Баҳодир Каримов. “Бобурнома”дан “Ўткан кунлар”га

Абдулла Қодирий романларининг бетакрор жозибаси, тилидаги гў­заллик, образлилик, аниқлик, тасвирийлик каби фазилатлар ҳозиргача ҳаммани ҳайратга солиб келади. Адибнинг бадиий маҳоратини, асарлари умрбоқийлигини барча бирдек эътироф этади. Зеро, бундай эпик кўламнинг юзага келиш омиллари, бетакрор поэтиканинг туб илдизи ҳамда таъсирланиш асосларини кузатиш фойдалидир. Абдулла Қодирий дунё адабиётини, ўзбек халқининг миллий руҳини, шеваларидаги луғат бойлигини яхши билгани, ХХ асрнинг 20-йилларида қайта шаклланган замонавий ўзбек адабий тили учун беқиёс хизмат қилгани ҳақиқат. “Ўткан кунлар” романи бошида тилга олинган “Тоҳир-Зуҳра”, “Чор дарвиш”, “Фарҳод ва Ширин”, “Баҳром гўр” каби кўплаб мумтоз асарларни ўқиганига ҳам шубҳа йўқ, албатта.

“Бобурнома” ўқиётган Отабек. “Ўткан кунлар” романининг “Мажбурият” фаслида шундай эпизод бор: “Кечлик ошни ўтказгач, Ҳасанали ўз ҳужрасидан кийиниб чиқди-да Отабек ёниға кирди. Отабек “Бобурнома” мутолааси билан машғул эди”. Ҳасанали асил ниятини билдирмай “ҳаммомга бориш” учун рухсат сўрайди. Отабек кўзини китобдан узмай: “Юмишим йўқ, бораверингиз”, деб жавоб беради[1]. Машҳур китоб­лар орқали қаҳрамонни баланд мақомга кўтариш, уларнинг маънавий оламига урғу бериш, аниқ детал воситасида образга маҳобат бағишлаш дунё адабиётида ҳам, ўзбек мумтоз адабиёти тарихида ҳам, шунингдек, Абдулла Қодирий ижодий биографиясида ҳам мавжуд адабий ҳодисадир. Отабекнинг “Бобурнома” мутолааси “Ўткан кунлар” илдизи устида фикр­лашга, тасвирдаги ички манера, сўздаги ростлик, характер мантиғи, инсон шакли-шамойили, айниқса, романнинг поэтик нутқи – тили тўғрисида айрим мулоҳазалар айтишга имкон беради. Тасаввур кўлами “Бобурнома” матнистони бўйлаб кенгаяди. Адиб бошқа асарларида ҳам бу муаззам китоб ва унинг эгасини эслайди. Бобурга “фотиҳ” – фатҳ этувчи сифатини беради; “Бобурнома”ни: “Бобурнинг кенг руҳлик, ўз замониға очуқ фикрлик…” китоби, дейди. Қурдошлари билан баҳслашган бир масалада “Бобурнома”дан “далиллар келтурмак”ка чоғланади[2]. Тарихий манбалардан маълумки, қатоғон – “дапсан” йиллари Абдулла Қодирий иккинчи марта қамоққа олинганида кутубхонасидаги етмишдан ортиқ араб имлосида ёзилган мумтоз китоб йиғиштирилади. Шулар қатори “Бобурнома”нинг олиб кетилгани аниқ.

Хўш, нега Абдулла Қодирий ва “Ўткан кунлар” мавзусидаги фикр йўли Бобур ва “Бобурнома” тарафга бурилмоқда? Нима учун Қодирий ижодидан, асарлари, таржимаи ҳоли, хотира китоблари, қодирийшуносларнинг асарларидан Бобур ва “Бобурнома” изларини излаб қолдик? Тўғриси, реал воқелик замирида туғилган митти интуиция – ички сезим янги фикрга замин ҳозирлайди; одам беихтиёр тафаккур офтобида пишиб етилган битта мулоҳазани далиллаш ва унга бошқаларни ишонтиришни истайди. Адабиётшунослик Абдулла Қодирий романларининг шуҳрати, таъсир кучи, тасвир тиниқлиги, тилининг гўзаллигига урғу берди. Энди бундай фазилатлар илдизини ҳам тадқиқ этиш лозим. Истеъдодли адиб ўзбек, рус ва жаҳон адабиётидан, халқ оғзаки ижоди ва халқнинг жонли тилидан баҳраманд бўлди. Бунга шубҳа йўқ. Фикримча, ушбу баҳрамандлик илдизининг бир қирраси “Бобурнома”га бориб тақалади. Шунинг учун “Бобурнома” билан “Ўткан кунлар” орасидаги поэтик боғламни, ўзаро таққослашга зарурат сезилади. Абдулла Қодирий эпик тафаккур тарзи, насрининг бадиий жозибаси, гўзал тили қуп-қуруқ саҳрода ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Текис саҳрода ҳайбатли тоғ ўсиб чиқиши учун ўша ер остида қайноқ вулқон булоқлари бўлиши шарт. “Ўткан кунлар” романи учун “Бобурнома” шундай булоқлардан бири вазифасини ўтаган бўлса не ажаб?!

“Кўч”нинг кўлами: Адабий асар ўқилиб, бадий матнга эврилар экан, ундаги семиотик элементлар – товуш, бўғин, сўз каби увоқ унсурлар поэтик ғоя ва мантиқ воситасида бирлашиб муҳташам семантик майдонни бино қилади. Матн ичида сўз тирилади, товушлар жонланади; сўзнинг қадр-қиймати ортади ва маъноси кенгаяди. Турли замонда яшаган икки адиб қўллаган нодир, очқич-калит сўзларнинг ўхшашлиги, такрори ва маъно уйғунлиги типологик-интуитив таққосга асос беради. “Бобурнома” – кўп маъноли, серқатлам ва ўлмас асар. “Бу муаззам асарнинг ҳар бир сатри ҳақида биттадан ҳикоя ёзиш мумкин”[3]. Дарвоқе, “Бобурнома”да қўлланган бир қанча нодир сўзларни Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар”да ишлатади; ўз ўрнига тушган жонсўз романга жозиба бағишлайди. Бепоён стилистик майдондаги битта сўзнинг ассоциатив таъсири олтин занжир ўлароқ асрларни асрларга, адибларни адибларга, асарларни асарларга боғлайди.

Эсга оламиз: Отабекнинг қутидор эшигидан қувилиб, Тошкентда нисбатан узоқ қолиб кетган кунларининг бирида Ҳасанали ундан Марғилонга кетмай юриши сабабини сўрайди. Отабек: “Ҳавсала йўқ”, дегач: “Қайин отангиз кўнса, кўчингизни олиб келсангиз ҳам маъқул эди қатнаб юрғандан…” (283-бет), дея таклиф айтади. Бу ўринда “кўч” – хотин, оила маъносида. Ўзбек ойим Офтоб ойим билан Кумушга қараб: “Ахир маним ҳам ўзимга яраша обрўйим бор. Тошкандда кимсан, Юсуфбек ҳожи деганнинг кўчиман. Худоёрхон ҳам бир кун кечаси келиб бизга меҳмон бўлдилар…”(325-бет), деб гина қилади.

Айнан “Бобурнома”да ҳам “кўч” сўзи “оила, хотин” маъносида келади. Бобур 1497–1498 йил воқеаларида ёзади: “Беклар ва ичкилар ва йигитларким, менинг била қолиб эдилар, аксарининг кўчлари Андижонда эди”[4]. Бошқа мисолларга қараймиз: “Менинг онамни ва улуғ онамни ва баъзи менинг била қолғонларнинг кўчлари била Хўжандқа менинг қошимға йибордилар” (52-бет); “Менинг волидаларим ва кўч ва улуғларим мен Андижондин чиқғандин сўнгра юз ташвиш ва машаққатлар била Ўратепа келиб эдилар…” (77-бет); “Ушбу кун Мулло Алихонким, Самарқандға кўчини келтурғали бориб эди, келиб мулозамат қилди” (218-бет). “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “кўч” сўзининг “1.кўчиш пайти ташиладиган уй-рўзғор буюмларидан иборат юк” ҳамда “2.аҳли аёли, хотин (эрига нисбатан)” тарзида изоҳланган[5]. Эрининг уйига ота уйидан кўчиб ўтгани учун ҳам ўтмишда хотин “кўч” деб аталган.

Буйруқ феълининг “кўч” шаклидан фарқли ўлароқ ҳозирги ўзбек адабий тилининг от сўз туркумида “кўч” ёлғиз қўлланмайди. Кўпинча жуфтлашиб “кўч-кўрони” тарзида “Луғат”даги изоҳнинг биринчи маъносига мос ишлатилади.

Ҳозирда “кўч” сўзини “оила, хотин, бола-чақа” маъносида ишлатиш оғзаки нутқда ҳам, ёзма адабиётда ҳам кузатилмайди. Балки мамлакатнинг қайсидир ҳудудидаги шева таркибида сақланиб қолгандир. Тасаввуримизча, Абдулла Қодирий қўллаган “кўч”лар “Бобурнома”даги “кўч”ларга семантик жиҳатдан уйғун келади. Ҳар икки асарда бор-йўғи учта товушдан таркиб топган биттагина ихчам “кўч” сингари сўзнинг ҳам ўзига хос поэтик кучи ва ўрни бор. Сўз сўзни етаклаб келади, сўз изи­дан воқе-ҳодисалар тизими ёдга тушади. Адабий матндаги муайян очқич сўз замонларни ўзаро боғлайди.

Шакл-шамойил тавсифи. Ёзувчилар мақсади ва маҳоратларига кўра турли йўсинда қаҳрамонларининг ташқи кўриниши – портретини чизади. Ташқи қиёфа белги-чизгиларини образларнинг ички олами билан уйғунлаштиради, баъзан қаршилантиради. Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романи бошида Кумуш қиёфасини “қоп-қора камон, ўтиб кетган нафис, қийиқ қошлари”ни, “тўлған ойдек ғуборсиз оқ юзи”ни, яъни “қиз суратида кўринган малак” сиймосини қуюқ, нафис ранглар уйғунлигида (29-бет) нисбатан кенг, Ўзбек ойимни “элли беш ёшлар чамалиқ, чала-думбул табиъатлик” (129-бет) тарзида қисқа тавсифлайди. Бироқ адиб бошқа образлар портретини бир жойга жамлаб, жуда тиғиз баён этади. Отабекни “оғир табиатли, улуғ гавдали, кўркам ва оқ юзли, келишган, қора кўзли, мутаносиб қора қошли ва эндигина мурти сабз урган бир йигит” (7-бет), Юсуфбек хожини “тўла кўркам юзли, катта малла кўзли, узун мош-гуруч соқоллик мулланамо бир зот” (82-бет), Зайнабни “ўн етти ёшлар чамалик, кулча юзлик, оппоққина, ўртача ҳуснлик” (158-бет), Уста Алимни “қирқ ёшлар чамалик, қонсиз юзлик, сийраккина соқоллик, қўй кўз, кўп вақт мадраса риёзатини чекканнамо, қотма, узун бўйлик” (186-бет), Ҳасаналини “олтмиш ёшлар чамасида, чўзиқ юзлик, дўнггироқ пешаналик, сариққа мойил, тўгарак қора кўзлик, оппоқ узун соқоллик” (8-бет), Ҳомидни “узун бўйлик, қора чўтир юзлик, чағир кўзлик, чувоқ соқол, ўттуз беш ёшларда бўлған кўримсиз бир киши” (8-бет), Ўтаббой қушбегини “тўла юзлик, ўсиқ қошлиқ, оғир қарағучи кўзлик, сийрак соқол, ўрта бўйлиқ, устидан кимхоб тўн кийиб, белига қилич осқан қирқ беш ёшлар чамасида бир киши” (69-бет), Азизбекни “…бошига оқ шоҳидан салла ўраган… сийрак қошлик, чўққи соқол, буғдой ранглик, қирқ беш-элли ёшлар чамалик бир киши”(81-бет), Райимбек додхоҳни “… жин ялаган деганларидек қошсиз, қорамтил юзлик, икки чакагининг устида бир оз, иягида бир оз сийрак, кўримсиз қора соқоллиқ, кўзлари ичига ботиғроқ, аммо қон қуйилғансумон бир киши” тарзида (81-82-бетлар) қиёфаларни бошқасига ўхшатмасдан индивидуал тасвирлайди. Бу поэтик усул романдаги бошқа образларнинг шакл-шамойили, хулқ-атвори ва руҳияти тавсифида ҳам кузатилади. Эринмасдан узундан узоқ кўчирилган ҳар бир образ қиёфаси бошқасини такрорламайди. Қолаверса, ташқи шакл-шамойил тасвирида қўлланган сўзлар маъно тусидан ёзувчининг ўз қаҳрамонларига нисбатан меҳр-муҳаббати ва тескари муносабати – симпатия ҳамда антипатияси сезилади. Қиёфаларнинг бадиий-эстетик таъсири ўқувчи кўнглига кўчади. Ўқувчи тасаввур майдонида қиёфалар жамланиб, Абдулла Қодирий “адабий мамлакати”нинг фуқароларига айланади; романда туркум образлар пайдо бўлади. Гарчанд тарихий-мемуар деб номланса ҳам, бундай қисқа, аниқ ва лўнда поэтик тасвир усули “Бобурнома”га хос. Бобур отаси – Умаршайх Мирзо тўғрисида: “Паст бўйлиқ, тегирма соқоллиқ, қўба кўзлик, танбал киши эди”, деб ёзади (9-бет). Асардаги кўпгина шахслар “шакл ва шамойили” учун махсус ўрин ажратилади. Султон Аҳмад мирзони: “Шакл ва шамойили: баланд бўйлуқ, қунқор соқоллиқ, қизил юзлук, танбал киши эди. Соқоли энгакида эди. Икки янгоқида соқоли йўқ эди. Бисёр хушмуҳовара (гапга чечан – Б.К.) киши эрди” (19-бет), деса, қирқ уч ёшида вафот этган Султон Маҳмуд мирзони паст бўйлуқ, суюқ соқоллиқ, танбал, синчисизроқ киши эди”, деб тавсифлайди (26-бет). Бошқа бир саҳифадан “Одилий” тахаллуси билан ижод этган ва битган ғазаллари Самарқанддаги ҳар бир хонадонга бориб етган Бойсунғур мирзонинг “шакл ва шамойили”га: “улуғ кўзлук, қўба юзлук, ўрта бўйлуқ, туркман чеҳралик, малоҳатлиқ йигит эди”, дея таъриф беради (63-бет). Бобур шакл-шамойил, ташқи қиёфа характеристикаси ёнида ҳар бир инсон табиати ва ички оламига тегишли “покиза эътиқодли”, “одми ва фақир киши эрди”, “таъби назми бор эрди”, “фосиқ киши эрди”, “муттақий киши эрди”, “золим ва кофирваш киши эрди”, “кулагач ва ҳаззол киши эрди” каби сифатлар билан маънавий хулқини ҳам очиқ ёзади. “Бобурнома”дек мўътабар асарнинг ҳаққоний тасвир услуби, эҳтимол, Абдулла Қодирийга манзур бўлгандир. Қодирийшунос профессор Умарали Норматов “Қодирий мўъжизаси” китобида: “Ўтмишда яратилган талай асарлардаги, жумладан, “Бобурнома”даги реалистик хусусиятларни асло камситмаган ҳолда айтиш мумкинки, “Ўткан кунлар”да ўзбек халқи ҳаёти илк бор ўзининг тўлақонли реалистик ифодасини топди”, деб таъкидлайди[6].

Жон қадри – умр мазмуни. Ҳар қандай асардаги ҳаёт ва ўлим, ишқ-муҳаббат, турмуш зиддиятлари, инсонлараро тўқнашувларнинг баёни ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди; умр мазмуни, жон қадри, дунёга келиш ва кетишга тегишли ҳаётий ҳикматлар эса бадиий асарнинг фалсафий мазмунини бойитади. “Бобурнома” ва “Ўткан кунлар” саҳифалари шундай ўгитлардан холи эмас. “Ўткан кунлар” романида орадан ўтган йиллар суронига боқиб Мирзакарим қутидор: “Умр – отилған ўқ эмиш” (15-бет), дейди; аслида умр мазмуни устида фикрламайдиган, ҳаёт моҳиятини ўйлаб кўрмаган одам кам бўлади. Зеро, Ватан, она, ишқ-муҳаббат, ҳаёт, ўлим, садоқат, дўстлик, инсоннинг дунёга қараши бадиий ижоднинг доминант мавзулари саналади. Рус адиби Лев Толстойнинг: “Агар инсон фикрлашни ўрганган бўлса, нимани ўйлашидан қатъий назар – у ҳамиша ўлим тўғрисида фикр юритади”[7], мазмунли гапи бор. Жон қадрини, синовли дунё ўткинчилигини, имтиҳонни, ўлимни эслаш – ўзи ва ўзлигини анг­лаган ориф инсонга хос фазилат. Бобурнинг бошига турли кўргиликлар ёғилиб, омад ундан юз ўгирган ва душмани Аҳмад Танбал одамлари изи­га тушиб таъқиб этган, шоир ўз таъбири билан айтганда “иш тадбирдан ўтган” кунларнинг бирида у: “Оламда жон ваҳмидин ёмонроқ нима бўлмас эмиш”, деб ёзади (107-бет). Бобурнинг “Бобурнома” асаридаги иқрорлари, ҳақгўйлиги, типирчилаб турган юрагини қўшқўллаб ўқувчига тутқазишига доир реалистик тасвирлари дунё адабиётидаги жуда кўп асарлардан бениҳоя юқори туради. Бобур ўзини, юрагини, юзини, аъмолини, сўзини, амалини, кўзини пардаламайди. Иккиланишини, андишаси, ғазабини, кўнгил ғулғуласи ва безовталигини очиқ ёзади. Шаръан қаралганда, кундалик намоз ибодатлари билан маъжун истеъмоли, одамнинг ақл-хушини оладиган чоғир, май ичишнинг бир инсон фитратида жамланиши мақталадиган ижобий хислат эмас. Бобур бу шаръий ҳукмни ҳар кимдан яхши билади. Шунинг учун ёнидаги шерикларини чоғирга ҳам, маъжунга ҳам мажбурламайди; на ортиқча дағдаға, на даъват қилади. Ҳолбуки у ўзининг чоғир мажлисларию маъжунхўрлигини ҳам, тонгласи сабуҳий қилишларини ҳам бемалол сир тутиши мумкин эди. Уни тафтиш қилишга, қалами қитирлатиб ёзаётган “Вақое”ни кузатиб туришга гувоҳларнинг юраги бетламас эди. Бобур Яратгувчининг “самиун басир”, “кулли шайун қодир”лигига, барча ишларни “киромин котибин” малоикалар амал дафтарига аллақачон ёзиб қўйганига инончи боис ҳақ сўзларни битади. Бутун айбу гуноҳини, бор эзгулигу одамийлигини, барча тавбаю тазарруларини бор ҳолича баён этади. Тўғриси, қиёснинг иккинчи эгаси мавлоно Абдулла Қодирийнинг ўз қўли билан ёзган бундай тарихий иқрорномалари, кундаликлари ёки ўз табиатига оид эътирофлари йўқ ҳисоби. Адибнинг “Суддаги нутқи”, замондошларининг хотиралари, Ҳабибулла Қодирийнинг “Отам ҳақида”, Масъуд Абдуллаевнинг “Ўтганлар ёди” китобларида бу хусусдаги айрим маълумотлар учрайди, холос.

Бироқ тасаввуримизча, Бобур билан Қодирийнинг табиатида, поэтик тафаккур тарзида, адабий-эстетик тушунчалари, одамийлиги ва борлиқни кўришида қандайдир яқинлик бор. “Ўткан кунлар”да ёзувчи: “Дарҳақиқат, бизнинг қаршимизға йўлбарс чиқса, биз қаттиқ қўрқамиз, чунки бизни ўлум кутадир, инсон учун дунёда ўлумдан қўрқунч нарса йўқ” (320-бет), дейди. Адиб келгуси воқеаларни ўқувчига олдиндан сездиришнинг махсус адабий усулини қўллабми ёки ички бир туйғу даъвати биланми, ҳартугул, Кумуш охирги мактубида онасига: “Маним бўлса нима учундир юрагимда бир қўрқув бор…”, деб ёзади (363-бет). Воқеалар ривожидан қўрқув сири очилади, заҳарлаган Кумуш “жомга ўқчиб қусар эди”. Айбдор Зайнаб Юсуфбек ҳожи ҳовлисидан ҳайдалади, акалари уни кишанлаб қўйишади. Жинниргани қози ва табиблар томонидан тасдиқлангач, жинояти учун жазоланиш ҳукми унинг устидан кўтарилади. Заҳарланиш ҳодисаси подшоҳ Бобур ҳаётида ҳам юз беради. Ҳинд ошпазлари қўлидан заҳарли ош егач, унинг кўнгли беҳузур бўлади. Бу тўғрида: “Обхонаға боргунча йўлда бир навбат қусаёздим. Яна бир навбат қусаёздим. Обхонаға бориб, қалин қустум. Ҳаргиз ошдин сўнг қусмас эдим, балки ичганда ҳам қусмас эдим” (281-бет), деб ёзади у. Айбдорлар жиноятига яраша жазо олади: бирининг териси тириклайин шилинади; яна бир айбдор филнинг оёқлари остига ташланади (282-бет). Бир ўлимдан қолган Бобур гўё онадан қайта туғилгандек бўлади. “Тенгри менга бошин жон берди”, дея шукрона айтади у. Жон халқумга келиб кетган бундай вазиятларда инсон учун жони азиз кўринади. Шунда умр мазмуни, тириклик неъмати устида ўйлайди. Бобур иқроран ёзади: “Жон мундоқ азиз нима эмиш, мунча билмас эдим, ул мисраъ борким: Ким ўлар ҳолатқа етса, ул билур жон қадрини…” (282-бет). Аслида инсон ҳаёти ижтимоий-маънавий, руҳий-моддий ва бошқа зиддиятлар ҳамда мураккаб ҳолатлар асосига қурилади; ўзини ва ўзлигини англаганлар фурсатни ғанимат билиб, охират куни учун озуқа жамлайди; савол-жавобга ҳозирлик кўради. Чунки Бобур таъбирича,“ҳар кимки ҳаёт мажлисиға кирибтур, оқибат ажал паймонасидин ичкусидур ва ҳар кишиким, тириклик манзилиға кетибтур, охир дунё ғамхонасидин кечгусидур” (289-бет). Тириклик ва ўлимга оид “ҳаёт мажлисиға” келиб-кетишнинг ҳикматона ифодаси жуда тиғиз ва қаршилаш усулида берилади. Шу гап давомидан Бобур барчага машҳур “…даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ” мисраларига мослаб жуда муҳим ва мардона ҳаётий бир гапни ёзади: “Ёмон от била тирилгандин яхши от била ўлган яхшироқ”. Бунда “яхши-ёмон”, “тирилган-ўлган” тазодлари ифода таъсирини оширади. “Ўткан кунлар”да ўзининг ҳаёти мазмунини ўйлаётган Юсуфбек ҳожи дейдики: “Мен кўб умримни шу юртнинг тинчлиғи ва фуқаронинг осойиши учун сарф қилиб, ўзимга азобдан бошқа ҳеч бир қаноат ҳосил қилолмадим… Боболарнинг муқаддас гавдаси мадфун Туркистонимизни оёқ ости қилишға ҳозирланған биз итлар яратгучининг қаҳрига албатта йўлиқармиз! Темур Кўрагон каби доҳийларнинг, Мирзо Бобур каби фотиҳларнинг, Форобий, Улуғбек ва Али Сино каби олимларнинг ўсиб-унган ва нашъу намо қилғанлари бир ўлкани ҳалокат чуқуриға қараб судрағучи албатта танг­рининг қаҳриға сазовордир” (294-295-бетлар). Ҳожи беш кунлик умрида “дунё можароларидан этак силкиб гўшаъи охират тадорики”ни кўришга ўзида рағбат ва зарурат сезади. Дарвоқе, Абдулла Қодирий тирик маҳалида ўз Ватани ва миллатига бўлган севгиси, ҳақ гапи, эзгу амали ва бебаҳо асарлари эвазига ҳожига ўхшаб ўзига азоб-уқубатлар, туҳмату бўҳтонлар ортиб олди. Аммо адибнинг фавқулодда жасорат эгаси экани ҳам, бу мардона фазилат қаҳрамонлари табиатига кўчгани ҳам бор гап. Шу ўринда уч душмани билан бир ўзи олишган Отабекни ёки дор остида ўлимга тик қараб турган Анварнинг ўткир кўзларини эслаш ўринли, албатта. “Ҳақиқат, очиб сўзлашдадир” ҳикмати ҳаётий дастури бўлган адиб “Суддаги нутқи”да ўша мустабид даврнинг “одил суд”ига қарата: “Мен тўғрилик орқасида бош кетса, “их” дейдиган йигит эмасман… Кўнглида шамси ғубороти, тескаричилик мақсади бўлмаган содда, гўл, виждонлик бир йигитга бу қадар хўрликдан ўлим тансиқроқдир. Бир неча шахсларнинг орзусича, маънавий ўлим билан ўлдирилдим. Энди жисмоний ўлим менга қўрқинч эмасдир”[8], деб айтади. Кейинги ҳибс терговида: “Менга қўйилган айбларни бошдан-оёқ рад этаман. Ҳақиқат йўлида ҳар қандай, ҳеч қандай жазодан, қийноқдан қўрқмайман. Агар отмоқчи бўлсаларинг, кўкрагимни кериб тураман…”[9], деб мардона сўзлайди. Худди шундай мардона туйғу, ҳаққоният, фавқулодда жасорат, улкан шижоат Бобур умрига, “Бобурнома” матнига нур бағишлайди. Унинг фотиҳлиги, элободчилиги, бағрикенглиги, дўсту душманларига кўрсатган муруввати, айниқса, фарзандидан жонини ҳам аямагани узоқ мозийнинг ўчмас ҳақиқати. Ўғли Ҳумоюннинг дардига ҳакими ҳозиқлар “…яхши нимарсаларни тасаддуқ қилмоқ керак” деб ташхис қўйишади. Бобур “Ҳумоюннинг мендин ўзга яхшироқ нимарсаси йўқ”, фикрига келади ва уч марта ўғлининг теграсида айланиб айтадики: “…мен кўртардим ҳар не дардинг бор”. Ўшал замон мен оғир бўлдум, ул енгил бўлди. Ул сиҳат бўлиб қўпти. Мен нохуш бўлуб йиқилдим” (355-бет). Бундай вазиятда Ҳақ билан авлиёсифат инсон орасидаги пардалар кўтарилади. Тоза юракли отанинг чин дуоси Тангри ҳузурига ўқдай боради ва ижобат бўлади. Бобур ўлимни мардона бўйнига олади. Бобур насрида ифода йўсини жуда қисқа, кам сўзга кўп маъно юкланади.

Эъжоз мақоми. Кам сўзда кўп фикр баёни мумтоз поэтикада “эъжоз” дейилади. “Бобурнома” – шоирнинг насри, подшоҳнинг назари; унда инсон умри, тарих воқелиги, географик маълумотлар йўл-йўлакай қуруқдан-қуруқ баён қилинмайди. Дейлик: “Кўнгуллар гул янглиғ очилиб, кўзлар чироғдек ёруди” (354-бет) каби қисқа, ўхшатишли ва тоза туркий ифода Бобур услубигагина хосдир. Бобурнинг насри таъсирли, оҳангли, шеърли, маҳобатли, сажли, тавзеъли, латофатли, ўхшатишли; унда тавсиф билан тасвир уйғунлашади. Ора-орада лирик пафос билан безатилган, айни дамда трагизм билан суғорилган “Бобурнома” ўзбек мумтоз насрининг фасоҳат ва балоғат намунаси, эъжоз мақомидаги бетакрор асар. Сўзи кам, маъноси ўктам; фикр ва тушунчалар тўқнашади, сўз сўзга уринади, сўздан сўз униб чиқади. Ўқиймиз: “На учунким, алар асру қалин, биз кўп оз, ўзга бу қавийлик била алар аркта ва бу заифлиқ била биз тош қўрғонда” (101-бет). Ўзаро қарама-қарши қутбда турган “алар – биз”, “қалин – кўп оз”, “қавийлик-заифлиқ”, “арк – тош қўрғон” каби жуфт ва зид сўзлар орасида бир дунё тушунчалар жамланади. Бошқа бир мисол: “Вилоят ораси, тонг ёвуқ ва мақсад йироқ” (105-бет). Қаршилантиришдан ифода тиниқлашиб гўзаллашади. Бошқа бир саҳифага назар соламиз. Бобур алғов-далғовли кунларнинг бирида Банда Али деган шеригини кутиб ўтирибди. Кутганда кун чўзилади, сониялар иммиллайди; вақт юрмайди, гўё тўхтаб қолади: “Субҳ узлаб келадур, бу ҳеч келмайдур” (105-бет). Бундай баён тарзи фақат ҳолат ифодаси, маълумот бериш жараёнида эмас, балки турли тарихий воқеалар тафсилоти ёки тарихий шахслар табиати ёритилган саҳифаларни ҳам тез-тез учрайди. “Бобурнома”да воқелик, фикр ва туйғу ноўрин тафсилотларсиз ёзилади. Тўғриси, кенгқамровли, адабий-тарихий насрнинг универсал услубида ёзилган “Бобурнома”дек муаззам ва бетакрор асар ўзидан кейинги турли жанрдаги ўнлаб-юзлаб бадиий асарлар учун таянч, илдиз, манба бўлиб хизмат қилгани айни ҳақиқатдир.

Сўзнинг эъжоз мақоми Абдулла Қодирий насри поэтикасига, қаҳ­рамонлари нутқига ҳам хос. Отабекни иккинчи марта уйлантириш ҳавасида юрган Ўзбек ойим бир куни Ҳасанали билан гап талашиб айтадики: “Сандек соқоли узун, ақли қисқадан кенгаш сўраб ўлтурған мен ҳам аҳмоқ!” (163-бет). Шокирбекнинг Отабекка эврилиш саҳнаси остонасида Уста Алим: “…ёмоннинг жанозасидан яхшининг ҳикояси фойдалик”, деб сомеъликка ҳозирланади (254-бет). Бундай нутқда “сен” – “мен”, “узун” – “қисқа”, “яхши” билан “ёмон”, “жаноза” билан “ҳикоя” сўзлари зидланади. Юсуфбек ҳожи бир йиғилишда: “Бу соқол шу эл қайғусида оқарди. Бу кўнгил шу манфаатпарастлар таъсирида қорайди” (318-бет), деган гаплари семантикаси қаршилидир. Юсуфбек ҳожининг ўз нафсига назари, маломати ва эътирофидаги соқолининг оқариши ёки кўнглининг қорайиши тасаввурни тоза бир инсон умрининг йўллари томон йўллайди. Аслида вазият, характернинг контрастли-қиёсли тасвирини романнинг дастлабки саҳифаларида, яъни карвонсаройда Отабек тушган ҳужра ёки Отабек билан Ҳомид характери баёнидаёқ кўринади. Адиб бу бадиий санъатдан романда жуда кўп ва ўринли фойдаланади. Баъзан кундошларнинг маънавияти, сажияси ҳар жиҳатдан таққосланади. Ўз мақсади йўлида янги қаҳрамонларни саҳнага олиб чиқиш жараёни романи охирлаб қолганида ҳам давом этади. Адиб романнинг “Хушрўйбиби ва Зайнаб” фаслидаги: “Хушрўй узун бўйли, қотмароқ ва зарча танлик эди. Зайнаб қисқа бўй, гўштдор ва оқ танлик эди. Хушрўйнинг ҳаракати енгил ва лавзи тез эди, Зайнаб лоппос ва ўнта сўзга аранг битта жавоб қайтарадирған эди” (353-бет), деган опа-сингиллар табиатининг қиёсидан тасаввур тўлишади.

Эъжоз мақомидаги бундай мисолларда Бобур Мирзо ҳам, Абдулла Қодирий ҳам чин маънодаги ўз эли ва тилининг билимдони, ўз даври адабий тилининг бунёдкори ҳамда ўзбек тилининг барча имкониятларидан тўла фойдаланган адабий шахслар сифатида кўринади. Бу икки муаззам адабий сиймо туркий-ўзбек адабий тилининг ифода салоҳияти ва қамровини ўзларининг амалий хизматлари билан исботлади, шунингдек, зукко тилшунос сифатида баъзан назарий қарашларини ҳам баён қилишди.

Икки тилчи. Абдулла Қодирий ўзининг бетакрор бадиий асарлари билан ўзбек адабий тилининг бойлигини исбот этди; ўрни келганида шева сўзларидан унумли фойдаланди. Адиб халқ тилида қўлланадиган “чип” сўзи учун “ғов, баррикада маъносида”, бошқа бир саҳифадаги диалогда келган “эшик” сўзини “Фарғонада ҳовлини эшик дейдилар” деб изоҳлайди. Ҳомид Жаннат опага “…гузардан чиқиб бир чорак эт келтириб, шўрба қилиб берсангиз” дейди. Ёзувчи “бир чорак”ни “уч ярим-тўрт қадоқ чамаси тошдир” деб изоҳлайди. Бугунги ўқувчи учун бир қадоқнинг 409,512 граммга тенг оғирлик ўлчов бирлиги эканини эслатишга зарурат бор. Бошқа бир эпизодда узоқ айрилиқдан кейин қайта учрашган Кумуш Отабекка “Сиз энди қирчиллабсиз!” деб айтади. Адиб “қирчиллаш” сўзига: “Қирчиллаш – одатда қорга айтиладир. Масалан, қаттиғ совуқда ёқған қор қирчиллайдир. Шундан олиб, айни етилган йигитларни қирчиллама йигит, дейдилар” тарзида романнинг асосий контекстидан ташқарида изоҳ ёзди.

Адиб ўзбек тилининг табиий хусусиятларини, жамики фазилатларини қадрлаш устида бош қотирган; шунинг учун ҳам тилдаги бундай муаммоли фонетик ҳодисага махсус тўхталади.

Бобур ўзининг машҳур: 

“Ёд этмас эмиш кишини меҳнатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни ғурбатта киши.
Кўнглум бу ғариблиқта шод ўлмади ҳеч,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши”,[10]

рубоийсидан кейин туркий тилнинг товушлар уйғунлигига доир мулоҳаза ёзади: “Сўнгра маълум бўлдиким, турк лафзида маҳал иқтизоси била “то” ва “дол” яна “ғайн” ва “қоф” ва “коф” бир бирлари била мубаддал бўларлар эмиш” (90-бет). Ўрнига қараб “т” билан “д” ундошининг, “ғ”, “қ” ва “к” товушларининг ўрни алмашиб келишини, уларнинг ўзаро мослашув табиатини тушунтиради. Бобурнинг йигирма саккизта ҳарфдан таркиб топган алоҳида алифбо – “Хатти Бобурий”га тартиб бергани, шу хатда фарзандларига мактублар, ҳатто замонасининг хаттотларига “Мусҳаф”ни кўчиртириб Маккаи Мукаррамага юборгани маълум[11]. Бобур “Бобурнома”да жой номлари, турли тарихий шахслар, мамлакат, шаҳар ва қишлоқларнинг тавсифи, турфа урф-одат, удумлар, ҳайвонот, наботот олами муносабати билан кўп сўзларга изоҳ ёзади. Масалан: “Яна ҳинд эли ададни ҳам хўб тайин қилибтурлар: юз мингни “лак” дерлар, юз лакни “курур” дерлар. Юз курурни “арб” дерлар. Юз арбни “карб”, юз карбни “нил”, юз нилни “падам”, юз падамни “сонг”. Бу ададларнинг тайини Ҳиндустон молининг кўплугининг далилидур” (266-бет) “Бобурнома” асари тилини тадқиқ қилган тилшунос олимлар Бобур кўплаб сўзларнинг келиб чиқиш тарихга эътибор бериб, кўпгина сўзларга изоҳлар ҳам беради.

Бобур ўғли Ҳумоюнга ёзган жавоб мактубида набираси исмининг маъносига, хатида йўл қўйган имло хатоларигача эътибор беради. Энг асосийси услубига нисбатан: “Бундин нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити: ҳам санга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучиға” (321-бет), деб ўзи қўллаган усуллардан қимматли ўгит беради. Бундай мулоҳазалар барча давр фарзандлари учун оталар айтган умрибоқий насиҳатдир. Бобур билан Абдулла Қодирийнинг асар, битик, мактуб, иншони аниқ ва тиниқ ёзиш хусусидаги фикрлари ўзаро уйғун. Қодирий фикрича, ёзганларига “ёзувчининг ўзигина тушуниб бошқаларнинг тушунмаслиги катта айб”, “фикрнинг ифодаси хизматига ярамаган сўз ва жумлаларга ёзувда асло ўрин бермаслик лозим”. Ёш ёзувчилар ўз асарларига бировнинг сўнгсўз ёки сўзбошиси билан тумор таққандан ёки наш­риёт муҳаррирларга ортиқча иш қолдигандан кўра ўз сўзларида собит туриб, “бир соатда эмас ўн соатда ёзишлари” ва ёзганларини “бир қайта эмас, ўн қайта тузатишлари кишининг ёрдамига термулишга қараганда ҳам фойдалик, ҳам умидликдир”[12]. Назаримда, ҳар икки аллома адибнинг асарлари, ёзиш малакаси ва тажрибасидан ўтган адабий-назарий ўгитлари барча даврнинг ёш ижодкорлари учун муаззам дорилфунун сабоқлари ўрнини босади.

Замон ўлчови.Тарихий-биографик асарларда замон ва макон чегаралари танланган тарихий шахснинг ҳаётига кўпинча мос келади. Бу табиий ҳол. Аммо адабиёт оламидаги тарихий асарлар турли асослар устига қурилади. Инсон ақли билан чегараланган замон – эралар, асрлар, йиллар, фасллар, ойлар, ҳафталар, кунлар, соатлар… каби кўламли астрономик тизимни ташкил этади. Ижод аҳли юз берган воқелик тасвирида – вақт ифодасида астрономик тизим унсурларидан турлича фойдаланади. Тўғриси, бадиий асарда замон – вақт физикавий мазмундан адабий-фалсафий моҳиятига кўчади. Замон тушунчасининг аниқ бўлагини кун ва тун – йигирма тўрт соат ташкил этади. Бу ҳисоб учун қуёш ҳаракати, аниқроғи, Ернинг ўз ўқи теграсида айланиши асос саналади. Ижодкор замон тасвирида қуёшнинг чиқиши, ботиши ёки соат милларининг чопишига эътибор беради. Абдулла Қодирий романларида кунлик вақтнинг “қуёш ботган”, “саҳар пайти” ёки “бу кун соат ўн иккида…”, “ҳозир соат кечки еттилар бўлиб қолган…”, “кечки соат тўртларда…” тарзидаги ифодаси онда-сонда кузатилади. Гоҳо шу тарздаги ифода давомидан махсус изоҳ қўшилади: “… қуёш ботқан, теваракдан шом азони эшитиладир”, “саҳар вақти туриб чой ичдилар. Субҳ намозини ўқуб, арава қўшилди”, “Кечки соат тўртлар, асрдан бир оз эртароқ ҳукумат аскари билан халқ орасида уруш бошланди…”. Вақтнинг ифодаси учун “шом азони” (шом вақти), “субҳ намози” (бомдод вақти), “асрдан бир оз эртароқ” (аср вақти) тарзидаги изоҳ, яъни кунда фарз ўлароқ беш маҳал адо қилинадиган намоз вақти Абдулла Қодирий романларида индивидуал маъно ва поэтик-категориал моҳият касб этади; адиб кунлик вақт қисмлари учун намоз атамаларини танлайди.

Абдулла Қодирий қаламига бундай тасвир йўсини ўз аждодларининг адабий тафаккуридан ўтгани, айни дамда, “Бобурнома” булоғидан сув ичгани табиий кўринади. Чунки “Бобурнома”да ҳодиса бўлган йил, ой, ҳафта, кун ва ҳатто кўпинча ўша куннинг аниқ маҳалигача тиниқ битилади. Масалан Бобур: “Ахсидин намози жумъа вақтида чиқиб, Банди Солор йўли била намози шом била намози хуфтан орасида Андижонға келдим” (32-бет) деб замонни намоз вақтига боғлаб ёзади. “Бобурнома”нинг ҳар бир саҳифасида, юзлаб ўринларда “намози бомдодни ўтаб”, “намози пешиндин сўнг”, “намози дигаргача”, “намози дигарга ёвуқ”, “намози дигарда”, “намози дигар била намози шом орасида”, “намози шомғача”, “намози шомға яқин”, “намози шомда”, “намози шом била намози хуфтан орасида”, “намози хуфтанғача”, “намози хуфтанда”, “намози хуфтандин кечроқ” каби таъбирлар учрайди. Баъзан Бобур фалон куни “сабоҳи”, “офтоб бир найза бўйи чиқиб”, “офтоб чиққанда”, “офтоб ўлтурур маҳал” деганича қуёшнинг ҳаракати ва бошқа вақтларга ҳам диққат қаратади. “Бобуронома”да улкан вақт бутунлиги, унинг қисмлари ҳамда кунлик вақт ўлчами муайян тизимга солинган, албатта.

Қиёсланаётган асарлардаги бундай ўринларга ҳар икки адиб шууридаги табиий сезим ва туйғулар ифодаси, имон-эътиқодли қалам эгаларининг баён усули сифатида қараш ўринлидир. Қолаверса, замонга мос ўлчамлар измида қаҳрамонларнинг ҳаракат қилиши ҳамда уларнинг тафаккур ва тасаввурига уйғун ифодаланиши ҳам ҳар қандай асарнинг қадр-қийматини оширади.

Китоб – бадиий восита. Яхши китоб – инсон умрининг зийнати. Бобур ва Абдулла Қодирийдек алломалар ёзган китоблар эса инсониятнинг маънавий мулки. Одамларнинг маданий-илмий, маънавий-маърифий даражасини улар ўқиган китоблар белгилайди. Тақдир Алишер Навоийни 6-7 ёшида “Зафарнома” муаллифи Али Яздийга рўбарў қилади. Мўйсафид тарихчи билан бола Алишер ўртасида савол-жавоб бўлиб ўтади. Шунда мўйсафид аллома боладан ўқиган китобларини сўрайди. Навоий “Мулк”кача таълим олганини айтади. Ёшлигида “Мантиқут тайр”ни ёд билгани барчага маълум. Табиийки, тарихий китоблардаги бундай маълумотлар тарихий шахслар маънавий дунёсини кўрсатади; улар қиёфасига маҳобат бағишлайди. “Бобурнома”да ўз даврининг машҳур акобирларига баҳо берилар экан, улар ёзган ёки ўқиган китобларни эсга олади. Алишер Навоий ажратилган бетларда аллома шоир “Хамса”, “Лисон ут-тайр”, “Ғаройиб ус-сиғар”, “Наводир уш-шабоб”, “Бадоеъ ул-васат”, “Фавойид ул-кибар”, “Мезон ул-авзон” каби барча асарларини санаб ўтилади. Бобур “Бобурнома”да Алишер Навоийдан бошқа бирор шахс таърифида бундай “кўб ва хўб” – кенг кўламли тўхталган эмас.

Отаси Умаршайх Мирзони таърифлар экан ёзади: “Равон саводи бор эди. “Хамсатайн” ва маснавий китобларини ва тарихларни ўқур эди. Аксар “Шоҳнома” ўқур эди. Табъи назми бор эди, вале шеърға парво қилмас эди” (10-бет). Замондошларидан баъзиларига “Ҳамиша Мусҳаф китобат қилур эди” деб ҳам таъриф беради. Умуман олганда зарурат юзасидан қайси бир машҳур уламо ёки тарихий жой таърифи жараёнида “Саҳиҳи Бухорий”, “Ҳидоя”, “Темурнома”, “Фатҳнома”, “Зафарнома”, “Искандарнома”, “Шоҳнома” каби мўътабар китоблар эсга олинади. Бунинг натижасида ўша инсон ёки маконнинг таъриф-тавсифи теранлашиб, уларга тегишли тасаввур ойдинлашади. Мемуар асарда тарихий маълумот сифатида бундай унсурларнинг мавжуд бўлиши табиий. Бироқ дунё адабиётидаги бадиий асарлар таркибида эсланадиган машҳур китоблар муайян бадиий функцияни бажаради. Отабекнинг “Бобурнома” ўқиши бежиз эмас. Абдулла Қодирийнинг бошқа қаҳрамонларини ҳам маълум ва машҳур китоблардан насибадор қилади. Дейлик, Юсуфбек ҳожига Қуръони карим ва “Далойил- ул хайрот”ни, ошиқларга Фузулийнинг “Девон”ини ўқитади. Раъноси эса Навоий, Фузулий, ўзларига замондош шоирлардан Амирий билан Фазлий Намонгонийни ўқиган. Қодирийнинг иккинчи романи “Чаённинг намойиши” фаслида масжиддаги ҳужралардан бири тасвири келади. Ҳужра токчасига араб тили грамматикаси “Кофия”ни шарҳлаган Абдураҳмон Жомийнинг “Шарҳ мулла Жомий” асари, ҳошиясида диний ҳукмлар изоҳланган “Ақоиди маъалҳавоший”, мантиққа доир “Ҳикматул айн”, Марғинонийнинг “Алвиқоя”, Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаётини ёритган “Сияри шариф” каби мўътабар китоблар тахлаб қўйилади. Калоншоҳ мирзо, Шаҳодат муфти, Абдураҳмон домла шу китобларни ўқиганми – ўқиган эмасми? Адиб уларнинг қўлларига бу китобларни тутқазмайди. Такрор айтаман – токчага тахлаб қўяди. Ўқилмаган китоб очилмаган тилсим. Ўқиганлар билан ўқимаганлар ҳеч қачон бир-бирлари билан тенг келмайди. Ўқиганлар олим, уламо бўлади, ўқимаганлар кўнглига шайтон оралайди, ғийбату ғурбатлар билан машғул бўлишади.

Сарлавҳа. Адиб романи учун ном танлаши хусусида ҳам бир фикр бор. Мутахассислар орасида “Ўткан кунлар”ни Абдулла Қодирий татар адиби Олимжон Иброҳимовнинг “Бизнинг кунлар” романи номига уйқаш қўйган, деган гап бор. Ҳолбуки, матнда аниқ битилган бир жуфт сўз, “Бобурнома” мутолааси туфайли адиб шуурига муҳрланиб қолмаганмикин, деган фикр келади. Сарсон-саргардон кезган 1502–1503 йиллар воқеалари охирида Бобур шундай ёзади: “Ўшал замон отланиб, Андижон тарафиға юруй бердук. Икки кун бўлуб эрдиким, ҳеч таом емайдур эдим. Намози пешин бўлуб эдиким, бир қўйни топиб келиб, бир ерда тушуб, ўлтуруб, кабоб қилдилар. Ўшал кабобдин тўйғунча едим. Андин сўнгра отланиб беш кунлук йўлни икки кеча ва кундуз илғор қилиб келиб, Андижонға кириб, улуғ хон додам ва кичик хон додамни кўрунуш қилдим ва ўткан кунларни тамом баён қилдим” (108-бет). Роман мавзуини “яқин ўткан кунлар”дан танлаган Абдулла Қодирий ҳам Туркистон ўтмишини, қутидор эшигидан қувилган Отабекни хаёлан ўткан кунларига қайтаради; сўнгра адиб ўз қаҳрамонига унинг “ўткан кунларини заҳар билан булғаб келган” мудҳиш душманларини танитади ва манзарани тиниқлаштириб воқеликни имкони борича батамом ростлик рутбасида баён қилади.

Туганчи: Ҳар икки адиб асарларида бундан бошқа ҳам қиёслашга муносиб ўринлар кўпчиликни ташкил этади. Дейлик “Бобурнома” матнида баъзан бирор воқелик ёнида оят ва ҳадислардан парчалар келади. Абдулла Қодирий мумтоз эпик анъанага мос равишда ўз асарларининг айрим саҳифаларида замона ҳазми кўтаргунча “Ҳар бир нарса ўз аслига қайтади”, “Аллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”, “Агар бир қавмнинг иши ноаҳил одамға топширилған бўлса, бас, ўшал қавмнинг қиёматини яқин бил”, “Ҳар ишнинг ўртачаси яхши”, “Қаноатли азиз, таъмали киши хордир” каби айрим оят ва ҳадисларни қўллайди.

Хуллас, Абдулла Қодирий руҳияти, адабий-эстетик концепцияси, одам ва олам хусусидаги қарашлари Заҳириддин Муҳаммад Бобур руҳига яқин туради. Ҳар икки адиб фитратидаги мардлик, жасорат, тўғрилик, ҳақгўйлик, маҳорат, истеъдод каби фазилатлар ўзаро уйғун келади. Тарихнинг жуда олис қаъри ва яқин ўтмишдаги дили, маслаги, тили, юраги бир бўлган адабий сиймолар маънавият майдонидан ёнма-ён туришади. Дунё ва борлиққа доир қарашлари яқин ижодкорлар орадаги масофа қанчалик узоқ бўлмасин, сўз санъатининг поэтик хусусияти ва метафорик табиатига кўра улар адабиёт тилида бемалол гурунглаша олади. Зеро, уларнинг мозийдаги ғойибона ўзаро адабий суҳбатлари, маънавий робита ва руҳий боғичлари жуда табиий туюлади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2019 йил, 4-сон

________________

[1] Абдулла Қодирий. Рўмонлар. Ўткан кунлар. Меҳробдан чаён. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1994. 38-39-бетлар (Кейинги кўчирмалар шу манбадан олинади ва саҳифа рақами кўрсатилади – Б.К.).

[2] Абдулла Қодирий. Диёр бакир. –Т.: “Янги аср авлоди” . 2007. 106-бет.

[3] Хайриддин Султонов. Бобурнинг тушлари. –Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1993. 230-бет.

[4] Заҳириддин Муҳаммад Бобур. “Бобурнома”. -Т.: ”Юлдузча” нашриёти. 1989. 52-бет (Кейинги кўчирмалар шу манбадан олинади ва саҳифа рақами кўрсатилади). Рус тилига ҳам “кўч” сўзи “оила” (семъя), “оила аъзолари” (домочадцы) деб таржима қилинади: “Семьи большинства оставшихся при мне беков, внутринних приближенных и йигитов находились в Андиджане”. “Бабурнаме”.-Т. 1993. Стр.78.

[5] Ўзбек тилининг изоҳли луғати. 5 жилдлик. –Т.: “Ўзбекистон Миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти. 2-жилд. 2006. 476-бет.

[6] Норматов У. Қодирий мўъжизаси. –Тошкент.“Ўзбекистон” нашриёти. 2010. 195-196-бет.

[7] Горький М. Портреты. “ЖЗЛ”. 1967. Стр. 123.

[8] Қодирий А. Суддаги нутқ // “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси. 1989. 1 декабрь.

[9] Қодирийни қўмсаб. –Т:. Абдулла Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти. 1994. 6-бет.

[10] Мазкур рубоий “Бобурнома” таркибида айни шаклда келади. Аммо шу кунгача босилган Бобур шеърий мажмуаларида бу рубоийнинг адабиётшунослар қиёсан аниқлик киритиши лозим бўлган:
 “Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатта киши.
Кўнглум бу ғариблиқта шод ўлмади, оҳ,
Ғурбатта севунмас эмиш, албатта, киши” нусхаси ҳам кенг оммалашган.

[11] Бу ҳақда қаранг: Ўктам Султонов. “Хатти Бобурий”. “Мозийдан садо” журнали, 2003. 3-4-сон. 90-92- бетлар.

[12] Абдулла Қодирий. Диёри бакр. –Т.: “Янги аср авлоди” нашриёти. 2007. 230- бет.