Ҳерманн Ҳессе. Флейта орзуси (ҳикоя)

– Ма, ол! – деди отам ва қўлимга кичкина, суякдан ясалган флейта тутқазди. – Ўзга юртларда куй-қўшиқларинг билан одамларнинг кўнглини чоғлаётганингда қари отангни ёдингдан чиқарма. Сен дунёни озми-кўпми кўрдинг ҳам, ўргандинг ҳам. Мен бу флейтани сен учун ясадим, чунки сен куйлашдан бошқа ҳунарни ўрганмадинг. Доимо куйлашни хоҳлагансан. Агар ёқимли, бетакрор қўшиқлар айтиб кишиларнинг кўнглини хушламасанг, худо берган қобилият ҳайф сенга!
Менинг севикли отам донишманд инсон бўлиб, мусиқага унчалик тушунмасди. У менинг ҳам изидан боришимни ва флейтани шунчаки кўнгил ёзиш учун чалишимни хоҳларди. Лекин мен унинг таълимотини ўрганмадим. Мен қўшиқ айтишни, флейтада сеҳрли куйлар ижро этишни истардим. Хуллас, флейтамни олдим-да, отамдан оқ фотиҳа сўраб, сафарга отландим.
Мен ўзим туғилиб-ўсган водийнинг улкан тегирмонидан нарёғини билмасдим ва дунё шу тегирмондан бошланган бўлса керак, деб тасаввур қилардим. Бу тегирмон менга жуда ёқарди. Ҳозир эса оламнинг жуда бепоёнлигини кўриб турибман.
Йўл давомида енгимга учишдан чарчаган ари қўнди. Мен уни ўзим билан бирга олдим. Биринчи марта дам олганда хат ташувчини учратдим ва ундан ватанимга салом йўлладим.
Мен ўрмонлар ва далалар оралаб юрардим. Дарё ҳам илдам оқарди. Бошқа ўлкалар менинг юртимдан деярли фарқ қилмас экан. Йўл-йўлакай дарахтлар, гуллар, буталар билан сўзлашар, улар билан биргаликда куйлардим. Назаримда, улар худди тушунишаётгандек қўшиқларимдан завқ оларди. Шу маҳал ари уйғониб, елкамга ўрмалаб чиқди-да, парвоз қилди. Ғинғиллаб атрофимда икки марта чарх уриб, ортга, ватанига томон учиб кетди.
Ўрмонда қўлида сават ушлаган ва сариқ сочли бошига кенг похол қалпоқ кийган қизалоқни учратдим.
– Салом, қаерга бораяпсан? – деб ундан сўрадим.
– Ўроқчиларга тушлик олиб бораяпман. Ўзинг-чи, қаерга йўл олдинг? – сўради у мендан.
– Мени дунё кезиш учун отам юборди. У менинг флейтадан куй чалиб, одамлар кўнглини хушлашимни хоҳлайди. Лекин мен буни унчалик яхши уддалай олмайман. Аввал ўрганишим керак.
– Шунақами, унда қўлингдан нима иш келади? – сўради қизалоқ.
– Қўшиқ куйлай оламан.
– Қандай қўшиқ?
– Ҳар хил: тонг ва оқшом ҳақида, дарахтлар, гуллар ва ҳайвонлар ҳақида, масалан, ҳозир ўрмонда ўроқчиларга егулик олиб бораётган ёқимтой бир қизалоқ ҳақида қўшиқ хиргойи қила оламан.
– Ростданми? Шундай қила оласанми? Илтимос, куйлайқол!
– Майли, исминг нима?
– Бригитта.
Сўнгра мен бошига похол қалпоқ кийган гўзал Бригитта ҳақида қўшиқ куйлай бошладим. Қўшиқда унинг қўлидаги саватда ўроқчиларга егулик олиб бораётганлигини, чирмовиқларнинг қизни кўришга ошиқиб, боғ панжараларидан бошларини чиқариб унга интилишларини ва атрофдаги манзарани тасвирлаб куйладим. У менга жиддий боқди ва яхши куйлаганимни айтди. Мен яна куйлашда давом этдим ва ҳолдан тойгунимча қўшиқ айтдим. Очиққанимни қизга билдирганимда, у менга саватидан бир бурда нон олиб берди. Нонни бир тишлаб, йўлимда давом этмоқчи эдим, лекин у менга юриб овқатланиш яхши эмаслигини айтди. Биз майсалар устида ўтирдик ва мен нонни шошмасдан едим. У эса офтобда қизарган қўллари билан тиззасини ушлаб, мени жимгина кузатиб ўтирарди.
– Мен ҳақимда яна куйлашни хоҳламайсанми? – сўради қизалоқ.
– Сен ҳақингда нималарни билсам, ҳаммасини куйлаб бўлдим, яна нима ҳақида куйлашим мумкин?
– Севгилиси ташлаб кетган қиз изтироблари ҳақида.
– Бу ҳақда куйлолмайман. Отам менга фақат қувноқ қўшиқлар айтишимни тайинлаган. Бунинг устига ғам, изтироб, қайғу қанақа бўлишини билмайман. Истасанг, сенга бойқуш ёки ниначилар ёхуд капалаклар ҳақида куйлайман.
– Сен муҳаббат ҳақида куйлай олмайсанми?
– Муҳаббат ҳақида? Оҳ, бўлмасам-чи! Бу энг зўр туйғу-ку.
Мен унга қуёш нурининг қизғалдоқларга мафтун бўлиб, қандай боқиши ва қизғалдоқлар унинг нурида қандай товланишлари, уларнинг қувончдан рақсга тушишлари, мода саъванинг нар саъвани интиқлик билан кутаётгани, у келганда эса ҳуркиб, унга жаҳл қилиши ҳақида ҳамда мовий кўзли қизалоқ ва йигит ҳақида куйлаб бердим. Қўшиғимни яна давом эттириб, йигитнинг қизга дил изҳори қилаётганини, қиз эса унга саватчасидан нон олиб бераётганлигини, йигит энди қизалоқдан нон эмас, бўса олишни, унинг кўзларига тикилишни хоҳлаши ҳақида жуда узоқ, қиз кула бошлаб, йигитнинг овозини эшитмай қолгунга ва йигит унинг оғзини лаблари билан ёпмагунга қадар куйлагани ҳақида хиргойи қилиб бердим.
Шунда Бригитта эгилиб, лаблари билан оғзимни ёпди ва кўзларини юмди. Қўнғир кўзларини очганда, қорачиқларида камина ва бир жуфт ёввойи гул рақсга тушарди.
– Отам ҳақ экан. Олам жуда гўзал экан! – дедим мен. – Энди сенга саватингни кўтаришга ёрдам беришни хоҳлайман.
Мен унинг саватини қўлидан олдим ва биз йўлда давом этдик. Унинг одимлаши ва менинг қадам ташлашим, унинг қувончи билан менинг хурсандчилигим бир-бирига ҳамоҳанг эди. Ўрмон эса тоғ ҳақида ма­йин ва ёқимли шивирларди. Умрим давомида ҳеч қачон бундай бахтни туймагандим. Мен жуда бардамлик билан хиргойи қилардим. Овозим бутун борлиққа: водийлару тоғларга, майсазорлару кўкаламзорларга, дарёлару буталарга баралла тараларди ва қалб қўримдан чиқаётган нидони ҳикоя қиларди.
Шунда мен чуқур хаёлга чўмдим. Агарда дунёнинг барча қўшиқларини: майсалар ва гуллар, одамлар, булутлар, ўрмонлар ва жониворлар, ўзга юртлардаги денгизу тоғлар, юлдузлар ва ой ҳақида куйлай олсам эди. Қўлимдан келганида эди, ҳар бир янги қўшиқни осмондаги янги юлдуздай териб чиқардим.
Шулар ҳақида ўйладим-у, бундан ўзим ҳайратда қолдим. Шу пайтгача бундай ўйлар миямга келмаган экан. Қаршимда Бригитта турарди. У кетишга ҳозирланиб, саватни қўлимдан олди.
– Энди мен кетишим керак! – деди у. – Ҳув анави далада бизнинг ишчиларимиз тер тўкишмоқда. Сен қаерга борасан? Мен билан бирга қолишни хоҳламайсанми?
– Йўқ, сен билан бирга қололмайман. Мен дунё кезишим керак. Егулик учун раҳмат ва албатта… бўса учун ҳам. Сени унутмайман.
У саватини олишга эгилганда кўзларимиз яна бир-бирига қадалди. Шу он яна унинг лаблари менинг лабларим билан қовушди. Унинг бўсаси шунақанги майин, шунақанги ажойиб эдики, мен бу бахтдан ўзимни буткул йўқотиб қўйдим. Шунда мен ундан ажралишим кераклигини ўйлаб, қайғуга ботдим. Бригитта билан видолашиб, йўлимда давом этдим.
Қиз тоғ томон юқорилай бошлади, лекин бироз юриб, қора қайинлар соясида тўхтаб қолди. Ва менга қаради, мен эса унга. Бошимдан қалпоғимни олиб унга силкитдим. У ҳам бошини ирғади ва қора қайинлар орасида ғойиб бўлди.
Мен эса зўрға йўлга тушдим. Бир бурилишга етгунча хаёл уммонига ғарқ бўлдим.
У ерда бир тегирмон бўлиб, унинг олдидаги дарёда қандайдир қайиқ менга анчадан бери интизор бўлгандек турарди. Қайиқда эшкакчи ўтирарди. Қалпоғимни эшкакчига силкитганимда у қайиқни мен томон бурди, қайиққа чиқдим ва йўлга тушдик. Мен қайиқнинг ўртасидан, эшкакчи эса эшкаклар ортидан жой олди. Қаёққа сузаётганимизни сўраганимда у менга қисиқ кўкимтир кўзлари билан тикилди.
– Қаерга боришни хоҳлайсан? – сўради бўғиқ овозда. – Дарёнинг қуйи оқими бўйлаб денгизгами ёки катта шаҳарларгами, танла, буларнинг барчаси менга тегишли.
– Сенга тегишли? Нима, сен қиролмисан?
– Балки, – деди у. – Сен шоир бўлсанг керак, шундай бўлса, менга йўл давомида бирор нима куйлаб бер.
Жиддий, юзлари бужмайган бу кимсадан бироз ҳадиксираётгандим. Қайиқ эса дарё бўйлаб шиддат билан товушсиз оқиб борарди. Мен қайиқни учириб бораётган дарё ҳақида, қуёшнинг чарақлаши ва қирғоқдаги қояларнинг кучли шовқини, тўлқинларнинг сафарини қирғоққа тўқнашиб тугатиши ҳақида куйлардим.
Лекин эшкакчининг юз ифодаси сира ўзгармасди. У худди орзу қилаётгандек бошини сокин тебратди. Ва қўшиғимдан илҳомланиб, худди мендек водийлар оша дарёдаги сафар ҳақида куйлай бошлади. Унинг қўшиғи меникидан ёқимлироқ ва гўзалроқ эди, лекин алланечук ўзгача янграрди.
Дарё унинг куйлашига ҳамоҳанг тарзда қутургандек бўлиб чайқалар, кўприклар остидан дабдаба билан оқиб ўтарди. Унинг тўлқинлари қоя қирғоқларига урилиб-қайтиб, бамисоли ғазаблангандек, нафратлангандек қайиқни сув устида ўйнатарди. Сувда чўкканларнинг узун яшил сув ўтлари орасидаги оппоқ мурдаларини у кулимсирагандек тебратарди.
Буларнинг бари ниҳоятда ғаройиб, жозибадор ва сирли оҳангларга тўла бўлишига қарамай, менга сира ёқмасди. Мен саросимада қолдим ва танг аҳволимдан тилим калимага келмасди. Бу қари, ажабтовур, ақлли эшкакчи бўғиқ овозда куйлаганда, менинг қўшиқларим уники олдида арзимасдек туюлди. Шунда сўнг, назаримда, олам аслида ажойиб ва нурафшон эмас, балки нурсиз ва ғамгин, бешафқат ва кемтикдек туюлди. Ўрмонлар қувончдан эмас, азоб-уқубатдан шитирларди.
Биз сузавердик. Соялар борган сари чўзилар, ҳар сафар куйлаганимда қўшиқларим кучсизланиб, таъсири камайиб бораётгандек бўларди. Овозим ҳам бўғилаётгандек эди. Лекин у куйлаганда олам янада жумбоқли ва азоб-уқубатли туюлар, мен эса журъатсиз ва қўрқоққа айланардим.
Қалбим безовталанди. Гулларга тўла водийда, Бригитта олдида қолмаганимга афсусландим. Сўнгра қош қораяётганда ўзимни юпатиш мақсадида яна баланд овозда куйлай бошладим. Мен энди қизғиш тус олган шафақда Бригитта ва унинг бўсаси ҳақида куйлардим.
Шунда қоронғи тушди. Мен тил-забондан қолган эдим, эшкакчи эса муҳаббат ва унинг қувончлари, мовий кўзлар, намланган қирмизи лаб­лар ҳақида куйларди. Бу эса дарё ҳақидаги қўшиқдан-да гўзалроқ ва жозибалироқ эди. Лекин унинг қўшиғида муҳаббат азобли, қўрқинчли ва сир-синоатга тўла, инсон эса ночор ва ғам-ҳасратли эди. Ва улар бир-бирларига ўзаро азоб беришар, бир-бирларини маҳв этишарди.
Буларни эшитиб, ниҳоятда толиқиб, ғам-ғуссага чўмдим. Гўё йиллар давомида ғам-алам оламига саёҳат қилаётгандек эдим. Эшкакчининг қўшиғида қалб азоби ва ғам-андуҳнинг совуқ ва сокин дарёси мадҳ этиларди. Буларнинг бари менинг юрагимга сингиб борарди.
– Ҳаёт мен тасаввур қилганчалик гўзал ва ажойиботларга бой эмас, ўлимдек машъум экан. Сендан ўтинаман, қайғулар қироли, менга ўлим ҳақида қўшиқ айтиб бер! – деб илтижо қилдим бардошим тугаб.
Эшкакчи энди ўлим ҳақида куйлай бошлади. Буниси олдингиларидан-да мукаммалроқ қўшиқ эди. Лекин ўлим ҳам унинг учун энг қудратли, энг етук ва таскин берувчи нарса эмас эди. Унинг хонишида ўлим – ҳаёт, ҳаёт эса – ўлим эди. Улар ўртасида абадий, даҳшатли, жазавали муҳаббат кураши борарди. Шу курашнинг ўзи ҳаёт мазмуни эди. Бу тўқнашувдан бир тутам нур таралар, айни дамда бахт ва гўзалликка раҳна солиш мақсадида соя ҳам ўрларди.
Эшкакчининг қўшиғини тингларканман, дамим ичимга тушиб, иродам синиб бўлганди. Унинг мунгли нигоҳида аллақандай рутубатли сокинликни илғаш мумкин эди. Мовий кўзлари ғам-андуҳга тўла ва шу билан бирга борлиқнинг жамики жозибаси намоён эди уларда. У менга жилмаярди. Мен бутун куч-қувватимни, иродамни жамлаб ундан ўтиниб сўрадим:
– Мени ортга қайтар, бу зулматдан даҳшатга тушаяпман. Бригитта ёки отамнинг олдига қайтишни хоҳлайман.
Эшкакчи ўрнидан туриб, зим-зиё тунга боқди. У ёққан чироқ озғин ва ажин босган юзини ёритди.
– Ортга йўл йўқ! – деди у жиддий ва дўстона оҳангда. – Дунёни ўрганиш учун доимо олдинга қараб юришинг керак. Мовий кўзли қиз билан танишганинг, уни севганинг яхшидир, лекин йўлингни давом эттирсанг, дунёнинг бундан-да ажойиб, бундан-да ғаройиб мўъжизотларини кўрасан. Мен сенга ўз ўрнимни қолдирмоқчиман, лекин сен доимо ўзинг хоҳлаган йўлдан бор!
Гаплари мени тушкунликка солса-да у ҳақ эди. Мен ўз ватанимга қайтишни хоҳлаганимда фақат Бригиттани, уйимни, бошимдан ўтказганларимни, йўқотганларимни ўйлардим. Лекин энди эшкакчи ўрнини эгаллашим керак эди. Ўзи шундай бўлиши ҳам керак!
Индамай ўрнимдан туриб, эшкакчи ўтирган жойга бордим. У ҳам жимгина мен томон яқинлашди ва рўпара келганимизда кўзларимга қаттиқ тикилиб, қўлидаги чироқни менга берди.
Мен эшкакчининг ўрнига ўтдим. Олдимда чироқ милтиллаб ёниб турар, шу зайлда сузишда давом этардим. Фақат қаттиқ бир силкинишдан кейин ўзимга келдим. Қайиқда якка-ёлғиз ўтирардим. Эшкакчи аллақачон кетганди. Отам, Бригитта, туғилиб-ўсган юртим, қайиққа тушган кунларим хаёлимда гўё бир лаҳзалик тушдек чарх урарди. Худди доим шу тунги дарёда сузавериб қаригандек, ғам-андуҳга ботгандек эдим.
Эшкакчини чақириш мумкин эмаслигини тушунгандим. Шу ҳақиқатни англаш ҳисси худди совуқ шамолдек этимни жунжиктирарди.
Кўнглим сезиб турган нарсага ишонч ҳосил қилиш учун сувга энкайдим ва қўлимдаги чироқни ёқдим. Сувнинг аксида эса ориқ юзли, жиддий, кулранг кўзли билимдон қария менга тикилиб турарди. Бу – мен эдим.
Энди ортга йўл йўқ эди. Мен зулмат ичра сузишда давом этдим.

Немис тилидан Асрор Раҳмонов таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 12-сон