Уильям Сароян. Қишлоқи чолнинг амриқолик сайёҳга насиҳати (ҳикоя)

Малик тоғам Фреснодан Нью-Йоркка жўнаётганида уни кузатиш учун қўналғага келган амакиси — Гарри бобо насиҳат қила бошлади:
— Қулоқ сол, Малик,— деди қария,— поездга чиққач, аввало, яхшироқ жой танлаб ўтир, атрофга аланглама.
— Хўп,— деди тоғам.
— Поезд қўзғалгач, йўлакда формали икки киши пайдо бўлади ва чипта сўрайди. Уларга парво қилма. Улар — киссавурлар.
— Қандай танийман?—деб сўради тоғам.
— Танийсан,— деди қария.— Нима, ёш боламидинг.
— Хўп, амаки.
— Йигирма миллар йўл юргач, ёш йигит келиб, сенга сигарет таклиф қилади. Унга, чекмайман, дегин. Сигаретга наша солинган бўлади.
— Хўп, амаки.
Ресторанли вагонга брраётганингда жуда хушрўй ёш жувон олдингдан чиқади ва сени қучоқлайди. У сендан чин дилдан узр сўради. Табиийки, қалбингда у билан гаплашиш истаги жўш уради. Лекин нафсингни тий, ресторанда ёлғиз овқатлан. Аёл бузуқи бўлиши мумкин.
— Ким?— деди тушунмай тоғам.
— Ким бўларди, суюқоёқ!..— дея қичқирди қария.— Бор-да, овқатлан. Энг яхши овқатдан талаб қил. Агар ресторанда одам кўп бўлса, сенинг столингга ёш жувон келиб ўтирса, унинг кўзларига қарама. У гап қўшса ўзингни карликка сол.
— Хўп, амаки.
— Карликка сол! Тангликдан чиқишнинг ягона йўли шу.
— Қандай тангликдан?— деб сўради тоғам.
— Танглик — бу даҳшатли ҳолат,— деди қария.— Бошимдан ўтган. Бошидан ўтганнинг қошидан ўт, деган-ку, машойихлар.
— Хўп,— деди тоғам.
— Баракалло, шундай қил. Хў-ўш,— деди қария,— ресторандан қайтаётганингда сен қиморбозларга дуч келасан — қарта ўйинининг устидан чиқасан. Учта ўрта яшар қиморбоз давра қуриб ўтирган бўлади. Улар сени имлаб, ўйинга таклиф этади. Уларга: «Қартани билмайман», деб айт.
— Хўп.
— Яна бир гап. Кечаси ётганингда ҳамёнингдан пулингни олда, туфлингга сол. Туфлингни ёстиғингнинг тагига қўй. Тун бўйи ёстиқдан бошингни кўтарма, ухлама.
— Майли, амаки,— деди тоғам.
— Хайр бўлмаса,— деди қария,— яхши бор! Қария  кетди.  Малик  тоғам   поездда   Нью-Йоркка жўнади.
Формали икки киши киссавур эмас экан. Наша солинган сигарет чекишни ҳеч ким таклиф қилмади, чиройли жувон унинг столида ўтирмади, қартабозлик ҳам бўлмади.
Тоғам пулини туфлисига солди, туфлисини ёстиғининг тагига яширди, бошини ёстиққа қўйди ва биринчи кеча мижжа қоқмади, лекин иккинчи кеча амакисининг чизган чизиғидан чиқди… У қандайдир ёш йигитга сигарет таклиф қилди. Ресторанда ёш хоним билан бир столда овқатланди. У қартабозлик ташкил этди. Поезд Нью-Йоркка яқинлашганида тоғам, кашанда йигит ва икки ёш хоним амриқоча қўшиқларни биргаликда куй-лашарди…
Саёҳат жуда мароқли ўтди.
Малик тоғам Нью-Йоркдан қайтиб келгач, унинг амакиси — Гарри бобо яна ташриф буюрди.
— Зиёратингиз қабул бўлсин!—деди у хурсанд бўлиб.
— Қалай, жиян, бизнинг насиҳатлар сафарда асқотдими?
— Бўлмасам-чи,— деди тоғам.
— Насиҳатимнинг сенга фойдаси текканидан хурсандман,— деди чол оғзи қулоғида.

Инглиз тилидан Ўроқ Равшанов таржимаси
«Ёшлик» журнали, 1991 йил, 6-сон