Олимжон Давлатов. “Минг захм урди ханжари ишқинг бу тан аро…”

Минг захм урди ханжари ишқинг бу тан аро,
Бу танни ҳажр ташлади юз минг тикан аро.

Лек ул тиканлар ичра хаёлинг била кўнгул
Ўйнар магар гул узраю ағнар суман аро.

Жисм уйидин кўнгул тилар ул кўйни, валек
Ғурбат суубатин киши билмас ватан аро.

Эрмас учуғ лабингдаки ул юз Суҳайлидин
Ранг олмади бу қатра ақиқи Яман аро.

Жоним лабинг шаҳиди эканга тонуғдурур
Ҳар ол ришта қонға бўялған кафан аро.

Булбул не куймасунки, бир ўт ёқти қасдиға
Ҳар оташин гул ушбу вафосиз чаман аро.

Кўрдунг Навоий ул сари зулф узра юз шикан,
Кўр эмди юз шикаста кўнгул ҳар шикан аро.

(“Ғаройиб ус-сиғар”, 21-ғазал)

ЛУҒАТ:

Ҳажр – ҳижрон, айрилиқ.
Ғурбат – ғариблик, мусофирлик.
Суубат – қийинчилик, машаққат.
Тонуғ – гувоҳ.
Ол – қизил.
Шикан – ўрам-ўрам, ҳалқа-ҳалқа, занжирсимон шакл олиш; исканжа, азоб, синиш.
Шикаста – синиқ.

БАЙТЛАРНИНГ НАСРИЙ БАЁНИ:

1. Бу жисмим аро ишқинг ханжари минг марта жароҳат етказди, бу етмагандек, ҳижронинг жароҳатли баданимни юз минг тиканнинг устига ташлади.
2. Лекин бу тиканлар аро кўнгил сенинг хаёлинг билан хушҳол бўлиб, худди гул ва суманлар узра ағанаб ётгандек роҳатланмоқда.
3. Кўнгил жисм уйини тарк этиб, кўйингни ватан қилмоқни орзу қилмоқда, аммо ватанда бўлган киши ғарибликнинг машаққатини билмайди.
4. Лабингда тошган нарса учуқ эмас, балки Суҳайлдек порлоқ юзингдан Яман ақиқи каби, лабинг каби ранг олмаган бир нарсадир.
5. Кафанимдаги ҳар бир қизил ип лабинг ҳасратида жоним шаҳид кетганига гувоҳлик беради.
6. Бу бевафо чаманда ҳар бир очилган қизил атиргулнинг ҳижрони ­оташида булбул нечун куйиб адо бўлмасин?!
7. Эй Навоий, зулфининг ҳар бир учида юзлаб шикан – ўрам кўрдинг, энди ҳар бир ҳалқасида юзта синиқ кўнгилга назар сол.

ҒАЗАЛНИНГ УМУМИЙ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Ғазалнинг дастлабки икки байти яхлит бир маънони ифодалашга хизмат қилган. Биринчи байт мазмуни ишқ ханжари ошиқнинг жисм уйини пора-пора қилгани, ҳижрон эса минглаб жароҳат теккан бу жисмни юз минглаб наштар ўсган тиканзорга ташлагани ҳақида бўлса, иккинчи байтда бу азобларни кўнгилдаги ёр хаёли айни роҳатга айлантиргани, ошиқ бу машаққатларни инъом ўлароқ қабул қилгани ҳақида сўз юритилади. Муболағали кўринган бу тасвир ҳақиқий ошиқларнинг асл маслагини ифодалаш учун хизмат қилади. “Тазкират ул-авлиё”да келтирилишича, Мансур Ҳалложни қатл этиш жараёнида дастлаб унинг оёқлари ва қўлларини кесдилар. Ҳаллож кесик қўллари билан юзига қон суртди. Сабабини сўраганларга деди:
– Ағёр қон кўп кетганидан юзим сарғайиб, Ишқ йўлидаги жонбозлик­ларда мени қўрқди, деб ўйламасин.
Дарҳақиқат, кўнглида муҳаббат макон тутган кишиларга зоҳирий оламнинг ташвишлари, Ишқ туфайли бошга ёғиладиган бало ва синовлар, дарду аламлар муҳаббат неъматлари ўлароқ туюлади. Ҳақиқий муҳаббатга сазовор бўлган ошиқ Шайх Санъон каби зуннор боғлаб, тарсо қизига хизматкорликни ўзига шараф билади. Руҳият ва кўнгил оламида унсият топган киши учун моддий дунё мисоли ғарибхонадек туюлади. Аммо ватаннинг ҳақиқий қадрини мусофир бўлган киши билганидек, висол онлари нақадар бебаҳо неъмат эканини ҳижрон тиконзорида азият чеккан кишигина англайди. Бинбарин, ошиқ кўнглининг ҳақиқий ватани – ёрнинг муборак кўйи. Бадан мулки эса, унга қафасдек туюлиб, руҳ ўзининг асл ватани томон талпинади:

Жисм уйидин кўнгул тилар ул кўйни, валек
Ғурбат суубатин киши билмас ватан аро.

Тўртинчи байтда ёрнинг лабида тошган учуқни тавсифлаш учун мумтоз адабиётда кўп қўлланиладиган Суҳайл ва Яман атамаларидан фойдаланилган. “Алишер Навоий қомусий луғати”да берилишича, Суҳайл – энг ёруғ юлдузлардан бири. Яманда ёрқинроқ кўрингани сабабли Суҳайли яманий деб ҳам аталган. Араб мунажжимлари Суҳайлни жануб юлдузи деб билишган ва карвонлар кечаси йўлдан адашмаслиги учун унинг жойлашувини мўлжал олишган. Cуҳайлнинг осмонда аниқ кўриниши иссиқ кунларнинг тугаши ҳамда сел келишининг нишонасидир. Қадимда қимматбаҳо маъданлар, айниқса, ақиқ Суҳайл юлдузи нурининг таъсиридан ҳосил бўлади, шу сабабли, ақиқнинг энг яхшиси – Яманда, деган инонч шаклланган. Навоий Суҳайлнинг бу хосиятини ёрнинг юзига, Яман ақиқининг жилосини эса ёрнинг лабига ўхшатиб, мазкур хусусият ёр лабига тошган учуққа таъсир қилмаганини чиройли тарзда ифодалаган:

Эрмас учуғ лабингдаки ул юз Суҳайлидин
Ранг олмади бу қатра ақиқи Яман аро.

Исломий эътиқодга кўра, шаҳиднинг қонли кийими кафанлик ўрнига ўтади. Шаҳид, шоҳид (ёр, Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири), ташаҳҳуд (шаҳодат келтириш калимаси) барчасининг ўзаги битта эканини ҳисобга олсак, шоирнинг қайси ишқ йўлида шаҳидлик мақомига эришганини пайқаш қийин эмас:

Жоним лабинг шаҳиди эканга тонуғдурур
Ҳар ол ришта қонға бўялған кафан аро.

Олтинчи байтда булбулнинг очилган гулларнинг фироқидан куйиб-адо бўлишлари ва минг нағмапардозлик билан нолалар қилишлари бу чаман, яъни дунё бевафолиги ҳақидаги марсиялар эканини билдиради. Мақтаъда эса шоир “шикан” ва “шикаста” сўзлари тажнисидан фойдаланиб, ёрнинг зулфи ўзига ўхшаган юзлаб синиқ кўнгил аҳлининг маскани эканини таъкидлайди. Зотан, Навоий куйлаган муҳаббат – иддао ва даъволардан холи, шикасталик ва синиқлик, фидойилик ва вафога асосланган муҳаббатдир. Бу йўлда унга ўхшаганлар кўпчиликни ташкил этади. Айнан шу тоифанинг синиқ кўнгиллари туфайли Ишқ аталмиш ғаройиб борлиқнинг меҳвари барқарор ва обод:

Кўрдунг Навоий ул сари зулф узра юз шикан,
Кўр эмди юз шикаста кўнгул ҳар шикан аро.

“Жаҳон адабиёти” журнали, 2020 йил, 11-сон