Ясунари Кавабата. Кўзгудаги ой акси (ҳикоя)

ОЙНАДАГИ ОЙ

Бир куни Кёконинг миясига иккинчи қаватда тўшакка михланиб ётган эрига қўлойнада томорқани кўрсатиш фикри келиб қолди. Шу билан бемор ҳаёти ўзгариб қоладигандай эди. Лекин ўртада бошқа гаплар бўлиб кетди.
Қанақа ойна эди ўзи у? Бу ойна Кёко эрининг уйига сеп қилиб олиб келган пардоз столи тортмасида турар эди. Пардоз столи ҳам, қўлойнанинг гардиши ҳам тутдан ясалган эди. У янги келин бўлиб тушган чоғлар баъзан ойнани қўлига олиб, орқа сочи қандай турмакланганини кўришлари, кимоносининг енги сирғалиб, билаги тирсагигача очилиб қолганида уятдан қизариб кетганларини бот-бот эслар эди. Худди ўша қўлойна…
Кёко чўмилиб чиқиб, пардоз столи ёнига ўтирганида эри: “ Ўқувинг йўқ экан, кел, яхшиси, ўзим ушлаб турақолай”, деб келинчакнинг қўлидан ойнани олар ва хотини пардоз столи ойнасида орқа сочини яхшироқ кўриши учун қўлойнани турли томондан тутар ва бундан ўзи ҳам завқланар эди. Бечора келинчак эса эрининг орқаваротдан тикилиб турганидан батгар ўнғайсизланарди.
Ўша гапларга кўп бўлгани йўқ, ҳатто тутли гардиш хали тоб еб улгурмади, аммо бу ўртада уруш бошланди, одамлар бошқа жойларга кўчирилди; эри оғир дардга чалиниб қолди. Кёко унга томорқаларини кўрсатмоқчи бўлганида ойна аллақачои хира тортган, гардишини-ку айтмаса ҳам бўлади чангу ёғупа сингиб, чирк босиб кетган зди. Лекин нима қипти? Томорқа ундан бип-бинойи кўриняпти-ку! Шу-шу эри ойнани қўлидан қўймайдиган, бош учига қўйнб ётадиган бўлди. Бекорчиликданми ёки беморларга хос инжиқликданми, ишқилиб, гардишнинг кирини тозалаб, ойнани ярақлатиб қўйди. Кейинчалик эри уни куҳ-куҳлаб, хафсала билан артаётганини кўриб, ёғоч гардишнинг майда тирқишларида сил таёқчалари қолиб кетиши мумкин-ку, деган шубҳа ораларди Кёконинг кўнглига…
Кёко ҳар куни эрининг сочига камелия мойини суртиб тарар, у эса сочини кафти билан силаб-силаб яна гардишни тозалашга уринар, эскирган гардиш ҳам локлангандай ялтиллаб кетар, пардоз столи эса ҳамон хира тортиб турар эди.
Кёко бошқа турмуш қилганида столни ўзи билан сеп қилиб олиб кетди.
Бироқ у қўлойнасини эрининг жасадига қўшиб ёқиб юборди. Бу ҳакда кейинги эрига лом-мим демади. Энди пардоз столида гардишига Камакура ўйма нақши-ю лок билан зеб берилган янги қўлойна турар эди.
Кёко эрининг жасади тобутга қўлбармоқлари кўксида бир-бирига чалиштирилиб ётқизилгани учун — таомилга кўра шундай эди — майитнинг қўлига ойнани ушлатолмай кўксига қўйишга мажбур бўлди.
Сўнг ойнани у ердан олиб қорнига қўяр экан:
— Кўкрагингиз тинмай оғригани оғриган эди, тағин шугина ойнанинг ҳам оғирлига тушиб юрмасин, — деб шивирлади.
Ойна эр-хотиннинг бир бирига меҳрини товлангани учун хам, рахматлининг юрагига яқнн бўлсин, деб кўксига қўйган эди. Яна эримнинг қариидошлари уни кўриб қолмасин, деб устига оппоқ хразентема ташлаб қўйди. Олов ойнани эритнб юборди. У эгилиб, қалин, қийшиқ қувурга менгзаб қолди, тутундан сарғайиб кетди.
—Анави нима, ойнами? — деди қариндошлардан бири ҳайрон бўлнб.
Кёко пардоз ғилофидаги яна бир тандзаки (Танидзаки — танка(бешлик) жанридаги шеър ёзишга мўлжалланган чўзинчоқ қоғоз) шаклидага жажжи дурўя ойнани хам қўшиб, марҳумнинг кўксига қўйган эди. У бир пайтлар бу ойнакни тўй саёхатига олиб кетаман дсб кўнглига тугиб кўйган, лекин уруш орзуларини чиппакка чнқарган эди. Эри тириклигида ўша ойнанинг хеч керага бўлмади.
Янги эри уни саёхатга олнб чиқди. Пардоз ғилофи титиғи чиқиб, ҳатто моғорлаб кетганидан Кёко янгисини сотиб олди. Албатта, буиисининг хам ойнаси бор зди.
Сафариинг биринчи куни эри уни маҳкам қучиб, қулоғнга:
— Худди қиз болага ўхшайсан. Боёқиш! — деб шивирлади.
Унинг гап оҳангида истеҳзо эмас, туйқус бир кувонч бор эди. Эҳтимол, Кёконииг олдин эр кўрмаган қиздек иболи экани унинг кўнглини кўтариб юборгандир. Лекин бу гап Кёкога оғир ботди. У бирдан ҳўнграб йиғлаб юборди-да, қунишиб олди. Эри ўзича буни ибога йўйди.
Кёко кимга раҳми келиб йиғлаётир — ўзигами ёки олдинги эригами — ўзи хам тушунмас эди. Гўё бирини иккинчисидаи ажратиб бўлмасди. У бирдан хозирги эрини ранжитиб кўйганини, унга хушмуомала бўлиши кераклигини фаҳмлаб, эркаланиб сўз қотди:
— Ростдан-а? Ҳали шуни ҳам биламаи денг? — Лекин у ножўя гап айтиб кўйганини сезди-да, шолғомдай қизариб кетди. Бундан эрининг баттар завқи келди.
— Бола-чақанг йўқ эди, шекилли, — деди у ва яна билмасдан хотинининг ярасига туз сепиб қўйди .
Кёко олдинги эриникидан бошқача эркак кучига рўпара бўлди-ю, ичини ит тирнай бошлади: у бола овунадигаи қўғирчоққа ўхшаб қолган эди.
— Ўзиям болага ўхшаган бир нимам бор эди, — дея эътироз билдирди Кёко, кейин бирдан жимиб колдн.
У бедаво дардга чалинган олдинги эрини ўлимидаи сўнг ҳам бола деб ўйлар, гўё уни ҳомиладек ичида катта қилаётган эди.
“Нега эримнинг ўлиб қолишинн билатуриб хам соғлиғини ўйлаб, у билан қовушишдан ўзимни олиб қочиб юрдим?” дегап хаёл ўтди Кёконинг кўнглидан.
— Морини фақат поезд ойнасидан кўрганман, — деди эри Кёкони қучар экан. — Сен туғилиб ўсган, атрофи чакалакзор шаҳар жуда чиройли бўлса қерак-а? Бекорга Мори (Мори — чакалак дегани) деб аталмагандир. У ерда неча ёшинггача яшагансан?
— Коллежни тугатгунча. Ҳарбий мажбуриятни Сандзёдаги харбий заводда ўтадим.
— Бундан чиқди, Сандзё яқинида туғилган экансан-да? Ўзим ҳам ўйладим-а, Этиго вилоятилик шу қиз бунча сулув бўлмаса деб. “Саидзёлик парилар” деб бекорга айтилмас экан-да?..
— Мен чиройли эмасман, — деди Кёко қўлини кўксига босиб.
— Қўлинг ҳам, оёғинг ҳам бежирим. Офатижонсан-да…
— Ундай деманг! — Кёко қўли халақит бераётганини сезиб, кўксидан олди.
— Фарзандинг бўлганида ҳам сенга уйланар эдим, — шивирлади эр аёлнинг қулоғига. — Уни ўз боламдай яхши кўрардим. Ўша бола киз бўлганида қанийди?
Кёко, ўғли борлиги учун шунақа деяпти, яхши кўришини билдириб қўймоқчи-ю, лекин эпини қилолмади, деб ўйлади, Эри Кёкони ўн кунлик тўй саёҳатига олиб чиқди, мақсади эса ўғли билан кўришишини кейинроққа суриш эди.
Эрининг ажабтовургина чарм сафар ғилофи бўлиб, Кёконики унинг олдида бир пулга арзимас эди. Ғилоф оҳори тўкилиброқ қолганига қарамай, катта, пишиққина эди. Эри тез-тез сафар қилиб турса-да, беэътибор бўлмагани учунми, ишқилиб, ғилоф бошқа кўҳна, аммо асл моллардай, жилвасини йўқотмаган эди. Кёконинг эсига бирор марта ишлатилмаган бўлса ҳам моғорлаб кетган олдинги пардоз ғилофи тушди. Ўша ғилофидаги эрига бериб турган жажжи ойнакни, ўлимидан сўнг у билаи бирга нариги дунёга кузатган эди. Қўлойнанинг устига қўйиб тобутга жойлаган жажжи ойнаги… улар оловда эриб, бир-бирига қўшилиб кетди; тобутга иккита ойна қўйилганини, ғалати холда тош қотиб қолган шиша бўлаги олдин ойна бўлганини ҳеч ким фаҳмлагани ҳам йўқ. Кёко буни бировга айтмади.
Назарида, қўш ойнада акс этган сон минг дунёлар баднафс оловда ёниб битган, 6у йўқотиш билан эрининг жасади куйиб, бир ҳовуч кулга айлангани ўртасида ҳеч қандай тафовут қолмаган эди. Кёко томорқани кўрсатиш учун қўлойнасиии берди-ю, эри эса шу-шу ундан ажрамайдиган бўлди. Лекин кўп ўтмай у ойнани қўлида узоқ тутиб тура олмайдиган бўлиб колди, бундай пайтларда Кёко ҳар сафар унинг қўлларини, елкасини уқалар эди. Шунда у эрига яна битта жажжи, енгилгина ойнании берди. Ойнада одамлар кўчани кесиб ўтар, болалар боғда ўйнар эди.
Жимитдек ойнада жамулжам бўлгаи улкан ва ранг-баранг дунёни кўриб, Кёконинг ўзи ҳам ҳайрои қолди. Ойна, бор-йўғи, пардоз-андоз анжоми, қўлойна эса бошқа ойнада энсани кўриш учунгина керак. Аммо бемор у билан одаму оламни қайтадан кашф қилди. Кёко ҳам эрининг бош томонига ўтириб олиб, ойнага қараб-қараб қўяр, у билан кўзгудаги нарсалар ҳақида гаплашар эди. Ҳадемай у ҳам ойнада акс этган дунёни ҳакиқий дунёдан фарқлай олмай қолди. Булар гўё бир-бирига боғлиқ бўлмаган икки алоҳида дунё эди, ойнадан кўринаётган дунё Кёкога аслидан мукаммалроқ туюла бошлади.
— Осмон ойнада кумушдай товланяпти, — дейди эри, кейин деразадан ташқарига қараб, — деразадан эса кулранг кўринар экан, — деб қўшиб кўяди.
Ойнадаги осмон юракни сиқмас, ростакамига товланар эди.
— Балки уни яхшилаб артганингиз учун шундай туюлаётгандир?.
Шунда эри деразадан осмонга қараш учун бошини озгина бурди.
— Тўғри, энди у хира- кулранг. Одамнинг, ит ёки чумчуқнинг кўзи ҳам осмонни бир хил кўрармикан? Осмон ранги асли қанақа экан-а, ким айта олади?
— Осмоннинг ойна кўзи кўраётган ранги-чи? — Кёко “Осмон ошиқ-маъшуқларнинг кўзига қандай кўрииаётган экан”, демоқчи эди. Дарахтларнинг ойнадаги акси яшилроқ, савсан эса аслидан ҳам оқроқ кўринар эди.
— Мана бу — ўнг бошмалдоғинг изи. — Эри ойнанинг четини кўрсатди. Негадир Кёконинг юраги шув этиб кетди. У шоша-пиша ойнани куҳ-куҳлаб, арта бошлади.
— Қўявер. Томорқани биринчи марта кўрсатганингда ҳам ойнада бармоғинг изи қолган эди.
— Пайқамабман ҳам…
— Сен парвойингга келтирганинг ҳам йўқ, лекин мен бошмалдоғинг билан кўрсагкич бармоғинг изини таниб қолдим.
Оғир хасталикка чалиниб, тўшакка михланиб қолган беморгина хотинининг бармоқ изларини эслаб қолса керак.
Улар турмуш қургандан кейин эри соғ юрмади ҳисоб. Ҳатто урушга ҳам бормади.
Уйларига ўт кетгандаи сўнг Кёконинг танишлариникида бир хонани ижарага олиб туришди. Эри у пайтларда ишга қатнаб юрар эди. У Кёко билан турмуш қургач, ўз уйида бир ойча, ижара уйда эса икки ойча соғ юрди, холос.
Уруш тугай деб қолганда уни ҳам армияга олишди. Икки-уч кун бир аэродромда ерковлик қилиб, йиқилиб қолгач, уйга қайтаришди. У келган куни уруш хам тугади. Эри тўшакдан тура олмай колди, Кёко уни ота-онаси кўчирилган қишлоққа олиб кетди, чунки бор-будини эриникига қўшиб, аввалдан ўша ёққа жўнатиб юборган эди.
Тоғда чоғроқ бир уйни ижарага олишиб, эри шу ерда даволана бошлади. Ўша уйда улар билан бирга яна бир кўчирилган оила ҳам турар эди. Уруш тугаши билан бу оила Токиога қайтди. Кёкога боғдан кичик томорқа — учга уч кэнлик (бир кэн 1,81 метрга тенг) шудгорланган ер мерос қолган эди.
Қишлоқда сабзавотни деҳқонлардан сотиб олиш хам мумкин эди, бироқ мерос қолган томорқани ташлаб қўйиш мавриди бўлмагани учун Кёко ҳар куни ер чопар, гуркираб ўсаётган экиндан кўзи қувнар эди. У эрининг каравоти ёнида ўтиришдан безор бўлгани учун эмас, тикиш билан тўқиш юрагини сиқиб юборгани учун ҳам томорқага ёпишиб олди. Бу эрининг эрта бир кун тузалиб кетишига умид уйғотар, азбаройи яхши кўргани учун анча-мунча вақтини унга бағишлар, китоблар ўқиб берар эди. Беморга қараб чарчаганиданми, бирваракайига ҳамма нарсасидан айрилиб қолаётгандай бўлар, хаёлларини чалғитмоқчи бўлиб ишга зўр берар эди.
Сентябрнинг ўрталарида тоққа кўчиб келишди. Бу ерни ёз жазирамасидан жон сақлаётган шаҳарликлар тарк этгач, эрта кузнинг совуқ ёмғирлари ёға бошлади. Аммо бир кун кун ботай деганда қушларнинг чуғур-чуғури атрофни тутди-ю, бирдан ҳаво очилиб кетди. Кёко офтоб нурларига чўмилаётган томорқасига чиқиб, ям-яшил экинларига тикилди. Сўнгра бошини адл кўтариб, олис тоғ чўққилари узра сузиб ўтаётган гулобий булутларни кўриб завқланди, шунга андармон бўлиб, иккинчи қаватда ётган эрининг чақиргани эшитмабди. Бир пайт қулоғига кирди-ю, қўлининг тупроғини ҳам қоқмасдан тепага қараб югурди.
— Томоқ йиртиб бақирсам ҳам эшитмайсан-а?
— Кечирасиз, хаёл билан бўлиб колибман.
— Йиғиштир томорқангни! Сени чақираман деб ўлиб қолишим ҳам ҳеч гап эмас. Гўрга эди нима ишлар қилиб юрганингни билсам.
— Томорқада эдим. Чиқма десангиз, майли, чиқмай қўя қоламан.
Эри хотиржам гортди.
— Читтак сайраганини эшитдингми? — У Кёкони шуни сўраш учун чақирган эди. Уларнинг суҳбатига чакалакдаи келаётган сайроқ хам қўшилди. Шом қоронғиси чакалакни яна-да баҳайбат кўрсатар эди. Шу-шу Кёко читтак қанақа сайрашини эслаб қолди.
— Қўнғироқча сотиб олсак, нима дейсиз? Жингирласа бўлди, чопиб келаверамаи. Ҳозирча бош учингизга бирор нима қўйиб қўяман, керак бўлиб қолсам, деразадан отарсиз.
— Нима, энди идиш-товоқни отайми? Ол-а!
Эри, томорқада ишлама, деб тихирлик қилмади. Кёко қўлойнадан унга томорқасини кўрсатишни ўйлаб топгунича орадан аччиқ ичакдай чўзилиб қахратон қиш ўтиб, ортидан кўклам келди.
Оддий бир ойна бемор эрининг кўнглига бу дилбар ва ям-яшил олам завқини олиб кирганида боёқиш аёлнинг қанчалар қувонганини бир кўрсангиз эди! У энди Кёко экин баргларидан зараркунанда ҳашаротларни териб олиб ташлаётганини ҳам кўрар, табиийки, қанақа ҳашарот эканини фарқлай олмас, хотини эса уларни эрига кўрсатиш учун иккинчи қаватга кўтариб чиқишдан чарчамас эди. У Кёконииг ер чопишини кузатиб ётадиган бўлди…
— Ойнадан чувалчангни кўрдим, — деди у бир куни Кёкога. Кечга яқин офтоб ғарбга оғганда Кёко кўзига нур тушаётганинн сезиб, бошини кўтарар ва эри тепадан ойнани ўзига тўғрилаётганини кўрар эди.
Эри Кёкога талабалик давридан қолган арзонгаров матодан ўзига шим тикиб олишни буюрди. У хотинининг хол-хол гулли кўк шимда томорқани чопиқ килаётганини кўриб, ҳузур қилар эди.
Кёко эри ойнадан қараб ётганинн билар, лекин иш билан овора бўлиб, бу эсидан кўтарилар эди. У, шунчалик ўзгарибман-а, энди келин бўлиб тушган кезларим билагим очилиб қолса ҳам уялиб кетар эдим, деб эслади-ю, юрагида аллақандай илиқлик пайдо бўлди.

* * *

Кёко Япония урушда ютқазаётган чоғлар деярли пардоз қилмай қўйди. Кейинчалик касал эрини ўйлаб, на юзига упа, на лабига бўёқ суртди. Иккинчи марта турмуш қургандан сўнггина ўзига эътибор беришга вақту ҳафсала топди. У лаббўёқ билаи упа юзини ўзгартириб юбораётганини, бир зумда ҳурилиқога айланиб қолаётганини сезар, янги эрининг илк марта ёлғиз қолишганида ўзига мафтун бўлиб, завқ-шавққа тўлиб айтган гапларига чин дилдан ишона бошлаган эди.
Энди Кёко чўмилиб чиққандан сўнг ўзини ойнага солишдан, гўзаллигидан уялмайдиган бўлди. Аммо раҳматли эри ойнадаги гўзалликни бошқача илғашга ўргатган эди уни ва бу унга бир умрлик сабоқ бўлиб қолди. Энди у ойна бутунлай бошқа олам эканига ишонарди.
Лекин у бир ўзига, бир аксига қараб, кулранг осмон билан ойнада кумушдай товланган осмон ўртасидагичалик фарқ йўқлигини сезар эди. Эҳтимол, бу ҳол ўртадаги масофага эмас, тўшакка михланнб қолганидан юраги зада бўлиб кетган эрининг кайфиятига ҳам боғлиқ бўлгандир. Ойнадан томоша килганида томорқада ер чопаётган хотини кўзига қанчалар сулув кўринган экан?! Эри бу туйғуни ўзи билан нариги дунёга олиб кетди. Кёко у тирик пайтида бу ҳақда ўйлаб кўрмаган экан.
Ўзининг бемор эри ойнадан кўрган акси, ундан кўринган қуёнкарамнинг кўм-кўк гули, оппоқ савсан, дала четида ўйнаб юрган болакайлар, олис қорли тоғлар ортидан чиқиб келаётган қуёш… Кёко буларнинг барини хотирасида тиклашдан ҳам кўра бир замонлар ўзи билам эригагина мансуб бўлган ўзга дунёни соғинган эди. У ҳозирги эрини аягани учун ҳам жону жаҳонини куйдириб ташқарига отилиши муқаррар бўлган ҳиссиётга йўл бермаслик илинжида олдинги эрини бу ҳаётга дахли бўлмаган, мавҳум бир нарсадай эслашга тиришар эди.
Кёко май тонгларининг бирида радиодан қушлар сайроғини эшитиб қолди. Эшиттириш эри қазо қилган жойга яқинроқдаги бир тоғдан тайёрланган экан.
У эрини ишга кузатди-да, пардоз столидан қўлойнани олди ва унда акс этган кўм-кўк осмонни томоша қила бошлади. Кейин ўзининг ойнадан боқиб турган юзига тикилди. Шунда хаёлига ғалати бир фикр келди: одам ўз юзини фақат ойнадагина кўриши мумкин. Шундан сўнг у ҳар куни юзини томоша қиладиган, унга қўл теккизиб кўрадиган, ўша аксни юзим деб ўйлайдиган бўлди. Нега Тангри таоло одамни ўз юзини кўра олмайдиган қилиб яратган экан-а?
“Балки одам юзини кўра олганда гангиб, эси оғиб қолармиди?” деб сўрарди у ўзидан ўзи.
Йўқ, табиат одамзодни азалдан юзини кўра олмайдиган қилиб яратган. Ниначи билан бешиктерватар кўрар эҳтимол.
Ё юз одамга бошқалар кўриши учун керакмикан? Яхши кўриб қолиш учун бир баҳона каби…
У қўлойнани четга қўйди-да, дафъатан тутдан ясалган пардоз столининг безаги қўлойнасининг Камакура ўйма нақшига мос тушмаслигини пайқаб қолди. Олдинги қўлойнаси эрининг жасади билан бирга куйиб кулга айлангандан сўнг пардоз столи бева бўлиб қолгандай эди. Кёко эрига қўлойнаси билаи бирга яна битта жажжи ойнак бергани нафақат хайрли кечди, балки мусибат ҳам келтирди. Чунки эри ҳар куни уларда ўз аксини кўрар, касаллик тобора зўрайиб бораётганию яқинлашиб келаётган ўлим шарпасини пайқар эди. Мабодо ойна ёрдамида руҳий қотиллик содир этиш мумкин бўлса, буни Кёко килмадими? У ойна бало-қазонинг уяси эканини анча олдин сезгани учун олиб қўймоқчи бўлганида эри кўнмаган эди.
— Энди кўриш қувончини ҳам тортиб олмоқчимисан мендан? — деган эди у ўшанда. — Кўзим очиқлигида кўрганларимдан ҳузур қилиб яшамокчиман!
Эри ойнадаги ҳаётни деб ўзини қурбон қилди. У ёмғирдан ҳосил бўлган кўлмакдаги ойнинг ойнага тушган аксига қараб завқланар эди. Ҳалиям ўша ой акси — фақат аксмикан? — унинг хаёлидан кетмайди.
— Бировни яхши кўриш учун ҳам одам соғлом бўлиши керак, — дейди янги эри. Гарчи Кёко хижолатомуз бош ирғаса-да, юрагининг аллақаеридадир бу гапга қўшилгиси келмайди. Аввалига у, нега касал эрим билан бирга ётишдан қочиб юрдим, деб ўзидаи ўпка-гина қилди, аммо вақт ўтиши билан бу хаёллари кайғули мухаббат ҳақидаги хотирага айланди, кейинроқ эса шу хотира ҳам юрагини соғинч билан лиммо-лим тўлдириб турганини англагач, койинмайдиган бўлди.
Бу эри-чи? Аёл кўнглини жуда жўн тушунмаяптими?
— Нега шундай яхши одам бўлатуриб, хотинингиз билан ажрашиб кетгансиз? — деб сўради Кёко бир куни ундан. У лом-мим демади. Кёко марҳум эрининг укаси ҳоли жонига кўймагач, бу одамга тегишга рози бўлган эди. Турмуш қуришларидан олдин тўрт ойча учрашиб юришди. Янги эри ундан ўн беш ёш катта эди.
Кёко ҳомиладор эканини сезиб қолиб, қўрқиб кетди. “Қўрқяпман, қўрқиб кетяпман”, дер эди у эрининг пинжига тиқилиб. Тинмай кўнгли айнийверганидан эси оғиб қолар даражага етди. У ҳовлига ялангоёқ югуриб чиқиб, қарағай игнабаргини чайнар, ўгай ўғлини мактабга жўнатаётиб, адашиб унинг сумкасига иккаласига ҳам гуруч солинган нонушта қутиларини тиқар, баъзан пардоз столи тортмасига худди у шаффофланиб қолгандай тикилар ва гўё унда турган ўйма нақшли Камакура қўлойнасини кўрар эди. Кёко кечалари уйғониб кетиб, кўрпачага ўтириб олар, ухлаб ётган эридан кўз узолмай узоқ тикилиб ўтираверар эди. Инсон умрининг фонийлигини ўйлаб ваҳимага тушар, худди эрини бўғиб ўлдирмоқчидай, тунги кимоноси белбоғини еча бошлар эди. Айни ёз чилласи бўлгани учун хаво кечалари ҳам иссиқ ва дим бўлишига қарамай, авзои баданини ваража тутиб, совуқ тер босар эди.
— Кёко, ҳадемай она бўласан, — сўз қотарди эри уни ўзига келтириш учун елкаларидан тутиб силкитганча.
Врач уни касалхонага ётқизишни маслаҳат берди. Кёко йўқ деб оёқ тираб туриб олса-да, пировардида рози бўлишдан ўзга чораси қолмади.
— Бўпти, касалхонага ётаман. Фақат бир-икки кунга ота-онамнинг олдига борнб келишимга рухсат берсангиз, — деб илтимос қилди у.
Эри уни ота-онасиникига олиб бориб кўйди.
Эртаси куни у олдинги эри билан яшаган тоғдаги уйга бориш учун йўлга чиқди. Сентябрнииг боши эди — ўшанда 6у ерга улар ўн кунча кеч келишган эди. Поездда яна кўнгли айниб қуса бошлади, боши айланди. У манзилига ета олмай қолишдан қўрқар эди. Йўқ, амал-тақал қилиб, манзилга етиб олди, станцияда поезддан тушиб, тоза ҳаводан тўйиб нафас олгач, анча енгил тортди. Худди шайтон васвасаси аригандай ўзига келди, тўхтаб, атрофдаги тоғларга ғалати разм солди. Осмон билан бўйлашиб турган кўм-кўк тоғ тизмалари аниқ-тиниқ кўринар эди. Атрофидаги ҳаёт уни яна оғушига ола бошлади. Кўзларидан қуйилаётган қайноқ ёшни арта-арта олдинги уйи томон юрди. Худди ўша кезлардагидай шафақ олдида қорайиб кўринаётган чакалакдан қушлар чуғури таралмоқда эди.
Ўша уйда энди бошка биров яшар, иккиичи қаватнинг деразасига оқ тўрпарда тутилган эди. Кёко уйнинг яқинига боришга юраги бетламай, бирпас жим тикилиб турди-да, қўкқисдан ўзи ҳам ҳайратланганча шивирлади:
— Бола сизга ўхшаб қолса, нима қиламиз?
Кўнгли жойига тушиб, станцияга қайтиб кетди.

Фахриёр таржимаси
«Тафаккур» журнали, 2010 йил, 1-сон.

* * *

КЎЗГУДАГИ ОЙ АКСИ

Кунлардан бир кун Кёконинг хаёлига кафтдеккина полизни кўзгу орқали касалманд эрига кўрсатиш фикри келди. Эри анчадан буён иккинчи қаватдаги пешайвонда кўрпа-ёстиқ қилиб ётар, афтидан, унинг қалбида ҳаётга нисбатан янги ҳавас туйғусини фақат шу мўъжазгина кўзгу қайтадан уйғотиши мумкиндай туюлар эди.
Дарвоқе, Кёко бу кўзгуни тут ёғочидан ясалган бежиримгина пардоз жавони билан бирга тўйдан сўнг эрининг хонадонига олиб келган. Унинг дастаси ҳам, гардиши ҳам тут ёғочидан ишланган. Келинлик даврида оройиш бергани ва энсасига турмакланган сочини кузатиш учун кўзгуни баланд кўтариб қараган чоғлар кимоносининг кенг, ҳилпираган енги сирғалиб, қўли тирсагига қадар очилиб қолганида, хўп уялганлари ҳамон ёдида.
Айниқса, ювиниб чиққач, эри: “Ўҳ, бирам ношуд аёлсанки, берақол, мен ушлаб тураман”, дея қўярда-қўймай кўзгуни қўлига олиб, Кёконинг бўйин ва энсасига дам ўнг, дам чап томонидан тўғрилаб турарди. Баъзан бу машғулот эрига ҳузур бағишлаётгандек туюларди. Ким билсин, балки ҳар сафар кўзгуга қараб, у ўзи учун бирон янги нарса кашф қилар? Сирасини айтганда, Кёко ҳечам ношуд аёл эмасди, эри орқасидан разм солиб турган чоғида, нима қиларини билмай, эсанкираб қоларди, холос.
Ўшандан буён кўп вақт ҳам ўтмади. Чунки бу орада ҳатто жавон тортмасида ётган кўзгу дастасининг ранги ҳам ўзгармаганди. Лекин бу орада талайгина воқелар юз берди: уруш, сафарбарлик, эрининг касалга чалиниши… Эрига полизни кўрсатишга қарор қилган куни Кёко қараса, кўзгу анча хира тортибди, чанг қоплаган тутқичи уринибди. Бироқ ундан бемалол фойдаланиш мумкин эди, шунинг учун Кёко бу майда икир-чикирларга аҳамият бермади. Энди бемор кўзгуни доимо бош томонида сақларди, бекорчи ҳамда бетоб одамларга хос саботу бардошнинг кучлилиги боис кўзгуни тинимсиз артавериб, оқибат ойнасини ҳам, гардишини ҳам ярқиратиб қўйди. Кёко, кўпинча, зиғирча заруратсиз эрининг топ-тоза кўзгуни куҳ-куҳлаб дамба-дам артаётганининг гувоҳи бўларди. Шунданми, бир эмас, бир неча марта гардишнинг кўз илғамас, митти ёриқларига, эҳтимол, сил инслари ўрнашиб қолаётгандир, деган хаёлга борган. Гоҳо у бемор сочларига камелия гулининг хушбўй мойидан озгина суртиб қўяр, сўнг нозик бармоқларида қолган мой юқини гардишга суртиб ишқар эди. Шу туфайли, пардоз жавони анчайин хира тортиб, исқирти чиқиб кетгани ҳолда, кўзгу гардиши ҳаммавақт жило берилгандек йилтирар эди.
Эри шу ётганча қайтиб турмади, қишга бориб узилди. Кёко иккинчи марта эрга тегиб, жавонни ўзи билан бирга олиб кетди. Тобутга қўйилган кўзгу эса жасад билан қўшилиб ёнди. У гардиши камакура усулида ўйиб ишланган янги ойна сотиб олди. Кейинги эри бу ҳодисалар ҳақида ҳеч нима билмасди.
Кўз очиб кўрган эри қазо қилгач, дарҳол унинг қўлларини чалиштириб тобутга ётқизганларида, бояқиш Кёко кўзгуни қаерга қўйишини билолмай гарангсиб қолди. У кўзгуни эрининг қўлларига тутқазиб қўйиш ниятида эди. Кёко негадир бир оз каловланди, кўзгуни эрининг юрагига яқинроқ жойламоқчи бўлди, аммо ўша заҳоти бу ғалати фикридан қайтди ва: “Сенинг хаста кўксингга бу оғирлик қилади”, дея шивирлади-да, кўзгуни майитнинг қорни устига суриб қўйди. “Эрим тириклигида шу кўзгуни жуда қадрлардик”, деб ўйлаган Кёко ҳозир, шунинг учун аввал беихтиёр юрагига яқин ерга қўйгандирман, дея кўнглидан кечирди. Кёко эрининг қариндош-уруғлари тобутдаги кўзгуни пайқаб қолишини сираям истамасди. Шунинг учунми, уни оқ хризантеманинг гуляпроқларига кўмиб юборди. Жасадни ёқиш маросими тугагач, суякларни йиғиштираётганларида, кимдир кул орасида чамбараги эриб, юзини қора қурум босган қийшиқ кўзгуни топиб олди-ю, ҳаяжондан ўзини босолмай:
– Бу шиша қай гўрдан келиб қопти?! – дея қичқирди.
Зотан Кёко тобутга бир эмас, иккита кўзгу солиб қўйганди. Кўзгуларнинг иккинчисини қимматбаҳо сафар андозлари дастасидан ажратиб олганди. Бу тухумсимон шаклдаги кафтдек кўзгуга иккала томондан қараш мумкин эди. Дарвоқе, агар уруш халал бермаганида, у анжомларни ўзи билан бирга тўй сафарига ола кетмоқни орзу қилганди: бахтга қарши унинг орзуси армонга айланиб қолди. Биринчи эри билан кечирган қисқа ҳаётида Кёко, лоақал бир маротаба бўлсин, булардан фойдаланмабди.
Кейинги эри билан эса Кёко никоҳ сафарига ҳам чиқди. Қараса, эски пардоз буюмларининг ғилофини моғор босибди, у ҳеч иккиланмай янгисини сотиб олди. Буларнинг орасида кўзгу ҳам бор эди.
Йўлга чиқишгач, биринчи куниёқ эри Кёконинг билагидан ушлади-да, кўзларига тикилиб туриб:
– Жонгинам, сен ҳали гўдак экансан-ку, – деди.
Унинг сўзлари замирида мазах ёки масхара эмас, аксинча, кутилмаган, чуқур ҳис қилинган севинч оҳанглари мавжуд эди. Эрга ёш қизалоқлардек кўриниш яхшими, ёмонми – Кёко билолмади, бироқ айтилган шу икки оғиз сўз кўксига наштардек санчилди. Унинг кўзларидан шашқатор ёш оқди ва қаттол бир ҳасратдан бағри хун бўлди. Балки, унинг бу қилиғини эри кўриб, чинданам ёш бола экан-ку, дея кўнглидан кечиргандир?!
Кёко ўз қадрига йиғлаяптими ёки дунёдан бевақт кўз юмган эрига аза тутибми – дафъатан англаёлмади. Чунки, бу аёл ўзини усиз ҳеч тасаввур қилолмасди. Бироқ бу кейинги эрининг кўнглига келиши мумкинлигини фаҳмлаб, Кёко бирор жўяли жавоб қайтаришни лозим топди.
– Нималар деяпсиз ўзи, ахир қандай қилиб ёш қизларга ўхшашим мумкин?
У шундай дейишга деди-ю, ўзининг ношудлигидан уялиб кетди. Эри буни сезмади, у кўринишидан анча мамнун эди.
– Ҳа-да, сен ҳали фарзанд ҳам кўрмагансан-ку?!
Унинг ўйламай айтган гаплари баробарида яна бояги алам ханжари юрагига санчилиб, Кёконинг кўксида кучли оғриқ турди. Аввалги эрига мутлақо ўхшамаган соғлом, бақувват эркак ёнида ўзини айни чоқда жуда-жуда ночор, муте ва ҳатто бир қадар хўрланган ҳис қилди. У дафъатан эътироз билдирмоқчи бўлиб лаб жуфтлади. Аммо оғзидан бутунлай бошқа, ўзи кутмаган гап чиқди:
– Шундай бўлса ҳам, мен барибир ўзимни ҳамма вақт бола боққан аёлдек… ҳис қилганман.
Узоқ вақт кўрпа-тўшак қилиб ётган эри ўлимидан кейин Кёкога боладек туюлаётган эди.
Бироқ Кёко бир нарсанинг тагига етолмасди: ўлим ҳақ эканини била туриб, ўз ҳиссиётини кишанлайверишдан нима маъно бор?
– Биласанми, мен Марини фақат поездда кўрганман, холос. Менимча, жуда гўзал шаҳарча бўлса керак, – дея эри Кёконинг она шаҳри ҳақида гап бошлаб қолди ва уни яна оҳиста қучоқлади. – Атрофи гир айлана ўрмон экан. Сен у ерда кўп яшабмидинг?
– Мактабни тугатгунимча яшаганман, кейин Сандзёдаги аслаҳа заводига ишга киргандим.
– Сандзё дейсанми? Биламан, бир пайтлар Сандзё қизлари жуда сулув бўлади, деб айтишарди. Демак, Кёко, бу гап сенга ҳам тааллуқли-да.
– Йўғ-э, нималар деяпсиз? – Кёко беихтиёр ёқасини ушлади.
– Чиройли қўлларинг билан келишган оёқларингга қараб, баданинг ҳам гўзал бўлса керак, деб ўйлагандим.
– Йўқ, йўқ, – Кёко қизаринди, кўйлаги ёқасини тутамлаб турган қўллари ўзига халақит бераётгандек туюлди.
– Биласанми, агар аввалги эрингдан боланг бўлганида ҳам, барибир сенга уйланардим. Болангга оталик қилардим, уни ўз зурриётимдек кўрардим. Агар у қиз бўлса, нур устига нур эди, – дея Кёконинг қулоғига шивирлар эди. Афтидан, у ўзининг ўғли борлиги учун шундай деяётганга ўхшарди. Аммо ўз туйғуларини бу тахлит ифода қилиши Кёкони таажжублантирди. Балким яна ўн кун давомида уйда ёлғиз қоладиган ўғли ҳақида қайғураётгани учун шундай деяётгандир, яна ким билсин?!
Эрининг сафар анжомлари ажойиб, қимматбаҳо теридан ишланган ғилофда сақланарди. Саёҳатга кўп чиққаниданми ёки тез-тез тозалаб-артилаверганиданми, хуллас, ғилоф ялтираб кетганди. Буни пайқаган заҳоти Кёконинг хаёлига ўзлари бирор марта фойдаланмаганликлари туфайли моғор босган пардоз буюмлари келди. Дарвоқе, фақатгина кўзгу марҳум эрига асқотувди, у ўшаниям нариги дунёга ўзи билан бирга олиб кетди. Ўша оловда эриёзган ойна парчалари бир жуфт кўзгу экани Кёкодан бошқа ҳеч кимсанинг хаёлига келмади. Рост, Кёко бу ҳақда чурқ этмади ва бу ғалати куйинди кўзгу эканлигини бирор кимса билмади, ёпиқлик қозон ёпиқлигича қолаверди.
Кёконинг кўнглида эса гўё бу кўзгу билан бирга уларда акс этган мафтункор ҳаёт манзаралари – ўзга бир олам ҳам изсиз йўқолиб кетгандек ғалати бир ҳиссиёт уйғонди. Буюмдан айрилиш унинг учун бевақт вафот этган эридан жудо бўлиш сингари оғир эди. Эрига полизни кўрсатишга аҳд қилгач, унга пардоз жавонидаги кўзгуни келтириб берганди. Гарчи у кўзгуни кўпинча ёнида сақлаган бўлса-да, бошқа пайтлари – Кёко полизда ишлаётганда, уни кўзгуда кўраман, дея кўтаравериб қўли толиқиб қоларди. Шунинг учун ўқтин-ўқтин унинг елкаси билан қўлини уқалаб қўйишга тўғри келарди. Охири Кёко эрига жажжигина, енгил бир кўзгу сотиб олди. Умрининг сўнгги дамларига қадар эри кўзгуда нимаики акс этса, ўша бир парча дунёга боғланиб, қаноат қилиб, ўшандан баҳраманд бўлди. Кўзгудаги бир парча олам Кёконинг полизидангина иборат эмасди, унда осмон, қор, ёмғир, олисдаги тоғлар, яқингинадаги ўрмон ҳамда ой, далаларда қулф уриб очилган гуллар, кўкда қанот қоққан қушлар ҳам бор эди. Кўзгудаги йўлдан одамлар қатнарди. Мўъжазгина боғда эса болалар ўйнарди. Баъзан Кёконинг ўзи ҳам кўзгуда акс этган оламнинг бепоёнлиги ва беҳад гўзаллигига қойил қоларди. Ҳолбуки, кўзгулар жудаям оддий буюмлар эди: бири упа-элик сургандагина асқотадиган матоҳ, икинчиси эса – фақат юзи ва сочларига оройиш бериш учун ярайдиган нарса эди. Бироқ, ажабо, улар беморга навқирон олам, бекаму кўст ҳаёт сингари таъсир этарди. Кўпинча Кёко эри билан бирга кўзгуда акс этган дунё ҳақида узоқ-узоқ суҳбат қуриб ўтирарди. Бора-бора ҳақиқий, ўзи кўриб, ҳис қилиб юрган ҳаёт билан кўзгудаги ҳаёт орасидаги тафовутни ажратолмайдиган ҳолатга тушди. Энди унинг учун бир-бирига мутлақо ўхшамаган иккита олам мавжуд эди. Зотан у, кўзгудаги ҳаётни кашф этгач, эҳтимол ҳақиқий ҳаёт шудир, деган тўхтамга келди.
– Қара, кўзгуда осмон кумушдек жилоланаяпти. Бу балким, сен… кўзгуни тозалаб артганинггадир-а?
Бемор қандай ётган бўлса ўшандай ётаверди, қимир этмади. Бошини хиёл буриб, осмоннинг бир парчасини кўролди, холос.
– Биласанми, осмоннинг ранги одамнинг ва айтайлик, кучукнинг ёки чумчуқнинг кўзига турлича кўринади. Қизиқ, унинг ҳақиқий рангини кўриш кимга насиб этаркан-а?
– Кўзгуда эса… бутунлай ўзга… Бу… – Кёко “муҳаббатимиз кашф этаётган осмон” демоқчи эди-ю, дафъатан айтолмади. Кўзгудаги дарахт япроқлари ҳақиқийсидан кўра яшилроқ, нилуфарларнинг ранги боғда очилганларига қараганда янаям покизароқ ва тиниқроқ кўринарди.
– Буни қара, Кёко, бармоғингнинг изи тушиб қолибди, – эри унга кўзгунинг бир четини кўрсатди. Кёко, вой, эсизгина, деб кўзгуни қўлига олди-да, бармоқ изларини яхшилаб артди.
– Қўявер, керакмас, эсингдами, биринчи марта полизни кўрсатган пайтингда ҳам бармоқларингнинг изи қолувди.
– Мен бунга эътибор қилмабман.
– Сен чинданам пайқамовдинг, лекин биласанми, мен мана шу ой туфайли сенинг бармоқларингдаги ҳар бир чизиқни эслаб қолганман. Менимча, бундай машғулот – аёлининг бармоқ изларини синчиклаб ўрганиш билан фақат узоқ вақт кўрпа-ёстиқ қилиб ётган одамларгина шуғулланса керак.
Дарҳақиқат, улар турмуш қурганларидан бери эри ёстиқдан бош кўтармаган эди. У фронтга ҳам бормади. Уруш тамом бўлишига озгина қолганида уни ишчилар батальонига олиб кетишди. Ўшанда у атиги бир неча муддат аэродромда хандақ қазиб, касали хуруж қилгач, уйга қайтиб келганди.
Эрининг касали зўрайиб, ўша маҳалда тоғ ёнбағридаги қишлоққа кўчиб боришди. Илгари бу ерда – улар кўчиб келган уйда – эвакуация қилинган бир оила яшаб, уруш тугагач, Токиога қайтиб кетган эди. Улардан ўт-ўлан босиб ётган қаровсиз бир парча ер – мана шу полиз қолганди, холос.
Гарчи бу қишлоқда истаганча мева-чева сотиб олиш мумкин бўлса-да, Кёко қаровсиз полизга экин экди. Дарвоқе, экиб тикишни, ўз қўли билан ҳосилни йиғиб олишни Кёко жуда яхши кўрар, бир чеккаси полизда эрига кўз-қулоқ бўлиб ўз иши билан шуғулланавериши мумкин эди, булар бир-бирига сира халал етказмас, аксинча, у ёлғиз қолгач бирмунча вақт умидбахш ва гўзал орзуларга берилиб, эркин нафас олиши учун имконият туғилар эди. Бир ҳисобда боғда ишлаш жараёнидагина у эрига меҳру муҳаббати ҳақида узоқ хаёл сура олар, бинобарин уззукун хаста эр ташвишларидан ортмаган Кёко фақат мана шу боғда ўзлигига қайтар: илгариги гўзаллик ва ҳаётга ташна қалбини мана шу ерда топгандек туюлар ҳамда унутилаёзган туйғуларини ҳис қилиш орқали жисму жони турмуш ташвишларидан фориғ бўлиб, ором олар эди.
Улар бу уйчага сунбуланинг ўрталарида кўчиб киришди. Кўп ўтмай, шаҳарликлар ўз уйларига қайтиб кетишгач, дилгир, салқин ва серёмғир куз кунлари бошланди. Худди ана шундай бир айёмда, оқшом чоғида жажжигина қушчанинг тиниқ овози янгради, булутлар тарқаб, осмоннинг сержилва жамоли юз очди, қуёшнинг порлоқ нурлари боғни ёритди, ям-яшил майсалар ял-ял ёнди. Кёко чўққиларни қоплаб ётган укпар қор уюмларидан аксланиб қайтаётган майин, пуштиранг ёғдуга маҳлиё туриб қолди. Шу чоқ тепадан эрининг дардчил овози келди-ю, ҳовлиққанидан лой теккан қўлларини ҳам ювмай унинг ёнига югурди. Бемор оғир-оғир нафас оларди.
– Чақирганимни эшитмадингми?
– Кечиринг, эшитмай қолибман.
– Полизда шунча ишлаганинг етар энди, қараб тур. Яна беш кун шундай бақирсам борми, адои тамом бўламан. Кёко, шуям ишми, қаердалигингниям, нима қилаётганингниям кўролмаяпман.
– Мен ҳозир доим боғдаман. Полиздаги ишлар тугаб қолган.
Эрининг кўнгли жойига тушди.
– Читтакнинг қандай сайраганини эшитдингми? – деб сўради.
Афтидан эри Кёкони шуни сўраш учунгина чақирганди. У ҳали гапни тугатмаёқ ҳув пастликдан, қирмизи шафақ яллиғида қорайиб бораётган дарахтзор томондан яна читтак овози келди. Қушчанинг кумуш жарангидек сайроғи негадир Кёконинг хотирига михланиб қолди.
– Келинг, яхшиси, бирорта жиринглайдиган буюм сотиб оламиз. Қўнғироқчами ёки бошқа бирор нарсами… яхшиси бош томонингизга бирор нарса қўйиб қўяй, керак бўлиб қолсам, шуни пастга ташлайсиз.
– Жуда қизиқ гапларни гапирасан-да. Бўпти пиёлани отаман…
Хуллас, Кёко полизда ишлайверди. Полизни кўзгу орқали кўрсатиш фикри унинг хаёлига қаҳратон қиш ўтиб, энди-энди баҳорий майсалар ниш ура бошлаган чоқда келган эди.
Тиниқ, навқирон баргчаларнинг секин-аста жонланаётганини кўзгуда кўрган бемор юрагида ҳаётга нисбатан янги шавқ уйғониб борарди. Баъзан Кёко полизда юриб баргларга ширадек ёпишган ҳашаротларни териб олар ва митти қурт-қумурсқалар кўзгуда кўринмаса керак, деган андишада уларни ушлаб, эрининг олдига олиб чиқарди. Бир сафар, у ер ағдараётган пайтда, эри: “Биласанми, ёмғир чувалчанглари ойнада ҳам кўринаркан”, деди.
Гоҳо-гоҳо шомга яқин, полизда ишлаб юрганида, туйқусдан Кёконинг дили ёришиб, иккинчи қаватга тикилиб қолар, эри эса унинг мана шу ҳолатини кўзгуда илиб олиб, ойнага тушириб, узоқ томоша қиларди.
Кёко эри унинг ҳар битта ҳаракатини кузатаётганини билар ва бу ҳақда баъзан ўйлаб, баъзан ўйламай ишлайверарди. Келинлигининг дастлабки кунлари ўзига оройиш бераман деб, қўли тирсагига қадар очилиб кетиб, уялганидан сўнг қанча сувлар оқиб ўтгани ва бу орада жуда кўп нарсалар ўзгарганлиги ҳақида ўйлашнинг ўзиёқ Кёко қалбига битмас-туганмас шодлик бахш этарди. Гарчи Кёко ўзининг юриш-туришига эътибор берувчилар тоифасидан бўлса ҳам, уруш йиллари пардоз-андоз қилишга қўли тегмаганди. Уруш тугади ҳамки эри дардга чалиниб қолди, кейин эса мотамсаролик… Фақат қайта турмушга чиққандан сўнггина у ўзига оро бера бошлади. Кёко келишган, барно аёл эканини яхши биларди. Шунинг учунми, никоҳ кечаси иккинчи эри: “Қоматинг гўзал экан”, деганида, у ич-ичидан мамнун бўлган эди.
Эндиликда Кёко чўмилиб чиққач, ойнадаги яланғоч баданига қарашдан истиҳола қилмасди. У чинданам гўзал аёл эди. Хонадаги тошойнадан ўзига сулув аёл паришон нигоҳ ташлаб турарди. Устига-устак, биринчи эридан кўзгу туфайли гўзалликка нисбатан алоҳида муносабатда бўлиш одати юққан эди. Аммо уни ўша, кўзгудаги гўзалликка ишонмайди, деб бўлмасди. Билъакс, ўз бадани билан кўзгудаги акси орасида хира осмон билан кумуш осмон орасичалик чуқур тафовут борлиги сезилмас эди. Ким билсин, бунинг сабаби орадаги масофанинг фарқига боғлиқдир?! Балки бемор эрининг ҳаяжони ва соғинчи кўзгуга муҳрланиб қолгандир?! Во ажабо: пешайвондан қараб ётганида, унга полизда ишлаётган Кёко қанчалар гўзал кўринганикин?! Кёко бу хусусда ҳозир ҳам, илгари ҳам бирон бир тасаввурга эга эмасди.
Эри то сўнгги нафасигача қўлидан қўймаган кўзгуда Кёконинг қиёфаси мангу аксланиб қолган эди. Унда хатарубус дарахтининг мовий гулларию оппоқ нилуфарлар жилваланар, далада қишлоқ болалари қувнаб ўйнашар, аста кўтарилиб келаётган қуёшнинг олтин нурларида тоғ чўққиларидаги қорлар ярқирар, у мана шу олам – эри билан ўзи кашф қилган ажойиб, гўзал ҳаётни эслаб хўрсинар, уни муттасил қўмсар эди. Бироқ ўзининг бу туйғуларини ошкор этмас, янги эридан пинҳон тутар, назарида кўзгудаги бу дунё илоҳий бир хилқат сингари дахлсиз ҳамда оддий одамлардан йироқ бўлиши керакдек туюларди.
Кунларнинг бирида субҳидам чоғи ёввойи қушларнинг товуши эшитилди. Май ойи эди. Радио орқали бир вақтлар эри билан яшаган водийни ўраб турган тоғлар ҳақида ҳикоя қилинаётганди. Ўша куни эрини ишга кузатгач, Кёко кўзгуни олди-да, беғубор, мусаффо осмоннинг бир парчасини томоша қилди. Сўнгра ўзининг кўзгудаги аксига тикилди ва бирдан ажойиб кашфиёт қилди: унинг ҳақиқий чеҳрасини кўзгу орқалигина кўриш мумкин экан. Кёко, худо нима мақсадда инсонни ўз чеҳрасини кўра олмайдиган тарзда яратган экан, дея узоқ ўйга толди: “Ким билсин, бизлар ўзимизни кўра олганимизда ақл заковатимиз ҳам бошқача бўлармиди?! Шунда бизлар ҳам ҳеч нарсани ҳал қилолмасдик. Эҳтимол, одамларнинг қиёфалари ўзгаравериб-ўзгаравериб, охири шунчаликка бориб етгандирки, улар ўз афт-ангорларини ойнада танимай қолгандирлар. Қизиқ, – дея ўйлади Кёко, – чигиртка ёки хонқизи ўз қиёфасини кўра олармикин? Эҳтимол ҳар биримизнинг бошқа нарсалардан кўра кўпроқ ўзимизга тегишли ва мутлақо ўзимизга қарашли қиёфамиз фақат атрофимиздаги одамларга ўзимизни намойиш этиш учунгина керакдир?!”
Кёко кўзгуни пардоз жавонига қўя туриб, камакура услубидаги нақшнинг тут ёғочига ҳечам ярашмаслигини сезди. Илгариги кўзгу кўз очиб кўрган эри билан нариги дунёга равона бўлгач, жавон ҳам ўзи сингари ёлғизланиб қолгандек туюлди.
Минг қилсин, барибир эрига кўзгуни бериб, Кёко катта хатога йўл қўйганди. Бояқиш эри аҳволи кун сайин оғирлашиб бораётганини кўриб-билиб, титраб-қақшар эди. Унинг учун бу ҳол ўз жонига қасд қилиш билан баробар эди. Кёко эрининг руҳий қотилига айланиб қолганди. Бир куни худди шу айбини тушуниб қолган Кёко беморнинг қўлидан ойнани тортиб олмоқчи ҳам бўлган эди, эри бунга йўл қўймади.
– Сен ахир мени нимадан жудо қилаётганингни биласанми?! – дея эътироз билдирди у. – Йўқ, мен токи тирик эканман, ниманики кўра олсам, ўшани севиб яшамоқни истайман. – У ҳатто кўзгудаги оламнинг сақланиб қолиши учун ўз ҳаётини қурбон этишга ҳам тайёр эди. Баъзан улар, жала қуйиб ўтгач, кўзгу орқали жимир-жимир кўлмак сатҳида қалқиб турган ой аксини бирга томоша қилишарди. Кёко ҳозир ҳам ўшанда ўзлари “андаракс” деб номлаганлари – кумушранг ойни аниқ тасаввур этди.
Кёко кейинги эри, соғлом муҳаббат фақат соғлом кишиларга хос, деган чоғида, уялибгина бош қимирлатиб, гўё тасдиқлагандай бўлди, аммо қалбининг туб-тубида унинг бу фикрига асло қўшилмади. Аввалги эри вафот этгач, у негадир иккови ҳам бир-бирларидан ўз туйғуларини яширганликлари ҳақида жуда кўп ўйлаб кўрганди, кейинчалик бу хаёл муҳаббат ҳақидаги аччиқ хотирага айланди. Аммо шунда ҳам у афсус чекмас, балки бу муҳаббат ҳамон ўз юрагини тўлдириб турганини ҳис қилар эди. Бироқ иккинчи эрини ҳам аёл кишининг муҳаббатига бефарқ одам деб айблаб бўлмасди. Бир куни Кёко ундан: “Нега сиз шундай меҳрибон, олижаноб инсон бўла туриб ўз хотинингиздан ажрагансиз?”, деб сўраганида, эри жавоб бермаганди. Кёко қайнағасининг талабига биноан бу кишига теккан, улар тўйгача уч ой учрашиб туришган, бу киши ундан ўн беш ёш катта эди.
Кёко ҳомиладор бўлиб қолганини билгач, бирдан қўрқиб кетди. У эрининг пинжига суқилиб, нуқул: “Қўрқаман, қўрқаман”, дерди.
Шифокорлар уни касалхонага ётсин, дейишди. Кёко аввалига сира кўнмади. Бироқ, бошқа иложи йўқ эканлигини тушунтиришгач, ортиқ қайсарлик қилмади.
– Майли, мен розиман, – деди у эрига, – аммо касалхонага ётишдан аввал ота-онамнинг ёнида бир-икки кун бўлсам, девдим.
Эри уни ота-онасиникига элтиб қўйди. Эртасигаёқ Кёко уйларидан бесўроқ қочиб чиқиб, қачонлардир аввалги эри билан бирга яшаган маконга жўнади. Сунбуланинг бошлари эди. Ҳув ўша кузда эса улар бугунгидан ўн кун кечикиб келишганди. Поездда Кёконинг кўнгли айниди. Боши айланиб, кучли ҳаяжон босиб, ўзини вагондан ташлаб юборишига оз қолди. Аммо ўша бекатга етиб келгач, мусаффо, қандайдир таниш, муздек тоғ ҳавоси юзига урилди-ю, енгил тортди. Гўё вужудини банд этаётган ёвуз руҳдан бирдан халос бўлгандек ўзига келди. Кёко тўхтади ва водийни қуршаб олган тоғларга тикилди. Яшил тоғларнинг тўқ кўк аралаш қирралари осмон бағрида ярқирар эди. Кёко ўз атрофида ҳаёт чечаклари барқ уриб ётганини ҳис қилди. У оҳистагина кўз ёшларини артиб, қадрдон эски мактаблари томон юрди. Майин, пуштиранг шафақ шуъласида қорайиб кўринаётган ўрмон томондан худди ўша чоқлардагидек читтакларнинг сайрагани эшитилди.
Уйда одамлар яшаётган экан: иккинчи қаватнинг деразасида оқ тўр пардалар кўзга ташланарди. Кёко жуда яқин бормай, хиёл наридан уйга қараб тураркан, ногоҳ ўзига-ўзи гапириб юборди:
– Болам сенга ўхшаса-я?!
У шундай деди-ю, секин ортига ўгирилиб, изига қайтди. Унинг қалби сокин ва мунаввар эди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон