Акутагава Рюноскэ. Фидойи (ҳикоя)

I

Тэмпонинг иккинчи йили, сентябрь кунларидан бири. Эрталаб. Конденинг Доботё кўчасидаги “Мацуною” ҳаммоми ҳар қачонгидек гавжум. “Жамоат ҳаммоми…” Бу ерда ҳамма нарса айқаш-уйқаш: худолар шаънига олқиш-мадҳиялару бутларга сиғиниш, муҳаббат ҳангомаларию нотайин хиргойилар…” Сикитэ Самбанинг кулгили асарларидан бирида тасвирлаган манзара ҳозир ҳам ўзгармаган.
Мана, сочини айни урф бўлган “аёл турмаги” тахлит турмаклаган мижоз сувга тушиб олиб хиргойи қилади. Сочи “тёммагэ хонда” турмакли бошқа биттаси сувдан чиқиб, сочиғини сиқиш билан овора. “Ооитё” турмакли, юзи силлиқ учинчиси татуировкали яғринидан иссиқ сув қуяётибди; “ёсибэй якко” русумдаги сочли йигит юзини ҳалидан бери зўр бериб ишқаб ётибди; бочка ёнида ўтирган роҳиб “оббо” дея бошидан совуқ сув қуймоқда. Сочининг турмаги учаётган асалариними-ей, ниначиними-ей эслатадиган болакай ғаров қовғача ва сопол товоқни бир-бирига уриб, тақиллаган овоздан завқ олади… Бир-бирига ўхшамас бу мавжудотлар сувда ялтираган силлиқ гавдалари билан буғли деразадан куз қуёши нурлари тушиб турган тор ҳаммомни эгаллаб олган.
Ҳаммомда ўзгача ғала-ғовур. Энг аввало сувнинг шапиллаб сачрашию тоғораларнинг тақир-туқури, одамларнинг баланд-паст овозда гап­лашишларию алланималарни хиргойи қилишлари ва ниҳоят, қоровул шақилдоғининг шақиллаши қулоққа чалинади. Ҳаммомни ҳовуз ва ювиниш майдончасидан ажратиб турган тўсиқнинг икки тарафида, худди жанг майдонидагидек, шовқин-сурон ҳукмрон. Баъзан савдогарлар, тиланчилар кириб қоларди. Турган гапки, мижозларнинг кети узилмайди.
Шундай ола-ғовур ичида қимтинибгина бир чол бурчакда ювинарди. У кўринишидан олтмишдан анча ошгандай эди. Чаккасидаги оқиш-сариқ сочлари, хира тортган кўзлари уни хунукроқ қилиб қўйганди. Озғин бўлса-да, зуваласи пишиқ, ҳатто анча тетиклиги, салқи қўл-оёқлари қариликка бўй бермаётганини кўрсатиб турарди. Юзи ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин эди: бақувват ияги, катта оғзи, куч-қувватга тўла пайтларида ёввойи ҳайвоннинг кўзларидек шиддатли чақнаб кетарди.
Чол белидан юқорисини совунлаб бўлгач, кичик ёғоч тосдаги сувда чўмилишда давом этди. У бир парча қора шойи билан аъзойи баданини яхшилаб ишқалади, лекин қуриб, ажин босган терисидан кир деган нарса чиқмади. Бу унга ҳаётининг кузи бошланганини эслатди ва бир зум қайғуга чўмди. Оёқларини ювиб, ҳўл сочиқ билан артди, шунда бирдан қўли ишламай қолди, гўё куч-қувват уни тарк этгандай. Тоғорадаги ёруғлик акси кўзига тушиб, хурмонинг қизил меваларини эслатиб юборди.
Тўсатдан чолнинг шуурига ўлим шарпаси тушгандай бўлди. Бу шарпада илгаригидек уни қўрқитадиган ваҳимали нарса йўқ эди. Серташвиш ҳаётнинг серташвиш азоб-уқубатларидан қутулса, ўлим соясида туш кўрмай ухласа, қандоқ хурсанд бўларди, ахир, тоза одамлар туш кўрмай ухлайди, дейишади-ку. У яшашдан чарчаганди. Ижод азобларидан эса кўпроқ чарчади, бу азобга бир неча йилки, гирифтор эди.
Чол сесканиб тоғорани кўтарди. Атрофда ҳамон гангир-гунгирлар давом этар, шўх овозлар янграр, бурқираган буғ орасида яланғоч одамлар у ёқдан-бу ёққа юрар эди, тўсиқ орасидан эшитилаётган утадзаймон куйига янги қўшиқлар “Мериясу” ва “Ёсикано” қўшилди. Буларнинг барида, турган гапки, унинг кўнглини вайрон қилган абадиётдан ном-нишон йўқ эди.
– О, сэнсэй, сизни бу ерда учратаман деб ҳечам ўйламагандим! Сэнсэй Кёкутэйнинг каллайи саҳарлаб ҳаммомга келиши тушимга ҳам кирмаган эди.
Чол бурилиб ўрта бўйли, қизил юзли, сочи “хосоитё” усулида олдирилган эркакни кўрди. У тоғораси олдида қаққайиб турар, сочиғини елкасига ташлаб олган эди. Афтидан, эндигина ювиниб, устидан тоза сув қуймоқчи бўлганга ўхшайди.
– Хурсандман, сиз ҳам ҳар доимгидек, вақтингиз чоғ, – деди сезилар-сезилмас истеҳзо билан жилмайиб Бакин Сакити Такидзава.

II

– Қўйсангиз-чи, шунга ҳам хурсанд бўласизми? Энг бахтли лаҳза – “Саккиз олапар”нинг янги боблари чиқаётгани. – Суҳбатдош сочиғини тоғорага ташлади-да, янада тезроқ бидирлаб кетди: – Кимнинг хаёлига келибди дейсиз! Фанамуси ўзини кўчада куйлайдиган кўр ашулачи деб таништирибди ва Кабунгони ўлдиришни кўнглидан ўтказибди. Сўнгги дақиқаларда уни қийноққа солишаётганда Соскэ ёрдамга келибди. Зўр топилдиғ-а? Қаранг, бу воқеа Соскэга Кабунго билан яна бир бор учрашиш имконини берган. Мен, Омия-Хэйкити – бор-йўғи атторлик моллари савдоси билан шуғулланувчи одам бўлсам-да, “Ёмихон”ни бир қадар биладиган ва қадрлай оладиганларданман, дея оламан. Шу боис, ишонинг, “Саккиз олапар”ингизнинг бирор жойидан айб қидирмоқчи эмасман. Ўзимга номаълум бўлган нарсалар ҳақида фикр юритишга журъат этганим учун узр…
Бакин сукут сақлади ва иккинчи оёғини ювишга тушди. У анчадан бери мухлисларининг мақтов ва такаллуфларига изн берарди. Лекин бу хайрихоҳлик, мақтов-хушомадлар ҳақида соғлом ва холис фикр юритишга халақит қилмасди. Доно ва синчков Бакин учун бу табиий ҳол эди. Айни чоғда, нечоғлик фавқулодда туюлмасин, одамларга ақл-идрок билан холисона баҳо бериш, ўз навбатида, мухлислари кўнглига оғир туюлмасди.
Шу боис у ҳар қандай одамни бир вақтнинг ўзида ҳам ёмон кўриши, ҳам яхши кўриши мумкин эди. Омия Хэйкити шундай одамлар сирасига кирарди.
– Нима бўлгандаям сиздай ёзиш учун анча-мунча куч керак бўлади, сиз биз, японларнинг Ло Гуань-чжунисиз. Кечирасиз, мен яна валдирашга тушиб кетибман. – Хэйкити тағин кулиб юборди. Унинг қаттиқ кулгиси яқин жойда ювинаётган бир кўзи ғилай, қорачадан келган, сочини “ооитё” усулида олдирган қораширғай одамнинг диққатини жалб этди. У Бакин ва Хэйкити томон бурилиб, гоҳ унисига, гоҳ бунисига қаради-да, ғалати тарзда оёғи тагига тупурди.
– Сиз ҳозир ҳам аввалгидай хокку ёзишга қизиқасизми? – сўради Бакин суҳбат мавзусини бошқа ёққа буриб. Лекин у ғилайнинг ғазабнок ижирғанишини пайқамаганди. Бахтига, пайқаганида ҳам унга қараб туриб кўзи ожизлигини билолмасди.
– Сизнинг эътиборингиздан жуда миннатдорман, лекин айтишим керакки, мен бор-йўғи бир ҳаваскорман, қўлимдан келмайдиган ишга уринишга виждоним йўл қўймайди. Ҳар хил шеърият кечаларига бориб турсам-да, асарларим негадир босилмайди. Айтгандай, Сэнсэй, сизнинг танка ва хоккуда ёзишга майлингиз кучли эди, чамаси?
– Мен уларни кўнгилдагидай чиқаролмайман. Гарчи бир вақтлар шеър ёзган бўлсам ҳам.
– Қўйинг-э, ҳазиллашаяпсиз, шекилли!
– Йўқ. Бу мен қиладиган иш эмасга ўхшайди. Ҳозирга қадар шеър ёзаётиб ўзимни зўр бериб девор тирқишидан қарашга уринаётган сўқирдай ҳис этаман. – Бакин “мен қиладиган иш эмас” сўзларига алоҳида урғу берди. У мутлақо ўзини танка ёзишга ноқобил деб ҳисобламасди, агар шундай ҳисобласа, ўз кучига ишонмаган бўлиб чиқарди. Шунчаки анчадан буён бунақа санъатни жини суймасди. Нимага дейсизми? Шунинг учунки, танка ҳам, хокку ҳам, тор бағрига уни, Бакинни сиғдиришга ожиз эди. Ҳар қандай учлик ёхуд бешлик, лирик бўладими, пейзажми, қанчалик усталик билан тизилмасин, насрий асарларининг бир неча сатрига тенг келолмасди. Бундай санъатни иккинчи нав санъат деб ҳисобларди у.

III

Бакиннинг “мен қиладиган иш эмас” дейиши аслида унинг нафрати ифодаси эди. Афсус! Омия Хэйкити, афтидан, буни англаб етмади.
– Э, гап бу ёқда денг, – деди у узр оҳангида, сиқилган сочиқ билан баданини қизартириб ишқаларкан. – Мен бўлсам сиздай буюк одам нимага қўл урса, қойил қилиб уддалайди, деб ўйлардим. Осмони фалак инсонга бирданига икки хазина бермайди, деганлари рост экан-да.
Иззатталаб, нозиктаъб Бакин ўз сўзларини қандай бўлса, шундайича тушунишларидан дили ранжиди. Хэйкитининг узр оҳангида гапириши ҳам ёқмади. Сочиқ ва латтани полга ташлаб хиёл эгилди-да, пешонаси тиришганча қизишиб деди:
– Барибир шеърни ҳозирги манаман деган шоирлардан қотириб қўяман, десам бўлади.
Шундай дер экан, ўзининг болаларча соддалигидан уялиб кетди. Ҳозиргина Хэйкити унинг асарларини баланд пардаларда мақтаганида унчалар қувонмаганди. Энди бўлса, уни шеър ёзишга номуносибга чиқариб ўтиришибди. Батамом тескари! Ўзини тутиб олганини дарҳол англаб Бакин шошиб-пишиб баданига тоғорадан сув ағдарар, шу билан хижолатини яширмоқчи бўларди.
– Албатта-да. Акс ҳолда сиз “Саккиз олапар”дек дурдонани яратган бўлармидингиз. Мақтанишга йўймангу, мен сезгир, зийрак одамман.
Хэйкити яна қаҳ-қаҳ уриб кулди. Ғилай яқин атрофда кўринмас, тупугини сув оқизиб кетганди. Хэйкитининг гаплари уни янаям хижолатга солди.
– Сиз билан суҳбатга берилиб кетибман. Бориб ҳовузга бир шўнғиб келай.
Бакинни тушуниб бўлмайдиган хижолат ҳисси тарк этмаётганди. Мухлисидан чекингани ўзига алам қилиб жойидан қўзғалди. Хэйкитига эса, кўриниб турибдики, Бакиннинг сўзлари унга – истеъдодининг чин мухлисига янада кўпроқ куч, ишонч бағишлади.
– Хўп бўлмаса, Сэнсэй, яқин ўртада албатта бир шеър ёзасиз деб ишонаман. Келишдикми? Ёдингиздан чиқмасин-а! Энди бўлса бу мавзуга қайтмайлик. Биламан, сиз ўта банд одамсиз, лекин йўлингиз тушганда, биз томонларга марҳамат қилсангиз. Ижозатингиз билан сизникига кириб ўтарман! – Бакиннинг орқасидан бақирди Хэйкити. Унинг бир кўзи тўсиқ томон бораётган Бакинда эди, сочиғини яна бир марта ювиб сиқди, кейин Кёкутэй-Сэнсей билан учрашганини хотинига қай йўсинда айтишини ўйлай кетди.

IV

Тўсиқнинг нариги тарафи нимқоронғи эди. Сувдан кўтарилаётган буғ тумандан ҳам қуюқ эди. Кўзи хира Бакин чўмилаётганларга зўр бериб тикилди. Бир амаллаб ҳовузга борди, холироқ бурчакка ўрнашиб олди-да, тиришган танасини сувга ботирди.
Бу сафар сув аввалгидан илиқроқ эди. Бакиннинг танасидан тортиб оёқ панжаларигача гупиллаб иссиқ урди. Чуқур нафас олди-да, ҳовузни секин кўздан кечира бошлади. Ғира-ширада чўмилаётганларнинг бошлари элас-элас кўринарди. Улар еттита, балки саккизта бўлиб, хиргойи қилар, гаплашар эди. Тўсиқ орасидан тушиб тураётган хира ёруғ сувда акс этарди. “Жамоат ҳаммоми”нинг кўнгилни айнитувчи ҳиди димоққа урарди.
Бакин кўпдан буён учқур-тотли орзуларга берилишни хуш кўрарди. Мана, ҳозир ҳам, иссиқдан ланж, хаёлида бўлғуси китоби манзаралари жонланди.
…Қуёш нурини ўтказмайдиган қалин соябонли палуба. Денгизга қоронғилик чўкяпти. Шамол кўтарилади. Кема бортига келиб урилган тўлқиннинг бўғиқ овози кувдаги мой пишишини эслатади. Денгизчилардан бири нохуш нарсани сезгандай, хавотирланиб борт ташқарисига қарайди. Денгиз туманига чулғанган зим-зиё осмонда ўроқсимон ой қизариб кўринади. Мана…
Шу пайт Бакиннинг хаёлини банд этган манзара бирдан ғойиб бўлди. Шундоқ ёнгинасида кимдир унинг асарларини баланд овозда ёмонлаётгани қулоғига чалинди. Бакин ҳовуздан чиқмоқчи бўлди, лекин ниятидан қайтди ва вужуди қулоққа айланиб, тинглашда давом этди.
– Эндиликда Бакинни “Кёкутэй устаси”, “адабиёт қасри фидойиси”, анов-манов деб кўкларга кўтариб мақташмоқда. Унинг ёзганлари бошқа асарларнинг нусхаси, холос. “Саккиз олапар” нари-бери тўқиб бичилган “Дарё қўлтиғи”дан бошқа нарса эмас. Буни ҳисобга олмаганда, “Саккиз олапар”да пичоққа илингудек нарса топса бўлади, албатта. Лекин хитойликнинг асари анча олдин ёзилган. Бакиннинг хизмати фақат шундаки, у асл нусхани ўқишга фурсат топган. Унинг китоблари Кёдэнни ҳадеб такрорлаш эканини айтсангиз-чи. Беихтиёр жаҳлинг чиқади, нафратланиб кетасан!
Бакин ғийбат келаётган томонга бир қараб қўйди. Қалин буғлар орқасида жавраётган одамни кўриш қийин эди, лекин, ҳарқалай, “ооитё” турмакли ғилай бўлиши керак. Афтидан, у ҳозиргина Хэйкитининг “Саккиз олапар”ни осмонга кўтариб мақтаганидан ғазабланган, энди бутун заҳрини Бакинга тўкиб-сочмоқчи бўлган кўринади.
– Бакин нимаики ёзмасин, бари фақат тиришқоқлик натижаси. Унинг қалбида ҳеч вақо йўқ, бўлса ҳам фақат Чор китоб ва Беш китобга шарҳлар, холос, уларни эса қавм мактаби ўқитувчиси ҳам айтса бўлади. У ҳозирги замон ҳаётини мутлақо билмайди, буни шундан ҳам кўрса бўладики, ўтган замонлардан ҳикоя қилмаган бирорта ҳам асари йўқ. У “Осомэ ва Хисамацу”дек содда, аниқ ёзолмайди, унга “Етти кузги кўкат ёхуд Хисамацу ва Осомэ муҳаббати тарихи” деб ёзиш маъқул. Бундай мисолларни, “буюк” Бакинчасига ифодалайдиган бўлсак, истаганча топиш мумкин.
Ўз афзаллигимизни ҳис этиш баъзида ғазаб-нафратингни тўлиқ синашимизга имкон бермайди. Ғийбат бандасининг заҳаролуд сўзлари Бакинга қаттиқ ботса-да, негадир кўнглида унга нисбатан нафрат туғилмади. Фақат дилозорга аламини тўкиб солмоқчи бўлди-ю, бундай қилишни, эҳтимол, ёшига муносиб деб билмади.
– Икку ва Самбани олинг – мана чинакам зўр ёзувчилар. Уларнинг асарларида жонли, ҳақиқий одамларни кўрасиз. Бу сизга қўл ичида устомонлигу жиндай билим билан бўладиган қалбаки битиклар эмас. Улар шуниси билан Сарюкэн Индзя қабилидагилардан фарқ қилади.
Китобларини ерга уриш ёқимсизгина эмас, кўп жиҳатдан хавфли ҳам эканлигини Бакин кўрган, бошидан ўтказган эди. Гап бу ҳақоратни кўтаришдан қўрқиш, тушкунликка тушишдагина эмасди. Аксинча, зўр танқид тиғи тагида қолиш бундан кейинги ижодий ўй-режаларига акс таъсир ўтказиши мумкинлигини тушунарди ва натижада расвои жаҳон асар юзага келишидан қўрқарди. Ижодий куч-ғайратга тўла ёзувчининг, агар у замонасоз бўлмаса, бундай хавф-хатарга дуч келиши эҳтимоли оддий ҳол. Мана шунинг учун ҳам Бакин ҳар қандай ҳолатда ўз асарлари ҳақидаги танқидий фикрларни ўқимасликка ҳаракат қиларди, гарчанд баъзан улар билан танишишга майли бўлса ҳам. Ва ҳозир барибир ҳовузда қолиш ва аччиқ-тизиқ гапларни эшитишга қарор қилиши бир чеккаси ўша эски васваса натижаси эди. Буни тушунган Бакин сувдан чиқишга шошилмаганлигини бетамизликка йўйди, ғилайнинг ғазабнок қичқириғига эътибор бермасдан шиддат билан тўсиқ орқасига ўтди. Қуюқ буғ сал тарқагач дераза, ундан зангори осмоннинг бир парчаси, илиқ қуёш нурларида товланаётган хурмо мевалари кўринди. Бакин бочкага яқинлашди-да, шошмасдан устидан сув қуйди.
– Нима десангиз денг, Бакин қип-қизил ёлғончи. Япон Ло Гуань-чжу бўлиб ном чиқаришнинг йўлини топганини айтмайсизми? – Ҳамон қаҳрга миниб жаврарди ғилай, Бакинни ҳалиям яқин атрофда бўлса керак деб ўйлаб, тавқи лаънатига учраган ёзувчининг тўсиқ ортига ўтиб кетганидан эса бехабар эди.
V

Бакин ҳаммомдан дили хира бўлиб чиқди: ғилайнинг сўкинишлари мўлжалга теккан, муроди ҳосил бўлган эди. Кузги қуёш нурлари ёритиб турган Эдо кўчаси бўйлаб кетаркан, Бакин ҳаммомда эшитганларини синчиклаб ўйлаб кўриш, танқидий таҳлил қилишга уринди. Ғилайнинг тирғалишлари, қай томондан қараманг, бемаъни тутуриқсизлиги, заррача аҳамиятга эга эмаслигини у ҳозир ҳам исботлаб бериши мумкин эди. Шундай бўлса ҳам тўсатдан бузилган кайфиятини ўнглаш қийин кечаётганди. У кўчанинг икки тарафидаги уйларга ғамгин назар ташлаб борарди. Бу уйларда яшовчиларнинг Бакин билан бир пуллик иши йўқ, ўзларининг кундалик юмушлари, тирикчиликлари билан банд эди. “Барча вилоятларнинг энг яхши тамакиси”, сариқ ёзувли тождор “Ҳақиқий самшит”, нақшинкор фонар – “Тахтиравонлар”, байроғига фил таёқчаси ва ёзуви туширилган “Ром очиш” – қандайдир бемаъни бўлиб туюлган қаторларга заррача эътибор бермай ўтиб борарди.
“Ҳазар қилгулик бундай таҳқир-ҳақоратлар нега менга тинчлик бермаяпти? – ўзига ўзи савол берарди Бакин. – Энг аввало, ғилайнинг, қандай сабаби бўлмасин, менга хусумат сақлаши ёқимсиз, бунга ҳеч нарса деб бўлмайди…”
Шундай фикрга келар экан, иродасизлигидан уялиб кетди. Бир жиҳатдан тўғри ҳам. Дунёда у каби ўзини баланд чоғлайдиган, тегманозик одамлар кам. Бўлиб ўтган кўнгилсизликка оид бир-бирини истисно қилувчи ҳолатлар, бир-бирига зид оқибатлар аслида бир сабабга бориб тақалиши, асабга боғлиқлигини Бакин аллақачон пайқаган эди. “Лекин мени қийнайдиган яна бир ҳолат бор, – фикрлашда давом этди Бакин. – Гап шундаки, бу ғилайга керакли зарба беролмадим. Бу нарсага ҳушим йўқ. Шу сабаб қимор ўйинларини ёқтирмайман”.
Аммо-лекин шу топда фикр-ўйларида кутилмаган ўзгариш рўй берди. Буни маҳкам қисилган жағларининг очилишига қараб тахмин қилса бўларди.
“Ниҳоят, ҳеч шубҳасиз, айни шу ғилай рақибим бўлганлиги мени хафа қилади. Унинг ўрнида бирор муносиб одам бўлганда гина-кудуратимни енгган ва унга боплаб керакли зарба берган бўлардим. Бунақа ғилайга ўхшаш рақибга дуч келганингда боши берк кўчага кириб қоларкансан”. Бакин аччиқ кулимсираганча нигоҳини осмонга қаратди. Тепадан қуёш нурларига қўшилиб кутилмаганда калхатнинг қаттиқ чинқириғи қулоғига урилди-да, бирдан юраги енгил тортганини ҳис этди.
“Қийшиқ мени қанчалик ёмонотлиқ қилмасин, – ўйлади Бакин, – у эришган энг катта натижа мени хафа қилгани бўлди. Калхат жон аччиғида қанча чинқирмасин, қуёш йўлини тўсолмайди. “Саккиз олапар”имни албатта охирига етказаман. Шунда Япония ҳали-вери ўхшаши бўлмайдиган романни ўқийди”. Ўзига ишончи ортган адиб эгри-бугри тор сўқмоқ бўйлаб секин уйига йўл олди.

VI

Уйига кираётиб Бакин нимқоронғи даҳлиз бурчагида чигал боғичли шиппакка кўзи тушди ва хотирасида эгасининг думалоқ юзи жонланди, хаёлидан бу чақирилмаган меҳмон вақтимни олади-ёв деган нохуш фикр ўтди.
– Эрталабки вақтга алвидо, – дея ўзига ўзи гапириниб даҳлизга кираркан, хизматкор Суги шошиб кутиб олди. Хўжайинга эҳтиром-ла тавозе қиларкан, тиз чўккан кўйи, унга нигоҳ ташлади.
– Жаноб Идзуми сизни кутиб турибди.
Кўз қирини ташлаб Бакин ҳўл сочиқни узатди. Кабинетга киришни хушламай сўради:
– О-Хяку қани?
– Ибодатхонага кетди.
– О-Мити биланми?
– Ҳа, чақалоқни ҳам ўзлари билан олиб кетди.
– Ўғлим қаерда?
– У жаноб Ямамато ҳузурига борадиган бўлди.
Уйда яқинларидан ҳеч ким йўқ эди. Бакин бирдан умидсизликка ўхшаш бир ҳолатга тушди. Даҳлизга яқин бўлган кабинети деразасини кенг очиб қўйди. Хона ўртасида ялтироқ юзли такаббур одам ингичка кумуш трубкада тамаки чекиб ўтирарди. Литография ёпиштирилган пардани, тўқ қизил рангли кузги клён ва сариқ хризантема тасвири туширилган бир жуфт осиғлиқ какэмонони ҳисобга олмаганда, кабинетда тузукроқ жиҳознинг ўзи йўқ эди. Девор бўйлаган жавонда эллик чоғли кўпни кўрган китоб қалашиб турарди. Седзи чизилган қоғозлари, афтидан, ўтган қишдан бери ўзгартирилмаган кўринарди. Бир неча жойи йиртилиб кетган, ёруғ сатҳида йиқилиб тушган банан дарахтининг катта сояси тебраниб турарди…
Меҳмоннинг башанг кийими кабинет жиҳозларига мос тушмасди.
– О, сэнсэй, мана ўзингиз ҳам келиб қолдингиз, – фусума кенгайган заҳоти меҳмон бошини эгганча меҳрибонлик билан сўз қотди. У ношир Идзуми Итибэй бўлиб, Бакиннинг “Цзинь, Пин, Мэй” китобини босмага тайёрлаган эди, кейинчалик бу асар ҳам “Саккиз олапар”дек маълум ва машҳур бўлганди.
– Сиз мени анча кутиб қолган кўринасиз. Бугун, одатимга қарши, эрталабдан ҳаммомга борган эдим, – деди Бакин беихтиёр хўмрайганча, лекин одоб қоидасига кўра меҳмоннинг қаршисига келиб ўтирди.
– О, ҳаммомга дедингизми? Қандоқ яхши! – тантанавор хитоб қилди Итибэй унга ўхшаб. Арзимасдек туюладиган нарсага ҳам завқи келадиган, ё завқи келгандек кўрсатадиган бундай устомон одамлар кам учрайди.
Бакин шошилмай трубкасини ўт олдирди ва кутганидек, суҳбатни иш мавзусига бурди. Идзумининг серзавқлиги унга эриш туюлаётганди.
– Мени йўқлаган экансиз?
– Янги китоб ёзишингизни илтимос қилгани келдим, – тилёғламалик билан деди Итибэй трубкасини силаганча. Бу одамнинг ғалати феъли бор эди: кўп ҳолларда хатти-ҳаракатлари ички истак-майлига мос тушмас, ҳатто қарши келар эди. Мақсадида собит, қатъиятли бўлса-да, майин, силлиқ товуш билан сўзларди. Ва бу товуш Бакинни сергак торттирди, қовоғи уюлди.
– Агар гап янги китоб ҳақида бўлса, келиб бекорга овора бўлибсиз.
– Йўғ-э. Бирон кор-ҳол юз бердими?
– Гап бундамас. Бошлаб қўйган китобимни бу йил тугатишим керак, шу боис янгисига қўлим тегмаса керак.
– Албатта, албатта. Биламан, сиз жуда банд одамсиз, – деди Итибэй трубкасини чертиб. Бирдан бу нарса ўзига хос огоҳлик қўнғироғи бўлдию, ҳозиргина бўлиб ўтган суҳбатни бутунлай унутиб, шу оннинг ўзида Нэдзума Кодзо Дзиродаю ҳақида гапира кетди.

VII

Нэдзуми Кодзо Дзиродаю машҳур қароқчи бўлиб, унинг овозаси узоқ-узоқларга кетганди. Ўша, устида гап борган йилнинг бешинчи ойида уни тутишди, саккизинчи ойнинг бошида калласини турма дарвозаси олдида барчага кўз-кўз қилиб осиб қўйишди. Жиноятчи фақат князларни босар, тортиб олинган пулларни камбағал-қашшоқларга тарқатар, шу боис номига Олийжаноб сифатини қўшиб аташар, одамлар уни эҳтиром билан тилга олар эди.
– Сэнсэй, айтишларича, у етмиш олти князлик ер-мулкини босган экан. Ақл бовар қилмайди. Шунинг учун ҳам қароқчи-да. Оддий одамнинг қўлидан келадиган иш эмас бу.
Бакин суҳбатга қизиқиб кетганини сезмай қолди. Гап-сўзларининг авзойидан хуш-хурсандлиги сезилиб турарди. Ахир, у ёзувчини материал билан таъминлаб турибди-да. Бу, албатта, Бакиннинг ғашини келтирмай қолмасди. Шундай бўлса-да, у суҳбатга киришиб кетди. Бакиндек санъаткор чинакам истеъдод соҳибини бундай воқеа-ҳодисалар билан осонгина қизиқтириб қўйиш мумкин эди.
– Чиндан ҳам, машҳур шахс. У ҳақда кўп эшитганим бор, лекин бунчалигини ўйламаган эканман.
– У қароқчи сифатида ўз ишининг пири эди. Айтишларича, у бир вақтлар Тажима вилояти ҳокими жаноб Арао даврида кузатиб юрувчими, яна нимаям бўлиб хизмат қилган, князлар қўрғонини, мулкини беш қўлдай биларкан. Қатл олдидан уни шаҳар кўчаларидан олиб ўтишганда, кўрганларнинг айтишича, келишган, норғул йигит бўлган экан. Ўша куни эгнида қоғоз крепдан кўк кимоно, тагида ҳам оқ шойидан тикилган яна бир кимоно бор экан. Буларнинг бари ҳақида, жуда бўлмаса, ҳозирги китобингизда ёзиш мумкин бўларди.
Бакин нимадир деб ғўлдираган бўлди ва яна чекди. Лекин Итибэй мавҳум жавоб билан қаноатланадиганлар хилидан эмасди.
– Хуш, нима дейсиз? Балки “Цзинь, Пин, Мэй”га Дзиродаю ҳақида бир лавҳа қўшиш мумкиндир. Тушунаман, сиз бандсиз, шундай бўлса ҳам розилигингизни кутардим.
Шундай қилиб, Нэдзуми Кодзо ҳақидаги гап суҳбатдошларни бошланғич мавзуга қайтарди. Идзуми яна Бакинни янги нарса ёзишга кўндиришга тушди. Лекин Бакин Идзумини яхши билгани боис рози бўлмасди. Охири тоқати тоқ бўлди, кайфияти бузилди. Итибэй қўйган тузоққа илингани учун ўзидан хафа бўлди ва трубкани эриниб тортаркан, ўз далил-важларини батафсил асослашга тушди.
– Ахир, мен ўзимни қийнаб, кучаниб ёзадиган бўлсам, яхши нарса чиқмайди. Бу сиз учун ҳам фойдали бўлмайди, негаки китобни сотишингиз керак. Келинг, шу ишни қўяйлик, иккимизга ҳам яхши бўлади.
– Шундайдир-ку, лекин яна бир ҳаракат қилишингизни сўрашга журъат этаман. Розимисиз?
Шундай дер экан, Идзуми кўзлари билан Бакиннинг юзини силагандай бўлди (“силагандай” дегани фақат Идзумига хос алоҳида қарашни англатади) ва бурнидан бурқситиб тутун чиқарди.
– Йўқ, қилолмайман. Ҳар қандай ҳолда ҳам ёзолмайман, тушунинг, вақтим йўқ.
– Сиз мени қийин ҳолатга солиб қўяётибсиз, – жавоб қайтарди Идзуми ва мутлақо кутилмаганда, аввалгидай оғзидан нозик кумуш трубкасини чиқармай, таниш ёзувчилар ҳақида гап бошлади.

VIII

– Тез орада Танэхиконинг янги китоби чиқади, дейишяпти. Менимча, бу ҳар қачонгидек нозик ва ғамгин бир асар бўлади. Бундай нарсани яратиш бошқа ҳеч кимнинг қўлидан келмаса керак.
Итибэйда негадир ёзувчиларнинг номини ҳурмат-эҳтиром билдирмай, шунчаки санаб ўтиш одати бор эди. Ҳар гал, буни эшитаркан, Бакин ўзича, суҳбатдоши ўзини ҳам орқаворатдан шунчаки “Бакин” деб аташини хаёлидан кечирди. Тажанг бўлиб турганида бундай гапни эшитгач, ғазаби қайнаб кетар ва ўзига-ўзи: “Ёзувчиларга худди қўл остида ишлайдиган шогирдларидек қарайдиган, шундай нописанд сўзлар айтадиган бунақа иккиюзлама одам билан шерикчилик қилиб бўладими?” – дерди. Мана ҳозир ҳам Танэхико номини эшитгач, Бакиннинг қовоғи яна уюлиб кетди. Лекин Итибэй бунга заррача эътибор бермаган кўринади.
– Ҳозир биз Сюнсуйни нашр этсакмикан деб ўйлаб турибмиз. Сизга-ку у ёқмайди, лекин ўз тирикчилиги кўйида юрадиган одамларга бундай асарлар мойдай ёқади.
– Нима дердик, бўлиши мумкин… – Бакиннинг хотирасида дарҳол бир пайтлар учрашишга тўғри келган Сюнсуйнинг товоқдай башараси жонланди.
Қачонлардир, анча олдин, гўёки Сюнсуй ўз ижоди хусусида: “Мен ҳечам ёзувчи эмасман. Ниҳояти омманинг хоҳиш-истагига кўра ишқий китоблар ёзиб кун кўрадиган одамман”, – деганини эшитганди. Турган гапки, Бакин ёзувчи бўлмаса ҳам ёзувчи аталадиган каззобдан нафратланарди. Барибир, ҳамонки, Итибэй бетакаллуфларча номини санаганини эшитар экан, ғижинганини яшира олмади.
– Нима десангиз ҳам, – сўзида давом этди Итибэй, – у ишқий асарлар ёзишга устаси фаранг. Бунинг устига ўта сермаҳсул деб ном чиқарган. – Шундай дер экан, бир зум Бакиннинг юзига қаради ва дарҳол нигоҳини ундан олиб, кумуш трубкасига қадади. Бир лаҳзада унинг башарасида ёқимсиз ифода зуҳур этди. Ҳарқалай, Бакинга шундай туюлди.
– Аммо-лекин, агар бир нарса ҳақида ҳадеб ёзаверса, иккинчи, учинчи галдан кейин қалам ўз-ўзидан йўрғалаб кетаверади, уни қоғоздан узиб бўлмай қолади. Айтгандай, Сэнсэй, сиз ҳам тез ёзасизми?
Бакин ушбу саволдан таҳқирни, ҳатто таҳдидни сезгандай бўлди. Сюнсэй ёхуд Танэхико билан тенглатишнинг ўзи иззатталаб Бакин учун ёқимсиз эди. Бунинг устига у секин ёзар, бу ўзининг яроқсизлигидан далолат эканлигини кўриб маъюс тортарди. Иккинчи томондан, у баъзан, аксинча, уйқу фазилатини қадрлашга мойиллик кўрсатар, буни ёзувчилик виждонининг ўлчови деб ҳисобларди. Нима бўлганда ҳам, бу масалага бошқаларнинг четдан аралашувига сираям йўл қўймаган бўларди. Нигоҳини туйнукдаги кленнинг қирмизи, хризантеманинг сариқ гулларига қаратиб, нафас чиқаргандай деди:
– Ҳар хил. Баъзида тез, баъзида эса секин ёзилади.
– Ҳа, ҳа, албатта. – Итибэй суҳбат давомида учинчи марта ғоят хурсанд бўлди. Лекин ҳозир ҳам биргина хушхандонлик билан чекланиб бўлмаслиги равшан эди. Дарҳақиқат, Итибэй тағин ҳужумга ўтди. – Шундай қилиб, кўп бор такрорлаганим китобни ёзишга киришарсиз балки? Сизнинг ўрнингизда Сюнсэй бўлганида…
– Биз жаноб Сюнсэй билан бошқа-бошқа одамлармиз. – Жаҳли чиққанда Бакиннинг пастки лаби четга қараб қийшайиб кетарди, ҳозир ҳам шундай бўлди. – Мени афв этсангиз… Суги, Суги! Жаноб Идзумэнинг шиппагини тўғрилаб қўйдингми?

IX

Итибэйни кузатгач, Бакин айвон устунига суянди ва уйи ёнидаги мўъжаз боққа қараб, ўзини тинчлантиришга уринди. Барглари дарз кетган банан дарахти хазонрезги бўла бошлаган павлония бамбук ва пихтага аралашиб қуёш нури тушиб турган боғнинг тўрида ажиб кузги оролча ҳосил қилибди. Ювинадиган тоғора яқинидаги нилуфар деярли гуллаб бўлган, лекин пастак иҳотанинг нарёғига экилган хушбуй зайтун ҳалиям лаззатбахш ҳид таратар эди. Баланд зангори осмондан Бакинга таниш калхатнинг най товушини эслатадиган қичқириғи бир неча бор эшитилди. Бакин бирдан инсон ҳаётининг номукаммаллиги табиатнинг ушбу манзарасига мувофиқ келмаслигини чуқур ҳис этди. Бу дунёда яшаётган одамнинг бахтсизлиги шундаки, у дунёнинг номукаммаллигидан жафо чекар экан, айни чоғда унинг таъсирида бемаза сўзлар айтиш, инсон шаънига иснод келтирувчи ишлар қилишга мажбур бўлади.
Ҳозиргина Бакин Итибэй Идзумини ҳайдаб юборди, ҳисоб. Бу ҳаракатини олийжаноб ишлардан деб бўлмайди. Лекин суҳбатдошининг пасткашлиги бу бемаъни ҳаракатга мажбур этди. Қиладиган ишини қилди. Пасткашнинг таъзирини берай деб пасткашликка борди. Бошқача айтганда, ахлоқий тубанлик қилишга мажбур бўлди.
Шу ўринда Бакиннинг хаёлига яқинда бўлиб ўтган шунга ўхшаш воқеа келди. Ўтган баҳорда у Сагами вилоятининг Камисиндэн отлиқ номаълум қишлоқчасидан қандайдир Нагасима Масабэй дегандан хат олганди. У йигит унга шогирд тушишни истаётганини ёзганди. Хатидан маълум бўлишича, у йигирма бир ёшида кар бўлиб қолгани, қандай қилиб бу дун­ёда ном қозонишни истаб ўзини адабиётга бағишламокчи бўлгани, асосан “ёмихон” битишиини, йигирма тўрт ёшга кирган бўлса, ҳозиргача шу иш билан шуғулланаётганини ёзганди. Ўз-ўзидан маълумки, энг яхши китоблари “Саккиз олапар” ва “Ороллар бўйлаб саёҳат мактублари” экан. Хатда яна олис қишлоқда адабий маҳоратини ошириш қийинлиги боис уни ҳамхўрак қилиб уйига қабул қилиш сўралганди. У олти қисмли роман ёзиб қўйгани, агар Бакин кўриб чиқса, вақти соати билан нашр қилиш мумкинлигини ҳам қўшимча қилганди… Хатнинг умумий мазмуни шундай эди. Албатта, бу илтимосларнинг бари ҳам дадил, ҳам қўполдек бўлиб туюлди Бакинга. Лекин бу одамнинг гаранглиги кўзи хира тортган Бакинда ҳамдардлик ҳисси уйғотмаслиги мумкин эмасди. Ва у жавоб хати ёзиб, қанчалик ачинмасин, бу истакни бажариш қийинлигини қўлидан келган даражада назокат билан тушунтирган эди. Кўп ўтмай Нагасимадан иккинчи хат келди, у бошдан оёқ аччиқ таъна-дашномлардан иборат эди. “Мен, – дейиларди хатда, – Сизнинг уқувсизлик билан ёзилган, керагидан ортиқ узун хатингизни сабр-тоқат билан ўқиб чиқдим. Менинг бор-йўғи олти қисмдан иборат қўлёзмамни ўқишни хоҳламабсиз. Бу сизнинг пасткашлигингиздан далолат беради…” Шундай бошланган хат қуйидаги жумла билан якунланган эди: “Уйингизга ёш укангизни қабул қилишни рад этганингиз қабиҳлик ва шармандаликдир!”
Ғазаб отига минган Бакиннинг ўша заҳотиёқ йўллаган жавоб хатида шундай сўзлар бор эди: “Китобларим ўқувчилари орасида сиздай маккор ва иккиюзлама йигит борлигини ўзим учун катта ҳақорат деб биламан”.
Ўшандан бери Нагасимадан ҳеч бир хат-хабар бўлмади. У ҳамон ўз романини ясаш билан банд, чамаси. Ва ҳали ҳам қачонлардир бутун Япония аҳли китобимни ўқийди деган умид билан ўзини овутаётган бўлса ажабмас.
Бу хотираларга бериларкан, Бакин қўш азобда – Нагасиме Масабэйга шафқатсизлик қилганидан ва ўзига ҳам шундай муносабат қилинганидан ўртанарди. Бирдан ифода этиб бўлмас ғам-ғуссага ботди.
Лоқайд қуёш нурлари хушбўй зайтун барглари ичра сокин сузиб юрарди. Банан дарахти ва павлониянинг бирорта япроғи қилт этмасди. Ҳатто калхатнинг чинқириғи ҳам аввалгидай тиниқ эди. Табиат ва инсон ҳаёти… Агар ўн дақиқадан кейин хизматкор Суги пайдо бўлиб, тушлик тайёрлигини айтмаганда, Бакин айвон устунига суянганича қанча ўй суриши номаълум эди.

X

Бакин ёлғиз овқатланиб, ниҳоят, кабинетига ўтди. У ҳалиям ғамгин эди. Юрагининг чигилини ёзмоқ учун бир неча кундан кейин илк марта “Дарё қўлтиғи”ни қўлга олди. Тусмоллаб, дуч келган саҳифани очди. Лин Чун изғиринли тунда “Тоғ руҳи” ибодатхонасида яшириниб, ем-хашак омборининг ёнаётганини томоша қилаётган экан. Ушбу таъсирли воқеа тасвирини ҳар қачонгидек қизиқиб ўқий бошлади. Лекин бир неча саҳифадан кейин кутилмаганда аллақандай хавотирга тушди.
Уйдагилар ҳали ибодатдан қайтишмаган, уй жимжит эди. У дилидаги ғамни қувиш учун истар-истамас чеккан бўлди, китоб тутганча анчадан бери тинчлик бермаётган масалани ўйлашга тушди. Бу икки одам – юксак ахлоқли насиҳатгўй ва санъат шайдоси – мусаввир ўртасидаги мураккаб, чигал муносабатлар ҳақидаги масала эди. Бакин “Олдинги ҳукмдорлар йўли”нинг тўғри, ҳақиқийлигига ҳеч қачон шубҳа қилмаганди. Асарлари ҳам, ўзи айтганидай, санъатда “олдинги ҳукмдорлар йўли”нинг айни ифодаси эди. Шундай қилиб бу ерда ҳеч қандай зиддият йўқдай эди. Аммо масала шунда эдики, санъат учун нима муҳимроқ: “олдинги ҳукмдорлар йўли”ми ёки ўз ҳиссиёти, фикр-ўйларими?
Насиҳатгўй Бакин биринчисини муҳим деб ҳисобласа, санъаткор Бакин, табиийки, иккинчисини авлороқ деб биларди. Енгил-елпи муроса учун бу зиддиятни бартараф этишдан осони йўқ, албатта. Ҳақиқатан ҳам, у кўп ҳолларда санъатга икки хил муносабатини уйғунлик, мувофиқлик ҳақидаги мавҳум мулоҳазалар билан яширишга уринарди. Лекин бошқаларни чалғитгани билан инсон ўзини ўзи алдолмас экан. У “гэсаку” адабиётини чин санъат деб ҳисобламас, уни “яхшиликни тасдиқлаш, иллатни қоралаш ” қуроли деб атар, лекин илҳоми жўш уриб, завқи қайнаб кетган чоғларда бирдан безовта бўла бошлар, бўшашиб, аввалги ишончини йўқотиб қўярди. “Дарё қўлтиғи” кайфиятига мутлақо кутилмаган ҳолда таъсир этишига шу сабаб эди.
Мана ҳозир ҳам Бакинни ғалати ҳадик чулғаб олди. У ҳали уйга қайтмаган оила аъзоларини ўйлаб кетди. Лекин асосий ғам-ташвишлари сабаби – “Дарё қўлтиғи” рўпарасида ётар, у бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлай олмасди. Бахтига, кўп ўтмай ҳузурига Ватанабэ Кадзан кириб келди. Улар анчадан бери кўришмаган эдилар. Одатдагидек пўрим ки­йиниб олган, қўлтиғида бинафшаранг рўмолчага ўралган нимадир бор эди. Чамаси, Бакинга китобларини қайтаргани келган. Ёзувчи қадрдон дўстини кўриб қувонди ва қарши олишга ошиқди.
– Сизни кўргани ва миннатдор бўлиб китобларингизни қайтаргани келдим, – деди, кутилганидек, Кадзан кабинетга ўтаркан. Бакин меҳмонининг қўлида тугундан ташқари яна ўроғлиқ қоғоз ҳам кўрди.
– Агар бўш бўлсангиз, кўриб қўйсангиз дегандим.
– О, қани кўрайлик-чи!
Кадзан ҳаяжонини табассуми билан яширишга уриниб, қоғоз орасидан ипак матоҳ олди-да, Бакиннинг олдида ёйди. Сувратда бир неча маъ­юс яланғоч дарахт ва қўл ушлашиб баҳузур суҳбатлашаётган икки эркак тасвирланган эди. Дарахтлар остига сариқ барглар тўшалган. Шохларга қарғалар қўнган. Манзарадан кузги салқинлик уфуриб тургандек эди. Вазмин, одми тусли тасвирни кўриб, Бакин қувонганидан кўзлари ёшланиб кетди.
– Қандай ажойиб-а! Баракалла.

XI

– Бу ишимни кечагина тугатдим. Яхши чиққандай туюлди ўзимга, шу боис уни ижозатингиз билан, сизга тақдим этишга журъат қилдим, – хурсанд ҳолда деди рассом сип-силлиқ иягини силаб.
– Катта раҳмат. Фақат мени хижолатга қўйдингиз, кутилмаган совға билан, – минғирлади Бакин асардан кўзини узмай. Шу лаҳзада нимагадир ҳали ниҳоясига етмаган асари ёдига тушди. Лекин Кадзан Кадзан-да: ўй-хаёли суратларда эди.
– Ҳар сафар қадимги улуғлар асарларига нигоҳ ташлаганимда, улар қандай қилиб зўр, нодир асар яратишнинг уддасидан чиқишган, деган савол бераман ўзимга. Уларнинг суратларида ҳамма нарса чин, мукаммал: дарахтлар ҳам, одамлар ҳам. Боз устига, уларда санъаткорнинг қалби яшайди. Мана шу нарса ҳақиқий санъат бўлса керак. Қадимги усталар олдида мен ўзимни ноқобил боладан ҳам ночорроқ ҳис қиламан.
– Қадимгилар “келажак авлоддан чўчимоқ керак” деб бекорга айтишмаган, – ҳазиллашган бўлди Бакин суратлар оламига бутунлай ғарқ бўлган Кадзанга ҳавас билан тикилиб.
– Лекин биз, келгуси авлод ҳам чўчиймиз, шу боис, ўтмиш билан келажак орасида аросатда қимирлай олмаймиз, фақат орқамиздан туртишса, қўзғаламиз. Аслида фақат биз эмас, қадимда ҳам шундай бўлган, биздан кейин келганларда ҳам шундай бўлади, чоғи. Олға юрилмаса, йиқилиб қолиш мумкин. Энг муҳими, бир қадам бўлса ҳам илгари силжиш.
– Сиз ҳақсиз, энг муҳими шу, – меҳмон ва мезбон бир муддат жим қолишди, иккиси ҳам куз хаёлларига ғарқ эди. Кадзан суҳбат мавзусини ўзгартирди: – “Саккиз олапари”нгиз қалай? Иш аввалгидай жадал кетяптими?
– Қаёқда дейсиз! Қайтага, аксинча. Бу борада қадимгиларга тенглашиш мушкул экан.
– Нима ҳам дердик. Бу гапни эшитиш нохуш.
– Ишонинг, бу ўзимни ҳаммадан ҳам кўпроқ ранжитяпти. Нима қилайлик, барибир куч-қувват борида ишлаш керак. Ўлсам-ўламанки, “Саккиз олапар”ни тугатмай қўймайман деб қарор қилдим. – Бакин аламли тиржайди. – Баъзида уялиб қоласан: китобнинг вазифаси – ўқувчини овутиш, кўнглини олиш-ку, ахир, шундай бўлса ҳам ўзинг билан келишолмайсан.
– Менинг суратларимда ҳам шундай бўлади. Ҳамонки шу ҳунарни танлабманми, бу йўлдан охиригача кетаман.
– Демак, аҳдимиз қатъий: жангда ўлсак, бирга ўламиз.
Иккови ҳам қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди, лекин бу кулгида ўзларигагина аён алам бор эди. Айни чоғда бу алам уларни тўлқинлантириб юборди.
– Барибир мен сиз, рассомларга ҳавас қиламан. Сизлар, ҳеч бўлмаганда таъқиб-тазйиқлардан қутулгансиз, шунинг ўзи улуғ неъмат. – Бу сафар Бакин суҳбатни бошқа мавзуга бурди.

XII

– Бу тўғри, лекин тушунишимча, сизларда ҳам ўз асарлари учун хавфсираш бўлиб турадими?
– Бўлганда қандоқ! – хитоб қилди Бакин ва цензуранинг қабиҳлигига мисоллардан бири сифатида бир куни асарининг бош қисмини, қандайдир порахўр амалдор ҳақида сўз боргани учун, қайта ишлашга мажбур қилишганини айтиб берди.
– Полиция нозирлари тирноқ орасидан кир излаган сари ҳақиқий башарасини рўй-рост кўрсатади. Қизиқ-да, тўғрими? Бундайлар ҳаром луқмага ўрганганини салгина эслатиб ўтсанг ҳам норози бўлишади, қайта кўриб, ёзиб чиқишни буюришади. Ёки улар ўзлари тубан майллар, шаҳвоний ҳирслар ботқоғига ботганлиги боис, ишқ-муҳаббат мавзусидан сўз очган муаллифни, асарни “бузуқлар” рўйхатига тиркашади, ўзларини ёзувчидан кўра ахлоқли, фаришта ҳисоблашади. Четдан қараганда, бу жуда кулгили ва аянчли, маймун кўзгуда ўзининг асл қиёфасини кўриб, тишларини ғижирлатгандай, улар ҳам ярамасликларини фош этганда ғазаб отига минишади.
Бакиннинг бу қадар қизиқиб, жўшиб гапиришини эшитиб Кадзан беихтиёр кулимсиради.
– Ҳа, албатта, бунақаси тез-тез учраб туради. Лекин асарингизни қайта ишлашга мажбур қилишганда ҳам бу сизнинг шаънингизни соя солмайди. Чунки полиция назоратчилари нималар дейишмасин, мукаммал асар бекаму кўст бўлиб қолаверади.
– Шундайликка шундайку-я, аммо баъзан ўзбошимчалик ҳаддан ошиб кетади. Бир сафар мен турмага кийим ва овқат олиб келишларини ёзгандим. Нима бўлди денг? Шу беш ё олти сатр нарса олиб ташланди. – Шундай деб Бакин Кадзанга қаради, иккиси ҳам кулимсираб қўйишди.
– Эллик йил, боринг юз йил ўтар, полиция назоратчилари бўлмайди, сизнинг романингиз эса қолади.
– Романимни-ку айтолмайман, лекин полиция назоратчилари, менимча, ҳеч қачон йўқолмаса керак.
– Мен барибир шундай деб ўйламайман.
– Аниқроғи, мен айтмоқчи эдимки, полиция назоратчилари йўқолган тақдирда ҳам уларга ўхшашлар ҳамма замонда бўлади. Китобларнинг куйдирилиши, маърифат фидойиларининг қатл этилиши аллақачон ўтмишда қолиб кетган деб ўйлаш нотўғри.
– Сиз кейинги пайтларда ғам-ҳасратга мойил бўлиб қолганингизни кўриб турибман.
– Гап менда эмас, иним, ҳаётда полиция назоратчилари, бунга ўхшаганлар кун сайин кўпайиб боряпти.
– Ундай бўлса тун-кун ишлаб таскин олиш, овуниш керак.
– Ҳа, бошқа йўли йўқ, шекилли.
– Агар жангда ҳалок бўлишни ҳисобга олмаса.
Бу гал ҳеч ким кулмади. Аксинча, Бакин суҳбатдошига хўмрайиб қаради. Кадзаннинг ҳазили ўта жиддий чиққан эди.
– Ёшлар кўпроқ тирик қолиш, саломатлик ҳақида ўйлаши керак, ўлим эса қочмайди. – Унга Кадзаннинг сиёсий қарашлари маълум бўлиб, бу қарашлар ҳозир хавф-хатар туғдириши мумкин эди. Кадзан жавоб ўрнида кулимсиради, эътироз билдириш нияти йўқ эди.

XIII

Кадзанни кузатиб қўйиб, Бакин ёзув столи томон йўл олди. У қўлёзмани давом эттириш зарурлигини сезди, дўсти билан суҳбатдан кейинги ҳаяжон, изтироб унга куч-қувват бағишлаши керак эди. Анчадан бери бир одатга кўникканди – ишни давом эттиришдан олдин аввал ёзганларини ўқиб чиқарди. Мана ҳозир ҳам шошилмай бир неча саҳифани диққат билан ўқиди, тор сатрлар оралиғидаги жойлар тузатишларга тўла эди.
Ёзганлари уни қаноатлантирмади. Ҳарфлар, белгилар орасида қандайдир ортиқча, бегона нарсалар яшириниб ётгандай, улар яхлитлик, мутаносибликни бузиб тургандай туюлди. Бошда таассуротни асабийлашганига йўйди. “Афтидан, ҳозир бошқача кайфиятдаман, бундан яхши ёзиб бўлмайди”, ўйлади Бакин ва бутун парчани қайта ўқишга киришди, бу сафар ҳам ўша ҳолат: қаноатланмаслик ҳисси кучлироқ эди.
Бакин бирдан кекса одамларга хос бўлмаган саросимага тушди.
“Қани, кўрайлик-чи, аввал нима бўлган экан?” Олдинги парчага кўз югуртириб чиқди. Айқаш-уйқаш сўзлар, сатрлар бир-бири билан зўраки боғланган, сайқал берилмаган жумлалар. Бакин ёзганларини яна ва яна ўқиб чиқди. Ўқиш жараёнида кўз ўнгида уқувсиз битилган эпизодлар, бетартиб қалаштириб ташланган тафсилотлар бирма-бир намоён бўла бошлади. Гоҳ ҳеч бир манзара ҳосил қилмайдиган пейзаж лавҳалари, гоҳ ҳақиқий ҳаяжон уйғотмайдиган оҳ-воҳлар, гоҳ мантиқ ҳукмидан узоқ баҳслар – шунча кун давомида нима ёзган бўлса, бари арзимас сафсатабозлик. Юраги увишиб кетгандай бўлди.
“Барини қайта кўриб чиқмоқ керак!” – деди у ўзига ўзи ва нафрат билан қўлёзмани бир четга суриб қўйди, сўнг гурс этиб пойандозга чўкди. Лекин нигоҳи ҳамон столга қадалганди. Шу столда у “Ой ўроғи”ни, “Маньке давлати ҳақида туш”ни ёзди, сўнгра шу столда “Саккиз олапар” ёзилди. Стол устида терилган қимматбаҳо сиёҳдон, аждар шаклли пресс-папье, қурбақа тахлит мис чўмичча, зангори яшил чиннидан ясалиб, шер, гул тасвири туширилган сиёҳдон, шамол, чангни сақловчи тўсқич, мўйқалам чўткалар учун бамбукли таглик – бу буюмларнинг бари унинг ижодий изланишлари, азоб-роҳатларининг эски гувоҳлари. Ҳозир уларга қараб Бакин оғир ҳиссиётлар гирдобида қолди, гўё унинг ҳозирги мағлубияти бутун ҳаётидаги меҳнатларига соя солгандай, ижодий имкониятларини шубҳа остига қўйгандай. “Мен бўлсам ҳамиша мамлакатимизда тенгсиз буюк асар яратаман деб умидвор бўлиб юрган эканман. Барча умидларим ўзига ҳаддан ортиқ ишонган, бино қўйган, ўртамиёна одамнинг пуч умидлари бўлиб чиқди”. Бундай фикрдан кейин Бакин юракни зирқиратадиган, чорасиз ғам-андуҳ оғушида қолди.
Япония ва Хитойнинг буюк санъаткорларига таъзим қиларкан, уларнинг қудратли истеъдоди олдида ўзининг қобилияти қанчалик ночорлигини ҳамиша ёдда тутарди. Замондош ёзувчиларидан нархини паст олар, манфаат бандаларига эса аксинча гердайиброқ қарар, улардан афзаллигини сезарди. О, охир-оқибат улардан кам жойи йўқлигини, шармандаларча катта кетиш асирига айланган калтабин одамга айланиб қолганини тан олиш жуда қийин бўлди.
Ҳалокатга учраган кеманинг чўкишига дарға ночор қараб қолгани каби, қиёмига етмаган, ночор қўлёзмасига боқар экан, Бакин вужудини қамраб олган умидсизлик билан аста-секин кураша бошлади. Сўнгги дақиқада орқадаги фусума кенгайиб “Бобожон, мана мен келдим!” деган хитоб эшитилиб, нозик қўлчалар бўйнини қучоқламаганда, эҳтимол, чорасизлик сиртмоғидан ҳали-бери қутула олмаган бўлармиди. Невараси Таро хонага чопиб киришга улгурмай, болаларга хос журъат ва соддадиллик Бакиннинг тиззасига тез чиқиб олди.
– Бобожон, бу менман!
– А-а, қайтиб келганинг қандай яхши бўлди. – Шундай дер экан, “Саккиз олапар” муаллифининг ажин босган юзлари қувончдан порлаб кетди.

XIV

Ошхонадан хотини О-Хякунинг зардали, келини О-Миттининг иболи товуши эшитилди: аёллар берилиб гаплашишарди. Ора-сира паст овозли эркак қўшилиб қоларди, демак, улар билан бирга ўғли Сохаку ҳам келибди. Бобосининг тиззасига чиқиб олган Таро бирдан жиддий тортди ва гўё катталарнинг гапини эшитаётгандай шифтга тикилиб қолди. Очиқ ҳавода юрганидан юзлари қизарган, бурун парраклари ҳар нафас олганда титрарди.
– Бобожон, бобожон! – кутилмаганда сўз қотди қизғиш-яшил кимоно кийган болакай. Фикрини бир жойга тўплашга урингани ва кулгидан ўзини зўрға тийгани учун унинг кулгичлари дам кўриниб, дам ғойиб бўларди.
Бакин неварасига боқиб беихтиёр жилмайди.
– Бобожон, сен ҳар куни…
– Нима ҳар куни?
– Ишлашинг керак.
Бакин қаттиқ кулиб юборди ва сўради:
– Хўш, кейин- чи?
– Кейин… нима эди… Сабр-тоқатли бўлмоғинг керак.
– Ҳа, гап бу ёқда дегин. Кейин-чи?
– Йўқ, ҳали ҳаммаси эмас. – Сочлари кокил қилиб ўрилган бошини орқасига ташлаганча Таро шарақлаб кулди.
Кўзларини қисиб, оппоқ тишларини кўрсатиб, юзларида чуқурчалар пайдо қилиб кулишига қараб қачонлардир, катта бўлганида, мана шу юзларида, бошқалар каби ғам-ҳасрат ифодаланишини тасаввур этиш қийин… Бахтли онларни кечираётган Бакин шундай хаёлга чўмган эди. Ва бу фикр уни янада хушнуд қилди.
– Менга яна нималар буюрилган?
– Кўп нарса.
– Қани, тезроқ айта қол.
– Э-э… Сен, бобожон, ҳозиргидан хам буюк бўласан ва шунинг учун…
– Буюк бўламан? Хўш, “шунинг учун”, у ёғи-чи?
– Шунинг учун сен тоқатли бўлишинг керак.
– Мен ўзи тоқатлиман, – деди Бакин кутилмаган жиддий оҳангда.
– Яна, янада тоқатлироқ бўлишинг…
– Кимнинг буйруғи бу?..
Таро бобосининг юзига айёрона қаради-да, кулиб юборди:
– Ўзинг топ кимнинг буйруғи эканини!
– Бугун ибодатхонага бординглар, менимча, буни поп ҳазратлари айтгандир.
– Э, йўқ, йўқ! – Таро қатъий бош ирғади, бобоси тиззасидан тушаётиб, иягини сал керди: – Айтайми, ким буюрганини?
– Албатта, айт-да.
– Асакуса ибодатхонасидаги Каннон-сама айтди! – Шундай деб болакай қаттиқ кулди-да, чаққонлик билан гўё бобосининг тутиб олишидан чўчигандай қочиб кетди. Бобосини боплаб лақиллатганига хурсанд болакай ошхонага югурди. Шу он Бакиннинг қалби тантанавор ва улуғвор бир ҳисдан яйраб кетди. Лабларида бахтиёр табассум жилваланди. Кўзлари ёшланди. Таро бу ҳазилни ўзи ўйлаб топдими ёки онаси ўргатдими – уни мутлақо қизиқтирмасди. Шу топда невараси оғзидан эшитгани чинакам мўъжиза эди. “Маъбуда Каннон ишлашга даъват этди. Ўзидан кетмасликни, янада тоқатли бўлишни буюрди”.
Кекса адиб кўзлари ёшланиб кулди ва бошини худди болакайдек ўйнатиб қолди.
XV

Ўша кун, кечқурун. Думалоқ қоғоз фонуснинг хира ёруғида Бакин қўлёзмани тузатишга киришди. У ишлаганда хонага ҳеч ким, ҳатто уйидагилар ҳам кирмасди. Кузнинг узун тунларида пиликнинг чирсиллаши ва чигирткаларнинг чириллаши унинг хонасига деразалари аро мусиқадек кирар эди.
Бакин қаламни қўлига олиши билан миясида милтиллаган учқун ёришганини ҳис қилди. Қалами ўн, йигирма сатр нақшлаши билан ёруғлик янада кучли, ёрқин аён бўла борди. Бунинг нималигини ўз тажрибасидан яхши билган Бакин қаламни ўта эҳтиёткорлик билан юргизди. Илҳом гулханга ўхшаш нарса, ахир: қаловини топиб ёқмасанг, ўчиб қолиши ҳеч гапмас…
– Шошилма. Сабр қилиб кут ва яхшилаб ўйлаб кўр, – шипшиди Бакин шахт билан олға интилаётган қаламни тўхтатишга ҳаракат қилиб. Лекин миясидаги фикрлар, юлдуз йилтиллашидай, шиддат-ла олға интиларди. Фикр- ўйлар лаҳза ўтган сари кучайиб, иродасига қарши ўлароқ, уни эргаштириб борарди.
У энди чигирткаларнинг чириллашини эшитмасди. Фонуснинг хира ёруғи ортиқ ғашига тегмасди. Қўлидаги қалам гўё мустақилдай алоҳида куч касб этиб, қоғоз юзида бетўхтов йўрғаларди. Энди у шиддат-ла ёзарди, калласидаги фикр оқими, осмондаги Сомон йўли ҳаракати янглиғ тобора шитоб билан борарди. Бу ҳайратангиз стихия қўрқитарди: унинг шиддатига куч-қуввати етмай қолишидан чўчирди. Қаламни қўлида қаттиқ қисган ҳолда буйруқ берарди ўзига: “Ёз, кучинг етганча ёз! Ҳозир ёзмасанг, кейин ҳеч қачон ёзолмайсан”.
Лекин оқим, ёруғ тутун янглиғ, шусиз ҳам тезлигини камайтирмасди. Бош айлантирадиган шиддат йўлида ҳамма нарсани ўчириб, янчиб, Бакинни сиқувга олди. Охир-оқибат адиб унга тўла бўйсунди. Оламдаги ҳамма нарсани унутиб, қаламни оқим ортидан елишга имкон берди. Ушбу лаҳзаларда унинг улуғвор қарашида нариги ёқдаги топиш ва йўқотишлар, муҳаббат ва нафратлар ўз ифодасини топмоқда эди. Унда ҳаяжондан заррача из қолмади. Танқидни ҳам, мақтовни ҳам унутди. Унда фақат бир нарса – ақл бовар қилмайдиган хурсандчилик, аниқроғи, юксаклик, кўтаринкилик барқарор эди. Бундай ҳолатни бошидан кечирмаган одам ақл-идрокнинг ижодий фидойилик билан боғлиқ ҳолатини тушунмайди. Санъаткор руҳининг улуғворлигини ҳис қилмайди. Айни шундай онларда ёзувчи нигоҳига ҳаёт очилади. Бу ҳаёт ҳар қандай чўкинди, иркитлардан тозаланган, энди ҳосил бўлган кристаллдай ярқироқ бўлади…
Бу орада ошхонада, қоғоз фонарь ёруғида бир-бирига қарама-қарши ўтириб қайнона О-Хяку ва келин О-Мити тикиш билан банд эдилар. Тарони ухлатишган, чоғи. Сал нарироқда бир амаллаб жойлашган нимжон Сохаку хапдори ўраш билан машғул эди.
– Ота ҳали ётмапти, – деди О-Хяку игнага ип ўтказаётиб.
– Ҳа, тағин ишга шўнғиб кетди, менимча – жавоб берди О-Мити тикишдан бошини кўтармай.
– Бефаросат! Бу иши оиламизга дуруст даромад келтирса кошки эди, акс ҳолда… – Шундай деб О-Хяку ўғли ва келинига каради. Сохаку ўзини эшитмаганга солди ва ҳеч нарса демади. О-Мити ҳам жим эди.
Бу ерда ҳам, Бакиннинг кабинетида ҳам чигирткаларнинг тўхтовсиз чириллаши эшитилиб турарди.

Рус тилидан Сайди Умиров таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2016 йил, 12-сон