Карел Чапек. Игна (ҳикоя)

– Ҳеч қачон судга ишим тушмаган, – гап бошлади Костелецкай, – аммо сизга айтсам, ҳаммасидан ҳам менга улардаги синчковлик, арзимаган иш кўрилаётган бўлса-да, амал қиладиган ҳар хил расмиятчиликлар ва тартиблар ёқади. Бу одил судловга ишонч уйғотади. Фемиданинг қўлида тарози бор экан, у доришуносларникидай аниқ кўрсатадиган бўлиши лозим. Агар қилич урса, унга тиғдай ўткирлик ато этсин…
Шу муносабат билан кўчамизда юз берган бир воқеа эсимга тушди.
Машкова деган аёл дўкондан бўлка нон сотиб олди ва энди бир бурдасини ея бошлаган эди, енгилгина санчиқни ҳис этди. Бармоғини оғзига тиққан эди, у ердан… игна чиқди. Қоровул аёл ҳайратдан донг қотди, ке­йин эса “вой-дод” деб юборди: “Худойим-эй, ахир бу игнани ютиб юборишим мумкин эди-я, у эса ошқозонимни тешиб қўярди! Ҳаётим қил устида турган экан-а, мен буни шундай қолдирмайман! Қайси аблаҳ игна тиқиб қўйганини текширтириб билишим керак!”
Шундай қилиб, у тишланган бўлканинг ичидан чиққан топилмасини полицияга олиб борди.
Полициячилар дўкон эгасини сўроқ қилишди, унга бўлка етказиб берадиган новвой ҳам терговда бўлди, аммо табиийки, иккови ҳам игна меники, деб тан олишмади. Иш суд-тергов органларига оширилди, чунки сизга маълум бўлсинким, бу “енгил тан жароҳати етказиш” моддасига мос ткеларди. Суд терговчиси, у виждонан иш юритадиган ва бир нарсанинг тагига етмай қўймайдиган хизматчи эди, дўкончи ва новвойни яна бир бор сўроқ қилди. Улар қасам ичиб, ўзларида бўлкага игна тушиб қолиши мумкин эмаслигини айтдилар. Терговчи дўконга жўнади ва у ерда сотувда игна йўқлигини аниқлади. Сўнгра нонни қандай ёпишларини кўриш учун у новвойхонага борди ва хамир қандай тайёрланишини ҳамда пиширилишини, печь қандай қиздирилишини, бўлкага шакл берилишини, қолипга солиб, то пишгунига қадар томоша қилиб, туни билан ўтириб чиқди. Шундай услуб билан у мазкур жараёнда игналар қўлланилмаслигини аниқлади…
Нон пишириш қандай ажойиб иш эканлигини биласизми? Мен-ку болалигимда кўп кўрганман – чунки марҳум бобомнинг новвойхонаси бўларди. Нон пиширишда икки-учта қарийб илоҳий синоат мавжуд. Биринчиси, хамирни оширгани қўйганда. Уни тоғорага соладилар, у ерда, қопқоқ остида яширин ўзгариш амалга ошади, ун ва сувдан кўпчиган хамир пайдо бўлади. Кейин хамирни куракча билан аралаштирадилар – бу жараён маросим рақсларига ўхшайди – кейин хамирни канопдан тўқилган мато билан ёпадилар ва кўпчигунча ўраб қўядилар. Хамир улуғворлик билан кўтарилади, шишади, матони кўтариб, ичига қарагани юрагинг бетламайди – бу иккинчи сирли ўзгариш… Бу ҳаммаси, мен сизга айтсам, худди ҳомиладорлик сингари гўзал ва ажабланарли, менга ҳамиша хамирда аёлларга хос нимадир бордай туюлаверади. Учинчи синоат эса оч тусдаги ва юмшоқ хамир нонга айланадиган пишиш жараёнидир. Сиз печдан тўқ қизил, олтинранг нонни оласиз, унинг гўдакникидай ширин иси димоғингизга урилади. Бу шундай ажойибки, новвойхонадаги ана шундай ўзгаришлар пайтида, фикримча, ибодатхонадагидай, диний байрамдагидай, қўнғироқлар жаранглаши керак.
Ха, нима ҳақда гапираётгандим? Дарвоқе, терговчи боши берк кўчага кириб қолди; ишни ёпишга йўл қўйиб бўлмайди. У игнани олди-да, кимё институтига жўнатди. У ерда аниқлашсин-чи, игна бўлкага пишгандан олдин тушганми ёки кейин? (У илмий экспертизага муккасидан кетганди).
Институтда ўша пайтда профессор Угер исмли соқолли олим бор эди. Игнани олгач, у сўкиниб қўйди – суддагилар унга ҳар нарсани жўнатавераркан-да; яқинда шундай айниган ички аъзоларни жўнатишибдики, ҳидига мурда ёрадиган жарроҳ ҳам дош беролмади. Институт бу игнани нима кила олади? Аммо профессор мушоҳада қилиб, унга биласизми, илмий нуқтаи назардан қизиқиб қолди. Амалда эса, балки, деди у ўзига, хамирга солиб қўйса ёки бўлка билан пиширса, игнада қандайдир ўзгаришлар ҳосил бўлади, пиширганда ҳар хил физикавий-кимёвий жараёнлар юз беради, буларнинг бари игна юзасига таъсир қилиши – шаклини ўзгартириши ёки оксидланиши мумкин. Микроскоп билан тадқиқ этганда буни аниқлаш мумкин. Шундай қилиб, профессор ишга киришди.
Энг аввало, у бир неча юзта игна – янгиларидан тортиб, то озми-кўпми занглаганларича сотиб олди ва институтда бўлка пишира бошлади. Биринчи тажрибада у игналарни ачитиш жараёни уларга қандай таъсир этишини билиш учун хамиртурушга солиб қўйди. Иккинчисида янги қорилган, учинчисида кўпчий бошлаган, тўртинчисида эса кўпчиган хамирга тиқиб қўйди. Кейин у игналарни бўлкани печга қўйиш пайтида жойлаб қўйди. Сўнгра – пишириш пайтида ҳам. Кейин янги пишган бўлкаларга ва ниҳоят, совиганларига ҳам. Шундан сўнг айнан мазкур тажрибаларнинг назорат туркумлари янгитдан ўтказилди. Умуман, икки ҳафта мобайнида институтда фақат игнали бўлка пишириш билан шуғулландилар. Профессор, доцент, тўрт аспирант ва бир ходим ҳар куни хамир қорар ва бўлкачалар пиширар, кейин эса игналарни микроскоп остида текширишарди. Бунга яна бир ҳафта вақт кетди, ниҳоят, пировардида машъум игна пишган бўлкага тиқиб қўйилгани аниқланди, чунки у тайёр бўлкаларга тиқилган тажриба игналарининг хоссаларига тўла мувофиқ тушди.
Экспертизанинг ана шу хулосаси асосида терговчи игна бўлкага дўконда ёки новвойхонадан дўконгача бўлган йўлда тушган, деган хулосага келди. Ана шунда новвой ё тавба, айнан ўша куни бўлка ташийдиган шогирдини ишдан ҳайдаб юборганини эслади!
Болани чақириб келишди ва у хўжайинига қасдма-қасд бўлкага игна тиқиб қўйганини тан олди. Бола вояга етмаганлиги сабаб танбеҳ билан қутулди, новвойга эса эллик крон жарима солинди, чунки у ўз ходимлари учун жавоб бериши даркор. Мана сизга, одил судлов қандай пухта ва синчковлик билан ишлашига мисол.
Бироқ бу ишнинг яна бир томони бор. Билмайман, биз эркакларга бундай – иззат-нафс ва қайсарлик қаердан келади. Институтда кимёгарлар бўлкалар билан тажрибаларни бошлаганларида, улар нонни ҳақиқий новвойлардай пиширишлари кераклиги тўғрисидаги фикрни мияга қуйиб олгандилар. Дастлаб бўлкалар унча яхши чиқмади, хамири яхши пишмаган, ортиқча иштаҳа ҳам кўзғатмас эди. Лекин борган сари иш яхшиланиб бораверди. Ниҳоят, бу олимлар бўлкаларга кўкнор уруғи, туз ва зира сепадиган бўлишди, зувалани ҳам шундай ишлашардики, қараб ҳавасингиз келарди. Улар фахр билан институтларидаги каби бундай пиширилган ва иштаҳани очадиган бўрсилдоқ нонларни бутун Прагада топиб бўлмайди, деб гапирардилар.
– Сиз буни қайсарлик деб атайсизми, жаноб Костелецкий, – эътироз билдирди Лелек. – Менимча эса бу ерда спортга хос хусусият – ишни намунали бажаришга интилиш кўзга ташланади. Ҳақиқий эркак киши қиймати сариқ чақалик натижа кетидан қувмайди. Унга ўйиннинг ўзи, биласизми, мақсадга эришиш йўлидаги қизиқиш муҳим… Сиз буни арзимайдиган нарса, бу ишга дахли йўқ десангиз-да, битта мисол келтираман.
Мен ҳисобхонада ишлаганимда ва баъзан ярим йиллик ҳисобот тузганимда, айрим ҳолларда рақамлар бир-бирига тўғри келмай қоларди. Бир куни нақд пулдан уч геллер камомад чиқди. Албатта, мен ўша уч геллерни хазинага топшириб қўйишим мумкин эди, аммо бу нотўғри йўл бўларди. Ҳисобчилик нуқтаи назаридан бу спортчиларга хос ҳолат эмасди. Қайси ҳисобда хато қилинганлигини топиш зарур, ҳисоблар эса бизда ўн тўрт мингта эди.
Ва мен сизга айтсам, баланс тузишни бошлаганимда, ҳар доим қандайдир хатони топишни хоҳлардим. Ўшанда баъзан туни билан хизматда қолиб кетардим. Олдимга ҳисобчилик китобларидан бир уюмини қўярдим-да, ишга киришардим. Шунда устунларга сафланган рақамлар кўзимга жуда ажойиб, безаклардай гўзал кўринарди. Айрим ҳолларда устунлардан тик чўққига чиққандай юқорига кўтарилаётган, бошқа пайт улар орқали зинапоядан чуқур ерости кони тубига тушаётгандай бўлардим.
Баъзан ўша уч геллер ҳуркак ва ноёб ҳайвон бўлиб туюлар, ўзимни эса уни – ушлаш учун рақамлардан иборат чакалакзор орқали ўтиб бораётган овчидай ҳис этардим. Ёки изқуварман-у, муюлиш ортида туриб жиноятчини пойлаётгандай бўлардим. Ёнимдан минглаб одамлар ўтар, аммо мен муттаҳамни – ўша ёвузни – ҳисобот хатосини ёқасидан олиш учун ўз дақиқамни кутардим! Яна баъзида шундай туюларди: гўёки балиқчиман-у, қирғоқда қармоқ билан ўтирибман: ана-ана, пўкак қимирлади… э-ҳа, қўлга тушдингми, занғар. Аммо ҳаммадан кўп мен ўзимни тоғлар, водийлар бўйлаб, қалин маймунжон бутазорлари аро дайдиб юрган овчидай тасаввур этардим. Шундай лаҳзаларда ҳаракат ва кучнинг бу ҳиссидан ўзимни шу қадар енгил ҳис этардимки, гўё чиндан ҳам ажойиб саргузаштларни бошдан кечираётган бўлардим, ўз атрофимда ҳаяжонли эркинлик туярдим. Бутун-бутун тунлар бўйи уч геллер ортидан овга чиқардим, топганимда эса унинг арзимаган сариқ чақалиги ҳақида ўйламасдим ҳам. У ўлжа эди ва мен тантанавор ҳамда бахтиёр ҳолда ухлагани кетардим, этикларни ечишга улгурмаёк тўшакка думалардим. Бор-йўғи шу.

Рус тилидан Нурбек Абдуллаев таржимаси

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 4-сон