Акутагава Рюноскэ. Расёмон дарвозаси (ҳикоя)

Бу воқеа бир куни кечга яқин содир бўлди. Бир хизматкор Росёмон дарвозаси тагида ёмғир тинишини кутарди.
Кенг дарвоза олдида ундан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Фақатгина ҳар — ҳар ерида қизил бўёқлари кўчган йўғон, юмалоқ устунда чигиртка турарди. Ваҳоланки, Росёмон дарвозаси гавжум Судзаку кўчасида жойлашган, бу ерда ёмғирдан қочиб, бир неча итимэгаса* ва момиэбоси* кийган аёллар ва йигитлар ҳам ўтириши мумкин эди. Шунга қарамай, хизматкордан бошқа биров кўринмасди.
Бу ҳолатни шундай изоҳлаш мумкин: охирги икки — уч йил ичида Киото устига бирин — кетин зилзила, бўрон, ёнғин, очарчилик каби офатлар ёғилди. Оқибатда пойтахт ҳувиллаб қолди. Тарихий манбаларда ҳикоя қилинишича, шу даражага етишдики, Будда ҳайкалларини, муқаддас буюмларни синдириб, локланган, олтин суви юрғизилган ёғочларни йўл четига уюб, ўтин қилиб сотишди. Пойтахтда аҳвол шунақа эди, шу сабабли, Росёмон дарвозасининг тақдири табиийки, ҳеч кимни қизиқтирмасди. Унинг ташландиқлигидан фойдаланиб, бу ерда тулкилар, бўрсиқлар яшарди. Ўғрилар яшарди. Охир — оқибат, ҳатто эгасиз ўликларни келтириб ташлаш одатга айланди. Қуёш ботган маҳалда бу ер ваҳимали тусга кирар, дарвоза яқинига йўлашга ҳеч кимнинг юраги бетламасди.
Аммо қаердандир сон — саноқсиз қарғалар тўпланишарди. Кундузи улар томнинг учи қайирилган баланд хариси устида қағиллашиб айланишарди. Кечга томон, дарвоза тепасида осмон шафақ нурларидан ёлқинланган пайт, қушлар унинг устида худди сепиб қўйилган кунжут доналаридай бир текис ёйилишарди. Турган гап, қарғалар дарвозанинг юқори қаватидаги ўликларни чўқиш учун учиб келишарди. Ҳар қалай, бу сафар, кеч кириб қолгани учун бўлса керак, бирорта қарға кўринмасди. Фақатгина ярим хароба, ёриқларидан баланд ўтлар ўсиб чиққан тош зинанинг ҳар — ҳар ерида қуриб қолган қуш тезаклари ётарди. Хизматкор униқиб кетган кўк кийимда, зинанинг энг юқори, еттинчи поғонасида ўтирар, бекорчиликдан ўнг юзига чиққан чипқонни пайпаслаб, ёмғирга паришон термиларди.
Муаллиф юқорида: «Хизматкор ёмғир тинишини кутарди», деб ёзди. Аслида эса, ёмғир тинган тақдирда ҳам, хизматкорнинг борадиган жойи йўқ. Бошқа пайт у албатта хўжайиннинг уйига қайтган бўларди. Аммо бир неча кун олдин ўша хўжайин уни ишдан бўшатди. Аввал айтиб ўтилганидек, у пайтлар Киото ҳар ҳар қачонгидан кўра ҳувиллаб қолганди. Алҳол, хўжайиннинг кўп йиллар ўз қўли остида ишлаган хизматкорини бўшатиши, шунчаки ёппасига келган фалокатнинг бир қисми эди холос. Шунинг учун, «Хизматкор ёмғир тинишини кутарди» эмас, балки «Ёмғирдан дарвоза панасига қочган хизматкор адашган кимсадай қаёққа боришини билмай ўтирарди», дейиш, эҳтимол ўринлироқ бўлар. Шу тобда об — ҳаво ҳам бу хейанлик хизматкорнинг кайфиятини расво қилаётганди. Маймун соатининг охиридан бошлаб ёғаётган ёмғирнинг ҳали — бери тинадиган сиёғи йўқ. Хизматкор барига қўл силтаб, лоақал эртанги кунини яшаш, бошқача айтганда, ҳеч келишмаётган ишларини йўлини топиб келиштириш ҳақидаги тарқоқ ўйларини қайта — қайта жамлашга уринаркан, Судзаку кўчасига ёғаётган ёмғирнинг шовқинини эшитиб эшитмасди.
Ёмғир узоқдан, чўзиқ шитирлаш билан дарвоза атрофига келиб уриларди. Қоронғулашаётган осмон тобора пастлашиб келар, агар юқорига қаралса, дарвозанинг черепицали томи оғир, қоп — қора булутларга тегиб тургандай туюларди.
Ҳеч келишмаётган нарсани келиштириш учун, моддий имконият билан ҳисоблашиш бефойда. Агар ҳисоблашилса, битта йўл қолади — девор тагида ёки кўчада очликдан ўлиш. Кейин эса ўлигингни шу ерга келтириб, дарвозанинг юқори қаватига итдай ташлаб кетишади. Агар ҳисоблашилмаса…хизматкор ҳар сафар бу ҳақда ўйларкан, унинг ўйлари доим бир нарсага бориб тақаларди. Аммо ўша «агар» охир — оқибат аввалгидай «агар»лигича қолаётганди. Хизматкор моддий имконият билан ҳисоблашмаслик мумкинлигини тан олгани ҳолда, ўша «агар»дан келиб чиқаётган, истасанг, истамасанг ўғрилик қилишга мажбурсан, деган хулосани амалда қўллашга журъати етмасди.
Хизматкор қаттиқ аксирди ва ҳорғин қўзғалди. Киотода кечки пайт совуқ кучли эди. Шу тобда печка хуш ёққан бўларди. Шамол қоронғулик билан бирга дарвоза устунлари орасида бемалол изғиб юрарди. Қизилга бўялган устунда ўтирган чигиртка аллақачон қаёққадир ғойиб бўлганди.
Сариқ ички камзул устидан кўк кимоно кийган хизматкор бўйнини елкалари орасига қисиб атрофга аланглади: агар бу ерда ёмғирдан беркиниб, одамлар кўриб қолишидан қўрқмай, хотиржам ухлаб олиш учун жой топилса, тунаб қолсам бўлади, деб ўйлади у. Шу пайт унинг кўзи дарвоза тепасидаги минорага чиқиладиган қизил бўёқ суртилган зинага тушди. Юқорида ўликлар бўлиши мумкин холос. Хизматкор камарига осиғлиқ қиличини қиндан суғурилиб кетмаслиги учун тутганича, зинанинг биринчи поғонасига оёқ қўйди.
Орадан бир неча дақиқа ўтди. Росёмон дарвозасининг минорасига олиб чиқадиган кенг зина ўртасида мушукдай ҳаракатланаётган қандайдир одам дамини ичига ютиб, юқори қаватга тикиларди. Минорадан тушаётган ёруғлик унинг чипқон чиққан ўнг юзини ғира-шира ёритарди. Хизматкор дастлаб минорада фақат ўликлар борлигига ишончи комил эди. Аммо икки — уч поғона кўтарилгач, юқорида кимдир чироқ ёқиб ўтирганига амин бўлди. Ёруғлик гоҳ у, гоҳ бу томонга йўналаётганди. Хира, сарғиш нур тебранганича, бурчакларига ўргимчак тўр тортган шифт бўйлаб сирғалаётгани дарҳол кўзга ташланарди. Шундай ёмғирли кечада Росёмон дарвозаси минорасида ўт ёниб туриши оддий ҳол эмасди.
Хизматкор худди калтакесакдай сассиз, деярли ўрмалаб, ниҳоят зинанинг охиригача кўтарилди. Кейин бутун танаси билан зинага қапишганча, бўйнини чўзиб, минора ичига ҳадиксираб назар ташлади. Миш-мишлар рост бўлиб чиқди, ичкарида кўплаб ўликлар тартибсиз қалашиб ётарди. Бироқ нур хонани бутунлай ёритмаётгани учун, хизматкор уларнинг қанчалигини аниқлай олмади. Нимқоронғуликда у баъзи ўликларнинг кийими борлиги, баъзилари эса яланғочлигини фарқлай олди холос. Эркаклар ва аёллар жасади аралаш, бариси мудҳиш ҳолатда, жағлари осилган, қўлларини кериб, худди лойдан ясалган қўғирчоқлардай ётишар, уларнинг қачондир тирик одамлар бўлганига ишониш қийин эди. Хира нур бўртган аъзолар — кўкрак ва елкаларни ёритаётганидан, таналарнинг ботиқ қисмларига тушаётган соя баттар қорайиб кўринар, улар соқовлардай сассиз, мангуга сукутга кетишганди.
Мурдаларнинг ҳидидан хизматкор беихтиёр бурнини беркитди. Аммо бир сониядан кейин бурнини беркитиш кераклигини ҳам унутиб юборди; ҳайратнинг зўридан у қўланса ҳидни ҳам сезмай қўйганди.
Айни ўша лаҳзада унинг кўзлари мурдалар орасида чўнқайиб ўтирган кимсани илғаганди. У хиноки дарахти пўстлоғи рангидаги кимоно кийган, пакана, чўпдай ориқ, оқсоч, маймунга ўхшаган кампир эди.
Ўнг қўлида ёнаётган қарағай пайраҳасини тутганча, у ўликлардан бирининг юзига диққат билан тикиларди. Узун сочларига қараганда бу аёл кишининг жасади эди.
Хизматкор қўрқув ва қизиқувчанликдан ҳатто нафас олишни ҳам унутганга ўхшарди. Қадимги солноманавис таъбири билан айтганда, у ўзини «бош териси шишаётгандай» ҳис қилди. Бу орада кампир ёнаётган пайраҳани пол тахталари орасига қистириб, иккала қўлини ўша, синчиклаб кўздан кечираётгани ўликнинг боши томон чўзди ва боласининг битини тераётган маймун сингари тимирскиланиб, узун сочларни бирин — кетин юла бошлади. Кўринишидан улар осонгина юлинаётганди.
Кампир соч толаларини юлгани сайин, хизматкорнинг юрагидаги қўрқув аста — секин чекина борди. Унинг ўрнида кампирга нисбатан чексиз нафрат қўзғалаётганди. Йўқ, кампирга нисбатан дейиш, албатта унчалик тўғри эмас. Аниқроғи, унинг қалбида дақиқа сайин, ҳар қандай ёвузликдан жирканиш ҳисси кучайиб борарди. Агар шу тобда кимдир унга, пастда, дарвоза зинасида ўтириб ўйлаганидек, очликдан ўлиш, ёки ўғрилик қилишдан бирини танла, деса, ҳеч иккиланмай, очдан ўлишни танлаган бўларди. Унинг қалбида ёвузликка нисбатан нафрат худди пол тирқишига қистирилган қарағай пайраҳасидай аланга олаётганди.
Кампир нима учун мурданинг сочини юлаётганини хизматкор табиийки билмасди. Бу ишнинг эзгулик ёки ёвузлик эканини ҳам, ҳарчанд бош қотирмасин аниқлолмади. Аммо ёмғирли бир тунда, Росёмон дарвозаси минорасида ўликнинг сочини юлишаётганининг ўзиёқ, хизматкорнинг назарида кечириб бўлмас ёвузлик эди. Афтидан, у ўзининг боягина ўғрилик қилиш ҳақида ўйлаганини ҳам мутлақо унутганди.
Ниҳоят, хизматкор бир сакраб, ўзини зинадан ичкарига урди. Қиличининг сопидан тутганча,катта-катта қадам ташлаб, кампирга яқинлашди. Бундан кампирнинг ўтакаси ёрилай деди.
У хизматкорга кўзи тушган заҳоти ўқдай сапчиб ўрнидан турди.
— Тўхта! Қаёққа? — қичқирди хизматкор, мурдаларга ўралашиб, саросима ичида қочишга чоғланган кампирнинг йўлини тўсаркан. Кампир унинг қўлидан қутулишга уриниб кўрди. Хизматкор уни қўйиб юбормай орқасига итарди. Бирмунча вақт улар бир — бирларига ёпишганча, ўликлар орасида сўзсиз олишишди. Аммо ким устун келиши аввалдан маълум эди. Ахийри, хизматкор кампирнинг қўлларини қайириб полга ётқизди. Унинг қўллари қоқ суяк ва теридан иборат, худди товуқнинг оёқларига ўхшарди.
— Нима қилаётгандинг? Гапир, йўқса пушаймон бўласан!
Хизматкор кампирни итариб, қиличини қиндан суғурди ва ярқираб турган тиғни унинг юзига яқинлаштирди. Бироқ кампир жим эди. Қўллари қалтираб, бўғилиб, кўзлари косасидан чиққудай бақрайиб, ўжарлик билан соқовдай жим турарди.
Шундагина хизматкор бу кампиршонинг ҳаёти бутунлай ўзининг қўлида эканини аниқ — тиниқ идрок этди. Бу мулоҳаза беихтиёр унинг қаҳрини сўндирди. Фақатгина омадли якун топган ҳар қандай ишдан кейин бўладиган хотиржамлик ва қониқиш ҳисси қолди холос. У кампирга юқоридан назар солганча, энди юмшоқ оҳангда сўзлади:
— Мен шаҳар посбонлигида хизмат қилмайман. Мен саёҳатчиман, шу тобда дарвоза ёнидан ўтаётгандим. Сени ҳибсга олмоқчи эмасман. Фақат менга айт, ҳозир минорада нима қилаётгандинг?
Кампир кўзларини янада каттароқ очди. Шусиз ҳам бақрайган, қовоқлари қизарган кўзлари йиртқич қушнинг ўткир нигоҳи билан хизматкорнинг юзига қадалди. Кейин эса ажин босган лабларини қартайиб осилиб қолган бурни билан бирга чайналаётгандай қимирлатди. Қилтириқдай бўйнида туртиб чиққан кекирдакнинг ҳаракатланаётгани кўриниб турарди. Унинг томоғидан қарғанинг қағиллашидай ҳирқироқ товуш хизматкорнинг қулоғига етиб борди:
— Соч юлаётгандим…соч юлаётгандим…уламасоч учун.
Кампирнинг жавоби ўзи кутганидан фарқли ўлароқ, ўта оддий бўлиб чиққанидан хизматкорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Шу билан бирга унинг қалбида қаҳр аралаш жирканиш ҳисси қайтадан бош кўтарди. Афтидан кампир буни пайқади. Мурданинг бошидан юлиб олинган узун соч толаларини ҳануз қўлида тутганича жаврай кетди:
— Тўғри, ўликларнинг сочини юлиш, эҳтимол гуноҳ ишдир. Бироқ бу ерда ётган ўликлар бари шунга лойиқ. Лоақал манави, мен сочини юлаётган аёлни олиб кўр: у илонни тўрт сунлик бўлакларга бўлиб қуритар, кейин эса сарой посбонларига қуритилган балиқ деб пулларди… Шу билан тирикчилик қиларди. Вабога чалиниб ўлмаганида ҳозир ҳам шундай яшайверарди. У сотадиган балиқ мазали дейишарди ва посбонлар уни доим газак учун харид қилишган. Фақат, мен у гуноҳ иш қилган деб ўйламайман. Шуни қилмаса, очликдан ўларди, демак мажбурликдан қилган. Шундай экан, мен ҳам ўзимни гуноҳкор ҳисобламайман, йўқ! Ахир, шусиз мен ҳам очликдан ўламан, демак мен ҳам мажбурликдан қиляпман. Ўша аёл мажбурликдан қилиш нима эканини яхши биларди, ўйлайманки, у мени айбламаган бўларди.
Хизматкор қиличини қинига жойлаб, чап қўлини унинг сопига қўйганча, кампирнинг ҳикоясини совуққонлик билан эшитди. Унинг ўнг қўли бу орада юзидаги чипқонни сийпаларди. Кампирнинг сўзларини тингларкан, унинг қалбида боягина, дарвоза зинаси устида ўтирганида етишмаётган бир жасорат уйғонди. Бу ҳолат, бироз аввал минорага кўтарилиб, кампирни тутиб олган пайтидаги кайфиятига тамоман қарама — қарши эди. У очликдан ўлиш ёки ўғрилик қилиш борасида ортиқ иккиланмасди. Шу тобда у очликдан ўлиш фикридан шунчалар йироқ эдики, бу нарса ҳатто унинг хаёлига ҳам келмасди.
— Демак, шунақа дегин, — кулимсиради у, кампирнинг ҳикояси охирига етгач. Кейин олдинга бир қадам ташладида, тўсатдан кампирнинг ёқасини ғижимлаб ўшқирди: унда мен сени тунаб кетсам, ўпкалама! Акс ҳолда мен ҳам очликдан ўлишимга тўғри келади.
Хизматкор унинг эгнидаги кимонони юлқиб олди. Кейин этагига ёпишиб олган кампирни тепиб мурдалар устига ағанатди. Тортиб олгани, хиноки дарахти пўстлоғи рангидаги кимонони қўлтиғига қистириб, тик зинадан пастга, қоронғулик қўйнига ўқдай учиб кетди.
Аввалига ўликдай ҳаракатсиз ётган кампир, хизматкор кетгач, бир зум ўтиб, яланғоч ҳолида мурдалар устидан қўзғалди. Йиғламсираб минғирлаганча, ҳали ҳам ёниб турган пайраҳа ёруғида судралиб эшик олдига келди. Тўзғиб ётган калта, оқ сочлари пешонаси устига осилгунга қадар энгашиб пастга қаради. Ташқарида ваҳимали зулмат ҳукмрон эди.
Хизматкор ўшандан буён изсиз йўқолди.

Шуҳрат Шокир таржимаси
________________________
Изоҳлар:
* Итимэгаса — Киотода расм бўлган қадимий аёллар шляпаси.
** Момиэбоси — эркакларнинг юмшоқ шапкага ўхшаш қадимий бош кийими.

* * * * * * * * * * *

РАСЁМОН ДАРВОЗАСИ

Бу воқеа кунларнинг бирида кечга томон юз берганди. Қандайдир хизматкор Расёмон дарвозаси тагида ёмғир тинишини кутиб турарди.
Ҳайбатли дарвоза тагида ундан бўлак ҳеч зоғ кўринмасди. Фақат у ер-бу ерида қизил сирти кўчган юмалоқ, залворли устунда биргина чигиртка ўтирарди, холос. Бу дарвоза серқатнов кўча Сюдзяку яқинига қурилган, шу боис, одатда, аёллару эркаклар, йигитлар, ҳатто араваларгача шу ерда ёмғир тинишини кутиб, жон сақлашарди. Аммо шунга қарамай, ҳозир бу ерда хизматкордан бўлак ҳеч зоғ кўринмас эди.
Бунга бир чеккаси кейинги икки-уч йил ичида Киотода юз бераётган табиий офатлар, очарчилик, ёнғинлару ер силкинишлари сабаб эди, албатта. Мана энди пойтахт ҳам роса ҳувиллаб қолди.
Кўҳна йилномалардан маълум бўлишича, ўша даврларда одамлар Будда ҳайкалларию, муқаддас буюмларни синдиришдан ҳам тойишмаган. Уларни бир уюм қилиб кўчага тўкиб, локланган, устидан тилла суви юритилган ромларни ўтинга алмаштиришган экан.
Дарвоза атрофи ташландиқ бўлиб қолганидан фойдаланиб, бу ерни тулкию бўрсиқлар ошён этишганди. Ўғрилар учун ҳам бошпанага айланганди бу жой. Ниҳоят, иш шу даражага бориб етдики, одамлар эгасиз майитларни шу ерга ташлаб кетадиган бўлишди. Қуёш ботгач, бу ер жуда ваҳимали кўринар, шу боис ҳам дарвозага яқинлашгани ҳеч кимнинг юраги дов бермасди. Аммо гала-гала қузғунлар бу ерга учиб келишдан чўчимасди сира. Кундузи улар қағиллаганча шу атрофда учиб юрар, қуёш ботиб, уфқ шафақ тусига кириши билан қушлар сочилиб ётган кунжут уруғидай яққол кўзга ташланарди.Сир эмаски, қузғунлар дарвоза тепасидаги саҳнда ётган майитларни чўқигани келарди. Зотан, бу сафар вақт алламаҳал бўлиб қолгани туфайли уларнинг биронтаси ҳам кўринмасди. Фақат ярми нураб, ёриқлар орасини ўт-ўлан қоплаган зиналарда қарғаларнинг қотиб қолган нажаси кўзга ташланарди. Хизматкор эса ювилган, тозагина кўк кийимда, энг юқориги, еттинчи зинада ўтирар, ўнг юзига чиққан ярани сийпаганича, ёмғирга ҳайронлик билан тикилиб турарди. Аммо ёмғир тўхтаган тақдирда ҳам шўрлик хизматкорнинг борар жойи йўқ эди. Оддий пайт бўлганида-ку, у хожасининг ёнига қайтарди-я… Бироқ хўжайини икки-уч кун илгари уни ишдан бўшатганди.
Киотодан одамлар бош олиб кетгани туфайли ҳам у неча йиллардан бери шу хонадонга хизмат қилишига қарамай, ишдан бўшатилганди. Бу кўнгилсизлик юқоридаги ҳодисаларнинг мантиқий давоми эди, холос. Шу боис хизматкорни бу ерга ёмғир қувиб келмаганди. Ёмғирда роса бўккан йигит Расёмон дарвозаси ичида қаерга борарини билмай ҳайронликда ўтирарди. Устига-устак, манави мижғов об-ҳаво ҳам йиғлоқи туйғуларни чертар, анчадан бери ёғаётган ёмғир тина қолмаётганди. Тинишидан дарак ҳам йўқ. Мана хизматкор бўлса, алоғ-чалоғ хаёлларга ботганча ҳаммасига тупуришни истарди. Ҳеч бўлмаганда у эртанги кунни қандай ўтказишни ўйлаётганди. Бошқача қилиб айтганда, сира юришмаётган ишни юриштиришни истар, қулоқ солмаса ҳам, Сюдзяку кўчасида шаррос қуяётган ёмғир шундоқ эшитилиб турарди.
Ёмғир дарвозани сувга бўктириб, шариллаб ёғганча узоқ-узоқлардан бостириб келаётгандай эди. Кеч кириб қолган, бундан осмон янада паст туюлар, гўёки дарвоза томи оғир, қоп-қора булутларга бир учи билан тегиб тургандай эди.
Ҳа, юришмаётган ишни юриштириш учун аввал чўнтак кавлаб кўриш лозим. Аммо бунга ҳожат қолмаганди. Агар буни ҳисобга оладиган бўлсак, шўрлик хизматкор, кўчадами, девор тагидами, очдан ўлиши керак. Кейин эса унинг жасадини итдай қилиб бу ерга судраб келишади-да, дарвозанинг юқори қисмига итқитишади. Агарда бу ҳисобга олинмаса… у чинданам неча бора бу ҳақда ўйлади. Мияси ғовлаб кетгунча ўйлади. Аммо ҳар сафар масала бир нарсага бориб тақалади. “Агар” эса “агарлигича” қолаверади. Очиғини айтганда, хизматкор пулни ҳисобга олмаган тақдирда нима бўлишини ўйлашга чўчиётганди. Ана шу “агар”га қулоқ тутадиган бўлса, табиийки, у ўғирлик қилиши керак. Буни эса тан олишни истамаётганди…
Хизматкор қаттиқ аксирди ва ҳорғингина ўрнидан қўзғалди. Киотода кечқурун изғирин турар, шу боис, одам иссиққина печкани ўйлаб қоларди. Шамол қоронғулик билан бирга дарвоза устунлари оралаб эмин-эркин эсаверарди. Қизил, локланган устунда ўтирган чигиртка ҳам қаёққадир ғойиб бўлибди.
Хизматкор кўк кимоно устидан, сарғиш нимча илиб олганди. У совуқ еб, бўйнини қисганча атрофга назар ташлади: қани энди шу ерда ёмғир тазйиқидан, бегона кўзлардан панада тўйиб ухлашга жой бўлса, шу ерда қола қоларди, ўйлади у. Бахтидан бўлиб, минорага олиб чиқувчи кенггина, қизил рангда локланган зинапояга кўзи тушди. Тепада одамлар бўлган тақдирда ҳам фақат ўликлар экани аниқ. У белига осиб олган қиличи қинидан чиқиб кетмаслиги учун уни ушлаганча эҳтиёткорлик билан зинага қадам қўйди.
Орадан бир неча дақиқа вақт ўтди. Бу пайтда Расёмон дарвозаси минорасига олиб чиқувчи кенг зинада мушукдай икки букчайиб, нафасини ичига ютганича, бир одам қўрқа-писа юқориги қаватни кўздан кечирарди. Минорадан тушаётган хира ёруғлик унинг ўнг юзини ёритиб турарди. Худди шу юзидаги қип-қизил, йирингли ҳуснбузар калта соқоллари орасидан кўзга ташланарди. Аввалига у тепада майитлардан бўлак ҳеч ким йўқлигига амин эди. Аммо икки-уч зина юқори кўтарилгач, у ерда чироқ ёққан бир одам юрганини англади, устига-устак, сарғимтир хира нур бир ўнгга, бир сўлга оғар, бу бир қарашдаёқ кўзга ташланар ва ўргимчак ин солиб ташлаган шифтларни ҳам ёритиб юборарди. Агар шундоқ ёмғирли тунда, Расёмон дарвозасида чироқ ёняптими, демак, бу бежиз эмас.
Хизматкор овоз чиқармай, калтакесакдай ўрмалаганча зинанинг энг юқориги поғонасига чиқди-да, бўйнини чўзиб, қўрқа-писа ичкарига кўз ташлади.
Минорада миш-мищларда айтилгани каби, майитлар бетартиб чўзилиб ётар, чироқ озгина жойни ёритгани учун у ерда қанча ўлик борлигини хизматкор англолмасди. У шу нарсани билдики, мурдаларнинг бириси яланғоч, бошқаси кийимда эди. Табиийки, аёлу эркак майит аралаш-қуралаш, устига-устак, қандай ташлаб кетилган бўлса, ўша аҳволда, қўллари ёзилган, жағлари очиқ ҳолда ётишар, шу туришда улар лойдан ясалган қўғирчоқни эслатар, уларнинг бир пайтлар тирик одам бўлишганига ҳатто шубҳа қиларди, киши.
Мурдаларнинг қўланса ҳидидан хизматкор ногаҳон бурнини қисди. Аммо орадан лаҳза ўтмай, у шу қадар ҳайратга тушдики, ҳатто ҳид билиш қобилиятини ҳам йўқотаёзди.
Фақат шундагина мурдалар орасида чўккалаб ўтирган одам шарпасини илғади. Бу ориққина, паст бўйли, маймунга ўхшаш кампир бўлиб, хиноки дарахти рангида кимоно кийиб олганди. У қўлида чироқ тутганча, бир мурдани кўздан кечираётганди. Афтидан, бу аёл кишининг мурдаси эди шекилли, узун сочлари тўзғиб ётарди.
Хизматкор ҳам қўрқув, ҳам азбаройи қизиққанидан, ҳатто нафас олишни ҳам унутиб қўйди. Солномачиларнинг ибораси билан айтганда у “бош териси шишиб кетаётганини” ҳис қилди. Бу орада кампир чироғини ўша ердаги пол ёриғига қистирди-да, икки қўлини мурданинг боши томон чўзди. Кейин гўё боласининг битини титган маймундай, бирма-бир соч толаларини юла бошлади. Улар осонгина тортилиб чиқарди, шекилли.
Аёлнинг соч юлишини кузатаркан, хизматкор юрагидаги қутқу босилди. Айни чоғда унда кампирга нисбатан мислсиз нафрат уйғонди. Зотан, “кампирга” деб айтсак, унча тўғри бўлмас. Дақиқа сайин умуман ёвузлик аталмиш ҳамма нарсадан жиркана бошлаганди у. Агар айни шу дамда ундан биров бояги, зинапояда ўтириб ўйлаган нарсаларини яъни очликдан ўлиш афзалми ёки ўғрилик қилишми, деб сўраганида, у ҳеч иккиланмай ўлишни танлаган бўларди.
Табиийки, хизматкор кампир мурданинг сочларини нега юлаётганини тушунмаётганди. Демакки, у мантиқий фикрлар, бунинг яхши ёки ёмонлигини ҳам билмасди. Аммо хизматкор учун ёмғирли тунда, Расёмон дарвозаси минорасида мурданинг сочларини юлишаётгани, шунинг ўзиёқ мислсиз ёвузликдай туюларди. Албатта, у ҳозиргина ўзи ҳам ўғирликка қўл уриш ҳақида ўйлаганини мутлақо унутганди.
Ниҳоят, хизматкор оёқларига куч бериб, бир сакраб ичкари ўтди. Қилич дастасидан тутганча катта-катта қадам ташлаб, зумда кампирнинг қошида пайдо бўлди. Табиийки, кампир жуда қўрқиб кетди. Хизматкорни кўриши билан тўпдан отилгандай сапчиб ўрнидан турди.
— Тўхта! Қаёққа? — хизматкор мурдаларга қоқилиб-суқилиб қочмоққа шайланган кампирнинг йўлини тўсганча, шундай деб валақлади. Шунга қарамай, кампир уни итариб юбормоқчи бўлди. Аммо хизматкор уни қимирлашга қўймади ва кампирнинг ўзини орқага итариб юборди. Иккови мурдалар орасида, сукут сақлаганча бирмунча фурсат роса олишишди. Зотан, бунда кимнинг қўли баланд келиши аввалбошданоқ маълум эди. Ниҳоят, хизматкор кампирнинг қўлларини қайириб, полга ағдарди. Унинг қўллари худди товуқ панжаларидай ориқ, суяк устидан тери тортилгандай…
— Нима қилаётгандинг? Гапир. Агар айтмасанг, кўрадиганингни кўрасан!
Хизматкор кампирни туртиб юборди-да, қиличини суғурганча унинг ярақлаб турган ўткир тиғини кампирнинг кўзларига яқинлаштирди. Аммо кампир оғзини очмай жим тураверди. Қўллари титраб, қўрққанидан ҳансираб нафас олар, кўзлари соққасидан чиққудай олайган бўлса-да, гунг-соқов мисол ўжарлик билан сукут сақларди. Фақат шундагина хизматкор кампирнинг тақдири батамом ўз қўлида эканини англади. Англади-ю, ундаги кампирга нисбатан нафрат бир оз сўнгандай бўлди. Фақат ҳар қандай иш якунлангач, киши ҳис қиладиган қониқиш ва хотиржамлик қолди, холос. Кампирни бошдан-оёқ кўздан кечирди-да, эндиги сафар юмшоқроқ оҳангда деди:
— Мен шаҳар соқчиси эмасман, йўловчиман. Дарвоза ёнидан ўтиб кетаётгандим, холос. Шу боис сени ушлаш ниятим ҳам йўқ. Фақат бир нарсани айт, ҳозир, минорада нима қилаётгандинг?
Кампир шундоқ ҳам олайган кўзларини чақчайтириб хизматкорга қаради. Йиртқич қушникидай ўткир нигоҳини унга қадаганча қотди. Кейин бир нарса чайнаётгандай буришган, шу сабаб деярли бурни билан қўшилиб кетаёзган лабларини қимирлатди. Унинг томоғидан қарғанинг қағиллашига ўхшаш бўғиқ, узуқ-юлуқ овоз эшитилди:
— Соч юлаётгандим… соч юлаётгандим. Ясама соч учун…
Оддийгина жавобни эшитиб, хизматкорнинг ҳафсаласи пир бўлди. Шу боис унда кампирга нисбатан бояги аламзадалик аралаш нафрат уйғонди. Афтидан кампир ҳам буни сезди. Майитнинг узун сочларини ҳамон қўлида тутганча вақиллади:
— Ўликнинг сочини юлиш ярамас иш, ростданам. Аммо бу ерда ётган ўликларнинг ҳаммаси шунга лойиқ. Масалан, манави, мен сочини юлган хотин, илонларни тўртга бўлиб, тилимлаб, қуритарди-да, кейин сарой соқчиларига балиқ ўрнида сотарди. Агар вабо тегиб, ўлмаганида ҳозир ҳам шу ишни қўймаган бўларди. Тирикчилиги шундан эди-да! Одамлар ҳам у сотадиган балиқларни мазали дейишарди. Соқчилар бўлса, уни доим газак қилиш учун сотиб олишарди. Масалан, мен уни ёмон иш қилган деб билмайман. Шунақа қилмаса, очидан ўларди-да. Демак, у муҳтожликдан қилган бу ишни. Шунинг учун мен ҳам ўзимни ярамаслик қиляпман, деб билмайман. Шуни қилмасам, очдан ўламан. Демак, муҳтожликдан ҳаммаси. Бу хотин ҳам муҳтожлик нималигини яхши билган, мени тушунган бўларди, айбламасди балки.
Кампирнинг айтганлари шу бўлди.
Хизматкор қиличини қинига солиб, дастагидан тутганча кампирнинг ҳикоясини совуққина тинглади. Табиийки, ўнг қўли билан юзидаги йирингли ҳуснбузарини ўйнашини қўймасди. Зотан, кампирни тинглаётиб, унинг дилида мардлик уйғонаётганди. Худди боя пастда, зинапояда турганида етишмаётган мардлик. Ва бу жасурлик зинапоядан отилиб чиқиб, кампирни ушлагандаги ҳолатининг мутлақо акси эди. Энди у ўғирликни танлайми ёки очдан ўлайми дея мутлақо иккиланмаётганди: зеро, айни чоғда, у очдан ўлиш фикридан шу қадар узоқ эдики, ҳатто буни хаёлига ҳам келтирмасди.
— Демак, йўли шунақами ҳали! — кампир ҳикоясини тугатгач, заҳархандалик билан деди у.
Кейин олдинга бир қадам қўйди-ю, тўсатдан ўнг қўлини ярасидан олиб, кампирнинг ёқасига ёпишди-да, йиртқичдай наъра тортди.
— Унда сени тунаб кетгудай бўлсам, ўзингдан кўр! Акс ҳолда мен ҳам очдан ўлишим керак.
Хизматкор унинг кимоносини зўрлик билан ечиб олди-да, жон ҳолатда этагига ёпишаётган кампирни бир тепиб, мурдалар устига қулатди. Зинапояга беш қадамча қолганди. Хизматкор хиноки дарахти рангидаги кимонони қўлтиғига қистириб, кўз очиб юмгунча айланма зинадан тушди-ю, зулмат қаърига сингиб кетди.
Аввалига гўё жонсиздай қимир этмай ётган кампир, у кетгач, хиёл ўтмай яланғоч, абгор аҳволда ўликлар устидан турди. У ё йиғлаб, ёки бир нималар деб ғудраниб чироқ ёруғида ташқарига аранг эмаклаб чиқди. Кампир пастга қариш ниятида шундай эгилдики, орқага турмакланган оппоқ сочлари бутун пешонасини тутди. Дарвоза атрофи қаро тунга ботган. Хизматкор эса аллақачон ғойиб бўлганди.

Мавлуда Иброҳимова таржимаси.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 12-сон