Тоҳир Малик. Миллий мотам куни (1991)

Ҳазрат мир Алишер Навоий беназир ва бебаҳо «Хамса» асарларини ёзиб тугатиб, Ҳусайн Бойқарога тақдим этганларида, подшоҳ шоирга таъзим қилиб: «Сиз менинг пиримсиз», деб, сўнг оқ отга ўтқизиб, ўзлари узангидан ушлаган ҳолда пиёда юриб Ҳирот кўчаларини айлантирган эканлар. Мен бу ҳолни — оқ отдаги улуғ шоирни, узанги ушлаб бораётган доно подшоҳни тез-тез кўз олдимга келтираман. Бу манзара унут бўлган ажойиб одатларимиздан бири. Хозир пир тутишга арзирли одамни ҳам, оқ отни ҳам топиш қийиндир. Аммо инсон кўнгли ҳамиша шундай пирга муҳтож бўлади. Қадимда ҳар бир ҳунар эгасининг ўз пири мавжуд экан. Ҳазрат Алишер Навоий бақо дунёсига риҳлат қилганларидан сўнг ҳам назм аҳли учун барҳаёт пир бўлиб қолаверганлар. Бугунги кунда ҳам биз ҳазратнинг муборак номларини тилга олганда дилдан чиқариб «пирим» деймиз.

Мени бир нарса ўйга солади: йигирманчи асрда қалам аҳли пир тутишга арзирли комил инсонлар йўқми эди? Яқин йилларга қадар, ўттизинчи йиллар устига ёпилган қора парда олингунгача бу саволга аниқ жавоб топиш мушкул эди. Мана, энди, Беҳбудий, Мунаввар қори, Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий… ижодлари, ҳаётларининг фожиали қирралари билан аниқроқ танишгач, шундай мўътабар инсонлар бор эди, дея оламан. Бу улуғларнинг ҳар бирини оқ отга ўтқизиб, пир тутишимиз мумкин эди. Афсуски, биз уларни оқ отга ўтқизиш ўрнига ўлимга маҳкум этдик. Ўлимларидан сўнг ҳам узоқ йиллар улардан юз ўгириб яшадик. Мана энди у табаррук зотларни хаёлимиздагина оқ отга ўтқизиб, пир тутишдан ўзга иложимиз йўқ. Афсус шундаки, золим замон қурбони бўлган бу доноларни «пирим» дегувчи тиллар ҳам, диллар ҳам оз. Биз номуносиб ворислар каби лоқайдлик билан ўз жиғилдонимизни, ўз манфаатларимизни ўйлаб хотиржам ҳаёт кечиришга ўрганиб қолганга ўхшаймиз.

Ноҳақ қатл этилган улуғларимизнинг «оқланган»ларига қарийб қирқ йил бўляпти. Шу йил 5 ўктабрда Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Элбек…ларнинг отилганига 53 йил тўлади. Йиллар ўтгани сайин бу улуғларнинг ўрни тобора сезиларли бўляпти. Агар уларнинг қаламлари бевақт синдирилмаганида, эркин ижод қилганларида бугунги ўзбек адабиётининг мавқеи, эгаллаган чўққиси бир неча карра баланд бўлиши мумкинлиги ҳам ойдинлашди. Бу улуғларнинг ўлимларидан сўнг ҳам асрлар давомида яшаш ҳуқуқига эга эканликларини йиллар кўрсатиб турибди. Машъум ўттиз саккизинчи йилдан сўнг адабиёт майдонига неча-неча ёзувчи келиб кетди. Буларнинг аксари жисмонан ўлим топган куниёқ маънавий ўлимларини ҳам топдилар, ёзувчи сифатида унут бўлиб, инсон сифатида ғуборли хотира қолдирдилар. Булут қуёшни маҳв эта олмагани каби, ғаразли кимсалар саъй-ҳаракати истеъдод эгалари номларини қора чодирга буркаб ташлай олмади. Хақиқат тантанаси бошланди!

Эътибор қилинг-а, мен баралла «Ҳақиқат тантана қилди!», деб шодланмаяпман. Чунки ҳақиқатнинг тўла тантанасига вақт борга ўхшайди. Аввал бу тантанага айрим кимсалар қаршилик қилдилар, энди бунга ўзимиздаги лоқайдлик, беписандлик, худбинлик… тўғаноқ бўляпти. Авваллари у қуёш нуридан кўрқувчи кўршапалакка ўхшаш нодон, истеъдодсиз кимсалар ўттиз еттинчи йилда тўқилган бўҳтонларни қалқон қилиб яшардилар. Энди қалқон синган. Эндиги ниқобимиз «Ўйлашиб кўрайлик, шошилмайлик», деган қуруқ сўзлардан иборат.

Қарийб қирқ йил муқаддам биз уларнинг бегуноҳ қатл этилганликларини тан олдик. Орадан қирқ йил ўтяпти, аммо ҳали уларнинг қабрлари йўқ. Жасадларини топиш амри маҳолдир, тўғри, аммо отилган ерлари аниқ, жигар қонлари тўкилган ўша ердан бир кафт тупроқ олиб рамзий қабр тиклаш наҳот машаққат бўлса? Наҳот шу масала ҳам йиллар бўйи ўйлаб, кенгашиб кўриладиган иш бўлса? Ўйлайвериб, ўйлайвериб мияларимиз шишиб кетмасмикин? Яхши ҳамки Абдулла Қодирийнинг раҳматли Ҳабибулла акадай фидойи фарзандлари, Усмон Носирнинг Нодира каби тиниб-тинчимас жиянлари бор экан. Шуларнинг ҳаракати туфайли қабристонга эсдалик лавҳаси қўйилган.

Мен баъзан: «Балки уларнинг рамзий қабрлари ҳам бўлмагани маъқулдир, улар ўлмаган, тирик дея қалбимизда эъзозлаб юрармиз», деб ҳам ўйлайман. Аммо уларнинг отилгани, совуқ ўрмонларда жон таслим қилганлари аниқ экан, биз — муридлар учун бу пирларга сиғиниб борадиган жой — зиёратгоҳ лозим-ку? Кўп йиллардан бери турли даражадаги кенгашларда, давраларда репрессия қурбонлари отилган ерда — Тошкентнинг қадим «Алвастикўприк» деб аталган жойида, яъни ҳозирги телеминора атрофида ёдгорлик тиклаб, хотира уйи ташкил этиш ҳақида гапириляпти. Бу гаплар деворга айтилса, девор тарс ёрилиб кетарди. Аммо шаҳар ҳокимларига нима учундир гап таъсир этмайди. Шаҳар ҳокимлари паранжи ташлаган аёлни унутишмади — энг кўркам жойга кўп беҳуда харажатлар қилиб, кўкраклари икки пудли қозондай келадиган аёлнинг ҳайкалини қўндиришди. Аммо миллат фахри бўлган улуғ инсонларнинг хотирасини ўйлашга журъат қила олмаяптилар. Қаранг, Тошкентда Ўктабр депараси бор. Абдулла Қодирий шу депарада туғилган, ўсган, ижод қилган ва ўттиз еттинчи йилнинг сўнгги кунида қамоққа олиб кетилган. Шу депара Абдулла Қодирий номи билан аталиши керакми — керак. Депара ижроқўмининг раиси (Р. Хўжаев) биз каби фақирларнинг сўзларини назарписанд қилмасликлари аниқ. Бироқ Абдулла Қодирий яшаган уйда бўлган йиғилишда ҳукумат раҳбарлари томонидан берилган топшириққа ҳам эътиборсиз қарагани, бу масалани депара депутатлари эътиборига ҳавола этмаётгани ажабланарли. Сиз «Раис қўрқаётгандир», дейишингиз мумкин. Нимадан қўрқади? Депарага улуғ одамнинг номини бериш масаласини депутатлар кенгашига қўйганим учун ишдан олиб ташлашади, деб қўрқадими? Ҳақ ишга қўл ургани учун ишдан олиб ташланган тақдирда қам қўрқиш эмас, «Мен шундай савоб ишни амалга оширдим», деб фахрланиш керак-ку?!

Тулада Лев Толстойнинг ерлари хотира боғ-уйга айлантирилган. Русия ўз фарзандларининг ҳурматини ўринлатишга уста. Қаерга борманг, «Пушкин уйи», «Чехов уйи»… сингари музейлар мавжуд. Бизда на Навоий, на Қодирий, на Чўлпон… уй-музейлари бор. Ҳазрат Навоийнинг уйлари Ҳиротда эди, музейга имконимиз йўқ. Бизда фақат Қодирий уй-музейини қуриш имкони бор. Ҳабибулла Қодирий шу музей орзусида дунёдан ўтиб кетдилар. Раҳбарлар келиб кетаверди, қарорлар қабул қилинаверди. Аммо музей хотинларнинг миш-миш гапидай ҳамон ҳавода муаллақ осилиб турибди. Икки йил бурун жумҳуриятни бошқараётган янги раҳбарлик Абдулла Қодирийнинг 100 йиллик тўйларига тайёргарлик хусусида қарор қабул қилди. Қарорда музей масаласи ҳам зикр этилган. Қарорга қараганда, музей қурилиши бундан икки йил бурун бошланиб, яна уч йилдан кейин битказилиши керак. Ҳолбуки, ҳали лойиҳа иши ниҳоясига етказилгани йўқ. Меъморлар уюшмаси, маданият вазирлигининг бошқармаси (бошлиғи — Феруз Ашрафий) кечириб бўлмас даражада лоқайдлик қиляптилар. Ҳатто ҳукумат бошлиқларидан бирининг жон куйдиришлари ҳам шу ўртоқларнинг лоқайдлиги туфайли яхши самара бермаяпти.

Бу пойтахтдаги аҳвол. Бухорода, Андижонда, Наманганда аҳвол бундан ҳам баттар. Абдурауф Фитрат Бухородаги уйларини мусиқа мактабига бўшатиб берган эканлар. Сўнг ҳукумат у кишига бошқа кичикроқ уй берган. Ҳар икки уй сақланиб қолган. Лекин бухоролик фидойиларнинг музей масаласидаги уринишлари кўп йиллардан бери шаҳар ҳокимларининг тўғонига бориб уриляпти. Эшитишимизча, бу уй ҳозир пулдор бир одамга сотилаётган эмиш. Бухородай «камбағал» шаҳар улуғ фарзандига музей тиклай олмаса, на илож!

Андижонда икки марта Чўлпонхонлик ўтказилди. Бизнинг умидимиз Чўлпонхонликни Русиядаги «Пушкинхонлик», «Лермонтовхонлик», «Некрасовхонлик»… каби юқори савияда ўтказиш эди. Андижонга бориб келган Озод Шарафиддинов «Андижонликлар Чўлпонни билмас эканлар», деб қаттиқ ранжидилар. Озод аканинг ранжишлари ўринли. Андижон раҳбарлари Чўлпоннинг рамзий қабрини тиклаш ҳақидаги таклифимизни маъқуллашгани ҳолда, айрим сабаблар билан бу ишни бир неча йил кейинга сурдилар. Ноумид — шайтон. Салкам қирқ йил кутган яна бир неча йил (балки бир неча ўн йилдир?) кутсак, осмон узилиб ерга тушмас. Икки йил муқаддам вилоят ижроқўмида Чўлпон хотирасини абадийлаштириш масаласи кўрилган ва Тиллар институтига шоир номини бериш тавсия этилган эди. Масала демократларча ҳал этилган, яъни бу масалани институт жамоаси ечиши керак. Институтдаги Чўлпонхонликда биз бу масалани ҳатто овозга қўйган, толиби илмлар, муаллимлар маъқуллаган эдилар. Факатгина институт ректори: «Ҳали вақт эрта, олдин студентларимиз Чўлпон ким эканини билиб олишсин», деган эдилар. Иттифоқ халқ депутатининг бу «нозик» масалага давлат иши нуқтаи назаридан қараши яхши. Аммо Тиллар институти толиблари Чўлпоннинг ким эканини билишлари учун неча йил керак экан, шунга ақлимиз етмай гарангмиз. Яна бир нарсага ҳайронмиз: институтга Чўлпон номини беришни жамоа ҳал этадими ё ректорми? Наманган ҳақида узоқ гапиришнинг ҳожати йўқ, чунки у ерда Усмон Носир музейини ташкил қилиш ҳақида умуман гап йўқ.

Кўряпсизки, айтаман десак, ҳасратдан чанг чиқаверади. Бир неча ёзувчининг жон куйдириши, мажлисларда гапиришидан фойда кам бўляпти. Ўйлай-ўйлай биз бир карорга келдик: номлари зикр этилган (ва зикр этилмаган) улуғ инсонлар халқимизнинг фидойи фарзандлари эдилар. Халқ уларга нисбатан тўқилган «душман» деган бўҳтонга ишонмай, табаррук фарзандлари номини унутмади. Биз — қатағонлар, қатли ом ва ваҳшийликларга гувоҳ бўлмаган авлод бу номларни унутсак, тарих ва келажак бизни кечирмайди, лаънатлайди. Шу учун бирлашиб ҳаракат қилишимиз, ҳақиқатнинг тўла тантанаси учун курашишимиз лозим.

Давлат хавфсизлиги кўмитасидан олган хабаримизга қараганда, Фитрат, Чўлпон, Қодирий, Элбеклар бир кунда — 1938 ЙИЛ 5 ЎКТАБРДА отилганлар. «Ёшлик» жўрнали ана шу кунни «МИЛЛИЙ МОТАМ КУНИ» деб эълон қилишни таклиф этади. Жўрнал Сиз, азиз муштарийларнинг қўлларига етиб боргунча ўктабр ойи охирлаб қолган бўлади. «Вақт ўтиб кетибди-ку», дейишингиз табиий. Йўқ, азизлар, бундай хулоса чиқаришга шошилманг. Миллий мотам кунини 5 ўктабрга белгилаяпмиз, тўғри. Аммо уни бир кунда ўтказиб бўлмайди. Жамоатчилик бу кунга астойдил тайёргарлик кўриши керак, ҳукумат махсус қарор ёки қонун қабул этиши лозим. Шунинг учун ҳам биз бир йил аввал эътиборингидни шу масалага қаратяпмиз. Биз фақатгина ёзувчилар отилгани учун бундай мотам кунини белгилашни тавсия этаётганимиз йўқ. Яқин тарихимизга синчиклаб разм солайлик: қулоқ сифатида сургун қилинганларнинг канчаси Ватан ҳажрида узоқларда вафот этди? Қанча одам беайб қамалди, отилди? Қанча бўз йигитларимиз милтиқ отишни ўрганмаёқ урушга кириб шаҳид бўлдилар. Урушда бир миллионга яқин аскар йигитларимиз жон бердилар. Биз бу шаҳидлар руҳини ҳеч бўлмаса йилда бир марта ёдга олишимиз керакми ё йўқми? Йилойкун(календар)га бир қаранг — қизил билан белгиланган байрамларимиз кўп. Байрамнинг кўп бўлгани дуруст. Лекин одамзотда йилда бир мартагина мотам куни ҳам бўлиши керак эмасми? Агар қулоқ тугатиш қурбонлари, репрессия қурбонлари, уруш қурбонлари, Афғон уруши ҳамда Фарғона, Қўкон, Ўш, Ўзган фожиалари қурбонларини, ҳарбийда шаҳид кетган ва шаҳид бўлаётганларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида эсласак, мотам кунларимиз байрамлардан кўпайиб кетар. Шуни назарда тутиб катта қурбонликларни бошлаб берган кунни — 5 ўктабрни танладик. Сиз, азизлар, бунга нима дейсиз? Таклифимиз бўйича мулоҳазаларингизни кутамиз.

«Ёшлик» журнали, 1991 йил, 10-сон