Эдгар Аллан По (1809-1849)

Машҳур америкалик адиб, шоир ва ношир Эдгар По (Edgar Allan Poe) 1809 йилнинг 19 январида Бостон шаҳрида дунёга келган.
Эдгар По Европада сўна бошлаган, аммо Америкада янгиланган Ғарб романтизмининг ёрқин вакилларидан бири, Америка адабиётида фантастик-детектив жанрига асос солган ижодкор ҳисобланади.
Америка адабиётида бутунлай янги услуб ярата олган Эдгар По гарчи ўз ватандошлари томонидан тан олинмаса-да, машҳур француз шоири Бодлер томонидан қилинган таржималардан кейин унинг жаҳон адабиётига, энг аввало символизм оқимига кўрсатган беқиёс таъсири юзага келди.
Шоирнинг “Бостонлик” тахаллуси билан 1927 йилда нашр этилган илк шеърий тўплами “Tamerlane and Other Poems” деб номланган.

ТЕМИРБЕК

Ота, яқинлашар қазо соати,
Юпанчдан на фойда? У кор қилсайди?
Сен қилган на тавба ва на бир тоат
Кибр гуноҳини юва олсайди?
На умид бор энди ва на бир ҳавас,
Бариси тугади, бариси абас.
Ичимда ўт ёнар, бўғзимда зорим,
Умид — эҳтирослар жазавасидир.
Қани ўша умид, парвардигорим?
Унинг сарчашмаси қудсий аслида.
Асли ҳамоқатга мансуб эмассан
Ва, сени умидли қилдим, демассан?
Ҳавойи кибрдан шарафсизликка
Ғарқ бўлган руҳ сирин очаман сенга.
О, юрак! Меросдир кўкларга чиққан
Ва сўнган шуҳратнинг бир чети менга.
Олмосдай у тахтим тошлари ичра
Ярақлаб сўнг сўниб қолди бир куни.
Дўзахми? Қўрқита олмайди сира,
Валекин қайғумнинг йўқдир бўй-эни
Бемаҳал сўлиган гулларим учун,
Ёздаги офтобли кунларим учун.
Ўшал ўлик дамнинг боқий садоси
Жаранглаб туради — жоду тарзи бор,
Менинг бўм-бўш жуссам – бахтнинг гадоси –
Узра дафн жоми сингари такрор.
Ҳолим бундан хароб бўлмаган ортиқ,
Бир вақт бошимдаги тожни, ё набий! —
Жангу жадалларда олгандим тортиб.
Қайсар Римга ворис бўлгани каби
У тортиқ бўлмаган менга ҳеч замон.
Шоҳона заковат ва яна, рости,
Бани башар ила ғолиб, беомон
Мағрур савашган руҳ менга меросми?
Тоғ ёқларда кун кечирдим даставвал,
Таклай рутубати бош узра мудом
Шудринг бўлиб инар эди ҳар оқшом.
Англадим, ишондим, ҳарбу зарб, амал
Ва исённинг ғулғулали ҳавоси
Димоққа урмишдир – йўқдир давоси.
Шудринглар жаннатдан кеч инмиш, эгам,
(Мудҳиш туннинг алоқ-чалоқ тушлари)
Бошим жаҳаннамга кетгандай тегиб,
Ёруғликнинг лахча чўғ, оташлари
Булутдан осилиб турди яловдай
Ним юмуқ кўзларим олдида пир-пир.
Салтанатнинг бўйи басти – оловдай
Ва момоқалдироқ гумбури бир-бир
Устимга бостириб келар, қаранглар,
Жангу жадаллардан берганча дарак.
Мен – жинни боланинг саси жаранглар
(О, руҳим завқларга тўлади – карахт,
Ирғишлаб ҳайқирар шодон, бегидир)
Жанглар ғалабанинг ҳайқириғидир.
Паноҳсиз бошимга ёмғир ёғди, кўр
Ва оғир шамоллар эсдан оғдирди,
Тилимни лол қилди, кўзларимни – кўр,
Гўё одам эди, бошга ёғдирди
Дафна – зафар япроқларин бирма-бир.
Муз ҳавонинг шитоб оқими чирик
Салтанат тўзғиши ҳамда бир асир
Илтижосин, талаб аҳлин шивири
Ҳамда шоҳ тахтининг пойидан оққан
Хушомад оҳангин чалди қулоққа.
Мен тахтга ўтирган чоғим “Ғазаби
Унинг истибдодин минг чандон қилар”,
Деб ўйлар раият муте, асабий,
Начора, балки у феълимни билар.
Болалик чоғларим бир қиз бор эди,
У қиз воқиф эди кўнглимдан, ота.
Менинг сирларимдан хабардор эди
(Ёшлик кетиб, сўнар дилдаги оташ).
Аммо тош юракнинг бир кунжаги бор,
У нозик ҳисларга, бир аёлга зор.
Афсуски, муҳаббат сирини очмоқ
Учун керак сўзнинг бариси пучмоқ!
Гўзаллик! Тавсифга ожиздир қалам,
Таърифга сўзларни ташласанг қалаб –
Фойдасиз. Гулдайин рухсори унинг
Шамолда соядай липиллар кунин:
Шу тахлит эслайман ёшлик йилларин,
Лек ёдим қодирмас кун ўтган сари
Очмоқликка унинг саҳифаларин.
Кўздан қочиб борар номалар нари,
Тўзғитиб ўчирар замонлар барин!
Мен уни суярдим жондан ҳам ортиқ,
У ҳам менга доим парвона эрди.
Парилар ҳам ҳавас қилгудай тортиқ –
Суймоқлик бахтини шу ҳаёт берди.
Унинг гул андоми каби бокира
Орзу-умидларим тин билмай сира
Худди манқал узра кўкка чирмашган
Тутундай тик ўрлар эди ботиндан
Ва дилни қайтадан ўтларга ташлаб.
Наҳот орзу-умид чиқди ёдимдан?
Иккимиз тенгқур ва муҳаббатдан маст,
Ўсдик дала тузу тўқайлар кезиб.
Менинг кўксим унга қалқон бўлди, рост,
Шамол турган, ёмғир ёққанда эзиб.
Офтоб чарақлаган кезлар, осмонга
Тикилган дамларда жаннат боғларин
Унинг кўзларида кўрардим, жонга
Роҳат бағишларди баҳор чоғлари.
Нораста ишқнинг илк сабоғи – юрак:
Офтобдай чарақлаб, табассум қилиб,
Дилга ором берар эди ул малак.
Қизнинг шўхликлари ила маст бўлиб
Мен унинг кўксига ўзимни отар
Ва кўзим ёшлари билан сўйлардим,
На сўз ҳожат эди. На бир хавотир,
На унинг қўрқуви дафин ўйлардим.
У сокин нигоҳин тикканча менга
Қўрқув сабабини сўрмасди. Нега?
Бир куни севгидан қудратли хилқат –
Курашлар истаган руҳ кирди тилга
Мен тоғ чўққисида ўлтирган чоғим,
Жисмимга тор келди ишқнинг қучоғи.
Англадим: чорларди улкан мақсадлар
Мени кенгликларга. Ер, ҳаво, денгиз
Эҳтирос гумону шодлик, дардларга
Лим-лим тўла эди, тошгудай, тенгсиз.
Мени чорлар эди ғаройиб улги –
Орзуларнинг хира шарпаси қурғур.
Тийра бир мавжудлик – йўқликлар мулки –
(Соялар ва ажиб ғира-шира нур)
Оқимтир қанотин ёзди ва бирдан
Сенинг сувратинг ва гўзал отингга
Айланиб қолдилар. Иккиси ҳам тан
эмас, дил маҳрамим, суйган, ботинган.
Отажон, юлдузни кўзлаган эдим,
Эҳтирос сенга ёт бўлгани бор гап.
Мен – чўпон тожу тахт излаган эдим
Бепоён дунёнинг ярмини сўраб.
Омадсиз қуръадан бўлмадим рози,
Ахир, гўзалликнинг нурли тафтидан
Туш мисол энг улуғ мақсадлар озиб,
Тонгги шудринг каби йитар. Афтидан,
Фақат бир гўзаллик соат, кун сайин
Менга куч берарди такрор ва тайин.
Икков чўққиларда сайр этдик бирга,
Тоғлар макон этиб юқориликни
Кулбалар биланки қуршалган қирлар,
чўққилар, ўрмонлар оша борлиқни
томоша қиларди, пойида энсиз
жилғалар чулдираб оқарди тинсиз.
Мен унга шуҳрат ва ҳокимиятдан
Сўзладим. Кўзлари таниш эҳтирос
Ва нажиб интилиш билан уятчан
Ёнарди. Туйғулар уйқашлиги рост.
Унинг ёноқлари олланишлари
Ҳар қандайин тахтга эди муносиб.
Нозу ишвалари, солланишлари
Нур каби зулматни кетарди босиб.
Сўнгра дабдабалар ичида қолдим,
Хаёлий тож кийдим бошимга шодон.
Эгнимга ёпилган либосни олдин
Орзу ҳам қилмаган эдим. Оломон
Ичра банди шердай зўрлик истаги
Хўжасига сажда қиларди тинсиз.
Лекин саҳрода у фитналар қистаб,
Дунёга ўт қўяр эди ўтинсиз.
Замин маликаси, дилбар Самарқанд
Жаҳон тақдирига эгалик қилар.
Барча шаҳарлардан мағрур ва баланд,
Шуҳратда у билан беллаша олар,
Айтинг, қайси шаҳар, айтинг, қайси кент?
На унинг тенги бор ва на бор мисли,
Унинг оддий тоши дунёдаги энг
Зўр тахт учун бўлар шоҳсупа асли.
Шаҳар ҳукмдори ким, деб сўрсангиз,
Жавобим Темурдир, ҳайрон лак нафар
Омма кўз ўнгида турар, кўрсангиз,
Яксон салтанатлар узра музаффар.
О, севги! Инсонга хос самовий ҳис,
Қалбларга индирдинг илоҳий висол
Гармсел қақшатган тақир ва сувсиз
Заминга ёмғирлар ёққани мисол.
Ёввойи ҳисларни юракка солдинг,
Бироқ бу ташналик қонмасдан қолди.
Ё фалак! Ғайрича мусиқа уни,
Борлиқ оғушига чўмади унинг.
Бокира гўзаллик чўкиб борар жим,
Алвидо! Қолмади олмаган ерим.
Сордай макон тутган юксаклар мулкин
Умид тоғлар ҳам паст бўлган самодан
Ҳорғин қанотларин бемажол силкиб
Уя томон қараб қўяр дамодам.
Ботиб бораётган ёзги қуёшнинг
Шафақ нурларига тикилган зор-зор
Кундуздан умидвор кексаю ёшнинг
Қалбига чўкади зулматли озор.
Бир вақт ўзинг суйган тун совушига
Юракнинг нафрати юз эмас, минглар,
Юрак тинглаб урар зулмат товушин
(Буни фақат руҳи уйғоқлар тинглар).
Кимки тушда учса тағин ва тағин,
Ўнгда ердан уза олмас оёғин.
Тунлари порлаган соҳибжамол ой
Гўзаллик тахтига чиқолмас кундуз.
Унинг хира тортиб қолган чиройи
Нур соча олмайди, табассуми – муз.
Марҳумнинг ўлимдан сўнгги расмидай
Кундузги хунук ой тунлар хасмидир.
Ёзги офтоб каби чақноқ болалик
Секин сўниб борар. Кўнгил нолали.
Билган нарсаларни билмоқлик учун
Баъзан исроф бўлар йигитлик кучи.
Нени эъзозласанг, мўрт чиқар, ҳайҳот:
Қоқ тушда барқ уриб очилган гулнинг –
Япроғи сингари тўкилар ҳаёт,
Қўлидан нима ҳам келарди қулнинг?
Уйимга қайтдим-у, бир туйғу эзди:
Қадрдон уйимнинг бегоналиги!
Гарчи уй ичини оҳиста кездим,
Унутиб шўхлик ва девоналигим,
Лекин тош остона юборди инграб,
Ўшанинг овозин танидим тинглаб.
О, дўзах! Кучлироқ эди минг карра
Сенинг оташингдан соғинчим, зарра
Омонлик йўқ унинг ўтидан, ё раб!
Отажон! Биламан, ўлим бир куни
Мени ҳам олисдан излаб келади.
Ҳеч ким алдай олмас ҳеч қачон уни,
Ўлим ҳақлигини ҳамма билади.
Темир дарвозаси ним очиқ турар,
Унинг тирқишидан абадиятнинг
Ҳақиқат нурлари кўзимга урар,
Сен буни кўрмайсан, уринмагин минг…
Ҳар банда йўлига Иблис бирма-бир
Қопқонин қўяди, тушасан охир.
Севгининг муқаддас ибодатгоҳи
Сари йўлим тушди бир куни илкис.
Унда мен ахтарган севги – илоҳа
Оқ, оппоқ ва момиқ қанотин силкиб
Гуриллатар эди қурбонлик ўтин,
Атрофни қоплади муаттар тутун.
Илоҳий нур ёғар эди бир очиқ
Тирқишдан шовуллаб яланг ва яланг.
Бу нур – бу нигоҳдан қутулар қочиб,
Наки мўъжаз чивин ва на зарра чанг.
Ногоҳ нур базмига Кибр оралаб
Устимдан кулди у, масхара этди
Сўнг билмай бормоғин кимни қоралаб,
Муҳаббат ҳиссига қўшилиб кетди.

Инглизчадан Фахриёр таржимаси