Шарлотта Бронте (1816-1855)

Шарлотта Бронте (Charlotte Brontë) атоқли инглиз ёзувчиси ҳамда шоираси, ўсмирлик чоғиданоқ адабиётга дадил қадамлар билан кириб келиб, инглиз адабиётида яратган дурдона романлари туфайли довруқ қозонган машҳур опа-сингил Бронтеларнинг энг тўнғичидир. Ш.Бронтенинг Куррер Белл тахаллуси остида яратган “Жейн Эйр” номли романи ёзувчи номини бутун дунёга танитган энг шоҳ асари ҳисобланади. 1849 йили “Шерли” номли китоби дунё юзини кўргач, адабий жамоатчиликда эркакча “Каррер Белл” тахаллуси билан оддийгина ўқитувчи аёл ижод қилаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалади ва Шарлотта адабий давраларда машҳур бўлиб кетади. 1853 йили “Виллетт” романининг чоп этилиши халқ орасида унинг обрўсини янада оширади. Бронтелар хотирасини абадийлаштириш мақсадида Меркурийдаги кратерга уларнинг номи берилган.

ТУН ДАРСЛИГИ

О, инсон юраги, инсон юраги,
Сен бунча бетизгин, абадий жумбоқ.
Хаёлу умиди, орзу истаги –
Қадимдан оламга жавобсиз сўроқ.
Кунлари ўтса-да кулгуга лим-лим,
Тунлари бошланар виждонда исён:
“О, инсон, сен наҳот бойлик туфайли
Ўтган кунларингни унутмоқчисан?”

Кечалар шундайин бераҳм ҳакам,
Оромин ўғирлар ҳавойи қалбнинг.
Содиқ қушчалардай ҳислар бўлиб жам –
Юракка ёғилиб келишар кейин.
Кейин дил тўкилар, ҳасрат тўкилар,
Дард ғаним бўлмагай кўнгилга ҳеч вақт.
Тунлари виждонга азоб ёғилар,
Тунлари кўзлардан қуйилади дард.

Туйғулар, қайғулар жўш урар шиддат,
Хотирга тушадир инсоф, диёнат.
Наҳот онийлик бир лаззат этиб забт
Инсон ўз қалбига этса хиёнат…
О! Кўнгил ярадор, кўнгил қон тўкар,
Ахир у яралган эди-ку оппоқ!
Кўмиб борар уни туманли йиллар,
Оғир, жуда оғир энди яшамоқ!

Энди юракнинг бир ҳамроҳи хилол,
Унсиз кечалар ва ғариб ёлғизлик.
Валек тун солмагай кўнгилга малол,
Ва чекиниб борар шум умидсизлик.
Фақат кўнгилнинг энг чуқур ерида
Хўрсиниб яшайдир ягона ният.
Фақат тунларимас, энди ҳар онда
Одамдай яшасин бор Инсоният!

АЙРИЛИҚ

Йиғламагин
ва куюнмагин,
Бизлар ажралишдик,
бу – тақдир.
Фақат, севгим, шунга севингин –
Ахир ширин хотира бордир…

Пешонада бори шу экан,
Айбласак-да ўз-ўзимизни,
Нафрат билан, муҳаббат билан
Эслагаймиз бир-биримизни.

Ижозат эт, ҳижрон ғарқ этсин
Майли, жами кўнгил уйимиз.
Кўзларимиз ҳар кун ёш тўксин,
Бегонадай бўлсин кулгумиз…

Гоҳо дўстдай, гоҳо ғанимдай
Муҳаббатим, аччиқ қисматсан!
Эслайсанми сен ҳам бирор дам,
Бунча азоб, бунча ғурбатсан!

Ҳаётимнинг ҳар бир онида
Шонлидирсан ҳамда севимли…
Мудом борсан қалбим тўрида,
Ўлимгача ҳаётсан, билки!

Ойсиз тунлар сени ўйларман,
Ёлғизликда, ҳижронда танҳо.
Қалбим сенинг пок қалбинг билан
Самоларда учадир гўё…

Кел, узайлик занжирларни, кел,
Севгимизни этайлик озод!
Ҳузуримга ўша он шошил,
Ва қўлимдан тутгил умрбод!

Лек…
Йиғлама ва куюнмагин,
Нетайликки, шу экан қисмат…
Ишон, тақдир бизларни бир кун,
Учраштирар машҳарда албат!

ҲАЁТ ҚАДРИ

Инонинг, ҳаёт бу туш эмас,
Донолар айтгандай кўп ғалат.
Қайсидир кунимиз хайрли,
Қайсидир кунимиз машаққат.
Гоҳ қуюн босгандай қора ғам
келган чоғ йиғламоқ не учун?
Шодлик ила, табассум ила
Қарши олмоқ керакдир барин!
Ҳаёт бу мукофот Тангридан,
Миннатдормиз бизлар бир умр!
Ногоҳ ажал йўқлаган онда
жудо этар ҳаёт тахтидан,
Тарк этармиз қайғу, қувончни,
Бари тамом бўлар дафъатан.
Яхшиямки, умид асрайди,
Яхшиликлар соғинар умид.
Қани, айтинг, биз бу оламга
Яралмоқдан не учун келдик?
Одам каби, чақалоқ каби
Охиратга борармизми оқ?
Инонинг, ҳаёт бу туш эмас,
Чинданам, кўп ғалат яшамоқ…

ТААССУФ…

Кўп йиллар илгари истардим:
“Уйимдан олисга кетсайдим!…”
Кўп йиллар илгари ўксирдим –
Ўз уйим бунчалар ғалати…
Йиллар ўтиб, мусофир элда
Кезарканман дилимда соғинч.
Хотиралар азоб берганда
Оқаверди кўз-ёшим бетин.

Билганларим – шошқалоқ умр
ва туганмас рўзғор ташвиши.
Ортимга бир ташласам назар –
Олис келар уйим товуши!
Ҳаётнинг чўнг, тез ўзанида
Тополмадим уйимдай маскан.
Э-воҳ, энди тўлқинлар ичра
Саросарман, бир дарбадарман.

Алвидо, эй, ёруғ хотира,
Видо сизга, содиқ соҳиллар.
Наҳот энди кўролмам сира
Ўз туғилган уйимни такрор!
Қани энди ортимга боқсам
Ташвишлардан воз кечиб бир он.
Қани энди кимдир чақирса –
Бирон таниш овоз, қадрдон.

Ўша лаҳза юрагим тўхтаб
Жаннатдайин сезгум ўзимни.
Худо! Соғинч кўнглимни ўртаб
Мангу ёшга кўмди кўзимни.
Йўқ, энди на рўзғор, на бир иш
Банд этолмас умримни зарра.
Бир кун қалбим топар осойиш –
Мен уйимга қайтарман яна!

Инглиз тилидан Қандилат Юсупова таржималари

* * *

Ишон, аслида ҳаёт – ўйинмас асло,
Ўрмонзорлар ҳақида матал ё эртак.
Тонг чоғлари майдалаб ёққан ёмғирдек,
Янги кун гоҳ мўъжиза тутаркан андак.
Майлига осмон бироз тунддек кўринса,
Гар қопласа булутлар кўк юзин сокин.
Шаррос қуйган ёмғирдан сўна бошлаган,
Атиргулу чечаклар жонланар секин.
Қара, қанча телбавор, қайтмас бу кунлар,
Ҳаётнинг дарахтидан узилиб кетди.
Қанчалар хуш, ёқимли, ғанимат дамлар
Гоҳ ширин дийдордек бизни тарк этди.
Майли-да, гар ўлимнинг умр оралаб,
Қувиб юрганлари ҳам, табиат амри.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисан, ғуссалар қачон
Қўрқинчли, гар бир умид бермаса Тангри.
Ғам-азоблар келганда умид ғунчаси,
Дилга қувват бахш этар ҳар нафасида.
У худди хотиржамлик бергувчи қанот,
Янги кўз очган булоқ каби аслида.
Ўкинма, парво қилма, гоҳо тўсиқдек
Оёғингга чирмашса қайғули дамлар.
Сен эса, азизим, ҳеч ноумид бўлма,
Келади саодатли фараҳбахш кунлар.

Рус тилидан Дилором Абдураҳмон таржимаcи