Қош қораяр пайти чоғроқ хиёбоннинг осуда бурчагида яна ўша кулранг кўйлакли қиз пайдо бўлди. Ўриндиққа ўтириб, қўлидаги китобини очди, кун ёруғида чамаси яна ярим соатларча китоб ўқиса бўлади.
Қиз одми кулранг кўйлакда эди. Шунчалик оддийки, бичимининг ҳам, тикилиш услубининг ҳам бекаму кўстлиги кўзга ташланмасди. Шляпасининг ҳарир тўри қизнинг юзини янада чиройли кўйга соларди. У бу ерга ҳар куни, худди шу вақтда келар, бу ҳақда ҳеч ким билмасди.
Бундан хабар топган йигит соҳибжамолнинг марҳаматини қозониш умидида шу яқин атрофда тентираб юрарди. Унинг ноласи Худога етди шекилли, қиз китобнинг кейинги саҳифасини очаётиб уни қўлидан тушириб юборди. Китоб икки қадам нарига бориб тушди.
Йигит вақтни қўлдан бой бермай китобни олишга шошилди ва уни қизга узатди. Одатдагидек йигит киришни об-ҳаводан бошлади ва қиздан жавоб бўлишига умидвор сукут сақлади.
Қиз йигитнинг озода костюми ва юзига лоқайд назар ташлади.
– Истасангиз ўтиришингиз мумкин, – деди у оҳиста, – тўғриси, ўзим ҳам шуни истаб турибман. Барибир қоронғу тушиб қолди, ўқиб бўлмайди. Ким биландир суҳбатлашгим келяпти.
Йигит дарҳол ўриндиққа чўкди.
– Мен билган қизларнинг ҳеч бири сизга ўхшамайди, – гап бошлади йигит. – Кеча сиздан нигоҳимни узолмадим. Кўзларингиз ёш боладай беғубор экан. Улар, албатта, бирон бир кишини ақлдан оздирган бўлиши керак.
– Ким бўлишингиздан қатъи назар, – совуқ оҳангда деди қиз, – мени леди эканлигимни унутманг. Ҳозирги ишингизни кечираман. Сиз кабиларни янглишиши, шубҳасиз, табиий ҳол. Сизни ўтиришга таклиф қилдим; агар таклифим мени “ёш бола” дейишингизга имкон берса, уни қайтариб оламан.
– Худо ҳаққи, авф этинг, – ялина бошлади йигит. Юзидаги мағрурлик итоаткорлик ва пушаймонлик ҳисси билан алмашди. – Мендан ўтди. Биласизми, айтмоқчиманки, одатда хиёбонда қизлар… Сиз буни барибир тушунмайсиз, лекин…
– Келинг, бу мавзуни четга сурайлик. Нима демоқчилигингизни англадим. Яхшиси, атрофимиздаги одамлар ҳақида менга гапириб беринг. Улар қаёққа кетишяпти? Нега бунчалик шошилишади? Улар бахтлимикин?
Йигит бир зум ўйланиб қолди.
– Ҳа, уларни кузатиш жуда ҳам мароқли, – деди йигит. – Ҳаётнинг ғаройиб жумбоғи. Баъзилари кечки овқатга шошилади, бошқалари эса … Ҳмм… бошқа жойга. Улар қандай турмуш кечиришларини билгим келади.
– Мен эса йўқ, – деди қиз. – Унчалик қизиқувчан эмасман. Мен бу ерга одамларга яқин бўлиш учун келаман. Лекин улардан шунчалик узоқманки, ҳатто “дукур-дукур”лар ҳам қулоғимга чалинмайди. Қани, айтингчи, мен нима учун сиз билан бундай гаплашаётганимни англадингизми, мистер…
– Паркенстекер, – қўшиб қўйди йигит ва савол назари билан қизга тикилди.
– Йўқ, йўқ, – деди қиз хиёл жилмайиб ва нозик бармоқларини тепага кўтариб қўйди. – Менинг фамилиям жуда ҳам машҳур. Баъзи фамилияларни газетада чоп этишга тўсқинлик қилишнинг иложи йўқ. Хизматкоримнинг шляпаси ва тўри мени “инкогнито”1 га айлантирди. Ҳар сафар ҳайдовчининг менга тикилиб қарашини билсангиз эди, гўё мен унинг ўғринча нигоҳларини сезмайдигандек. Очиғини айтаман: биз каби олийнасаб фамилиялилар бармоқ билан санарли. Мен сизга буларни шунинг учун айтяпманки, мистер Стекенпот…
– Паркенстекер, – сипогина қизнинг хатосини тузатди йигит.
– … мистер Паркенстекер, умримда бир марта бўлса-да, чин инсон — бойликнинг жилосига учмаган киши билан гаплашгим келди. Эҳ, сиз бу ланъати пуллардан қанчалик чарчаганимни билсангиз эди. Қаерга қарамай, пул, пул! Атрофимдаги хушомадгўйлардан ҳам чарчадим. Ҳаммаси бир гўр. Бу кўнгилхушликлар, бриллиантлар, сайр-у саёҳатлар, бу жамият, бу ҳашаматлардан тобим қочяпти.
– Мен доим ўйлардимки, – иккиланиб гап бошлади йигит, – пулларнинг кўп бўлгани чакки эмас.
– Бу айни муддао, албатта, бироқ шунча миллионлаб пул… – қиз сўзини тушкунлик билан тугатди. – Бир хиллик, эскилик, – давом этди у, – мана нималар бизни зериктиради. Борди-келди, тушлик, театр, бал, кечки зиёфатлар — ҳамма-ҳаммаси шоҳона тарзда. Баъзида ҳатто шампан тўла қадаҳдаги музнинг “ғижир-ғижир”и ҳам мени ақлдан оздиради.
Мистер Паркенстекер қизни берилиб тингларди.
– Мен киборлар ҳаёти ҳақида ўқиш ва эшитишни ёқтираман, – деди йигит. – Балки мен бироз худбиндирман. Бироқ, ҳаммаси ҳақида аниқ маълумотга эга бўлишни истардим. Менда шундай тасаввур пайдо бўлдики, музни қадаҳга эмас, шампан тўла шишани музга солишяпти.
Қиз ёқимли жилмайиб қўйди. Йигитнинг гаплари унинг кулгисини қистатганди.
– Билиб қўйингки, – менсимай тушунтирди қиз, – бизлар — олийнасаб табақа кишилари тез-тез расм-русумларимизга амал қилмаслигимиз билан кўнгилхушлик қиламиз. Айни дамда шампанга муз қўшиб ичиш урфга кирган. Бу нарса Уолдорфда татар князи ташрифи шарафига уюштирилган зиёфатдан бошланганди. Аммо бу инжиқлик тез орада бошқаси билан алмашади. Бир ҳафта илгари Медисон-авенюдаги зиёфатда ҳар бир овқатланиш анжоми олдига зайтун ейиш учун кийиладиган майин терили яшил қўлқоп қўйилганди.
– Ҳа, – эътироф этди йигит, – олий табақа доирасининг бу каби шўхликлари омма учун номаълум бўлиб қоляпти.
– Гоҳида, – давом этди қиз бошини силкитиб, – гоҳида агар севиб қолсам, фақат паст табақадаги кишига кўнгил қўйсам керак, деб ўйлаб қоламан. Ҳақиқий меҳнаткашга, текинхўрга эмас. Бироқ, шубҳасиз, бойлик, машҳурлик истакларимдан устун туради. Мисол учун, ҳозир иккитаси ортимдан юрибди. Бири немис князлигида герцог. Унинг хотини бор ёки бўлган деб шубҳаланяпман. Қайлиғи унинг ўзбошимчалиги ва бағритошлигидан ақлдан озган бўлса керак. Иккинчи номзод — инглиз маркизи. Шундай расмиятпараст ва тежамкорки, мен герцогнинг қаттиққўллигини афзал кўрсам керак. Аммо буларни сизга айтишга мени нима мажбурлаяпти, биласизми, мистер Покенстекер?
– Паркенстекер, – ғўлдиради йигит. – Очиғини айтсам, менга ишонишингиз мумкин.
Қиз ўрталаридаги фарқни билиб унга хотиржам ва бепарво кўз югуртирди.
– Касбингиз нима, мистер Паркенстекер? – сўради у.
– Жуда ҳам камтарона. Лекин ҳаётда нимагадир эришишимга ишонаман. Сиз паст табақадаги кишини севишим мумкин деб жиддий айтдингизми?
– Ҳа, албатта. Бироқ “севиб колишим мумкин” дедим. Герцог ва маркизни ёдингиздан кўтарманг. Касбининг аҳамияти йўқ, унинг ўзи менга ёқса бўлгани.
– Мен ресторанда ишлайман, – маълум қилди йигит.
Қиз бир сапчиб тушди.
– Официант бўлиб эмасдир, ҳар ҳолда? – ёлворгандек сўради қиз. – Тирикчиликнинг айби йўқ, лекин … бундай хизмат қилиш, ўзингиз тушунасиз-ку, лакейлар ва…
– Йўқ, официант эмасман. Мен кассирман… – Хиёбон бўйлаб юрилганда кўчанинг тўғрисидаги “Ресторан” сўзи электр нурини таратиб турарди. – Ҳов ана у ресторанда ишлайман.
Қиз қўлига ярашиб турган соатига қаради ва шошиб ўрнидан турди. Китобни бежирим сумкасига солди. У сумкага зўрға сиғди.
– Нега иш жойингизда эмассиз? – сўради қиз.
– Бугун тунги навбатчиликдаман, – деди йигит. – Ихтиёримда яна бир соат вақт бор. Бу охирги учрашувимиз бўлмаса керак? Умид қилсам бўладими?
– Билмадим, эҳтимол. Балки бошқа кўришмасмиз. Шошилишим керак. Мени шоҳона зиёфат кутяпти, кейин театр — уф-ф, яна ўша ҳашамдорлик. Бу ерга келаётиб хиёбон ёнидаги бурчакда турган автомобилга кўзингиз тушгандир? Оппоқ.
– Ғилдираклари қизилмиди? – сўради йигит ўйланиб.
– Ҳа, мен ҳар доим бу ерга шу автомобилда келаман. Пьер мени машина ёнида кутиб турибди. У мени хиёбоннинг нарёғидаги магазинда сайр қилиб юрибди деб ўйлайди. Ҳатто шахсий ҳайдовчингизни ҳам алдашга мажбур этадиган ҳаётни тасаввур эта оласизми? Кўришгунча.
– Қоронғу ҳам тушиб қолди, – деди мистер Паркенстекер, – хиёбонда ҳар хил маст-аластлар бўлиши мумкин. Рухсат берсангиз, сизни кузатиб қўйсам…
– Агар сиз истакларим билан бироз бўлсада ҳисоблашсангиз, – қатъий жавоб берди қиз, – мен кетганимдан сўнг шу ўриндиқда яна ўн дақиқа ўтирасиз. Сизни айбламоқчи эмасман. Эҳтимол, одатда машиналарда машина эгаларининг монограммаси1 бўлишидан хабарингиз бўлса керак. Майли, кўришгунча.
Қиз шошиб қоронғулик қаърига сингиб кетди. Йигит қиз хиёбондан чиқиб, машина турган бурчакка бурилмагунча унинг хушбичим қоматига термулиб қолди. Сўнг ҳеч иккиланмай дарахт ва буталар орасига беркиниб қизнинг ортидан изма-из борди. Уни бир зумга ҳам кўздан қочирмади. Қиз бурчакка етиб бориб оқ автомобиль томонга бурилди. Автомобилга бирров кўз ташлади-да кўчанинг у юзига ўта бошлади. Хиёбон ёнидаги извош панасида йигит унинг ҳар бир ҳаракатини кузатиб турарди. Қарама-қарши тарафдаги йўлакка ўтган қиз ресторан эшигини очиб ичкарига кирди. Ресторан деворлари оқ ва ойнали бўлиб, у ерда овқатлар арзон эди. Қиз ичкарига кириб кўздан йўқолди. Зум ўтмай тўсатдан пайдо бўлди, лекин бу сафар шляпа ва ҳарир тўри йўқ эди.
Ойнали девор ёнида касса жойлашганди. Унинг ортида ўтирган қиз соатга қараб олди ва курсидан сирғалиб тушди. Кулранг кўйлакдаги қиз унинг ўрнини эгаллади.
Йигит қўлларини чўнтагига тиқиб ортига қайтди. Бурчакда ерда ётган алланарсага қоқиниб кетди. Ялтироқ муқовадан бу қизнинг китоби эканлигини билди. У китобни қўлига олди: Стивенсон — “Шаҳризоданинг янги эртаклари”. Йигит китобни майса устига улоқтириб, бир дақиқа нима қилишини билмай ўйланиб қолди. Кейин эса оқ автомобиль эшигини очиб ўтирди. Бошини орқага ташлаб, ҳайдовчига сўз қотди:
– Анри… клубга!
Рус тилидан Саиджалол Саидмуродов таржимаси