Акутагава Рюноскэ. Дўзах азоблари (ҳикоя)

I

Хорикавадек яна бир зоти олийлари илгари ўтмагандир, албатта, бундан кейин ҳам ўтмаса керак. Гўё унинг таваллуди олдидан мўътабар волидалари қаршисида авлиё Дайитоку намоён бўлганмиш, деган миш-мишлар юради. Нима бўлганда ҳам у туғилишдан бошлабоқ оддий одамларга ўхшамас эди. Неча марталаб у қилган ишларга ҳайрон-лол қолганмиз. Лоақал унинг Хорикава дарёси бўйидаги саройини кўринг. Улуғвор, ҳайратангиз дейишнинг ўзи камлик қилади. Шунақа қурилганки, биздақаларнинг ақлу шуури етиши қийин. Одамлар зоти олийларини шунақа осмонга кўтариб айтишадики, ҳатто уни Ши Хуан-ди ва Ян-диларга* тенг қўйишади. Бу энди кўр одамнинг филни силаб баҳо берганидай гап. Лекин зоти олийлари фақат ўзи, зеб-зийнати, шон-шавкатини ўйлагани йўқ. У қуйи табақани ҳам ёддан чиқарган эмас; у ҳамманинг хурсандчилигига шерик бўлди, у ана шундай олийҳиммат, карами кенг эди.
Шунинг учун ҳам Нидзё саройида ёвуз руҳларнинг ёзги тартибсизлиги чоғида унга ҳеч қандай зиён-заҳмат етмади. Ҳатто, айтишларича, бу қаср Сиогама ва Митиноку қиёфасининг сумбати тасвири билан ғойиб бўлди, мана шундай куч-қувват соҳиби эди зоти олийлари. Бутун пойтахт аҳли – кексаю ёш, эркагу аёл – ҳамма у ҳақида бамисоли жонли Будда ҳақида сўзлаётгандай эҳтиром билан гапирарди. Турли миш-мишлар юради: саройдан олхўри байрамидан қайтишаётган чоғ зоти олийларининг ғилдиракли аравасини кутилмаганда аравага қўшилган буқалар олиб қочади, арава бир чолнинг оёғини босиб кетади, чол бўлса зоти олийларидан хафа бўлиш ўрнига қўл қовуштириб, миннатдорчилик билдиради.
Мана шунақа гаплар. Жаноб олийларининг ҳаёти ҳақида келгуси авлодларга айтиб қолдирадиган воқеалар кўп. Бир зиёфатда бутун бошли ўттиз отини меҳмонларга совға қилиб юборгани, Нагара кўприги қурилиши чоғида суюкли ўспиринини қурбонлиққа сувга бостиришга изн бергани, шифокорликдан хабардорлиги, сонидаги чипқонни кесиб ташлагани ҳақида хитойлик роҳибга гапириб бергани… Барини бирма-бир айтаверса, охирига етиб бўлмайди. Саноқсиз ҳикоялардан энг даҳшатлиси – зоти олийларининг уйидаги дўзах азоблари тасвирланган парда қандай пайдо бўлгани. Ахир ҳеч нарсадан ҳайрон-лол бўлмаган, кўнгли бузилмаган зоти олийлари ҳам бу матоҳни кўриб қотиб қолган экан-да. Биз, ёнидаги хизматкорларнинг-ку, юрагимиз ёрилишига оз қолган эди! Ҳатто зоти олийлари ҳузурида ўттиз йил хизмат қилган камина ҳам умримда бунақасини кўрмагандим. Бу ҳақда ҳикоя қилишдан олдин дўзах азобларини чизган уста-мусаввир Ёсихидэ ҳақида гапириш лозим.
У маълуму машҳур мусаввир эди, мўйқалам ушлаганлардан ҳеч қайсиси унга тенг келолмасди. Ўша пайтлар, чамаси, эллик ёшларда эди. Кўрсангиз, пакана, озғин, эти устухонига ёпишган, қовоғи солиқ чол дейсиз. Зоти олийлари саройига эгнида қорамтир-сариқ кийим – каригина, бошида момиэбо* кийиб келарди. Феъл-атвори расвои жаҳон эди, лаблари ёшига ярашмайдиган қизил, ёқимсиз бўлиб, аллақандай махлуқни эслатарди. Айтишларича, Ёсихидэ юриш-туриши билан маймунга ўхшаркан, ҳатто “Сарухидэ” деган лақаб ҳам олган экан.

II

Модомики “Сарухидэ”* деган эканман, яна бир нарсани айтиб ўтай. Ўша пайтларда зоти олийлари саройига унинг ўн беш яшар ёлғиз қизини оқсоч қилиб олишган экан. Ёқимтой қиз отасига мутлақо ўхшамасди. Бунинг устига, онасидан эрта ажрагани учунми, ўйчан, мулоҳазали, шунинг учун сарой бошқарувчисидан бошлаб барча аёллар уни яхши кўрарди. Қайсидир муносабат билан зоти олийларига Тамба вилоятидан ўргатилган маймун олиб келишди. Ҳукмдорнинг учига чиққан тўполончи, шумтака ўғли маймунни Ёсихидэ деб атади. Ёсихидэ шусиз ҳам кулгили эди, бунақа лақаб олгач, сарой аҳли ўзини кулгидан тўхтата олмади. Кулишгани ҳам майли-я, лекин маймун боғдаги дарахтга чиқиб татамини расво қилганда одамлар эрмак учун “Ёсихидэ, Ёсихидэ” дея шовқин солар ва мусаввирнинг жонига тегар, қонини қайнатар эди. Бир куни Ёсихидэнинг қизи узун йўлакдан олхўри бутоғи қадалган хатни элтаётганда қаршисидаги эшикдан оқсоқланиб маймун чиқиб қолади, афтидан, оёғи шикаст еган ва аввалгидай устунга чиқолмаётган эди. Орқасидан хипчинини ўйнатганча, ким денг, ҳукмдорнинг ўғли қичқирганча қувиб келарди:
– Ярамас ўғри! Тўхта, тўхта!
Буни кўриб, Ёсихидэнинг қизи бошда довдирагандай бўлди, шу он маймун қизнинг этагига ёпишди ва маъюс ғингшиди. Қизнинг жониворга раҳми келди – бир зум нима қилишини билмай қолди. Сўнг бутоқли хатни енгига қистирди-да, маймунни қучоғига олиб, эркалаб, йигитчага таъзим қилганча юмшоқ оҳангда мурожаат этди:
– Ахир бу ҳайвон-ку. Илтимос, уни кечиринг.
Ёш жаноб унинг олдига келиб бўлган эди. У қаҳр билан қовоғини уйиб ерни тепди-да:
– Нега ёнини оласан! Маймун мандаринларни ўғирлади, – деди.
– Ахир бу ҳайвон… – такрорлади қиз журъатланиб, сўнг мунгли табассум-ла қўшиб қўйди: – Бунинг устига уни Ёсихидэ дейишади. Демак, сиз отамга қаҳр қилаяпсиз, мен эса бунга бефарқ қараб туролмайман.
Буни эшитиб ёш жаноб ўзига келгандай бўлди:
– Шунақами!.. Ҳа, майли, отанг учун сўраётган экансан, кечирганим бўлсин, – шундай деди-да, таёқни истамайгина ерга ташлаб, ортига қайтиб кетди.

III

Ёсихидэ қизининг маймунча билан дўстлиги шундай бошланди. Бўйнига чиройли қизил лента боғлаб, ёш жаноб олийлари совға қилган қўнғироқчани осиб қўйгач, маймунча қизнинг ёнидан кетмайдиган бўлди. Бир гал Ёсихидэнинг қизи шамоллаб, тўшакка ётиб қолганда, маймунча қизнинг ёнидан сира кетмай қўйди; у бошини ғамгин қимирлатар, нуқул тирноқларини тишлар эди. Шундан бери – ғалати ҳол – ҳеч ким маймунчани аввалгидай қийнамайдиган бўлди. Аксинча, уни кам-кам эркалатадиган бўлишди, ҳатто ёш жанобларининг ўзи баъзан унинг олдига персимон ёки каштан ташларди, бу ҳам етмагандай хизматкорлардан кимдир маймунчага озор берганда қаттиқ жаҳли чиққанди, айтишдики, тез орада зоти олийлари Ёсихидэ қизини маймунча билан бирга ҳузурига чақирар эмиш, ўспириннинг ғазабланганини эшитиб шундай қилганмиш. Бунинг устига қизгинанинг маймунчани яхши кўриши, эркалашлари унинг қулоғига етиб борибди.
– Қизгина яхши. Мақтагулик.
Ҳукмдорнинг хоҳиш-амри билан оқсоч қиз мукофотга қизил акоме* олди. Маймунчанинг одамдай эгилиб акомени қўлга олиб кўрмоқчи бўлганига кўзи тушган зоти олийларининг баттар завқи келди. Ёсихидэнинг қизи отасини беҳад эъзозлаши туфайли маймунга меҳр қўйгани зоти олийларига маъқул бўлди, унга марҳамат кўрсатиши шундан, асло шаҳватпарастлиги учун эмас, дейишди одамлар.
Тўғри, шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди – бесабаб бундай миш-мишлар пайдо бўлмайди, лекин мен шошилмай турай, кейинроқ бу ҳақда бафуржа ҳикоя қиларман. Ҳозирча шуни айтишим жоизки, ҳар қанча гўзал бўлмасин, зоти олийлари қандайдир мусаввирнинг қизига маҳлиё бўладиганлар сирасидан эмасди. Шундай қилиб, Ёсихидэнинг қизи зоти олийлари ҳузуридан иффати басаломат чиқди, ақлли-ҳушли бўлгани туфайли бошқа оқсочларнинг ҳаваси-ҳасадини келтирди.
Лекин ҳозирча қизгинани қўйиб турайин-да, отаси Ёсихидэ ҳақида ҳам гапирай. Ҳа, тез орада ҳамма маймунчага меҳр қўйиб қолишди, лекин Ёсихидэнинг ўзини кўришга аввалгидек тоқат қилишолмас, кўргани кўзи йўқ, орқасидан Сарухидэ деб майна қилишарди. Фақат саройнинг ичидагина эмас. Ёкагавалик руҳоний ота, Ёсихидэнинг номини эшитиши ҳамоноқ, худди шайтонни эшитган-кўргандай, кўзлари олайиб кетар, ундан нафратини яшириб ўтирмасди. Тўғри, бунга сабаб қилиб Ёсихидэ руҳоний отани ҳазил суратларда тасвирлаганини кўрсатишади, лекин балки бу амали паст хизматкорларнинг фисқи-фасодидир. Қанчалик тўғри-нотўғрилигини айтолмайман. Шуниси ростки, уни ҳамма жойда сўкишар, маломат қилишарди. Икки-уч мусаввир оғайнисигина, яна картиналарини кўрган, ўзини билмайдиган одамлар у ҳақда ёмон гап айтишмасди. Лекин Ёсихидэ нафақат башараси хунук, феъл-атвори жирканч, тубан кас эди, бошига тушадиган савдолар ахлоқига яраша дейиш лозим бўлади.

IV

Феъл-атворига келадиган бўлсак, зиқна, виждонсиз, ялқов, очкўз, манман, такаббур одам эди. Мамлакатда биринчи мусаввирлиги бурнини жийиришидан ҳам маълум эди. Расм-тасвир бобида-ку, майли, шундайдир, лекин бошқа соҳаларда ҳам ҳеч кимдан ортда қолгиси келмас, уларнинг одоби, одатларини рўй-рост масхара қиларди. Ёсихидэнинг эски шогирди менга шундай ҳикоя айтиб берганди: қачонлардир таниқли жувон, машҳур коҳина Хигаки руҳини арвоҳ безовта қилиб, даҳшатли товушда бақира бошлаган экан, Ёсихидэ уни эшитгиси ҳам келмабди-да, сақлаб қўйган мўйқаламини олиб, бамайлихотир коҳинанинг қўрқинчли қиёфасини чизибди, арвоҳ васвасасини шунчаки болаларча фирибгарликка йўйибди. Мана шундай қабиҳ одам эди у: будда Киссётэн* қиёфасини биронта ярамас одамдан кўчириб чизади; гуноҳкорларни жазоловчи будда авлиёси Фудо* тасвирини ашаддий қувғиндидан олади. Бунақа ярамас ишларининг сон-саноғи йўқ, таъна қилишса, юзига солишса, масхараомуз ҳуштак чалиб: “Нима бўпти, Ёсихидэ маъбуд ва буддаларни чизган бўлса уни жазолаш керакми? Ғалати-ку!” – деркан. Бунақа гаплар ҳатто шогирдларини ҳам қўрқитар, кўплари ўз келажагидан қўрқиб уни ташлаб кетаркан. Нима бўлганда ҳам замонасида ўзидан зўр одам борлигига ишонмасди у.
Мўйқалам санъатида Ёсихидэ қандай юксак чўққини забт этганини гапирмаса ҳам бўлади. Тўғри, унинг картиналари ҳам мазмуни, ҳам ранги билан бошқа мусаввирларнинг ишларидан ажралиб турарди, ёқтирмовчи ҳамкасблари уни лўттибоз, фирибгарга чиқаришарди. Уларнинг сўзларига қараганда, Каванари*, Канаока* ва бошқа қадимий машҳур усталар ҳақида халқ орасида ажойиб ҳикоялар юради: эшик табақасига чизилган суратлардан тўлин ойли тунларда олхўрининг хушбўй ҳиди таралади, пардаларда тасвирланган сарой аҳли гўё рай* чалаётгандай туюлади… Ёсихидэ картиналари ҳақида фақат ғалати ва ваҳимали гапларни айтишади. Масалан, Рюгайдзи ибодатхонаси дарвозасига Ёсихидэ чизган “Ҳаёт ва ўлим гирдоби” сурати ёнидан кечаси ўтган кишига художўйларнинг фиғони, бўзлашлари эшитилиб турармиш. Бундан ҳам даҳшатлиси, баъзилар ҳатто мурдаларнинг бадбўй ҳидидан кўнгиллари айнишини айтишади. Зоти олийларининг буйруғи билан чизилган аёллар суврати-чи? Айтишларича, қайси аёл тасвир этилган бўлса, уч йил ўтар-ўтмас касалга чалинармиш, гўё руҳи суғуриб олинармиш ва ўлармиш. Лафзи ўткир одамларнинг гапига қулоқ сол, бу – Ёсихидэ картиналарининг сеҳр-жодуси борлиги исботи.
Ёсихидэ, айтганимдек, алоҳида одам бўлгани боис димоғига хода етмасмиш. Бир куни зоти олийлари “Сен бадбурушликни ёқтирасан шекилли?” – деб ҳазил қилганда, ёшига номуносиб қизил лабларини чўччайтириб, “Ҳа, сохта рассомлар бадбурушликнинг гўзаллигини қайдан билсин!” – дея кулган экан. Майли, у мамлакатда пешқадам мусаввирдир, лекин зоти олийларининг олдида мақтаниши… Мен аввал эслатиб ўтганим шогирди мақтанчоқлиги, такаббурлиги учун бежиз унга Тирадзю деган лақаб тақмаганди. Сиз балки биларсиз: қадим замонларда бизга Хитойдан келган шайтонни Тирадзю деб аташган.
Лекин Ёсихидэ – ҳеч кимни, ҳеч нарсани назар-писанд қилмайдиган бу кас ҳам инсоний ҳиссиётдан бенасиб қолмаган экан.

V

Ёсихидэ ягона фарзанди – ўша оқсоч бўлиб ишлайдиган қизини ҳаддан ташқари яхши кўрарди. Айтиб ўтганимдек, қизи нозик, хушрўй, ақлли бўлиб, отанинг унга муҳаббати дилбандининг ҳиссиётидан кам эмасди. Ибодатхоналарга ҳеч қачон бирор нарса атамаган бу одам қизининг кийим-кечаги, сочларининг пардоз-андозига сира пулни аямаган десам ёлғон бўлмас. Айтмоқчи, Ёсихидэнинг қизига меҳри фақатгина уни эркалатишдан иборат эди, лекин унга яхши куёв топиш хаёлига ҳам келмасди. Бу-ку, майли-я, мабодо бирортаси қизига ройиш қилгудек, кўнглини овламоқчидек бўлса борми, у каллакесарлар ёллаш билан довюракнинг жиловини тортиб қўйиш, ўлдиртиришдан ҳам тоймасди. Шунинг учун ҳам зоти олийларининг хоҳиш-иродаси билан қизини оқсочликка ўтказишганда чол жуда норози бўлган ва ҳатто ҳукмдор олдида қовоғини уйган эди. Зоти олийлари қизнинг ҳусни-малоҳатига шайдо бўлгани учун уни саройда сақлаяпти деган овозалаар тарқалгани боиси шу бўлса керак. Лекин миш-мишлар ёлғон бўлса-да, Ёсихидэ қизига маҳри-шафқати кучли бўлганидан унга саройдан жавоб беришларини сўрагани-сўраган эди. Бир куни зоти олийлари буйруғига кўра чақалоқ Мондзюнинг* суратини чизаркан, ҳукмдорнинг суюкли фарзанди юзини қойилмақом қилиб тасвирлайди. Беҳад хурсанд бўлган хўжайин:
– Нима сўрасанг шуни бераман, қани, тортинмай айтавер, – дейди. Шунда Ёсихидэ – ё бафармони худо – дадил туриб:
– Илтимос, қизимга ижозат берсангиз, – дейди.
Бошқа саройларни билмадиг-у, лекин зоти олийларига сидқидилдан хизмат қилганларнинг иззат-ҳурмати бўлакча… Қандай кас бундай бетакаллуфликка журъат эта олади? Бу ҳатто зоти олийларидек феъли кенг одамнинг ҳам жаҳлини чиқарди, шекилли, у бир муддат жим қолди, Ёсихидэнинг юзига тикилиб турди-да, шартта: “Йўқ, мумкинмас”, – деди ва ўрнидан туриб кетди. Шу-шу, зоти олийлари Ёсихидэни кўрганда хўмрайиб оладиган бўлди. Қизгина ҳам, отаси учун хавотирланганидан бўлса керак, оқсочлар хонасига тез-тез кириб, енгини тишлаганча аччиқ-аччиқ йиғларди. Шунда зоти олийлари Ёсихидэнинг қизига кўнгли суст кетди деган миш-мишлар тарқалди. Ҳатто, дўзах азоблари чизилган парда қиз розилик бермагани сабабли пайдо бўлди дегувчилар ҳам топилди; лекин бу бўлмаган гапдир, балки. Менинг тушунишимча, зоти олийлари ёш қизнинг тақдирига ачингани боис унинг саройдан кетишини истамасди. Марҳаматли ҳукмдор қизнинг қайсар отаси уйига боргандан кўра саройда бемалол яшаб юришини маъқул кўрган эди. Турган гап, у ёқимтой қизга марҳамат кўрсатарди. Кўнглида бошқа, ҳирсий ниятлар бор эди деган миш-мишлар шунчаки уйдирма, уйдирмагина эмас, ҳеч таги йўқ гаплар эди. Лекин Ёсихидэ нима бўлганда ҳам, қизи туфайли ёқмай қолаёзган кезларда зоти олийлари нималарни ўйлади, билмайман, бир куни ҳузурига мусаввирни чақирди-да, дўзах азоблари чизилган парда яратишни буюрди.

VI

“Дўзах азоблари чизилган парда”, – дейилиши билан кўз ўнгимда даҳшатли манзара жонланди. Дўзах азобларининг бошқа тасвирларини оладиган бўлсак, шуни айтмоқ керак: Ёсихидэ чизган нарса бошқа мусаввирларнинг сувратларига асло ўхшамайди. Энг аввало, жойлаштирилиши билан. Тавақанинг бир бурчагида жаҳаннам азобидаги ўнта бек ушоқ қилиб чизилган; бўшлиқнинг қолган қисми бўйлаб шундай шиддатли ёмғир қутуряптики, асти қўяверасиз! Фақат аллақаердадир дўзах хизматкорининг сариқ ё кўк рангли хол-хол кийими кўзга ташланиб қолади, ҳамма нарса қип-қизил аланга оғушида; қаёққа қараманг олов тилини чўзади. Мандзи* хочи каби эгилиб-буралиб осмонга ўрлаётган қора тутун, чарс-чурс қилиб ёнаётган одам гавдаси, тилларанг чанг-тўзон…
Шунинг ўзиёқ қилқалам қандай куч-қувватга эгалигидан далолат бериб турибди, аммо типирчилаётган, қоврилаётган гуноҳкорлар дўзахнинг бошқа тасвирларида бунақасини кўриши қийин. Кўпдан-кўп гуноҳкорлар ичида Ёсихидэ юқори мартаба соҳибларидан тортиб энг қуйи қисмигача – унвонли, унвонсиз одамларни тасвирга олган. Серҳашам кийимдаги кеккайган сарой амалдорлари, ипак либосдаги ёш, соҳибжамол хонимлар, тасбеҳли будда роҳиблари, баланд асидали* ёш хизматкорлар, узун тор кийимли бўйқизлар, тақир-туқурли фолбинлар –санаган билан адо бўлмайди! Ҳўкиз ва отбошли дўзах хизматкорлари томонидан азобланаётган осий бандалар ловуллаган аланга ва тутун ичида, шамолда учган барглардек, дуч келган томонга ўзларини уришади. У ерда сочларидан паншахага илдирилган аёл, чамаси, коҳина, қўл-оёқларини, панжаларини ўргимчак каби чангак қилиб, жон ҳолатда типирчилатади. Бу ёқда кўкрагидан қилич тешиб ўтган эркак, бирор ноиб бўлса керак, бошини кўршапалакдек пастга осилтириб ётибди. Кимнидир темир таёқлар билан савалашаётибди; кимнидир минглаб одамлар ўрнидан қўзғатолмайдиган зил-замбил тошга бостиришган, кимнидир йиртқич қушлар ўткир тумшуқлари билан чўқиётибди, кимгадир заҳарли илон тишларини ботирган – гуноҳкор қанча кўп бўлса, азоб турлари ундан ҳам кўп. Энг қўрқинчлиси – тепадан ваҳимали қулаб тушаётиб дарахтга илиниб қолган арава йиртқич ҳайвоннинг тишларини эслатади. Жаҳаннам шамолларида чайқалиб, буралиб турган бамбук парда ортида узун қора сочлари, ясан-тусан либосини олов тили ялаб бораётган соҳибжамол аёл; унинг қадди-басти жизғанак бўлиб куяётгани тасвирда шундай бўлса, аслида қандай юз берганини ўзингиз билиб олаверинг. Чидаб бўлмас азоб чекаётган аёл, чарсиллаб, қарсиллаб ёнаётган арава – тасвирдаги дўзах азобларини кўриб беихтиёр титраб-қақшайсан, киши. Бу шундайин ноинсоний санъат намунаси эдики, тасвирга қараганингда беихтиёр кўзларинг жимирлаб кетади, қулоқларинг даҳшатли қий-чувни эшитгандай бўлади, кечалари уйқуларинг қочиб, босинқираб чиқасан.
Ҳа, мана шунақа асар, уни чизиш учун ўша даҳшатли ҳодиса юз берган эди. Ахир Ёсихидэнинг ўзи ҳам жаҳаннам азобларини қандай қилиб бу қадар жонли тасвирлай олди экан? Бундай асарни яратиш учун у шундай азоб-уқубатларни бошдан кечирдики, пировардида ҳаётнинг қизиғи қолмади. Айтиш мумкинки, тасвирдаги дўзах – Ёсихидэнинг ўзи – мамлакатнинг пешқадам мусаввири тушадиган дўзахнинг ўзи эди. Дўзах азоблари акс этган бу ғаройиб парда ҳақида сўзлашда шошма-шошарлик қилгандирман, чоғи. Келинг, энди барини тартиб билан давом эттирай ва Ёсихидэ зоти олийларидан дўзах азобини тасвир этишга қай тариқа буйруқ олганига ўтай.
Беш-олти ойлар Ёсихидэ саройда умуман кўринмади ва фақат ўз машғулоти билан банд бўлди. Ғалати ҳол, ўзига-ўзи: “Хўп, ишга киришаман!” – дейиши билан бу болажон ота ҳатто қизини ҳам унутди. Юқорида эслатиб ўтганим шогирдининг менга айтишича, Ёсихидэ ишга тутинган чоғларда бамисоли унинг ичига тулки жойлашиб олгандай бўларкан. Рост, ўша кезларда Ёсихидэ бахт маъбудига онт ичгани туфайли ўзига ном орттирган, шуҳрат қозонган деган гаплар тарқалганди. Бунинг исботи учун айтишардики, Ёсихидэ ишлаётган чоғда секин назар ташланса, унинг атрофида – олдида, орқасида, ён томонларида тулкилар шарпаси гир-гир айланармиш. Шуниси ҳам ростки, мўйқаламни қўлга олиши билан у ўз ишидан бошқа ҳамма нарсани буткул унутаркан. Кечасию кундузи уйда қамалиб ўтирар, ташқарига кам чиқар экан. Дўзах азоблари чизилган парда тайёр бўлганда у ҳақиқий фидойига айланганди. Бу ҳам етмагандай, хонасида кундузи ҳам пардаларни тушириб, шам ёруғида сирли равишда бўёқларни эзиб, ийлаб ёки шогирдларига суйкан ёхуд каригина* кийдириб, ҳар қайсисидан синчиклаб нусха кўчираркан. Бундай ғалати қилиқлардан ҳеч қачон, ҳатто дўзах азобларини чизаётганда, истаган юмушни адо этаётганда ҳам воз кечмас экан. Рюйгадзи ибодатхонасида “Ҳаёт ва ўлим алмашинуви” тасвирини чизиш жараёнида кўчада чўзилиб ётган мурдалар олдида бемалол ўтириб олиб – бунақа пайтларда бошқа ҳар қандай одам шартта бурилиб жўнайди – бузилиб, ириб кетаёзган қўл, оёқ, юзлардан эринмай нусха оларкан. Қандай қилиб бунга журъати етади – тушуниш қийин. Ҳаммасини айтишга вақт етмас, лекин энг муҳимини ҳикоя қиладиган бўлсак, воқеа мана бундай юз берганди.
Бир куни Ёсихидэнинг эслатиб ўтганим шогирдларидан бири бўёқларни эзиб майдалаётганда ногоҳ унинг ёнига келиб:
– Мен жиндай мизғиб олмоқчиман. Кейинги пайтларда фақат ёмон тушлар кўраяпман, – дейди.
Бунинг ҳеч ҳайрон қоладиган жойи йўқ эди, шунинг учун шогирди ишини тўхтатмай жавоб беради:
– Яхши.
Лекин Ёсихидэ – во ажабо! – бағоят ғамгин қиёфада, хижолатпазлик билан илтимос қилади:
– Мен ухлаётганимда ёнимдан кетмай турасанми?
Уста қандайдир тушларни юрагига қаттиқ олгани шогирдга ғалати туюлади, лекин илтимоси осонлиги учун рози бўлади. Шунда уста яна безовта бўлиб, уялиб давом этади:
– Ундай бўлса, нариги хонага ўт. Агар бошқа шогирдлар келса, ёнимга киришмасин.
Бу ўша – пардалар туширилиб, шам ёруғида тасвирнинг ҳозирча қалам билан чизилган хомаки нусхаси тайёр бўлган хона эди. Хонага киришганда, Ёсихидэ бошини тирсагига қўйиб, чарчаб тамом ҳолдан тойгандай қаттиқ ухларди. Лекин кўп ўтмай ёнида ўтирган шогирдининг қулоғига қандайдир нотаниш, худди олисдан келаётгандай дод-фарёдлар чалина бошлайди.

VII

Тобора баландлашаётган ингроқлар, фиғонлар кўп ўтмай тўхтовсиз дод-фарёдга айланди – гўё чўкаётган одам сув ютиб қичқираётгандай.
– “Нима дединг?” – “Олдимга кел!” – “Қаерга келай?” – “Дўзахга кел. Оловли дўзахга кел!” – “Кимсан ўзинг? Мен билан гаплашаётган ким? Ким дединг?” – “Ким деб ўйлайсан, ким?”
Шогирд беихтиёр бўёқни эзишни тўхтатди ва қўрқа-писа устага қаради: чолнинг ажинли юзи оқариб кетган, пешонасидан реза-реза тер чиқар, сийрак тишли оғзи, қуруқшаган лаблари катта очилган, гўё нафаси қисаётгандай эди. Оғзида нимадир, худди ипда тортгандай тез-тез қимирларди – ҳа, ҳа, бу унинг тили эди. Узуқ-юлуқ сўзлар шу йўлдан чиқаётганди.
– “Ким деб ўйлайсан, ким?” – “Ҳа, бу мен”. – “Ўзим ҳам сен деб ўйлаган эдим. Сен менга келдингми? Кел!.. Дўзахда мени қизим кутаяпти”.
Шогирдини ваҳима босади, худди пардадан қандайдир лиқиллоқ, алламбало соялар сирғалиб тушаётгандай туюлади. Турган гапки, шогирд қўлини Ёсихидэга чўзиб, уйғотиш учун жони борича турта бошлайди, лекин уста уйқуда ҳамон алаҳлар, сира уйғонмасди. Шунда шогирди ўзини тутиб олиб, устанинг юзига мўйқалам ювадиган сувдан сепади.
– У кутаяпти, аравага ўтир… Ўтир бу аравага ва дўзахга жўна!..
Шу ондаёқ унинг сўзлари инграшга айланади, худди биров томоғидан бўғаётгандай. Ёсихидэ кўзини очди-да, нина санчилгандек сапчиб ўрнидан туриб кетди. Лекин ҳали ҳам тушида кўрган ғаройиб ҳодисалар оғушида бўлса керак, бир муддат оғзини катта-катта очганча қўрқа-писа қаршисига қаради-да, ниҳоят, ўзига келиб буюрди:
– Мен энди яхшиман, чиқ!
Устага гап қайтариб бўлмаслиги, акс ҳолда ҳайфсан олишини билган шогирди хонадан чиқди, қуёшнинг ёруғ нурини кўриб енгил нафас олди, ёмон туш кўриб уйғонгандай сезди ўзини.
Бу ҳали ҳеч нарса эмас, бир ой чамаси вақт ўтгач Ёсихидэ хонага бошқа шогирдини чақиради. Кирганда мўйқаламни тишлаган кўйи шамнинг хира нурида ўтирган уста шогирдига кескин ўгирилиб дейди:
– Эшит, сендан илтимос, яланғоч бўлиб ечин!
Авваллари ҳам уста бунақа буйруқлар берарди, шу боис шогирд кўп ажабланмасдан кийимларини бир-бир ирғитиб қип-яланғоч бўлиб олади. Шунда Ёсихидэ ғалати қийшайиб:
– Мен занжирланган одамга қарамоқчиман, сени уринтираётганимга ачинаман, бироз илтимосимни бажариб тур, – дейди совуққонлик билан. Бу шогирд қадди-қомати келишган, қўллари мўйқалам тутишдан кўра қилич тутишга лойиқ азамат йигит – ҳатто қўрқиб кетади. Кейинчалик бу воқеани хотирлаб нуқул такрорларди: “Уста ақлдан озмадими, мени ўлдириш нияти йўқмиди, деб ўйладим”. Лекин йигитнинг тараддудланиши устанинг сабр-косасини тўлдирганди, чамаси, қўлларига қаердадир ётган ингичка темир занжирни олиб, душманга ташланган одамдай шахд билан шогирдининг елкасидан ушлайди, куч билан қўлларини қайириб, гавдасини занжир билан ўраб чиқади ва бир учидан қаттиқ тортади, мувозанатини йўқотган шогирд гурс этиб полга қулайди.

IX

Айни дамда шогирд тўнтарилган сакэ шишасини эслатарди, қўл-оёқлари шафқатсиз боғлаб-чирмаб ташлангани боис фақат бошини қимирлата оларди. Бунинг устига занжир танасини шундай сиққандики, томирларида қон тўхтаб қолгандай эди, фақат юзи ва кўкраги эмас, бутун танаси қип-қизариб кетганди. Лекин бу Ёсихидэни заррача бўлсин безовта қилмас, у ағдарилган шишага ўхшаш гавда атрофида айланиб, ҳар томондан унга разм солиб қарар экан, бирин-кетин чизмалар чизарди. Шогирд қандай азоб-уқубат чекаётганини айтмаса ҳам бўлади. Кутилмаган бир ҳодиса юз бермаганда бу азоб ҳали-вери тугамайдигандай эди. Бахтига (бахтсизлигига дейиш тўғри бўлар балки) хона бурчагидаги хумчадан бирдан қорамой тўкилгандай бир нима оқиб чиқди. Бошда ёпишқоқ суюқлик секин жилгандай эди, лекин бора-бора тезроқ ўрмалай бошлади, ялтираб шогирднинг бурни олдига келиб тўхтади. Шунда у ҳушидан кетаёзиб зўрға ингради: “Илон, илон!” Илоннинг совуқ тили сал бўлмаса занжир чирмаган гавдасига тегиб кетай деди. Бу кутилмаган ҳолат ҳатто бераҳм Ёсихидэни ҳам чўчитиб юборди. Шошиб мўйқаламни ташлади-да, эгилиб илоннинг думидан ушлади, боши осилиб қолган илон айланиб тўлғонар, лекин ҳарчанд уринмасин боши устанинг қўлига етмасди.
– Шундай расмни йўққа чиқардинг, – жаҳл билан пўнғиллади уста, илонни бурчакдаги хумчага ташларкан. Сўнг истамайгина занжирни ечди. Шунча нарса бўлиб ўтди-ю, бироқ шогирдига лоақал миннатдорчилик маъносида бир сўз ҳам қотмади. Шогирдини илон чақиши мумкинлиги хавфидан кўра расм чиқмай қолганига кўпроқ хафа бўлди. Кейин маълум бўлишича, нусха олиш учун илонни атайин сақлаб юрган экан.
Унинг ҳаддан ташқари берилиб, шиддатли ишлашини тасаввур этиш учун шу етар, шекилли. Ўрни келганда бошқа бир шогирди – ўн уч-ўн тўрт ёшли ўспирин дўзах азоблари чекилган парда сабаб ўлиб кетишига оз қолганини ҳам айтиб ўтай. Бу боланинг бадани аёлларникидай оппоқ эди. Бир куни уста уни хонасига чақиради, ўсмир сира хавфсирамай боради. Қараса, Ёсихидэ шам ёруғида қандайдир нотаниш қушга қўлидан овқат беряпти. Қушнинг катталиги мушукдай эди. Икки тарафдан туртиб чиққан қанотлари, катта, думалоқ қаҳрабо кўзлари ҳам мушукникига ўхшарди.

X

Ёсихидэ унинг ишига биров бурнини тиқишига тоқат қилолмасди. Ҳикоя қилганим илон воқеаси ҳам шундай бўлганди, умуман, хонасида нималар қилинишини шогирдларига айтмасди. Чизадиган расмига қараб столида кутилмаган нарсалар, гоҳ бош суяги, гоҳ кумуш зўлдирчалар, ялтироқ патнислар пайдо бўларди; буларни кейин нима қилади, ҳеч ким билмасди. Бахт худоси уни қўллайди деган миш-мишлар боиси шу, шекилли. Шунинг учун бола бу нотаниш қуш ҳам дўзах азоблари чизиладиган пардага керакдир деб ўйлади, чамаси, ҳурмат билан сўради:
– Хўш, хизмат?
Лекин Ёсихидэ гўё унинг гапини эшитмагандай қизил лаблари билан яланди-да, ияги билан қушга ишора қилди.
– Нима, қўлга ўргатилганми у? Қанақа қуш экан? Бунақасини ҳеч кўрмаган эдим, – деди шогирди қулоқлари диккайган қушга хавфсираб қарар экан.
– Нима, кўрмаганмидинг? – тиржайди Ёсихидэ.– Шаҳарда тарбия кўргансан-да, аттанг… Бу қушни укки дейдилар, бир неча кун бурун курамалик овчи совға қилганди. Фақат қўлга ўргатилганлари кам учрайди.
Шу сўзларни айтиб озиқланиб бўлган қушни секин қўлига олди ва думидан юқорига қараб силай бошлади. Ё тавба, шу заҳоти қуш ваҳимали қичқирганча ўткир тирноқларини кериб болага ташланиб қолсами! Агар шогирд қўллари билан юзини тўсиб қолмаганда нақ ғажиб ташлаши аниқ эди. Қўрққанидан қичқириб қўлларини силкитганча уккини ҳайдашга уринди, укки эса тумшуғини шақиллатиб тағин болага ташланди… Болапақир бу ерда устоз борлигини ҳам унутиб тик турган кўйи ҳамлани даф этар, дам ўтириб ҳайдамоқчи бўлар, йирқич қуш эса гоҳ тепага кўтарилар, гоҳ пастга шўнғир, боланинг нақ кўзини мўлжалга оларди, шу аснода қанотларини ваҳимали қоқиши, шилдиратишидан барги хазоннингми-ей, ириган меванингми-ей ачимсиқ, бадбўйига ўхшаш бир нарса келардики, буни даҳшат деса камлик қилади. Шогирднинг юраги сиқилиб кетди, шамнинг хира шуъласи, устознинг сирли хонаси – бамисоли иблислар макон қурган тоғ дарасини эслатди.

XI

Лекин шогирдни қўрқитган нарса уккининг ҳужумигина эмасди. Йўқ, унинг сочлари тикрайиб кетиши боиси – Ёсихидэнинг бу тўс-тўполонга бефарқ қараб, хотиржам қоғоз очгани, мўйқалам олиб даҳшатли воқеани – ўсмирга йиртқич қуш азоб бераётганини чизаётгани бўлди. Бир кўзини очиб, буни кўрган йигитни қўрқув босди, ҳатто уста мени ўлдирмоқчи, деган хаёлга борди. Чиндан ҳам, уста бундай ишга қодир эмас, деб бўлмасди. Шогирдини қушнинг чангалига ташлаш, жон ҳолатда ҳар ёққа югуришини чизиш учун атайин чақирган деб ўйлаш ҳақиқатга яқинга ўхшайди. Шунинг учун шогирд устанинг нима қилаётганини кўргач, бошини қўллари билан бекитди-да, товуши борича бақирди ва хонанинг эшикка яқин бурчагида букчайиб ўтириб олди. Шунда Ёсихидэ қандайдир чўчиб қичқирди ва ўрнидан турди, бу пайт қуш қанотларини янада қаттиқроқ силкитди, қулоқни қоматга келтирадиган гумбурлаш эшитилди, нимадир ерга қулаб, сингандай бўлди. Қўрқувдан яримжон ҳолга келган ўсмир беихтиёр енгини тушириб, бошини кўтариб қараса, хона қоп-қоронғи, фақат устанинг жаҳл билан шогирдларини чақираётгани эшитиларди.
Ниҳоят, узоқдан шогирдлардан бири товуш берганча қўлида шам билан шоша-пиша кириб келди. Ғира-шира ёруғда шам ағдарилгани, ер ва гиламга мой тўкилгани, бир қанотини зўрға қоқаётган укки кўринарди. Бир алфозда қотган Ёсихидэ стол устидан зўрға кўтарилиб, эсанкираган кўйи алланималарни ғўлдирайди, ҳайратланарлиси, уккининг олдида унинг боши ва гавдасининг ярмини ўраганча қора илон ётарди. Ўсмир бўсаға олдида букчайиб хумчани тушириб юборган бўлса керак, илон ўрмалаб чиққан, укки уни чўқимоқчи бўлган – тўс-тўполон шундан бошланган. Шогирдлар бир-бирига қўрқиб қўйишади, рўй берган ғалати ҳодисадан ҳайратга тушишади, тез-тез чиқиб кетишади. Кейин укки ва илонга нима бўлди – ҳеч ким билмайди.
Бундай ҳодисаларнинг ҳад-ҳисоби йўқ. Айтишни унутибман – дўзах азоблари чизилган пардани яратиш устага кузнинг бошида буюрилган, мана, қишнинг ярми ҳам ўтибдики, устанинг тентакнамо қилиқларидан қўрқиб яшашади. Лекин қиш охирида устанинг иши ўнг келавермади, турқи янада совуқлашди, асабий тарзда гапирадиган бўлиб қолди. Пардадаги сувратнинг учдан бири чизилган кўйи бошқа силжимаётганди. Устига-устак мусаввир баъзан илгари чизилган расмларини устидан бўяб ташлайдиган бўлди – бу қанча давом этади, номаълум эди. Нимаси кўнглидагидай чиқмаяпти – ҳеч ким билмасди. Биронтаси билишга қизиқмасди ҳам. Аччиқ тажриба кўзини очган шогирдлар ўзларини йўлбарс ёхуд бўрининг қафасига қамалгандай ҳис этишар, устанинг кўзига кўринмасликка ҳаракат қилишарди.

XII

Бу орада ҳикоя қилишга арзигулик бирор воқеа бўлмади. Фақат… қайсар чол йиғлайдиган одат чиқарди – бир ўзи ёлғиз қолдими, кўз ёш тўкарди. Шогирдларидан бири менга айтиб берди. Бир марта нимагадир боққа кириб қолган экан, шунда кўрибди: уста айвонда туриб баҳор осмонига қараркан-у, кўзлари жиққа ёшмиш. Шогирд ўзини ноқулай сезибди, индамай бурилиб жўнаб қолибди. Ғалати эмасми, “Ҳаёт ва ўлим алмашинуви”ни кўчаларда чўзилиб ётган мурдаларга қараб чизган такаббур бу одам асарини кўнглидагидай чиқаролмагани учун боладай йиғлаб ўтирса.
Ёсихидэ тасвири устида жон куйдириб, ақл-ҳушини йўқотгудек бўлиб ишлар экан, қизи нимагадир тобора ғамгин бўлиб борарди, бот-бот кўз ёшларини қулт-қулт этиб ичига ютганини ҳам кузатгандик. Ҳамиша ўйчан, босиқ қиз кўзлари ичига ботиб, тамом қайғуга чўмган эди. Бошда биз тахмин қилдик: балки отасини соғингандир, балки ишқ-муҳаббат савдосига гирифтор бўлгандир. Кейин миш-мишлар тарқалдики, гўё зоти олийлари уни ўзларига ғунчачиликка майл билдирганмиш, шундан кейин гап-сўзлар сув сепгандай тинчиди-қолди, уни унутиб ҳам юборишди.
Бир куни кечаси, посбонлар ўрнини эгаллашганда, ўзим ёлғиз йўлакдан ўтиб кетаётгандим. Бирдан қаердандир маймунча Ёсихидэ чопиб келди-да, этагимдан тортқилай бошлади. Илиқ тун, ой хира ёритиб турибди, олхўри ҳиди димоққа уради. Ой ёруғида кўрдимки – нима деб ўйлайсиз? – маймунча оппоқ тишларининг оқини кўрсатганча иршайиб, башарасини бужмайтириб турибди. Худди эс-ҳушини йўқотгандай. Ҳайрон бўлдим, янги кийимимни тортқилаганидан ранжидим, итариб юбориб йўлимда давом этмоқчи бўлдим-у кейин ўйладим: ахир бир гал хизматкор уни хафа қилиб, ёш жанобнинг қаҳрига учраганди-ку. Бунинг устига маймунча бекорга шундай қилмаслиги аниқ эди. Гап нимадалигини билмоқчи бўлиб мени тортқилаган томонга бир неча қадам ташладим. Йўлак бурчакдан бурилар, у ердан қарағай шохлариаро ҳовуз кўриниб турар экан, ҳовуз узоқдан ҳам ярқираб кўзга ташланаркан. Бирдан хонадан хавотирли, айни чоғда аллақандай сокин шовқинни, кимларнингдир баҳслашаётганини эшитиб қўрқиб кетдим. Теварак-атроф жимжит, инсон товуши эшитилмас, фақат тун қоронғисида балиқлар шатир-шутури эшитилаётгандай бўлади. Бу товушларни тинглаб беихтиёр тўхтаб қолдим. “Қараб тур, кимдир шумтакалик қилаётган бўлса, кўрсатиб қўяман!” – деб ўйладим-да эшик томон йўл олдим.

XIII

Маймунга имиллаётгандай туюлдим, шекилли, у оёқларим остида бетоқат ўралашарди, кейин уни худди бўғишаётгандек мунгли инграй бошлади ва бир сапчиб елкамга миниб олди. Мен беихтиёр бошимни ён томонга бурдим, ундан қутулмоқчи бўлганимда маймунча ерга тушмасдан енгимга ёпишиб олди, мен ўзимни йўқотиб чайқалиб кетдим. Сусткашлик қиладиган вақт эмасди. Тез эшикни очдим-да, ой ёруғи тушмаган хонага кирмоқчи бўлдим, бироқ қўрқиб тўхтаб қолдим, негаки қаршимда ўқдек отилиб чиққан қандайдир аёл пайдо бўлди. Эшикда менга тўқнашиб кетишига оз қолди, ташқарига чиқасолиб тиззаси билан йиқилди, энтикканча менга ваҳимали тикилар экан, гўё қаршисида даҳшатли бир махлуқ кўргандек эди. У Ёсихидэнинг қизи эди. Лекин бу кеч қиз ҳеч ўзига ўхшамасди. Кўзлари катта-катта очилган, ёноқлари қизариб кетган. Бўлмаса, ғижимланган кийимлари ҳар доимги, ёшлик чоғларидагидай кўрк, жозиба бериб турарди. Наҳотки бу Ёсихидэнинг ўша нозикниҳол, ҳуркак қизи бўлса! Деворга суяниб қизнинг ой ёруғида балқиб турган офатижон жамолига маҳлиё бўлиб, кимнингдир шошқин қадамларига қулоқ солар эканман, кўзларим беихтиёр “Ким у?” дерди. Лекин қиз, лабларини тишлаганча, жимгина бош чайқади. Кўриниши паришон, дили сиёҳ эди. Шунда мен эгилиб, лабимни қулоғига теккизиб шипшидим: “Ким?” У яна бош чайқади ва ҳеч нарса демади. Узун киприкларида ёш ўйнаб турар, лаблари янада қаттиқроқ қимтилган эди.
Мен табиатан тўпорироқман, ҳаммага тушунарли нарсалардан бошқасига фаҳмим етавермайди. Шу боис яна нимадир дейишим кераклигини билмадим, бир муддат эшик ёнида қимир этмай, юрагим уришига қулоқ солгандай туриб қолдим. Ундан яна нималарнидир сўраш яхши эмаслигини англадим…
Бу ҳолат қанча давом этди, билмадим. Ниҳоят, эшикни итардим, бироз ўзига келган қизга қараб, иложи борича юмшоқ оҳангда: “Хонангга бора қол”, дедим. Сўнг кўнглимда қандайдир хавотирлик пайдо бўлди: гўё аллақандай нохуш, ножоиз нарсани кўргандай, ўзимни ноқулай сезиб – кимнинг олдида билмайман – йўлимда давом этдим. Лекин ўн қадамча ҳам юрмаган эдимки, кимдир орқамдан келиб этагимдан тортгандай бўлди. Чўчиб ортимга қарадим. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг – оёқларим остида маймун Ёсихидэ турибди, олтин қўнғироқларини жиринглатиб одамга ўхшаб менга назокат билан таъзим қилаяпти.

XIV

Ушбу воқеадан кейин орадан бир ойча вақт ўтди. Бир куни Ёсихидэ кутилмаганда саройга келди-да, зоти олийларининг қабулига кирмоқчи эканлигини сўради; мусаввир паст табақадан бўлса ҳам зоти олийларининг марҳаматига ноил одам эди. Ва зоти олийлари, гарчи унинг қабулига кириш осон бўлмаса-да, бу сафар бажонидил розилик берди ва дарҳол уни ҳузурига чорлади. Ёсихидэ ҳамишаги қорамтир-сариқ каригинаси ва ғижимланган момиэбосида эди: қовоғи одатдагидан ҳам солиқ бўлиб, зоти олийларига тавозе қилди ва хирилдоқ овозда сўз бошлади:
– Гап дўзах азоблари тасвирланган парда устида. Сиз, зоти олийлари, уни чизишни менга буюрган экансиз. Мен куч-ғайрат билан қўлга мўйқалам олиб, кечаю кундуз ишлаб талай муваффақиятга эришдим. Ишимнинг катта қисми бажариб бўлинган.
– Ажойиб. Мен хурсандман.
Аммо зоти олийларининг овози қандайдир суст, руҳсиз чиқди.
– Йўқ. Ҳеч қандай ажойиблиги йўқ! – Ёсихидэ жаҳли чиққан алфозда кўзини ерга тикди. – Ишнинг катта қисми қилинган. Лекин битта нарсани ҳеч чизолмаяпман.
– Бу нима деганинг? Нега чизолмаяпсан?
– Ҳа, чизолмаяпман. Ҳеч қачон кўрмаган нарсамни чизган эмасман. Чизганда ҳам кўнглимдагидай чиқмайди. Демак, барибир чизолмайман.
Бу сўзларни эшитиб зоти олийлари истеҳзоли кулимсиради.
– Демак, дўзах азоблари чизилган пардани яратиш учун дўзахни кўришинг керак экан-да, а?
– Шундай. Зоти олийлари, ҳақиқатни айтишга изн беринг. Бир неча йил бурун, катта ёнғин вақтида ўз кўзларим билан шундай шиддатли оловни кўргандимки, дўзах алангаси ўрнини босар эди. “Ёдзири-Фудо” суратида алангали ёнғинни ўз кўзим билан кўрганим учун аниқ тасвирлаган эдим. Зоти олийлари, бу асаримни биларсиз?
– Гуноҳкорларни-чи? Дўзах малайларини кўрмаган бўлсанг керак!
Зоти олийлари шундай қиёфада, оғир оҳангда саволларни қалаштириб ташладики, улар гўё Ёсихидэга етиб бормагандай эди.
– Мен занжирланган одамни кўрдим. Бошқа одамни йиртқич қуш азоблаганини тўлиқ чиздим. Мени гуноҳкорларнинг азобланишини мутлақо билмайди, деб бўлмайди… Дўзах малайлари… – Ёсихидэ заҳархандалик билан тиржайди, – дўзах малайлари тушимда ҳам, ўнгимда ҳам кўп бор олдимга келган. Буқабашара шайтонлар, уч юзли, олти қўлли откалла каслар оҳиста қарсак чалиб, оғизларини шовқинсиз очиб кун бўйи, тун бўйи мени қийнаш, азоблаш учун келишади. Йўқ, мен истамайман, чизолмайман – бу бошқа нарса.
Бундай кескир гаплар ҳатто зоти олийларини ҳам ҳайратлантирган бўлиши керак. Зоти олийлари бир муддат Ёсихидэга норози бўлиб қаради-да, қошларини виқор билан кериб, узиб-узиб сўз қотди:
– Айт, нимани чизолмайсан?

XV

– Мен парданинг қоқ ўртасига юқоридан арава қулаб тушаётганини чизмоқчиман.
Шундай деб Ёсихидэ биринчи бор зоти олийларига тешиб юборгудай тик қаради. Чизган сувратлари ҳақида гапираётиб у ақлдан озар даражага етади, деб эшитгандим. Айни дақиқада унинг қараши чиндан-да қўрққулик эди.
– Аравада, – давом этди мусаввир, – гўзал сарой аёли аланга ичида қора сочларини тўзғитиб, тўлғаниб азоб чекиб туриши керак. Тутундан нафаси бўғилиб, қошлари қийшайиб, юзини орқага ташлайди. Балки ўт ёмғирларидан қутулиш учун қўллари ғаров пардаларини тортқилайди. Унинг устида тумшуқларини шиқирлатиб ўнта, йигирмата йиртқич қуш гир-гир айланиб учиб юради… Аравадаги мана шундай хонимни ҳеч-ҳеч чизолмаяпман!
– Хўш, нима бўлади? – негадир мамнун қиёфада мусаввирни шошилтирди зоти олийлари.
Ёсихидэ безгак хуруж қилгандай титроқ қизил лаблари билан тағин бир марта, худди тушдагидай, такрорлади:
– Ўшани, сарой хонимини чизолмай турибман… – Ва бирдан кескин, бировга ташлангандай, қичқирди: – Зоти олийлари, илтимос, кўзим олдида аравани ёндирсангиз. Ундан ташқари, мумкин бўлса…
Зоти олийларининг юзи қорайиб кетгандай бўлди, бирдан баланд овозда қаҳ-қаҳ уриб кулди ва кулгисини босиб, деди:
– Сўраганларингнинг барини бажараман. Мумкинми-мумкин эмасми – буни муҳокама қилишга ўрин йўқ.
Бу гапларни эшитган заҳоти юрагим ўртаниб, қўрқиб кетдим. Ҳа, чиндан ҳам, зоти олийларининг қиёфаси, важоҳати ўзгача эди – оғзи кўпикли, қошлари чимрилган – гўё Ёсихидэнинг жиннилиги унга юққандай… Зоти олийлари жим қолган бўлди, лекин бирдан хаёлидан нимадир ўтди, чоғи, қаттиқ кулиб деди:
– Аравани ёндираман! Унга сарой хонимларининг ясан-тусан либосидаги кўркам аёлни ўтқазаман. Сўнг аравадаги аёл аланга ва қора тутун ичида азобланиб ўлади. Шуни тасвирлайман деган фикрга келган рассом, ҳақиқатан ҳам, дунёдаги энг етук санъаткор! Мақтагулик. Ҳа, мақтагулик!
Зоти олийларининг бу сўзларини эшитиб, Ёсихидэнинг бирдан ранги оқариб кетди. Фақат гўё оғзи билан ҳаво симираётгандек, билинар-билинмас қимирлар эди. Кейин бирдан бутун вужуди бўшашди, қўлларини ерга теккизиб секин, эшитилар-эшитилмас овозда миннатдорчилик билдирди:
– Бу буюк бахт!
Зоти олийлари бу сўзларни ирод этар экан, ёвуз нияти бутун даҳшати билан кўз ўнгига келган бўлса керак. Умрим давомида фақат ҳозир бир мартагина унга раҳмим келди.

XVI

Бу воқеа икки-уч кундан кейин кечаси содир бўлди. Зоти олийлари, ваъдасига мувофиқ, араванинг кўзи олдида ёнишини кўриши, чизиши учун Ёсихидэни чақиришларини буюрди. Турган гапки, бу Харикава дарёси бўйидаги саройда рўй берган эмас. Аравани бир вақтлар зоти олийларининг синглиси истиқомат қилган шаҳар четидаги виллада ёқишди. Виллани оддийгина қилиб, Юкигэ саройи деб аташарди.
Ушбу Юкигэ саройида кўпдан бери одам яшамасди, каттагина боғ қаровсиз қолган, буткул ташландиқ ҳолга келган эди. Зоти олийларининг бу ерда вафот этган синглиси ҳақида турли миш-мишлар юрарди, гўё ҳозир ҳам қоронғи кечаларда унинг қизил кийими узун айвон бўйлаб, ерга тегмай, сирли суратда муаллақ юрармиш. Бу ер кундуз кунлари ҳам қоронғи, ваҳимали эди. Ўшанда ҳам ойсиз, қоронғи тун эди. Шамлар ёруғида зоти олийларини сарой либоси – сариқ наоси* ва гербли тўқ қизил ҳакамада* айвон четида оёқларини чалиштириб, оқ ҳошия қадалган ёстиққа суяниб ўтирганини кўриш мумкин эди. Унинг атрофида яқинлари таъзим қилиб туришарди. Улар ичида бир полвон яққол кўзга ташланарди. Айтишларича, яқинда Митиноку урушида у оч қолиб одам гўштини еган, шундан бери тирик буғунинг шохларини синдирадиган кучга эга экан. Полвон кенг белбоғ тақиб, қиличи сопини ерга тираб, ҳайбати-салобати билан мағрур турарди. Шамол шам ёруғини тебратганидан одамлар гоҳ кўриниб, гоҳ ғойиб бўлар, буларнинг бари тушга ўхшар ва негадир қўрқинч туғдирарди.
Боғда эса тилла безакларини ялтиратиб, қўшилмаган, шотиси ерга тиралган арава турарди. Унинг тепасини қалин туман қоплаган, бел, оёқлар совуқдан жунжикар, кўклам яқинлашаётгани сезилиб турарди. Гулдор уқали кўкиш ғаров пардаси тушириб қўйилганидан ичида нима борлиги маълум эмасди. Арава атрофида қўлларида машъал тутганча тутуни айвонга ўтмаслигига кўз-қулоқ бўлиб хизматкорлар шай турарди.
Ёсихидэнинг ўзи узоқда, айвон қаршисида чўкка тушиб ўтирарди. Ҳамишаги каригину ва ғижим телпаги – момиэбо бошида қандайдир жуда кичкина, аянчли бўлиб кўринарди, гўё юлдузли осмон уни босиб, эзиб тургандай. Унинг ортида худди шундай костюмда устага ҳамроҳлик қилган шогирди ўтирибди. Иккови ҳам узоқда, қоронғи жойда бўлгани учун айвон тагидаги ўрнимдан ҳатто костюмларининг рангини илғай олмадим.

XVII

Вақт ярим тунга яқинлашиб борарди. Боғ, дов-дарахтлар ва ариқчаларни чулғаган қоронғилик ҳамма товушларни ютиб юборганди, сукунатда ҳатто нафас олишинг ҳам эшитгулик; енгил шабадада қурум ҳиди ва машъал тутуни атрофга таралади. Зоти олийлари бирмунча муддат ушбу антиқа манзарани жимгина томоша қилиб турди-да, кейин энгашиб, кескин овозда чақирди:
– Ёсихидэ!
Мусаввир нимадир деб жавоб қайтарган бўлди, лекин қулоғимга нотаниш ингроқ эшитилгандай бўлди.
– Ёсихидэ! Бугун мен, сен хоҳлагандай, аравани ёқаман!
Шундай деб ҳукмдор яқинларига наридан-бери назар ташлади. Бу дақиқада улар бир-бирларига маънодор қараб, кулимсираб қўйишди, балки менга шундай туюлгандир. Ёсихидэ бошини кўтарди ва айвонга ҳурмат юзасидан қараб қўйди, лекин ҳеч нарса демади.
– Яхшилаб кўриб қўй! Бу мен энг кўп юрган арава. Сен уни, менимча, танийсан. Ҳозир уни ёндирмоқчиман ва сенга оловли дўзахни кўрсатмоқчиман, – зоти олийлари жим бўлди ва яна аъёнларига назар ташлади. Кейин бирдан қатъият билан деди: – Ичида қўллари боғланган жиноятчи аёл ўтирибди. Ҳозир аравани ёқишади, гуноҳкорнинг танаси ёниб кўмирга айланади, азоб чекиб ўлади. Сенинг парданг учун бу бетакрор қиёфа. Имконни бой берма, оппоқ терининг аланга олишини кўр. Қора сочлари ловуллаб учқун сачратишига яхшилаб қара. – Зоти олийлари жим бўлди, лекин кейин худди бир нарсани эслагандай ва кулиб – бу сафар эшитилмас даражада, фақат елкалари титраб, деди: – Бундай томошани аср охиригача кўрмайсан. Мен ҳам уни томоша қилмоқчиман. Қани, пардани кўтаринглар. Ичида ким ўтирганини Ёсихидэ кўриб қўйсин.
Буйруқни эшитган хизматкорлардан бири машъални баланд кўтариб арава ёнига борди ва бир зарб билан пардани кўтариб юборди. Машъал алангаси араванинг ичини ёритди. Бешафқатларча занжирланган аёл. О, ким адашган бўлиши мумкин? Олча гуллари билан безанган серҳашам ипак либосга ялтироқ қора сочлар тушиб турар, унга тақилган олтин тўғноғичлар чиройли ярқирарди. Костюмидан таниб бўлмаса ҳам нозик қомати, оппоқ бўйни ва маъюс-иболи чеҳраси… Бу Ёсихидэнинг қизи эди! Қичқириб юборишимга оз қолди.
Шу он рўпарамда ўтирган полвон ўрнидан турди ва қиличи дастасини маҳкам сиққанча Ёсихидэга қаҳр-ла қараб қўйди. Қўрқиб кетдим, Ёсихидэнинг эса эс-ҳушидан ажраёзганини кўрдим. Бунгача тиззаси билан пастга қараб ўтирган чол сапчиб ўрнидан турди, иккала қўлини олдинга чўзиб, ўзини унутиб арава томон отилди. Бахтга қарши у мендан узоқ бўлгани ва қоронғилиги учун юз ифодасини кўролмадим. Бунга ачинишимга ҳали улгурмай Ёсихидэнинг оқариб кетган, қонсизлашган юзи, йўқ, юзи эмас, бутун гавдаси қандайдир кўринмас куч билан бўшлиққа чўзилгандай, зулматни ёриб, бирдан кўз ўнгимда аниқ намоён бўлди. Зоти олийларининг “Ёндиринг!” сўзи-ишораси билан хизматкорлар машъалларни отишди, рассомнинг қизи ўтирган арава лов этиб аланга олди.

XVIII

Аланга араванинг томини бир зумда қамраб олди. Четларига осилган нафармон попуклар шамолда чайқалар, пастдан оқиш тутун кўтарилар, ипак парда ипларими, аёл либоси енгларими – ёмғир сингари ёғилар, сонсиз учқунлар сачрарди… Бундан-да даҳшатлиси бўлмас! Аланганинг оловли тили тахтиравонни қамраб, чирмаб осмонга қараб ўрларди, буни қандай ифодалаб бўлади? Гўё кўкдан қуёш думалаб тушгандай, дунёни олов ўз домига тортгандай. Дастлаб мен сал бўлмаса қичқириб юбораёзгандим, лекин энди қалбим ҳувиллаб қолган, фақат оғзимни очганча бу даҳшатли манзарага қараб турардим, холос. Лекин ота Ёсихидэ…
Ёсихидэнинг юзини ҳалигача унута олмайман. У ўзини унутиб аравага ташланмоқчи бўлганди, лекин шу он лов этган алангани кўриб тўхтаб қолган, ўша ёққа қаттиқ тикилган, аравани ўраган тутун ўзига тортаётгандай эди. Унинг ажинли, хунук юзи олов ёруғида соқолининг учигача кўринар эди. Катта очилган кўзлари, қийшайган лаблари, титраб-қақшаётган юзи… Бутун даҳшат, тушкунлик, қўрқув юзига қалқиб чиққан, қалбини ўртаган эди. Қатл олдидаги ўғрида ҳам – ўн айб, беш жиноят содир этиб жаҳаннам қаршисида турган гуноҳкорда ҳам бундай аянчли, жафокаш юз бўлмаса керак! Ҳатто кучли полвоннинг ҳам ранги оқариб кетди ва қўрқиб зоти олийларига қаради. Лекин ҳукмдор лабини тишлаганча ва баъзан хунук кулимсираб аравадан кўз узмасди. У ерда эса… кўрганларимни айтишга менда на куч, на руҳ етади. Бу аёлнинг тутундан нафаси қайтиб юзини орқага ташлаши, оловда тўзғиб жингалак бўлган узун сочлар, олча гуллари билан безанган кўркам либос – ҳамманинг кўз ўнгида оловга айлангани… О, бу қандай даҳшат эди! Айниқса, тунги олов тутунни арава ичига ҳайдаб, икки томонга ёйилган аланга комида қизнинг оғзини боғлаган латтани тишламоқчи бўлиб занжирни узгудек ҳолатда уринган дақиқада, о, бу машъум дақиқада, мендан бошлаб анов полвонгача ҳамманинг сочлари тикка бўлиб кетганди, биз ўз кўзимиз билан дўзах азобларини кўраётган эдик!
Мана, тунги шамол дарахт учларигача етиб, тебрата бошлади… Барча шундай деб ўйлаган эди. Қоронғи осмон қаъридан бундай товуш келиши ҳамон бирдан қора бир нарса, ерга тушмай, осмонда парвоз қилиб, сарой томидан тўп сингари ёнаётган аравага отилиб тушди. Ва тутаб турган тўсиққа ёпишган қизнинг елкасига ёпишди-да, кескин, узоқ мунгли чинқирди… Яна… яна… чинқирди. Ҳаммамиз ўзимиздан кетгудек бўлиб қичқириб юбордик: аланга ёруғида ёнаётган қизга ёпишиб олган шарпа маймунча Ёсихидэ эди.

XIX

Жонивор бир лаҳзагина кўзга ташланди, холос. Тилларанг учқунлар шуъласи лов этиб кўтарилгач, шу лаҳзада нафақат маймунча, қизгина ҳам бурқираган тутун орасида ғойиб бўлишди. Энди боғда аравагина чарсиллаб, ловуллаб ёнар эди. Ёнаётган арава эмас, оловли устун юлдузли осмон сари ўрламоқда эди, дейилса тўғри бўлар…
Ёсихидэ бу оловли устун қаршисида тошдек қотиб турарди. Лекин, таажжуб: шунга қадар дўзах азобларига чидаб бераётгандай кўринган одам, гўё ҳукмдор шу ердалигини унутгандай, қўлларини қовуштириб турар, кўзлари аллақандай, ифода этиб бўлмайдиган даражада, айтмоқчи эдимки, ўзини унутиш даражасида чақнар, порлар эди. Уни қизининг қандай азобда ўлаётганини кўрмади деб ўйлаш мумкин эди. Қип-қизил аланга гўзаллиги ва оловда жизғанак бўлаётган аёл танаси юрагига завқ-шавқ бағишлар, тамом ўзига ром қилиб олган эди. Ва унинг нигоҳи, якка-ягона қизининг ўлим талвасасини кўраётган онлардаги нигоҳи нурли эди, дейиш камлик қилар. Бу дақиқада Ёсихидэда сирли-сеҳрли, деярли ноинсоний улуғворлик зуҳур этдики, буни қутурар даражада дарғазаб шернинг улуғворлигига ўхшатиш мумкин. Ва ҳатто кутилмаган тунги алангадан қўрқиб, қичқириб осмонда чарх ураётган сонсиз-саноқсиз қушлар, ҳатто улар – балки шундай туюлгандир – унинг ғижимланган телпагига яқин йўлашмас эди. Ҳатто раҳм-шафқатдан бегона қушлар ҳам бу ғалати улуғворликни – Ёсихидэнинг бошига қўнган шуҳрат тожини кўришди.
Ҳатто қушлар ҳам. Биз-ку ҳаммамиз, хизматкорларга қадар, нафасимизни ютиб, вужудимиз титраб Ёсихидэдан кўз узмай қараб турдик, гўё янги буддани кўргандай бўлдик, кимлар шодланди, кимлар қайғуга чўмди. Ёнаётган арава алангаси, осмонни ёритган ёғду, унга маҳлиё бўлиб тош қотган Ёсихидэ… О, қандай улуғворлик, қандай шод-хуррамлик! Ёлғиз бир одам – ҳукмдор юқорида, айвонда юзи таниб бўлмас даражада ўзгариб, оқариб кетган, оғзи кўпик, иккала қўли бинафша ипак ёпилган тиззасига тиралганча, томоғи қуриган йиртқич ҳайвон янглиғ, нафаси қайтиб, оғзи билан нафас оларди…

XX

Бу кеча зоти олийлари Юкигэ саройида аравасини ёққани ўз-ўзидан ҳамма жойда овоза бўлиб кетди ва турли миш-мишлар урчиди: ҳукмдор нега Ёсихидэнинг қизини ёқиб ўлдирди? Рад қилинган севгиси учун ўч олди дейишди кўпчилик. Лекин зоти олийларининг фикри мутлақо бошқача бўлди: у ўз картинаси, шон-шуҳрати учун аравани ёқиш ва одам ўлдиришга ҳам тайёр дарғазаб рассомнинг таъзирини бериб қўймоқчи эди. Ҳақиқатан ҳам, буни зоти олийларининг ўз оғзидан эшитган эдим.
Кўз ўнгида қизи ёниб кул бўлган Ёсихидэ тасвирий санъат асарини яратишдек қатъий ниятидан қайтмади, аксинча, бу ният унда кундан-кунга кучайиб борди. Уни сўкканлар, ҳақорат қилганлар кўп бўлди, одам қиёфали, ҳайвон юракли ёвузга, чизган иши учун оталик меҳрини унутган аблаҳга чиқаришди. Ёкагавалик руҳоний ота ҳам шундай куфрона фикрда бўлиб, баъзан айтгувчи эди: “Санъат, маҳорат бобида қанчалик устун бўлмасин, у абадий муносабатларнинг беш қонунини тушунмас, риоя этмас экан, жойи – дўзахда”.
Бир ойдан кейин дўзах азоблари тасвирланган парда, ниҳоят, тайёр бўлди. Ёсихидэ уни дарҳол саройга олиб борди ва ҳурмат билан зоти олийлари ҳукмига ҳавола этди. Айни шу пайт ўша ерда бўлган руҳоний ота сувратга қараб, тасвирланган дўзах азоби, даҳшатли олов бўронини кўриб, ҳайратга тушди. Илгарилари Ёсихидэга хўмрайиб қараб юрган ота бу сафар “Ажойиб!” дейишдан ўзини тиёлмади. Буни эшитган зоти олийлари тиржайиб қўйганини ҳамон эсимдан чиқара олмайман.
Шундан бери ҳеч ким, ҳарқалай, саройда, Ёсихидэ ҳақида бирор ёмон гап айтмади. Эҳтимол, аввалги ғазаб-нафратга қарамай, энди пардага назар солган ҳар бир киши картинанинг ғаройиб таъсиридан эзилиб, оловли дўзахнинг беқиёс азобларини кўз ўнгига келтиргандир, эҳтимол.
Лекин бу пайтда Ёсихидэ тириклар сафида эмасди. Пардага чизилган сувратни тугатиб, эгасига топширгач, келгуси тун ўз хонасида ўзини осиб қўйди. Якка-ягона қизини йўқотгач, унда яшашга бошқа куч, хоҳиш қолмаган бўлса, ажаб эмас. Унинг жасади илгари уйи бўлган жойга кўмилган, ҳозир ҳам ўша ерда. Айтгандай, оддий қабр тоши йиллар давомида қор-ёмғир, шамол-дўл таъсирида пўпанак босиб, ўт-ўлан кўкариб кетганидан кимнинг қабри эканини ҳеч ким билмайди.

Рус тилидан Сайди Умиров таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2015 йил, 12-сон
_____________
* Ши Хуан-ди ва Ян-ди – Хитой императорлари. Биринчиси эрамизгача III асрда, иккинчиси эрамизгача VI асрда ҳукмронлик қилган.
* Момиэбо – қирраси олдинга букилган эркаклар бош кийими.
* Сарухидэ – маймун.
* Акоме – эски замондаги япон либоси.
* Киссётэн – буддавийлик маъбуди.
* Фудо – гуноҳкорларни жазоловчи буддавийлик маъбуди.
* Каванари Кудара (780–853) – япон рассоми.
* Косэ-но Канаока – япон рассоми.
* Рай – чолғу асбоби.
* Мондзю – буддавийлик илоҳи.
* Мандзи – қадимги ҳинд қарашларида бахт ва саховат тимсоли.
* Асида – ёғоч ковуш.
* Суйкан, каригина – аёлларнинг калта устки кийимлари.
* Наоси – қадимги сарой либоси.
* Ҳакама – эркакларда – шалвор, аёлларда – юбка, кўйлак.