
Ишқим гўдак каби беғубор абад,
Гарчи ёрқин эмас жаннатий шамдай.
Ҳар нени кўкларга отмоққа рухсат,
Ўзни мақтамасман, сотишмас – мақсад.

LIV

О, бунча нурафшон туюлар кўзга,
Ҳақиқат ортида ажиб тароват.
Гулда ҳам кўрилгай латофат ўзга,
Магар хуш ифор-чун севилгай ғоят.
Бул чаман қўйнида бор сирли бўёқ,
Гўё атиргулдай бўлар намоён,
Саратон нафаси яқиндир бироқ,
Ниқобли гулларга бергувчи поён.
Уларнинг бор-йўғи қуп-қуруқ савлат,
Бемақсад, беҳурмат бир кун ўлгайдир.
Атиргул ундаймас, яшару сармаст,
Ажиб ис таратиб, ширин сўлгайдир.
Эҳ, гўзал жозиба, суюкли ёшлик,
Ўтар шеърим билан қадру дилдошлик.

LV

На мармар, на тилла шоҳона ҳайкал
Бу кучли қофия умрин яшайди;
Яъни вақт тошга ҳам шафқат қилмас сал,
Демакки, ёрқинроқ нур сочмоқ пайти.
Ёдгорликни йиқар уруш олови,
Бир-бир ер саҳнига қулар тош уйлар,
Лек қилич ололмас ҳам ўтли ёви,
Тошқиндай қайнаса ҳаётбахш ўйлар.
Ўлим ва ғаразгўй хотирга қарши
Шахдам юр, токи бир йўлни топгайсан.
Келажак қошига келингай гарчи,
Бир куни устингга ўлим ёпгайсан.
То ўзинг сўроққа тургунча маҳшар
Ошиқлар кўзида юрмоқ ярашар!

LXV

Азалдан паришон инсон зотини
Тебратар тош-тупроқ ва сўнгсиз денгиз.
Гўзаллик қандайин турар ботиниб,
Кимнинг куч-ғайрати гулдан-да тенгсиз?
Шиддатли кунларнинг қуршовига қай
Саратон нафаси қарши тургайдир.
Фурсат жим мустаҳкам қояга етгай
Ҳам пўлат дарвоза томон киргайдир.
О, қўрқинчли хаёл, наҳот зўр маржон
Вақтнинг сандиғида ётса биқиниб.
Оёқда турмоққа борми сўнг имкон,
Ўтган гўзалликдан бўларми тониб?
О, мўъжиза, келиб, ҳузуримда тур,
Шунда сиёҳ ичра севгим нурланур.

LXVI

Тўйдим, ўлим учун йиғлайман энди,
Гўё чўл кўрмоққа туғилган қашшоқ,
Ҳар ишим қошига на қувонч инди,
На ишонч покиза пурбахтга хосроқ.
Жимгина йўқолди ялтироқ шараф,
Ҳам шуҳрат ўрнида пайдо бўлмиш фаҳш,
Бузди тўғри қонин шум ёлғон тараф,
Мардлар юз кўрсатур ноқобил, саркаш.
Зуғумлар остида туғилган санъат,
Нуқул телба табиб маҳорат синар.
Номаъқул кўрилмиш асл ҳақиқат,
Неки асир бўлса, бор менинг гинам:
Тўйиб ҳаммасидан кетгайман нари,
Ўлим-ла бир севгим қолар сарсари.

Аъзам Обидов таржимаси

1

Истаймиз, гўзаллар бўлсин зиёда,
Гўзаллик барқ уриб, яшнасин абад.
Атиргул қовжираб, тўкилган онда,
Нозик гулғунчаси очилсин фақат.

Сен эса ёшлигинг, юрак оташинг
Ҳуснингга сарф этиб, эй соҳибжамол,
Тўкинлик бор жойда очликдир ишинг,
Ки сенга ёвдир ул, ғанимдир қаттол.

Латофат бормидир чиройингдек соф?
Баҳор даракчиси ўзингсан, илло.
Хасислик айлабон этасан исроф,
Куртакни маҳв айлаб ботининг аро.

Дунёга раҳм қил, қолдир шу ерга,
Зурёдингни олиб кетма қабрга….

2

Қирк қаҳратон қишнинг аёз шамоли
Из солса манглайинг, юзларингга, ҳай,
Қайда қолгай сенинг ҳусну жамолинг,
Тенгсиз латофатинг қайларда қолгай?

Қани деб сўрсалар сочинг тўлқини,
Ёноғинг ёлқини? Бугун у соя…
Сўниқ кўзларимда дейсанми уни?
Жавобинг қўзғатур кулгу, киноя.

Ва лекин жавобинг бўлар муносиб,
Гар десанг:боқингиз болаларимга.
Кўрку тароватким, этмишди насиб,
Бахш этдим гулларим, лолаларимга…

Сенинг томирингда совиётган қон
Уларнинг жисмида гупурар бу он.

3

Кўзгуга кўз солиб, сувратингга боқ,
Энди бу тимсолни такрорлаш лозим.
Йўқ десанг, дунёга тушади титроқ,
Аёлни бахтидан этасан маҳрум.

Қайси дилбар сенга қучоғин очмас,
Қайси жонон кўрмас меҳрини раво?
Шунча худбинмисан, ўзинг билан маст,
Авлоддан ўлимни кўрасан авло?

Онанг сенга боқиб, кўрар ўтмишин,
Умрининг баҳорий айёмларини.
Сен ҳам кексайганда кўришинг мумкин
Болангда ёшлигинг давронларини.

Дунёдан тоқ ўтсанг, ёлгиз бефарзанд,
Ўларсан,тимсолинг кетар сен билан….

18

Сени ёз кунига этайми қиёс?
Бир ажиб гўзалсан, сокина, дилбар.
Шамол юлқиб отар чечакларни, бас,
Ёзимиз қисқадир, ҳадемай ўтар.

Гоҳо кўкда қуёш қамаштирар кўз,
Гоҳо булутлардан осмон ҳам хира,
Бир зумда хуфтондир, бир лаҳза кундуз,
Хулласки, табиат тинчимас сира.

Аммо сенинг ёзинг ўзгача, бўлак,
Қуёшинг чарақлаб сочади ёғду.
Ўлим соя сололмас, малак,
Шоирнинг шеърида ҳаётсан мангу.

То танда жон бўлур, то кўзларда нур,
Яшарсан тириклар ичра бир умр….

19

Шернинг тирноғини синдир, эй замон,
Тупроққа қориштир мавжудотларни.
Юлбарс тишларини қўпар беомон,
Қақнусни ўтда ёқ, қолдирма парни.

Қишдами, ёздами, кузда, баҳорда
Кулгуни кўзёш эт, кўзёшни кулгу.
Ҳар не қилсанг қилгил шому наҳорда,
Бир гуноҳдан тийил, илтимосим шу:

Манглайига ажин солма дўстимнинг,
Мунис чеҳрасини абгор айлама.
Дилбар қиёфаси, жамоли унинг
Барча замонларга бўлсин намуна.

Магар қилғиликни қилсанг ҳам, замон,
У менинг шеримда қолур навқирон….

26

Эй севгим сарвари, тавозу ила
Арзим баён этай, эшитгил мени.
Эҳтиромим битиб, йўлладим сенга
Шу қалбим соғинчи, саломномани.

Фазилатинг буюк, қаламим ожиз,
Сўзларим туюлар яланғоч, ғариб.
Лекин сен марҳамат сари буриб юз,
Ўқирсан уларни, либос кийдириб.

Бошимда порлаган бахтим ҳулкари
Йўлимни ёритиб, манзилимни ҳам,
Жулдур чопонимни итқитиб нари,
Балки тўн кийдирар менга мўҳташам.

Севгимни мақтаниб айтаман унда,
Ўшангача эса юргум панада…

30

Қачонким хаёлга эрк бериб, фурсат,
Кечган кунларимни ногоҳ эсласам,
Бағримда тирналур эски жароҳат,
Аламлар қўзғалур яна янгидан.

Шунда кўзларимдан сочилар ёшим,
Дўстларим кетдилар айтиб алвидо.
Қайда қолди дейман севгим, қуёшим,
Кимларни йўқотдим, нелардан жудо…

Эвоҳ, ғам устига яна ғам келар,
Йиғлайман, хотирга олсам уларни.
Гарчи тўлагандим илгари тугал,
Бошқатдан тўлайман тўловларимни.

Аммо сени ҳар гал ўйласам, дўстим,
Ғамларим тарқайди, топаман таскин…

39

О, сени тарифлаб, нечук мадҳ этай,
Ахир,биз биттамиз, бир жону бир тан?
Қандай қилиб энди ўзимни мақтай,
Ўзимни мақтайман сени мақтасам.

Шунинг чун бир бирдан яшаймиз айру,
Токи айрилиқда юриб ҳамиша,
Мадҳ этай кўркингни, латофатингни,
Чунки мадҳ этишга лойиқдир ўша.

О, ҳижрон ошиққа аламдир, азоб,
Айрилиқда чекар ошиқ интизор.
Лекин ҳижрон аро, аё моҳитоб,
Ширин умидларнинг лаззати ҳам бор.

Мен сенга йироқдан боқиб ҳар маҳал,
Сувратинг чизаман ёрқин, мукаммал…

46

Кўзим билан қалбим талашар нуқул,
Ки гўзал қиёфанг яшайди кимда?
Кўзим дейди: менинг қароғимда ул,
Юрагим дейдики, яшайди менда…

Кўзим онт ичади: кечадир кундуз,
Ойинамда эрур жамоли унинг.
Юрак қасам ичар: мисоли юлдуз
Менда чарақлайди тимсоли унинг…

Фикру мулоҳаза ҳукмида бу иш
Кўрилди оқибат, гапнинг хулласи,
Айтилди: нимадир юракка тегиш,
Нимадир кўзларнинг ҳаққи, ҳиссаси.

Жоним, сувратингни кўзларим олди,
Севги, муҳаббатинг юракда қолди…

50

Йўл босиб бораман машаққат билан,
Ҳориган бедовга ўзни ортмоқлаб.
Эвоҳки, ҳар битта босганда қадам,
Бахтимдан кетаман яна йироқлаб.

Отим ошиқмайди, аёндек гўё
Унга юрагимнинг қайғуси, зори.
Йўлда ошиқарми йўловчи асло,
Ортида қоларкан суюкли ёри?

Мен қамчи ураман, отим сакрамас,
Фақат мунгли кишнаб, беради жавоб.
Отим кишнар экан мунграб, шу нафас
Менинг юрагимга тушар изтироб.

Дейман ўз-ўзимга: ҳамроҳинг энди
Қайғудир, қувончинг орқада қолди…

51

Сендан йироқ тушиб, йўлларда дилхун,
Кетганман отимнинг қадамин санаб.
Жоним, айрилмоққа ошиқай нечун?
Аммо, сен томонга юрсам, бошқа гап.

Унда туёғидан чақнаб чақинлар,
Отим қўзғаларкан, қўзғалур бўрон.
Шунда ҳам мен уни қистардим магар,
Мунча имиллайсан, дея ҳар замон.

Унда йўл деганнинг чиқарди чанги ,
Отим қанот ёзиб мисоли дулдул,
Гарчи бўлса ҳамки ориқ, қирғанчи,
Учқур хаёлданам ўзар эди ул.

Сендан кетганда гар суст эди, ялқов,
Аммо сенга бурсам, ўт бўлур, олов…

54

Гўзаллик гўзалдир юз бор, агарда
Бағрида ҳақиқат эса ошкор.
Атиргул сўлимдир, яна ҳар лаҳза
Таралиб тургувчи хушбўйи ҳам бор.

Худди атиргулдек кўрку чиройда,
Айни тиконлидир заҳарли гуллар.
Ёз келиб,чечаклар кўкарган жойда,
Далалар қўйнида яшнайди улар.

Уларнинг бисоти ҳуснидир фақат,
Тугар ҳусни билан умри, баҳори.
Аммо атиргулда битса тароват,
Ифорга кўчади умрининг бори.

Демагил: бир куни қолурман сўлиб,
Шеримда яшайсан атиргул бўлиб…

Жамол Камол таржималари

«ҲАМЛЕТ» ДАН ПАРЧА

II ПАРДА

Иккинчи саҳна

Ҳамлет
Оҳ, мен қандай ярамас,олчоқ бандаман!
Бу қандай гап: ўткинчи бир актёр мунда –
Ўз хаёли тўқиган сезгиларига
Шуурини шунчалик қарам қилдиким –
Менгзидан қон ўчди, кўзи ёшланди,
Товушлари бўғилди, бутун туриши –
Юрагини қақшатган дардларга ойна,
Сўрасангиз: не учун шунча дард, алам?
Гекуба учун эмиш!
Гекубага бу кимдур?
Ё Гекуба бунга ким?
Аммо бу-чи, нолийди шунча юракдан.
Агар менинг дардларим бўлсайди унда
Не-не мудҳиш тўфонлар ёғдирарди ул?
Хуноб бўлиб зорлаган бўларди саҳна.
Унинг ролин кўрганда мот бўлиб дарҳол
Ақлидан ёзар эди гуноҳкор киши,
Бегуноҳлар, камтарлар ибрат оларди.
Қулоғлар ҳам, кўзлар ҳам поймол бўларди.
Мен-чи:
Аянч, анқов, махлуқман, дайди, сарсари,
Уйқуаро юраман. Бекорчи танбал.
На ўз ҳақим тўғроли бир оғиз гап бор,
На қиролнинг қасоси учун ҳаракат,
Ахир уни тожидан, уни жонидан
Кўп жирканч найранг ила ажратдилар-ку!
Ёки мен қўрқоқманми? Кимда журъат бор?
Қани менга шапалоқ урмоқчимилар?
Ё берурлар боладай ўгит-насиҳат?
Бурнимдан ушлайдилар ёки бемалол –
Мени бебурд, ёлғончи атайдиларми?
Ким бу ишга ишқивоз? Дадил сўйласин?
Ҳаммасига хўп дея тилхат бераман.
Чунки менинг жигарим – каптар жигари,
Чунки йўқ жигаримда сафрою зарда.
Бўлмаса мен бу баттол йиртқични сўйиб
Жасадин қузғунларга ташламасмидим!
Оҳ, муттаҳам, бадахлоқ! Қонхўр, ёлғончи,
Зино қилиб юрувчи номард бадкирдор!
Оҳ, интиқом!
Қандай эшак эканман ўзим дарвоқе!
Ўлдирилган отанинг фарзанди бўлсам,
Менга, қасос ол, деса фалакнинг ўзи,
Мен-чи, бузуқ хотиндай ҳасрат қиламан,
Ёки дашном бераман оқсочлар каби!
Тфу, лаънат! Уйғонгин, эй менинг зеҳним!
Қайдадур эшитгандим: гўё ўтмиши
Қоронғу бўлган киши ўз қилмишига
Ўхшашлик бир ўйинни томоша қилса –
Серпайиб ўз айбига иқрор бўларкан.
Қотил қанча жим турса, индамаса ҳам
Билдириб қўяр экан ўз жиноятин.
Актёрларга топширай тамошо чоғи
Отамнинг ўлимига ўхшашли бирон
Воқиа ўйнасинлар амаким учун.
Амакимдан кўз олмай қарайман ўзим,
Агар бўлса безовта – у ёғи маълум.
Бироқ, кўрган арвоҳим балки иблисдур.
Истаган қиёфатга киролур иблис.
Балки шайтон мажолсиз ҳолимни билиб,
Мени ҳалок қилгани дасиса қурган!
Кўрганимдан ҳам яққол далиллар лозим.
Улар бу ёзувларда. Энди саҳнада
Қиролнинг виждонига қураман тузоқ.

Мақсуд Шайхзода таржимаси