Ўзбекистон–Европа Иттифоқи: муҳим битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди

Фото: ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси

Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (EPCA) бўйича музокараларни муваффақиятли якунлади. 6 июль куни Брюсселда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили/Европа комиссияси вице-президенти маҳкамаси раҳбари Педро Серрано ва Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов иштирокидаги маросимда мазкур битим музокарачилар томонидан дастлабки тарзда имзоланди.

Янги ҳужжат амалдаги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим (1996) ўрнига ишлаб чиқилган бўлиб, у икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кўзда тутилган.

ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси матбуот хизматига кўра, мазкур ҳужжат икки томонлама шерикликни фаоллаштириш учун замонавий ва мустаҳкам асос яратади, савдо-иқтисодий муносабатларнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини сезиларли даражада ислоҳ этади.

Амалдаги битим асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқалар, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек, интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади.

Янги битим эса сиёсий ҳамкорлик ва ислоҳотлар, минтақавий барқарорлик ва халқаро ҳамкорлик, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, можароларнинг олдини олиш ва инқирозларни бошқариш масалаларига эътибор қаратган ҳолда ташқи ва хавфсизлик сиёсатидаги алоқаларни кенгайтириш, маълумотларни ҳимоя қилиш, миграция, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризм, уюшган жиноятчилик, коррупция ва гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланишига қарши курашиш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик ва консуллик ҳимояси бўйича адолат, эркинлик, хавфсизлик, савдо-иқтисодий ва молиявий робиталар, энергетика, транспорт, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, рақамли иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги ва қишлоқларни ривожлантириш, бандлик ва ижтимоий масалалар, маданият, таълим ва ёшлар, илмий тадқиқотлар каби кенг кўламли йўналишларни ўз ичига олади.

Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича музокаралар 2019 йил февраль ойида бошланган эди. Ушбу давр мобайнида экспертлар, бош музокарачилар ҳамда ҳукумат аъзолари даражасида 10 босқичли музокаралар ва 150 дан ортиқ учрашувлар бўлиб ўтди.

6 июль куни Брюсселда Европа Иттифоқи–Ўзбекистон ҳамкорлик қўмитасининг 18-йиллик йиғилиши ҳам ўтказилди. Унда Европа ташқи ҳаракатлар хизмати бошқарувчи директори ўринбосари Люк Девин ва Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ҳамраислик қилди.

Томонлар ўтган йил давомида икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши ва келгуси истиқболларини кўриб чиқдилар. ЕИ Қорақалпоғистондаги сўнгги ҳодисалар масаласини кўтариб, ҳолатни имкон қадар тезроқ мустақил текширишга чақирди. Брюссель тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш муҳимлигини таъкидлади. Йиғилишда, шунингдек, Россиянинг Украинага бостириб кириши ва унинг минтақа ҳамда дунёдаги оқибатлари муҳокама қилинди. Учрашувда савдо-иқтисодий муносабатлар, жумладан, Ўзбекистоннинг ЕИнинг GSP+  тизимига аъзолиги, ЕИнинг Ўзбекистонни ривожлантириш стратегиясини қўллаб-қувватлаш, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари, конституциявий ислоҳот ва бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Қайд этилишича, ҳар икки томон 2022 йил ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи–Марказий Осиё барқарор ҳамкорлик анжуманини интиқлик билан кутмоқда.

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига маълумотига кўра, жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 22 фоизга, Ўзбекистондан ЕИга экспорт эса 86 фоизга ошди. Энг катта ўсишни кўрсатган товарлар тоифалари орасида кимё саноати маҳсулотлари (6 марта ўсиш), тўқимачилик (90 фоизга ўсиш) ва озиқ-овқат маҳсулотлари (65 фоизга ўсиш) бор. Вазирликка кўра, бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг 2021 йилда ЕИнинг “GSP+” Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олиши туфайли эришилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Сардор Умрзоқов жорий йил февраль ойида Брюсселда Европа комиссияси ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис билан музокаралар ўтказган эди. Ўшанда ЕИ хайрихоҳ ҳамкор сифатида яна бир карра Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига яқиндан кўмак кўрсатиш истагини билдирган.