Вивьен Пламб (1955)

Вивьен Пламб (Vivienne Plumb) — шоира, ҳикоянавис, драматург, 1955 йилда Австралияда туғилган. Айни пайтда Янги Зеландияда яшайди. У 1993 йилда “Муҳаббат ришталари” асари учун Брюс Мейсон Драматурглар мукофотига, “Тушида японча гапирадиган аёл” деб номланган биринчи ҳикоялар тўплами учун эса Хюберт Чарч мукофотига сазовор бўлган. Унинг қаламига мансуб «Танк» номли шеърий асар 1998 йилда NZ Poetry Society Шеърият жамияти Халқаро шеърият танловининг совриндори деб топилган. Вивеннинг янги асарлари “Саламанса” (1998) ва “Қор кўчкиси”(2000) деб номланган иккита тўпламга жамланган. “Аёлларнинг ижобий фазилатларига бағишланган кундалик” ва “Сирли шаҳар” деб номланган романлари ҳам нашрдан чиққан.

АКВАРИУМ

(Викторга)

Хиргойи қиларкан, ёзаман,
«Бетс»нинг олдидаги аквариумнинг
тилла балиқчалари ҳақда.
Аквариум «Бетс» яқинида
Ўрнатилган стол устига. Бор учта балиқ.
Иккиси оддий бир тилла балиқдай,
учинчиси чиндан бошқача,
кўзларин устида қора ҳалқалар,
худдики бировдан калтак егандай.
Виктор изоҳ берар: «Ҳейди айтарки
агар шундай чертсанг аквариумни
улар ўтакасин ёрмоқлик мумкин.»
Ва у черта бошлар аквариумни.
Мен эса англаган бўламан
баъзан ҳис қилинса бўлар нарсани,
аквариум чертаётган бу ахир
Викторнинг каттакон семиз бармоғи.

___________
«Бетс» — Веллингтондаги театр
Ҳейди – киши исми

МУҚОБИЛ РEЖА

А-режа: шаҳарни тарк эт. Б-режа: шаҳарда қол, бироқ ҳеч кимса билмайдиган бир бурчакка кет. В-режа: эски шаҳардаги эски хонада қол. Г-режа: эски хона ҳамда эски ишда қол. Д–режа: хонадош изла. Е-режа: янги иш ахтар. Ё–режа: Айни бир уйда хонангни алмаштир. Ж–режа: шаҳарнинг ўша қисмидаги эски уйда қол, ишни ўзгартирма, хонадош-да излама бошқа. З-режа: Кубага бор (лекин бунинг-чун пул бўлмоғи керак чўнтакда). И-режа: бошқа режа туз. Й–режа: юз жарроҳини топ (молияга боғлиқ). К–режа: сочингни бўя. Л-режа: турфа шляпалар кийиб ташқарига чиқ. М-режа: ичкарида қол. Н-режа: узлатга чекин. О-режа: ёлғиз ўзинг бўл, аввалги хонада, шаҳарнинг ўша қисмида ва олдинги ишда қол. П-режа: асло асло дема. Р-режа: югуриш билан боғлиқ. С-режа: буниси сузиш бўлиши шарт. Т-режа: ҳар куни чўмил. У-режа: ҳордиқ кунлари эса узоқ пиёда юр. Ф-режа: бўялган сочинг билан. Х-режа: ва турфа шляпалар кийган ҳолда. Ш-режа: шаҳарнинг айни кўчасидаги айни бир уйда якка қол. Э-режа: лекин ҳар шанба куни қиёфани ўзгартир. Ю-режа: қиёфани ўзгартириб сайр қил. Я-режа: ҳамда ҳафтасига бир марта суз. Ў-режа: ҳеч нарсани ўзгартирма. Қ-режа: сайр қилма, югуриб ё сузиб ўтирма, бироқ, шаҳарнинг ўша қаровсиз қисмидаги айни зах хонада; Гъ-режа: жонингга теккан иш билан ўзингни овутганча, Куба орзусида қолавер. Ҳ-режа: келгуси йилга режа тузишни бошла.

Аъзам Обидов таржимаси