Умарали Норматов. Сержило кулги (1991)

Абдулла Қодирийнинг ҳажвий мероси ҳанузгача тўлалигича йиғилган, атрофлича ўрганилган эмас.

Адибнинг ҳажвий истеъдоди 20-йилларда тўлароқ намоён бўлган. Ёзувчи ўша кезлари бизда «ўткир кулги ижодчилари йўқлигидан», «бу кунги ҳажвиётимизда кескинлик» етишмаётганлигидан афсусланади. «Бироқ яхши хусусиятимиз шундаки, ҳар замон жамиятнинг қитиғини излаймиз, излашдан чарчамаймиз ва ўтириб ҳам қолмаймиз», дея ўзига таскин беради: янги инқилобий ҳажвчилик «ёшлиги жиҳатидан дағаллиги, қўполлиги ва камчилиги бўлиши ҳам табиий» эканини эътироф этади.

Дарҳақиқат, ўтган асрда Гулханий, Муқимий сингари ҳажвчиларни берган ўзбек адабиётида асримизнинг дастлабки йигирма йили давомида ёрқин ҳажвий истеъдодларни, баркамол ҳажвий асарларни деярли кўрмаймиз. Агар инқилобдан бурунги ҳажв кўпроқ тараққийпарвар адиблар қўлида маърифатпарварлик — жадидчилик ғояларини тарғиб этишга, «қолоқ удумлар»ни қоралашга хизмат қилган бўлса, инқилобдан кейин янги ҳукмрон инқилобий мафкуранинг «ўткир қуроли»га айланди; эски тузумни, унинг маънавий асосларини, эски жамият устунлари бўлмиш мансабдор, бой ва руҳонийларни қаҳру ғазаб билан қоралаш, савалашга тушди. Бу даврда яратилган аксари ҳажвий асарларда қаҳру ғазаб, қоралаш, фош этиш бор-у, чинакам санъат асарига, чин маънодаги реалистик ҳажвиётга хос, Қодирий ибораси билан айтганда, «характер кулгиси», ҳаётнинг, турмуш ҳодисаларининг холис ва теран таҳлили йўқ. Қодирийнинг кўплаб ҳажвиялари ҳам бундай камчиликлардан холи эмас. Айни пайда, 1915 йилда битилган «Улоқда» ҳикоясидан бошлаб ёзувчи ижодига кулгининг хилма-хил товланишлари — енгил ҳазил, нимтабассум, киноя-кесатиқ, пичинг йўллари билан халқ турмуши манзараларини холис туриб чизиш, персонажлар қисмати ва табиати моҳиятини очиш майллари кўзга ташлана бошлаган эди. Бу жиҳатдан «Отам ва большевик», «Тинч иш», «Бечора Розиқбой ака», «Маслаку мақсаддан шаммаъи изҳор» каби асарлари ажралиб туради. 20-йиллар миёнасида яратилган «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» қиссалари янги инқилобий ҳажвиётимизнинг жиддий ютуғи бўлди. Бу асарларда ёзувчи кулгиси чиндан ҳам «характер кулгиси» даражасига кўтарилди, муаллиф энди ҳаётдаги, одамлар табиатидаги муайян салбий ҳодисаларни соф мафкуравий мавқеда туриб нуқул бирёқлама қоралаш, фош этиш йўлидан бормай, характер ва ҳодисаларни бутун мурккаблиги, зиддиятлари билан кўрсатишга жазм этади. Ҳа, Қодирий буюк сўз усталарига хос реалистик тасвирнинг сеҳрли қудратини кўрсатди, ҳаттоки ҳажвий персонажлар талқинида ҳам бир хилдаги ранг, оҳанглардан қочиб бўёқларнинг ранг-баранг жилоларини намоён этди. Бундай фазилат «Ўтган кунлар» романидаги Ўзбек ойим, «Меҳробдан чаён»даги Солиҳ маҳдум, «Обид кетмон»даги Хатиб домла, мулла Муҳсин образлари ифодасида яна ҳам сайқал топган. Мазкур сиймолар жаҳон адабиётидаги ҳажвий характерларнинг энг мумтоз намуналари қаторидан ўрин олишга ҳақли.

Қодирийга, Қодирий ижодига жоҳилларча муносабат айни унинг ҳажвий асарларини нотўғри тушуниш, талқин этишдан бошланди: чунончи, адибнинг 1926 йили «Муштум»да босилган «Йиғинди гаплар» ҳажвиясидаги жумҳурият раҳбарлари ҳақида овсар бир персонаж тилидан айтилган беозор танқид, ҳазил аралаш ҳақ гап учун унга сиёсий айб қўйилиб қамоққа олинди, адиб устидан иғво, бўҳтонлар уюштирилди. Ўзбек ойим, Солиҳ маҳдум каби персонажлар ўша давр танқидчилигида, умуман ёзувчининг ютуғи сифатида нисбатан ижобий баҳоланган бўлса-да, бу хил, образлар моҳияти анчайин юзаки талқин этилди. Сўнгги пайтларда «Меҳробдан чаён», «Обид кетмон» персонажлари теварагидаги айрим баҳслар, янгича изланишлар жараёнида фақат мазкур асарлар персонажларигина эмас, умуман Қодирий ижодидаги ҳажвий характерларнинг адабиётшуносликдаги талқини кескин танқидга, қайта кўриб чиқишга муҳтож экани маълум бўлиб қолди. Шуниси қизиқки, аксар тадқиқотчилар «Меҳробдан чаён»даги Солиҳ махдумни салбий тип, қабоҳатлар тимсоли тарзида баҳолайдилар, ўз даъволарини романдан олинган далиллар асосида исботлашга ҳаракат қиладилар. Танқидчи Азим Раҳимов «Солиҳ махдумда нима айб?» мақоласида («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», 1980 йил 3 август) эса бу шахс устига қўйилган айбларни рад этишга, ҳар боб билан уни оқлашга — реабилитация қилишга тиришади, махдумнинг «ижобий ишлари»ни, «инсоний фазилатлари»ни тасдиқлайдиган далиллар келтиришга уринади. Ёш адабиётшунос Муртазо Қаршибоев «Солиҳ махдум фариштами?» мақоласида («Ўзбекистон адабиёти ва саньати», 1990 йил 2 ноябрь) эса ислом мафкураси нуқтаи назаридан келиб чиқиб А. Раҳимов даъвосига эътироз билдиради. Солиҳ махдумни ўта салбий кимса сифатида қоралайди. У ҳам романдан ўз қарашларини тасдиқлайдиган талай далилларни топишга эришади. Эҳтимол, яна бир тадқиқотчи мазкур образга бошқа томондан ёндашиши, ўз қараши исботи учун янги далиллар топиши мумкин. Хўш, нега шундай? Гап шундаки, адиб бу образ тасвирида реализмнинг энг мўътабар мезонларига амал қилган, ўзининг шахсий майллари, мафкуравий мақсадларидан юксакроқ турган; бу шахс ёзувчининг хоҳиш-иродаси билан эмас, ўз ички мантиқи асосида объектив шароит, вазият тақозосига кўра ҳаракат қилади, Аллоҳ инъом этган зуваласидаги мавжуд табиий хусусиятларни ошкор этади. Характер ва ҳаракат мантиғига кўра, менингча, Солиҳ махдум асардаги икки қутб — «номарғуб-манфий қаҳрамонлар» ёки «марғуб қаҳрамонлар» тоифасига ҳам кирмайди. У икки ўт орасида қолган, табиатидаги ожиз майлларнинг қулига айланиб, шайтон васвасасига учиб, вазият, шароит ҳукмига бўйсуниб ҳам аянчли, ҳам кулгили аҳволга тушиб қолган шўрлик бир банда. Дарҳақиқат, унда қатор ижобий фазилартлар бор, бироқ улар ўқувчида ўзига нисбатан жозиба, меҳр уйғотишга тўла қодир эмас; унда кўп ярамас одатлар бор, бу ҳол эса, негадир, унга нисбатан сизда кескин бир нафрат ҳам туғдирмайди: кўп ўринларда, хусусан, пировардида унинг аянчли ҳолига сиз ҳеч қачон астойдил ҳамдам бўлолмайсиз. Ёзувчи халқ кулгисининг ғоят хилма-хил жилоларини ишга солиб махдум табиатининг жамики қирраларини кўрсатади. Мазкур образ туб моҳиятини мана шу ифодалар ранг-баранглигини назарда тутмай туриб очиш, тагига етиш мушкул; фақат бир ёки икки жиҳати билангина у ҳақда узил-кесил ҳукм чиқараман деган киши, шубҳасиз, янглишади.

Шундай бирёқламалик адибнинг «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» каби асарлари талқинида ҳам кўзга ташланади. И. Султон ўзининг «Абдулла Қодирий» тадқиқотида биринчилардан бўлиб бу икки асарни анча кенг таҳлил этган, уларнинг асосий руҳи «ижтимоий ҳаётнинг ҳамма соҳаларида, айниқса кишиларнинг онгида» сақланиб қолаётган эскилик қолдиқларига, эксплуататор синфлар идеологияси саналмиш динга, «фақат капитализм сарқитларигагина эмас, феодализм қолдиқларига қарши кураш»дан иборат эканлигини айтади. Бугина эмас. Олимнинг фикрича, «Абдулла Қодирий салбий характерларни тасвирлаш орқали ижобий ҳодисаларни тасдиқ этади», «ёзувчи совет давридаги ижобий ҳодисаларни шу ҳаётда эскилик сарқити бўлган салбий персонажлар орқали тасвир этади» (И. Султон. Тўрт жилдлик, 11-жилд, 345-бет).

«Ўзбек совет адабиёти тарихи»да (1-жилд, 1968) ҳам, «Калвак махзум…» билан «Тошпўлат тажанг…» асосан феодал ўтмишнинг кишилар онгидаги сарқитларини фош этувчи асарлар сифатида қаралади. «Ёзувчи бу асарларда, — дейилади ўша китобда, — ўтмиш сарқитлари, руҳонийлар ва текинхўр такасалтангларни қаттиқ танқид қилади, уларнинг янги ҳаёт қуришимизга кўрсатаётган қаршиликларини очиб ташлайди» (71-бет.) Бу асарлардаги етакчи персонажлар моҳияти одатдаги қарашлар доирасида шарҳланади. Чунончи, Махзум — реакцион руҳоний, эски тузумнинг кўпгина ярамас томонларини ўзида мужассамлаштирган, у янги тузум афзалликларини тушунишдан жуда узоқ кимса (262-бет). Калвак махзум ўтмишига оид тасвир маъноси шундай изоҳланади: «Таржимаи ҳол» билан танишар эканмиз, ички дунёси чирик, ташқи дунёси кулгилик калвак Махзумгина эмас, балки бундай тубан тушунчали бузуқ ахлоқли кишиларни етиштирган ўтмиш жамият, қолоқ ижтимоий тузум иллатлари ҳам кўз ўнгимизда намоён бўлади« (264-бет). Махзумнинг шўро давридаги саргузаштларига оид тасвир маъносининг «Тарих»даги талқини эса мана бундай: «Октябрь социалистик революциясидан кейинги янги тарихий шароитда — Калвак Махзум каби кишилар тоифасининг илдизига болта урилган бир вақтда — реакцион руҳоний уламолар дарғазаб бўлдилар, прогрессив кишиларга қарши ғийбат ва бўҳтонларни ёғдирдилар». (264-бет). «Тарихида «Тошпўлат тажанг» хусусида мухтасар қилиб у «ўтмишдаги қолоқ ижтимоий тузумнинг ярамас сарқитларидан қутила олмаган тубан кишиларнинг типик бир вакили» дейилади (261-бет). А. Алиев «Абдулла Қодирий» китобида «Калвак большевикларнинг, янгича кишилар ва янгича тартибларнинг ашаддий душмани», «калваклар гуруҳи совет замонасидаги энг реакцион элементлардан бири» (67-бет); Тошпўлат эса «бекорчилик орқасида текинхўрликка ўрганиб, янги ҳаётдаги ҳамма нарсага нафрат билан қарайдиган бебурд чапани» деб ёзади (62-бет). Азим Раҳимов «Солиҳ махдумда нима айб?» мақоласида яна ҳам кескинроқ қилиб «Калвак махзум жоҳил ва нотавон, жисмоний ва маънавий мажруҳ бир шахс», «унда қизғин фаолият учун куч ҳам, билим ҳам, қобилият ҳам йўқ», «ўта кетган худбин, ақли кўтоҳ бир нодон», «юз бераётган катта ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга тор манфаатпарастлик доирасидан қарайди», «у жамият тараққиёти томонидан четга улоқтириб ташланган жирканч кимса» дейди. Ниҳоят, энг кейинги манбалардан бири «Ўзбек совет адабиёти тарихи» дарслигида ҳар икки асардаги асосий гап эскини, салбийни инкор этиб, фош қилиб янгининг улуғвор, ҳаётий, пўртанавор одимларини тасдиқлашда ва олқишлашда» экани таъкидланади (32-бет).

Мен «Калвак махзум…» ва «Тошпўлат тажанг…» ҳақидаги бу хил фикрларни бутунлай рад этмоқчи эмасман, уларда бир қадар ҳақиқат бор, албатта. Аммо ҳар икки асарнинг, улардаги етакчи персонажларнинг маъно-мазмун доираси фақат шулардангина иборат эмас.

Аввало ҳар икки асарнинг асосий руҳи ўтмишни қоралаш, феодал ўтмиш сарқитларини фош этиш, совет даври воқелигини, ҳаётдаги янгиликларни тасдиқлаш ва олқишлашдан иборат деб санаш, яъни асарларни соф мафкуравий тарафкашлик маҳсули деб қарашнинг ўзида муаяйн бирёқламалик бор. Ҳар икки асарни тадқиқ этишга киришганда ёзувчининг мазкур асарлар ва уларнинг етакчи персонажлари хусусида айтган мулоҳазаларини ҳам назарда тутмоқ даркор. Махзум ҳақида Қодирий дейди: «Калвак махзумни ўқинг: кўбдан ҳақиқий ҳаёт билан алоқаси узилган, мадраса хурофати билан мияси ғовлағон холис бир маҳалла имонини кўрасиз». Сўнгра Тошпўлат ҳақида мана бундай дейди: «Тошпўлатни ўқинг: ишсиз, бири бит, бири сирка бўлмаган ва шу фақирлик орқасида ўғрилиқ ва фахшият денгизида сузиб тажангланган холис бир чапанини кўрасиз». Эътибор беринг, адиб бош қаҳрамонлари — Махзум, Тошпўлат характерлари ирода йўналишларининг етакчи жиҳатларига ишора қиляпти, шунинг баробарида ҳар иккала шахс табиатининг бир муштарак жиҳатини — уларнинг «холис» одамлар эканини уқдиряпти. Маълумки, ҳар иккала асар ҳам ўша етакчи персонажлар тилидан ҳикоя қилинади. Табиийки, улар ҳодисаларни ўз савияси, нуқтаи-назаридан туриб баҳолайдилар. Бироқ улуғ реалист ёзувчи санъатининг сеҳри шундаки, муаллиф мадраса хурофати билан мияси ғовлаган мутаассиб руҳоний — Махзум, ишсизлик ва фақирлик орқасида эзилиб тажангланган чапани — Тошпўлат табиатига хос ажиб бир холисликни ҳам кашф этади. Бир қарашда хийла тарафкашлик билан ҳикоя қилинаётган ҳодисаларда ҳаётнинг холис, объектив манзараси гавдаланади. Ҳар икки асарни синчиклаб ўқир экансиз, уларда сиз фақат феодал ўтмишни қоралаш, эскилик сарқитларини, мутаассиб руҳоний ва тажанг-безорини фош этиш ёки шўро даври янгиликларини тасдиқлаш, олқишлашнигина эмас, айни пайтда ўтмишдан мерос қатор халқ удумларини — қандай бўлса шундайлигича, манфий ва мусбат томонлари билан кўрасиз. Махзум, Тошпўлат ва уларга яқин кишиларнинг кечмишдаги талай нохуш жиҳатлари баробарида уларнинг табиий, инсоний қувончу ташвишларига шерик тутинасиз: шўро даври воқеалари қаламга олинганда адиб нуқул етакчи персонажлар нигоҳида салбий бўлиб туюлган марғуб ҳодисаларгагина эмас, балки 20-йиллар ҳаётига, социалистик воқеликка хос бир қатор жиддий, нохуш ҳодисаларга ҳам эътиборимизни тортади. Янги инқилобий давр ривожининг мураккаб ички зиддиятларини бадиий таҳлил этади. Бу ҳол 20-30-йилларда жоҳил кимсалар даъво қилганидек, асло ёзувчининг янги жамиятга нохуш муносабати, қандайдир «ғарази», «душманлиги», «революцияга қарши хатти-ҳаракати» аломати эмас, балки виждони пок, ҳақгўй адибнинг чин фуқаролик бурчини адо этганлиги тасдиғидир.

Гапни Калвак махзумдан бошлайлик. Сир эмас, асар бошида Махзумни фош этишга уриниш хийла кучли, ёзувчи ҳар боб билан Калвакни қоралаш, масхаралашга тушади, айрим ўринларда муаллиф қаҳрамонини характер мантиғига зид хатти-ҳаракатлар қилишга мажбур этаётгандай туюлади. Чунончи, Махзумнинг ит уриштираётган болалар қилиқларидан завқланиши, ўн икки ёшли қиз болага беҳаёларча тегажоқлик қилиши, уни чапаниларча сўроққа тутиши, қизалоққа қарата: «Эмчагинг олмадек бўлиб қолибдир: ўйнашинг ҳам борми?» дейиши — булар мадраса хурофати билан мияси ғовлаган мулла одамнинг гапи эмас, бу гапларни Тошпўлат тажангга ўхшаш чапани одам айтса, унга тўла ишониш мумкин эди. Шунингдек, Махзумнинг дунёга келиш тарихи, чақалоқлик йиллари, касалликларга чалиниш воқеалари баёнида ҳам инсон шахсини таҳқирлаш, масхаралаш, бу борада меъёридан чиқиб кетиш ҳоллари учрайди. Бунинг муайян объектив сабаблари бор, албатта. Маълумки, «Калвак махзум» 1923 йили ёзила бошлаган эди. Ўша кезлари мамлакатда «феодал ўтмиш»га, «ўтмиш сарқитлари»га, жумладан, динга, диний ақидаларга, диндорларга қарши шафқатсиз кураш авж олдириб юборилган, кўплаб зиёлилар, ижодкорлар мана шу курашга сафарбар этилган эди. Қодирийдек эътиқоди бутун аллома ҳам замона зайли туфайлими, ихтиёрийми ёки шайтон васвасаси, шубҳа-гумонлар, руҳий-маънавий иккиланиш, изланишлар оқибатиданми — қандайдир сабаблар билан муайян муддат шу жангу жадалларда қатнашди, дин ва диний удумларни ёппасига қораловчи, рад этувчи асарлар ёзади. Биргина мисол: «Замонанинг зайли» мақоласида «Миллатнинг пешонасининг шўри бўлган, тўғриси, миллатнинг соф ва тоза миясини сиқиб олиб, ўрнига ҳайвон мияси ўрнаштирган оқ саллали девларни бир чуқурга тиқиб, устига маориф ва маданият асосини қурсак қандай ур-йиқит базм бўлур эди», деб ёзади.

«Калвак махзум» Қодирий худди шундай қарашлар гирдобида пайтида ёзила бошлаган. Табиийки, бу ҳол асарда, руҳоний Махзум образи талқинида ўз муҳрини қолдирган. Аммо реалист ёзувчи ўзининг ўша кезлардаги мафкуравий ақидаларидан, майлларидан юксакликка кўтарилиб, айни ўша ҳажв тиғига рўпара қилинган руҳоний Махзум, унинг шахсияти, муҳити, ўтмиши ва шўро давридаги саргузаштлари билан боғлиқ объектив ҳақиқатни ҳам айтишга, кўрсатишга муваффақ бўлган.

Ҳеч шубҳа йўқки, ота-она тилаб олган, оилада якка-ягона ўғлон — Калвакнинг ўта эркатой ўсгани, мударрис ота паноҳида мадрасада шалтоқ ишлар билан машғул бўлгани, отасининг ҳам шалтоқ ишларга алоқаси борлиги, қаллоб йўллар билан фариштадай қизга уйланиши, кўнгилсиз келинга ваҳшийларча тажовузи ва бу ишнинг нохуш оқибатлари — шу каби ўринларда ёзувчининг кулгиси ҳақиқатан ҳам заҳарханда қаҳқаҳага айланади, муаллиф қаҳрамони табиатидаги қабоҳатларни боплаб фош этади. Шулар баробарида, адиб ота билан онанинг ёлғиз фарзанд тарбияси, саломатлиги, камоли, истиқболи, бахти деб чеккан азиятларини ҳам тушуниб, юракдан ҳис этиб қалам тебратади. Бу дардчил, кўримсиз, ношуд-нотавон, калвак табиат ўғлон ота-она бошига не-не ташвишу савдоларни солмади, ахир! Хусусан ўғлининг мадрасадаги шалтоқ ишлари ошкор бўлган кезлардаги ота ҳолати, сўнгра нобоп ўғлоннинг чимилдиқда келинчакка қилган тажовузидан кейин қудалар, эл-юрт олдида шармандалик ва қўрқувдан таҳликага тушиши, яна ўша бахти қаро ўғилнинг бошини иккита қилиш йўлидаги ташвишлари — ҳажвий асар бағридан шундай тиғиз, мунгли руҳий драматик тасвирларнинг жой олиши санъатда сийрак учрайдигак ноёб ҳодиса! Шунингдек, китобхон мадраса хурофати билан мияси ғовлаган Махзумнинг ҳаётдаги бир қатор мақбул ўзгаришлар, янгиликлар, таркиб топиб бораётган янгича таомилларни ҳазм қилолмай ноқулай аҳволга тушиб қолишидан қаҳқаҳ отиб кулади; қироатхонада эркак ва аёлнинг оддий инсоний муносабатлари Махзумга фаҳш бўлиб туюлади; у қироатхонанинг одамларга текин хизмат қилиши сабабига тушунолмайди, янги илмий китобларга нафрат билан қарайди, уларни «ағдариш-тўнтариш қилуб кўчага чиқариб» ташлагиси келади; маҳаллий халқ ёшларини марказга ўқишга юборилиши унга зўравонлик бўлиб кўринади ва ҳоказо. Бундай ўринлардаги пичинг, киноя-кесатиқлар муҳим ижтимоий маъно касб этади. Аммо Махзўм қисмати, саргузаштлари ифодасида бошқа жиҳатлар ҳам мавжуд. Махзум табиати эътибори билан ҳар қанча кулгили бўлмасин, у аянчли кимса. Аввало Оллоҳнинг ўзи унинг бахтини кемтик қилиб яратган, болалиги дарду ташвишлар билан ўтган, вояга етиб уйланганида илк қувонч азага айланган; орадан анча фурсат ўтиб, ўзига муносиб аёлга унашув асносида ота оламдан ўтади, тўйга аталган нарсалар ота азасига харж қилинади; сўнг отадан қолган мулкнинг бир қисмини сотиб уйланади, фарзанд кўради, бахтли бўлдим деб қувонади, аммо бирин-кетин икки фарзандини қаро ерга бериб жудолик ўтида ўртанади. Ниҳоят, яккаю ягона қизини вояга етказиб, узатиб энди «тинчигани»да юртда инқилобий ўзгаришлар бўлиб, большевойлар сиёсати туфайли мадрасалар ёпилади, диндорларга, эски зиёлиларга муносабат кескинлашади, кўплар қатор Махзум ҳам тирикчилик манбаидан — имоматдан ҳайдалади, кўча-кўйларда сарсон бўлиб қолади: «бу вақтда тириклик тошдан қаттиқ, бола-чақанинг ташвиши кишини қайси кўйларга солмайдир…» Махзум ночор дуохонлик қилишга мажбур бўлади, аммо дуохонлик орқасида кун кўриш бисёр қийин, бахтига кампири бор экан «ипу иплиқ қилиб» рўзғорни тебратади; Махзумнинг «Муштум» идорасига ёзган хатидаги имоматдан тушиб қолгандан бери бениҳоя дилгирлиги, эртадан-кеч қиладиган иши уйга кириш, эшикка чиқиш — бундан бошқа гап йўқлиги, бекорчиликдан эр-хотин орасида дилхунлик давом этаётгани хусусида қилган шикоятлари ифодасида кулги оҳангидан кўра қаҳрамоннинг ночор аҳволига ачиниш туйғуси устивор.

Махзум саргузаштлари талқинидаги яна бир ғоят муҳим йўналиш ҳозирга қадар адабиётшунослар эътиборидан четда қолиб келаётир. Гап шундаки, гўё Махзум учун тушуниксиз, ғайритабиий, кулгили бўлиб туюлган ҳодисалар замирида тамомила бошқа бир маънони ўқиб олиш қийин эмас: бир қарашда Махзумни «фош этиш»га қаратилгандек бўлиб кўринадиган кулги тиғи ўша давр — 20-йиллардаги ижтимоий-сиёсий ҳодисаларнинг кўпгина жиддий томонларига, адиб ибораси билан айтганда «жамият қитиғига» тегиб ўтадики, ёзувчи бундай қалтис ишни бениҳоя усталик, катта маҳорат билан адо этади. Бунда у кўҳна адабиётимиздаги муҳим бир санъат — тажоҳи ул орифин — билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олиш усулини ишга солади. Эсланг, Махзум Мусҳафи Усмонийни — Қуръони каримнинг нодир нусхасини қидириб қироатхонага боради: маълум бўладики, уни ҳалқдан яширин — «пўлод сандиққа солуб соқлор экан»лар. У қироатхонада муқаддас диний китобларни сўраб-суриштиради, лекин бирортасини ҳам тополмайди. Демак, жамоатчилик аллақачон улардан маҳрум этилган. Махзумнинг бухоролик таниши тилидан шўро ижроиясига ёзган мактубида ўз-ўзини фош этувчи жиҳатлар талайгина, шулар баробарида шўро одамлари билан ўта эҳтиёткорона муносабатда бўлиш зарурлиги ҳақидаги гаплари кишини ҳушёр торттиради, чунки Махзумнинг «ул ҳаромзодалар андак сабабини айтиб дарҳол қамоққа олмоқдин ҳам тоймаслар» деган гапларида жиддий ҳақиқат бор. Бошқа бир ўринда ҳикоя қилинишича, Махзум масжидда ер ислоҳати хусусида амри маъруф қилиб, шариат бўйича бировнинг мулкини олиш аҳли мўминларга ҳаромлигини айтгани учун эртаси куниёқ милиционер келиб оёғини ерга теккизмай олиб кетади, аксилинқилобчи сифатида қамалиб кетишига оз қолади.

Калвак махзум бир неча ўринда шўро ҳукумати, фирқа ходимларига рўпара келади. Одатдагидек, улар билан мулоқотда Махзум овсарлиги туфайли бир қадар кулгили ҳолатга тушади, айни пайтда ўша кулгили ҳолатларнинг ўзида ҳодисанинг бошқа жиҳатларига имо-ишора, пичинг-киноя мавжуд. Масалан, кўчада кетаётган Махзум милтиқ кўтарган милиционерга дуч келади, уни «ўрус» деб ўйлайди, кейинроқ билса у рус эмас, мусулмон боласи, ўзининг қуйи маҳаллалик таниши экан, ул йигит тирикчилик тошдан қаттиқ бу замонда бола-чақанинг ташвиши билан милицияга ишга кирганига иқрор бўлади; Махзум унга «Яширинча бўлса ҳам намозингни ўқи, чўқинғонингда ҳам ичингдан «худоё ўзинг кечир…» деб тур, қани бўлмаса бир «таджиди имон» қилайлик!» деганида бечора теваракка аланглаб калима айтади. Эҳтимол, 20-йиллар шароитида фидойи инқилобчилар назарида милиционер йигитнинг бу қилмиши мунофиқлик, шўро ходимига нолойиқ хатти-ҳаракат бўлиб туюлар. Аммо унинг ҳадикла теваракка аланглаб калима айтишида енгил кулги билан баробар нақадар самимият бор: устига устак одамларнинг виждон эрки, эътиқоди учун ҳадиксирашга мажбур этган сиёсатга муайян муносабат ҳам бор. Ўша ўринда Махзумнинг шундай сўзлари келтирилади: «Ул (милиционер— У.Н.) кетгандан сўнг мусулмонларнинг ҳолиға ниҳоятда афсус қилиб йиғладим: — оҳ, дедим, бу кофир мусулмонларнинг бошига нималар солмади — дедим». Бу ўша давр сиёсати учун хийла кескин айбнома. Бироқ бу гапларни Махзум, яъни «мадраса хурофати билан мияси ғовлаган», «овсар», «калвак», «қолоқ» одам айтгани учун билинар-билинмас елдек ўтиб кетади, ўқувчи унинг оҳларига, кўз ёшларига унча эътибор бермайди, аммо булар сезгир китобхонни бирдан ҳушёр торттиради…

Улуғлардан бири вафот этади, марҳумнинг яқинлари Махзумни жаноза ўқишга таклиф этадилар. Маълум бўлишича, «марҳум ўзи ўшал наузанбиллоҳ ҳақдин тонғонлардин эрди, аммо ботинда дини исломни дўст тутуб, кабзи руҳ асносида васият қилибдиларким, «агарчандики, махфий бўлса ҳам фақирни жаноза бирлан дафн қилингиз», деб…» Ёзувчи ҳодиса тафсилотини давом эттиради. Махзум сўзидан бир қадар кулгили, аммо аччиқ ҳақиқат аён бўла боради: «ўзга улуғларнинг қулоғига бу маънидин чизи хабар етмасин, деб» ўша маҳалланинг имомига ҳам буни билдирмайдилар, узоқ-яқин қавм-қариндошлар тўпланиб ярим тунда маҳфий тарзда жаноза ўқилади: эртаги кун учун эса ажиб бир тадбирга ҳозирлик кўриб қўйилади: «Эрта бирлан ўшал мансабдор партинайлар тушиб, мунзакон бирлан закунска қилиб, марҳумни кўмар эрканлар…» Қарангки, 20-йилларнинг ўрталаридан бошланган, эҳтимолки, сўз санъатида илк бор Қодирий томонидан қаламга олинган бу хил таажжуб ҳангомалар ҳаётда, афсуски шу кунга қадар давом этиб келди, ҳатто бу аччиқ ҳақиқат гуржи адиби Н. Думбадзенинг машҳур «Абадият қонуни» романида ҳам қаламга олинди.

Асарда ўз даврининг ақл бовар қилмайдиган ғаройиб зиддиятлари ҳақида йўл-йўлакай имо-ишоралар, қистирма гаплар кўп учрайди. Бир ўринда муаллиф Сўфи Оллоёрнинг «Агар дарё тагида бўлса жойинг Баҳона бирла еткурғай худойинг» деган байтини келтиради-да парвардигорнинг бу иноятидан аҳли куффор ҳам насибадор эканини айтади ва бунинг далили сифатида Махзум тилидан шуларни сўзлайди: «Ўзбекистон деб тасмия қилибдурлар, неча лак аҳли бедин умргузаронлик қилурлар ва яна ул қавми лоюфлихунлардин ҳар рўз ва ҳар шаб оташ ароба бирлан вакон-вакон сорупо бараҳна хўрду калон бул жанобларга азимат қйлиб ва андак фурсатларда хўраклик ва пўшаклик бўлиб даражот ба даражот ўшал мағриби заминда умргузаронлик қилғувчи фарангилардек кўпас бўлиб кетар эрканлар. Ваҳоланки, биз калимагў аҳли мамлакатлар ул парвардигорнинг чизи марҳаматига як рўз ташна ва як рўз гурусна бо ин ҳама шуким ва зикр илоҳийга забон гўёлик қилурмиз».

Бу кулгили эътироф — 20-йиллардаги, янги иқтисодий сиёсат давридаги Ўзбекистоннинг, туб миллатга мансуб халқларнинг қисматига оид шафқатсиз ҳақиқатнинг ўзгинасидйр.

Кўпчиликка аёнки, «Калвак махзум…» 1923 — 27-йиллар давомида ёзилган. Бу йиллар мобайнида ҳаётнинг ўзида, қолаверса Қодирий қисматида, қарашида кўп жиддий ўзгаришлар содир бўлади; Октябрь инқилоби берган эрк, ҳақ-ҳуқуқ, бирин-кетин тортиб олина бошланди, ваъда қилинган нарсалар, кутилган кўп ширин орзу-умидлар саробга айланди, маъмурий қўмондонлик ҳокимиятининг таҳдид ва зулми кучайди; Қодирийдек шўро ҳукуматига, социализм ишига содиқ, ўзини «Маркс ва Лениннинг ҳароратлик шогирди» санаган аллома адиб арзимас баҳона билан қамоққа олиниб «контрреволюцион ҳаракат»да айбланди, мнсонлик шаъни, орзу-умидлари топталди. Адиб қисмати, қараши ва руҳиятидаги мана шу кескин драматик фожеий жараён ёзувчининг ижодий тадрижида чуқур из қолдирди; буни жумладан, «Калвак махзум…»да ҳам кўриш мумкин. Бошда кўпроқ жонли ҳаёт билан алоқаси узилган, қолоқ, овсар бир руҳоний устидан кулишга қаратилган асар бора-бора даврнинг ижтимоий зиддиятлари ва иллатларини фош этувчи ўткир памфлетга, асардаги бош ҳажвий персонаж эса «ҳажв объекти»лигидан чиқиб, давр қурбони, аянчли бир кимсага айланади. Асар охиридаги икки ҳолат: бюрократизмни фош этувчи «Қавоидул умаро» ҳангомаси ҳамда ўша даврда ўртага ташланган «одамизотнинг ақли етмайдиган» «Қишлоққа юзингни ўгир!» шиорининг асл маъноси ҳақидаги киноя-кесатиқларга тўла мулоҳазаларни эсга олинг. «Қишлоққа юзингни ўгир!» шиори маъносини қидириш йўлидаги ҳангомалар ва бу шиорга берилган изоҳлар, яъни большевиклар шаҳарда амалга оширган ўзгаришлару энди қишлоқда рўёбга чиқармоқчи бўлгаи режалар шарҳи, одатдагидек, ўқувчини ҳам кулдиради, ҳам кулдириб туриб ўйга толдиради. Мана улар:

«Энди қишлоққа юз ўгирингиз, яъни югурингиз! Уларни ҳам бир ярим олчинлик кўйлак ва лозимлардан барҳаманд қилингиз, яъни калтадум айлангиз! Янги мактаблар очиб, эр ва қиз болаларни ўқиттириб, мактаб фойдасиға йиғилғон донларни шаҳарга кетириб уйингизга босиб олиб, муаллимларга ўз тишларининг кирини сўрдирингиз! Сигирларга ҳўкиз ва ҳўкизларга бузоқ деб ном берингиз! Отлиқ кишини эшакка ва эшакли кишини отға миндирингиз! Қишлоққа қадам ранжида қилиб борғонингизда боорбў, оғзи катта шахсларнинг хоналарига меҳмон бўлиб, шул шахсларнинг маслаҳати билан бир тангалик солиқни ўн танга қилиб йиғиб, ортиғини орада бўлиб олингиз!..» Бу хилдаги аччиқ пичинг-киноялар — нақд «жамият қитиғига» тегадиган гаплар ўз даврида жамоатчилик орасида қандай таассурот қолдирган экан?! Айниқса «Сигирларга ҳўкиз ва ҳўкизларга бузоқ деб ном берингиз! Отлиқ кишини эшакка ва эшакли кишини отға миндирингиз!» деган захарханда иборалар ўша кезларда юргизилаётган бемаъни сиёсат ҳақида ўткир айбнома эмасми?!

Ёзувчи булар билан чекланмай яна давом этиб, танқид тиғини бундан ҳам кескинлаштириб дангалига «Қишлоққа юзингни ўгир!» деган чақириқнинг асл маъноси қишлоқни талашдан иборат эканини, уни «Қишлоққа қопингни ўгир!» деб тушуниш мумкинлигини таъкидлаб, кескин бир оҳангда мана буларии ёзади: «Қишлоққа юзингни ўгир!» бойчечаги ўрнига «Қишлоққа қопингни ўгир!» шиорини қабул қилиш ва ундан сўнг ҳар биримизни қишлоқдаги катта мансабларга; масалан: ижроқўм, саркотиб, суд, ер-сув, шўъба, милисия бошлиғи, хўжалик, идора (аммо муаллим белгилаш яна ярамайдир, чунки бу дунёда шундай расво ва унумсиз ҳунар йўқ!) ва бошқа амалларга белгулиб, баъдазон ҳар биримизнинг қўлимизға топилса нон, топилмаса халта бериб қишлоқларга чиқориш керак эди. Бу тақдирда ҳалиги «қишлоққа юзингни ўгир!» шиори хоҳ-нохоҳ амалга ошиб шақарда қолғон катта гўзимларни ҳам биз каминалар топиб тутқон жойда халталаримиз билан қкшлоқ томонға табассум қилдирғон бўлар эдик».

Бу даъвонинг тасдиғи сифатида ўша кезлари бўлиб ўтган кичик бир воқеа келтирилади: Кўркўлдак суви устига кўприк солмоқчи бўладилар; бу кўприк ҳам деҳқонлар, ҳам пахтақўм идораси эҳтиёжига хизмат қилиши керак. Бироқ кўприк солишда «иштонсиз деҳқонлар» жонини жабборга бериб ишлайдилар, улар ноиложликдан пахтақўм эшигига «ўн икки дона хари сўраб «шайан оллоҳ» ўқийдирлар», пахтақўм эса уларнинг илтижоларига нописандларча «попирисининг кулини черта-черта «Худой берсин!» жавобини қилади. Хулоса шуки, «пахтақўмдек бир идора ҳам аптини четга буриб қопини кенг қилиб, қишлоққа ўгирди!»

Биз юқорида Калвак махзумни ҳам кулгили, ҳам аянчли шахс, давр алғов-далғовлари қурбони, деб эдик. Асар охирига томон уни ҳажв қилишдан кўра унга нисбатан ачиниш, ҳамдардлик туйғуси ортиб боришини эслатган эдик. Биламизки, Калвак махзум саргузаштлари 1927 йили тўхтаб қолади.

Умуман Қодирий анча вақт ҳажвиётни тарк этиб кетади. Ниҳоят, адиб 1935 йил 10 мартда «Ёш ленинчи» рўзномасининг адабий тўгарагидаги учрашувда «яна ўзининг ҳажвчилигини янгидан бошлаш тилаги бор»лигини айтади. (Қаранг: «Ёзувчи ўз иши тўғрисида» мақоласи) Шу ниятда, у аввало чала қолган машҳур «Калвак махзум…» қиссаси устидаги ишини давом эттиради. Ҳабибулла Қодирийнинг эслашича, орадан ўн йил ўтиб адиб 1936 йили яна Махзум тарихига қайтади, асарнинг аввал журнал ва рўзномаларда чиққан бобларини жамлаб, каттагина — ўн икки варақли дафтарга жо бўлган хотима боби билан тўлдиради. Бу нусхани ёзувчи машҳур туркшунос — филолог олим Е. Д. Поливановга таржимага беради, уни ўзбек ва рус тилларида китоб ҳолида чиқармоқни ният қилади. Афсус, бу нусха (эҳтимолки, унинг тайёр бўлган таржимаси ҳам бирга) ўша кезлардаги мудҳиш воқеалар тўзони ичра йўқолиб кетган. Янгидан ёзилган хотима бобини ўқиб чиққан Ҳ. Қодирийнинг айтишича, унда Махзумнинг қишлоққа сафари ва у ердаги кўргиликлари ҳикоя қилинган. Махзум иш тополмай рўзғор важидан қийин аҳволда қолади. Ниҳоят, таниш-билишлар орага тушиб Тошқўрғон қишлоғи масжидига имомликка тайинланади ва эшакда қишлоққа отланади: не-не орзу-ҳавасу машаққатлар билан қишлоққа етиб келиб энди иш бошлаганида «ўрисча кийиниб, соч қўйган» ёш бир комсомол йигит масжидга кириб домлага: «Ҳа, шаҳардагиларнинг миясини чиритиб бўлиб, энди қишлоқдагиларнинг миясини чиритгани келдингизми?!» дея дағдаға қилади. Домла ўзидек одамлар, ҳатто қишлоқларда ҳам хор бўлганидан бениҳоя афсус чекади. Шу орада қишлоқда колхозлаштириш, кескин синфий кураш, қулоқларни синф сифатида тугатиш сафарбарлиги бошланади, бой хонадонида ётиб юрган Махзум тўс-тўполон пайти қўлга олиниб «синфий душман»лар қаторида ялангоёғ, ички кўйлак-лозимда ҳайдалиб қишлоқ шўросига олиб борилади. Сўроқ-текширувдан сўнг Калвак оқланади, аммо у бундай нотинч қишлоқда яшашдан воз кечади. Ҳ. Қодирий маълумотига кўра, асар хотимаси «Калвак тоғам яна Тошканд шаҳрида эски бекорчилар. Энди имоматчилик топилмаса, бирон қоровулчилик хизматига ҳам розидирлар», деган сўзлар билан тугалланади. (Ҳ. Қодирий. «Отам ҳақида», 1983, 43-44-бетлар.)

Ҳ. Қодирий хотирида сақланиб қолган тасвир умуман асар руҳига, воқеалар ривожи мантиғига мос. Унда Махзумнинг бир қадар кулгили, аммо асос эътибори билан аянчли қисмати бу ерда муайян интиҳосига етади. Қиссанинг охирги бобларида муаллиф қаҳрамонини қишлоққа олиб боради, унинг аччиқ саргузаштлари ва нигоҳи орқали энг кескин, драматик палла — коллективлаштириш даври ҳодисаларига ўз муносабатини билдиради. Афсуски хотима бобнинг барча тафсилотлари бизга қоронғи. Модомики асарнинг эълон этилган охирги боблари шу қадар кескин тарзда битилган экан, ўз-ўзидан драмаларга тўла коллективлаштириш воқеалари ҳам шу йўсинда тасвир этилган, давр зиддиятлари хийла кескин тарзда очиб берилган, ҳодисалар моҳияти теран таҳлил этилган, деб тахмин қилиш мумкин. Ҳ. Қодирий қисқача баён этган воқеалар тафсилоти, чунончи, «ўрисча кийинган, соч қўйган» комсомол йигитнинг масжидга кириб қишлоқ қариялари олдида шаҳардан келган домлани, нима бўлганида ҳам четдан келган меҳмонни, кекса одамни менсимай ҳақорат қилиши, қишлоқдаги синфий кураш туфайли таҳлиқали ҳаёт, Махзумнинг синфий душманлар қаторида таъқиб этилиши, қишлоққа сиғмай шаҳарга қайтиши — шуларнинг ўзиёқ хотима бобининг жиддий бир руҳидан далолат бериб турибди.

«Калвак махзумнинг хотира дафтаридан» асаридаги шу хил ўринлар ҳозирга қадар адабиётшунослик эътиборидан четда қолиб келаётганлиги кечириб бўлмас бир ҳолдир. «Тошпўлат тажанг нима дейди?» асарининг «таҳлил» ва «баҳоси» бундан ҳам ночор. Тошпўлат «ўтмишдаги қолоқ, ижтимоий тузумнинг ярамас сарқитларидан қутила олмаган тубан кишиларнинг типик бир вакили», у «бекорчилик орқасида текинхўрликка ўрганиб, янги ҳаётдаги ҳамма нарсага нафрат билан қарайдиган бебурд чапани», асарнинг бош ғояси эса «эскини, салбийни инкор этиб, фош қилиб янгининг улуғвор, ҳаётий, пўртанавор одимларини тасдиқлаш ва олқишядан иборат, деган хулосалар қиссани юзаки мутолаа қилиш туфайли туғилган бирёқлама тасаввурлар самарасидир. Қолаверса, бу ҳол чинакам реалистик асарга воқеликнинг холис, ҳаққоний тасвири, ҳаёт ҳақиқати, ривожи ички зиддиятларининг объектив бадиий тадқиқи деб эмас, нуқул унга «ғоявий қурол» деб қараш, асарни мафкуравий мақсадлардангина келиб чиқиб баҳолаш оқибатидир. Шунинг учун ҳам «Калвак махзум…» таҳлилида бўлгани каби «Тошпўлат тажанг…»ни баҳолашда ҳам ундан асосан феодал ўтмишни, ўтмиш сарқитларини «фош этадиган», шўро воқелигини эса «тасдиқлайдиган» ва «олқишлайдиган» жиҳатларига эътибор қаратилади, Тошпўлат сиймоси эса нуқул сарқитлар, тубанликлар тимсоли деб талқин этилади.

Такрор айтаман, «Калвак махзум…»да бўлгани каби, «Тошпулат тажанг.,.»да ҳам бундай ҳолатлар йўқ эмас, албатта. Дарҳақиқат, асар етакчи персонажи Тошпўлат табиатида кўп нобоп зиддиятли жиҳатлар мавжуд: у болалигида яхши тарбия кўрмаган, мактабда ёлчитиб билим олмаган, саводсиз-оми, маърифатдан йироқ, ҳаётда йўлини топа олмаган, омадсиз одам. Тошпўлат фаҳш ишлардан — нашавандлик, қиморбозлик, безориликдан ҳам тоймайди. Маърифатсизлик туфайли у кўп ҳолларда оддий турмуш чигалликларини ечолмай, ҳаётдаги ўзгаришлар, янгиликлар моҳиятини англаб етолмай қийналади, кулгили, танг аҳволга тушиб қолади. Хусусан солиқ қоғозининг, умуман солиқ тартиботининг маъносига тушунмай довдираши, бобоқ хўрозини қувлаб мактабга кириб қолиб, янгича таълим-тарбия, ўқувчилар ҳақида ўзича бадбин хаёлларга бориши — шу каби ўй-хаёллари, бемаъни хатти-ҳаракатлари билан чиндан ҳам у ўз-ўзини фош этади. Бироқ асар персонажига баҳо бераётганда унга йўқ айбларни тақаш, ҳажвий асар қаҳрамони экан, деб жамики ёмон хусусиятларни тирқайвериш тўғри эмас. Айниқса, унга нисбатан айтилган «тубан кишиларнинг типик вакили», «бекорчи», «текинхўр», «ҳамма нарсага нафрат билан қарайдиган бебурд чапани» деган айблар асоссиз. Ёзувчининг ўзи бу образ табиатига хос етакчи хусусиятни жуда аниқ таърифлаб берган. Муаллифнинг фикрича, Тошпўлат — ишсиз, бири бит, бити сирка бўлмаган ва шу фақирлик орқасига ёмон йўлларга кириб қолиб тажангланган чапани. Тошпўлатни такасалтанг бекорчи, текинхўр деб бўлмайди; у ўзини ҳар хил соҳага уради, дўкондорлик қилади, тегирмонга аралашади, деҳқончиликка қўл уради, мардикор бозорга тушиб ёлланиб бировларнинг хизматини адо этади — бироқ бу билан унинг сира косаси оқармайди: дўконни барҳам беради, бир йил бурун тегирмонга аралашгани учун катта солиқ тагида қолади, «нон ўрнига кесак тишлаб, ёз бўйи сув ичиб ишлаб оёғида битта чилим қовоққа эга» бўлади; касалванд ночор одам билан бировга мардикорликка ёлланиб, ҳамма ишни ўзи бажариб, олган ҳақини ночор шеригига инъом этиб ўзи қуруқ қолади… Хуллас, ўз ибораси билан айтганда, у «одамизод фарзандининг ғариби». Уни емаган сомса учун ҳақ тўлашга мажбур этганларида, тегирмончи деб солиқ солганларида айтган мана бу гаплари тагида фақиру ҳақир одамнинг фиғони яшириниб ётибди:

«— … Нима, пул қоқябманми?

Чойчақасини ундан-мундан қилиб, таралласини тортиб юрган Тошпўлатнинг етти ярим сўлкавойни тағин қайси гўсхўрдан олсин, а? Бобоғимни сотиб берайми? Ёки сайратмамними? Этигим бўлса-ку ўн беш кундан бери гаравда, чопонни бўлса ўтган куни ўзингни олдингда уч сўлкавойга сотдим. Худой ҳаққи, галавам айнади…» Худди ўша ишсизлик, адолатсизлик, йўқчилик туфайли чин нажот йўлини тополмай аламидан асабийлашади, нашавандликка берилади, беданабозлик, хўроз уриштириш билан ўзини овунтиради, гоҳо гуноҳ ишларга қўл уради, йўлда кетаётган нотаниш бегуноҳ одамнинг ёқасидан олади, мушкул аҳволдан, қалтис вазиятдан чапаниларча безори-лик йўли билан чиқмоқчи бўлади. Бундай ўринларда Тошпўлатнинг ҳолат ва хатти-ҳаракатларидан ҳам куласиз, ҳам ичдан зил кетасиз.

Худди «Калвак махзум…»да бўлгани каби бу ерда ҳам муаллиф Тошпўлат саргузаштлари орқали сизни 20-йиллар ҳаётининг зиддиятли ҳодисаларига, даврнинг ўткир муаммоларига рўпара қилади. Тошпўлатнинг мардикор бозоридаги кўрганлари ва ўша топдаги аҳвол-руҳиятини эслайлик: «Қиссаи кўтоҳ шуки… тунов кун мардикор бозорига тушкан эдим — қўлинг, қарасанг кетмон кўтарган хумсоларинг арофат. Қулинг ҳам қаторға кириб ўлтирдим. Ҳайтовур, мардикор бозорингни ижарага олғон хумсо йўқ экан. Санга ёлғон, худога чин, ука, одамзоднинг юзтаси тўққуз пул: ўзваги, тожиги, маччоси, қозоғи, қалмоғи… борчи етмиш икки жамғармасидан ҳам топасан. Боҳо олтита, одам оладирғон хумсонг бўлса анқо. Феълим айнади, вой, камбағалчиликни чиқарғонни дедим…»

Булар шўро ҳокимиятнинг еттинчи-саккизинчи йилларида Тошкентдай шаҳри азимда бўлаётган воқеалар. Ана, фуқаронинг аҳволи, хилма-хил миллат, жамоага мансуб оддий меҳнат аҳлининг ҳоли, қадри! Буни кўрган, бошига ўша ғарибларнинг куни тушган Тошпўлатдек фақр, чапани одам феъл айнимай, тажангланмай, фақирликдан нолимай тура оладими, ахир! Воқеаларнинг давоми яна ҳам изтиробли, изтироб тўла кулгили. Тошпўлат ҳикоя қилади: «Кетмонни тагимга қўйиб ўлтирдим. Ёнимда бир безгак; рангини қарасанг сариқ сумалак; бунинг устига эҳ-эҳи қилиб йўталиб ҳам қўяди. Ҳа, дедим; касалингни мардикор бозорида тортасанми, ака, дедим. Ёки бу ерни пошшоликни касалхонаси, деб ўйладингми, дедим. Эй, ука, деди, йўқчилиги қурсин, жўжа-бирдек жонман, деди. Ўзи деҳқон фарзанди экан, бобойи деҳқон топа қўллаптилар камбағални! Азбаройи худо, таъбим тирриқ бўлди. Борди-келдимни ҳисоблаб қараган эдим, чўлоқ кетмондан бошқа ҳеч гапим йўқ, ранги рўйига қарасам жуда увол, Сан кет, ака, — дедим. Ана шу букун қанчаки ишласам саники бўлсин, касалингни уйингда торт, — дедим. Безгак хумсонг марҳаматимга сира ишонса-чи. Индамадим. Қаҳрим билан мардикор бозоринг бўйича ёғрин бериб гурс-гурс одим тошлоб бир-икки ўтиб солдим. Ақли кўзида бўлғон бир хумсо совлатимга пўрт учди. Ҳа, дедим, ўн бир кунлик ишингни бир кунда бажариб берайми, ака, дедим. Етти оқ тага гаплашдик. Безгагни ҳам шу баҳога сўзлашиб ёниға келдик. Афти башарани кўриши биланоқ хўжайиннинг кайфи учди. Ҳа, дедим, бу хўроз-ку, ака, дедим. Бунингни ранги ўзи туғма: ўнта наъра шерингни ишини қилмаса ҳалол тузингни сол, — дедим. Бўлмади, хумсонг жудаям пих ёрғон туллак экан. Аранг отанг яхши, онанг яхши билан бир сўлкавойга баҳаял иторибман. Бордиқ. Ҳайтовур хўжайин жониворинг бизни ишка солиб ўзи бозорға жўнаб солди, касофатингни салқинға чўзилтириб ўзим кушод кетмоннинг оловини чиқардим. Хумсо асиргача егулигини еб ёткан ерида волдираб ётди. Кечқурун баминадор ўн икки оқ тани олиб ўн бирини безгакка узотдим, бир оқ тани ўзим нашамга олиб қолдим, хумсонг ҳали ҳам марҳаматимга ишонса-чи; нуқул, «ортиқ бердингиз», дейди-я; вой сани эгам чақирсин, дийман.

Кеча кетмонни ҳам олти ярим тага сотиб юбордим. Нима, очингдан ўл дейсанми. Ахир уч кунгача киши иш тополмаса нимани ейди?»

Қаранг, нақадар тиниқ, жонли, ўта шафқатсиз, драмаларга тўла лавҳа! Ёзувчи кулиб туриб ҳаётнинг мунгли, аянчли ҳақиқатини қрйиллатиб айтган. Бугина эмас. Бу лавҳада Тошпўлат характерининг туб моҳияти — қанақа одам экани жуда яхши очилган. Маълум бўляптики, у оми, чапани, безори, нашаванд, қиморбоз бўлса-да, унинг вужудида, руҳида кўп олижаноб хислатлар мавжуд. Ўз турмуши, аҳволи не ҳолатда-ю, ўзини эмас, кўпроқ ўзига ўхшаш фақир фуқаролар қисмати ҳақида ўйлайди: ўйлаб эзилади; ғарибу мискин, ўта ночор нотаниш одам ҳолига ачиниб, унинг жонига ора киради. Кеэи келганида айтиб ўтай: Тошпўлатга дуч келган фақир; хаста мардикор деҳқон образи, унинг бадиий ифодаси, талқини ёзувчининг муҳим бадиий кашфиётидир. Юқррида кўриб ўтилганидек, Калвак махзум талқинида ҳам мунгли садолар учраса-да, моҳият эътибори билан у комик образ, чунки унинг бисотида кулги, истеҳзо учун асослар етарли. Тошпўлат дуч келган мардикор деҳқон эса ўта ғариб, мискин бир кимса, унинг ҳолати, қисмати фақат мунгли-фожий-сентиментал йўналишдаги талқинни тақозо этади. Қарангки, адиб мана шундай одам учун ҳам ҳажвий асар бағридан жой топиб бера билган. Гап шундаки, ёзувчи бу ночор одам ҳаётига Тошпўлат типидаги чапани одам нигоҳи билан қараб ўта мунгли ҳолат-ҳодисалар бағридан ажиб бир кулгили жиҳатларни топади. Бошқачароқ қилиб айтганда, кулги йўли билан аянчли, фожеий ҳодисалар моҳ,иятини очади. Тошпўлатнинг бу хаста, ночор шахс билан чапаниларча муносабати, хийла-найранглар билан бу «ўтмас матоҳ»ни пуллаб ётиши, қолаверса ҳаётга, одамларга, уларнинг марҳамату саховатига ишончни йўқотиб қўйган ғариб кимсанинг ғаройиб танти одамга дуч келиб, ғалати аҳволга тушиб қолиши, ишга бориб кечга қадар ишламай салқинда «еб ёткан ерида волдираб ётиши», Тошпўлат меҳнат ҳақининг кўпини унга ҳадя этганида, гўё унда ўзининг ҳам ҳиссаси бордек, нуқул «ортиқ бердингиз» деб туриши — шу каби кулгили ўринлар мунг тўла ҳодисага қандайдир «енгиллик» ўзгача руҳ бахш этади. Аслини олганда бу ердаги кулгида «енгилликининг ўзи йўқ, кулгйли бўлиб туюлган ҳолатлар аянчли истеҳзоларга тўла.

Шу лавҳадан ҳам кўриниб турибдики, Тошпўлат асло тубан, ишёқмас, бекорчи такасалтанг эмас, танида куч-ғайрат, кўнглида эзгулик, шижоат тўлиб-тошиб ётибди. Аммо ўша ночор муҳитда куч-ғайратини ишга сололмай, ўз меҳнати, куч-ғайратининг нафи-самарасини кўролмай сарсон-саргардон: ишсизлик, бинобарин фақирлик орқасида нима қиларини билмай гаранг-тажанг, аламзада. Айниқса, ҳаётдаги ажиб жумбоқларни — тенгсизлик ва адолатсизликларни кўрганда куфурлиги ортади: ҳиссиз бюрократ мансабдорлар, шундай оғир замонда «камбағалнинг бошини силашини хаёлига келтирмайдиган, юрт ободончилиги ҳақида қайғурмайдиган, фақат ўзини, маи-шатни ўйлайдиган бадавлат кимсалар, олифта кийиниб юрадиганлар кўзига бало бўлиб кўринади, ўзига ўхшашларнинг фақир яшашига, сарсон-саргардон юришига фақат шулар айбдор деб билади. Шунинг учун ҳам уларга дуч келганда асабийлашади, безорилиги тутади. Ночор, ўзини овутиш учун нашавандликка ружу қилади.

Асарда Тошпўлат бисотини ёрқинроқ очиб берадиган, даврнинг шафқатсиз ҳақиқатини, аянчли драмасини бундан ҳам кескинроқ кўрсатадиган яна бир лавҳа бор. Бу лавҳада ёзувчининг бояги ноёб бадиий кашфиёти — мунгли, аянчли ҳодисаларни ҳам кулги — аячнли истеҳзо билан ифодалаш санъати янада ёрқинроқ намоён бўлган: Тошпўлат Салим сўтак деган танишиникига томсувоқ ҳашарига боради. Салим ҳам косаси сира оқармай келаётганлардан. Унинг оилавий аҳволи ҳам кулгили, ҳам ночор. Тошпўлат ҳикоя қилади: «Анави йил Тожи ямоқчининг қизига уйланган эди. Хотинчаси тозаям ташлаб берипти. Қарабманки бешта гўдак! Ҳа, дедим бу чувринди баччаларни қаёғдан йиғиб олдинг, хумсо, дедим. Салим сўтагинг кулади. Ҳа, дейди, ҳаммаси ҳам худой берган қулбаччаларинг, Тошпўлат, дейди. Вой, дедим, вой ўйламай иш қилғон одам фарзандига, дедим. Битта арпа саватинг борми, Салим дедим. Бўлса, дедим, қама ҳамма жўжаларингни, пуллаб берайинчи мен сенга, дедим. Худой ҳакки, Салим сўтакка жудаям оғир бўпти: ёнингни ковласанг оғзини очади, гўдаклари тушкир!..»

Икки фақир, соддадил дўстининг ҳазил-мутоиба билан айтган гапларини эшитиб туриб, Салим сўтакнинг, бешта норасида гўдакнинг ночор ҳолига боқиб, айниқса, гўдакларнинг ённи кавлаганда оғзини очишларини кўриб эт-этинг увишиб кетади. Очиғи, шу пайтга қадар адабиётимизда. 20-йиллар ўзбек турмушининг, жўжабирдай фақиру ҳақир деҳқон ҳаётининг бунақа ёрқин, аянчли, шафқатсиз манзараси ифодасини кўрган, ўқиган эмасман!

Ёзувчи қисқагина қилиб Салимнинг шу ҳолга тушиш тарихини ҳикоя қилади. Авваллари Салимнинг «иши йирик: тагида от-араваси, ёнида чой-чақаси готоп» бўлган; пул топиб ақл йўқотган бу бандаи мўмин бир «наҳс босқон билан шерик бўлиб» амиркон пахта экади, «фабрикончи ўрусвой» билан битим тузиб, ундан беш-ўн сўлкавой пул олади. Кузда ёмғир уриб бериб ҳосил нобуд бўлади-ю қарзга ботади, «вой-вояги бола очиб, қиши билан жўжаларига от-аравани сотиб» едиради, энди у ҳам Тошпўлатга ўхшаб бекорчи, ишсиз, на қиларини билмай ҳайрон. Ўша дамда Тошпўлатнинг: «Ҳа, дедим, бўлар иш бўпти, энди нашангни баҳузур чекавер, Салим, дедим. Монови жўжаларингни бўлса, дедим, худо йўлига қўявер, дедим», дея берган «далда», «маслаҳати» даврнинг шафқатсизликларига нисбатан шафқатсиз киноя-кесатиқ бўлиб эшитилади.

Мана шу аянчли вазият асносида дард устига чипқон, деганларидай яна бир кўнгилсиз ҳодиса юз беради. Фақир одамнинг дўстлари унинг жонига аро кириб томини суваш учун ҳашарга тўпланганида — қизғин иш пайтида олифта бир мансабдор пайдо бўлади, «Салом йўқ, алик йўқ, ҳорма-бор бўл ҳам қўлтиғида» закун суриштиради, Салимни одамлар кучидан фойдаланаётганликда айблайди; бу оддий халқ удуми, меҳр-оқибати эканини тушунишни ҳам истамайди; «Ҳашар ишлаб ухлоғонға ўлмас маҳшор куни азоб ўлмас, тойбас қилиб шароб ичсанг яна сенга ҳисоб ўлмас», — деган китоб сўзлари эслатилганида унга қулоқ ҳам солмайди, ҳашарчиларни, улар қатори Тошпўлатни ҳам хатга солиб тергов учун давлат маҳкамасига боришга мажбур этади. Салим сўтак бу ишлардан жон-пони чиқади, безгаги хуруж қилиб мансабдорга нима деганини билмай қолади. Тошпўлат эса, одатдагидек, бу ишлардан тажанг, «шу замоннинг оқибатидан хафа» бўлади…

Энди асардаги тўғридан-тўғри давр сиёсатига оид баъзи ҳодисалар тафсилотига диққатинггизни тортаман. Ишсизликдан, фақирликдан, адолатсизликдан бора-бора Тошпўлатнинг тоқати тоқ бўлади, адолатсизликларга қарши ўзича «исён» кўтаради, совет идораларига бориб, ер ислоҳоти қилиб фуқароларга ер улашган хукуматдан савдогарлар дўконини тортиб олиб, ўзига ўхшашларга бўлиб беришларини сўрашга қатъий жазм этади, синдикатлардан «мол олиб бирни икки қилишни хўб биламиз» дея гердаяди, ўзини билағон қилиб кўрсатади. Қизиғи шундаки, шу хилдаги фаоллиги, жангарилиги билан у дарҳол эл назарига тушади. Сайлов арафасида саккизта камбағал уни ўраб олиб «Сени улуғ сайлаймиз!» дея ундан розилик сўрайдилар. Шу ўринда пичинг-кинояларга, нозик имо-ишораларга тўла зиддиятли ғаройиб ҳодисалар қаламга олинади; бурунги «оқ соққа, қора соққа» сайлови», сайлов пайтидаги казо-казоларнинг, қози-домлаларнинг таъмаргирларча саховати, пул улашишлари эслатилади; эндиги сайловда улар ҳақсиз, уйларига қамалиб устидан қулф солиб олишган. Бу гал камбағал меҳнаткаш халқнинг сайлови, энди катта мансабларга фақиру ҳақирлар сайланиши, ҳа, Тошпўлат каби кечаги ялангоёқ, оми, чапани, «юк орқалайдиган», «хулеган», безориликдан, «гакнак топилса эрмак» деб қимор ўйнашдан ҳам тоймайдиган кимсалар давлатни бошқариши лозим! Энг ачинарлиси шундаки, амалда бундай ишлар бўлган. Аммо Тошпўлатда андак андиша, инсоф бор. «Шу қўл кўтардиминан усталчасига ўлтирсам» дейдию одамларнинг маломатидан чўчийди, бундай масъулиятли лавозимга ўзини нолойиқ санайди, бу соддадил фақир одам фуқаропарвар жамиятнинг фуқаропарвар сиёсатидан ажабланади, «шу замонангни борди-келдисига тушунолмай» тажанг бўлади. Ахир ўшандай сиёсат туфайли, гарчи фақиру ҳақир, меҳнаткаш халқ орасидан чиққан бўлса-да, ўзи мутлақо тажрибасиз, ғирт оми, маърифатсиз одамлар мўътабар мансабларга кўтарилиб ўзини ҳам, эл-юртни ҳам не-не кўйларга солмади, ахир! Ҳушёр адиб Тошпўлат билан алоқадор бояги ҳодисаларни қаламга олиш билан ўз вақтида гўё жамоатни шундай кўнгилсиз ҳодисалардан огоҳ этаётгандай туюлади. Ёзувчи Тошпўлат сингари фақиру ҳақирлар ҳолига қанчалар ачинмасин, уларга ҳамдард бўлмасин, уларнинг ҳам «орқасига офтоб тегаётгани»дан қувонмасин, барибир, ҳали улар масъул вазифаларни бажаришга, давлат ишларини бошқаришга тайёр эмаслигини сезиб, тушуниб туради. Шунга кўра, у қатор қаламкаш ҳамкасблари каби ўша йиллар шўролар замонасида содир бўлаётган бу хилдаги янгиликларни ўйламай-нетмай ҳар боб билан маъқуллаш, оқлаш, олқишлаш йўлидан бормай, бу хил жараёнларни холис туриб, зиддиятлари, мусбат ва манфий томонлари билан бор ҳолича гавдалантиради, жанр имконияти даражасида ҳалол бадиий таҳлил этади.

Хулласи калом, Абдулла Қодирийнинг машҳур ҳажвий асарлари — «Калвак махзумнинг хотира дафтаридан», «Тошпўлат тажанг нима дейди?» қиссаларининг мазмун-мундарижа доираси мавжуд тасаввур-қарашларга қараганда анча кенг, ёзувчи кулгиси бениҳоя сержило. Энг муҳими, реалист адиб 20-йиллар шўро воқелигининг кўп нозик жиҳатларини, ўша даврда юз бераётган муҳим тарихий жараёнларнинг ички зиддияларини ғоят зийраклик билан илғаб ололган, ҳалол ва фавқулодда маҳорат билан бадиий ифода этишга эришган.

“Шарқ юлдузи” журнали, 1991 йил, 3-сон