О’Генри. Тақдир ҳазили (ҳикоя)

Қош қораяр пайти чоғроқ хиёбоннинг осуда бурчагида яна ўша кулранг кўйлакли қиз пайдо бўлди. Ўриндиққа ўтириб, қўлидаги китобини очди, кун ёруғида чамаси яна ярим соатларча китоб ўқиса бўлади.
Қиз одми кулранг кўйлакда эди. Шунчалик оддий­ки, бичимининг ҳам, тикилиш услубининг ҳам бекаму кўстлиги кўзга ташланмасди. Шляпасининг ҳарир тўри қизнинг юзини янада чиройли кўйга соларди. У бу ерга ҳар куни, худди шу вақтда келар, бу ҳақда ҳеч ким билмасди.
Бундан хабар топган йигит соҳибжамолнинг мар­ҳаматини қозониш умидида шу яқин атрофда тентираб юрарди. Унинг ноласи Худога етди шекилли, қиз китобнинг кейинги саҳифасини очаётиб уни қўлидан тушириб юборди. Китоб икки қадам нарига бориб тушди.
Йигит вақтни қўлдан бой бермай китобни олишга шошилди ва уни қизга узатди. Одатдагидек йигит киришни об-ҳаводан бошлади ва қиздан жавоб бў­лишига умидвор сукут сақлади.
Қиз йигитнинг озода костюми ва юзига лоқайд назар ташлади.
– Истасангиз ўтиришингиз мумкин, – деди у оҳиста, – тўғриси, ўзим ҳам шуни истаб турибман. Барибир қоронғу тушиб қолди, ўқиб бўлмайди. Ким биландир суҳбатлашгим келяпти.
Йигит дарҳол ўриндиққа чўкди.
– Мен билган қизларнинг ҳеч бири сизга ўхша­майди, – гап бошлади йигит. – Кеча сиздан нигоҳимни узолмадим. Кўзларингиз ёш боладай беғубор экан. Улар, албатта, бирон бир кишини ақлдан оздирган бўлиши керак.
– Ким бўлишингиздан қатъи назар, – совуқ оҳангда деди қиз, – мени леди эканлигимни унутманг. Ҳозир­ги ишингизни кечираман. Сиз кабиларни янглиши­ши, шубҳасиз, табиий ҳол. Сизни ўтиришга таклиф қилдим; агар таклифим мени “ёш бола” дейишингизга имкон берса, уни қайтариб оламан.
– Худо ҳаққи, авф этинг, – ялина бошлади йигит. Юзидаги мағрурлик итоаткорлик ва пушаймонлик ҳисси билан алмашди. – Мендан ўтди. Биласизми, айтмоқчиманки, одатда хиёбонда қизлар… Сиз буни барибир тушунмайсиз, лекин…
– Келинг, бу мавзуни четга сурайлик. Нима де­моқ­чилигингизни англадим. Яхшиси, атрофимиздаги одам­­лар ҳақида менга гапириб беринг. Улар қаёққа кетишяпти? Нега бунчалик шошилишади? Улар бахт­лимикин?
Йигит бир зум ўйланиб қолди.
– Ҳа, уларни кузатиш жуда ҳам мароқли, – деди йигит. – Ҳаётнинг ғаройиб жумбоғи. Баъзилари кечки овқатга шошилади, бошқалари эса … Ҳмм… бошқа жойга. Улар қандай турмуш кечиришларини билгим келади.
– Мен эса йўқ, – деди қиз. – Унчалик қизиқувчан эмасман. Мен бу ерга одамларга яқин бўлиш учун келаман. Лекин улардан шунчалик узоқманки, ҳат­то “дукур-дукур”лар ҳам қулоғимга чалинмайди. Қа­ни, айтингчи, мен нима учун сиз билан бундай гаплашаётганимни англадингизми, мистер…
– Паркенстекер, – қўшиб қўйди йигит ва савол назари билан қизга тикилди.
– Йўқ, йўқ, – деди қиз хиёл жилмайиб ва нозик бармоқларини тепага кўтариб қўйди. – Менинг фа­милиям жуда ҳам машҳур. Баъзи фамилияларни газе­тада чоп этишга тўсқинлик қилишнинг иложи йўқ.­ Хизматкоримнинг шляпаси ва тўри мени “инкогнито”1 га айлантирди. Ҳар сафар ҳайдовчининг менга тикилиб қарашини билсангиз эди, гўё мен унинг ўғринча нигоҳларини сезмайдигандек. Очиғини айтаман: биз каби олийнасаб фамилиялилар бармоқ билан санарли. Мен сизга буларни шунинг учун айтяпманки, мистер Стекенпот…
– Паркенстекер, – сипогина қизнинг хатосини ту­затди йигит.
– … мистер Паркенстекер, умримда бир марта бўлса-да, чин инсон — бойликнинг жилосига учмаган киши билан гаплашгим келди. Эҳ, сиз бу ланъати пуллардан қанчалик чарчаганимни билсангиз эди. Қаерга қара­май, пул, пул! Атрофимдаги хушомадгўйлардан ҳам чарчадим. Ҳаммаси бир гўр. Бу кўнгилхушликлар, бриллиантлар, сайр-у саёҳатлар, бу жамият, бу ҳа­шаматлардан тобим қочяпти.
– Мен доим ўйлардимки, – иккиланиб гап бошлади йигит, – пулларнинг кўп бўлгани чакки эмас.
– Бу айни муддао, албатта, бироқ шунча миллионлаб пул… – қиз сўзини тушкунлик билан тугатди. – Бир хиллик, эскилик, – давом этди у, – мана нималар бизни зериктиради. Борди-келди, тушлик, театр, бал, кечки зиёфатлар — ҳамма-ҳаммаси шоҳона тарзда. Баъзида ҳатто шампан тўла қадаҳдаги музнинг “ғижир-ғижир”и ҳам мени ақлдан оздиради.
Мистер Паркенстекер қизни берилиб тингларди.
– Мен киборлар ҳаёти ҳақида ўқиш ва эшитишни ёқтираман, – деди йигит. – Балки мен бироз худ­биндирман. Бироқ, ҳаммаси ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишни истардим. Менда шундай тасаввур пайдо бўлдики, музни қадаҳга эмас, шампан тўла шишани музга солишяпти.
Қиз ёқимли жилмайиб қўйди. Йигитнинг гаплари унинг кулгисини қистатганди.
– Билиб қўйингки, – менсимай тушунтирди қиз, – бизлар — олийнасаб табақа кишилари тез-тез расм-русумларимизга амал қилмаслигимиз билан кўнгилхушлик қиламиз. Айни дамда шампанга муз қўшиб ичиш урфга кирган. Бу нарса Уолдорфда татар князи ташрифи шарафига уюштирилган зиёфат­дан бошланганди. Аммо бу инжиқлик тез орада бош­қаси билан алмашади. Бир ҳафта илгари Медисон-авенюдаги зиёфатда ҳар бир овқатланиш анжоми ол­дига зайтун ейиш учун кийиладиган майин терили яшил қўлқоп қўйилганди.
– Ҳа, – эътироф этди йигит, – олий табақа дои­расининг бу каби шўхликлари омма учун номаълум бўлиб қоляпти.
– Гоҳида, – давом этди қиз бошини силкитиб, – го­ҳида агар севиб қолсам, фақат паст табақадаги кишига кўнгил қўйсам керак, деб ўйлаб қоламан. Ҳақиқий меҳнаткашга, текинхўрга эмас. Бироқ, шубҳасиз, бой­лик, машҳурлик истакларимдан устун туради. Ми­сол учун, ҳозир иккитаси ортимдан юрибди. Бири немис князлигида герцог. Унинг хотини бор ёки бўлган деб шубҳаланяпман. Қайлиғи унинг ўзбошимчалиги ва бағритошлигидан ақлдан озган бўлса керак. Иккинчи номзод — инглиз маркизи. Шундай расмиятпараст ва тежамкорки, мен герцогнинг қаттиққўллигини афзал кўрсам керак. Аммо буларни сизга айтишга мени ни­ма мажбурлаяпти, биласизми, мистер Покенстекер?
– Паркенстекер, – ғўлдиради йигит. – Очиғини айт­­­сам, менга ишонишингиз мумкин.
Қиз ўрталаридаги фарқни билиб унга хотир­жам ва бепарво кўз югуртирди.
– Касбингиз нима, мистер Паркенстекер? – сўради у.
– Жуда ҳам камтарона. Лекин ҳаётда нимагадир эришишимга ишонаман. Сиз паст табақадаги кишини севишим мумкин деб жиддий айтдингизми?
– Ҳа, албатта. Бироқ “севиб колишим мумкин” дедим. Герцог ва маркизни ёдингиздан кўтарманг. Касбининг аҳамияти йўқ, унинг ўзи менга ёқса бўл­гани.
– Мен ресторанда ишлайман, – маълум қилди йи­гит.
Қиз бир сапчиб тушди.
– Официант бўлиб эмасдир, ҳар ҳолда? – ёл­воргандек сўради қиз. – Тирикчиликнинг айби йўқ, лекин … бундай хизмат қилиш, ўзингиз тушунасиз-ку, лакейлар ва…
– Йўқ, официант эмасман. Мен кассирман… – Хиёбон бўйлаб юрилганда кўчанинг тўғрисидаги “Ресторан” сўзи электр нурини таратиб турарди. – Ҳов ана у ресторанда ишлайман.
Қиз қўлига ярашиб турган соатига қаради ва шошиб ўрнидан турди. Китобни бежирим сумкасига солди. У сумкага зўрға сиғди.
– Нега иш жойингизда эмассиз? – сўради қиз.
– Бугун тунги навбатчиликдаман, – деди йи­гит. – Ихтиёримда яна бир соат вақт бор. Бу охир­ги учрашувимиз бўлмаса керак? Умид қилсам бўла­дими?
– Билмадим, эҳтимол. Балки бошқа кўришмасмиз. Шошилишим керак. Мени шоҳона зиёфат кутяпти, кейин театр — уф-ф, яна ўша ҳашамдорлик. Бу ерга келаётиб хиёбон ёнидаги бурчакда турган автомобилга кўзингиз тушгандир? Оппоқ.
– Ғилдираклари қизилмиди? – сўради йигит ўйла­ниб.
– Ҳа, мен ҳар доим бу ерга шу автомобилда ке­ламан. Пьер мени машина ёнида кутиб турибди. У мени хиёбоннинг нарёғидаги магазинда сайр қилиб юрибди деб ўйлайди. Ҳатто шахсий ҳайдовчингизни ҳам алдашга мажбур этадиган ҳаётни тасаввур эта оласизми? Кўришгунча.
– Қоронғу ҳам тушиб қолди, – деди мистер Паркенстекер, – хиёбонда ҳар хил маст-аластлар бўлиши мумкин. Рухсат берсангиз, сизни кузатиб қўйсам…
– Агар сиз истакларим билан бироз бўлсада ҳи­соблашсангиз, – қатъий жавоб берди қиз, – мен кетганимдан сўнг шу ўриндиқда яна ўн дақиқа ўти­расиз. Сизни айбламоқчи эмасман. Эҳтимол, одат­да машиналарда машина эгаларининг монограммаси1 бў­­­лишидан хабарингиз бўлса керак. Майли, кўриш­гунча.
Қиз шошиб қоронғулик қаърига сингиб кетди. Йигит қиз хиёбондан чиқиб, машина турган бурчакка бурилмагунча унинг хушбичим қоматига термулиб қолди. Сўнг ҳеч иккиланмай дарахт ва буталар орасига беркиниб қизнинг ортидан изма-из борди. Уни бир зумга ҳам кўздан қочирмади. Қиз бурчакка етиб бориб оқ автомобиль томонга бурилди. Автомобилга бирров кўз ташлади-да кўчанинг у юзига ўта бошлади. Хиёбон ёнидаги извош панасида йигит унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турарди. Қарама-қарши тарафдаги йўлакка ўтган қиз ресторан эшигини очиб ичкарига кирди. Ресторан деворлари оқ ва ойнали бўлиб, у ерда овқатлар арзон эди. Қиз ичкарига кириб кўздан йўқолди. Зум ўтмай тўсатдан пайдо бўлди, лекин бу сафар шляпа ва ҳарир тўри йўқ эди.
Ойнали девор ёнида касса жойлашганди. Унинг ортида ўтирган қиз соатга қараб олди ва курсидан сирғалиб тушди. Кулранг кўйлакдаги қиз унинг ўр­нини эгаллади.
Йигит қўлларини чўнтагига тиқиб ортига қайт­ди. Бурчакда ерда ётган алланарсага қоқиниб кет­ди. Ялтироқ муқовадан бу қизнинг китоби эканли­гини билди. У китобни қўлига олди: Стивенсон — “Шаҳризоданинг янги эртаклари”. Йигит китобни майса устига улоқтириб, бир дақиқа нима қилишини билмай ўйланиб қолди. Кейин эса оқ автомобиль эшигини очиб ўтирди. Бошини орқага ташлаб, ҳай­довчига сўз қотди:
– Анри… клубга!

Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси