Ортиқбой Абдуллаев. Қимирлаган қир ошар (1990)

Биз дорилфунунга янги келган кезларимизда Шукур Холмирзаев юқори курсда ўқиса-да, тилга тушган ёзувчи эди. Кўпинча кўча-кўйда Абдулла Орипов билан ўзаро қизғин гаплашиб, баҳслашиб юрганини кўрардик ва ҳар иккисига бирдек ҳавас билан қарардик. Уларнинг «Гулхан», «Ленин учқуни»да босилган ҳар бир асарини — шеъри ёки ҳикоясини ўзимизча эринмай таҳлил қилардик, келажаги аён кўриниб турган бу ёш ижодкорлар билан бир билим даргоҳида таҳсил олаётганимиздан фахрланиб, ҳатто «мақтаниб» ҳам қўярдик.

Шу йилларда дорилфунуннинг ҳозирги таниқли домлалари — Озод акаю Лазиз акалар ҳам анчагина навқирон эдилар. Шу сабабдан бўлса керак, адабиёт тўгарагидаги турли машғулотлар (уни таниқли олим Матёқуб Қўшжонов бошқарарди) жуда жонли, эсда қоладиган қандайдир бир кўтаринки руҳда ўтарди. Муҳокамаларда Шукур ака албатта гапирарди, ўз нуқтаи назарини жуда берилиб, куюнчаклик билан қаттиқ ҳимоя қиларди (ҳозир Шукур ака гапнинг «бўлари»ни айтишни яхши кўради. Табиатидаги Бойсун тоғларида туғилган чўрткесарлик, дангалчилик ана шу пайтлардаги жиддий баҳсларда шаклланиб, камолга етган бўлса керак). Биз ўша ғалати даврларда ийманиб, томошабин бўлиб ўтирсак-да, Шукур аканинг келажакда катта ёзувчи бўлишига астойдил ишонардик.

Истеъдод ва меҳнат эгизак экан. «Қимирлаган қир ошар» деганларидек, бир вақтлар табиат ҳақида болаларга кичик-кичик ҳикоялар, лавҳалар ёзиб юрган Шукур ака кўз ўнгимизда элнинг суюкли адибларидан бирига айланди. Айтишгагина осон бўлган бу гап замирида йиллар бўйи ҳузур-ҳаловатдан кечиб қилинадиган оғир меҳнатлар, тинимсиз изланишлар, руҳий изтироблар, одамлар, замин, жамият, Ватан ҳақидаги оғриқ ва дардларга тўла теран ўйлар, ўзига хос мушоҳадалар ётибди.

Шукур ака эллик ёшга тўлган бугунги кунда ўттиз йил ичида ёзган асарларини хаёлан кўздан кечирсак, унинг ҳикоядан ҳикояга қай тарзда ўсиб, камолот чўққисига интилиб ва уни забт этиш йўлида нақадар катта қийинчиликларни енгиб бораётганини яққол сезамиз. Ёзувчи илк ҳикояларида холис тасвирни яхши кўрарди (шу туфайли баъзан тенгдошлари ҳазиллашиб уни ўзбекларнинг Шолохови деб аташарди). Қаҳрамоннинг барча хатти-ҳаракатлари, қилиқлари, гап-сўзларини четда туриб кўрсатарди, воқеа-ҳодисаларга аралашмасди. Уларда деярли бир хил ижодий услуб етакчилик қиларди («Ёввойи гул», «Кечаги кун кеча», «Баҳор ўтди» каби ҳикояларини эсланг). Ҳозир эса адибнинг ижодий қиёфаси анча ўзгарган, услубида хилма-хил, ранг-баранг бўёқлар, оҳанглар товланади. «Кимсасиз ҳовли» ҳикояси аввалгидек шафқатсиз реалистик усулда битилган бўлса, «Ҳайкал», «Хумор», «Йиғи», «Ўзбек характери» сингари кейинги йилларда битилган ҳикояларда бутунлай бошқа манзарани кўрамиз. Ёзувчининг ўзи таъкидлаганидек, энди уларда «қаҳрамонларнинг ўзлари гапиради, яъни ҳикоя қилишади». Бу қаҳрамонларнинг ҳар бири ўзига хос бетакрор оҳангда сўзлайди, ўзининг кимлигини, савиясини, дунёқарашини, не дард билан яшаётганини, ички оламини ўз нутқи орқали «мана ман» деб очиб беради. Бу ҳикоялар жуда содда, равон, енгил ўқилади. Коса тагида ним коса деганларидек, бу қаҳрамонлар аксари ўз сўзи билан ўзини фош этадилар («Хумор», «Ҳайкал» ҳикояларидаги каби). Бундай усулда тасвирлаш, бир-бирини такрорламайдиган хилма-хил одамлар қиёфасини фақат сўзлатиш орқали жонли гавдалантириш эса фақат айтишгагина осон. Тўғри, бундай услуб адабиётимизда аввалдан мавжуд. Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор каби моҳир санъаткорлар ижодида бундай усул кўп қўлланган. Шукур Холмирзаев бу ҳаётий анъанани муваффақиятли давом эттириб, янги мазмун билан бойитиб бораётгани қувонарлидир.

«Ҳайкал» ҳикоясининг қаҳрамони Сталин даврининг садоқатли одамларидан бири — Кимсанбой. У бузилаётган доҳийнинг ҳайкалини талашиб-тортишиб сақлаб қолади ва ўз ҳовлисига ўрнатиб қўяди. Унинг Сталинга эътиқоди жуда зўр. Ёзувчи бу қайсар, бир сўзли, аммо саводсиз, дўлвор одамнинг ички дунёсини, фожиасини маҳорат билан кўз ўнгимизда намоён этади. Бу киши ҳаётимизда ҳар қадамда учраб турадиган, ҳозир ҳам кўкрагига муштлаб, ҳеч кимга гап бермайдиган сталинизм тарафдорларининг жонли тимсоли. Улар даврдан орқада қолган, давр руҳини чуқур ҳис қилмайдиган, шу жиҳати билан ҳатто хавфли кимсалардир. Мана, қаҳрамон нутқидан бир парча ўқиб кўрайлик:

«Кўз олдим қоп-қоронғи бўлиб қолди. Ҳайкалнинг орқасига қандай қилиб ўтганимни билмайман. Каллага энгашган эдим, болға яна гурсиллади. Шартта изимга қайтдим. Қулмуҳаммад доҳийнинг мана шу ерига — кўкрагига урипти,

— Э, баққа бер-э, энангди… — деб болғани тортиб олдим. Қулмуҳаммаднинг башарасига шапалоқлаб солиб юбордим. Кейин болғани Бўтаевга тутдим. — Олинг! Мени уринг!.. Мен розиман! — Йиғлаб юборибман. — Шу одамни деб қон тўкканман, кантужин бўлганман. Ҳалиям биқинда асколка бор!

Одамлар келиб мени ушлашди. Унга сари жаҳлим чиқиб кетди.

— Бу одам юртни ўйлаганда, сен қайда эдинг?! Э, жўжахўроз политик!? — Оғзимдан у кирди, бу чиқди, эсим ҳам жойида эмас шекилли. — Ахир, ахир… Бу одам доҳи-ку? — деб бақирдим. — Кеча «Яшасин!» деб юрган эдинг… Ҳе, ҳароми! — деб Қулмуҳаммадниям сўкиб кетдим. Урушга «За Сталин!» деб кирган ким эди? Курский дуга эсингдами, иплос? Сен салкам пашист экансан-ку?!

Бу тасвирдаги нутқнинг табиийлиги, жонлилиги, ёрқинлиги кишининг ҳавасини келтиради. Ёзувчи ҳамон эски услубига содиқ: энди қаҳрамоннинг сўзлаш тарзига аралашмайди, уни гапиртириб, ўз сўзи билан фош этишда изчил туради.

Илгарилари бирон ёзувчи яратган қаҳрамон ҳақида гап кетса, албатта унинг замонавийлигига, фаолият кишиси, яратувчи, бунёдкорлигига асосий урғу қаратилар эди. Бу жиҳатдан қараганимизда Шукур аканинг қаҳрамонлари фидойи чўлқувару, донгдор пахтакорлар эмас. Уларнинг ҳаммаси оддий, камсуқум, ҳатто кўз-кўз қилиб мақтанишга арзийдиган фазилати ҳам йўқ. Аммо улар ўз юртига, она заминга, одамларга нисбатан баланд меҳр билан яшайдиган ҳалол, мард, олижаноб кишилардир. Бу ҳақда махсус бир мақолада алоҳида гапирган маъқул. Шунинг учун биргина мисол келтириш билан кифояланамиз.

«Қария» ҳикоясидаги Қўзивой чолнинг ҳеч кими йўқ. У ҳалол ишлаб, кечгача бозор супуриб, турли майда-чуйда ишларни бажариб, не азоб билан топган пулидан минг сўм орттириб, «ўлимлигимга ишлатасан», деб дўсти Қобил қассобга бериб қўяди. Вақт ўтиб, қария касал бўлиб қолади, қўни-қўшнилар ундан хабар олиб туришади, аммо Қобил қассоб ҳол сўраб келмайди. Ҳатто ўша минг сўмдан тониб ҳам кетади. Бу пасткаш одамнинг тубан маънавий дунёси ҳам ўз сўзлари воситасида очилади: «Бунда пул бўладими, ўзи ўн тийинга зорку?! — бақирди қассоб. — Жинни бўпти бу… Олибсотар! Гувоҳинг борми? Асти бировга яхшилик қилма экан… Ҳеч кими йўқ, дўконга чақирардим, чой қуйиб берардим! Мана, товон тўла, деб турибди… Кетмайди! Ҳақиқат бор!» Кўз олдимизда икки хил одам, икки хил қиёфа. Ёзувчи уларнинг ички дунёсини худди ойнада кўрингандек яққол акслантириб беради. Хулосани эса ўқувчининг ўзи чиқаради. Ҳикояда ҳаётнинг кичик бир парчаси ҳаққоний, таъсирли чизилган.

Гап ҳаққонийлик, ҳалолликка тақалган экан, Шукур аканинг ижодидаги ана шу фазилатга алоҳида тўхталишга тўгри келади. У ижодий ишга, ёзувчилик санъатига жуда катта масъулият билан қарайди, худди заргардек эринмай, меҳр қўйиб ёзади, ҳар бир сўзга жило беради, ҳар бир тасвир, ҳар бир тафсилот аниқ ва бўртиб туриши учун кучини, меҳнатини аямайди. Ундаги ёзувчилик нигоҳи, санъаткорлик шу нуқтада айниқса яққол намоён бўлади.

Шукур аканинг нозик таъби, талабчанлигига иккимиз ҳамкорликда «Билиб ёзган яхши» мақоласи устида ишлаш жараёнида яна бир карра тан берганман.

Шукур аканинг ҳалол ёзувчи эканини «Йиғи» ҳикояси жуда яхши исботлаб беради. Афғонистондаги ўн йиллик шафқатсиз уруш ўзбек халқининг ҳам юрагига мусибат бўлиб чўкди. Аммо ҳали ёзувчиларимиз бу урушнинг асл сабабларини, бутун даҳшатию маънавий оқибатларини очиб беришгани йўқ. Рус ёзувчилари орасида бунга энди-энди уринишлар бўлаяпти. Шукур ака бу мавзуда биттагина кичик ҳикоя ёзса-да, эълон қилинмаган мазкур урушга ўзига хос тарзда ёндашиб, ҳақиқатни баралла айта олди. Ҳикоя қаҳрамони ўзбек йигити тунда душманлар билан бирга қўлга олинган афғон болани (у ҳам ўзбек, аввалдан уларга таниш, ҳарбий қисмга келиб, кўмаклашиб юрган) отиб ташлайди. Кейин ўзига ташланган боланинг итини ҳам. Бунга гўё боланинг ўзи сабабчидек. Аслида-чи? Унинг ўлимига боланинг «Сизлар босқинчи, нега бизнинг юртга келдинглар? Тинчгина яшаётган эдик…» деган рост сўзлари сабаб бўлади. Ёзувчи бу ўринда ҳам хулосани ўқувчи ҳукмига ҳавола қилади. Ким ҳақ, ким ноҳақ, бизнинг хорижда олиб бораётган сиёсатимиз тўғрими, нотўғрими — буларнинг ҳеч бири ҳақида бирон оғиз сўз айтилмайди. Қаҳрамонларнинг гап-сўзлари, маънавий қиёфаси, хатти-ҳаракатларига баҳо бериш, ҳақиқатнинг тагига етиб олиш китобхоннинг виждонига ҳавола…

Мана шундай холис ва ҳалол нигоҳ Шукур аканинг «Қора камар» драмаси воқеаларига ҳам хосдир. Ёзувчи унда шу пайтгача фақат сўкиб, қоралаб келганимиз босмачилик ҳаракати ҳақида ўз гапини айта олди. Хуррамбек сингари кишиларнинг нияти, эътиқоди фақат юртни талаш, бойлик орттириш эмас, аксинча, маълум маслакка интилишдан иборат эканлиги драмада чуқур очиб берилган. Улар ҳам Ватан тақдири учун курашадилар, сиёсий мустақиллик, эркинликни ўзларича талқин қиладилар. Қизиллар ҳам. Хўш, бу алғов-далғов курашларда ким ҳақ эди, кимнинг йўли тўғри, умри боқий эди? Биз шунча тўкилган қонлар, беҳисоб қурбонлар эвазига нимага эришдик? Ҳали кўп авлодларни қийнайдиган бундай аччиқ саволлар драма асосида тайёрланган спектаклни кўраётган пайтимизда ҳам, томошадан кейин ҳам, қалбимизни узоқ вақт ўртайди. Бу асар учун Шукур Холмирзаев ҳақли равишда Ҳамза номидаги жумҳурият давлат мукофотига сазовор бўлди.

Ёзувчи кам ёзса ҳам, самарали, баракали ижод этмоқда. Бунга унинг ўнлаб ҳикоя ва қисса, эссе китоблари, «Сўнгги бекат», «Қилкўприк», «Йўловчи» романлари, драмалари гувоҳлик беради.

Шукур ака эллик ёшга — ижоднинг навқирон палласига етди. Суяги меҳнатда қотган ижодкорга юксак марраларга кўтарилиш насиб этади, деб ишонамиз.

Ортиқбой Абдуллаев, Филология фанлари номзоди.

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 7-сон