Дилсўз Мустафоев (1945)

Дилсўз (Dilsuz Murtaza oğlu Mustafayev) – озарбайжон шоири, таржимон. 1985 йилдан Озарбайжон ёзувчилар иттифоқи аъзоси.

ДУНЁ, СЕНДА НАСИБАМ БОР

Дунё, сенда насибам бор:
Олажакман эрта-кеч.

Энг аввало бир юрт истайман –
Тунлари сут берсин йиғлаган гўдакларга,
Шамоллар эсганида байроқлари сочилсин.

Бир тулпор истайман мен –
Ғиротдан учқур,
Оқ отдан учқур,
Бўз отдан учқур,
Узан бахши тилидан учқур –
Етиб олай олислаб кетганларга.

Бир кўприк истайман мен –
Остидан йиллар оқиб ўтсин,
Устидан биз ўтайлик
Айрилиққа қўл силтаб.

Бир юрак истайман мен –
Байроқ-байроқ қилиб тўғрасам уни,
Узоққа кетувчилар қўлларига олсинлар.

Бир байроқ истайман мен –
Юрагим совуқ қотса кийиб олайин уни.

Бир тоғ истайман мен –
Қирралари учли-учли –
Қўнсин бургутлари юрагимнинг бошига.

Бир чайла истайман мен –
Оғочига осиб қўяй қиличим – ғазабимни,
Илиб қўяй елдан тез тулпорим юганини.

Бир умид истайман мен –
Тупроқда, ҳавода, сувда,
Темирда, ўтда тоблансин.

Бир сўз истайман мен –
Қўлим мева туткан бутоқлардадир,
Мевалари пишиб-пишиб бол тортиб
Мен ўлгунча ерга тушажак.

Дунё, сенда насибам бор,
Олажакман эрта-кеч.

Озарбайжончадан Хуршид Даврон таржимаси