Зуҳриддин Исомиддинов. Гул тергани кетган шоир

Турсунбой Адашбоев. Ҳаммага таниш ном бу.

Аммо Турсунбой… Адашбой… Адашган одамнинг исмими у? Турсунбой, Турғун деганларику, маълум – аввалги фарзандлари нобуд бўлавергач, ота-онаси “зора, шуниси туриб қолса”, дея тилак қилиб, шунақа от қўйган, бироқ энди билсам, у кишининг отаси ҳам ёлғиз ўғил бўлган экан, тиббиёт йўқ у замонларда болага кўз тикиб нобуд қиладиган инс-жинслар зора адашса, бунга тегмай, янглишиб нари ўтиб кетса, деган илинжда Адашбой деб исм қўйишган экан. Шундай қилиб, якканинг ёлғиз фарзанди эди бизнинг Турсунбой оғамиз.

Аммо ҳали мактаб ёшига етмасидан отаси терлама касалига чалиниб, оламдан ўтди. Бу нарсанинг нималигини тушунишга ҳам ожиз гўдак­ни “Отанг гул тергани кетди, келиб қолади”, деб овутишди яқинлари. Болаликнинг тотли кунлари Турсунбой учун ўшандаёқ тамом бўлган эди. Ғалати бир ҳол: она меҳрини кўрмай ўсган Лутфихон Саримсоқова кинода мушфиқ онаизор ролини она қўйнида ўсиб-улғайган бошқа аёллардан яхшироқ қилиб, қойиллатиб гавдалантиргани сингари, болаликка тўймаган, бир умр болаликка интилиб, болалик бахтига ташна бўлиб ўтган Турсунбой ака ҳам бола кўнглини ҳаммадан яхшироқ англайдиган, бу маъсум оламни ҳаммадан яхшироқ ифода этадиган ажойиб болалар шоири бўлиб танилди.

Ўйлаб қарасам, шоирни қарийб эллик йилдан бери билар эканман. У чоғларда Турсунбой ака энди ўттизга кирган, қайноқ, жўшқин бир йигит эди. Чопқиллаб юрар, умрининг охиригача уни тарк этмаган ҳазилвонлиги, серҳаракатлиги сабабли давраларнинг гули бўлар эди. Ўш вилояти ўзбек газетаси редакциясида корректор бўлиб ишлайдиган биз каби ўн етти-ўн саккиз яшар йигитча­лар, Московдан таътилга келиб қолган Шавкат Раҳмону таҳририятдаги бошқа ёш-яланглар билан далада (биласиз, у пайтда “ҳамма сабзавоткор”, “ҳамма пахтакор”, “ҳамма пичан ўрувчи” эди) барчамизни қизиқтириб, ялангоёқ кимўзарга чопишар, бизнинг бу асов шиддатимиздан сертупроқ дала йўлларнинг чанги осмонларга ўрлаб кетарди.

Аммо шоир фақат ўйнаб-кулиб, қувноқ ҳаёт кечириб ўтиб кетмади – бутун умри тинимсиз изланиш, ижодий меҳнат билан кечди, нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда Турсунбой Адашбоев бўлиб танилди. Мен бу гапни маҳоват қилиб айтаётганим йўқ, у кишининг Туркманистондаги шоир дўст-биродарларини таний­ман, Тожикис­тонлик талай қаламкашлар оға билан борди-келди қилишар, ижодий машқларини юбори­шар, шоир уларни она тилимизга ўгириб, ўзбекча ёзилган бўлса таҳрир қилиб, турли газета-журналларда чоп эттирар, бу ҳам кам кўриниб, давраларда “Авлиёхон Эшон деган бир зўр шоир бор, Тожикистондан, шуни бир ўқинглар”, дея тарғиб этишдан чарчамасди.

Турсунбой Адашбоевнинг бадиий ижодиёти уч турлик: болалар учун шеър ёзиш, шеърий ҳаж ҳамда бадиий таржима.

Булардан қайси бири биринчи ўринда туради, сизнинг­ча? – деб савол берсангиз, очиғи, каловланиб қоламан. Назаримда, учаласи ҳам етакчилик қиладигандай.

Ахир, ўзбек болалар шеъриятини Турсунбой Адашбоевсиз тасаввур қила оласизми?

Шеърий пародия ва эпиграмма деган жанрларни тамоман ўзиники қилиб «бий­лаб» олиб, бу йўналишда карвонбоши бўлганичи?

Қирғиз шеърияти ва насридан қилган таржималарининг ўзи ўттиздан ортиқ китоб бўлиб босилиб чиққан, (жумладан, «Манас» эпоси, Тўлаган Қосимбековнинг “Цинган қилич” романи кабилар бор), буёқда ҳали жаҳон болалар адибларининг ўнлаб энг сара асарларини қойиллатиб, Ғайбулла Саломов домланинг таъбири билан айтганда, “кифтини келтириб” ўгирган бўлса…

Мен у кишининг ижо­дига оид атиги учтагина йўналишни санаб ўтдим, аммо буларнинг ҳар бири битта киройи шоирнинг умрини безагудек.

Ҳолбуки… Турсунбой ака шогирдтарош ҳам эди! Ўнлаб, йигирмалаб, o‘ttizlab… шоирлар у кишини устоз деб билишар, олдида ҳам, ортида ҳам бирдай эъзозлашар эди. Кўплар билмайди: Турсунбой аканинг баъзи шогирдлари ёш жиҳатидан ўзидан каттароқ ҳам эди – оға уларни овлоқ-овлоқ туманлардаги газета таҳририятларидан, мактаблар, китоб дўконларидан топиб, пойтахтга “қулоғидан чўзиб” олиб келар, оқибат – дуппа-дуруст болалар шоирлари кашф этилар, аксар қўли юпқа, содда-дўлвор бу одамлар бир-икки юпқа-қалин китоблари нашр этилгач, тузуккина болалар шоири эканини барча эътироф қиларди.

Турсунбой аканинг суҳбатини олган, у ҳангома бераётган даврада бўлган ҳар бир одам кейинчалик уни яна қўмсаб қолар эди. Қолаверса, ҳозир эллик-олтмиш ёшнинг буёғидагиларнинг бари бола чоғида Турсунбой Адашбоев шеърларини ёдлаб катта бўлган. Шоирга ҳамроҳ бўлиб, Ўзбекистон ё Қирғизистоннинг қайси туманига борманг, “ие, ассалому алайкум, Турсунбой ака, бормисиз, устоз!”, дея қадрдонлари қучоқ очиб чиқиб келаверишар, шоирнинг ёнида улар билан сўраша бериб, чарчаб ҳам кетар эдингиз. Ва ҳавас қиласиз – Турсунбой Адашбоев, улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, дунёга келиб, одам эккан инсонлардан бўлган экан, дейсиз. Ҳар бир вилоят ва туманда унинг шогирд­лари, ўзбек болалар шоирлари – содда, самимий, олийжаноб инсонлар бор. Турсунбой ака уларнинг ҳар бирини, ота-онасини, моддий аҳволини, дард-ташвишини яхши билар, қўлидан келганча кўмаклашар, уларнинг китобини чоп эттириш учун елиб-югуриб юрар edi…

Ана шу самимийлик ва беғубор кулги кайфияти Турсунбой Адашбоевнинг она қишлоғи ҳақида ёзган “Ғаройиб қишлоқнинг ажойиб одамлари” хотира китобчасида ҳам барқ уриб турибди. Шоирнинг болалик хотиралари – оғир замонларда ҳам мардлигини, тантилигини сақлаб қола олган, руҳини туширмай, келажак кунлардан умид қилиб, ҳазил-ҳузулларга ҳам вақт топиб, қишнинг аёзли тунларида қора чироқнинг хира шуъласи остида кўсак чувиб ўтирган odamlar… Уларга «Гўрўғли» достонини ўқиб бераётган ўсмир Турсунбой Adashboyev… Қўшни қишлоққа совчиликка, сўнг эса келин туширишга борган бари чўтир хотинларнинг kulgilari… НКВД ходимларидан яшириш учун қадимда битилган китобларини очиқ гўрга кўмиб, талай вақт ўтгач нам тортиб кетган саҳифаларни битталаб очаётган Турсунбой Адашбоевнинг bobosi…

Турсунбой ака… шу кунларда саксон ёшга кириб ўтирган бўлар эди.

Атиги бир ярим йил етмай қолди бу санага.

Етмиш саккиз ёшида Турсунбой ака ҳам гул тергани кетган отаси ортидан йўлга тушди. Шоир боболарини йўқотиб қўйиб сўроқлаётган, ўксиб қолган нораста ўзбек болалар шеъриятини, у кишининг ўнлаб шогирдларини юпатиб, “Турсунбой акамиз гул тергани кетган”, деб таскин беришдан бошқа нима чорамиз бор?

Илоҳи, гул тераётгани рост бўлсин!

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 1-сон