Ўзбек тилида илк бор китоб ўқийдиган мобил дастур тақдим этилди

Kitobim.com сайти Мустақиллик байрами муносабати билан Android қурилмаларида ишловчи илк ўзбек тилидаги китоб ўқийдиган дастурни тақдим этди. Дастур орқали ўзбек тилидаги 200 дан ортиқ китобни қулай ҳолатда мутолаа қилиш, онлайн ва оффлайн режимда фойдаланиш имкони мавжуд.

Дастурнинг Кутубхона менюсида охирги киритилган китоблар рўйхати келтирилган. Алоҳида китоб саҳифаларида аннотация, муаллиф маълумотлари берилган. Жанрлар бўлимида китоблар мазмунига кўра сараланган.

Ушбу электрон китоб ўқиш қурилмасида китобларни қулай ўқиш учун қуйидаги афзалликлар жорий қилинган:
– Китоб саҳифаларни оҳиста чертиш ёки ёнга суриш орқали тез очиш мумкин.
– Кундузги ва тунги ўқиш функцияси мавжуд.
– Китоб ичидаги сўзлардан қидириш мумкин.
– Китоб шрифтини ўзгартириш мумкин.
– Шрифт ўлчамини мослаб олиш мумкин.
– Матнни катта ва кичиклаштириш мумкин.
– Навигация орқали китобнинг керакли жойини топиш мумкин.
– Мундарижа орқали китобнинг тегишли бўлимларига ўтиш мумкин.

2012 йилдан бери фаолият юритаётган Китобим лойиҳаси ўзбек тилида замонавий қурилмалар учун электрон китобларни жамлаш ва китобхонларга қулай ўқиш имкониятини яратишни ўз олдига мақсад қўйган. Шунингдек, муаллифларга ўз ижод намуналарини қонуний асосда электрон тарзда тақдим этиш эвазига маълум даражада моддий манфаат олишларига кўмаклашиш, китобхонларга сифатли, қулай ва замонавий электрон китобларни арзон баҳода сотиб олишлари учун ёрдам бериш ҳам лойиҳа маслакларидандир.

Дастурни қандай ўрнатиш, фойдаланиш ҳақида лойиҳа сайтида тўлиқ тушунтириш берилган, видео илова қилинган. Kitobim’ни Google Play Marketдан ўрнатишингиз мумкин.