Ласло Бёти. Иқрор (ҳикоя)

Мамлакат шарқида жойлашган N шаҳарчасини биласизми? Билмасангиз, ўкинманг сира, ўкинишга арзимайди. Бунақа шаҳарлар тиқилиб ётибди, ҳаммаси бир гўр, гугурт қутисидек бир хил. Биттаю битта кўчаси ёзда билқ-билқ тупроқ, қишда, айниқса, қишнинг охирлари – февраль ойида лой, балчиқ, марказий майдонида учта черков қад ростлаган, учта пивохона эртаю кеч очиқ, кинотеатри олдидан нуқул одам аримайдиган файзсиз шаҳарчани кўз олдингизга келтиринг. У ерларда доим диққатинг ошади… юрагинг сиқилади…
Мен ана шунақа шаҳарчада узоқ яшадим. Лекин сиз мени мутлақо танимаганингиз учун, бу масканда яшаб, қанчалар қийналганларимни тасаввур ҳам қилолмайсиз. Дарвоқе, гап мен ҳақимда эмас, демак, менинг шикоятларим ноўрин. Бахтимга, у ердан кўчиб кетганимга анча бўлган. Мен мана шу овлоқ, нообод маконда учратиб, ҳамон унутмаган чинакам инсон ҳақида ҳикоя қилиб бермоқчиман. Негалигини ҳозир тушуниб оласиз.
У оддийгина инженер эди. Исмини айтганим билан бирон нима ўзгариб қолмайди. Биз у билан жуда иноқлашиб кетдик, нима сабабдан шундай бўлганини ҳозир ҳатто эслолмайман. Нафсиламрини айтганда, мен аслида одамлар билан чиқишиб кетолмайдиганлар тоифасиданман. Шунинг учунми, нари борса уч-тўртта ўртоғим бор, холос – улар ҳам уйланиш иблис ўйлаб топган кашфиёт, деб ҳисоблайдиган ашаддий эски бўйдоқлар. Улар кўпинча аёллар наслининг тузоқларидан қандай ҳийла-найранглар билан қутулиб қолганларини гапириб мақтаниб юрадилар. Лекин инженернинг бенуқсон оиласини кўриб ҳавасим келганида, баъзан, ўттиз йил муқаддам бир қизни… ташлаб кетиб, жуда катта хатога йўл қўймадимми, дея ўйлаб қоламан… Э, нимасини айтай, энди фойдаси борми эслашдан. Ўтди-кетди, қайтиб келмайди барибир. Қолаверса, ўзим ҳақимда эмас, инженер ҳақида ҳикоя қилиб бераман, дегандим шекилли.
Хуллас, менинг танишим йўл қурилиши бошқармасида етакчи мутахассислардан бўлиб, олиб борилаётган ишлардан доим кўз-қулоқ бўлиб туриши лозимлиги учун шу шаҳарчанинг ўзида истиқомат қилар эди. Ташқи кўринишидан у оддий, бўш-баёв, ўрта бўй, ўттиз бешга чиққан, кўзойнакли, сочларига оқ оралаган йигит эди, ўзининг соҳасини сув қилиб ичиб юборганидан ташқари ўта билимдон, бунинг устига камтар ва хушмуомала – нимасини айтасиз, том маънодаги зиёли киши эди. Янаям соддароқ айтадиган бўлсам – ҳақиқий инсон эди.
Икковимиз ҳам “ижтимоий таомил” деган нарсани ёмон кўрардик. Биз доимо бирон ерда кўришиб, суҳбатлашиб ўтирардик ва очиғи, (чунки мен ҳам ўзимга яраша ниманидир билар эдим) бир-биримизни жуда яхши тушунар эдик. Мен инженер дўстимнинг уйига деярли ҳар куни борардим. Яшириб нима қиламан, шоирлар васф этгувчи “ошиён” нималигини ўша ерда ҳис қилдим. Инженер, унинг ёшгина малласоч рафиқаси ҳамда дўмбоққина қизчалари ҳавас қиларлик даражада аҳил ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришар эди. Уйда осойишталик, хотиржамлик, ўзаро ҳурмат ва якдиллик ҳукм сурарди. Тўғриси, бу хонадонга келиб, ёлғизлигимни унутар эдим, бир кунлик ҳаётим менга олам-жаҳон таъсир этарди, бунинг ўрнини бошқа ҳеч нарса босолмасди.
Мен уларнинг дўсти эдим, деб бемалол айта оламан. Фақат тан олишим керак, қадрдон дўст деб билишмасди, шекилли. Чунки инженер оилавий шароити, турмуши ҳақида сира гап очмасди. Ёлғон бўлмасин, фақат бир марта, ўшандаям тасодифан юз берган воқеа туфайли бироз кўнглини очган эди. Мен ана ўша воқеа ҳақида гапириб бермоқчиман.
Апрелнинг охирлари, ҳаво бирам ёқимли, гўзал эди. Эҳтимол, мана шунинг таъсирида қулфи-дилимиз очилиб кетган бўлса ажаб эмас.
Мен кечки пайт инженернинг уйида овқатландим. Еб-ичиб бўлгандан кейин ҳам туриб кетмай дастурхон атрофида ўтиравердик. Одатдагидек ўтган-кетганни эслаб, ҳазиллашиб ўтирдик. Кўп ўтмай рафиқаси столни йиғиштирди-да, қизлари билан ошхонага чиқиб кетди.
Инженер билан ёлғиз қолдик. Каминда сўнгги ўтинлар ёниб тугамоқда эди, аланганинг шуъласи қуюқлашиб бораётган оқшом қоронғисида одамга алоҳида хаёлий бир кайфият бахш этарди. Биз бир неча дақиқа аланганинг жилвакор ўйинига мафтун бўлиб томоша қилдик. Менинг кўнглимдан ўтмиш билан бугунги кунни боғлашга ундовчи фикрлар кечарди, ҳаяжонланардим, пировардида сўзлар қуйилиб, менинг ихтиёримсиз тўлиб-тошган юрагимдан тўкила бошлади. Мен ҳаётимнинг маълум дамлари ҳақида гап очдим; бу воқеалар йигирма яшар йигитча учун фожиа эди, қолаверса, кейинги ўн йил давомида хотира сифатида ёлғиз ўша дамларда кўрган-кечирганларим хаёлимда муҳрланиб қолганди. Бир вақтлари жисму жонимга ўт қўйган воқеалар бугун азобламасди. Ундан кейин адоқсиз ҳасратларимни биров эшитаяптими, йўқми, менга фарқи йўқ эди. Мен бу эски, сийқаси чиққан, лекин ўзим учун ҳамон ёқимли қиссани сўзлаб бераётгандим, чунки бу менинг бошимдан ўтган тарих эди. Нима десам экан, сиз бунга ўхшаган воқеаларни минглаб ўқигансиз китобларда, сон-саноқсиз одамларнинг бошига тушган: бой-бадавлат аслзодалар оиласи… латофатли, ҳуснда тенги йўқ қиз… камбағал йигит… Яширинча учрашишлар… ҳадик ва хавотир ичидаги бўсалар… ота-оналарнинг тақиқлари… айрилиқ… “Ҳеч қачон!”, “Бир умр!” деган қасамлар… Охирида эса… тамом…
“Шу тариқа ҳамон бўйдоқман, – дея ҳикоямни тугатдим мен, – ўшандан буён уйлангим келмайди – хоҳламайман, тамом-васалом!”
Сўнгги сўзларни қандайдир кибр-ҳаво ва ясама ҳаракат билан қўшимча қилдим. Кейин, нафасимни ростлаб: “Лекин сиз билан танишгач эса…” дея давом эттирдим.
Мен тўхтаб, бироз тин олдим. Яна у оилавий бахтимга ҳавас қилаяпти, деб ўйлаб юрмасин… Орага жимлик чўкди. Инженер оловдан кўз узмай, чурқ этмай ўтирарди. Охири лаблари: “Биз билан?” дея пичирлади.
Унинг бу сўзлари алланечук ғалати, жуда ғалати оҳангда чиқди. Бу саволда кутилмаган бир нима бор эди, гўё мана шу икки сўздан иборат жумла замирида алам ва мусибат яширин эди. Мен лом-мим демадим. Биз ноқулай бир сукунат бағрида индамай ўтирардик, дафъатан инженер гўё уйқусираган одам уйғониб кетгани каби керишди-да, бир нима деб ингради, сўнг тамаки олиб тутатди ва бошидан ўтган воқеани ҳикоя қилишга киришди. Аввалига у шошилмасдан, худди керакли ва таъсирчан сўзлар излаётгандек тўхтаб-тўхтаб гапираётган бўлса, бора-бора тобора равон ва таъсирли оҳангда сўзлай бошлади: “Демак, сенинг назарингда мен гўзал ва бахтиёр ҳаёт кечиряпман экан-да?.. Эҳтимол, шундайдир… Лекин бахт, деганда биз нимани тушунамиз?.. Мен оиламни яхши кўраман, ишимдан кўнглим тўқ… одамлар билан муросаи мадора қиламан, нима ҳам дердим, бахт… мана шудир. Фақат бир пайтлар…”
У бир нарсани айтгиси келди-ю, лекин иккиланди, худди айтишини ҳам, айтмаслигини ҳам билолмай, боши қотган одамдек ўйга толди, охири, оғир сўлиш олди ва узуқ-юлуқ бошланган, пировардида тўхтай, деб қолган ҳикоя равон бир оҳангда давом этди: “Биласанми, талабалик давримда, мен ошиғу беқарор эдим. Ҳм, ошиғу беқарор эмиш, шунақаям аҳмоқона таъриф бўладими? Одам ё севади, ё севмайди – бу туйғунинг мезони, ўлчови йўқ. Фалсафа сўқимайман дейман-у, барибир беихтиёр… ўзим ҳам сезмай қоламан, мен инженерликка ўқирдим, у – тил ва адабиёт факультетида таҳсил оларди. У мендан бор-йўғи икки ёш кичик эди. Қаерда, қачон танишганимизни… эслолмайман. Талабалик даврида икки ёшнинг танишиб қолишидан осон иш борми дунёда?.. Хуллас, биз бир-биримизга кўнгил қўйдик.
Уни моҳитобон, соҳибжамол деёлмайман. Курсдошларим ҳатто менинг хушторлигимдан кулишарди. Лекин у қиз жуда бошқача эди, ҳеч кимга ўхшамайдиган бир фазилати бор эди. Кўнгилчан, қандайдир ўзига жалб этадиган оҳанрабоси бордек… мен буни тушунтириб беролмайман, ҳатто ўша пайтда ҳам тушунтириб беролмасдим.”
У кулимсираб қўйди.
“Мен инженерликка ўқирдим… Қисқаси, уни севиб қолдим, биргина мен эмас, кўпгина талабалар менинг кўйимга тушишган эди, лекин у мени танлади, ҳолбуки, ўша пайтда ҳам кўринишим бир аҳвол эди.
Биз тез-тез учрашиб турардик, бирга сайр қилардик, тўғрисини айтсам, адоқсиз суҳбатларимиздан биронта жумла эсимизда қолмасди, шарт ҳам эмасди, бу суҳбатлар бир баҳона эди, биз бир-биримизга тўймас эдик… яшириб нима қилдим, тотли бўсалардан бошим айланиб кетарди… Мен гўё осмонда юрардим, у мени севгани учунгина эмас, балки мендан кўра келишганроқ ёки ақллироқ бошқа йигитни эмас, айнан мени севганлигидан фахрланардим, бўлмаса қанча йигитлар унга ошиғу беқарор эди.
Икки йил шу тахлит давом этди, охири икковимиз ҳам Будапештдан кетадиган вақт етди. Кейинги ўқув йилининг бошланишини интизор бўлиб кутардим, кунларни санардим.
Бу жуда ғалати, мен шу чоққача ҳис қилиб кўрмаган туйғу эди! Мен ўша пайтда ҳам худди ҳозиргидек эдим, энди шеърлар ёза бошлаганимни тасаввур қил! Шеър, дейишга арзимас эди аслида. Бироқ унга манзур бўларди, улар ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмасди. Бундан бехабар курс­дошларим мени логарифмлар жадвалию ўзгармас миқдорлар дунёсидан бошқа дарди йўқ, деб ҳисоблашарди. Мен бўлсам ижод қилар, шеър ёзар, ёддан ўқиб юрардим… Уларни ёлғиз кўнглимни ром этган ўша дилбаргагина берардим, у эса, бу шеърлар биринчи бўсалар каби, фақат икковимизга тегишлидир, дерди.
Биз истиқбол ҳақида заррача ташвиш чекмасдик ҳали, шунинг учун бу мавзу бизга ёт-бегоналигича қолганди. Оила қуриш ҳақида гаплашиш хаёлимизга ҳам келмасди, шундай бўлиши табиий – қачон икки ёш бир-бирини севса, ўзгача бўлиши мумкин ҳам эмас, тўғрими?! Аввало мен дурустроқ иш топишим, у эса ўқишни тугатиб олиши керак эди. У истиқомат қилаётган талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонани яхши билардим, чунки унга кўплаб хат-хабар юборганман.
Дорилфунунни тугатган кезларим, мен бир ерда муқим яшамаганлигим туфайли хатларимга жавоб ёзиб юборишнинг иложи йўқ эди.
Муҳаббат вақт ва масофага тескари тарзда сусайиб боради, дейишади. Эҳтимол, бироқ бу менга тааллуқли эмас, мен бундан мустасноман. Чунки менинг ҳисларим камайиш тугул, заррача ўзгармади, балки кучайиб борарди, мен илгари уни қандай севган бўлсам, шундай севардим, фақат бунга бир қадар кўникиб кетдим, шекилли. Мен бу туйғу бир лаҳза бўлсин юрагимни тарк этганини эслолмайман. Қолаверса, унга шунчалик ўрганиб қолган эдимки, ҳар куни газета ўқиш, овқат ейиш, юз-қўлни ювиш сингари ҳаётимнинг бир қисмига айланиб қолганди. Ўйлашимча, агар одамлар тиш оғриғи билан туғилганда эди, ҳаётлари давомида ҳеч ким тиш оғриши мумкинлигига ишонмаган бўларди. Аксинча, агар оғримаса бунга бирон бир касаллик белгиси сифатида қараларди. Ғалати-а, тўғрими?”
У пашшани ҳайдаётгандек қўл силкитди.
“Яна фалсафа сўқияпманми?.. Нима деётгандим? Ҳа… Йиллар ўтди, мен ишга кирдим, у ҳақда ўйлаганим ўйлаган, ишончим комилки, у ҳам мен ҳақимда ўйларди. Кейин, эсингда бўлса, “олтин давр” деб ном олган юксалиш йиллари бошланди. Менга ўз юртимда яхши иш таклиф қилишди. Кўнглимдан шуни унга хабар қилиш фикри ўтди. Уни деярли билмаслигимни ана ўшанда англаб етдим. Унинг юз-кўзини жуда яхши эслайман – расм чизишни билганимда эди, расмини фотоаппаратдан ҳам тиниқроқ, аниқроқ қилиб чизиб бера олардим. Бироқ унинг тураржойини, туғилган манзилини билмасдим. Фақат туғилган шаҳарчасининг номини биламан. Кўчасининг номи, қайси уйлигини кўрсатмай хатни юборавердим. Табиийки, жавоб ҳам, мактубим ҳам келмади. Ўзим бориб қидиришга вақтим йўқ, битта-яримтасини ёллашга эса пулим йўқ эди. Мен тополмаслигимга кўзим етиб тақдирга тан бердим: ўзи шунақаман: курашиш зарур пайтда, жон-жон деб таслим бўлиб қўя қоламан.
Иттифоқо, газетада “Баҳор илҳомлари” танловига юборилган шеърларни ўқиб қолдим. Бундай танлов ўтказиш одат тусига кирган, энг яхши шеър­ларни саралаб газеталарда босишарди. Газетани қандай ўқишимни биласан… сидирғасига… Хуллас, учинчими, тўртинчими шеърдан кейин бирдан ўзим ёзган шеърга кўзим тушди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолдим. Янглишмоғим мумкин эмас – мен ўз шеърларимни ёддан биламан. “Иқрорнома” деган бу шеъримни беҳад яхши кўрар эдим…
Шеърни таҳририятга ким юборганини албатта топишим шарт эди. Агар у йўллаган бўлса, ниҳоят уни топаман. Бошқа одам бўлса-чи?.. Барибир нимадир ойдинлашади-ку!
Танлов шартларига биноан шеърлар муаллифи эълон қилинмаганди. Мен таҳририятга хат юбордим, кейин ўзим бордим, бироқ бош муҳаррир то танлов натижалари маълум бўлмагунча, шоирнинг исм-шарифи ҳамда тураржойи ошкор қилинмайди, деб туриб олди – айтишдан бош тортди. Ғолибни Ўрта Ер денгизи бўйларидаги мамлакатлар бўйлаб икки кишилик саёҳатга йўлланмалар кутмоқда эди. Яна беш-ўн кунга эмас, нақ икки ойга! Мени шаштимдан қайтариши мумкин бўлган йирик мукофот экан. Лекин мен ортга чекинмадим… Охир-оқибат, муҳаррир менинг мактубимни шеърни юборганга бериб қўйишга кўнди. Мен ўша заҳотиёқ ўтириб ёза бошладим. Ишқ дардида ўртанган юрак туғёни тўғонни ўпиришга қодир тошқинга ўхшайди. Мактуб асосан дил изҳори, ўтинч, гина ва яна изҳори муҳаббатдан иборат эди.
Хат жўнаб кетди. Мен икки ойча девонадек ёки телбакезик одамдек эс-ҳушимни йиғиштиролмай жавоб кутиб яшадим. Жавобга интизорман, лекин негадир қўрқаман – юрагим безиллайди: бекор қилаётгандирман, балки энди фойдаси йўқдир?! Ҳаётим ўзанига тушиб олган жилғадек бир текис оқяпти-ю… Эҳтимол, унинг турмуши ҳам изига тушиб кетгандир… Энди нима бўлади? Ҳаммаси остин-устун бўладими? Кутишга арзирмикан? Унақада мактуб жўнатмаслик лозим эди…”
Инженер дўстим бир нимани эслашга урингандек жим бўлиб қолди. Тамакисини кетма-кет тортди-да, бурқсиб ҳавога кўтарилаётган тутуннинг юқорига жимжимадор ўрлашини кузатиб хаёл суриб қолди. Мен сабрсизлик билан ҳикоянинг давомини кутардим, ҳатто: “Хўш, ўша эканми?” дея дағдаға қилишимга оз қолди. Лекин истиҳола қилдим. Инженер хўрсиниб ҳикоясини давом эттирди: “Икки ой ўтгач, жавоб хати келди. Конвертдаги таниш дастхатни кўриб юрагим қинидан чиқиб кетай, деди. Конвертни очишга, очиғи, юрагим дов бермай бир неча соат ўтирган бўлсам керак! Ҳа, бу ўша. Ўша, у – ўша! Таҳририятга шеърни ўша юборган экан, менинг шеър­ларимни табаррук хотиралар каби ҳамон кўз қорачиғидек асраб, ардоқлаб юрар экан. У мени унутмабди, ҳеч қачон унутмаса керак, у мени кутган, ҳатто ҳозир ҳам кутаяпти, мени чин кўнгилдан севади. Ҳатто бизникига келмайсанми, деб сўраяпти?”
Бўпти, майли, етар. Мен бу воқеанинг нима билан якунланганини биламан-ку! Албатта, толе ёр бўлган, кўрдим-ку уларнинг турмушини – бир сўз билан айтганда бахтли оила!
“Дўстгинам, бу ёғини айтмасанг ҳам бўлади. Ҳақиқий, чинакам ишқ-муҳаббат тарихи! Демак, охир-оқибат сен ўз ёрингни топдинг, севганинг ўзинг билан – ёнингда. Бундан ортиқ бахт борми дунёда, ошна?..”
Бутун ҳикояси давомида бир марта ҳам қарамаган инженер илк бор менинг кўзларимга тикилди. У яна тамаки тутунини ҳузурланиб тортди-да, ёниб битаётган каминга қаради. Қоронғилик қуюқлашди, менга унинг юз-кўзи аранг кўринарди. Мен нима учундир ўзимни беҳузур сезардим. Ҳозиргина жўшиб айтган дил сўзларим қуюқлашаётган қоронғилик қўйнига сингиб кетгандек эди. Мен яна сўз қотишга ботинолмадим, дўстим эса лом-мим демасди.
Шу вазиятда бирмунча вақт ўтирдик. Мен ҳозир ғаройиб бир ҳодиса юз берадигандек индамай кутардим. Ниҳоят, дўстим қаддини ростлади, ўчай деб қолган тамаки қолдиғини каминга улоқтирди-да, ҳирқираган овозда сўз қотди: “Мактуб… Ўша мактуб… У кеча келди”.

Рус тилидан Олим Отахон таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2015 йил, 8-сон