Теранлик ўрнига – шаклбозлик, маҳорат даъвоси, чиройли ёзиш, оригиналликка интилиш. Булар ҳам керак, лекин катта дард, оғриқ бўлмаса, ҳаммаси бир пул!
* * *
…ёзувчи одам ҳар куни ёзиши керакдиру, аммо ҳар куни китобхоннинг олдига чиқавермаслиги керак. Негаки, арзигулик фикр ҳар куни, ҳар ой, ҳар йил ҳам туғилавермайди. Унинг туғилишини, етилишини, пишишини кутиш, сабр-тоқат билан кутиш лозим. Ёзиш санъат бўлгани каби, сукут сақлаш, жим туриш ҳам бир санъатдир.
* * *
… чинакам адабий мунаққид ҳасаду бахиллик дардига мубтало, муайян асар муаллифининг белини синдирмоққа қасд қилган болтабардор эмас, адибнинг яқин маслаҳатгўйи, ҳомийси, адабиёт гулшанининг холис, ҳассос бир гулчини бўлмоғи даркор.
* * *
Жўнлик, схематизм, фикр қашшоқлиги – менимча, адабиётимизнинг кўнгилдагидек довруқ қозонолмаётганига сабаб шу иллатлар. Бу касаллик китобхонларимизгагина, баъзи танқидчиларимизнинг ҳам миясига шу қадар сингиб кетганки, сал “четга чиқиш”ни кўрса, ҳайрон бўлади.
* * *
Романга уринган ёш қаламкашлар масаласига келсак, қўйинг, ёзаверсин, бирортаси тузук чиқиб қолар, балки. Лекин мақсад роман ёзиш эмас, биринчи навбатда, яхши асар ёзиш бўлмоғи даркор.
* * *
Баъзан ҳикоянинг санъат асари эканини унутиб, гап айтишга, газетадаги оддий танқидий хабардаги фактларни проблема қилиб кўтаришга берилиб кетамиз. Менимча, ҳар бир ҳикоя, биринчи галда, авторнинг ўзи учун янгилик, олдингиларига ўхшамаган, қаламга олинган характер биланми, ситуация биланми, ёзилиши, композицияси биланми – маълум даражада кашфиёт бўлиши керак.
* * *
Ҳикоя ёзмоқ учун нима керак дейсизми? Инсоний дид ва истеъдод керак!
* * *
Гоҳида яхши ҳамсуҳбат учраб қолса, жағим очилиб кетади. Лекин баъзи издиҳом, анжуманларда миқ этмаслигим мумкин. Ёзишга келсак, сергапликка – “сўз бўтқаси”га мутлақо қаршиман. Ўқувчининг ҳам вақтини ҳисобга олиш керак. Умрим бино бўлиб, эзмалик менга ёқади, деган одамни учратмадим. Ёзувчи дангал, бўлар гапни айтгани маъқул.
* * *
…ёзувчи кичик ҳикоя ёзадими, каттароқ қисса-романми, албатта, янги гап айтиши керак. Аслида, ёзиш – кўнгил майли. Ёзувчи-шоирдан уни ёз, буни ёз деб талаб қилиш – ижод эркинлигининг муқаддас тамойилига зид. Ижод аҳлига фақат битта талаб қўйилиши мумкин: нимани ёзсанг ёз, аммо тоза ва ҳаққоний ёз!
* * *
…адабиёт инсонни гарчи ҳар тарафлама теран тадқиқ этиши лозим кўрилсада, иложи борича унинг ижобий жиҳатларини, олижаноб хислатларини қаламга олган маъқул экан. Бунда, албатта, ёзувчи дўстим айтганидек, қандай ёзиш, яъни ўхшатиб ифодалаш муҳим.
«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 1-сон