Воқиф Султонли. Кул қафас (ҳикоя)

Нима биландир машғулдек кўринган, увадага бурканган одамлар қоврилиб култепага айланган Ер бағрида тимирскиланишарди. Худди кийим-кечаклари сингари афт-ангорлари ҳам кулранг эди. Улар ҳар-ҳар замонда бошларини кўтариб бефарқ нигоҳлари билан атрофни кузатишар, кейин яна култепага қўшилиб кетишарди. Узоқларда, уфқ этагида саф тортган майда кул тепаликлар кўзга ташланарди.
У тўхтаб кулга чўмилётган бу одамларни бироз томоша қилди. Уни ҳеч ким кўрмас, кўрсалар-да эътибор қилишмасди. Бу ерда гўё ҳамма бир-бирига бегона эди. Вужудини музлатаётган бу совуқ нигоҳлар орасидан у бирор таниш чеҳрани топишга уринар, топа олмай безовталик билан атрофга олазарак термиларди.
Осмондан ҳам кул ёғмоқда эди. Куйинди, косов ҳиди димоғига оқиб кирди. Гоҳида кўтарилган шамол тепаларнинг кулини кўкка совуриб, ҳавони кулранг туман қоплар, кўз-кўзни кўролмай қоларди. Туман тарқалиб, осмон сал-пал ёришгач, кулга тўлган кўзларини кафтининг орқаси билан ишқалар тозаларкан, яна йўлида давом этди.
Бу ерларга ҳеч вақт қадам босмаганди. Дунёнинг ана шундай маскани борлиги хаёлининг кўчасига ҳам кирмаганди. Бу ерга қачон, қандай келиб қолганини ҳам эслолмади. Сал олдинда кимдир чўнқайганча ўчиб қолган ўчоқнинг кулини титкилаб ўтирарди. Унинг ёнидан индамай ўтиб кетмоқчи бўлди, аммо нимадир уни тўхташга ундади. Худди шу лаҳзада ҳалиги одам ҳам унга бошини кўтариб қараганини кўрди. Бирлданига эслади: ахир унинг болаликдаги дўсти-ку? Бу кутилмаган учрашувдан ич-ичидан таажжуб аралаш севинч ҳиссини туйди.
Дўстининг юз-кўзлари ўзгармабди. Худдики, орадан шунча йил ўтмагандек, вақт унга ўз ҳукмини ўтказмагандек эди. Дўсти ўрнидан туриб:
-Хуш келибсан, деди ва унинг қўлидан тутиб, ўчиб қолган ўчоқ бошига ўтқизди. Кейин яна қўлидаги таёқ билан кулни ковлашда давом этди.
У ҳеч нарсани тушунмаса-да, дўстининг ўчоқ ковлашини бирпас кузатиб турди. Дўстини бир неча йил аввал йўқотганди. Уни аввалига оғир бир жиноятга алоқадорликда айблашган, кейин эса, сирли тарзда ўлдирилганди. Ўлим хабарини кеч эшитгани учун дафн маросимига ҳам боролмаганди.
Болаликдан бирга ўсиб-улғайишди. Қишлоқда ён қўшни бўлишгани учун ҳар куни дарсдан кейин учрашиб туришар, қош қорайгунча яқин орадаги дарё соҳилида ўйнашарди. Мактабни битиргач, ҳар ким ўз йўлидан кетди. Албатта унинг ўлимидан хабар топгач, анча қайғуга ботди.
Кул титиб ўтирган дўстидан ҳол-аҳвол сўраган бўлди.
-Бу ердан ҳеч кимдан ҳол-аҳвол сўралмайди, – деди дўсти. У сабабини сўрамоқчи бўлди, аммо негадир сукут сақлади. Дўсти унга бошдан-оёқ назар солди.
-Қачон келдинг? – деб сўради.
У бир муддат ўйлаиб қолди. Чамаси вақт ҳиссини йўқотганди.
-Эслолмаяпман, – деди. Кейин дўстининг дафн маросмига иштирок этолмагани учун узр сўрамоқчи бўлди. Аммо, дўстининг юзидаги бегоналик ифодасини кўриб индамади.
-Нега бунча ҳаяжонаняпсан? – сўради дўсти.
-Ниманидир йўқотдим шекилли.
-Нимани?
-Билмайман, – деди У. – Нималигини эслолмаяпман.
Дўсти кул тўла ўчоқ бошўидан туриб, ундан узоқлашди. У ҳам ихтиёрсиз ўрнидан турди.
Кетиб бораркан, жиловини йўқотган хотирасининг олис сўқмоқларида, қўрқинчли бир туш измида юргандек сезди ўзини. У нохуш тушнинг бағридан ситилиб чиқишга қанча уринмасин, бажаролмади. Авваллари ҳам бунақа тушларни кўрар, уйғонгач, бироз карахт бўлиб қолар, секин-аста яна ўзини қўлга оларди. Энди эса савил туш тугай демасди.
Қоракуяга айланган тупроқ устида одимлаб борарди. Ҳавони қоплаган косов ҳиди димоғини ачиштирарди. Ён-атрофидан ўтиб қайтаётган аёлларни чақириб, кўзларига кул пуркаётган бир аёлга дуч келди. Эгнига кулранг тўй либосини кийганча, чирик тўнка устида ўтирган бу хотин кулни элаб, ёғоч идишларга солар, кейин ундан бир ҳовуч кулни олиб, одамларнинг юзига қараб пуфларди. Аёл уни кўриши билан дарҳол оёққа турди:
-Ўғлим, сенмисан? Нуридийдам!
У қулоқларига ишонмади. Балки ҳато эшитгандирман, дея йўлида давом этмоқчи бўлди. Бироқ, хотин у томон юрди:
-Нега қотиб қолдинг, болам? Ўз тўққан онангни танимадингми?
Онасидан жуда эрта ажралганди. Сал улғайиб оқ-қорани таний бошлаганда, эски ҳужжатлар ораисдан онасининг сарғайган суритин топиб олди. Ҳозир ҳам аёлнинг ўзи чақирмаса, уни танимаган бўларди. Аёлнинг қиёфасидан ўша, болалигида кўрган эски суратдаги чизгиларни қидиришга тушди. Отаси ҳам онаси ҳақида гапиришни истамас, ҳар гал бу ҳақда сўз очилса, гапни бошқа ёққа бурарди. Онасининг ўлими сабабларини кейинчалик аммасидан эшитиб билди. Уни отаси ўлдиргани, кейин жазо тариқасида тўққиз йил қамоқда ётганини эшитгач, ҳаммасини тушуниб олганди.
Онаси уни бағрига босди. Ўқловдек ингичка қўллари унинг вужуди узра чирмашди. Умри давомида кечалари онасини ўйлаб ухласа-да, ўтган йиллар давомида бирор марта уни тушида кўрмаганди.
-Мени қандай танидингиз?
-Нега танимас эканман? Сен жонимнинг бир парчасисан. Балога йўлиққур отанг ёш жонимни увол қилди, сенга оналик ҳам қилолмадим.
Онасига таскин бериш учун нимадир гапирмоқчи бўлди. Аммо нима дейишни билмасдан, сукутга толди.
-Энди сени ўзимдан узоқлаштирмайман, – деди онаси унинг сокитлигини ўзича тушуниб. Кейин кул тўла идишлардан бирини қўлига олди., – Кел, болам, сенинг ҳам кўзингга кул пуфлаб қўяй!
Итоат билан онасининг қошига эгилди. Аёл идишдаги кулни унинг кўзларига пуфлади. У кул тўлган кўзларини уқалаб, онасига таажжуб ила боқди. Аёлнинг кўз ёшлари онасининг юзидаги кул қатлами орасидан иккита ирмоқ ҳосил қилганди. Кетмоқчи бўлганида, онаси унинг изидан бир-икки қадам юрди.
-Қаёққа кетяпсан, болам?
-Бироз айланиб келмоқчиман.
-Узоққа кетмап, ҳамма ёқ кулдан иборат.
-…
Қаёққа кетишни ўзи ҳам билмасди. Йўл-йўлакай манзаралар ўзгарар, аммо ёниб кулга айланган тупроқдан, кулга ботган одамлардан бошқа ҳеч нарса кўзга ташланмасди.
Жандага ўралган бир чуваккина кампир қўлидаги ёғоч тос билан кул-ҳовузда ювинар, қоқсуяк бармоқлари билан сийрак, патак сочларини тарарди. Юзи, бўйни, қўллари, яланг оёқлари – ҳама-ҳаммаси кул ичида эди. Афтида ҳаётлик чоғидан ёдгор бўлиб қолган азоб ва оғриқларнинг чизгилари акс этарди. Ёнидан ўтаркан, кампир бош кўтариб, чуқур ажинлар билан ўралган кўзларини унга тикди, тишсиз оғзини очиб нимадир дейишга чоғланди, ҳамма гапларини тушуниб бўлмасди.
Кейин ясси бир тош устида ўтирган ёш қиз ва унинг қаршисида навбат кутиб турган бир тўда одамни кўрди. У ҳам навбат олди. Ундан олдинда анча одам турарди. Навбати яқинлашганда, одамларнинг бошидан кул сочаётган қиз билан нигоҳлари тўқнашди. Дафъатан оёқлари ерга михланди. Ахир бу… ўша-ку?
У қиз билан ёшлигида, шаҳарга келган илк кунларида танишганди. Бу тасодифий муҳаббат ҳаётини тамомила ўзгартириб юборди. Бироқ, кунларнингш бирида қиз сабабсиз Уни ташлаб кетган, шу тариқа Унинг бутун келажаги кулга айланганди. Қизнинг бошқа биров билан қочиб кетганини эшитгач, дунё кўзига қоронғи кўринди. Анча пайт ўзига келолмади. Кўп ўтмай қиз сирли тарзда ғойиб бў0лди, ундан бирор хат-хабар ололмади.
Ҳозир эса, қиз уни кўриб, ҳеч нарса бўлмагандек унинг пинжига чуқилди:
-Сени жуда ҳам соғиндим.
У жавоб бермади. Қиз тепалдикни кўрсатди.
-Юр, анави ёққа чиқамиз.
Бир гала одам қўлларидаги белкурак билан қопларга кул тўлдиришар, бошқа бир гуруҳ кулни тепаликка чиқариб тўкиб қайтарди. Одамлар орасидан ўтиб, кулдан тикланган тепаликка чиқишди. Кул худди тошдек қотиб қолганди.
Тепаликдан ҳамма ёқ кафтдек кўринарди. Улар ёнма-ён ўтиришди. Қиз бошини унинг елдкасига қўйди. У эса, қизнинг қўлларини кафтлари орасига олганча, ҳамма нарсан унутди. Дафъатан нимадир эсига тушгандек:
-Нега бу ёққа чиқдик? – деб сўради.
-Кул тепаликни кўрсатмоқчи эдим.
-Мен кулдан тепалик бўлмайди деб ўйлардим.
-Мен ҳам бир пайтлар шунақа ўйлардим.
Орадан шунча пайт ўтиб кетганди. Алҳол бўлиб ўтган воқеаларни эслашни истамасди. Фақат ғурури тилга кирди:
-Нега мендан юз ўгирдинг?
Қизнинг чеҳрасидан енгил бир табассум учди.
-Сенинг севгингга лойиқ эмасдим.
-Бутун ҳаётимни остин-устун қилдинг…
-Бунақа бўлишини билмагандим.
-Нега ном-нишонсиз кетдинг?
-Бошқача бўлиши мумкин эмасди. Сен кўр эдинг, мени фаришта деб ўйлардинг.
Орага антиқа сукут чўкди. Бир муддат иккиси ҳам жим қолди. Фақат қиз бу жимликни бузди:
-Мени кўрганингдан хурсанд эмасмисан?
-Билмасам… очиғи кутмагандим.
-Энди ҳар куни кўришамиз.
-Йўқ, менинг оилам, болаларим бор.
-Нима қипти?
У бирданига зерика бошлаганини ҳис этди.
-Уйга кетгим келяпти, – деди ўзини қўлга олишга тиришиб.
Қиз унга бошдан-оёқ назар солди:
-Бунинг иложи йўқ.
-Нега? Нима сабабдан?
-Бу ердан ортга қайтилмайди.
-Мен қаердаман ўзи?
-Ўзингни қўлга ол.
-Мен… ўлганманми?
Қиз жавоб бемади. Ердан бир ҳовуч кул олиб унинг бошидан тўкди. У қизни нари суриб ўрнидан турди. Тепалкни устидан уфқ қадар узанган кул қоплаган далаларни, ёниб кўшмирга айланган бепоён ўрмонларни, осмонда осилиб турган кулранг булутларни, кулга ботиб, тимирскиланаётган сон-саноқсиз одамларни кўрди.
Дафъатан ичида нимадир портлагандек бўлди. Ҳаёти ойнадек чилпарчин бўлиб, оёқлари остига тўкилганди…

30 апрель 2016,
Боку

Озарбойжончадан Рустам Жабборов таржимаси