Ласло Краснахоркаи. Акрополь сарҳадларида (ҳикоя)

Такси ҳайдовчилар расво бўлишади-да жуда, тиқилинчда одамнинг ҳоли-жонига қўймай хира пашшадек ёпишиб олишгани-чи, нега шунақа қилишади-я, кўриб туришибди-ю, аҳвол-тирикчиликни – ҳайдасанг кетмайди, бошида, йўқ, керакмас, қўясанларми-йўқми, бўлди-да энди, дея жавоб қилиб чарчамаётган одамнинг охири индамай, намойишкорона юзини буриб олишдан ўзга чораси қолмади, улар шунчалик шилқим бўлиб кетганидан унинг ғижинаётгани, кўзларида чақнаган ғазабни сезмасдилар, тавба, қочиб ҳам қутулиб бўлмаса улардан, яхши гапга – илтимосга кўнишмаса, қўйсаларинг-чи, шунчалик ҳам бўласизларми, дегани билан тинч қўйиш у ёқда турсин, Синтагма, Акрополь, Монастираки, Пирей, Агора, Плака ёки тўхтовсиз равишда меҳмонхона, меҳмонхона, деб тўтиқушдай такрорлайверса, яна very nice, билан very goodга бало борми, отаси карнайчи ўтганми буларнинг, қулоқни қоматга келтириб шанғиллашини қаранг, ишшайгани ҳаммасидан ўтиб тушади, бирам ёқимсиз, сурбетларча кўзини лўқ қилиб ишшаяди, бунисидан қутулсанг, ундан ўтадиган сўхтаси совуқроғи ортингдан келиб тиқилади, жомадонингни нариги қўлингга олиб, тескари бурилиб олишдан ўзга чора тополмайсан, лекин улар лоп этиб олдингдан тўсиб чиқади, буларнинг эпчиллигини – бир нафасда гоҳ ортингда, гоҳ олдингда пайдо бўлишади, бутун аэропорт келиб кетиш манзилига эмас, балки адашиб қолганлар маконига айланганини анчадан кейин – ғоят катта кутиш залидаги бераҳм оломон орасига кириб борганингдагина фаҳмлаб қоласан, ҳар тарафдан одамлар тўда-тўда бўлиб ёки якка-ёлғиз сўппайиб кириб келишади, болалар ота-онасини чақириб қичқирган, узоқ кетма, ёнимдан жилма, деб танбеҳ берганига қарамай тентираб кетган кичкинтойларини излаб онанинг фиғони фалакка кўтарилган, дармонсиз қариялар оёқларини судраб босади, мактаб ўқувчиларидан тузилган гуруҳ раҳбари болаларнинг ўтакасини ёргудек овозда қичқиради, Япониядан келган сайёҳларнинг таржимони байроқчасини силкитиб, бежиримгина карнайчалари орқали қути ўчган ҳамюртларини чақиради, ҳамма қора терга ботган, чунки кун ёнаяпти, бунинг устига дим, илож қанча, ёз ёзлигини қилади, фақат мана шу шовқин ортиқча, чидаш қийин, гўё дунёнинг барча шанғи, бефаросат одамлари бир ерга тўпланиб олгандек, амаллаб шаҳарга олиб чиқадиган йўлга чиқиб оласан-да, хайрият, деб ташқарига ошиқасан, ҳолбуки, у ерда аҳвол бешбаттар экани хаёлингга ҳам келмайди… Ана шундагина у Афина авжи ёз палласида тандирдек ёнажагини тушуниб етди, такси ҳайдовчиларнинг уч-тўрттаси ҳалиям унинг ортидан эргашиб юрарди, қўйиб берса улар ортидан жаҳаннамгача борадиган, бири ишшаяди, бошқаси илжаяди, яна биттаси жомадонга қўл узатиб безор қилади, охири бу қий-чув, тўс-тўполондан хайрият, қутулдим, деганда бутунлай ҳолдан тойди, аэропорт биносидан чиқаверишда кутиб турган таксилардан бирига шартта ўтирди-да, сақич чайнаётган ланж ҳайдовчига, Синтагма ёнидаги Эрма ва Эола кўчалари чорраҳасида жойлашган меҳмонхонага, деди, ҳайдовчи бу алжираган чол нима деяпти, дегандек маъноли қараб қўйди, сўнг индамай бош қимирлатди, у эса, ўриндиққа беҳол суяниб кўзларини юмди, гарчи такси ҳайдовчилар алдаб, патингни юлишмасин, деб грек танишлари олдиндан кўчаларнинг тарҳини чизиб берган қоғоз ёнида бўлса ҳам, олиб ўқимади, машина қаёққа кетаётганини аниқлаш учун қарамади, барибир тўрт танга қўшиб айтишмаса, еганлари ҳаром бўлади, ёзилмаган қонун бу, сен ҳам улар билан тортишиб юрма, бусиз уларга ҳаёт татимайди, дўстларининг шу тахлит кўрсатмаларига биноан у талашиб-тортишмади, азбаройи нима қилишни билмагани, ҳоли йўқлиги, асаблари қақшаётгани учунгина эмас, балки парвоздан кейинги воқеалар: тополмаётган юкларининг тасодифан ҳеч кутилмаган ердан чиқиб қолиши, хира-хандон ҳайдовчилар, иссиқ, дим ҳаво уни шошилишга мажбур этди. Жомадони йўқолгани ҳақида хабар беришга чоғланганида юки бегона лаш-лушлар – тўрт соат аввал Киев аэропортида йўловчилар юкларини жойлаштирганда кўзи тушган қоп-халталар орасидан чиқди, бу майли, учраб турадиган ҳодиса, бироқ тақиқланган гиёҳванд моддалар излаб ўша лаънати жомадонини тит-пит қилиб текширишганда бу кўнгилсизликлар яна давом этди ва ниҳоят, кутиш залидаги сарсонгарчиликлар, булар одамман, деганнинг сабр косасини тўлдириб юборар, бунинг устига уни Грецияга таклиф этган танишларидан биронтаси кутиш залида кўринмасди, ким айбдор, улар кутиб-кутиб қайтиб кетган бўлсалар-чи, одамлар орасида ўралашиб юргани етмагандек, такси ҳайдовчилар ёпишиб хиралик қилишганда улар билан ади-бади қилиб ўтиргани учун ўзи айбдордир балки, қисқаси, ана энди силласи қуриб, таксининг орқа ўриндиғига ўзини таппа ташлаб, тонг қоронғисидаги кимсасиз кўчаларга маъносиз қараб, ёзиб беришган биронта хиёбон ёки кўчанинг номи ё кинотеатрни кўрмаса ҳам, аҳамият бермагани тугул бир қанча вақт қаерга кетаётгани ва ҳисоблагич шақиллатиб қанча ёзиб қўйгани билан заррача қизиқмагани ҳам оқлаш мумкин бўлган нарсалардек туюлди, аввалига бу хусусда ўйлаш хаёлига ҳам келмади, бироқ ҳайдовчи қисқа йўлдан эмас, бутун бошли ноҳияни айлантириб олиб кетаётгани учун ҳисоблагич кўрсаткичи беш еврога яқинлашиб, бир дақиқа ўтар-ўтмас ундан ҳам оша бошлаганида бекорга айтишмаганини фаҳмлади, танишлари шунчадан кўп йўлкира сўрашса, сира тўламагин, деб тушунтирган эдилар, у инглиз тилида бир нималар деганди, ҳайдовчи аввал эшитмаганга олди, кейин ўзини овсарликка солиб машинани дам ўнгга, дам сўлга буриб кетаверди, ниҳоят, аллақайси чорраҳага келгач, қизил чироқда тўхтади-ю, йўловчи узатган бир парча қоғоздаги кўчанинг номига чертиб-чертиб, бир нималар деди, лекин йўл ҳақи хусусида ғинг демади, қисқаси, инсоф қилиш у ёқда турсин, ҳозиргина ўтиб кетишган жойнинг номини айтишни ҳам эп кўрмади, зеро, бу ердан Синтагма майдони тугул, шаҳар марказига ҳам жуда олис эди, ана шунда унинг жаҳли чиқиб, тепа сочи тикка бўлди-да, норозилигини билдириш мақсадида ўшқирди, қўлини пахса қилиб жазава ичида соатини, сўнг қоғоздаги “Синтагма майдони” деган ёзувни кўрсатди, барибир фойдаси бўлмади, такси ҳайдовчи пинагини бузмай, сақич чайнаб ўтираверди, унга ҳеч нима таъсир қилмайдиганга ўхшарди, у гўё адашиши мумкин эмасдек, тўғри йўлдан кетаётганига ишончи комил эканини намойиш этиш учун беғам-бепарво ўтиргандек туюларди, охири ҳаммаси жойида, қўрқманг, дея уни хотиржам қилди, бу ҳам етмагандек ортига ўгирилиб, be happy, деди яна, пировардида ҳайдовчи аллақандай одам гавжум чорраҳада кескин тормоз босганда, йўловчининг томири тортишиб, қорнини чангаллаганча букчайиб қолди, ҳайдовчи эшикни очди ва сўлжайиб қўллари билан ишора қилди, мана, марҳамат, Синтагма майдони, ахир шу ерга деганмидингиз – у эса дастлаб таниш-билишлари қатъий белгилаб берган пулни узатди, ҳайдовчи пулнинг озлигини кўриб унга бақира кетди, елкаларидан ушлаб силтади, у энди машинадан тушган эди, бир тўда греклар келиб буларни қуршаб олишди, бирови у деди, бошқаси бу деди, хуллас, буларнинг ишига аралашиб икковини келиштириб қўйишди, минг лаънат, бу корчалонлар ҳам йўл ҳақини грек танишлари ҳисоблаб берганидан икки ҳисса кўпроқ ундириб беришди, аммо то шу чоққача юз берган лўттибозликлар жонига тегиб кетганидан, “тупурдим ўша Афинангизга!” деб бақирди у ўзини ўраб олган грекларга, аммо улар хафа бўлиш ўрнига унинг елкасига қоқиб, ишшайганча юпатишди, ҳаммаси жойида, no problem, юр, ундан кўра қиттак-қиттак оламиз биргаликда, сизлар билан биргами, кўзим учиб тургани йўқ, деганча у жингалак соч, мовий кўзли, назарида суюқ туюлган бу йигитлар чет эллик меҳмоннинг бор-будини қоқиштириб олиш учун эмас, балки такси ҳайдовчиси билан бўлиб ўтган можарода енгиб чиққанини ювиш, нишонлаш мақсадида чин дилдан таклиф қилишаётганига фаҳми етмай уларнинг қуршовидан чиқиб кетмоқчи бўлди, греклар эса ўзингни бос, ҳайдовчиларнинг бари бир гўр, уларга тушунтиролмайсан, улар юҳо-ку, пулинг тугул терингни ҳам шилиб олишади, айниқса, бунақа пайтда, ундан кўра юр биз билан, сал кўнглинг ёзилади, дея кўчанинг нариги бетидаги ҳозиргина ўзлари ўтирган рестораннинг олдига ўрнатилган ихчамгина столларни кўрсатишиб, унинг елкасига қоқиб қўйишди, бироқ у шунчалик қўрқиб кетган эдики, жомадонини ола солиб орқа-олдига қарамай сон-саноқсиз машиналар қалашиб ётган чорраҳа томон югурди, унинг кўзига ҳеч нарса кўринмасди, кўчани кесиб ўтаётганида машинанинг тагига кириб кетиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмай, кетма-кет янграётган сигналларга ҳам аҳамият бермади, ваҳоланки, кўчанинг нариги тарафига ўтиб олгунча, уч маротаба машина уриб кетишига оз қолди – яхшиямки, қўлидаги жомадон енгил эди, лекин енгил бўлгани билан барибир эмин-эркин юришга халал берарди, уни яна Худо асради, югуриб кетаяпти-ю, кўнглида танишларга қўнғироқ қилсамми, қаердайкин улар, ёрдам сўрасамми, деган ўй-хаёллар ғужғон ўйнайди, қўнғироқ қилиш қаерда, бояги такси ҳайдовчиси бор пулини олиб қўйди-ю, ярамас, қўнғироқ қилишга нақд пули бўлмаса, шунинг учун у тўхтаб, шинаванда грек йигитлари томонга бир илинж билан қаради, улар бундан чамаси беш-ўн дақиқа аввал еб-ичишган ресторан олдидаги столларга бориб ўтиришганди, шу ўтиришда улар йўлтўсар-юлғичга ҳам, ўғри-фирибгарга ҳам ўхшамасди, шу боис бироздан кейин сал ўзига келгач, уларнинг олдига бориб, маслаҳат сўрашга қарор қилди, алоҳа, шундай хаёл билан йўлни кесиб ўтиш учун бир-икки қадам юрди, у кўп нарсани тушунмасди, рўпарадаги светофорнинг яшил чироғи ёниб тургани билан ўзига, ён-атрофидаги йўловчиларга алоқаси борми-йўқми – билмасди, ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак экан, чунки зум ўтмай яна чалкашиб кетди, яшил чироқ ёниб тургани билан, машиналар оқими тўхтай демасди, баҳайбат юк машинасидан қочаман, деб орқасига тисарилган эди, қоқилиб йиқилишига оз қолди, бу ҳам етмагандек ўқдек учиб келаётган одам тўла автобус уни туртиб юборай деди, светофорнинг яшил чироғи ўчиб, бир дақиқадан кейин қайта ёнганида у тўрт-беш нафар йўловчиларнинг панасида эсон-омон ўтиб олди, ҳеч кимга эътибор бермай, ресторан айвончасида беташвишгина мусаллас ичиб ўтирган ҳалиги йигитлар даврасига бориб қўшилди, унинг қайтиб келишига ишонган эканми, йигитлар дўстона кутиб олиш тугул, ёнларига таклиф этиб, битта қўшимча стул келтириб беришди, ҳаммасининг юзида боя айтмадикми, бирон қарорга келишдан аввал, энг яхшиси, ақлни пешлаш учун бир стакан мусаллас ичиб олиш керак эди, деган ифода зуҳр этарди, улар нима ичасиз, пивоми, мусалласми, деб сўрашди, э, йўқ, дея рад этди у, мен, яхшиси, қаҳва ичаман, грекча қилиб дамласин, улар официантни чақириб қаҳва буюришди, шу асно гурунг қизиди, грек йигитлари унчалик ёш эмас – ўттиз-ўттиз бешларда эди, инглизчани яхши билишгани билан таффузлари бироз ғалати экан, ўзининг талаффузи ҳам ҳавас қиларли даражада эмасди, шунга қарамай улар бир-бирларини яхши тушунишарди, гапга берилиб кетганиданми ё бир ташвиши аригани учунми, қаерда кимлар билан ўтирганини ҳам унутиб, тили ечилиб, қаердан ва нима мақсадда келгани, бу дунёнинг ишлари кўнглига зиғир ёғдек ургани, кейинги пайтда ҳатто ўзига ўзи ёқмай қолганлари, хуллас, Афинага бориб келсамми деб аҳд қилганлари ҳақида бир бошдан оқизмай-томизмай айтиб берди, лекин очиғини айтганда, у анча йиллардан буён чиндан ҳам Афинани бир бориб кўришни орзу қиларди, йигитлар индамай бош қимирлатиб тинглаб ўтиришди, ҳеч ким унинг гапини бўлмади, гапдан гап чиқиб бу янги танишлари, кутиб олиш учун аэропортга чиқмаган “дўстлари”га қўнғироқ қилиш ва уларни излаб топиш ниятидан уни қайтардилар, хўп, майли, бир сабаб туфайли кечиккан бўлишлари мумкин, нега у ҳолда Эрми кўчасининг чорраҳасида эрталаб соат тўққизда кўришамиз, деган сўзларида турмай, ҳалиям келишмади, ҳозир тўққиз қолиптими, ундан кўра биз билан қол, модомики, тақдир тақозосига кўра учрашиб қолган эканмиз, бу бежиз эмасдир, нима бўлади сизлар билан қолсам, дея қизиқсиниб сўради у, бирон таклифингиз борми, нима, таклиф, греклар бир-бирига қараб олишди, унинг саволига кулгилари қистади, қанақа таклиф – ҳеч қанақа таклиф йўқ ҳозирча, мана шу ерда ўтирганимиз етмайдими, пиво, мусаллас ичиб ўтирибмиз-у, бу таклифга кирмайдими, унинг соддалигидан мийиғида кулиб қўйишди, кечадан бери шу ерда дам олиб ўтирибмиз, ҳеч ким ҳеч нарсани ўйламайди, пулинг бўлса бас, ҳаммаси ўз-ўзидан чиройли таклифга кираверади, деди ўзини Адонис деб таништирган новча йигит, тўғрисини айтганда эс-ҳушли, ёқимтой йигитлар экан, у грекча дамланган қаҳвани ичгач, дафъатан агар уларнинг таклифига рози бўлиб, шу ерда улар билан бирга қолса, Афинани томоша қилиш нима бўлади, деб ўйлади, ахир бу томонларга шунинг учун келган эмасми, ҳозиргина шу фикрини айтганда нега ҳаммалари маъноли кўз уриштириб, индамай ўтиришди, у чинданам ажабланди, шунинг учун яна кўнглидаги ниятини айтди, қани, нима дейишаркан, бирон янги таклиф эшитармиканман, деб умидланди, Афина тўғрисидаги бунақа гаплар таниқли рассомга мўйқалам нималигини тушунтиришга уринишдек гап, тўғрими, Иоргос, деди йигитлардан бири, унинг сўзлари негадир ўзини Жорж деб таништирган йигитга ҳам ёқмаганлиги сезилди, у қўл силтаб, ҳафсаласи пир бўлган одамдек, буни қара, Афинани томоша қилмоқчиман эмиш, Афинанинг нимасини томоша қилади – ҳайронман, деди-да, кружкасини шарт кўтариб қолган пивони ичиб юборди, йигитнинг гапларида қандайдир алам, норозилик бор эди, аммо нега Иоргос бунақа деяпти, деб дабдурустдан сўролмади, кейинроқ, соҳилдаги қумлоққа чиқариб ташланган балиқлар, беозор, ёқимтой ялқовлар, дея таърифлади уларни ичида, аммо улар билан бирга ўтириш ёқаётгани, ўзини бемалол, эркин тутишига шу кўнгли тоза йигитлар сабаблигини тобора чуқурроқ ҳис қиларди, зотан, бу туйғунинг ёмон жиҳати ҳам бор эди, бу хавфли, домига тортиб кетса қутулишнинг иложи йўқ хатарли машғулотга ўхшайди, тўғрироғи, бекорчидан Худо безор – кун бўйи ўтириб, уларнинг фалон эстрада гуруҳи наригисидан яхшироқ деганини эшитиш, ўтган-кетганни аланг-жаланг қилиб кузатиш, шу иссиқ ва қўланса ҳавода Синтагма майдони ва унга туташ кўчаларда у ёқдан-бу ёққа ғизиллаб ўтаётган сон-саноқсиз машиналарни томоша қилиш, бўлар-бўлмас, кераксиз, пуч ҳангомалардан чарчамай, оғизга келган майда гапларни дудланган, ёғсиз, шўр балиқнинг думини чайнагандек тамшаниб, такрорлашлар жонига тегиб кетмагани-чи буларнинг деб ўйларди у, агар ҳозироқ шартта ўрнидан туриб кетмаса, ўзи ҳам шу ботқоққа ботиши мумкинлигидан чўчиди, ана унда кеч бўлади, орзу қилган ҳаётидан бутунлай маҳрум бўлади, кейин… у кутилмаганда ўрнидан турди-да, жиллақурса болалигидаги энг ардоқли, азиз орзуси – Акрополни бир марта бўлсин кўриши шарт эканлигини маълум қилди, бир вақтлар ўлсам ҳам бораман деган эдим, мана, ёшим ўтганда насиб қилибди, энди кўрмасам бўлмайди, шунинг учун узр, деди, ана холос, демак, лоақал Акрополни кўрсанг бўлди экан-да, дея кўзини қисди Адонис, қисқаси, Акрополь, пичинг қилди Иоргос, ўзинг биласан, дейишди охири улар, биринчи келишинг экан, кўрганинг маъқул, ўта бемаънилик, деди Иоргос, мен ҳам фикрингга қўшиламан, деди Адонис, бўпти, борақол, фақат гапимга қулоқ сол, деди буларнинг орасида ўтирган биттаю битта қиз – уни Эла дейишарди – манави дардисарни кўтариб юрмай, шу ерга қўйиб кетавер, мабодо, зарур бўлиб қолса, келиб сўрасанг, олиб беришади, мабодо, биз йўқ бўлсак… ҳозир, шошмай тур, қани у, Эла атрофга аланглади, Маниопулоснинг олдида бўлса керак, деди Иоргос, Маниопулос деганлари сотувчи бўлиб, кичкина дўкончада компьютернинг эҳтиёт қисмларини сотаркан, пардани кўтариб ишора қилишганди, унинг гумаштаси келиб жомадонини олиб кетди, хоҳлаган пайтингда келиб ўша боладан оласан, шундан сўнг унга йўлни кўрсатиб юборишди, жазирама иссиққа қарамай улар нима учундир пиёда боришни таклиф қилишганига у ажабланди, бироқ уларнинг айтишларича, биринчидан, ҳозир сайёҳлар кам ва қолаверса, шаҳарнинг эски қисмидаги Плака мавзесини йўл-йўлакай томоша қилиб бориши мумкин эмиш, қайси томондан борса қулайроқ эканини Иоргос ҳижжалаб тушунтирди, ҳатто тушунтираётганда қўли билан кўрсатиб турди, ҳаммалари ресторанга дарҳол кириб кета қолмай, унинг ортидан қараб туришди, у кўчанинг нариги томонига ўтиб, Плаканинг тор жинкўчалари оғзигача борди-да, ўгирилиб қўл силкиди, бунга жавобан улар ҳам дўстона хайрлашдилар, у енгил хўрсиниб қўйди-да, йўлга тушди, бир зумгина юраги ҳаприқди, негаки, у айни дақиқаларда кўпдан-кўп орзулари ичида ҳамиша оҳанрабодек ўзига жалб этиб келган маъво – Акрополь остоналарида турарди, бир кўрсам армонда қолмасдим, дея кўнглидан ўтказди ва болалигида рангли китоб саҳифаларида кўриб хотирасига муҳрланиб қолган хира суратлар кўз олдидан ўта бошлади, бир жиҳатдан хурсанд бўлдики, бояги йигитлар унинг қатъияти олдида чекиндилар ва йўлдан қайтара олмадилар, агар чини билан айтса, бир замонлар тасаввур қилган Акрополь аслида хаёлий, юксак, ҳаприқтирувчи эмас экан, шекилли, ҳозир бошқачароқ кўринмоқда эди, ахир у Акрополнинг бунчалик катта масофани эгаллаб олганини билармиди – билмасди, биноларини қаранг, Пропилея йўлагини айтмайсизми, Пантеон ибодатхонаси қандай муаззам ва улуғвор экан, греклар теменос, деб атайдиган Афинадаги табаррук масканлар силсиласининг беназир маҳобати ва кўламини ҳикоялар, хотира ва суратлар орқали тасаввур қилиб бўлмас экан, нафсиламрини айтганда бу суратлар ва ҳикоялар Акрополнинг буюклиги ҳақида ҳеч нарса демас экан, Акрополь кўламининг ўзиёқ тасаввурга сиғмаяпти, уни мана шу нарса ҳайратга солди, у сэндвич сотиб олди, қорни очганлигидан нархи нега бунақа қиммат эканини суриштириб ўтирмади, муздек коланинг нархидан одамнинг, айниқса, сайёҳнинг кўнгли озарди, нима деган гап бу, қорни очса очибди – нима бўпти, шунга ҳам ота гўри қозихонами, муҳими, уни ҳозир бошқа нарса ташвишлантира олмасди – жазирамага қарамай, Акрополга тобора яқинлашиб келаётган эди, айни чоқда мана шу нарса ҳаммасидан муҳимроқ ва аҳамиятлироқ эканини ҳис қиларди, яна озгинадан кейин Ники ва Эрехтеон ибодатхоналарини, охири ёдгорликларнинг гултожи бўлмиш беназир Пантеонни ўз кўзи билан кўради, қисқаси, тез орада у Акрополнинг энг юқорисига кўтарилади, бу унинг доимий орзуси бўлиб келган, греклар 2439 йил аввал қурган, қуриш қаёқда, яратган буюк обидаларни тезроқ кўриш илинжида юраги ҳаприқа бошлади.
У Плака мавзеига кириб борганида, боя айтишганидек сайёҳлар кўп эмасди, у шунча юриб нари борса, саксон-тўқсон чоғли сайёҳни учратди, рўпарадан келаётган сайёҳлар гуруҳи уни айланиб ўтганда у хурсанд бўлди, бир ўзи томоша қилади – ҳеч ким халал бермайди, сўнгра у Флесса кўчаси бўйлаб кетди, нотаниш шаҳар – адашиб қолиши ҳеч гап эмас, боши гангиб Эрехтеон кўчаси бўйлаб юрган яхшими, ёмонми – иккиланиб турди-да, ҳар эҳтимолга қарши тўғри кетаверди, Стратонос кўчасидан Фроззилоно кўчасига бурилгач, кутилмаганда кенг, одам гавжум Дионис Ареопагита шоҳкўчасидан чиқиб қолди ва шунинг баробарида юксакда виқор билан қад ростлаб турган Акрополга кўзи тушди, тепалик шу чоққача тор кўчалар аро бир он кўриниб қолаётган эди, бироқ лошланиб турган бутун маҳобати ила энди яққол кўзга ташланди, бу умрида илк бор ниятига эришиши мумкинлигидан дарак берарди, бошқасининг нима кераги бор, ахир у Акрополь остоналарида-ку, бундай неъматдан баҳраманд бўлиш арафасида нечук қувонмасин, қуёш аёвсиз қиздирарди, катта кўчада қатнов ўта хавфли, соат ўн-ўн бирлар бўлса керак, лекин аниғини айтолмайди, чунки соати ҳали самолётдаёқ тўхтаб қолганди, вақтида батареясини янгиламаганининг оқибати, энди бунинг қизиғи ҳам йўқ, дея хаёлидан ўтказди у, мен манзилга етиб келган бўлсам, у сайёҳларнинг шубҳали даражада камлигидан ҳайрон бўлди, уларнинг сафи тобора сийраклашарди, бироқ бу ҳам унинг дилидаги завқни, ғайратини сусайтирмади, аксинча, руҳи юксалиб бораётгандек туюлди, ахир, мана, ўнг томонида Акрополь қад ростлаб турибди, эртами-кечми, ўша ерга олиб чиқадиган сўқмоқни топади, бунинг учун бутун тепалик этагини айланиб чиқишдан эринмайди, бунга бардоши етади, минг қилса ҳам топади, у шундай хаёллар билан ўзига ўзи далда берарди, аммо йўл ҳали-вери тугай демас, аксига олиб иссиқ ҳавода қандайдир бадбўй ҳид кучайиб борарди, кўчанинг шовқини қулоқни қоматга келтиради, у энди биринчи рўбарў бўлган одамдан у ерга қандай борилади деб сўрашни дилига тугиб қўйган маҳал бирдан оҳактош плиталар билан мустаҳкамланган илонизи йўлга кўзи тушди, бу илонизи сўқмоқ тепасида аллақандай қоровулхона бор экан, у ўша ёққа чиқиб борди, қараса, қоровулхона эмас, чиптахона экан, ўн икки евро тўлайсиз, дейишди, у жаҳл билан қўлини пахса қилиб дағдаға қила бошлаган эди, олти еврога туширишди, шу тариқа у олти еврога чипта олиб, ичкарига кирди ва бошини тепага кўтариб қаради: демак, мана Акрополь қанақа экан, бироқ ўша заҳоти қуёш нуридан кўзи қамашиб, бошини қуйи солишга мажбур бўлди, кўз олдидан қора-жигарранг доғлар бир неча сония кетмай турди, кўзларига дам бериш учун офтоб нури тушмаётган ерга қарамоқчи бўлди, бироқ ҳаракати зое кетди, чунки оёғи остидаги мармартош ярқираб, унда акс этаётган нур чақиндек кўзларига санчилди, зина пиллапоялари оқ мармардан ишланган бўлиб, унинг орасидан биронта майса ёки гиёҳ ўсмаган эди, у Акрополга элтгувчи асосий дарвозахона остонасида эканини биларди, холос, бундан чиқди, сўл томонида Пинокотека деб аталмиш суратлар галереяси, ўнг қўлда эса мудофаа минораси, ундан юқорироқдаги майдонда тўрт устунли Ники ибодатхонаси жойлашган бўлиши керак, буни у Акрополь харитаси орқали эсида сақлаб қолганди, илгари кўрмаган, қаерда кўради, у тўхтамасдан кетаверди, кўзларини очолмай, зина панжарасини ушлаб чиқиб борар экан, ўзини ўзи юпатарди, майли, ҳечқиси йўқ, вақтинчалик шундай, лекин зинапоя тугагач, бирон дарахт соясида нафасимни ростлаб оламан, кейин сал ўзимга келгач, бу ерга қайтиб тушаман-да, Пропилея йўлагини яхшилаб томоша қиламан, дея хаёл қилди, шунинг учун тўхтамай кетаверди, кетаверди, лекин Пропилеядан ўтгач, юриш янаям қийинлашди, сабаби, обида бошдан-оёқ оҳактошлардан иборат қояга қурилган эди, пастга эниб кетган йўл ҳам кўзни оладиган оҳактош бўлаклари оралаб ўтганди, бундан чиқди, ўша донғи кетган Акрополь бошдан-оёқ яхлит, тап-тақир тошлар устига қурилган экан-да, деган хулосага келди ва шу асно мудраб қолишдан қўрқиб, киприк қоқмай илгарилаб бораверди, қуёш тандирдек қиздирар, боши, елкаси, қўл-оёқлари, аъзойи бадани, қўйинг-чи, ичу таши куярди, чидамай қаёққа боради, фақат бир нарсани у кутмаган эди, ана шу нарса уни гангитиб қўйди, бу қуёш нурининг мармартошларга тушиб қайтаётган шуъласининг акси эди, буни у асло кутмаганди, билмаганлиги туфайли бундан сақланиш чоралари ҳақида ўйлаб ҳам кўрмабди, қаердан билсин, қачонки, биронта йўлланма, санъат тарихи бўйича ёзилган биронта тадқиқотда огоҳлантирилмаган бўлса, Акрополь тепасида қуёш шунчалар ярқироқ нур сочадики, кўзи нозиклар, албатта, эҳтиёт чораларини кўриб қўйиши зарур деб очиқ-ойдин огоҳлантиришса асакалари кетармиди, мана шунақа кўзи нозиклардан биттаси ҳеч қандай чора кўрмаган, оқибатда ҳозир ҳам бирон нарса ўйлаб тополмади, чунки қўлидаги жомадонидан бўлак ҳеч вақоси йўқ, билганда ўзи билан бир нималар олган бўларди, шу пайт жомадони шаҳарда, Маниопулос деган йигитда қолгани лоп этиб эсига тушди, қуёш ҳам аксига олиб аёвсиз ўт пуркамоқда, теварак-атрофда тангадек соя берувчи на дарахт, на шийпон, на девор бор, қуёш нақ бошдан урарди, бутун бошли Акрополь оташда қовурилаётгандек эди, Худонинг марҳаматини қарангки, у шимининг орқа чўнтагида дастрўмоли борлигини эслаб қолди ва ўшани олиб кўзига босди, аммо қўлрўмолчанинг оппоқ энлик ҳошияси кўзига малол келди, ана шунда у қўлрўмолчаси устидан кафтларини босиб турди, бирон-бир салқин соя ер чиқиб қолар, ўлдими, деган умидда яна олға юрди, алоҳа, у болалигидан кўришни орзу қилган Акрополь бўйлаб борар эди, шу нарса маълум бўлдики, эру хотин немисларни ҳисобга олмаганда бу масканда ундан бошқа тирик жон йўқ эди, бу немислар ҳам анча нарида, Пантеонда эди, ана ўшалар пухта иш қилган экан-да, деб ўйлади у, саёҳатга чиқишдан аввал тайёргарлик кўришгани сезилиб турибди, бошларида иссиқда киядиган соябонли, сув ўтказмайдиган махсус бош кийим, кўзларида қора кўзойнак, елкаларида рюкзак, рюкзакнинг ярим очиқ оғзидан бир литрли минерал сувнинг идиши кўриниб турарди, сув идишни эслаб унинг ташналиги ортди, лекин нима билан қондиради бу истакни, ваҳоланки, бу йўлларда на тамаддихона, на муздек ичимликлар дўкончаси бор эди, қисқаси, Акрополда Акрополдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди, бу вақтга келиб унинг тоқати тоқ бўлаёзганди, шунга қарамай бир замонлар Афинага ҳайкал ўрнатилган ерга етиб келди ва Эрехтеон томонга юрди, у кўзи ожиз одамлардек тимирскиланиб борар, юқорига қараш тугул, жиллақурса, бир борагина кўз қирини ташлай олмасди, ҳоли келмасди, мабодо, шундай қилса кўзлари ёшланарди, яхшиямки, ҳали оғриқ сезмаяпти, ҳаммаси Эрехтеонга етиб келганида бошланди – кўзлари қуриб, ёруққа қаролмай қолди, у обидага киролмади ва ҳатто бир қур кўз югуртириб чиқолмади ҳам, чунки пурвиқор устунли айвон жуда баландда бўлиб, у ёққа чиқишнинг сира иложи йўқ эди, у ноумид бўлиб атрофга аланглади, ана шу лаҳзада кўзлари ачишиб оғриди, қоя тепасида ҳали у ерда, ҳали бу ерда баҳайбат ўймакор тоштахталар ётарди, бу тоштахталар археолог Дёрпфельд олиб борган қазилма ишлардан қолган Афина меҳробининг қолдиқлари эди, яна ким билсин, лекин ҳар ҳолда кўзларини амаллаб очиб қараганида шу нарсаларни кўришга муяссар бўлди, дафъатан унга маъбудлардан бирининг раҳми келдими, Эрехтеоннинг орқа тарафида ўсган бир дарахтни илғади, эй Худойим-ей, дарахт, Акрополнинг басир мухлиси шу заҳотиёқ ўша томонга ошиқди, лекин етиб бориб дарахт танасига елкаси билан суяниб, кўзларини очишга уринган эди, ҳеч қандай ўзгариш сезмади, сабаби, бу ерда ҳам қуёш нурлари кўзини очирмади, бу кичкина, қуриёзган зайтун дарахти эди, пояси нозик, тепасидаги заиф шохлари ҳамда бутоқларини базўр кўтариб турганга ўхшарди, қуёш нурларини тўсиши мумкин бўлган япроқлардан деярли нишон йўқ, у ҳайрон бўлиб оёқлари остига қараганди, бу дарахт мадор бўларли соя солмаслигини пайқади ва эй, Худо, унинг ахийри бир нарсага фаҳми етди: нимани деб келган бўлса, ўша нарсани кўролмас экан-да, ў-ў, дея алам билан ўйлади у, Акрополнинг кўламини билиш ҳеч қачон насиб этмаслиги тугул, шу ерда бўла туриб ҳам Акрополнинг ўзини кўриш насиб этмас экан, бироқ маъбудлар унга юпанч учун дарахтдан ташқари Эрехтеоннинг шимолий дарвозахонаси деворларини ҳам тайёрлаб қўйган эди, зеро, куннинг шу қисмида деворнинг қуюқ сояси нажотбахш эди, у орқа-олдига қарамай, ўша ерга югурди, эр-хотин немислар бу ерга аллақачон етиб келишган, уларнинг қиёфасида қувонч балқир, ўзлари бардам ва тетик кўринарди, эри фотоаппаратга янги плёнкани жойлаштириш билан машғул, икки ёноғига қуёш расмини чиздирган хотини эса суратга тушишга ҳозирланарди, иккови ҳам жасадли, бақувват ва соғлом эди, нимаям қилардик, дея кўнглидан кечирди у, бунақаларга Худонинг марҳамати чексиз, уйида бўлганида у бундай шаккок хаёлларга бормасди, зотан, маъбудлар уни четда қолдиришмагани хаёлига келмади, ахир у қандай қилиб бу аҳволда шунақа оғир ва узоқ йўлни босиб ўтди, унга бунчалик сабр-бардош, куч-қувватни ким берди, ким йўл кўрсатди – йўл четидаги белгилар, кўрсаткичларми, йўл-йўлакай оғрий бошлаган, ачишган кўзларини қандай қилиб оча олди, кимнинг шарофати билан, тўғри, минбаъд тўғри, бу ердан туриб қараганда, қадимги Акрополь деб аталган осори атиқадан Парфенон ибодатхонаси устунларининг пойдеворларидан бошқа ҳеч вақо кўринмасди, умр бўйи мана шу манзарани кўриш орзусида яшадими, бу ерда қандайдир англашилмовчилик бор, унинг аччиғи чиқди, умидлари пучга чиққанини у сира тан ололмади, немислар суратга тушишни давом эттириш учун Парфенонга кетишди, у эса Эрехтеон деворлари остидан бир қадам жилса нималар бўлишини ҳис қилгани учун шу ерда қолди, шу ерда бироз бўлсин мизғиб олишни хаёл қилди, кун қайтгунча шу ерда дам олсам-чи, деб ўйлади, бироқ ўша заҳоти бу ўй-хаёллари хато эканини, минг қилса ҳам, барибир, соя-салқин бўладими, шабада эсадими, бир қултум сувсиз бу оташхонада узоқ қололмаслигини тушуниб етди, у бошини сарак-сарак қилди, сув ола келиш эсига тушмаганини қаранг-а, номард, дерди ўзига ўзи хаёлан, бир шиша сув кимни ўлдирибди, унинг мияси ғовлаб кетди, шу кераксиз хаёллардан ўзини чалғитиш учун деворга суянганча Парфенонни қурган меъморлар Калликрат ва Иктин ҳақида ўйлаб кетди, кейин мана шу санъат намунасига янаям кўрк бағишлаган Афинанинг улуғвор ҳайкалини тилла ва фил суягидан ишлаган ҳайкалтарош Фидий ҳақида ўйлади, у зўр бериб шу муқаддас маконни яхлит, тўлалигича тасаввур қилишга ва шу тариқа кўз олдида тўла гавдаланган табаррук қадамжо билан хаёлан хайрлашмоққа ва пировардида ғарб оламининг улуғ кашфиётини мана шу тахлит хотирада сақлаб қолишга уринди, ажабо, унинг юраги юмшаб, кўнгли бузилди, очиғи, у бемалол кўнглини бўшатиб олса арзирди, чунки биринчидан, орзу қилган маконга етиб келди, иккинчидан, йўқ, у етиб келган бўлса ҳам, орзулари амалга ошмаган эди.
Акрополдан тушиш ўта мушкул эди, шунинг баробарида бачкана, арзимас икир-чикирни, деб унинг бутун Афина билан боғлиқ интилишлари барбод бўлганини ҳис қилиш унданам оғир эди, у иккала кафти билан кўзларини пана қилиб олган кўйи, қоқилиб-суқилиб, оёқларини судраганча тушиб келар, чиптахона олдига келганда, мана шу қўққайиб турган шумшук тахта уяни яксон қилиб ташлашдан ўзини зўрға тийди, кўнглида бир дунё армон билан қуёш тобида жизғанак бўлиб ёнаётган сўқмоқдан гандираклаб пастга тушиб келар эди, ниҳоят гавжум, жўшқин ҳаёт қайнаётган серқатнов йўлга, Дионис Ареопагита кўчасига етиб келди, энди Акрополга сира қарагиси келмас эди, лоақал шу ерда, пастда кўзлари қуёш нурига хийла кўникди ва у ўзини бирмунча тетикроқ ҳис қилаётганига қарамай дилида келган йўлидан изига қайтиб бориб томоша қилишни давом эттиришга заррача рағбат уйғонмади, унга ҳеч нарсанинг кераги йўқ ва уни айни чоқда на Миллий музей, на Зевс эҳроми, на Дионис театри, на Агора майдони қизиқтирарди, очиғини айтганда, Афинаси ҳам, демакки, юқорига қараса, яққол кўзга ташланадиган Акрополи ҳам энди эътиборини жалб қилмасди, тупурдим ўша Акрополга, дея тўнғиллади у хаёли паришон бўлиб, бироқ кўрганлари бир рўё бўлиб чиққанидан афсус чеккани учун шундай деяётганини тушунди – аввалига у содир бўлган воқеалардан шу тариқа ўзи излаган ва кутган теран рамзий маънони топди, афсус, минг афсус, мағлуб бўлганида топди, ана энди беш-олти соат ичида барини мушоҳада қилиб кўргач ва тушуниб етгач, орзуларидан нега воз кечмоқчи бўлаётганини изоҳламоққа уринарди, бунинг маъноси энди-энди унинг шуурида ҳам ифодасини топмоқда эди, у оёғи остидан кўзини узмас, аъзойи бадани, айниқса, кўзидаги оғриқ тўхтамас, оёқлари қақшар, иккала товони қавариб, ҳар қадам босганда зирқирар, товони пойабзалига ботмасин, деб бармоқларини олдинга чўзиб оғирлигини гоҳ ўнг, гоҳ чап оёғига солар, бу ҳам камлик қилгандек, оғриқдан боши ёрилай дерди, қорни ҳам ўлгудек оч эди, ошқозони санчиб-санчиб қўярди, ахир қачондан бери туз тотмаётган бўлса – янаям чидаб келаяпти, у Дионис Ареопагита кўчасида судралиб борар экан, бу йўл унга янаям узоқ, чидаб бўлмас даражада узоқ туюлар, иложи борича юқорига қарамас, сабаби, юқорида – шу бугундан эътиборан ҳатто номини ҳам тилга олмаслик учун Акрополни шундай деб атарди – эртага ёки бугун кечки пайт қарашга арзигулик ҳеч нарса қолмаганди, у энди батамом тушуниб етгани шу бўлдики, қайтиб боргани билан рўёга айланган Акрополдан бошқасини тополмайди, бугун, бевақт, хосиятсиз кунда келиб қолди, умуман олганда, ўзи дунёга бевақт келди, нега туғилди ўзи, балки бошиданоқ ҳаммаси эгри-бугри йўлга кириб кетгандир, бугун ҳам, эртага ҳам нобоп кун эканлигини билиши, ҳис қилиши керак эди, чунки қулай кун истиқболда йўқ ва бўлмаслиги аниқ, зеро, илгари ҳам бўлмаган, бу йўлдан юқорига одамга ўхшаб чиқиш мумкин эмас экан, нега бурнини суқиб юрибди, бўлмаганга бўлишма дейи­шади ахир, у лабини тишлади, шошма-шошарликнинг оқибати шунақа бўлади, у ўзини койиди ва бошини қуйи солди, руҳи тушиб, лаънати пойабзалида товонлари ёрилиб, Акрополь этагида каловланиб юрарди, тонгда келиб қолган кўчага қайтиб бориши учун ҳам жуда узоқ юриши керак эди, кўчанинг номи Стратонос эди, кейин у Эрехтеос кўчасига ўтди, у ердан Аполлон кўчаси орқали Эрми кўчасининг чорраҳасигача икки қадам эди – мана, ниҳоят, у майдоннинг нариги томонида, эрталаб танишган йигитлар турганини кўрди-ю, кўзларига ишонмади, Эла деган қиздан бўлак йигитларнинг бари ўша ерда ўтиришарди, йигитлар ҳам уни пайқаб қўл силкишди, уларнинг кўриниши унга жазирама иссиқда эса бошлаган салқин шабададек таъсир қилди, юқорида шунча чеккан қийноқларидан кейин, хайрият, уларнинг ёнига қайтишнинг ўзи мўъжизадек туюлди, йигитларни кўрган заҳотиёқ юраги гуп-гуп ура бошлади, эрталаб бу йигитларнинг нимаси ёқиб қолганийкан унга, бекорга эмасдир, ҳа, уларнинг ҳеч нарса қилмасликлари, ҳеч нарсани истамасликлари, шунингдек, эҳтимол, кўнгилчанликлари манзур бўлгандир, дея ўйлади у улардан кўз узмай туриб, сўнг, чарчаш аломатими, жавоб тариқасида ҳорғин қўл силтаб қўйди, эрталаб улфатлари унга бирдек лутф қилишди, грекча қаҳва буюриб шу ерда улар билан ўтираверса бўлмасмиди, нима кераги бор эди бемаъни саёҳатнинг, бунақа кўнгилсиз тентирашдан кейин эрталаб қалбида жўш урган хоҳиш-истаклари ҳозир ўзига эриш туюлди, агар шу ерда қолганида эди, бунақа бетайин ишлар юз бермасди, нима қиласан ўзингни ўққа-чўққа уриб, ўтир қаҳвангни ичиб, ўтган-кетган қиз-жувонларни суқланиб томоша қил, у қаттиқ толиққанини ҳис этди, бундан буён нима қилишини у энди яхши биларди, янги танишлари билан бирга ўтиради, уларга ўхшаб хушҳол ва хушчақчақ кайфиятнинг қадрига етади, ейди, ичади, совутилган грекча қаҳвадан сўнг масъуд дамларга ичида шукроналар айтиб, кўзларини чирт юмганча ором олади, ҳушига келса пойабзалини ечиб, оёқларини узатиб ўтиради, биров мушугини пишт демайди, алоҳа, хаёлан ўзини ўзи аския қилиб тепада нималар рўй бергани ҳақида сўзлаб беради, ёзнинг қоқ ўртасида Афинага келиб, илк куниёқ жазирама иссиққа қарамай Акрополга чиққан ва у ерда ҳеч қанақа Акрополни кўрмаганидан ҳайратга тушган телба сайёҳ ҳақида кула-кула гапириб беради, ана шунисига доғман, деб ҳаммани кулдиради Иоргос, ростданам телба, яна нима деб аташ мумкин уни, қўшимча қилади Адонис, қуёш тиғида Акрополга чиқаётиб қора кўзойнак олишга фаҳми етмаганига ўлайми, деганда йигитлардан бир-иккитаси тиззасига шапатилаб ўрнидан туриб кетади, шуларни хаёлида тасаввур қилар экан, эҳтимол, у мана бундай жавоб беради: саёҳатга қора кўзойнаксиз чиққанининг сабаби – кўзойнак орқали томоша қилинган Акрополь бу энди Акрополь эмас, унинг гапидан энсалари қотган йигитлар ачиниб қарашади ўзларича, ана шуларни ўйлаб турган пайтида йигитлар қўл силтаб, йўлдан ўта қолмайсанми тезроқ, чўзиб ўтирасанми, бўлақол, деб қичқиришди, у соғ-саломат шу ерга, салкам қадрдон бўлиб қолганлар олдига етиб келганидан қувонганича ҳовлиқиб нариги тарафга ўтиш учун югурди ва ўқдек учиб келаётган машиналар оқими орасида қолди, катта тезликда келаётган юк машинаси уни уриб, мажақлаб кетди.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2015 йил, 8-сон