Амeрикага ҳиндулар қаeрдан кeлишган?

Американинг илк аҳолиси бу заминга жуда олис замонларда келган бўлиб, биз улар тарихини яқинроқдан ўрганишга қанча ҳаракат қилмайлик, барибир аниқ бир санани таъкидлаш мушкул. Аммо аксарият тадқиқотчилар, бу ерда кечган воқеалар қуйидагича юз берганлигини тахмин қиладилар.

Тахминан 12 000 йиллар аввал бир гуруҳ пиёда овчилар кийик ва буғулар подаси орқасидан шу пайтгача ҳеч кимга номаълум бўлган ерларга келиб қолишган. Бу ерлар ҳозирги Шарқий Сибир ҳудудида жойлашган эди. Чукоткага етиб олишгач, овчилар Осиёни Шимолий Америкадан ажратиб турувчи, ҳозирда рус денгизчиси Беринг номи билан аталувчи тор бўғозни кесиб ўтишга муваффақ бўлганлар.

Кейинги минг йилликлар мобайнида уларнинг ортидан яна бошқа кўплаб кўчманчилар ҳам эргашганлар. Улар бу олис саёҳатчиларга номаълум ва сирли заминга кичик-кичик гуруҳлар, ҳатто оила-оила бўлиб йўл олганлар. Шунинг учун ҳам, барчасидан қатъи назар, улар айнан бир ҳудуддан чиқишган ва қачонлардир айнан бир халққа мансуб кишилар эдилар. Аммо орадан ўнлаб асрлар ўтгач, улар орасидаги масофа узоқлашиб борди. Турли гуруҳларнинг аъзолари, секин-аста қабилаларга айландилар, бора-бора улар тил жиҳатидан, ташқи кўринишидан, урф-одатларидан бир-бирларидан фарқланиб бордилар, зеро уларнинг ҳар бири ҳар турли шароитларда жойлашишган эди.

Бироқ, шундай бўлсада, ташқи томондан улар учун умумий бўлган жиҳатлар ҳам бор эди, масалан: тим қора ғайир сочлар, олдга туртиб чиқиб турувчи яноқлар, қийиқ кўзлар уларнинг ҳаммаси учун хос эди. Уларнинг барчасининг таналари қорамтир тусда бўлсада, бир-бирларидан фарқланиб турарди. Уларнинг айрим қабилалари тана ранги бироз қизғишроқ бўлганлиги сабабли европаликлар уларни кўпинча қизил танлилар деб аташган.

Бу қабилалар вакилларининг жанг қуроллари ҳам меҳнат қуроллари ҳам деярли бир хилда эди, фақат уларнинг ясалиши, тайёрланадиган хом ашёси истиқомат жойларидаги имкониятларига кўра фарқланарди, холос.

Қабилалар ўртасидаги фарқлар фақат улар яшайдиган шарт-шароитлар туфайли юзага келган эди. Умуман олганда Шимолий Американинг қадимги аҳолисининг жойлашиш марказларини асосан беш қисмга ажратиб кўрсатиш мумкин: шимоли-ғарбий соҳиллар, Калифорния ҳудуди, жануби-ғарб, шарқий ўрмонлар ва прерия — даштликлари. Бу жойларда ўрнашган қабилалар бир-бирларидан кескин фарқ қилишган, бироқ европаликлар учун уларнинг ҳаммаси бирдек ҳиндулар деб ҳисобланаверган.