Сайёра Холмирзаева. Укажоним, Жаҳонгир…

Яшаш – бу эртанги кунга умид билан қарашми? Қўйилган мақсаду орзулар сари интилишми? Умр йўлларимизни, ўтган йилларимизни, қувончли ва бахтли дамларимизни ёдга олиб, шукроналик қилишми? Ҳар бир ўтаётган кунимиздан маъною юпанч излашми? Ушалмаган орзуларимиз, кимгадир айтилмай қолган, меҳрли сўзларимизнинг армоними? Кутилмаган қийинчиликлару ҳаётнинг турли зарбала­рига чидаб, енгиб ўтишми? Ҳаётнинг ҳар бир куни туҳфа, ғанимат эканлигини қадрлашми?
Укажоним, Жаҳонгир, сен оиламизда фарзандлардан кенжаси эдинг, ҳаммамиз сени болалигингдан эркалатардик, раъйингга қарардик, яхши кўрардик. Сени, киприклари узун, кўзлари катта-катта чиройли болачани, қўлдан қўймай кўтариб юрардик.
Барчамизни ғафлатда қолдириб, нега бувижоним ва адажонимнинг ёнларига боришга бунчалар шошилдинг, укажон! Ҳали ўйлаган ишларинг, эртанги кундан бизга айтган, айтмаган умидларинг, ишонч­ларинг бор эдику!
Қайси дамларни эслай, укажоним. Бундан 43 йил аввал, 1974 йилнинг 7 август куни (кучли шамол турганди ўшанда) туғилганингними, бувим, адам, мен, Жамшид сен билан опамни туғуруқхонадан чиқи­шингларда кутиб олганимиз, кейин Тинчликдаги ҳовлимизга (ўша пайтлар ёзда ҳовлида яшар эдик) борганимизними, сени болалар боғчасидан олиб келишларимними ёки илк ҳикоянг чоп этилгандаги қувончларингними?
Болалигингда якшанба кунлари ҳайвонот боғига олиб боришимизни сўрардинг. Галма-гал, баъзан адам, баъзан опам, баъзан мен бўш вақ­тимизга қараб сени у ерга етаклардик (у пайтлар ҳайвонот боғи уйимизга яқин жойда эди). Сен болалигингдан саёҳатларга чиқиб, юрт кезишни яхши кўриб вояга етдинг. Икки-уч ёшингдан бошлаб опам билан ёзги таътильда Кавказ, Қрим, Сочи, Иссиқкўл каби дам олиш масканларига борардинг. Мен ҳам, аканг Жамшид ҳам талаба эдик. Адам эса ҳар йили сизлар билан дам олишга бирга боришга ваъда берардилару, лекин яқинлашганда доимгидек ишларини (ёзаётган асарларини тўхтатишга) кўзлари қиймасди. Бувим, адам, мен ва Жамшид сизларнинг қайтишингларни интиқлик билан кутардик. Келгач эса, сен опамга ҳам гап бермай, кўрган жойларинг, нарсаларинг, бўлган воқеалар ҳақидаги таассу­ротларингни айтиб чарчамасдинг. Ҳаммамизга совғалар, ўша юртнинг бирор белгисини билдирувчи ёдгорликлар олиб келардинглар. Ўша йиллардан одат бўлиб қолган бўлса керак, улғайганингда ҳам турли совғаларни яқинларингга, дўстларингга ҳадя этишни канда қилмасдинг. Сенга ҳам ёдгорликлар, совғалар беришганда хурсанд бўлардинг. Ўз хонангда турли юртлардан келтирилган ёдгорликлар, буюмлар худди ўша мамлакат тарихи ҳақида сўзлаётгандек қаторлашиб турарди. Рус тилли боғчага борганлигинг ва рус мактабида таълим олганлигинг сабабли баъзан русча сўзларни ҳам аралаштириб гапирардинг. Кейинчалик ўзбек тилида соф, чиройли сўзлайдиган бўлдинг.
Укажоним, сенинг қўлёзмаларинг, турли йиллардаги газета, журнал ва адабий тўпламларда чоп этилган асарларинг нусхалари, ҳужжатларинг, керакли қоғозла­ринг қўлимда, ўзинг ҳаммасини йиллар давомида йиғмажилдга тўплаб юрган экансан. Вой, Жаҳонгирим-эй, булар сен учун қанчалар муҳим, қадрли бўлганлигини ва сенга қувончли, бахтли онларни инъом қилганларини биламан.
«Заря Сурхана» газетасида (1995 йил, июль) «Або­риген» номли илк ҳикоянг чоп этилганида эндигина 20 ёшда эдинг. Мана, бир неча нусхада олиб қўйган экансан. Кейинчалик, 2013 йилда бетоб ҳолингда бу ҳикоянинг яратилиши, умуман адабиёт оламига кириб кели­шинг, адам билан ижод ҳақида қи­линган суҳбатлар ҳақида «Илк қадам» номли эссенгни ёздинг. Ҳозир шу эссени қайта варақлар эканман, унда мен учун энг яқин инсонларим – адам ва сенинг сиймонг гав­даланади. «Тонг юлдузи» газетасининг бир нечта сонларида (1996 йил, июль-август) «Фақат ҳаёт абадий» номли илк қиссанг «Чақнаётган юлдуз» рукни остида сўзбоши билан чоп этилгач, адабиётшунослар, ижодкорлар, китоб­хонларнинг эътиборини тортиб, оғизга тушган эдинг. Бирин-кетин «Олтинчи ҳукм», «Ўтган кунлардан», «Овчи», «Ўлмаган жондан умид» каби ҳикояларинг газета ва журналларда чоп этилганди. Ҳали асарларинг китоб ҳолида жамланмай туриб, 1997 йилдаёқ О. Ёқубов, Шукрулло каби ижодкорларнинг, А. Мусақулов, Б. Саримсоқов каби олимларнинг сени Ёзувчилар уюшмасига қабул қилишга берган тавсияномалари сақланиб қолган. Сен эса Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлишга шошилма­динг. «Ҳали улгураман. Асосийси, ёзганларим маъқул бўляптику,” дегандинг кулиб. Асарларинг ҳам рус тилида, ҳам ўзбек тилида босиларди. Рус тилида ёзга­нинг учун уларни ўзбек тилига адам билан бирга ўтириб таржима қилардинглар.
1998 йилда Зоминда ўтказилган Ёш ижодкорлар танлов-семинарида қатнашиб, наср бўйича 1-ўринни эгаллаганингда адам билан опамнинг қан­чалар қувонганла­рини, сен билан фахрланишганини ҳамон эслайман. Сен у ерда янги дўстлар орттирдинг, ўзингни яна бир синовдан ўтказдинг. Ўзингга, келажа­гингга ишончинг янада ортди.
Ўзбекистон Ёзув­чилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Олий Адабиёт курсига 2001 йилда қабул қилиниб, 2003 йилда аъло баҳоларга тамомладинг. Мана, қўлимда дипломинг, унга берилган илова. Табриклар… Курсдошларинг Неъмат Ҳайрат, Даврон Ражаблар билан бир умрлик яқин дўстларга айландинглар. «Орзу дарахти», «Совға», «Умид», «Тўйга тўёна» каби ҳикояларинг, «Хуш, қол…» номли янги қиссанг ҳамда «Йигирма йилдан сўнг», «Сўнгги романтик» каби эсселаринг ҳам китобхонлар томонидан яхши кутиб олинди.
Ҳаётингдаги ҳамма воқеалар бир оқимда кутилганидан кўра яхшироқ, ўзинг хоҳлагандек кетаётган эди, ҳатто бир-иккита нашриётлар ўзлари китобингни чоп эттириш истагини билдиргандилар.
Шунда биз мутлақо ўйламаган, етти ухлаб тушимизга кирмаган, хаёлга ҳам келмаган воқеалар бўлиб кетдия! Сен, ҳа, сен кўзингдан шикоят қила бошла­динг, атроф бутунлай хиралашиб кетаётганини айтдинг. Бизлар аввалига ажабландик, сабабини тушунмадик, чунки болалигингдан ҳеч қачон кўзингда муаммо бўлмаган эди. Кўзингнинг хиралашиши кучаётганлиги ҳаммамизни ташвишга солганди. Адам билан опам сени энг кучли докторларга кўрсатдилар, бир неча бор операция ҳам қилдиришди. Лекин ташхис ўзгармади, кўзнинг асаб толала­рида қуриш, яъни жароҳатланиш юз берган, тикланмайди, дейишганди. Кўзнинг бу аҳволга келишига кучли толиқиш, минингит ёки мия чайқалишининг асорати сабаб қилиб кўрсатилганди. Врач­лардан иборат комиссия сени меҳнатга лаёқатсиз деб топишиб, умрбодга 2-гуруҳ ногиронлигини белгилашганди. Кўзингнинг қолган беш фоизини сақлаб қолиш учун ҳам мунтазам даволанишинг кераклигини таъкидлашган эди. Бу ўртада 2005 йилнинг 29-центабр куни оиламизнинг суянган тоғи, меҳрибон адажонимиз Шукур Холмирзаев вафот этдилар. Ҳамма нарса тамом бўлди, деб ўйладим, ҳатто мен ҳам қандай яшашни, қаердан куч олишни билмай қолдим. Ўшанда опамга қандай далда бўлишни, бу оғриқларни, қайғуларни енгиб ўтишларига қандай ёрдам бера олишимни ҳам билолмай қолгандим. А. Навоий бо­бомиз айтганларидек, «сабр этагини тутиш, барча қийинчиликларни сабр-чидам билан енгиш»дан бошқа иложимиз йўқ эди.
Дард келса, қўшалоқ келади, деб шуни айтсалар керакда. 2007 йилнинг ёзида ғира-шира қоронғида машина йўлидан ўтаётганингда машина яқинлашганини сезмай қолиб, автоҳалокатга учраганинг оиламиз учун яна битта оғир мусибат бўлди. Укажоним, омон қолганингга шукур қилдик. Бир неча ой касалхонада ётганингдан сўнг (умуртқангни опе­рация ҳам қилишганди) уйга рухсат беришди. Дои­мий массажлардан, жисмоний ҳаракатлардан сўнг, бир қўлда деворни ушлаб, иккинчи қўлда ҳасса билан туришни машқ қила бошладинг. Кетма-кет келган касалликлар, турли майда гаплар, оилавий нотинчлик сени тушкунликка тушириб юборди, ҳамма нарсага қўл силтадинг. Ҳаёт­нинг кутилмаган эврилишлари ёнида ўзингни бутунлай ожиз сездинг. Ҳаёт тугагандек туйилди – ёзмай қўйдинг. Ҳатто яқин дўстларинг сени бундай бемор ҳолда кўришларини, ачиниб қарашларини истамасдинг. Уйга ҳам энг яқинларгина келадиган бўлди. Опам ва сенга қаровчи ҳамширагина асл ҳолатингдан хабардор эдилар. Вақти келса, менга ҳам оғриқларингни билдир­гинг келмасди, сездирмасликка, ўзингни тетик, бардам тутишга ҳаракат қилардинг.
Бирин-кетин кунлар, ойлар, ҳатто йиллар ҳам ўта бошлади. Сен аста-секин шундай ҳолатда яшашга ўзингни кўниктира бошладинг, мослашишга уриндинг.
Укажоним, сенга яшашга куч берадиган ягона нарса – бу қалам тебратиш, ёзиш эҳтиёжи эканлигини айтганингда, сени руҳлантирадиган гаплар айтгандиму, ўзим эса бошқа хонага чиқиб кўзёшларимни артгандим. Шунда, эсингдами, Жаҳонгир, опамга нималар деганинг, кечагидек ёдимда турибдия. Сен: «Опа, кўчага чиққанингизда иккита қалин дафтар, иккита ручка олиб келинг. Ёзишни бошлайман. Қатори текис бўлмаслиги мумкин, майли, секин-секин машқ қиламан. Кейин ўзингиз чиройли қилиб кўчириб, менга ўқиб бера­сиз», дединг. Энди сенинг ёстиғинг ёнида қалин дафтар (ичида ручкаси билан) пайдо бўлди. Кунлар­нинг бирида «И это пройдёт» («Бу кунлар ҳам ўтиб кетар») номли эссенгни тугатганингни, ҳозир опам уни дафтардан оқ қоғозга кўчираётганларини айтганингда, овозингдаги қатъийлик, далиллик мени қувонтирганди, ўзингдан қониқиш ҳисси пайдо бўлгани шундай сезилиб турарди.
Укажонима, бир бошингга шунча нарсая. Эссени опам яна бир неча марта ўзингга ўқиб берганларидан кейин сўнгги нуқтани қўйдинг. Энди эссени рус тилидан ўзбек тилига ўгириш масаласи турарди. Бу масалани ҳал қилишни мен ўз бўйнимга олгандим. У ёқ-бу ёқдан суриштириб, шоир Муҳиддин Омон бадиий асарларнинг таржимаси билан шуғулланишини билгач, унга бериб келган эдим. Бир неча ойдан кейин эссе «Аъло кайфият» (2011) журналида чоп этилганди. Кейинги йилларда «Тумор» (2012), «Илк қадам» (2013), «Еттинчи ҳаёт» (2014) номли автобиографик эсселарни ёздинг. Асарларинг чоп этилган газета ва журналларни пайпаслаб ушлаб, хурсанд бўлдинг.
Жаҳонгир, ўзингга ҳеч қачон айтмаган эканман, энди айтаман – сен кучли инсон эдинг. Бир неча йиллар давомида кўрпа-тўшакка михла­ниб, уйдан ташқарига чиқолмай қолганингда ҳам яшашдан маъно-мазмун изладинг, ҳаётнинг берган қувончли дамларига шукроналик қилдинг, эртанги кунга режалар тузиб, умид билан қарадинг, яқинларингга ҳамдард бўлдинг, жиянларинг келажагига ишонч билан қарадинг ва уларнинг тарбиясига ижобий таъсир кўрсатдинг. Ҳаётни борича қабул қилишни ўргандинг.
Жаҳонгирим, болаларни, ёш болачаларни қанчалар яхши кўрардинг. Танишларимизнинг, қўшниларимизнинг фарзандларини уйга тўплаб, улар билан гаплашиб, ҳазиллашиб-кулишиб ўтирардинг. Улар ҳам сенга интилишарди. Лекин ўз фарзандинг сендан йироқ­да эди, дийдорига тўя олмадинг. Унга ҳам бутун умрлик армон бўлиб қолганингни йиллар ўтган сари янада ҳис қилади. Менинг икки ўғлим учун эса сен ҳам тоға, ҳам дўст, ҳам сирдош эдинг. Уларга кичкинтойлигиданоқ бўлакча меҳр билан қарардинг, умринг давомида уларнинг ўқиши, қизи­қиши, инти­лиши, тарбияси сен учун муҳим эди, улар ҳам буни қадрлардилар. Сен қанчалик яхши кўрган бўлсанг, улар ҳам сендан кам яхши кўришмас эди.
Укажоним, қалбинг кенг эди, кундалик ҳаётдаги баъзи арзимас нарсалардан хафа бўлганимни эшитиб, менга суянч бўлардинг, кўнглимни кўтарар­динг. Мен ҳар гал борганимда, овозимни эшитишинг билан ётган жойингдан сўрашишни бошлардинг. Мен эса шоша-шоша янгиликларни гапириб кетардим. Сен ҳам шуни пойлаб тургандек, жиддий тинглардинг. Опам хонтахтани турли егуликлар билан тўлдириб ташлардилар, кейин ўтириб чой ичардик. Баъзан ҳазилла­шиб, «Зериккан пайтла­римда мени ҳамма гапимни сўзсиз тинглайдиган, эътироз билдирмайдиган, фикримга доим қўшиладиган айиқчам бор», – деб қўяр­динг. Дарҳақиқат, кулранг айиқча каравотингнинг бўш жойини эгаллаб, сенга қараб ўтирарди.
Уйнинг тўрида сенинг энг бахтли дамларингдан хотира бўлиб дўстинг, рассом Абдужаббор Эрме­миновнинг «Жаҳонгир» номли портрети осиғлиқ турарди, энди шу портретдан ҳаммамизга қараб, кузатиб турибсана…
Асарларинг матбуотда чиқа бошлагач, таниш-билишлар, дўстларинг, адам­нинг шогирд­лари қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрайдиган, эсселаринг ҳақида фикр билдирадиган бўлишди. Улар­нинг уйга ҳам келиб туришларидан, ада­биёт, санъат ҳақида, умуман, турли мавзуларда суҳбатлашиб ўтиришларидан қувонар­динг, нафақат қувонар­динг, балки бир неча кун кўтаринки кайфиятда бўлардинг.
Классик кинолар (овозини эши­тардинг), қўшиқу мусиқалар­нинг, бадиий асарларнинг дискларини сотиб олдирар эди­нг. Умуман, мусиқаларни, қўшиқларни тинглашни яхши кўриш ҳаммамизга хос, шекилли, биласанку, адам ҳам қўшиқ тинглашни ёқтирардилар, баъзан қўшилишиб хиргойи ҳам қилардилар. Мен ҳам яхши қўшиқларни тинглаб, роҳатланаман, қайсидир маънода улардан малҳам излайман. Сен ҳам ўринда ётганча, ёд бўлиб кетган қўшиқларни қайта-қайта тинглаб ўйга толардинг. Нималар ҳақида ўйлардинг, укажоним, қўшиқлар қай кунларингни ё­дингга солардиа?
Жаҳонгирим, куни кеча қабрингга бориб бир даста оппоқ гул қўйиб келдим. Қарагина, қайси гулларни яхши кўри­шингни билмас эканман. Чунки шу пайтгача сен менга гуллар совға қилардинг, ҳатто сўнгги йилларда ҳам байрам ва туғилган кунларимда курьер орқали юборардинг. Мен эса сенга қўнғи­роқ қилиб, гулларни кел­тиришганини айтиб миннатдор­лик билдирардим.
Дўрмондаги дала-ҳовли­миздан хабар олгани борар эканман, Ёзувчилар боғининг ёнидан ўтиб кетаётиб, шу ерда сен илк бора, 21 ёшингда Гулчеҳрани учратганинг, бахтиёр дамларни бошдан ўтказганингни эслайман. Бор овозимни тўлдириб, «Жаҳонгир», деб бақиргим келади. Лекин ҳар қанча бақирмай, ҳеч ким кўринмайди, ҳеч қандай садо чиқмайди…
Қўлимда сенинг дафтарга ёза бошлаган иккита чала ҳикоянг. Бири «Узбек», иккинчиси «Когда засыпают ангелы» деб номланган. Укажоним, ётган жойингда секин каравотингга ўтириб: «Опа, мен ёзувчимана, ҳали кўп асарлар ёзамана», – дер эдинг. Ёзувчилар уюшмаси китобингни чоп этишига бош-қош бўлаётгани ҳамда уюшмага аъзо қилишни ҳам тезлатиш ниятида эканликлари ҳаммамиз учун орзиқиб кутилган хабар эди.
Шунда, эсингдами, укажоним, китобингни қандай номлашни муҳокама қилгандик. Сен ўйлаб кўриб, адам, буюк рассом Р. Чориев ва ўзинг билан боғлиқ воқеалар тасвирланган «Сўнгги романтик» номли асарингнинг қўйишни таклиф қилган эдинг. Бу гап опамга ҳам, менга ҳам маъқул келганди. Кейин бир нечта суратларингни китоб учун танлаб олган эдик. Китобнинг би­ринчи корректураси ўқилаётганини нашриёт таҳририятидан қўнғироқ қилиб айтишганда, сен тез кунларда китобингни қўлингга олишни кўз олдингга келтиргандинг. Туғилган кунинг арафасида китобинг чоп этилиши сен учун энг катта совға бўларди. Биз туғилган кунингга кимларни таклиф этишимиз, қандай ташкил қилишимиз ҳақида бирга ўтириб фикрлашган эдик.
Ҳеч қандай тўсиқ йўқдек эди… Лекин бир кун келиб кундалик муолажалар ҳам ёрдам бериши қийинлигини, соғли­гинг ёмонлашаётганини сезардинг. Шунинг учун нималарнидир тезроқ бажаришга, улгуришга ҳаракат қилардинга, укажоним.
Эртага нима бўлиши бандасига маълум эмас экан. 19 июль куни докторни уйга чақирганимизда, сени текшириб кўргач, «иситмасини туширсак бўлди, ёш экан, тузалиб кетади, ҳар куни келиб ўзим хабар оламан», деди.
Биз ҳам ўғлим Жавлонбек билан кечқурун сен уйқуга кетгач, ўз уйимизга кетишга отлангандик. Кетмасимдан олдин секин бошинг­ни кўтариб, сенга совуқ чой ичир­дим, чиройли сочла­рингни, қўлла­рингни силаб қўйдим, «эртага эрталаб вақтлироқ келамиз», де­дим. Сен «яхши» дегандек, бош ирғадинг ва кўзингни юмдинг. Эй укажонима, жонима, бу сўнгги хайрлашув эканлигини қайдан билайин?!
Жаҳонгиржон, Оллоҳ менга қанча умр ажратган, билмайман – ўзига маълум. Аммо бир нарсани аниқ биламан, сенинг қўлёзмаларинг, сен учун муҳим бўлган буюмлар, суратларинг адамнинг архивлари қаторида сақланади ва бир куни келиб адамнинг уй-музейларидан жой олади.

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 2-сон