Зоҳиджон Холов. Сакуралар кеч гуллаган йил

Америка адабиётига ва шу орқали маҳаллий сиёсат аҳли шуурига “тинчлик” деган бебаҳо сўзни олиб кирган ёзувчи Эрнест Хемингуэйнинг машҳур ҳикматлари кўп. Масалан, ўз ҳаётидан хулоса қилиб: “Буюк ёзувчи бўлиш учун ижодкорнинг буюк болалиги бўлиши керак”, деганди у. Ясунари Кавабата ҳам, таъбир жоиз бўлса, болалиги ёзувчи қилиб тарбиялаган юксак ижодкорлардан бири ҳисобланади.

1899 йил. Ёз, аниқроғи 11 июн. Осака шаҳри яқинидаги, баҳор чоғи сўлим сакуралар ифорига ғарқ бўлгувчи Акутагава қишлоғидаги хонадонларнинг бири. Ўзига тўқ, олий маълумотли шифокорлар оиласида ўғил фарзанд дунёга келди. Унга ота-онаси меҳр билан Ясунари дея исм беришди. Аммо тақдирнинг шафқатсизлигини қарангки, гўдак икки яшарлигидаёқ сил касалига чалинган ота ҳаёт билан мангуга видолашди. Орадан бир йил ўтиб, волидаси ҳам сил касали билан оғриб, бевақт кўз юмди. Фарзандлари доғида мункайиб қолишган бобоси ва момосининг қўлида уч яшарлик болакай қолиб кетди.

Энг ачинарлиси, унга онаси ўрнида она бўлиши, ҳар қалай она меҳрини бериши мумкин бўлган бувиси ҳам орадан тўрт йил ўтгач, бандаликни бажо келтирди…

У вақтлар Япониядаги ижтимоий-сиёсий вазият оғир, одамлар руҳий иккиланиш хасталигига чалинган, деярли кунора даҳшатли кўнгилсизликларга дуч келиш мумкин эди. “Кунчиқар юрт”га Ғарбнинг қизиқиши кучайган, бир неча юз йиллар мобайнида ташқи муҳитдан узиб қўйилган японларни ўзининг “демократик” маҳсулотлари билан маҳлиё қилишга киришган давр бўлса-да, императорлик таъсири ҳам фуқароларни кучли тазйиқ остида ушлаб турар, миллат «чегараси»дан чиққанларни аёвсиз жазоларди.

Болалигининг каттагина қисмини рассом бўлиш орзуси билан ўтказган Ясунари бундай чигал вазиятни кузатиб турар, болалик нигоҳи билан унга ўзича чизгилар берарди. Бироқ ўсмирлик чоғида унинг мақсадлари, қарашлари ўзгарди. Кўзларига сингиб кетган жудоликлар ёши билан қалбидаги ёшлик ғайрат-шижоати зимдан курашаётган йигитчанинг айтмоқчи бўлган гаплари шу қадар кўп ва кенг қамровли эдики, уларни тилсиз тасвирлар орқали ифодалаб улгуришнинг имкони йўқ эди. Бунинг учун, албатта, гапириш, фикрни ёзма тарзда етказиш керак эди. Фикрларга ранг киритиш, жонлантиришда эса Ясунарига рассомчиликка бўлган муҳаббати, чексиз ҳурмати катта ёрдам берди.

1925 йили Кавабатанинг дастлабки асарлари – «Ўн олти ёшлик кундалиги» ва «Етимлик ҳисси» деб номланган икки ҳикояси чоп этилди. Автобиографик ҳикоя сифатида адабиёт солномасига кирган биринчи ҳикояни Ясунари 1914 йили ёзганди. Бироз вақт ўтиб эса унга ёшлигида тунлари турли ривоятлар, эртагу маталлар айтиб берган устози – бобоси ҳам дунёга “сиғмай” қолди. Бўлажак машҳур адиб Ибаракаидан кетиб, осакалик қариндошлариникида бир муддат яшаб турди. Аммо энди яшашнинг мазмуни қолмаган Кавабата учун Осаканинг гавжум ва қайноқ кўчалари бегона бўлиб туюлар, эзилган қалбини эзғиларди. Маълум сабабларга кўра, мактабдаги таҳсилни давом эттириш баҳонасида яна Ибаракига қайтиб келди ва мактабнинг ётоқхонасига жойлашди. Аччиқ хотиралар оғушида эрта улғайди.

Тинимсиз равишда ёзаётган асарлари, ижод билан овунишга ўрганиб қолди. 1917 йили ўрта мактабни тугаллади ҳамда Токио университети қошидаги юқори мактабда ўқишни бошлади. Шу йиллар ичида у Европа “шабадалари” келтирган адабиёт билан танишди, қайноқ ижодий муҳит туфайли китобхонларни оҳанрабодек ўзига жалб қилган чет эл муаллифлари қаламига мансуб асарларни мутолаа қилди. Уни биринчи бўлиб ўзига ром этган скандинавия ­халқлари адабиёти бўлди. Хусусан, Стриндберг ижоди уни мафтун қилиб қўйганди. Ясунари 1918 йили умрида биринчи марта Идзу яриморолларига саёҳатга чиқди. Бу ҳодиса ке­йинчалик унга бадиий таҳайюл жараёнида асқотди.

Ўз иқтидори ва қолаверса, ижтимоий жиҳатидан кўпчилик эътиборига тушиб қолган йигит 1920 йили Токио университетининг филология факултети (инглиз тили бўлими)га ўқишга қабул қилинди. Биринчи курсни битириб, япон тили филологиясига ўтди ва катта ижодга тайёргарлик кўришни жиддий тарзда бошлаб юборди. Шу йили Ясунарининг анча сайқал топган “Уруш қурбонлари хотираси чизгилари” ҳикояси университет битирувчилари томонидан чоп этилган “Янги йўналиш” номли талабалар адабий-бадиий журналида босилди.

Ёш адибнинг кенг жамоатчиликка танилишида, оёққа туриб олишида, ўз йўлини топишида ўша даврнинг машҳур драматург ёзувчиси Кикути Каннинг хизматлари беқиёс эди. У навқирон қаламкашдаги ноёб қобилиятни кўра олди ва тарбиялади, қўллаб-қувватлади. Эҳтимол, японлар бугунги кунда Кикути Каннинг энг яхши асари сифатида Ясунари Кавабатани кўрсатар?!

1924 йили университетни тугаллаган Ясунари Кавабата ғоявий ҳамроҳлари бўлмиш 14 нафар ёзувчини бир жойга тўплади. Уларнинг орасида йиллар ўтиб шуҳрат қозонганлардан Ёкомитсу Рёити, Катаока Теппей, Накагава Ёити, Фудзисава Такео сингарилар бор эди. Улар неосенсуализм деб номланган адабий-модерн гуруҳини ташкил этишди. Лекин бу гуруҳ атиги тўрт йил фаолият кўрсатди.

Икки йилдан кейин унинг номини кенг миқёсда танитган, шу вақтга қадар ёзганлари ичида энг яхши асари – «Идзулик раққоса» қиссаси чоп этилди. 1929 йили эса “Асакусалик қувноқ қизлар” қиссаси Япониянинг энг йирик нашри – “Асахи шимбун”да давомли тарзда эълон қилинди. Унда Токио шаҳрининг Асакуса туманидаги ёшларнинг ҳаёт тарзи, маҳаллий аҳолининг кўнгилочар ўйин-кулгуларга муккасидан кетгани ёритилганди.

Шундан кейин Ясунари Кавабата европача услубни қайтадан синчиклаб ўрганишга киришиб кетди ва 1930-йилларда Гертруд Стайн асарлари, Жеймс Жойс­нинг “Улисс”идан таъсирланиб бир қатор асарлар ёзди. Жумладан, якунига етмай қолган “Биллур шарда ҳиссиёт” повестини айнан оврўпача руҳда ёзишга киришганди. Ундан ке­йин онг оқими ва фрейдистизм йўналишларида, сюрреализмга яқинроқ оқим намоёндалари услубларидан фойдаланиб “Игна, шиша ва туман” қиссаси ҳам яратилди.

1931 йили Ясунари ҳаётида ўчмас из қолдирган воқелик содир бўлди: у Хидеко исмли токиолик қизга уйланди. Улар биргаликда (асраб олган) қизалоғини тарбиялаб, вояга етказишди. Ёз ойларини тоғли Каруйдзавадаги дала ҳовлисида ўтказиб, қишда яна Дзусидаги соф японча услубда қурилган иссиқ уйига қайтишарди… Аввалига руҳий азоблар исканжасига ташлаган қисмат умр поёнида Ясунарининг иродасига ва интилишига муносиб мукофот ҳозирлаб қўйганини у билмасди. У тинмай қалам тебратарди…

Қисқа вақтлар оралиғида сюрреализм йўналишида “Элегия” деб номланган қиссаси босилди. Уни аксарият тан­қидчилар буддизм кайфияти билан суғорилганликда айблади. Кейин тугалланмаган “Қушлар ва йиртқич ҳайвонлар” ҳикоясини чоп эттирди. 1934 йили Ички ишлар вазирлигининг Жамоатчилик хавфсизлиги департаменти қошида очилган Адабиёт бўйича маслаҳатчилик кенгаши аъзоси бўлди. Шу йили “Ота-онага мактуб” автобиографик қиссасини якунлади. Икки маротаба Юдзавага бориб, қайноқ манбаларни ўрганди ва “Қорли ўлка” романи устида иш бошлади. Мазкур романнинг биринчи қисми бир йилдан сўнг «Нихон хёрон» журналида босилди. Шундан кейин 1937 йилнинг май ойига қадар қолган қисмлари ҳам турли нашрларда омма эътиборига ҳавола этилди.

Я.Кавабатанинг “Туғилган жой”, “Таназзул”, “Ота номи” ва “Токайдо йўли” сингари бир неча асарлари кетма-кет китобхонларга тортиқ қилинди. Бу асарларда Кавабата миллий маданият ва анаъаналарга хос муаммоларни дадил кўтариб чиқолди.

1949 йили Ясунари Кавабатанинг бутун фаолияти учун ягона “калит” бўлувчи мавсум бўлди, десак янглишмаймиз. Чунки шу йилда унинг икки машҳур қиссаси – “Тоғлар фарёди” ҳамда “Мингқанотли турна” нашр этилиб, миллионлаб ўқувчиларни ром айлади. Гарчи ёзувчининг ўзи “Мейдзин” романини ҳаётида катта бурилиш ясаган асар, деб ҳисобласа-да, кейинроқ яратилган “Мингқанотли турна” қиссаси уни бутун дунёга машҳур қилиб юборди.

Шундан сўнг у “Янги япон адабиёти хрестоматияси” дарслигини тузди. Бадиий ижодини муваффақиятли давом эттириб, “Кўл”, “Токиоликлар”, “Аёл бўлиш”, “Уйқудаги гўзаллар”, “Кўҳна пойтахт”, “Қўллар” ва “Момоқаймоқлар” номли қиссаларини ёзди. Мухлислари унинг китобларини интиқлик билан кутиб олишар, маҳаллий ва хорижий китобхонлар билан адабиётшунослар бир овоздан Кавабатанинг асардан-асарга ўсиб бораётганини эътироф этишарди.

Ясунари мазкур қиссаларида жамиятни парокандаликка, тубанликка ва қашшоқликка бошлайдиган иллатларни фош қилиб ташлади. Гоҳ “жинсий ин­қилоб”нинг даҳшатли оқибатини воқеликлар силсиласида асосласа, гоҳ гиёҳвандлик балоси нақадар аянчли эканини ишончли образлар орқали ёритиб берди.

Японча ҳиссиётни, Шарқона ақлу шуурни, куч-шижоатни, жозибани асарларига сингдирар экан, гўзал табиат тавсифи, лирика уйғунлигида воқеалар орасига бутун япон миллатининг узоқ йиллардан буён яшаб келаётган қадриятларини усталик билан жойлаштирди.

Ва ниҳоят! 1968 йили. Тақдирнинг барча ситамлари, кўргиликларига мардонавор дош берган, оғир дамларда кўз ёшларини ичига ютишни ўрганиб, кулишни касб қилган Ясунари Кавабатага аталган “сюрприз” – халқаро Нобел мукофоти Японияга олиб келинди. Бу япон миллатига, япон адабиётига жаҳон миқёсида қўйилган жуда катта ҳайкал бўлди. Сайёрамизнинг энг йирик мукофотларидан бири унга адабиёт йўналишида «японча тафаккур моҳиятини очиб беришдаги ёзувчилик маҳорати учун» берилгани эътиборлидир.

Бунгача Я.Кавабата «Адабиётни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси учун» мукофоти (1937), Санъат академиясининг адабиёт соҳасидаги мукофоти (1952), Гёте номидаги Франкфурт медали (1959), Франтсиянинг “Санъат ва адабиёт намояндаси учун” таъсис этилган ордени ва «Хорижий энг яхши асар» учун аталган мукофоти (1960), Япон ҳукумати махсус ордени (1961) билан тақдирланганди.

Улуғ япон ёзувчиси 1972 йилнинг 16 апрелида Дзусидаги иш кабинетида газдан заҳарланиб, фожеали тарзда вафот этди.

У бир умр самурайларча яшади, энг сўнгги дамгача…

Айтишларича, шу йили сакуралар кечикиб гуллаганмиш…

Зоҳиджон Холов,
«Маърифат» газетасидан олинди.