Ғайбуллоҳ ас-Салом, Зуҳриддин Исомиддинов. Қайта яратиш ва аксилтаржимачилик (1989)

Ғ. Саломов. — Итальянларда мақол бор: традутторе — традиторе. Бу «таржимои — хоин» дегани.

З. Исомиддинов. — Бошқа бир қоида ҳам маълум: мутаржим — муаллифнииг дўсти. Хоин эмас — дўст! Гапни икки қарама-қарши қутбдан бошладик. Таржимачилик ишининг равнақига халал етказадигаи тўғаноқ нимада деб биласиз?

Ғ. С. — Тўғаноқ?.. Бошқа зиёлиларни қўя турайлик, ҳатто сўзшунос олимларимиз, баъзида ёзувчиларимизнинг ўзлари ҳам таржимани икки тилни билиш билан боғлиқ анчайин юмуш деб билишади. Менинг дилимни бир нарса тирнаб ётади: биз Алишер Навоийни Иттифоққа, дунёга танита олганимиз йўқ.

З. И. — Чиндан ҳам, таржима мактабимиз бу улуғ зот олдида бениҳоя қарздор. Данте, Сервантес, Руставели, Шекспир, Байрон, Пушкин, Толстой, Тагор асарлари жаҳон халқлари тилларига анча тўкис таржима қилинганига ҳавасим келади.

Ғ. С. — Мана бу рақамларга эътибор қилинг-а: 1918—1986 йиллар бадалида мамлакатимизда классиклар асарларининг чоп этилиши рўйхатида Навоий… 42-ўринда туради. Шоиримизнинг асарлари 155 марта 3 миллион 943 минг нусхада нашр этилгаи. Бу тарафдан Навоий И. Бунин, О. Туманян, Шолом Алейхем, Панас Мирний, Аидрей Упит, Абдулла Тўқай ва бошқа адиблардан кейинги ўринда туради.

З. И. — Таржима даргоҳида ҳавас қилса арзигулик ишларимиз ҳам бор, албатта. Қодир Мирмуҳамедов, Ваҳоб Рўзиматов, Иброҳим Ғафуров, Озод Шарафиддинов, Низом Комилов, Ҳибзиддин Муҳаммадхонов, Кибриё Қаҳҳорова, Ҳасан Тўрабеков, Холида Аҳророва, Асил Рашидов, Миад Ҳакимов ва бошқа таржимонларнинг ҳар бири қанчадан-қанча асарларни руҳий дунёмизга олиб кирдилар.

Ғ. С. — Айни вақтда дилни ғашлайдиган ишлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Аллақачонлар таржима қилиниши керак бўлган жаҳон адабиёти обидалари назардан четда қолиб, баъзан қаёқлардаги ўртамиёна ёки қаланғи-қасанғи «асар»лар ҳам потирлаб босилиб ётибди. Шундай эмасми?

З. И. — Эсиз қоғоз, эсиз рағбат, эсиз маблағ…

Ғ. С. — Марказий нашриётлардаги айрим «нонимизни туя қилиб бериш»ларга ҳам лол қоласан киши. Буёқда ўзбек адабиётининг ўнлаб сара асарлари таржимага навбат кутиб, сарғайиб ётибди-ю, уёқларда айрим қўлбола «классиклар»нинг қалин китоблари, таржима баҳона, «қайта ишланиб», «авторлаштирилиб», ўн мимг ва юз минглаб нусхаларда «варрак» қилинмоқда. Бу адабиётимизни обрўсизлантиради-ку. Наҳотки, таржиманинг вазифаси шу бўлса?

З. И. — Қизиқ: оригинал даражасига кўтарилолмай, фақат таржимада туғилиб, таржимада барҳам топиб кетадиган асарлар пайдо бўлди… Бу янги «жанр», шекилли, гоҳида тонг қоласан киши: Озод Шарафиддиновга ўхшаш битта-яримта бутун мунаққид бу сингари «таржимавий найранглар»ни айтса, ҳалиги «классиклар» инсофга келиш, иллатни бартараф этиш ўрнига танқидчининг ўзини… бартараф этишга тушадилар. Мунаққидни, унинг таржимаи ҳолини «ўргана» бошлашади!..

Ғ. С. — «Шаҳар бедарвоза эмас», дейдилар. Таржима ҳам бундан мустасно бўлмаслиги керак. Афсуски, ким нимани хоҳласа ўшани таржима қилаверади…

З. И. — … ёки, аксинча — керакли ишларга кўзга миллион марта катталаштириб кўрсатадиган булул шиша остидан ҳадиксираб қаралади.

Олтмишинчи йилларнинг охирларида «Гулистон» журналининг бир неча сонида Расул Ҳамзатовнинг «Менинг Доғистоним» асари таржимаси (таржимон Э. Воҳидов) босила бошлади. Нима бўлди-ю, таржиманинг давомини чоп этиш тўсатдан тўхтатилди. Китоб бўлиб ҳам чиқмади. Ҳамон «Менинг Доғистоиим»дан дарак йўқ.

Ғ. С. — Шундай қисмат қирғиз адиби Тўлаган Қосимбековнинг «Синган қилич» романи таржимаси бошига (таржимон Т. Адашбоев) ҳам тушди. «Эркин таржима» ниқоби остида чор аскарларининг хунрезлиги тасвири, қирғиз миллий турмуш тарзининг ёрқин лавҳалари каби, романнинг «қалтис», «нозик» жойлари қириб-қиртишланди ёки олиб ташланди. Оқибатда Иттифоқ миқёсида эътироф этилган асар рўй-рост бузилди.

З. И. — Таржимонларнинг бошини қовуштирадиган бирдан-бир марказ — Ўзбекистон Ёзувчилар союзидаги адабий алоқалар ва бадиий таржима кенгаши бу ташвишлардан бутунлай холими, дейман?

Ғ. С. — Кенгаш-ку ўз йўриғи ва маромида анча-мунча ишларми қилаётгандек. Аммо унинг «рисоласи» йўқ. Ўз расамади билан мустақил қарор қабул қилолмайди. Таржима жараёнига, унинг ички ишларига аралаша олмайди, таржима оқимига бирон сезиларли таъсир ўтказолмайди ҳисоб.

З. И. — Бу маслаҳат овозига эга бўлган шунчаки бир «ҳасратхона» шекилли?

Ғ. С. — Бошқа нима ҳам бўлсин! Ҳалимхона — нашриётларда, зикрхона — Ёзувчилар союзида. Кенгаш, ўз номи ўзи билан, фақат кенгашади. Республиканинг пароканда таржимачилик хўжалигида эса том маънодаги хўжасизлик ҳукм суради. Бунинг устига қарангки, Ўзбекистонда… ўзбек тилида китоб тақчил.

З. И. —Нима гап ўзи? Балки бизда китобхонлар сони ҳаддан ташқари камайиб кетгандир? Ё харидоргир китоблар йўқмикан? Эҳтимол, одамлар китобдан безгандир?

Ғ. С. — Масалага чуқурроқ қараб кўрайлик: ўзбек тилида расмий-идоравий иш юритилмаса, миллий театримиз касодга учраб турган бўлса, фильмларимиз ўзбек тилида кинога олинмаса ва ўзбекнинг руҳий оламини теран акс эттирмаса, тил билгич режиссёрлар анқонинг уруғи бўлса, сценарий ўзбек тилида қабул қилинмаса, ҳатто кўпчилик маданият, адабиёт, театр ва санъат билан боғлиқ олий мактабларда ўзбек тили ўқитилмаса… Борингки, — буниси эиди умуман ақл бовар қилмайдиган иш! — Ўзбек тили ёки ўзбек адабиёти ҳақида ўзбек тилида диссертация ёзиб бўлмаса… Кўнглингиз тағин нимани тусайди?

З. И. — Яна бир антиқа гап: олий мактабларда хорижий тиллар она тили негизида ўқитилмайди. Методика, дарсликлар, барча илму амал шундай.

Ғ. С. — Демоқчисизки, ўзбек студентлари, олайлик, немис ёки инглиз тилини рус тили билан чоғиштириб ўрганадилар. Шундайми? Қўйингки, бу ерда ўзбек тилидан бошқа ҳамма тил бор.

З. И. — Шунинг учундирки, хорижий Ғарб адабиёти таржимачилигида, шунингдек, қардош халқлар адабиётларидан ўгирганда, айрим дадил уринишларни демаса, ҳамон русча таржималардан аслият ўрнида фойдаланилмоқда.

Ғ. С. — Аммо бир нарсани хотирдаиН фаромуш этиш ярамайди, иним. Миллатлараро алоқа қуроли сифатида рус тилининг воситачилик хизматига шак келтириб бўлмайди. Бу улкан «транспорт тил». Айни вақтда масаланинг сиз айтган профессионал жиҳати ҳам бор. Таржима «шўрвасининг шўрваси» бўлиб қолмаслиги керак. Бу бошқа миллий адабиётларга ҳурматсизликдан ташқари, ҳеч кимнинг хаёлига келмайдики, ахир, фараз этайлик, украин тилида ёзилган китобни ўзбек тилига русча таржимадан таржима қилиш, қарийб, ўзбек тилида ёзилган асарни русчага, масалан, бошқирд тилидан таржима этишдек бир гап.

З. И. — Бундай «тажриба» туркийзабон адабиётлар таржимачилигида ҳам қўлланилаётибдики, бунга энди сира чидаб бўлмайди. Қирғиз ёзувчиси Муса Жонғозиевнинг «Мовий Иссиқкўлда» қиссаси шундай оралиқ таржимадаи ўзбекчалаштирилгани туфайли, тилимизга мазкур мовий денгизнинг зилол суви лойқаланиб, бўтана бўлиб ўтган: унда ўзбек ҳам, қирғиз ҳам, рус ёки бошқа биров ҳам қўлламайдиган ясама жумлалар қалашиб ётибди…

Ғ. С. — Ундай десангиз, таажжуб, аслиятдан таржима қилишнинг ҳам ўз муаммолари бор.

З. И. — Жамол Камол Шекспирни инглиз тилидан таржима қилди. Ҳайнрих Ҳейненинг «Олмония» достонини — Абдулла Шер, Гётенинг «Мағрибу Машриқ девони»ни Садриддин Салимов немисчадан ўзбекчалаштирдилар. Байроннинг «Дон Жуан» асари бир йўла инглизчадан (Абдулла Шер) ва русчадан (Сулаймон Раҳмон) таржима қилинди…

Ғ. С. — Хўш… натижа нима бўлди? Ғарб адабиётини ғарб тилларидан таржима қилиш, аавалига осмондаги ойни узиб олишдек бир гап бўлиб кўринган эди. Лоп этиб, бу иш амалга оша бошланганида-чи? «Наҳотки!» деб ҳайратланиш ўрнига, «наҳотки?» деб иккиланиб қолишди. Аталадан суяк чиққандек. Балки, хорижий тилдан эмас, ўзимизнинг русчадан росмана таржимадир, деб шубҳаланганлар ҳам топилди. Ишонгииг келмайди: реал воқеликдан кўра, ўша воқелик ҳақида нореал бўлиб кўринган орзу ширин экан-да.

Таржима икки булоқдек: миллийлик ва байналмилаллик сарчашмаларидан сув ичади ва ҳар икки манбага баравар хизмат қилади.

З. И. — Ҳар қалай, бизда масаланинг назарий қатлами, таржимонлар тайёрлаш иши йўлга қўйилган-ку. Тошкент таржима мактабини эндиликда бутун мамлакат танийди. Таржима кафедраси, фан докторлари, профессорлар, фан кандидатлари ва доцентларимиз бор.

Ғ. С. — Тўғри, Тошкент университетида йигирма йилдан буён таржима назарияси кафедраси иш олиб боради. Лекин зарурлиги ойдай равшан бўлган янги таржимачилик ихтисоси яқин йилларгача баайни «қонундан ташқари» амал қилиб келди.

З. И. — Нега ундай бўлади?

Ғ. С. — Бутун мамлакат университетларида аҳвол шундай эди. Чунки таржимачилик ихтисослиги университетларнинг филология факультетлари ўқув режаларида акс этмаганди. Баъзи амакилар бундан ўбдон фойдаланишди. Аллақайси министрликнинг аллақандай «қизил дафтар»идаги ихтисосликлар «номенилатураси»да рўйхатга олинмаган экан!

З. И. — Ие, ғалат: эгар отга тўғри келмаса, нима алмаштирилади — эгарми ёки… отми?

Ғ. С. — Дўппи бошга тор келса-чи? Дўппи алмаштирилади-да, калла эмас-ку! Демак, ўша номенклатурага мавлоно Таржимоннинг номини киритиш керак. Вассалом.

З. И. — Хуллас, таржима ва таржимон ҳаётда қанчалик ўгай бўлса, олий мактабда аҳвол бундан ҳам баттар экан-да.

Ғ. С. — Аммо эндиликда аҳвол ўзгарди. Йигирма йиллик «оҳ»имизни юқорида «кимдир» эшитди шекилли. Таржимашунослик мамлакат университетларининг ўқув режаларида, ниҳоят, акс эттирилди. Мана энди «ишонч ёрлиғи»га, тўла қонуний асосга эга бўлиб турибмиз. Юзимиз ёруғ бўлди.

З. И. — Қайта қуришлар даврининг шарофати бўлса керак?

Ғ. С. — !.. Аммо ҳали-вери эскича кайфиятлар баравж. «Ювиш билан бўлмаса, ишқалаш билан кетказамиз», деган гап бор русларда.

Ўзбек филологияси факультетида миллий маданиятлар ҳамкорлиги, адабий алоқалар, қайта яратиш санъати ҳақида жўшиб гапирувчилар, ақл ўргатувчилар жуда кўп. Аммо — амалдаги ўқув режаларига зид ўлароқ! — факультетда таржима назарияси ва амалиётидан бирон соат ҳам дарс йўқ. Рус филологияси факультетида ҳам «дўстлик», «қардошлик», «интернационализм» — тилларда достон. (Аслида, бу ерда жонли таржима учун ниҳоятда қулай замин мавжуд: икки-уч тилли махсус миллий бўлим ташкил этилган!) Бироқ… факультет раҳбарларининг таржимавий ихтисосликни кўрарга кўзи йўқ. Мана сизга — Горбачев кескин таиқид қилган «ҳамма нарсани дазмол билан силлиқлаш» сиёсатининг оқаваси.

З. И. — Сиздан сўрамоқчийдим: нега бир университетда, бир йўналишда бир эмас, иккита (рус ва ўзбек) филология факультети бор? Шарқ филологияси, роман-герман филологияси, журналистикани ҳам қўшилса, — нақ бешта сўзшунослик факультети! Шунча «гап-сўз» бир университетга кўплик қилмасмикан? «Гап билан ош пишмайди», дейишади-ку. «Даставвал Сўз бўлган» деган ақидага кўра иш қилишгаими, дейман?

Айтайлик, табиий фанлар ҳам шундай тартибга кўра бўлиб чиқилса-я? Чунончи: «Рус математикаси факультети», «Немис физикаси факультети», «Япон компьютерлаштириш факультети», «Ўзбек пахтачилиги факультети» ва ҳоказо… Ё мен бироз кўпиртириб юбордиммикан?

Ғ. С. — Бусиз ҳам ҳаммаёқ ўзи кўпириб ётибди. Аслида-ку, ёмон бўлмасди, агар университет сўзшунослиги бўлимларининг тузилиши, чиндан ҳам, ўша Инжилдаги «даставвал Сўз бўлган» ақидасини, Каломни чуқур тадқиқ ва таҳлил қилишни таъминласайди! Бунинг ўриига, назаримда, ўша азалий ва муқаддас сўзлар ҳам сийқалашиб кетаётгандай…

З. И. — Бундай олганда, дорилфунундаги барча майда-чуйда «филологияча»ларни бирлаштириб, битта йирик, бақувват факультет тузиб қўя қолинса бўлмасмикан?

Ғ. С. — Айтишга осон! Бир нарса шубҳасиз: филологик тамғанинг обрўси ва салмоғини жиддий бир тарзда кўтармаса бўлмас. Бироқ ўшанда ҳам сиз айтган тахлитда эмас. Эҳтимол, табиий фанларда бўлаётганидек, университет қошида бир неча бўлимдан иборат, агар зарурат бўлса, — бундай зарурат эса бор деб ўйлайман, — бир қанча янги соҳаларни очиб (матншунослик, нотиқлик, таржима, таҳрир ва истилоҳшунослик, хаттотлик ва миниатюра санъати, туркийшунослик, қомус ва луғатшунослик, ахлоқ ва одоб), марказлашган, йирик, замонавий ускуналар билан жиҳозланган Филология институти тузилгани маъқул кўринади.

З. И. — Қайта қуришлар самарасидирки, мамлакат ва республиканинг халқаро алоқалари кенгайиб, иқтисодий ва сиёсий салмоғи ошиб бормоқда. Бу ёш мутахассис кадрларга талаб яна ортаверади, деган гап. Аммо шундай бир шароитда…

Ғ. С. — … биз тайёрлаётган гуманитарчиларминг «ҳаракат қилиш доираси» ҳамон торлигича қолмоқда. Мутахассисларимиз — ҳатто шарқшунослар, роман-германчилар, иқтисодчилар ҳам — филологлар билан журналистларни айтмаёқ қўяйлик! —Тўйтепадан нарига ўтишмаётибди. Ўрта Осиё дорилфунунининг олдинги нуфузи қаёқда қолди?

З. И. — Нега ундай дейсиз? Олайлик, биргииа журналистика факультетида Осиё, Африка ва Лотин Америкаси мамлакатларидаи келган юзлаб студентлар ўқишади-ку?

Ғ. С. — Ҳа, ўқишади. Мен ўзимиз ва ўзимизиикилар ҳақида гапираётибман. Хўш, ўша Осиё, Африка ва Лотии Америкаси мамлакатларида неча нафар ўзбек журналисти хизмат қилаётибди? Қани номма-ном айтинг-чи? Факультетда ўқиш-ўқитиш ишининг савияси пастлиги, домлаларнинг кўпчилиги ночор, улар ўртасидаги муносабатлар қанчалик таранг эканлигини биласиз-ку.

З. И. — Ҳануз аҳвол ўша-ўшами?

Ғ. С. — «Ўша-ўша» эмас, албатта. Университетда манзара тубдан ўзгармоқда. Яиги одамлар келди. Ишга иштаҳа туғила бошлади. Иллатлардан фориғ бўлишнинг дардли, зиддиятли жараёни дааом этаяпти. Олий мактаб «ўнгдан» ва «сўлдан» танқид қилинмоқда. Майли, бу бошқа масала. Асосий гапга келайлик.

З. И. — «Қиздириб босиш»нинг яна бир қўпол намунаси — Республика рус тили ва адабиёти педагогика институтида содир бўлди. Бу ерда беш йилдан буён таржима бўлими гуппа-тузук ишлаб турувди. Ректор хоним Г. Н. Шчеглова, кимларгадир ёки нималаргадир ўчакишиб, зарда билан бўлимни ёпди-қўйди. Қўпол ўзбошимчалик билан. Ҳамма қарс уриб қолаверди. Яна ўша стандарт баҳона — «номенклатура»!

Ғ. С. — Ўзбек адабиётининг рус тилига ва бошқа хорижий тилларга таржималарида, шахсий ташаббусга асосланган бир қанча дуруст ишларни айтмасангиз, сифат ниҳоятда паст, силжиш суст. Ҳамон ўша — «эски ҳаммом, эски тос»: бу ерда алмисоқдан қолган, бир замонлар Пушкиннинг қарғишига учраган ўта хароботий усул — таглама (сатрма-сатр таржима) орқали тусмоллаб ўгириш давом этади…

Тасаввур қилинг-а: ўзбекчадан русчага таржимачиликда таглама қўлланилиши — XXI аср бўсағасида ҳам адабиётимизнинг бепоён дўстлик заминини омоч-бўйинтуриқ билан қўш қўшиб ҳайдашга уринишдек гап! Бу соҳада биз камида ярим аср ортда қолиб кетганмиз. Ҳозирги аҳволимизда бу жабҳада ўнгланиш уёқда турсин, ҳаёт аломати ҳам кўринмайди!

З. И. — Олий филологик таълим республикада болалаб кетган, «таржима» деса, ҳамма ўзини гўлликка солади…

Ғ. С. — …«Мен на дейман-у, қўбузим на дейди!» қабилида.

З. И. — Умуман, назаримда, олий мактаб гуманитарияси ҳаётдан узилиб қолган, йиллар давомида ҳаёт билан ҳисоблашмай қўйган…

Ғ. С. — … ҳаёт ҳам у билан ҳисоблашмай қўймоқда. Афсус ва надоматлар бўлсинки, эски ўқув режалари ёш авлодни кўп жиҳатлардан маслаксиз ва саводсиз қилишга мўлжалланган эди. Эндиликда бу сир эмас. Ахир, не кўргиликки: тарихчи — ўз Ватани тарихини, тилшунос — ўз она тилини, иқтисодчи — ўз реслубликасининг ҳақиқий даромад-буромадини, файласуф — ўз халқининг бутун тарихий такомил жараёнидаги эмранишини дуруст билмаса! Таржимонга келганда…

З. И. — …мана бу рақамлар устида ўйлаб кўрайлик: ҳозирга қадар Ойбек асарлари 159 марта 4 миллион 776 минг мусхада чоп этилган, бошқа совет адиблари қаторида 92-ўринда туради. Ғафур Ғулом асарлари 167 топқир 3 миллион 616 минг нусхада нашр этилиб, 101-ўринни ишғол қилади.

Таржимои кимнинг ҳифзи ҳимоясида ўзи? Унинг меҳнати оғир меқнат. Олий мактаб таржимон тарбиялашда тихирлик қилса, ижодий уюшмаларда у ўзини омонат сезса, авторлик ҳуқуқида ҳам «мандати» чекланган. Оладиган қалам ҳақи ҳамма вақт ҳам унинг сарф-харажатларини қоплайди, деб бўлмайди.

Ғ. С. — бизда ҳам Кавказ, Болтиқбўйи республикаларидаги сингари, амалий тадбирлар кўрилмаса, гап гаплигича қолаверади. Министрлар Советимиз ҳузурида Таржима комитети тузилса ёмон бўлмасди. Бу тадбир бутун мамлакатда маъқулланганини биласиз.

З. И. — Қайдам. Масалан, Грузия Таржима ҳайъатида юз йигирма киши хизмат қиларкан. Ҳозир бизда жами шунча таржимон борми ўзи?

Ғ. С. — Бор. Айниқса ҳозир, миллий тилларнинг мавқеи ошаётган бир вақтда таржимага эҳтиёж ортгандан ортиб боради. Кадрларга эқтиёж туғилиши уларни тайёрлаш заруратини ҳам келтириб чиқаради. Бу ҳаёт тақозоси. Беш-олти йилдан кейин, қарабсизки, малакали ёш таржимоилар саф тортиб турибди.

З. И. — Шундай-ку, лекин уёқларда ўттиз-қирқ тилдан таржима қилинаркан, шунча тил билгич адиб ва мутаржимларии қаёқдан оламиз?

Ғ. С. — Таржима комитети футбол командаси эмаски, «ёлланма» ўйинчилар бошқа командалардан чорлаб келтирилса — ҳар хил устама «сайл харжлари» эвазига. Уларни ўзимиз тайёрлашимиз керак. Яхши ният билан ташланган қадамнинг шахти ва хосияти ҳам ўзгача бўлади, биродар. Мен аминманки, агар шундай бир «Дорул таржима» тузилса борми, — унинг таъсис этилиши эса жуда-жуда зарур! — истаган турдаги зуллисонайн таржимонлар ҳам топилаверади.

З. И. — Ҳозир бутун мамлакат бўйлаб маблағлар тежалаётган, штатлар қисқартирилаётган бир паллада биз давлатдан янгидан юзлаб ўринлар, жой, ақча, қоғоз талаб қилсак, буёғи қандай бўларкан?

Ғ. С. — Ҳар бир табаррук қадамни, айниқса ҳозир, «босайми, босмайми?» деб ўтирсак, жойимиздан қачон жиламиз?

Маблағлар тежалиши керак бўлган жойда тежалади. Штатлар қисқариши керак бўлган жойда қисқаради. Ғам чекманг. Аввало, ҳаммасининг ўрни бор. Мавжуд маблағлар, қоғоз лимити, штатлар турли нашриёт, агентлик, институт, редакция ва бошқа муассасалардан олиниб, бир жойга йиғилади, марказлаштирилади. Ўша қисқартирилаётган штатлардан ҳам марҳамат қилинар. Жой масаласи ҳозир қийин эмас. Муҳими: янги комитет истеъмолчи, боқимонда эмас, балки ўз-ўзини молиявий таъминлайдигаи, тўла хўжалик ҳисоби асосида ишлайдиган, улкан маънавий сармоясидан ташқари, давлатга оламжаҳон моддий фойда ҳам етказадиган маҳкама бўлади. Бу — нашриёт, хўжалик корхонаси, ижодий ва илмий муассаса хусусиятларини ўзида мужассамлаштиргаи янгича комитет бўлиб туғилади.

З. И. — Эмишки, грузинлар тажрибаси қанчалик жозибадор бўлмасин, ўзлари четдан гуржи тилига кам ўгиришаркаи. Уларнинг бош мақсади ўз китоблариии бошқаларга етказиш, шунга қулайлик яратишдаи иборат.

Ғ. С. — Айни муддао! Бизда ҳам, жилла бўлмаганда, Иттифоқ умумий нашр рўйхатида Навоийдек бир мутафаккир шоиримиз 42-ўриндан бир неча поғона юқори кўтарилар. Республика ўз ижтимоий-сиёсий аҳволига кўра мамлакатда тўртинчи ўриида ҳисобланса-да, Ойбегимиз 92-, Ғафур Ғуломимиз 101-ўринда турса!..

З. И. — Тўғри-ю, бироқ бизда таржима «импорти» билан таржима «экспорти» нисбатида барибир мутаносиблик бузилмаслиги керак.

Ғ. С. — Ҳозир ўзи бузилгандан бузилиб турибди-ю, баттар бўлмас? Хуллас, таржимачилик ўлкасида ташвиш кўп. Шу кунларда адабиётимизда якрангликдан қочиш, бир хил қолипдаги нарсалардан безиш аён кўриниб қолди. Таржимада ҳам шундай бўлиши керак. Ҳар қандай чиғириқдан омон ўтаверадиган, кишида ботиний қониқиш, фикр ёки эътироз уйғотмайдигаи «болта» асарларни таржима қилиш дидни ҳам, дилни ҳам, зеҳнни ҳам ўстирмайди. Ранг-баранглик керак. Мен таржимада мавзулар, услублар, оҳанглар, маънолар ранг-баранглиги тарафдориман.

З. И. — Ранг-баранглик-ку яхши, шу билан бирга…

Ғ. С. — Хўш?

З. И. — Ўзингиздан қолар гап йўқ. Бир гуруҳ баркамол таржимонларимиз қайта яратиш санъатига жон киргизиб тургани билан, умумий савия шу қадар хилма-хилки, тўғриси, бундан кўнгил беҳузур бўлади. Моҳир таржимонларимизнинг мумтоз асарлари билан бир қаторда чунон хом-хатала, чалажон, баъзан интиҳойи бўш ишлар борки… Ҳатто ўз ватанида бирон арзигулик эътибор қозонмаган ўртамиёна китоблар ҳам, ҳозир ўзингиз айтганингиздек, йилма-йил босилиб турибди. Мен шу хилдаги ранг-барангликка мутлақо йўқман.

Ғ. С. — Агар таржимонда «тишингиз» бўлса, уни койиманг, сазойи ёки бадарға қилманг, унга — бирон зерикарли китобни таржима қилдиринг. Аксига олиб, улар бундай жазога тез-тез мустаҳиқ бўлиб турадилар.

З. И. — Нимани ўгириш-ўгирмаслик таржимоннинг ҳуқуқи. Ўлик асарни таржима қилмасин. Ким уни мажбур қилади?

Ғ. С. — Юқоридан «тортиқ» қилинса-чи? Рад этолмаса-чи?

Мен кейинги вақтларда бир қанча русийзабон ўзбек ёзувчиларининг асарларини ва уларнинг тилимизга таржималарини ўқидим. Аҳвол жиддий. Аввало, «ўзбек адиби» ҳисобланмиш ёзувчи ёки шоирнинг ёзганларини ўзбекчага ўгиришнинг ўзи қизиқ туюлади кишига. На илож. Бу ҳам икки тиллиликнинг неъмати экан-да…

Ўз адибимизнинг асарини ўгирганда, росмама таржимадан фарқ қиладиган жуда қизиқ ҳодиса юз беради. Рус тилида ижод қилувчи киши гарчи «маҳаллий» материалга асосланса-да, рус ўқувчисига, европалик китобхоннинг табъ-дидига «мўлжаллаб» ёзади. Шундай экан, ўша китобни ўзбекчага ўгирганда, унда тасвирланган воқеаларга кимнинг кўзи билан қараш керак: руснинг назари биланми ёки ўзбекнинг назари билан?

З. И. — Темур Пўлат асарларининг таржималарини ўқиб бораман. Бу ёзувчига ҳурматим баланд. Лоақал шунинг учунки, у ўзбеклардан мамлакат ва жаҳон миқёсига кўтарилган адиб. Бу кичкина гап эмас. Аммо бир китобхон сифатида, менга унинг прозаси ёқмайди.

Ғ. С. — Сабаб? Нимаси ёқмайди?

З. И. — Унинг роман, қисса ва ҳикояларида миллий тил деб тасвирланаётган образ ва персонажларнинг отидан бўлак бирон нарсаси ўзбекча эмасдек: феъл-хўйи дейсизмм, ўй-фикрлари, қилиғи, гап-сўзи, равиш-рафтори, хуллас, бутун турмуш тарзи билан улар ўзбекни кам эслатади. Ғира-шира. Улар биздан қандайдир бегона, узоқ… Бизнинг кишиларимиз ҳақида қандайдир бошқача тасаввур беради-да. Худди европача маданий анъаналар асосида тарбия кўрган ажнабий киши юртимизга келиб, бир қанча муддат истиқомат қилиб, қисса ёзганга ўхшайди. Бу асарлар «экспорт» учун ёзилгандек.

Ғ. С. — Ундай десангиз, фақат Темур Пўлат эмас, ажнабий табъ-диднинг «ҳавосини олган» бир қанча бошқа йирик носирларимиз ҳам ўзбек миллий ҳаётидани даставвал хорижий қизиқтирадиган «ажойибот»ларни қабартириб тасвирлашга мойил бўлиб қолишган.

З. И. — «Душан қайсарнинг кўрган-кечирганлари» романини ўзбекчага ўгираркан, Қодир Мирмуҳамедовдек таржимонимиз ҳам танг аҳволда қолганга ўхшайди. Аавало, у китобнинг сийнасига «эркин таржима» тамғасини босган-да, ўзбеклар ҳақида ёзилган асарнинг ўз одамларимиз турмушига ёт, бизга асло сингишмайдиган ўринларини иложи борича аслига — китобга эмас, балки ҳаётга — мослаштиришга, ўзбек ўқувчиларига бадҳазм жойларини бироз «пардалашга», «силлиқлашга» уринган.

Ғ. С. — Хуллас, «ё пиёлами чойнакка, ё чойнакни пиёлага уриш» керак экан-да: ё ўзбек китобхонларини Темурнинг асарларини ўқиб баҳра оладиган даражага кўтариш керак ёки Темур ўз асарларини ўзбек китобхонларига ҳам манзур қила оладиган даражага кўтарсин! Бусиз ҳар қандай чапдаст таржимоннинг ҳам, минг чиранмасин, меҳнати зое кетади. Таржимоннинг эркинлиги қаёққа борарди! Китобий чексиз «эркин таржима» қилиб бўлмайди-ку!.. Аслида, асарга 6у қадар қайта «сайқал» беришга унинг ҳадди ҳам сиғмайди.

З. И. — Балки, мен Темур Пўлатов ижодини чуқур тушунмаётгандирман. Адибнинг эстетикаси, европача тафаккур тарзи менинг онг-шууримдан, идрокимдан баланддир? Ундай десам, ёзувчининг ижоди ҳақида айтганларим фақат менинг шахсий фикрим, ўз мулоҳазаларимгина эмас. Ўзга юртларда, рус, олмон, фаранг, можор, чех ва бошқа халқлар ўлкасида шуҳрат топиш яхши, албатта. Гўзал тахайюл, пинҳоний дардни гўзал услубга солиб, ғаройиб тасвирлар чизиш «осиёвий», «патриархал Шарқ» манзараларига ўч Европа китобхонларини ўзига жалб этади. Аммо ёзувчи аввало — ўз халқини, халқ эса — ўз ёзувчисини тушуниши, севиши, ардоқлаши лозим, деб ўйлайман.

Дарвоқе, яна бир гап: ўз романини бу зайлда қўшиб-қисқартирилгани-ю, бунчалик «ўзбекчалаштирилгани»га нега муаллиф бефарқ? У тил билади-ку? Нега адабий танқид — хомуш ва лоқайд?

Ғ. С. — Темур Пўлатдек адибнинг ижодига бақо бериш учуи уни ҳар тарафлама, чуқур ва жиддий ўрганиш керак. Бу мавзуга яна, бафуржа қайтармиз.

Аслини олганда, фақат «Душан қайсар…»дагина эмас, ҳар қандай мукаммал таржимада ҳам муайян «хиёнат» излари бўлади. Бўлмай иложи йўқ. Қайта яратиш санъатининг «феъли» ўзи шундай. Бу ё услубда, ё оҳаигда, ё маънода, ё миллийлик, фикр, жумла, сўз, оҳанг, ҳеч бўлмаганда, бирон имо-ишорани ифодалашда ногаҳон билиниб қолади. Ёмон таржимани-ку асти қўяверинг. «Башаранг қийшиқ бўлса, ойнадаи ўпкалама» дейдилар. Бироқ начора. Аслиятнинг ўзида ҳам нуқсонлар бўлса-чи? Муаллифга чексиз садоқатли мутаржим шўрлик ўша нуқсонни ҳам… ўлиб-тирилиб, муқобил нуқсон билан ўгиришга интилади: қийшиқ ойнага қийшайиб қарайди. Эвоҳ, у билмайдики, китобхон бу сирдан огоҳ эмас. У буни ҳам, муаллиф қолиб, мутаржимга нисбат беради. «Таржимон — хоин» деб ўйлайди…

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 21 апрель