Азиз Несин. Томдаги жинни (ҳикоя)

Маҳаллада дув-дув гап:
— Нима дейсан, томга жинни чиқибди! Томга жинни чиқибди!
Томга чиқиб олган жиннини томоша қилиш учун кўчага халойиқ тўпланди. Бу хабарни эшитиб олдинига бўлимдан, орқасидан юқори бошқармадан полициячилар етиб келди. Уларнинг кетидан ҳовлиққанича ўт ўчирувчилар ҳам келиб қолишди.
— Жон болам, бўлди энди, пастга туша қол! — дея ялиниб-ёлворади жиннининг онаси.
Ўт ўчирувчи азаматлар «жинни томдан сакраб қолса, эт-бети майиб бўлмасин тағин» деган хавотирда брезент чодирни очиб ёйишди. Улардан тўрттаси чодирнинг тўрт томонидан ушлаб, пастда гир айланиб юрибди.
Полиция комиссари жиннини яхши гап билан томдан туширмоқчи бўлди:
— Илтимос қиламан, укам, томдан туш энди.
— Мени оқсоқол қилиб кўтарсаларинг тушаман, бўлмаса ўзимни ерга отаман.
Шунча ялиниб-ёлворишади, шунча қўл кўтариб дўқ уришади — қани энди унга таъсир қилса.
— Ҳўв ука! Қани туш пастга!
— Вой муғамбирлар-э! Мени тушириб, ўзларинг чиқиб олмоқчисанлар-а!
— Хўп, айтганини қила қолайлик, оқсоқол бўлса бўла қолсин, — деди кимдир оломон ичидан.
— Йўқ, бўлмайди, — унга қарши чиқди иккинчи бири, — жиннини оқсоқол қилиб бўладими?
— Тавба. Ахир у ростакам оқсоқол бўлаётгани йўқ-ку.
— Барибир бўлмайди, — гапга аралашди ҳасса таянган бир мўйсафид чол, — булар учун ростакам ёки ёлғондакамнинг фарқи йўқ.
— Шундоқ дея қолсак, балки ерга тушармиди.
— Тушмайди. Мен буларнинг феълини яхши биламан. Бир марта юқорига чиқиб олса, иккинчи қайтиб пастга тушмайди.
— Қани бир кўрайлик-чи!
— Тушмайди дедим-ку!
Шу пайт аллаким ердан туриб қичқирди:
— Бўпти, сени оқсоқол қилиб кўтардик. Қани туш энди!
Жинни чапак чалиб юборди:
— Тушмайман, тушмайман! Мени шаҳар муниципалитетига сайламасаларинг, ўзимни ерга отаман!
— Ана айтмовдимми шунақа бўлади деб! — ёнидагиларга қараб деди бояги чол.
— Майли энди, нима деса шуни қилиб кўрайлик-чи.
— Барибир пастга тушмайди. Одам боласи шундай баланд томга чиқадиган даражада жинни бўлган бўлса, қайтиб ерга тушмайди.
— Бўпти, бўпти! — юқорига қараб бақирди комиссар, — сени муниципалитетга сайладик. Қани, ука, туш пастга энди, мана ўртоқларинг ҳам сени кутиб қолишди.
Жинни томда ўйнаб кетди:
— Тушмайман! Муниципалитетга раис қилиб кўтармасаларинг тушмайман.
— Ана кўрдингларми, буни иссиғида тушириш керак эди. Энди ўлақолса пастга тушмайди, — деди чол.
— Ҳой яхшилар, шуни раис қилсак, қила қолайлик, келинглар энди, — деди ўт ўчирувчиларнинг бошлиғи юзидаги терни арта туриб. Кейин унинг ўзи қўлини оғзига карнай қилиб, қичқирди: — Ҳов ука! Мана туш энди. Сени раис қилиб кўтардик, қани ишни бошлаб юбор.
У яна муқом дила кетди:
— Ҳечам тушмайман! Жиннини муниципалитетга раис қилиб кўтарган тентакларнинг ичида мен нима қиламан! Тушмайман дедим, тушмайман!
— Ундоқ бўлса яна нима дейсан!
— Министр қилиб кўтарсангиз, ўшандагина олдингизга тушишим мумкин.
Ердагилар бир муддат фикрлашиб олгач, рози бўлишди:
— Жуда соз, сени министр қилиб кўтардик. Бас, туш энди. Мана, бу ёққа қара, сени ҳамма кутиб турибди.
Жинни бурнини кўрсатиб масхара қилди:
— Тушмайман дедим, тушмайман. Жиннини министр қилиб кўтарган лақмаларнинг ёнида мен нима қиламан?
— Ҳой ука, мана сени министр қилиб ҳам сайладик, энди тезроқ тушмасанг бўлмайди, бошқа министрлар кутиб қолишди.
— Ҳо, бу ерда сизларга аҳмоқ борми пастга тушадиган! Мен тушсаму, сизлар дарров жиннихонага қамаб қўйсаларинг-а! Тушмайман!
Гапга яна чол аралашди:
— Бекорга овора бўляпсизлар, у тушмайди энди. Мен бу жинниларнинг феълини яхши биламан. Қани сизларни ҳам министр қилиб қўйишсин-чи, албатта тушгингиз келмайди-да.
Жинни эса овозининг борича бақирди:
— Агар бош министр қилиб кўтармасаларинг, ҳозир ўзимни ерга отаман!
Оломон ердан туриб ҳайқирди.
— Хўп бўлади, мана сени бош министр қилиб кўтардик.
— Бунга ҳам кўнмайди! — деди чол.
Жинни яна том тепасида сайрай кетди:
— Фақат подшо қилиб кўтарсаларинг тушаман. Бўлмаса ҳозир ўзимни томдан ташлайман.
Бундоқ қарашса, чол ҳаққа ўхшайди. Энди ундан маслаҳат сўраб қолишди:
— Қани хўш, сиз нима дейсиз? Подшоликка ҳам рози бўлайликми?
— Бўлар иш бўлди, — жавоб берди у. — Энди нима деса, шуни қилишга мажбурсиз.
— Хўп, айтганинг бўлди, сени подшо қилдик, мана энди туша қол! — дея ҳайқирди оломон.
Томни бошига кўтариб ўйинга тушаётган жинни бунга ҳам рози бўлмади:
— Йўқ, тушмайман.
— Яна нима муродинг бор? Ахир сени подшо қилиб кўтардик-ку!
— Буниси бўлмайди, тушмайман. Агар мени жумлаи жаҳонга соҳибқирон қилмасаларинг, ҳозир ўзимни томдан ташлайман.
— Ростдан ҳам ташлармикин? — сўрашди чолдан.
— Ҳа, ташласа ташлайверади.
— Хўп бўлади, сени соҳибқирон қилиб кўтардик! — дея қичқиришди одамлар, — туша қол энди!
Жинни жавоб берди:
— Тушмайман, сиздақа хомкаллаларнинг олдида мендақа соҳибқирон нима қилади?
— Хўш, нима қил дейсан? Айт айтадиганингни!
— Мен соҳибқиронман-а? — сўради тепадан жинии.
— Ҳа, албатта, соҳибқиронсан! — жавоб беришди ердагилар.
— Модомики соҳибқирон эканман, хоҳласам тушаман, хоҳламасам йўқ. Тушмайман.
Комиссар тутақиб кетди:
— Э, ўзини томдан ташласа, ташлайвермайдими. Нима, нари борса дунёда битта жинни кам бўлади-да.
У шундоқ дейишга деди-ю, лекин бунинг ортиқча даҳмазасини ўйлаб қолди.
— Энди нима қиламиз, отахон, — чолга мурожаат қилди ўт ўчирувчиларнинг бошлиғи. — Бу тентак ҳечам ерга тушмасмикин?
— Тушиши мумкин.
— Қандай қилиб?
— Менга қўйиб беринглар, тушираман.
Ҳамма қизиқиб чолга қаради.
У етти қаватли уйнинг томида турган жиннига қараб қичқирди:
— Соҳибқирон ҳазратлари, олтинчи қаватга ташриф буюришлари мумкинми?
— Жуда соз! — жавоб берди жиддий равишда жинни.
У том туйнугидан ўтиб, нарвонга чиқди-да, ундан пастга тушиб, олтинчи қаватда тўхтади.
— Қиблагоҳим бешинчи қаватга чиқишни лозим кўрадиларми?
— Албатта!
Ҳамма ҳайрон.
Чол тўртинчи қаватдан ердагиларни томоша қилиб турган жиннидан яна сўради:
— Шаҳриёр, муқаддас пойқадамингиз билан учинчи қаватни муборак қилиб бера олишингиз мумкинми?
— Бўлади!
Қарашса, жинни учинчи қават ойнасининг тўғрисида турибди. Энди у томдагига ўхшаб чапак чалиб ўйнаётгани ҳам йўқ. Юзида аллақандай виқор.
— Қиблагоҳим, иккинчи қаватга чиқиб кўришни кўнгиллари тортадими?
— Мумкин.
У иккинчи қаватга ҳам тушди.
— Ҳазрат олийлари биринчи қаватга ҳам қадам ранжида қилишни хоҳлайдиларми?
Нарвондан тушиб, оломоннинг ичига кириб қолган жинни тўғри чолнинг олдига борди-да, унинг елкасига қоқиб деди:
— Сен ҳам жинни экансан, кўриниб турибди. Жинни жиннининг феълини яхши тушунади-да.
Кейин комиссарга ўгирилиб қўшиб қўйди:
— Мана энди қўлимни боғлаб, жиннихонага олиб кетаверсанг бўлади. Жиннига қандай муомала қилиш кераклигини билиб олгандирсан энди?
Полициячилар жиннининг қўлини орқасига боғлаб олиб кетишгач, оломон чолни ўраб олди.
— Отахон, кароматингизнинг сири нимада?
— Э, болаларим, ҳазилакам иш эмас бу, — жавоб қилди у. — Суягимиз шу иш билан қотган, қирқ йилдан бери сиёсат қозонида қоврилиб юрибмиз.
Чол бир хўрсиниб олгач, қўшиб қўйди:
— Қани энди шу топда менинг ҳам илигим бақувват бўлса-ю, шунақа баланд бир томга чиқиб олсам. Сира тушмасдим. Туширадиган мард ҳали онасининг қорнида ётибди.

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси