Карел Чапек. Шоир (ҳикоя)

Эрталаб соат тўртларда Житная кўчасида автомашина ширакайф кампирни уриб юборди, ҳайдовчи тезликни ошириб, кўздан ғойиб бўлди. Ёшгина полиция амалдори д-р Мейзлик олдида ушбу жиноятни очиш вазифаси турарди. Ёш полиция амалдорларининг ўз ишига нақадар жиддий ёндашиши эса ҳаммага маълум.
— Ҳм… — деди Мейзлик 141-рақамли полициячига. — Демак, сиз ўзингиздан уч юз метрча нарида автомобилни, ерда узала тушган танани кўрдингиз. Қани айтинг-чи, ишни нимадан бошладингиз?
— Дастлаб жабрланувчининг олдига чопиб бордим, — сўз бошлади полициячи, — чунки унга биринчи ёрдам кўрсатиш зарур эди.
— Аввал машинанинг номерини аниқлаш зарур эди, — тўнғиллади Мейзлик, — кейин кампир билан шуғуллансангиз ҳам бўлаверади. Лекин, мен ҳам, эҳтимол, шундай қилган бўлардим, — қўшиб қўйди у қалам билан бошини қашилар экан. — Демак, машина номерини пайқамадингиз. Бошқа белгиларини-чи?
— Менимча, — ишончсизлик билан деди 141-рақамли полициячи, — у тўқ рангда эди. Ё кўк, ёки тўқ қизил. Овоз пасайтиргичдан бурқсиб тутун чиқаётгани учун ҳеч нарсани кўриб бўлмади.
— О, худойим! — ҳафсаласи пир бўлди Мейзликнинг. — Энди машинани қандай қилиб топаман? Ҳар бир ҳайдовчини тўхтатиб, “Кампирни сиз уриб юбордингизми?” деб сўраб чиқаманми? Нима қилиш керак, айтинг-чи, қадрдоним?
Полициячи эҳтиром ва лоқайдлик билан елкаларини қисди.
— Ахборот беришга жазм этдим, мен бир гувоҳни рўйхатга олганман. Аммо у ҳам ҳеч нарса билмайди, қўшни хонада кутиб турибди.
— Олиб киринг, — хўмрайиб деди Мейзлик хом-хатала тузилган баённомадан бирон нимани илғаб олишга ҳаракат қиларкан, — исмингиз, турар-жойингиз? — кирган одамга одатдагидай мурожаат қилди у бошини ҳам кўтармай.
— Крамик Ян, механика факултети талабаси, — аниқ-равшан сўзлади гувоҳ.
— Сиз бугун эрталаб соат тўртларда номаълум машина Божена Махачковани уриб юборганлигининг гувоҳи бўлдингизми?
— Ҳа. Мен бунда ҳайдовчи айбдор эканлигини айтиб қўйишим керак. Ўзингиз ўйлаб кўринг, кўча бўм-бўш эди, у ҳеч бўлмаса чорраҳада тезликни пасайтирганда эди…
— Сиз ҳодиса содир бўлган жойдан қанча масофа узоқликда эдингиз? — унинг сўзини бўлди Мейзлик.
— Ўн қадам нарида. Мен ўртоғимни қаҳвахонадан кузатаётган эдим, биз Житная кўчасини кесиб ўтаётганимизда…
— Ўртоғингиз ким ўзи? — унинг гапини бўлди Мейзлик. — У ҳақда бу ерда ҳеч нарса ёзилмаган.
— Шоир Ярослав Нерад, — фахр билан жавоб қилди гувоҳ. — Бироқ сиз ундан ҳеч қандай маълумот ололмайсиз.
— Нега бундай дейсиз? — қовоғини солди Мейзлик, кичик бир хасга бўлса ҳам “ёпишиб олиш”ни кўзлаб.
— Чунки у шунақа фазилатли инсон. Бахтсиз ҳодиса юз бергач, у ёш боладай йиғлаб юборди ва уйига қараб чопди… Шундай қилиб биз Житная кўчасидан кетиб бораётган эдик, тўсатдан орқа томондан ниҳоятда катта тезликда машина учиб келди…
— Машинанинг номери?
— Кечирасиз, пайқамадим. Мен фақат тезлик ҳаддан ташқари юқорилигига эътибор қилдим ва ўзимча…
— Қайси турдаги машина эди? — сўзини бўлди Мейзлик.
— Тўрт тактли ички ёнув двигатели, — билағонлик билан жавоб қилди студент-механик. — Аммо қандай маркадалигини мен яхши ажрата олмайман.
— Кузов қанақа рангда эди? Машинада ким бор эди? Усти очиқми ёки лимузинми?
— Билмадим, — хижолатомуз жавоб қилди гувоҳ. — Ранги чамаси қора эди. Аммо, умуман олганда, мен пайқай олмадим, чунки ҳодиса юз берганда, мен ўртоғим томонга ўгирилиб: “Қара, қандай аблаҳлар-а, одамни уриб юборишди-ю, ҳатто тўхташмади ҳам”, деб гапираётган эдим.
— Ҳм… — норози оҳангда тўнғиллади Мейзлик. — Бу, албатта, табиий ҳолат. Бироқ мен сизни машина номерини пайқаган бўлишингиз керак, деб ўйлаган эдим. Одамларнинг кузатувчан эмаслиги ғоят ажабланарли. Сиз шофёр айбдор эканлигини тушундингиз, аблаҳ деган хулосага келдингиз, машина номерига эса батамом эътибор қилмагансиз. Мулоҳаза юритишга ҳамма уста, сезгирлик билан атрофни кузатишга келганда эса… Ташаккур, жаноб Крамик, сизни ортиқ ушлаб турмайман.
Орадан бир соат ўтгач, 141-рақамли полициячи шоир Ярослав Нерад ижарада турадиган уйнинг қўнғироғини босди.
— Уйда, — жавоб қилди уй соҳибаси. — Ухлаяпти.
Уйқуси чала қолган шоир полициячини кўриб, кўзлари қинидан чиқиб кетаёзди? “Нима иш қилиб қўйдим экан-а?” — деган фикр ўтди хаёлидан.
Ниҳоят, полициячи уни нима учун полиция маҳкамасига чақиришаётганини Нерадга тушунтиришга муваффақ бўлди.
— Албатта бориш керакми? — ишончсизлик билан сўради шоир. — Ахир мен барибир ҳеч нарсани эслай олмайман. Кечаси озроқ…
— Ширакайф бўлгансиз, — унинг сўзини давом эттирди полициячи. — Мен шунақа кўп шоирларни танийман. Кийиниб чиқишингизни илтимос қиламан. Унгача кутиб тураман.
Йўл-йўлакай улар қаҳвахоналар, умуман, ҳаёт ҳақида, фалакиёт тимсоллари, бошқа кўплаб масалалар ҳақида гаплашиб кетдилар; фақат сиёсатга тил теккизишмади. Дўстона ва сабоқсифат суҳбатга берилиб маҳкамага ҳам етиб келишди.
— Шоир Ярослав Нерад сизми? — савол берди Мейзлик. — Сиз номаълум автомобил Божена Махачковани уриб кетганлигига шоҳид бўлдингизми?
— Ҳа, — хўрсинди шоир.
— У қандай машина эканлигини айта оласизми? Усти очиқми, ёпиқми, ранги, йўловчилар сони, номери?
— Билмайман, — деди. — Мен буларга эътибор қилмабман.
— Биронта икир-чикир ёки тафсилотни эслашга уриниб кўринг, — маълумот олишга ҳаракат қилди Мейзлик.
— Нима деяпсиз! — ажабланди Нерад. — Мен ҳеч қачон тафсилотларни пайқамайман.
— Марҳамат қилиб айтинг-чи, сиз ўзи ҳеч нарсани пайқадингизми? — истеҳзо билан сўради Мейзлик.
— Шундоқ, умумий кайфият холос, — мужмал жавоб қилди шоир. — Биласизми нима, ўша узун, кимсасиз, тонготар пайтидаги кўча… Ерда ётган аёл танаси… Тўхтанг! — ногоҳ хитоб қилди шоир. — Мен ахир, уйга борганимдан кейин бу ҳақда шеър ёзгандим.
У чўнтакларини кавлаб, ҳисоб-китоб чипталари, конвертлар, ғижимланган қоғоз парчаларини ола бошлади.
— Бу эмас, йўқ, бу ҳам эмас… Ҳа-ҳа, мана шунга ўхшаяпти. — У конвертнинг орқа томонига ёзилган мисраларни ўқишга киришиб кетди.
— Менга кўрсатинг-чи, — менсимай таклиф қилди Мейзлик.
— Рости, бу жуда зўр шеър эмас, — камтарлик қилди шоир. — Аммо хоҳласангиз, ўқиб бераман.
У кўзларини юмиб, қироат билан ўқий кетди:

Тун пардасида саф тортганда уйлар,
Мандолинада тонг чалганда куйлар.
Қирмиз юзин очиб келар қизалоқ,
Олис Сингапурга кетгандай учиб,
Пойгачи автода руҳини қучиб…
Тўзонга қулаган узилган лола,
Орзу-умидлари сўнганди бешак.
Ирода, матонат, вайрон хотира,
Бахтсизлик бўлурми, бундан-да ўксик!
О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна!
Икки бесабр новда бепарвогина,
Ажал ноғорасин саварди дардли —
Фожиада инсон йўқотди қадрин.

— Бори шу, — якунлади шоир.
— Кечирасиз, буларнинг маъноси нима? — сўради Мейзлик. — Гап нима ҳақда кетаяпти ўзи?
— Қанақасига нима ҳақда? Машина туфайли юз берган ҳодиса тўғрисида-да. Наҳотки, тушунмаган бўлсангиз?
— Унчалик эмас, — танқидомуз сўз қотди Мейзлик. — Буларнинг ҳаммасидан мен англамоқчи бўлганим: ”Июл ойининг ўн тўртинчи кунида, эрталаб соат тўртда, Житная кўчасида қуйидаги рақамли автомобил маст ҳолатдаги олтмиш ёшли қашшоқ кампир Божена Махачковани уриб юборди. Жабрланувчи шаҳар шифохонасига жўнатилди, аҳволи оғир”, каби маълумотлар йўқ. Мазкур фактлар ҳақида, менинг пайқашимча, бир оғиз сўз йўқ. Ҳа-ҳа.
— Булар ҳаммаси юзаки фактлар, борлиқнинг хом-хатала тасвири, — деди шоир бурни устини қашлар экан. — Шеърият эса ички воқеликдир. Шеърият — шоир онгида туғилган эркин, сюрреалистик тимсоллардир, тушундингизми? Бу, мағзини чақиб англанадиган манзаравий ва сасли кўринишлардир. Шундай йўл билан уни тушуниш мумкин, акс ҳолда… — таъкид билан якунлади Нерад.
— Марҳамат қилиб, айтинг-чи, — хитоб қилди Мейзлик. — Хўп майли, қани, асарингизни беринг-чи? Раҳмат. Демак, бу ерда нима дейилган? Ҳм… “Тун пардасида саф тортган уйлар…” Нега саф тортган? Тушунтиринг-чи?
— Житная кўчаси, — хотиржам гапирди шоир. — Икки қатор уйлар. Тушундингизми?
— Нега энди Миллий проспект эмас? — ишонқирамай сўради Мейзлик.
— Чунки Миллий проспект бу кўча каби тўппа-тўғри эмас, — дадил жавоб берди шоир.
— Хўп, яна ўқиймиз: “Мандолинада тонг чалганда куйлар…”, тушунарли. “Қирмиз юзин очиб келар қизалоқ…” Узр, қизалоқ қаердан келиб қолди?
— Тонгги шафақ, — лўнда жавоб қилди шоир.
— Ҳа, ундай бўлса, кечирим сўрайман. “Олис Сингапурга кетгандай учиб, пойгачи автода руҳини қучиб…”
— Чамаси, ўша автомобилни тасаввурим шундай қабул қилган, — тушунтирди шоир.
— У пойгачи автомобилмиди?
— Билмайман. У қутургандай тез учиб кетди деган маънода. Худди дунёнинг нариги четига шошаётгандай.
— Ҳа-ҳа, яхши. Масалан, Сингапурга-а? Лекин нега айнан Сингапурга, худо ҳаққи?
Шоир елкаларини қисди.
— Билмайман, эҳтимол у ерда малайялар яшаши учун бўлса керак.
Шоир тутилиб қолди.
— Балки, машина жигарранг бўлгандир, — ўйланиб гапирди у. — У ерда жигаррангга оид нимадир бор эди. Акс ҳолда Сингапур қаердан келиб қоларди?
— Майли, — деди Мейзлик. — Бошқа гувоҳлар машина кўк, тўқ қизил, қора рангда эди, деб айтишди. Кимга ишониш керак?
— Менга, — деди шоир. — Мен тасвирламоқчи бўлган ранг кўз учун ёқимли.
— “Тўзонга қулаган узилган лола”, — ўқишда давом этди Мейзлик. — “…узилган лола” — нима бу, маст кампиршоми?
— Мен бу ҳақда бундай ёза олмас эдим-да! — афсус билан деди шоир. — У аёл киши эди, бор-йўғи шу. Тушунарлими?
— Ҳа-а! Мана бу-чи: “О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна!, Икки бесабр новда бепарвогина, ажал ноғорасини саварди дардли…” Хом хаёлларми бу?
— Қани кўрсатинг-чи, — деди энгашиб шоир. — Ҳмм… “О, оққушжон бўйни, қонталаш сийна! Икки бесабр новда… Ажал ноғораси…”, нима экан буларнинг маъноси?
— Мен сиздан худди шуни сўраяпман, — киноя билан сўз қотди полиция амалдори.
— Тўхтанг, — мулоҳаза қиларди Нерад. — Нимадир бор, бу тимсолларни ёдимга солган…
— Айтинг-чи, икки рақами оққушнинг бўйнига ўхшамайдими? Мана, қаранг.
Ва у қалам билан 2 ни ёзди.
— Ҳа, — энди қизиқиш билан хитоб қилди Мейзлик. — “Қонталаш сийна-чи?”
— Бу, ахир 3 рақами. У иккита чала айланадан таркиб топган. Шундай эмасми?
— Икки бесабр новда ва ажал ноғораси қолди! — тўлқинланиб кетди полиция амалдори.
— Икки бесабр новда, ажал ноғораси… — ўйларди Нерад. — Ажал ноғораси ва чолғувчи новдалар… Балки, у бешдир-а? Қаранг. — У 5 рақамини ёзди. — Қуйи доира ноғорага ўхшайди, устида икки новда, худди алифдай.
— Хўш, — деди Мейзлик варақда 235 рақамини ёзар экан. — Сиз автонинг номери 235 эканлигига ишонасизми?
— Номер? Мен ҳеч қандай номерни пайқамадим, — қатъиян қарши чиқди Нерад. — Лекин нимадир борки, мен шундай деб ёзганман. Менимча, шеърнинг энг муваффақиятли жойи шу бўлса керак. Сиз нима деб ўйлайсиз?..
Икки кундан кейин Мейзлик Нераднинг уйига кирди. Бу сафар шоир уйқуда эмасди. Ҳузурида бир қиз борлигидан, у полиция амалдорини ўтқазишга стул тополмай қолди.
— Мен бир лаҳзага холос, — деди Мейзлик. — Ўша автомашинанинг номери ҳақиқатан ҳам 235 бўлганлигини айтиб қўйиш учун кирдим.
— Қанақа автомашина? — ажабланди шоир.
— “О, оққушжон бўйни, қонталаш сийналар! Икки бесабр новдалар, ажал ноғорасин саварди дардли!” — тўхтамай хитоб қилди Мейзлик. — Сингапур ҳам тўғри ёзилган. Машина жигарранг тусда экан.
— Ҳа-ҳа! — эслади шоир. — Мана, кўрдингизми, ички воқелик нима дегани. Хоҳласангиз, икки-учта шеъримдан ўқиб бераман. Энди сиз уларни тушуна оласиз.
— Бошқа сафар! — шошилиб жавоб қилди полиция амалдори. — Яна шундай ҳодиса юз берганда-а, хўпми?

Рус тилидан Нурбек Абдуллаев таржимаси

***********************

ШОИР

Айтарли фожиа ҳам эмас. Тонгги соат тўртда Житной кўчасида катта тезликда келаётган машина сархуш кампирни уриб юборган ва яширинган. Ёш полиция нозири Мейзликка ана шу жиноятни очиш топширилган эди. Биласиз, ёш нозирлар ишга ўта масъулият билан ёндашадилар.
-Хў-ўш, – Мейзлик 141 рақамли миршабга юзланди. Демак, сиз ўзингиздан 300 метрча нарида шиддат билан қочаётган машинани кўрдингиз, ерда кампирнинг пажмурда гавдаси ётарди. Сиз энг аввал нима қилдингиз?
-Энг аввал жабрланувчининг ёнига югуриб бордим, -гап бошлади миршаб. – Унга биринчи тиббий ёрдам…
-Энг аввал машинанинг номерини кўриш керак эди, -унинг гапини шарт кесди Мейзлик. – Камприр ўлса ўлиб кетавермайдими? кейин кўрсатаверардингиз ўша ёрдамни… Шаҳсан, мен шундай йўл тутган бўлардим. – деди у қалам билан бош қашиб. – Демак, машина рақамини эслаб қололмадингиз. Бошқа бирор белги ёдингиздадир?
– Менимча, – ишончсизлик билан минғирлади миршаб. – машина жуда тўқ рангли эди. Кўк бўлиб кўк эмас. Тўқ қизил ҳам эмасди. Пуркагичдан қуюқ тутун чиқиб турувди. Ҳеч нарсани кўролмадим.
-Ё раббий, – зорланди Мейзлик. – Энди машинани қандай топаман? Бир камим “кампирни сизни туртиб кетмадингизми?” дея ҳайдовчима-ҳайдовчи югуриб юришим қолувди. А, айтинг, биродари азиз, шунақа қилайми энди?
Миршаб итоаткорлик ва мискинлик билан елка қисди:
-Ижозатингиз билан… мен яна бир гувоҳни қайд қилиб қўйганман. Лекин уям тайинли бирор нарсани билмайди. Нариги хонада ўтирибди.
-Олиб киринг, тундлик билан буюрди Мейзлик, ва протокол қоғозига ноком кўз тикди. – Насабингиз, турар-жойингиз, – қуруқ оҳангда гувоҳни сўроққа тутди кейин.
-Кралик Ян, механика куллиёти талабаси, – бурро-бурро жавоб қайтарди йигит.
-Сиз тонгги соат тўртда номаълум машина Божена Махачковани уриб кетганини ўз кўзингиз билан кўрдингизми?
-Ҳа, шуни айтишим мумкинки, бу ерда айб юз фоиз хайдовчида. Ўзингиз ўйланг, кўча деярли бўм-бўш эди. Орқасида бирор машина ҳам йўқ эди. Кампирни четлаб ўтса, ҳатто, кескин тормоз берса ҳам бўларди.
-Сиз воқеа жойида узоқдамидингиз?
-Ўн қадамча берироқда эдим. Мен ўз шеригимни… кафедан олиб чиқиб, уйига кузатмоқчи эдим. Житной кўчасидан ўтаётиб…
-Шеригингиз ким эди, – яна гапини бўлди нозир.
-Шоир Ярослав Нерад, соддаларча жавоб қайтарди гувоҳ. – Аммо, ундан бирор гап олишингизга кўзим етмайди.
-Нима учун?
-Нима учунки… у ғирт шоир-да! Нуқул хаёл суриб юради. Ўша машъум ҳодисани кўриши билан ҳатто йиғ0лаб юборди ва уйига чопиб кетди… Хуллас биз Житной кўчаси бўйлаб кетаётганимизда орқадин яшин тезлигида келаётган машина охирги тезликда…
-Машинанинг рақами?
-Узр, эътибор бермабман. Мен фақат унинг юқори тезлигини кўриб ўзимча айтдимки, ҳозир…
-Қанақа машина эди? – одатича чўрт кесди Мейзлик.
-Ички ёнув двигатели бор эди, – эслашга тиришди талаба. – Аммо, русуми эсимда қолмабди
-Кузовнинг ранги қанақа эди? Машинада ким кетаётганди? Усти очиқмиди?
-Билмадим, – елка қисди гувоҳ. – Ранги қора эди-ёв. Умуман олганда, эътибор бермабман. Чунки воқеа юз берган заҳоти ғазабим қайнади, шеригимга қараб айтдимки, “Одамларнинг аблаҳлигини қаранг, уришга урдинг, энди лоақал, тўхтаб ёрдам кўрсат.
-Ҳмм, норозилик билан афтини буриштирди Мейзлик. – Бундан ғазаблангнингиз яхши. Аммо, рақамни эслаб қолганингизда янада яхши бўларди. Одамларга ҳайронсан. Хулоса чиқаршига уста булар. Аммо, эътибор масаласида… Майли, жаноб Кралик, сизни ортиқча ушлаб туролмайман.
Бир соат ўтиб, 141-рақамли миршаб шоир Ярослав Нераднинг эшигини чертиб турарди.
– Уйда, ухлаб ётибди. – дея жавоб қайтарди уй бекаси.
Ҳозиргина уйғонгани билиниб турган шоир мудроқ кўзларини ишқалаб, миршабга хавотир билан тикилди: Унинг миясида “нима гуноҳ қилдим экан” деган ваҳима ўй айланарди.
Миршаб уни нима учун чақиришганини бир амаллаб тушунтирди.
-Албатта боришим шартми?- қўрқа писа савол ташлади шоир. – Барибир ҳеч нарса эсимда қолгани йўқ. Мен бир шоир одам бўлсам. Кечаси озроқ…
-…Тортгансиз, биламан, унинг чала гапини илиб кетди миршаб. – Сизга ўхшаган шоирларнинг кўпини танийман. Ичмаса илҳоми келмайди. Дарров кийиниб чиқинг, кутиб тураман.
Йўл-йўлакай улар қовоқхоналар, боғроғлар, ўт-ўланлар, қумурсқалар ҳақида гаплашиб боришди. Аммо, сиёсатга тил теккизишмади. Улар полиция идорасига келгунча анча чиқишиб ҳам қолдилар.
-Шоир Ярослав Нерад ўзларими? – сўради Мейзлик. – Сиз номаълум автомобил Божена Махачковани қандай урибю кетганини кўргансиз.
-Ҳа, – хўрсинди шоир бошини қуйи солиб.
-балки, сиз айтар қанқа машина эканини? Очиқмиди, ёпиқмиди?ранги қанақа эди? Ичида нечта одам бориди? Рақами қанақа эди?
Шоир эслашга тиришди:
-Билмайман, – деди бўшашиб. – эътибор бермабман.
-Ҳеч бўлмаса, эсингизда қолган майда-чуйда гаплар бўлсаям айтаверинг.
-Айтдим-ку, умуман, майда-чуйдаларга эътибор қаратмайман.
-Нимага эътибор қаратасиз, ўзи? Эсингизда нима қолган? – истеҳзо билан сўради нозир.
-Хуллас, умумий кайфият, – мавҳум товушда сўз қотди шоир. – Анув, биласиз-ку, ўша узуун кўча… тонг отиб келяпти… Ва ерда аёл кишининг гавдаси ётибди… Тўхтанг! – Шоир бирдан сапчиб тушди. – Ахир мен бу ҳақда уйга келиб шеър ҳам ёзганман-ку.
У киссаларини кавлаштира бошлади. Аллақандай ҳисоб варағи, букланган, эзғиланган, ғижимланган қоғозларни чиқариб қарай бошлади.
-Бумас, буяммас. Мана бу… йўқ… А, мана, топдим, – у шундай дея эски конвертнинг орқа тарафига битилган қинғиртоб ёзувларга мамнун кўз ташлайди.
Қани, бир кўрайлик-чи, – менсимайгина қўл узатди Мейзлик.
– Тўғриси, бундан ҳам яхши шеърларим кўп, Йўқ, сиз барибир тушунмайсиз, истасангиз ўзим ўқиб бераман. – У кўзларини чала юмганча қироат билан шеър ўқишга тутинди:

Саф тортган кулбалар боқар нигорон,
Тонг нафис торини чертарди унсиз
Малак сочин ёяр, Сингапур томон,.
Сиз учқур тулпорда учиб ўтдингиз.
Тўзон ичра титрар афтода чечак,
Қатъият, эҳтирос, ва эркдан холи,
Оққуш, оқ сийналар, ноғора, чўпак,
О, сиз қабоҳатнинг қаттол тимсоли!!!

-Бўлди, шу, – деди шоир виқор билан.
-Кечирасиз-у, ҳеч балони тушунмадим, – ажабланди Мейзлик. – Ўзи бу шеърингиз нима ҳақда?
-Нимасига тушунмайсиз? Ўша нохуш воқеа ҳақида-да! Ростданам тушунмадингизми?
-Унчаликмас, – норозилик билан бош чайқади нозир. Мен бу шеърингизда “Июлнинг 25-чисида, эрталаб соат тўртда, фалон рақамли фалон рангли машина маст ҳолатда кетаётган Божена Махачковани турби кетди, жабрланувчи фалон шифохонага олиб кетилди, унинг аҳволи жуда оғир” деганга ўхшаш гапларни учратмадим. Ахир бунинг нимаси шеър?
-Сиз шунчаки ташқи фактларни, қуруқ воқеликни назарда тутяпсиз, – бурнининг учини қашиди шоир. – Шеърият бу қалб эҳтиёжи, ботиний ҳақиқат, демак. Шеърият бу шоирнинг ички дунёсининг ёрқин лавҳалари. Бу ўқувчи қалбига кириб бориши мумкин бўлган манзаралар ва оҳанглар уйғунлиги, тушундингизми, – бўғилгудек бўлиб тушунтирарди шоир.
-Унда айтингчи… – Мейзлик ҳам броз қизишиб кетди. – Илтимос, ўша варағингизни беринг. Мана, сиз айтяпсиз, “Саф тортган кулбалар боқар нигорон”. Бу нима деганингз?
-Нимасига тушунмайсиз? Бу ўша – Житной кўчаси. Икки тарафида қатор уйлар саф тортган.
-Бўпти, майли, Энди буёғига қаранг, “Тонг нафис созини чертарди” Тонг, нима созандами сизга тор чертиб берса, Мантиққа қаарнг-а? Уям майли, “Малак сочин ёяр…” қанақа малак, қанақа соч.
-Сиз истиора. ташбеҳ деган нарсаларни тушунсизми? – тутақиб кетди шоир. -Тонг отаётганига ишора бу.
-Тавба, сочи бор тонгни энди эшитишим. Майли, “Сингапур томон сиз учқур тулпорда учиб ўтдингиз”. Ким учиб ўтди? Тулпор қаердан кеп қолди?
-Энди бу тулпор дегани машина!
-Қанақа машина?
-Ўша… кампирни туртиб кетган машина.
-Тушунарли. Лекин, Сингапур деганингиз… Нега энди Аргентинамас, Жазоир эмас-да, айнан Сингапур?
Шоир мужмал қиёфада бошини қийшайтирди:
-Билмадим, у ерда малайяликлар яшагани учун бўлса керак.
-бу ўринда малайларнинг нима дахли бор? А?
Шоир довдираб қолди.
-Машинанинг ранги жигарранг эди, шекилли, – деди бироз ўйлаб . – шу ўринда қанақадир жигарранг ўхшатиш керак бўлган. Эсимга лоп этиб, Сингапур тушиб қолган бўлса нима қилай.
-Хўш, – деди Мейзлик. – Демак, машинанинг ранги жигарранг бўлган демоқчимисиз? Бошқалар кўк, тўққизил, ҳатто, қора бўлганини айтишди.
-Мен рангларни яхши ажратаман, командир!
-”Тўзон ичра титрар афтода чечак”, – шеърнинг давомини ўқишга тутинди нозир. – Менимча бе урда шўрликка кампирни таърифлагансиз?
-Қанақа кампир, – ранжиди шоир. – Ҳеч замонда кампирни ҳам чечакка ўхшатадими?Мен рулда ўтирган аёлни назарда тутганман.
-Оҳо! Унда мана бу нимаси: “Оққуш, оқ сийналар, ноғора, чўпак”. Сиз айтган “манзаралар уйғунлиги” шуми?
-Қани, кўрай-чи, – ўзининг шеърига ишонқирамай бир қур кўз ташлаб олди. – Ҳа, “Оққуш. Оқ сийналар, ноғора, чўпак”. Хў-ўш! Бу нима дегани?
-Менам худди шуни билмоқчиман, мавлоно! – заҳарханда билан жилмайди нозир.
Шошманг-да, – бир зум тафаккурга чўмди шоир. – бу ифодалар ўзича пайдо бўлмагандир, Менга улар ниманидир эслатяпти. Айтингчи, икки рақами оққушга, тўғрироғи унинг бўйнига ўхшайдими? Мана қаранг. – У шундай деб ёзиб кўрсатди.
-Қойил, – кўзларини ҳайратдан пирпиратганича хтоб этди нозир. Унда анови “сийналар”ингиз.
-бу уч рақамига ишора. Мана, қаранг, – шоир уч рақамини ёзди-да, ёнбошига ағдариб кўрсатди. – Қаранг нимага ўхшайди? Қўш ҳандалакнинг ўзгинаси эмасми?
-Энди ноғора ва чўпак қоляптми, – ҳаяжонини яширолмай қичқирди Мейзлик.
Нерад яна бироз ўйлаб, қоғозга ноль ва бир рақамларини ёзди . Қоғозда 2301 рақамлари ҳосил бўлди. Мейзлик рақамларга ҳайрат билан тикиларкан, шоирга юзланди:
-Сиз машинанинг рақами айнан, 23-01 эканига ишонасизми?
-Рақам? – шоирнинг юзида ҳадик зуҳур этди. – Мен ҳеч қанақа рақам-пақамни билмайман. Лекин… шунга ўхшаш нарсаларг кўзим тушган бўлиши мумкин. Акс ҳолда мен бунақа деб ёзмаган бўлардим. Лекин ўхшатишлар зўр чиққан-а? Нима дейсиз?
Икки кун ўтиб, Мейзликнинг ўзи шоир Нералдни йўқлаб келди. Бу гал шоир уйғоқ эди. Унинг ёнида аллақандай чиройли қиз ҳам ўтирарди. Шоир нозирни ўтқизиш учун типирчилаганча стул қидириб қолди.
-Мен ҳозир кетаман, – деди Мейзлик уни хижолатдан чиқарши учун. – Битта гапни айтиб қўйиш учун кирувдим. Машинанинг рақами чиндан ҳам 23-01 экан.
-Қанақа машина?, – паришонхотирлик билан сўради Нерад.
-”Оққуш, оқ сийналар, ноғора, чўпак…”- иқтибос келтирди нозир. – Сингапур борасида ҳам ҳақ бўлиб чиқдингиз. Машина жигарранг бўлиб чиқди. Ҳайдовчиси ҳам аёл киши экан.
-Шунақами, – камтарона илжайди шоир. – Ана, ботиний ҳақиқат деганим шу бўлади. Хоҳласангиз, яна икки-учта зўр шеърим бор, ўқиб бераман. Эшитинг.
-Бошқа сафар, – жавоб беришга ошиқди полиция нозири. – Яна худди шундай воқеа юз бериб қолса, шеърингизни албатта, эшитаман!

Рус тилидан Рустам Жабборов таржимаси

********************

ШОИР

Оддий бир воқеа: Ғалла кўчасида эрталаб соат тўртда бир автомобил маст бир кампирни уриб кетди ва тезлигини ошириб зумда кўздан ғойиб бўлди. Бу автони топиш ёш полиция амалдори доктор Мейзлик зиммасига тушди. Маълумки, ёш полиция амалдорлари ўз вазифаларини бажаришга жуда жиддий киришадилар.
— Ҳм… — деди Мейзлик 141-рақамли полициячига. — Демак, сиз ўзингиздан уч юз метрча нарида тезликни ошириб қочиб кетаётган автомобилни ва ерда чўзилиб ётган одам жасадини кўргансиз. Хўш, нима тадбир кўрдингиз биринчи навбатда?
— Биринчи навбатда жабрланган аёлнинг олдига югуриб бордим, — деди полициячи, — унга биринчи ёрдам кўрсатиш учун.
— Даставвал машина рақамига эътибор қаратиш керак эди, — деб тўнғиллади Мейзлик, — ундан кейин шуғулланаверардингиз ўша хотин билан… Лекин, сирасини айтганда, ўзим ҳам шундай қилган бўлардим, — деб қўшиб қўйди у бошини қалам билан қашинаркан. — Демак, машина рақамини кўрмадингиз. Бошқа биронта аломатни пайқагандирсиз?
— Менимча, — деди 141-рақамли полициячи иккиланиб, — машина тўқ рангда эди. Ё яшил, ё тўқ-қизил рангда. Глушителидан буғ буркираб чиқаётгани учун, рақам яхши кўринмади.
— Ё тангрим! — деди Мейзлик ранжиган оҳангда. — Энди қандай топаман ўша машинани? Шаҳардаги ҳар битта шофернинг олдига бориб: “Кампирни босиб кетган сиз эмасмидингиз?” — деб сўрайманми? Қани, ўзингиз айтинг, азизим, нима қилсак бўлади?
Полициячи лоқайдлик билан елка учириб қўйди.
— Айтишга ижозат беринг, — деди у. — Мен бир гувоҳни топдим. Лекин у ҳам ҳеч нима билмайди. У қўшни хонада кутиб ўтирибди.
— Олиб киринг уни, — деди умидини узган Мейзлик маъюс оҳангда, сўнг хонага кирган гувоҳга бошини кўтариб ҳам қарамай сўради: — Фамилиянгиз ва турар жойингиз?
— Ян Кралик — механика факультетининг талабасиман, — деб аниқ жавоб қилди гувоҳ.
— Сиз бугун эрталаб соат тўртда номаълум бир машина Божена Махачковани уриб кетганини ўз кўзингиз билан кўрдингизми?
— Ҳа. Шуни сизга айтишим керакки, айб фақат шоферда. Ўзингиз бир тасаввур қилинг, кўча мутлақо бўм-бўш пайт, агар у муюлишда сал секинроқ юрганида…
— Фалокат юз берган ердан сиз қанча нарида турган эдингиз? — деб унинг сўзини бўлди Мейзлик.
— Ўн қадамча нарида. Мен оғайнимни кузатиб қўяётган эдим… Қаҳвахонадан чиқувдик. Икковимиз Ғалла кўчасидан ўтиб бораётганимизда…
— Оғайнингиз ким? — деб яна унинг сўзини бўлди Мейзлик. — Менинг рўйхатимда йўқ у.
— Шоир Ярослав Нерад, — мағрур оҳангда жавоб қилди гувоҳ. — Лекин у сизга ҳеч нима айтолмайди.
— Нимага энди? — деди бирон янгилик эшитиш илинжида бўлган Мейзлик хўмрайганча.
— Нимагаки, у… у… шоиртабиат одам. Бахтсиз ҳодиса юз берганини кўриб, худди гўдак боладек йиғлаб юборди ва уйига югуриб кетди… Шундай қилиб, биз Ғалла кўчасидан кетиб бораётган эдик; бирдан қандайдир машина бизнинг орқамиздан ўқдай отилиб чиқди-ю…
— Машинанинг рақами?
— Кечирасиз, кўрмадим. Мен фақат унинг шиддатли “ғув” этиб ўтиб кетганига эътибор бердим ва ўзимга-ўзим…
— У қанақа навдаги машина эди? — деб яна унинг сўзини бўлди Мейзлик.
— Ички ёнувли тўрт тактли мотор, — деди механик-талаба билимдонлигини намойиш қилиб. — Лекин машина маркаларини тушунмайман.
— Ранги қанақа эди? Машинада ким бор эди? Очиқ машинамиди ё лимузинмиди?
— Билмайман, — деди хижолат бўлган гувоҳ. — Ранги… қора эди шекилли. Лекин, очиғи, пайқамадим, чунки фалокат юз бериши билан мен дўстимга ўгирилиб: “Қара, қандай аблаҳ-а, одамни уриб юборсаям тўхтамади-я”, — деётган эдим.
— Ҳм… — деб тўнғиллаб қўйди Мейзлик. — Бу, албатта, табиий ҳол. Лекин машина рақамини эслаб қолсангиз яхшироқ бўларди. Тавба, нега одамлар синчков, кузатувчан эмаслар-а? Сиз айб шофёрда эканлигини аниқ биласиз, у одамларнинг аблаҳлиги ҳақидаги хулосангиз ҳам тўғри, лекин машина рақамига мутлақо эътибор бермагансиз. Мулоҳаза юритишни ҳамма ҳам билади, аммо теварак-атрофни синчковлик билан кузатишга келганда… Хўп, миннатдорман сиздан, жаноб Кралик, сиз бўшсиз.
Бир соатдан кейин 141-рақамли полициячи шоир Ярослав Нерад эшигидаги қўнғироқ тугмасини босди.
— У уйда, — деб жавоб қилди уй бекаси, — ухлаб ётибди.
Шоирни уйғотишди. У уйқули кўзини полициячига қадади-ю: “Нима иш қилиб қўйибман?” — деб ўйлаб қўрқиб кетди.
Полициячи Нерадга, уни нима мақсадда полиция маҳкамасига чақиришаётганини ахири бир амаллаб тушунтирди.
— Албатта боришим шартми? — деди шоир иккиланиб. — Бари бир ҳеч нима эслолмайман. Чунки кечаси мен бир оз ҳалигидай…
— Ширакайф бўлгансиз, — деди полициячи. — Тушунарли ҳол. Мен кўп шоирларни биламан. Илтимос, кийининг. Мен кутиб тураман.
Полиция участкасига кетатуриб улар йўлда қовоқхоналар, самовий мавжудотлар ва бошқа ҳар турли ҳаётий нарсалар тўғрисида суҳбатлашишди. Фақат сиёсат бобида чурқ этиб оғиз очишмади. Улар шундай дўстона суҳбат қурган ҳолда полиция маҳкамасига етиб келишди.
— Сиз шоир Ярослав Нерадсиз-а? — деб сўради Мейзлик. — Сиз номаълум бир машина Божена Махачковани уриб ўтиб кетганини кўрдингизми?
— Ҳа, — деб хўрсиниб қўйди шоир.
— У қанақа машина эди — айтолмайсизми? Очиқмиди, ёпиқмиди, ранги қанақа эди, нечта одам бор эди унда, рақами қандай эди?
Шоир астойдил берилиб ўйлай бошлади.
— Билмайман, — деди у. — Мен бу нарсаларга эътибор бермадим.
— Қандайдир арзимаган аломат ё тафсилот бўлса ҳам эслаб кўринг, — деб талаб қилди Мейзлик.
— Нималар деяпсиз? — деди Нерад таажжубланиб. — Мен ҳеч қачон ҳеч қандай тафсилотни эслаб қолмаганман.
— Ахир бирон нима эсингизда қолгандир? Илтимос, гапиринг, — деди Мейзлик.
— Шунчаки оддий кайфият, — дея мавҳум жавоб қилди шоир. — Кўз олдимда узундан-узун… хилват кўча… ғира-шира тонг отаётган пайт… Яна ерда ётган аёл… Шошманг! — деб у бирдан ўрнидан туриб кетди. — Мен бу ҳақда шеър ёзувдим уйга қайтгач.
У чўнтакларини кавлаб, ҳар хил конвертлар, ғижимланган қоғозлар чиқара бошлади.
— Бу эмас, буям эмас… ҳа-а. Мана у… шу шекилли, — деб у бир конверт орқасига ёзилган сатрларни ўқий бошлади.
— Қани, менга кўрсатинг-чи, — деб илтимос қилди ундан Мейзлик.
— Очиғини айтсам, бу шеърим унча дуруст чиқмаган, — деди шоир, камтарлик билан. — Лекин агар хоҳласангиз, ўқиб беришим мумкин.
Шундан кейин у кўзини шифтга тикканча шеърни қироат билан ифодали қилиб ўқий бошлади:

Ҳарир туман ичра саф тортмиш уйлар,
Тонг чалур навосин.
Қизаради қиз.
Кўзимга пойгачи авто туюлар.
Жўнайсиз Сингапур томон унда сиз.
Тупроққа қорилди маҳв бўлган гул.
Сўнди, унутилди эҳтирос чўғи.
О, оққушнинг гажак бўйни,
О, сийна,
Дўмбира ва чўплар —
фалокат туғи!

— Бор-йўғи шу, — деди шоир.
— Кечирасиз, бу сатрлар нимани билдиради? — деб сўради Мейзлик. — Нима ҳақда гап боряпти бу шеърда?
— Нима ҳақда бўларди? Машина содир қилган фалокат ҳақида, — деди ажабланган шоир. — Тушунмадингизми?
— Йўқ, — деди Мейзлик танқидий оҳангда. — Мен бу шеърий сатрларингиздан, шу йил ўн бешинчи июл куни эрталаб соат тўртда Ғалла кўчасида фалон рақамли автомобил сармаст бўлган олтмиш ёшли гадой хотин Божена Махачковани уриб кетгани, жабрланган аёл шаҳар касалхонасига юборилгани ва у оғир аҳволда эканлиги ҳақида ҳеч нима била олмадим. Мазкур далиллар ҳақида шеърингизда бир оғиз ҳам сўз айтилмаган.
— Ўша сиз айтган нарсаларнинг ҳаммаси зоҳирий далиллар, хомаки ҳақиқат, — деди шоир бурнини ишқалаб туриб. — Шеърият эса, бу доҳилий аниқлик. Шеърият — бу шоирнинг ҳиссиётида вужудга келган сюрреалистик образлардир, тушунасизми? Бу кўриш ва эшитиш ҳиссиётларини бир-бири билан боғловчи ассоциациядирки, ўқувчи воқеликни шу йўл билан идрок қилиши лозим. Ана шунда у шеърни тушунади, — деб таъна оҳангида якунлади ўз фикрини Нерад.
— Буни қаранг-а! — деди Мейзлик. — Хўп, яхши, қани, менга кўрсатинг-чи байтингизни. Раҳмат. Қани, хўш, бу ерда нималар дейиляпти?.. Ҳм… “Ҳарир туман ичра саф тортмиш уйлар…” Нима учун “саф тортмиш”? Изоҳланг-чи.
— Ғалла кўчаси, — деди шоир хотиржам оҳангда, — икки қатор бўлиб тизилган уйлар ўртасидан ўтган. Бу тушунарлидир?
— Нима учун, масалан, Миллий шоҳкўчани шундай таърифлаш мумкин эмас? — ишонқирамагандан сўради Мейзлик.
— Негаки, Миллий шоҳкўча Ғалла кўчаси сингари текис ва тўғри эмас, — деб жавоб қилди шоир.
— Яхши. Давом этамиз: “Тонг чалур навосин…” Бу тушунарли. “Қизаради қиз…” Кечирасиз, қиз қаёқдан пайдо бўлди?
— “Қиз” бу шафақ, — лўнда қилиб тушунтирди шоир.
— О, кечирасиз. “Кўзимга пойгачи авто туюлар, жўнайсиз Сингапур томон унда сиз” сатрларини қандай тушуниш керак?
— Эҳтимол, ўша автомобилни мен шундай тасаввур қилгандирман, — деб тушунтирди шоир.
— У пойгачи машинамиди?
— Билмайман. У шиддат билан жуда тез югуриб кетди. Худди дунёнинг нариги чеккасига шошилаётгандай.
— Яхши, тушунарли. Лекин “Сингапур”чи? Нега энди албатта “Сингапур”?
Шоир елка қисди.
— Билмайман. Балки у ер малайяликлар юрти бўлгани учундир.
— Бу ишга малайяликларнинг нима дахли бор? А?
Шоир гап тополмай қолди.
— Эҳтимол машинанинг туси жигарранг бўлгандир, — деди у ўйланиб туриб. — Унинг нимасидир жигарранг тусда бўлган. Йўқса, “Сингапур” қаёқдан пайдо бўларди?
— Ҳм, — деди Мейзлик. — Бошқа гувоҳлар у автони кўк, тўқ қизил ва қора рангда деб айтишувди. Кимга ишонай?
— Менга, — деди шоир. — Мен танлаган ранг кўзга яқин.
— “Тупроққа қорилди маҳв бўлган гул”, — деб шеърнинг давомини ўқиди Мейзлик. — “Маҳв бўлган гул” — бу бадмаст гадой хотин бўлса керак?
— Ахир уни шеърда сиз айтган сўзлар билан таърифлай олмасдим-ку! — деди ранжиган оҳангда шоир. — У аёл киши эди, вассалом. Тушундингизми?
— Ҳа. Мана бу: “О, оққушнинг гажак бўйни, О, сийна, Дўмбира…” — деган сўзларингизни қандай тушуниш керак. Эркин ассоциация дебми?
— Қани, кўрсатинг-чи, — деди шоир энгашиб, — ҳм… “О, оққушнинг гажак бўйни, О, сийна, Дўмбира ва чўплар…” Бу нима деганим экан-а?
— Мен ҳам шуни сўраяпман сиздан, — деб узиб олди уни полиция амалдори.
— Шошманг-чи, — деб ўйга толди Нерад. — Бундай деб ёзишимга албатта қандайдир сабаб бўлган… Айтинг-чи, оққушнинг гажак бўйни сизнингча икки рақамига ўхшамайдими? Қаранг.
У қалам билан 2 рақамини ёзди.
— А-ҳа! — деди энди қизиқа бошлаган Мейзлик. — Хўш, манави, “сийна” сўзи-чи?
— Ахир бу уч рақами-ку, у иккита дўмбоқликдан ташкил топган, шундай эмасми?
— Энди дўмбира ва чўплар қолди! — деди полиция амалдори ҳаяжонланиб.
— Дўмбира ва чўплар… — хаёлга толди Нерад. — Дўмбира ва чўплар… Менимча, бу беш рақами бўлса керак, нима дейсиз? Мана қаранг. — У 5 рақамини ёзди. — Рақамнинг қуйи томонидаги доира дўмбирага ўхшайди, унинг юқори қисми эса, иккита чўпдан иборат.
— Хў-ўш, — деди Мейзлик қоғозга 235 рақамини ёзаркан. — Автонинг рақами 235 бўлганига ишончингиз комилми?
— Рақам? Мен ҳеч қандай рақамни пайқамадим, — деб қатъий тарзда эътироз билдирди Нерад. — Лекин унда шунга ўхшаш нимадир бор эди, бўлмаса мен бундай деб ёзмаган бўлардим. Менимча, бу энг мақбул рақам. Сиз нима дейсиз?

Орадан икки кун ўтгач, Мейзлик Нераднинг олдига келди. Бу сафар шоир уйғоқ эди. Унинг уйида бир қиз ўтирган экан. Шунинг учун у полиция амалдорини ўтқазгани стул топа олмай сал безовта бўлди.
— Мен ҳозир кетаман, — деди Мейзлик. — Келишимдан мақсад — ўша автонинг рақами чиндан ҳам икки юз ўттиз беш экан. Шуни сизга айтиб қўймоқчи эдим.
— Қанақа авто? — ҳайрон бўлиб сўради шоир.
— “О оққушнинг гажак бўйни, О, сийна, Дўмбира ва чўплар!” — деб Мейзлик шеър сатрини шариллатиб ўқиди. — Сингапур масаласи ҳам тўғри чиқди. Автонинг туси жигарранг экан.
— Ҳа-я! — деб эслади шоир. — Ана, кўрдингизми, дохилий аниқлик қандай бўлишини? Хоҳласангиз, сизга яна бир-иккита шеъримни ўқиб бераман. Энди уларни тушунишингиз осон бўлади.
— Бошқа сафар! — деди полиция амалдори шошқалоқлик билан. — Агар яна шундай ҳол юз бергудек бўлса. Хўпми?

Қодир Мирмуҳамедов таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 12-сон.