Воқиф Султонли. Қўнғир сочлар (ҳикоя)

Биз турадиган қизлар ётоқхонасига йигит зотини яқин йўлатишмайди. Мабодо, бирор қизни чақириш керак бўлса, шу ерда турадиганлардан бирига хона рақами ва чақирилувчининг исми айтилса бас. Юқорига кўтарилган талаба чақирувчининг эшигини қоқиб ўтирмайди, даҳлиздан чақириб қўя қолади.
Ҳар қалай бизнинг ётоқхонада азалдан қоида шу. Фақат баъзи-баъзида бу қоида бузилиб туради. Агар пастдан кимнидир чақириб қолишса, ётоқхонанинг ҳар бешала қаватига бу овоз эшитилиши табиий.
Ётоқхонанинг ҳаёти жуда ғалати эди. Ҳар кечқурун кимнидир, нимагадир пастга чақиришса, ҳаммамизнинг юрагимиз дукиллаб турарди. Пастга чақирилган, ҳовлида бир-бирининг пинжига кириб пичирлашиб турганларга ҳасад билан қарардик. Уларнинг исмларини билмасак-да, юзлари бизга яхши таниш эди. Кимни, қачон, қайси хонадан чақиришларигача билардик. Фалончи қачон қарама ётоқхонанинг тагида куймаланиб юради. Пистончини эса, биров йўқлаб келмайди. Чақирилмаган қизларга ич-ичимиздан ачинардик. Чунки уларнинг на севгилиси, на таниш-билиши, на шаҳарда яшайдиган қариндош-уруғи бор.
Ҳар оқшом ётоқхонанинг эшиги ёпилишига бир соат қолганда, келиб-кетувчилар сийраклашарди. Бунақа пайтда қизларни чақириб келувчилар жуда камайиб қоларди. Фақат биттаси бундан мустасно.
Ётоқхонанинг эшиги ёпилишига бир соат қолганда, доим бир йигит келарди. Ва бутун ётоқхона аҳли унинг 48-хонада турадиган бир қизни чақиришини биларди. Қизлар ҳам унинг ташрифига ўрганиб қолишганди. У кимгадир айтса-да, айтмаса-да, уни кўришлари билан коридордан туриб ўша қизни чақиришарди. Лекин қизиғи шундаки, йигит ўша қизни ўз исми билан чақирмасди. Фақат “қирқ саккиз”даги қизни чақирворинглар” деб илтимос қиларди. Биз эса, кимни чақиришни яхши билардик. Чунки, ҳар оқшом бир вақтда коридор бўйлаб бир хил чақириқ янграрди:
-“Қирқ саккиз”даги қиз қараворсин!
Ҳар бир хонада тўрттадан қиз турарди. Аммо ушбу ундовдан кейин пастга фақат қўнғир сочли қиз тушиб кетарди. Балки, йигит бу қизнинг исмини тилга олишга ҳам журъат этолмас, уяларди.
Баъзан бизни ҳам курсдошларимиз шу тахлит чақиришарди. Бироқ биз кимни нима мақсадда келганини, ким китоб учун, яна биров имтиҳон билетларини олиб келганини яхши билардик. Шунда пастга қай биримиз бўлсак ҳам тушаверардик. Аммо бу қиз бизга ўхшамасди.
Ётоқхона ҳовлисида, эшикдан сал нарида ёш акация дарахти ўсарди. Улар иккиси доим ана шу дарахт остида суҳбатлашишарди. Қоровул аёл ҳам уларни танирди. Ётоқхона эшиги ёпилишидан сал олдинроқ аёл уларни огоҳлантириб қўярди.
Шу тариқа ойлар, йиллар ўтарди. Агар бола бир кун кўринмай қолса, ҳаммамиз уни соғинар, ҳатто ундан ранжирдик. То соат ўн иккига бонг уриб, эшик ёпилгунга қадар, қулоғимиз ташқарида бўларди. Туриб, рўпарадаги болалар ётоқхонасига қараб қўярдик. Чунки, ҳар куни кечқурун қўнғирсоч қизни чақириб келувчи ўша йигит айнан қаршимиздаги ётоқхонада яшарди.
Ҳатто хонасининг деразасини ҳам танирдик.
Анча вақт ётоқхонанинг узун коридори бўйлаб эшитиладиган ўша таниш чақириқни эшитмадик. Ё йигитнинг тоби қочиб қолган ё қиз билан ораларида нимадир бўлган, деган турфа хаёлларга ҳам бордик.
Кунлар ўтар, аммо йигитдан дарак йўқ эди. Йигитнинг йўлига ҳаммамиз кўз тика бошладик. Чунки унинг келиб-кетиши ҳам, чақириғи ҳам, қизнинг қўнғир сочлари ҳам, ҳовлидаги танҳо акация дарахти ҳам, бизнинг назаримизга ғайриоддий кўринарди.
Ҳар кечқурун ўша пайтда деразадан акациянинг остига қарардик. Ўша икки қадрдон чеҳрани кўролмай, кўнглимиз чўкарди. Уларнинг тақдирини ўз қисматимздан айро тасаввур этолмасдик-да!
Қоровул аёл ҳам ҳар оқшом эшикни ёпишдан аввал акация остига қараб қўярди. Демак у ҳам биз сингари бу икки ёшнинг кечки учрашувларига ўрганиб қолганди. Энди улар бўлишмаса-да, ўн иккига яқин ўша тарафга ҳаммамиз кўз ташлаб қўядиган бўлдик. Бу одатни ҳеч биримиз тарк этолмасдик.
Бироқ вақт ўтиб, куннинг турли вақтида ҳалиги қўнғирсоч қизни ўз исми билан чақириб кела бошлашди. Биз бундай чақириққа ўрганмагандик. Назаримизда у қизни исми билан чақириш мумкин эмасдек эди. У қизни исмини айтмай чақириш лозимдек туюларди. Исми билан чақирилганда, у қиз ўз латофати, қўнғир сочлари эса жилолсини йўқотарди гўё…
…Бу йигит талабага ўхшамасди. Бўйи баланд, елкалаи кенг, ўз кийим-бошларига тиқилиб турарди гўё. Энди улар дарахт остига бқиниб суҳбатлашишмас, йигитнинг худди қизнинг сочларига ўхшаш қўнғиртоб машинаси бағридан жой олишарди. Кўпинча у қизни кун ботишидан сал аввалроқ келиб, машинасида олиб кетар, ётоқхона ёпилишига оз фурсат қолганида, қайтариб келарди. Баъзида қиз эрталабгача қайтиб келмасди.
Қорамағиз йигитнинг кўринмай қолиши билан ҳаммаси ўзининг сеҳрини, жозибасини йўқотганди. Энди акация остида мутлақо бошқа жуфтликлар сирлашишарди. Аммо, акация баайни ўша қорамағиз йигит ва қўнғирсоч қизнинг бўй-бастига мослаб бичилгандек эди. Бошқалар унга ярашмасдилар. Акация ҳам ўша қадрдон пичирлашларга ўрганиб қолганди гўё. Бошқаларнинг сирли суҳбатлари унга оғир ботадигандек эди.
…Кейин маърузалар тугаб, имтиҳонга ҳозирлик бошланди. Бошқа нарсаларни ўйлашга вақт қолмади. Бўлиб ўтган воқеалар эса, хотирамизнинг олис пучмоқларига синга бошлади. Бироқ…
…Бироқ, бир оқшом қизни худди ўша вақт, ўша оҳангда чақиришди. Худдики сокин денгизда кучли довул тургандек бўлди. Қулоқларимизга ишонмадик. Дераза томонга ошиқдик.Ўша қормағиз йигит акация остида турарди. Ўтган вақт ичида анча ориқлабди, ўзини олдириб қўйиди – аранг танидик.Худди узоқ давом этган касалликдан сўнг оёққа тургандек эди.
Биз ўша қизнинг ҳеч нарса бўлмагандек яна пастга тушиб келиши, йигит иккови акация панасида узоқ сирлашишини, соат ўн иккига яқин қоровул аёл уларни огоҳлантиришини кутгандик. Яна…
…Аммо қиз пастга тушмади. Йигит то ётоқхона ёпилгунича кутиб ўтирди. Кейин оғир қадамлар билан нари кетди.
Шундан сўнг ўша чақириқни қайтиб эшитмадик…

1982, Боку

Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси