Тоҳир Малик. Икки халқнинг суюмли фарзанди

Жаннатмакон устозимиз Носир Фозилов бир-бирига жигар ҳисобланган икки халқ орасида шу сифатлари билан танилганлар. Буни, эҳтимол, сифат эмас, ҳаётларига берилган баҳо, янада тўғрироғи, улуғ мукофот деганимиз маъқулдир. Икки адабиёт оламига қилган хизматлари учун Носир акага ҳар икки давлатнинг кўп мукофотлари берилган. Носир акага берилган унвону нишонлар бошқа ижодкорларга ҳам берилгандир. «Икки халқнинг суюмли фарзанди» деган расмий унвон йўқ. Таъсис этилганида ҳам фақат Носир акагина бунга биринчи ўринда лойиқ кўрилган бўларди. Аслида ҳам шундай: икки халқнинг суюмли фарзанди мартабасига етишганини исботловчи расмий қоғоз-ҳужжат бўлиши шарт эмас. Халқ юрагидаги муҳаббат кифоядир. Қоғоз-ҳужжатлар жавонда қолиб кетади. Халқнинг юрагидаги муҳаббат ва халқ дилидаги дуолар билан Аллоҳга рўпара бўлинади.
Носир ака ҳақида хотира ёзиш ишлари бошланганига анча бўлди. Назаримда, мен бу хайрли ишга охиргилардан бўлиб киришдим, шекилли. Бунинг сабаби: вафот этган азизларим ҳақида сўз ёзишда юрагимда оғриқ туради. Хотира ёзишни бошлагунимга қадар ўтган акалар-дўстлар мен учун тирик бўлишади. Хотира ёзилгач, уларнинг бу дунёни тарк этганларини тан олишга мажбур бўламан. Аслида уларнинг вафот этганлари улуғ фожиа эмас, «ўлим бизларни айирди», дейилсада, айрилиқ эмас. Чунки айрилиш фақат жисмандир, руҳда айрилиш бўлмайди. Энг муҳими, бу айрилиқ вақтинчаликдир, қиёматда яна кўришмоқлик, бирга бўлмоқлик саодати бордир. (Аллоҳнинг марҳамати ва мадади ила бу баён охирига етгач, Носир акамнинг туғишганла­ридай ардоқловчи қадрдон укалари Турсунбой Адашбоевни ҳам хотирлаб ёзиш умидим бор. Умидимга етар бўлсам, Турсунбой ака ҳақидаги гапни ҳам айни шундай бошласам керак. Чунки Турсунбой акам билан Носир акамнинг фазилатларида ҳам, қилган хайрли ишларида ҳам ўхшашлик кўп.)
Болалар адабиётининг беқиёс устозлари Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат билан болалик чоғимда бевосита танишганман, яъни улар бошқарган адабиёт тўгарагида илмларидан, суҳбатларидан баҳ­раманд бўлганман. Ҳаким Назир, Носир Фозилов каби устозларни эса ўша болалик йилларим ўзларини кўрмай туриб, китобларини ўқиб, таниганман. Ҳаким аканинг «Чўл ҳавоси», Носир акамнинг «Робинзонлар», «Қуш қаноти билан» каби китоблари ҳозир ҳам кўз ўнгимда турибди. Кейинроқ Носир акам таржима қилган роман ва қиссалар орқали қўшнимиз қозоқлар ҳаёти билан танишган эдим. Қозоқларни кўча-кўйда, бозорда кўриб юрган бўлсамда, уларнинг ҳаёти билан Носир акам таржима қилган китоблар орқали билиб олганман. Бовурларимиз қозоқларнинг Абай, Мухтор Авезов, Ғабит Мусрепов, Собит Муқонов каби улкан адиблари ўз китоблари билан Носир акамнинг меҳнатлари туфайли хонадонимга кириб келиб, то ҳануз азиз меҳмонлар сафида туришади. Қозоқ­ларнинг дунёни лол қолдирган полвонлари Ҳожимуқон ва Чўлоқ полвонларни ҳам ўзбек ўқувчиларига Носир акам таништирган эдилар. Турли таржима асарларни ўқийвериб, ғашимиз келадиган бўлиб қолган. Маънони очиб беролмайдиган ғализ жумлалар «тишга тегавериб», безор қилиб юборади. Носир акамнинг таржималари ундай эмас. Ҳатто «таржима асар» дейишга иккиланиб қоласан киши. Чунки Носир акам асарни қозоқча эмас, худди ўзбекчада ёзилгандай қиёмига етказиб берардилар. Кўпчилик: «Қозоқ адиблари шунақа зўр асарлари борлигидан ўзлари ҳам ажабланишса керак», деб ҳазиллашишарди.
Мактабнинг юқори синфларида ўқиб юрган кезларим «Ўзбекистон маданияти» газетасини доимий равишда олиб ўқирдим. Газетани қўлга олишим билан биринчи галда тўртинчи саҳифадаги эълонларга қарардим. Унда Ёзувчилар уюшмасида бўладган тадбирлар ҳақида хабар бериларди. Тадбирларга борардим, биров «Бу ўсмир бола нима қилиб юрибди», демасди. Юқорида ўтирган Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби улуғлардан кўз узмасдим, гапиришганда диққат билан тинглардим. Танаффус пайтида ёки тадбир тугаганидан кейин уларга яқинлашиб саломлашаётган ёшларга ҳавас билан боқардим. Тадбирда тоғам Мирзакалон Исмоилийни ҳам кўрардим, лекин тортинчоқ­лигим туфайли­микин, бориб саломлашишга ийманардим. Ўттиз ёшлар атрофидаги ёзувчиларни, хусусан, Носир Фозилов, Ўлмас Умарбеков, Фарҳод Мусажонов, Ўткир Ҳошимовларни ҳам илк марта шу тадбирларда кўрганман. Улардай бўлишни орзу қилганман.
Биринчи фантастик қиссамни талабалик йиллари ёзган эдим. Мен дорилфунуннинг кечки бўлимида ўқир эдим. Кундузи ишлардим. 1966 йил аввалида болалар матбуотида ишлай бошлаганимдан кейин узоқ йиллар ҳавас қилганим адиблар билан яқинроқдан кўришиш, салом бериш бахтига етишдим. Айниқса, зилзиладан сўнг «Шарқ юлдузи» журнали ва Ёзувчилар уюшмаси Навоий кўчасидаги 30-уйга кўчиб келгач, орзуларим бирин-кетин амалга оша бошлади. Машҳур кишиларни узоқдан бўлсада, кўриб завқланган ўсмирнинг йигит ёшига етиб, ул азизлар билан қўл бериб саломлашиши чинакам бахт эди, десам ишо­наверинг. Эҳтимол, ҳозирги ёшлар бундай ҳолатни қадрига етишмас, лекин биз учун улуғларнинг саломимизга алик олиб, қўл узатишлари чинакам бахт эди. Улуғлар даврасига яқинлашилгандан кейин улар ҳақидаги турли гап-сўзларни эшитасиз, уларнинг одатлари билан таниша борасиз. Таҳририятлар, нашриётлар жойлашган иморат ёнидаги эскигина чойхона бу борада яхши маърифий марказ эди. Адабиёт майдонига энди кириб келаётганлар ҳам, бу майдонда қаддини тиклаб, танилиб қолганлар ҳам даврада суҳбат қуришарди. Янги шеърлар ўқиларди. Кимнингдир асарини нашриёт муҳаррири ёки таҳририят адабий ходими «Бўлмайди», деб қай­тариб бергани муҳокама қилинарди. Ёки янги асарини оққа кўчиртирган ёш адибга асарни кимга ўқитиш борасида маслаҳатлар бериларди. Шундай давраларда кўпинча «Носир акага ўқитиб олинг, Носир акадан ўтгани, ҳамма жойдан ўтди, деган гап», дейишарди. Кимдир биров орадан кунлар ўтиб: «Қисса Носир акага ёқмабди, «Бўлмайди», деди», деса даврадагилар «Но­сир ака шундай деган бўлсалар, демак, тўғри», деб хулоса ясаб беришарди. Носир акамга яқинлашмай туриб у кишининг ғоят талабчан, ҳатто аёвсиз эканликларини билганман. Кейинчалик меҳрлари билан бирга аёвсизликларини ҳам татиб кўрганман.
Университетни битирган йилим фантастик қиссани оққа кўчириб, икки нусхасини «Ёш гвардия» нашриётига, бир нусхасини «Шарқ юлдузи» журналига элтиб бердим. Танишларим: «Қиссанг икки сабаб билан журналда босилмайди: биринчидан «Шарқ юлдузи» жиддий адабий журнал, фантастикани бермайди, иккинчидан, асар Носир Фозиловнинг қўлига тушади, унинг чиғириғидан ўтиши қийин», дейишса ҳам аҳдимдан қайтмадим. Қўл­ёзмани бериб, ўзим ҳарбий хизматга жўнадим. Орадан бир йил ўтиб, Носир акага рўпара бўлдим. «Ҳа, шоир», деб самимий кутиб олдилар. Асар маъқул бўлганини, журналда беришга тайёрланганини айтганларида аввалига гангиб қолдим, кейин қувончдан еттинчи осмонга учиб чиққандай бўлдим.
Носир акам «Юринг, шоир», деб Бош муҳаррир хонасига бошлаб кириб, Мирмуҳсин акага таништирдиларда, «Мана бизда ҳам фантастика пайдо бўлди», деб гап бошлаб, асарни мақтадилар. Мен Мирмуҳсин ака­нинг иш услубларини эшитган эдим. Журналда босиладиган асарни бошқа ёзувчиларга ҳам ўқитиб, уларнинг фикрини эшитиб, кейин қарор қабул қилар эканлар. Қисса бу жараёндан ўтган экан, Носир аканинг фикрларини маъқулладилар. Шунда мен нодонлик қилиб, асар «Ёш гвардия» нашриётида қисқартирилган ҳолда нашр этилаётганини айтиб қўйдим. Мирмуҳсин ака Носир акага савол назари билан қарадилар. Носир ака афсус, дегандай бош чайқадилар:
– Шоир, китобни тўхтатишнинг иложи йўқми? – дедилар.
– Босмахонада териб бўлинган, – дедим.
Журналда босилган асар кейинроқ китоб ҳолида нашр этилиши мумкин эди. Лекин китоб бўлиб чиққан асарни журнал бермасди. Ўша куни «Нодонлик қилдим, айтма­сам бўлар экан», дедим, кейин «Тўғри қилдим, бу ишим виждондан бўлди», деган тўхтамга кел­дим. Асарни журналда чиқмаслигига ўзим сабабчи бўлганим кўп ўтмай тақдирланди. Кейинги қиссани қўлга олиб, ўқишгач, галга солмай, узун навбатга қўймай, нашр этишди.
«Ҳикмат афандининг ўлими» нашрдан олиб қўйилгач, Носир ака мени тез-тез йўқлаб, қўлёзмаларга тақриз ёзишни топшира бошладилар. Бу соҳада тажри­бам етишмасада, ишонч билдирдилар. Ҳатто ҳажми беш юз саҳифадан ошадиган романни бериб, «150 бетлик асарга айлантириб беринг», дедилар. Баъзи адиблар бўшроқ ёзилган асарларини наср кенгаши муҳокамасидан ўтказиб олиб, таҳририят ва нашриётларни безор қила бошлашарди. Юқори идораларда уларни ҳимоя қиладиганлар ҳам бўларди. Қўнғироқлар ва илтимослардан безган таҳририят раҳбарлари «журнал варианти» деган изоҳ билан асарни қисқартириб беришарди. Менга худди шундай романни бердилар. Асарга ҳусн бўлмайдиган саҳифаларни қисқартириб чиқдим. Айрим саҳифаларни қайтадан ёзиб, машинкада ўзим кўчириб бердим. Бу ишим ҳам Носир акамга маъқул келди. Айниқса, фантастика йўналишида ёзиладиган асарларга мен баҳо берадиган бўлиб қолдим.
Ҳарбий хизматга жўнашдан олдин «Дилпора» деган қисса ёзишни бошлаган эдим. «Номуссизлик дилни пора-пора қилиб ташловчи даҳшатли куч», деган ғояни асарга сингдиришни ўйлагандим. Хиз­матдан қайтгач, ёзишни давом эттириб, ниҳоясига етказдим. Зўр асар ёзганимга ишониб, ўзимдан ўзим мамнун бўлдим. Тезроқ нашр бўлиши, тезроқ мақтовлар ёғилиши умидида бир нусхасини тоғамга, иккинчисини «Шарқ юлдузи» наср бўлими бошлиғи Носир Фозиловга бердим. Носир ака холис, тўғрисўз бўлганлари учун биз – ёшлар уни яхши кўрардик. Носир ака мен каби ёш адиб билан ҳам, Одил Ёқубов ёки Саид Аҳмад билан ҳам бир хилда муомала қилардилар. Ёшларга «шоир», деб мурожаат қилардилар. Камина ҳам бу лутфдан бенасиб эмасдим. Таҳририятга нурли умидлар билан бориб, Носир акага рўпара бўлдим. Аммо бу сафар мақтов эшитмадим. «Яхши нарса ёзибсизку, аммо…» деган гап ҳам бўлмади.
– Шоир, расво қилибсизку! – дедилар.
Бу баҳонинг ҳазилми ё чинми эканини англамай таажжубда қолдим. Одатда «асарни ўқидим, яхши ёзибсиз, лекин бундай-бундай камчиликлари бор, қайта ишлаш керак», дейиларди. Носир ака эса…
– Нега? – дедим.
– Ўзбек аёлларини фоҳишага чиқариб қўйибсизку?!
Асардаги аёллардан бири адашиб, бошқаси эса атайин хиёнат кўчасига кирган эди. Мақсадим аёлларни камситиш эмас, балки ёшларни шу йўлдан қайта­ришга уриниш эди. Демак, асарда мақсад амалга ошмабди.
– Нима қиламиз, шоир? Гапим нотўғри бўлса, ишонтиринг.
– Мен ўйлаб кўрай.
Аслида ўйлаб кўриш учун эмас, тоғамнинг фикрларини билиш учун фурсат олдим. Тоғамникига бордим. Тоғамдан эшитган гаплар авайлаб кўтариб келганим умид чиннисини тамоман чил-чил синдирди:
– Ўн беш бет ўқидим. У ёғини сира ўқий олма­япман. Нима дейсан, сабр билан ўқиб чиқаверайинми ё шунча ўқиганим етарлими?
Мақтовлар шоҳсупасида ҳузурланишни орзу қилган йигитни гўё қозиқ қилиб ерга қоқиб юборишгандай бўлишди. Ҳатто «Демак, мендан ёзувчи чиқмас экан», деган фикр ҳам уйғонди.
Носир ака туркистонлик бўлганликлари учун тоғам у кишини «қозоқ» деб, ўзлари ўшлик бўлганликлари сабабли Носир ака «қирғиз» деб ҳазиллашишарди.
– Қозоқ акангга ўқитдингми? – деб сўрадилар.
– Ўқитдим… Ёқмабди.
Носир аканинг гапларини айтишга уялдим.
– Унга ёқмаган бўлса, менинг ўқишдан тўхтаб қолганим бежиз эмас экан. Сен шошилма, уч-тўрт ой ташлаб қўй, кейин янгича назар билан қўлга оласан.
Уч-тўрт ой эмас, кўп йиллар ташлаб қўйдим. Яқинда «Даракчи» газетаси таҳририятидан қўнғироқ қилиб, «Ёшлигингизда ёзган асарларингиздан бўлса ҳам бераверинг», дейишди. «Дилпора»ни эслаб, эски қоғозлар орасидан топиб, варақлай бошладим. Тоғам айтганларидай, ўн беш бетни қийналиб ўқидим. Кейин уяла бошладим. Саҳифаларни тахлаб, тепасига «Қайсидир ада­биётшунос олим, қачондир мен ҳақимда нимадир ёзмоқчи бўлса, «Тоҳир Малик жуда бемаза нарсалар ҳам ёзган» деган гапига мисол тариқасида бу ёзувлардан фойдаланиши мумкин. Бошқалар варақлаб, бошларини оғритишмасин», деб ёзиб, қоғозлар тўпламининг энг остига жойлаб қўйдим.
«Фалак»ни ёзгач, уни ҳам Носир акам билан тоғамга бердим. Носир акам узоқ куттирмадилар. Ишлари кўп бўлса ҳам тез кунларда ўқиб, ҳузурлари­га ча­қиртирдилар. Хавотир билан борган эдим, қўлимни сиқиб, «Ҳа, шоир, бу бошқа гап», деб кўнглимни кўтаргач:
– Мен икки руҳдаги асарни ўқигандай бўлдим. Тарихга доир саҳифаларни ўқишда «Муножот»ни тинглагандай ҳузурландим. Фантастикага доир саҳифаларда Олмахон Ҳайитованинг тарақа-туруқ ашуласи янграб кетгандай туюлди, – дедилар.
– Олмахон Ҳайитованинг ашуласига одамлар мириқиб ўйнашадику? – деб ҳазиллашдим.
– Қирғиз ўқиб бўлганлари йўқми? Майли, биз нашрга тайёрлайверамиз, қирғизга ё­қишига ишонаман.
Носир акам Ғафур Ғулом номидаги нашриётда ишлаётганларида ҳам тез-тез йўқлаб турардилар. «Бир кўча, бир кеча» китобини нашрга тайёрлашда ҳам ўзлари бош-қош бўлдилар. Бир дўстимиз китобга тақриз ёзган экан, ўқиб, капалагим учиб кетди. Китобдан ўрин олган барча асарларни балчиққа белаб ташлаган эди. Китобга Машраб Бобоев муҳаррир эдилар. Ажабланиб, Носир акамга кўрсатдилар. Носир акам эринмай китоб билан танишиб чиқиб, афсус билан бош чайқадиларда: «Нодон бола, ўч олмоқчи бўлибдида», дедилар. Гап шундаки, сал олдинроқ мен у дўстимизнинг асарига тақриз ёзиб бир қанча камчиликларини кўрсатган эдим. Тақриздаги фикрларим Носир акамга маъқул бўлган, дўстимиз эса жиддий ранжиган экан. Носир ака унинг тақризини четга суриб қўйиб, Машраб акага: «Нашрга тушираверинг», деб хулоса қилдилар. Кейин эшитсам, дўстимизни чақириб жиддий танбеҳ берибдилар. Дўстимиз менга учрашиб, «Кўнглимда қора ният йўқ эди», деб узрхоҳлик қилди.
Шундан сўнг Носир акам билан бизнинг «қувлашмачоқ» ўйинимиз бошланди. Ҳатто умрларининг охирида ҳам «Орқамдан қувиб юрасиз», деб ҳазиллашган эдилар. Бир куни телефон қилдилар, гўшакни олиб, одатим бўйича «Лаббай», дедим. Носир акам ҳам одатлари ўйича «Лаббайингга шакар», дедилар. Кейин мақ­садга ўтдилар:
– Менга қаранг, шоир, радиода осмонга пуфлаб юрганингиз етар. Мен «Шарқ юлдузи»га ўтяпман, нашриётдаги ўрнимга сиз келасиз. Хўжайинлар билан келишиб қўйдим. Уйингизда ўтириб ишлайсиз. Лекин бир шарти бор: икки-уч йил ишлаб қочиб қолмайсиз. Сизнинг номингиздан шунақа ваъда бердим.
Бу мен учун қувончли хабар эди. «Мен ҳам ваъда бераман, ўша ердан пенсияга чиқаман», дедим. Лекин ваъданинг устидан чиқолмадим. «Шарқ юлдузи»да Мамадали Маҳмудовнинг «Ўлмас қоялар» асари босилгач, ғалва-тўпалонлар бошланиб кетди. «Антисовет асар»ни босгани учун кимдир жазоланиши керак эди, «Ҳолвани ҳоким ейди, калтакни етим ейди», деганларидек, асосий масъуллар четда қолиб, Носир акамни пенсияга чиқарадиган бўлишибди. Бу қарор қабул қилинган куни мен уйда эдим, бир дўстимиз келиб, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сарвар Азимов йўқлаётганини айтди. Шошқич равишда боришим керак экан. Бордим. Нашриётдан «Шарқ юлдуз»ига ўтганим маълум қилинди. Бинонинг учинчи қаватидан иккинчи қаватига тушдим. Носир акам кутиб ўтирган эканлар. Юракларидаги ғашликни сездирмадилар, аксинча, «Ҳа, шоир, ортимдан қувиб етиб келдингизми?», деб ҳазил билан кутиб олдилар.
– Мен бунақа жиддий жойда ишламаганман, бошим қотиб қолди, – дедим.
– Бошингиз қотмасин, масъул котибнинг иши осон: фаррошга супурги топиб беришдан тортиб, босмахонага югу­ришгача, тилнинг тагига валидол ташлаб олиб маза-бемаза қўлёзмаларни ўқиб, сўнг муаллифлар билан тортишишгача – ҳамма-ҳаммасига мен балогардон эдим, энди сиз югурасиз. Бўйингиз узун, югуриб чарчамайсиз, – деб «ишни» топширдилар. Носир ака чидамлироқ эканлар, мен кўпга чидамадим, айниқса, янги бош муҳаррир билан муроса қила олмай кетдим.
Орадан бир неча йил ўтгач, Ўткир Ҳошимов Носир акамни яна шу вазифага чақириб олдилар. Одамлар орасидан меҳр-оқибат қочаётган қийин пайтларда ишладилар. Муаллифлар асари бўш эканини тан олмай, жанжалларни бошлаб юборарди. Носир акам бу борада таҳририятдаги ҳимояловчи метин қоя эдилар.
«Шарқ юлдузи» таржима асарларни деярли босмас эди. Бир шоир акамиз Шекспир асарларини инглиз тилидан таржима қилиб, тавсия этибдилар. Таҳририят рад этибди. Масала таҳрир ҳайъатида муҳокама қилинибди. Охири, шоир акамиз аччиқланиб: «Сизларни Шекспир бобомнинг арвоҳи уради», дебдилар. Шунда Носир акам хотиржам равишда жавоб қилибдилар:
– Қўрқитманг, Шекспир бобонгизнинг арвоҳини менинг бобомнинг руҳи уриб, пачақ қилиб ташлайди.
– Сизнинг бобонгиз ким? – деб ажабланибдилар шоир акамиз.
– Яссавийда… – дебдилар Носир акам.
Ўзлари Туркистон шаҳридан бўлганлари учун жавоб жуда ўрнига тушиб, барчада кулги уйғотган экан.
1992 йилнинг ёз ойларида Носир акам қўнғироқ қилиб, «Ўткир акангиз билан ошни дамлаб, кутиб ўтирибмиз, келсангиз сузамиз», дедилар. «Шайтанат»нинг биринчи китобини топширган эдим. Маъқуллашган эди, яна бирон савол чиққандир, деган ўйда бордим. Одатларича, ҳазил-ҳузул билан кутиб олиб, Ўткир аканинг хоналарига бошладилар.
– «Шайтанат»ни кейинги сонга бермоқчи эдик, бир мулоҳаза чиқиб қолди, – дедилар Ўткир ака. – Қуръони карим­нинг таржимаси ниҳоясига етди. Энди журналнинг икки сонини бирлаштириб, Қуръонни китоб ҳолида чиқарсак. Қуръон китоби обуначиларимизга текинга боради, қўшимча нусхаларни сотувга чиқарамиз. Фойдасига қоғоз оламиз.
Бу жуда яхши тадбир эди, мендан сўраб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ эди. Гапни бу янгиликдан бошланиш сабабини Носир акам айтдилар.
– Шоир, нашриётда ишлагансиз, энди бу китобни чиқа­риш сизнинг зиммангизга тушади, – деб калит узатдилар.
– Бу нима?
– Ўзингиз билган сейфнинг калити, ичи қуп-қуруқ, профсоюзнинг муҳридан бошқа ҳеч вақо йўқ. Мен чарчадим. Журналнинг ташкилий ишлари қийинлашиб кетди, чоп-чоп, югур-югурга тоқатим қолмади. Бунақа ишларни найнов боллар бажарагани дуруст деб, – гапни яна пайровга бурдилар.
– Яна қувлашмачоқ ўйнаб, қочяпсизми? – дедим.
– Буниси охиргиси…
Носир акам тез-тез телефон қилардилар, баъзан Туркистонга бошлаб кетардилар, кўпроқ эса уйга меҳмонга чорлаб турардилар. Уйларидан меҳмон аримасди. Қозоғистондан келган ижодкорлар ҳам Носир аканикида, албатта, меҳмон бўлишарди. Кўпроқ болаларга атаб асарлар ёзганлари учунми, болаларга хос беғуборликлари, меҳрибонликлари бор эди. Меҳмон кутишда шу фазилатлари, айниқса, кўпроқ сезиларди. Бу фазилат муҳтарама кеннойимизда ҳам бор эди. Икковлари меҳмон кутиб чарчашмасди.
Носир акам эллик ёшга тўлганларида уюш­мада катта тантана бўлди. Энг номдор ва амалдор ёзувчиларнинг юбилейлари ҳам бунақа даражада самимий ва гўзал тарзда ўтмаган эди. Номдор ва амалдорларнинг юбилейларига давлат идоралари орқали одамлар мажбуран келтириларди. Носир аканинг таваллуд тўйларини эшитганлар чорлов бўлса, бўлмаса, барча вилоятлардан ҳам оқиб келишди. Ресторандаги кечки зиёфат ҳам тўкин бўлди. Носир ака билан Саид Аҳмад аканинг кўп ҳазилларини Ўткир ака китобларида ёзганлар. Ўша юбилей базмида Саид Аҳмад ака Носир акамнинг фазилатларини ва адабиётдаги улуғ хизматларини ҳазил тариқасида, аммо ўхшатиб айтган эдилар:
– Одамлар Носирнинг ўзбек ва қозоқ адаби­ётини бирлаштириб турувчи кўприк, дейишяпти. Бу бўлмаган гап. Кўприкнинг устидан ит ҳам, эшак ўтаверади. Носир кўприк эмас, у сирач, икки адабиётни елимлаб туради.
Саид Аҳмад ака «сирач» деб номлаган елимнинг ранги сариқлигига ишора ўлароқ, Носир акамнинг сарғиш юзли эканликларини аския қилган эдилар. Сариқ ранг пайрови Саид Аҳмад аканинг асосий қуролларидан бири эди.
Ёзувчилар уюшмасида иш бошлаган ку­ним бир гуруҳ ёзувчилар билан Чимкентга қараб йўл олдик. Чимкент вилоятида Ўзбек ада­биёти ҳафталиги белгиланган экан, Одил Ёқубов мени шу гуруҳга раҳбар этиб тайинладилар. Ҳафта давомида мен Носир акамнинг қозоқлар орасида бениҳоя қадрланишларига гувоҳ бўлдим. «Бениҳоя» сўзига атай урғу бердим. Ёзувчилар гуруҳида Чимкент вилоятида туғилиб вояга етган таниқли ижодкорлар бор эди. Лекин уларнинг баъзиларини қозоқлар ҳатто танишмасди. Кузатишда адашмаган бўлсам, ҳатто Одил акадан ҳам ҳурматлари баландроқ экан. «Носир оға!», «Носир оға!» қаерга бормайлик, шу хитобларни эшитардик. Дўстларимиздан бири ҳам шу ҳолатга эътибор берган экан, «Носир акани туркистонлик бўлганлари учун қозоқлар ҳурмат қилади, десам, бошқа туркистонликлар ҳам бор, уларга эътибор қаратилмаяпти, бу обрўнинг сабаби нимада экан?» – деб қолди. Мени ҳам шу савол ўйлантирган, ўзимча жавоб топган эдим, шуни айтдим:
– Туркистонликларни, хусусан, қозоқларнинг ҳурматини қозониш учун шу ерда туғилиб, вояга етиш асосий омил эмас. Асосийси, Туркистонга, Қозоқ ва Ўзбек адабиётига бирдай фидойилик билан хизмат қилиш.
Гуруҳга расман мен раҳбар бўлсамда, асосий сафар раисимиз Носир акам эдилар. Бу ерликларнинг урф-одатини яхши билганликлари учун барча масала­да фақат у кишидан маслаҳат сўрардим. Тадбирнинг биринчи куниёқ, қозоқ бовурларимиз чегарада кутиб олишгач, зиёфат бердилар. Одатларига кўра, қўйлар сўйилиб, калла-почалар пиширилиб қўйилган экан. Гуруҳ раҳбари мен бўлганим учун пиширилган қўй калласи менга тортиқ қилинди. Мен ҳурмат билан Носир акамга узатдим. Носир акам қозоқча ҳазил-мутойибалар билан гўштни майдалаб тарқатдилар. Сўнг: «Шоир, топшириғингизни бажардим. Энди қозоқларнинг ҳар бир зиёфатига эътибор беринг, икки ойдан кейин бизга келишади, бундан аълороқ қилиб қайтаришингиз керак», дедилар.
– Булардан ошириб зиёфат қилолмасак керак, – дедим.
– Буни тўғри фаҳмлабсиз, – дедилар.
1995 йил эди, шекилли, Носир ака билн биргаликда Олмаотага бордик. У ерда Қозоқ-Ўзбек дўстлик жамиятининг таъсис мажлисида қатнашдик. Носир ака мажлисларда гапиришни унча ёқтирмасдилар. «Сўзга чиқишга сиз тайёрланинг», дедилар. Лекин биз билан борган ҳукумат расмийси ўзи гапиришини маълум қилганда Носир ака аччиқландилар. Тадбирдан сўнг меҳмонхонага шошилдилар. Шом бўлиб қолган эди. «Кеча бир қозоқ адибининг юбилейи бўлди, бориб табриклаб келамиз», дедилар. Таксида кетатуриб, ҳақни тўлаш мақсадида чўнтагимдан пулни олдиму, беихтиёр кулиб юбордим. «Ҳа, шоир, нима бўлди?» – дедилар. «Носир ака, Қозоғистоннинг мустақил давлатлиги эсимда йўқ, пули бошқалиги ҳам хаёлимда йўқ, худди совет давридагидай ўзимизнинг пулимиз билан чиқиб келаверибман», десам, «Ҳа, соддагина бола», деб кулдилар. Қозоқ ёзувчисининг уйини кечаги зиёфатдан кейин ҳали тўла йиғиштириб улгуришмаган экан. Адиб ғоят қувонди. Икки соатлардан сўнг икки қозоқ адиби кириб келди. Улар Носир акамнинг Олмаотага келганларини эшитиб, меҳмонхонага излаб бориб, анча кутишибди. Кейин ўйлай-ўйлай, «Ҳойнаҳой, юбилярни табриклагани боргандир», деган тахминда келишган экан.
Олмаотада уч кун турган бўлсак, Носир ака тиним билмадилар. «Сиз қозоқларнинг шайхи, пири муршидига айланиб қолибсиз», деб ҳазиллашдим. Қайтадиган кунимиз барвақт туриб, шаҳардан ташқаридаги Медео (Мадад тоғ) деган жойга бошлаб бордилар. «Ойбек акага совға қилинган харсанг шу ерда бўлган, спорткомплекси қуришда портлатиб ташлашган», дедилар. Носир акамнинг бу тош тарихига доир воқеий ҳикоялари бор, менда тасаввур уйғотиш учун махсус бошлаб борибдилар (Шу ҳикоя ўрин олган китоб Давлат мукофоти билан тақдирланган эди).
Носир акамнинг энг яхши кўрадиган укала­ридан бири Турсунбой Адашбоев эдилар. Носир ака Ёзувчилар уюшмасидаги болалар адабиёти кенгашининг раиси сифатида шу кенгаш котиби вазифасида ишловчи Турсунбой ака билан деярли ҳар куни алоқада бўлиб турардилар. Носир ака бизларни самимий акалик меҳри билан яхши кўрардилар, ғамхўрлик қилардилар. Бир куни қўнғироқ қилдилар:
– Кеннайингиз жарроҳлик шифохонасида кўрибдилар, касалларнинг кийимида экансиз, яна нима бўлди?
– Яна ўша гап, хирургларнинг пичоғи қонси­раб қолган экан, – деб ҳазиллашдим.
– Оббо… – деб уф тортганларини эшитдим. – Бу нечанчиси? Яна нимани олиб ташлашди? Шоир, ичингизда бирон нарса қолдими ўзи?
– Олдинги сафар кўпроқ олиб ташлашган экан, бу сафар қўшиб қўйишди, – деб ҳазиллашдим.
Шифохонадан чиққунимча ҳар куни қўнғироқ қилиб турдилар. Унвон билан тақдирланган куни биринчи бўлиб табриклагани келдилар. «Найнов бола, энди энгашиб турасиз, пешонангиздан бир ўпмасам бўлмайди», деб ҳазиллашдилар.
Ана шундай меҳрибон эдилар. Меҳрибон ака меҳри билан қадрлардилар. Биз меҳрибон ука меҳри билан жавоб қайтара олдикми? Мени шу савол кўпроқ ўйга толдиради.
Баён аввалида банда халқнинг дуолари билан Аллоҳга рўпара бўлади, дедим. Носир акамни «Икки халқнинг суюкли фарзанди», деб атадим. Баён сўнгидаги дуо: Аллоҳим, икки халқнинг суюкли фарзанди мартабасига етишган бу бандангга Ўзинг севган бандаларинг қаторидан жой бер. Шундай яхши одам билан бу дунёда таништирганинг учун Ўзингга беҳисоб шукрлар бўлсин, энди қиёматда Ўзингнинг жаннатингда ҳам бирга қил! Омийн я Роббал оламин!

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 6-сон