Фeдeрал қидирув бюроси (ФҚБ) нима дeгани?

Федерал қидирув бюроси федерал ҳукумат шаклининг энг қизиқарли ва энг машҳур бўлимларидан биридир. ФҚБ 1908 йилда АҚШ адлия вазирлиги доирасидаги бюро сифатида ташкил этилганди.

ФҚБ федерал қонунларнинг бузилишини тергов қилади, шунингдек, Қўшма Штатлар учун манфаатли масалаларни ҳал этишда иштирок этади. 1924 йилда таниб олиш бўлими ташкил этилганди. Дастлаб бу ерда 810 188 та кишининг бармоқ излари туширилган картотека пайдо бўлди. Бугунги кунда ФҚБдаги картотекада 100 000 000 кишининг бармоқ излари мавжуд!

ФҚБнинг Штаб квартираси Вашингтон шаҳрида жойлашган; ундан ташқари бутун мамлакат бўйича тарқалиб кетган яна 52 та етакчи бўлимлар фаолият юритади. Ўз вазифаларидан ташқари яна ФҚБ маҳаллий ижроия органлари ва штатларнинг полиция бошқармалари қошида хизмат ташкилоти ролини ҳам ўйнайди. Тергов ишлари бўлими бармоқ изларини солиштириб кўриб, жиноятлар тўгрисидаги маълумотларни аниқлайди. Агар бирор кишини ҳибсга олишса, унинг бармоқ изларини ФҚБга юборишади ва 5 дақиқа ичида бу одам аввал ҳам полицияга тушган ёки тушмаганлигини билиб олишади. Мазкур одам ҳақидаги маълумотлар нусхасини унинг бармоқ излари Вашингтонга етиб боргандан кейинги 36 соат ичида муайян полиция маҳкамасига топширадилар.

Махсус лабораторияларнинг маълумотлари ҳам барча ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар учун очиқ. У ерда ишлайдиган олимлар энг янги, замонавий асбоб ускуналар билан таъминланганлар; ҳар куни улар юзлаб ҳужжатларни ўрганадилар, қонни, соч толасини, тупроқ ва бошқа жиноят ашёвий далилларини таҳлил қиладилар. Жиноятчи ҳақида барча далиллар тўплангач ФҚБ экспертлари судга кўргазма берадилар.

1939 йилнинг июнида АҚШ президенти мамлакатнинг мудофаа қувватини қўпорувчи, жосуслик, саботаж ва бошқа хатти-ҳаракатларни ўрганувчи, тергов қилувчи агентлик сифатида ФҚБни сайлади. Иккинчи жаҳон уруши йилларида ФҚБ мамлакат хавфсизлигини таъминлаб, кўплаб жосуслик ташкилотларини фош қилди.