Азиз Несин. Яшасин қашшоқлик! (ҳикоя)

Банк дегани зап роҳатижон нарса-да: уй-жой дейсанми, пул, ютуқ, маош дейсанми — ҳаммаси шундан чиқади. Бас, шундоқ бўлгандан кейин рўзғорда юз лира қоқиштиргин-да, дарров обориб банкка қўй. Омадинг келмай, пулингга ютуқ чиқмай қолиши ҳам мумкин, мабодо шундоқ бўлганда ҳам сендан нима кетади? Ҳақинг куймайди, банкда тураверади, барибир процентини қуртдек қилиб санаб олаверасан.
Бу гапларнинг ёлғони йўқ. Мен ҳам бир неча йилдан бери юз лира тўплаб, банкка қўяй дейману, аммо иложини тополмай хунобман. Камарни қаттиқроқ тортиб, зўрға беш-ўнта танга йиғиб қўйсам, лоп этиб бир ишкали чиқади-ю, пул жонивор шунга сарфланиб кетади. Назаримда бу пул дегани гўё бир-бири билан келишиб олгану, менинг чўнтагимда юз лира бўлиб жамланмасликка қаттиқ қасам ичган. Пул ўжарлик қилаверганидан кейин мен ҳам бўш келмай қўйдим, хуллас, бир амаллаб юз лира йиғдим. Не ҳасратда йиққан пулимдан яна ажраб қолмай, деган хавотирда пулни дарроз обориб банкка қўймоқчи бўлган эдим, кечикибман, банкда иш вақти тугаб қопти.
Юрагим така-пука: қўлимдаги пул ҳозир симобдай эриб, бир зумда ғойиб бўладигандай. Шундоқ бўлса ҳам бошим осмонга етган, вақтим чоғ. Нақ бошига давлат қуши қўнган одамнинг ўзиман.
Пулчамни ёстиқнинг тагига қистириб, ўринга ётдим. Кўзимга уйқу келмайди. Қойилмақом қилиб юз лирани тўплаганман-да, шунинг учун ўзимга ўзим ақл сотаман: бир нарсага қаттиқ киришсанг, албатта шуни қилар экансан. Гап истакда қолган. «Кам пул топаман!» ёки «Турмушимнинг мазаси йўқ, ҳамма ёқ қимматчилик» деган баҳоналар бекорчи гап. Ахир юз лира тўплай олдим-ку! Бундан чиқди, агар истасам икки юз, беш юз, минг, боринг-чи, ўн минг лира ҳам тўплашим мумкин. Ҳа, шундай!
Шундан кейин ширин хаёлларга берилиб кетаман. Мана, минг лира ўн мингга, ўн минги юз мингга, юз минги эса юз миллионга чиқади. Жамики ноль рақамларини бир сафга тизаман-да, тим қоронғида уларни ўнг томондан учта-учта қилиб чиқаман, кейин баланд овоз билан дейман: «Юз миллион, бир миллиард, ўн миллиард, юз миллиард…» Ҳа, бир нарсага қатъий киришсанг, албатта бунинг уддасидан чиқасан!
Илгари газеталарда миллионерларнинг турмушини ёзишарди. Бизнинг замонамизда миллионерларнинг бозори касод бўлиб, оёқдан қолиб кетди. Шунинг учун ҳам мен миллиардер бўлиб олдим. Мана, триллионерман. Дунёда триллионер бўлганми ўзи? Ия, бўлмаганми? Бўлмаган бўлса мана ўзимиз бўламиз-да! Миллионер ва миллиардер бўлиш ҳамманииг қўлидан келаверади. Бўлганга яраша триллионер бўлган маъқул! Триллионер-а! Ҳазилакам гап эмас бу.
Миям шишиб кетди. Қоронғида бармоқ билан ҳавога бир рақамини чизиб, ёнига ноллар қўйиб чиқдим. Битта ноль, иккита, учта, бешта, ўнта, ўн битта, мана ўн иккита. Роса ўн иккита ноль ёздим. Ия, бояги бирни икки рақамига алмаштирсам бўлмайдими? Икки триллион. Мана бўлмаса уч триллион! Яна битта ноль қўшган эдим, ўттиз триллион бўлди. Кўрпа остидан қўлимни чиқариб яна битта нолни боплаб ташлаган эдим, қарабсизки, уч юз триллион бўлди. Кузда учиб юрадиган мезонга ўхшаб рақамлар хонада муаллақ туриб қолди. Буларнинг ичида ўйинқароқлари шўхлик қилиб қочиб кетмоқчи бўлади-да, тийғаниб кетади. Мен бу тирранчаларни йўлдан ушлаб келиб, жойига турғизиб қўяман. Улар кўзни шамғалат қилиб яна қочишади, яна тутиб келаман. «Пул топиш қийин эмас, уни сақлаб қолиш қийин», деган гапни эшитиб юрардим. Тўғри гап экан. Мана ҳозир рақамларга кучим етмай қолди. Шумтакалар худди биллиард соққасига ўхшайди-я: бирпасда думалаб кетади. Ростини айтсам, булар барибир мендан қочиб қутулолмайди. Нега десангиз, бой бўлишга қатъий жазм қилганман!
Ўрнимдан туриб, сигарет тутатдим. Рақамларни кўрган сари завқим ошади. Қурмағурлар бирам чиройли, бирам дўмбоқки… Бой бўлишнинг завқи ҳам ўзгача бўларкан!
Тонг ёришди. Дарров ёстиқ тагини пайпасладим, ҳайтовур пул жойида экан. Ирғиб туриб, банкка югурдим. Банк у ёқда турсин, ҳали баққоллар ҳам дўконини очмаган экан. Ноилож очилишини кутиб турибман. Шу пайт бир оғайним учраб қолди:
— Нима гап? Сенга нима бўлди?
— Шундоқ… Ҳеч нима бўлгани йўқ, — дедим унга.
— Кўзингга қон тўлган, рангинг заъфарон. Айт, нима бўлди?
— Кечаси ухламаган эдим, шуники бўлса керак… Ишим кўп, ухлашга вақт йўқ.
Банкка пул қўяётганимни кўрмай қўя қолсин, деган мақсадда у билан тезгина хайрлашдим. Мана, банк ҳам очилди, Юрак ютиб ичкари кирдим. Вой-бў! Зап кетворган жой экан-ку бу! Ҳамма ёқда гул туваклар, чиройли аёллару, олифга эркаклар. Шифтдаги ажойиб қандилларни айтмайсизми? Худди подшоларнинг саройига ўхшайди-я. Ичкарида тахминан йигирма чоқли хизматчи ўтирибди. Атроф ёғ тушса ялагудай ярқирайди, жиҳозлар яп-янги. Юрагимни ваҳм босиб кетди. Ия, банкка қўядиган пулимнинг проценти мана шу ўтирганларга сарфланар экан-да? Манови қулинг ўргилсин буюмлар, манови ҳисоб машиналари-ю машинисткалар — ҳаммаси менинг пулимга келаркан-да? йўқ, бунақаси кетмайди! Сенларга пул бериб қўядиган аҳмоқ йўқ!
— Хуш келибсиз, афандим, хизматларига тайёрмиз!
Банкда ишлайдиганлар бирам хушмуомала бўладики! Бунақа гапдан кейин банкдан чиқиб кетолмадим. Пулимни қўлига бердим. Юзидан табассум аримайдиган бу хизматчи икки минутга қолмай ишимни тўғрилаб берди. У чек қоғозига қўшиб битта ён дафтар ҳам инъом қилди.
Ишхонадаги ўртоқларим ўша куни:
— Сенга бир нарса бўлганга ўхшайди, юрган йўлингда ҳам ухлаяпсан, — дея мени роса калака қилишди.
Ҳеч кимга сиримни очмадим. Пешин бўлган экан, мен билан бир столда ўтирадиган оғайним:
— Қани, юр овқатга! — деб қолди.
— Қорним тўқ, — деган жавобни қилдим.
Аслида эрталабдан бери ҳеч нима тотиганим йўқ. Ишлаб тополмасанг, тишлаб пул тўплашинг мумкин. Кечқурун битта тешиккулча билан нафсимга урдим. Кеча ухламаганлигим учун барвақт ўринга кирдим. Лекин ёстиққа бош қўйишим билан кўз олдимда яна ўша рақамлар чирпирак бўла кетди. Бу гал ҳам келган жойидан бошладим.
Ноль рақамларидан бири чироққа гиргиттон бўлган парвонадек бир айланиб чиқди-ю, бояги юзталикларнинг ёнига бориб қўнди. Минг… ўн минг…. юз минг… миллион… Ноллар… ноллар… ноллар… Бармоғим билан бу нолларни бир сафга тизиб чиқаман-да, олиб бориб жой-жойига қўяман. Сўнгра уларга буйруқ бераман:
— Сенлар кўпам хархаша қилаверманглар! Мен хархашани ёмон кўраман. Интизом — турмушнинг асосидир. Ноллар, қани бориб жой-жойингга тур-чи! Чаққон бўл!
Ваҳимага тушган ноллар жойига бориб туради. Худди генералга ўхшаб уларга дўқ ураман:
— Сафга тур!
Ноллар қатор тизилишади.
— Қани… Марш!
«Гурс, гурс, гурс!»
Бир, икки, уч, тўрт, минг, юз минг, бир миллион!
Нолларга ўн дақиқа дам бераман.
— Яшавор! — деб бақиришади улар.
Ноллар билан машқ қилиб, тонг оттирдим. Мажолсизликдан зўрға кўчага чиқиб беихтиёр банк томон юрдим. Гўё банкдаги пулимни биров опқочиб кетади-ю, ажралиб қоладигандайман.
Бугун ҳам пишлоқ билан қуруқ нон еб ётдим. Кўзим юмулиб кетаётгани учун эртароқ ёстиққа бош қўйдим. Қани энди уйқу дегани кела қолса! Ноль қурмағурлар қоқ ярим кечада ўйинга тушиб кетишди. Бир пайт қарасам, банк туфайли ҳовли-жойли бўлиб қолибман. Қани, шу ютган уйимга ижарага одам қўйсаму, беш йиллик ҳақини олдиндан олсам бўлмасмикин? Ўзим ҳозир арзонроқ квартирада тураман. Тўхта-чи, ойига юз йигирма лира тўлаб, бунақа жойда туриш нон тепкилик эмасми? Эртагаёқ арзонроқ уй топмасам бўлмайди. Шаҳар ташқарисида йигирма лирага кичикроқ хона топиш мумкин-ку. Бундан чиқди, ҳар ойда юз лирадан пул ёнимга қолади, уни бемалол банкка қўйсам бўлади. Бир йилда бир минг икки юз лира йиғилиб қолади-я! Ўн йилда эса 12 минг, юз йилда 120 минг бўлади. Ғойибдан бойиш деб шуни айтадилар-да. Шунақа пайтда исрофгарчилик қилиб нима қиламан?
Киприк қоқмай, яна тунни тонгга уладим. Ишхонага йўлни банк томондан солдим. Ошна-оғайнилар энди мен билан саломлашмай ҳам қўйган. Саломлашмаса саломлашмас, менга нима! Чой-қаҳва олиб беришдан қутулибман-да. Леман телефон орқали мени сўраган эди:
— Бугун ишга келмади, — деб юбордим.
Аслида шу Леманга уйланмоқчи бўлиб юрган эдим, бугун бу фикримдан қайтдим. Банкка пул қўйган кунимдан эътиборан уни кўргим келмай қолди. Ахир оилалик бўлиш серчиқим бўлиш деган гап-да. Киприкларим худди тегирмон тоши осиб қўйгандай юмулиб кетяпти. Столга бош қўйиб, мизғиб олмоқчи бўлган эдим, ноллар раққосаларга ўхшаб сакрайвериб ҳеч кўз ўнгимдан кетмади.
Ишдан чиқиб, уйқу келтирадиган ҳап дори олиб кетаман деб қўйдим. Ўртоқларимдан биттасида шунақа дори бор экан, раҳми келиб озроқ берди. Дори ҳам кор қилмади. Шу кеча шунақа бойиб кетдимки, асти сўраманг. Бир маҳал бундоқ қарасам, бутунлай синибман! Миллиард-миллиард лиралардан ажралибман. Синган миллионерларга ўхшаб ўзимни ўзим ўлдиришимга сал қолди. Бу ёмон ниятдан қайтишимга банкдаги юз лира сабабчи бўлди. Кейин яна бойиб кетдим. Шу даражада бойидимки, дунёдаги ҳамма пуллар менинг қўлимга келиб тушди, ҳеч кимда бир мири қолмади. Жамики мухбирлар кетма-кет мендан интервью оляпти.
— Бунчалик бойиб кетишингизнинг сабаби нима?
Сиримни уларга айтиб берармидим.
— Меҳнат қилиб бойидим. Туғилганимда сариқ чақа ҳам пулим йўқ эди.
Шундан кейин ҳотамтойлигим тутиб кетди. Олдинига пул учун ўзим ўлдирган одамларнинг бола-чақаларига пайпоқ совға қилдим. Бемор ишчиларга биттадан пиёз улашдим. Шахсан ўзим ер-сувини тортиб олган деҳқонларга ҳовуч-ҳовуч тупроқ бериб чиқдим. Қўйингки, оламда қанақа савоб иш бўлса ҳаммасини қилдим. Одамлар хурсанд: «Қандай диловар, қандай сахий одам экан бу!»
Хайрли иш қиламан деб бугун ҳам ухлаёлмадим. Очлик ва уйқусизликдан оёқда турадиган ҳолим йўқ. Эрталаб тўғри банкка бордим. Ичкари кирдиму, чек қоғозини хизматчининг олдига улоқтирдим:
— Қани, юз лирамни бу ёққа чўзинг!
— Бир йўла ҳаммасини олмоқчимисиз? — ҳайрон бўлиб сўради у.
— Ҳа, ҳаммасини, ҳаммасини оламан! — дея бақирдим. — Етар энди! Ошна-оғайнидан ажралдим, одамгарчиликдан чиқдим, сиҳатимни, бахтимни йўқотдим. Минг лаънат бунақа турмушга! Ҳамма пулимни беринг!
Асабим тобига етганидан ўзимни тутолмадим. Банкдаги ҳамма хизматчилар атрофимга йиғилиб, мени юпата бошлашди:
— Бейафандим, пулингизни оласиз, хотиржам бўлинг, албатта оласиз!
Пулни олдим. Ёнимда яна саксон лира бор. Ресторанга югурдим. Тўйиб овқатландим. Бу ердан чиқиб, энг зўр меҳмонхонага бордим. Уч кеча-ю уч кундуз қотиб ухладим. Уҳ, шунақа дунё ҳам бор экан-ку. Ёнимдаги пулнинг ҳаммасини сарфлаб тамомладим.
Бойларнинг бошига тушадиган савдоларни ўйласам, ўзимнинг турмушимдан хурсанд бўлиб кетаман. Бедорлик, очлик азоби, синиб-хонавайрон бўлиш ёки ўғрига таланиш ваҳимаси у бечораларнинг бошига нималар солишини мен жуда яхши биламан! Яшасин қашшоқлик!

Туркчадан Миад Ҳакимов таржимаси