Ҳусейин Байдемир. “Ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар зўр келади”

Тоғай Мурод асарларида халқ оғзаки ижоди намуналаридан энг кўп фойдаланган ёзувчилардан биридир. Унинг асарларини ўқиган чет эллик, ўзбек этнографияси ва халқ оғзаки ижоди ҳақида ҳеч қандай маълумоти бўлмаса ҳам, бу маданият ҳақида анчагина билимга эга бўлади. Тоғай Мурод каби ёзувчилар ўз халқига икки тарафлама хизмат қилишяпти. Биринчиси, асарларида халқ маданиятини жонлантириб, унутилиб кетишидан сақлаб қолишяпти. Иккинчиси эса, ўз маданиятларини дунёга тани­тишяпти. Қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматовнинг асарлари ҳам бунга мисол бўла олади. Қирғиз маданиятининг яшаши ва дунёга танилишида унинг асарлари катта аҳамиятга эга. Айтматовнинг асарлари дунёнинг тўрт тарафида ўқилиши билан бир қаторда қирғиз халқ маданияти ҳам дунёнинг тўрт тарафида танилиб боряпти. Давлатлар, ҳукуматлар катта миқдорда сармоя ажратмасин, барибир миллатни танитишда ёзувчи – санъаткорчалик самарали натижага эриша олмайдилар. Ёзувчи кучли тасвирларга бой бир асари билан ўз маданиятини ўқувчиларига осонлик билан етказиши мумкин. Бу жиҳатдан Тоғай Муроднинг асарлари ўзбек маданиятини танитиш борасида мисли кўрилмаган аҳамиятга эга. Ўзбек маданиятини танитишга масъул шахслар ва тани­тишни истаганлар бу муҳташам асарларни дунё тилларига таржима қилишни тезроқ бошлашлари керак деб ўйлайман.
«От кишнаган оқшом» қиссасининг асосий мавзуси кўпкаридир. Бу қисса айни пайтда кўпкари ва от энциклопедиясига ҳам ўхшаб кетади. Ёзув­чи ўзбек халқининг кўпкари ва от ҳақида неча асрлардан бери орттирган тажрибасини ўқувчига етказади. Асарнинг орқа планида эса анъана-тузум ўртасидаги кураш кўрсатилган. Анъана эскини, тузум янгини тамсил қилади. Зиёдулланинг мавқейи, яъни дунёсини бу курашдаги қисмлар белгилаб беради. Зиёдулла урф-одатлар ва анъаналари­га содиқ, дуруст, саховати, очиқ кўнгил бир қаҳрамондир. У анъанавийликни тамсил қиляпти ва курашнинг бир тарафидадир. Қаршисида эса совет тузуми­нинг тамсиллари, яъни расмий идораларда ишлайдиган шахслар туради. Зиёдулла шифохонадан шифо топмайди, сочлари тўкилади; мактабда ўзини камситилган ҳис қилади ва ўқишни ташлайди. Чўпонлик қила бошлайди ва бу билан биргаликда бахшилик санъатини ҳам ўрганади. Бу ерда тузумдан анъанавийликка ўтиш бор. У бундан кейин тамоман анъана тарафида бўлади. Бир от олиб, кўпкарига тайёрлай бошлайди. Қирқ кун отни ёпиқ жойда боқади. (Гўрўғли достонининг Туркистон ва Онадўли нусхаларида ҳам Гўрўғли­нинг Ғироти қирқ кун ёпиқ жойда боқиб етиштирилади). Зиёдулла ҳам бир достон қаҳрамони каби отга боғланиб қолади. Тарлон оти унинг энг яқин дўсти, сирдошидир. Гўрўғли учун Ғирот қандай бўлса, Зиёдулла учун ҳам Тарлон шундай қадрли бор-йўғи эди. Давлат буйруғи остида барча отлар тўпланиб сўйилишга олиб кетилаётган пайтда Зиёдулла отини асраб қолади, бермайди. Чунки от унинг хонумони – бор-йўғи. От уни ўтмишига – Алпомишга, Кунтуғмишга боғлайди. Отни берганида ўтмишидан ҳам айрилар эди. Ёзувчи, Зиёдуллага қарши тузум тарафдори Рихсиевни чиқаради. Қизиқ тарафи, Зиёдулла билан Рихсиев бир қишлоқда туғилиб катта бўлишган. Рихсиев тузум мактабларида таълим олгани учун туйғуларини йўқотган, ўтмишидан ва халқидан ажралиб қолган эди. Ўзбек маданиятини камситадиган ҳолга келиб қолган эди. Асарда ўша замон тузумини ифодаловчи персонажлардан яна бири ҳарбий бўлинмадаги аскарлар ва бошқаси шифохонадаги шифокорлар эди. Зиё­дулла ҳеч айбсиз ҳарбий бўлинмада калтакланади. Қўли чиқиб қолганида шифокорлар қўлини жойига тушурмасдан гипс қи­лишади. Зиёдулла­нинг чиққан қўлини табиб жойига тушириб қўяди.
Асарда маданиятлар тўқнашувининг муҳим ўлчовини икки тараф ишлатган тил ифодалайди. Икки тараф ишлатган тиллар очиқчасига бир-бирига бегонадир. Тузум тара­фини тамсил қилган шахслар русча ва ўзбекчани аралаштириб гапиришяпти. Уларнинг ишлатган сўзлари Зиёдулланинг дунёсига умуман тўғри келмайди. Зиёдулла ишлатган мақоллар ва иборалар ўқув­чини ўзига ром қилади, соф ўзбекча сўзлайди. Асарда қуйида аниқла­ганимиз мақоллар­нинг барчаси Зиёдулла­нинг тилидан берилган. Мақоллар жамиятнинг умумтафаккури билан яратилгани учун, ичида яшаётган жамиятни дунёга ва ҳаётга қарашларини, қадрларини, ҳукм­ларини ўтказадилар. Шунинг учун мақоллар миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар давом этаётган жойларда ва ўша муҳитда кўп ишлатилади. Шу маънода асарда келган барча мақолларнинг Зиё­дулла орқали гапиртирилиши табиий ҳолдир. Бу бир тасодиф эмас, чунки ўзбек халқи­нинг хотирасини Зиёдулла тамсил қиляпти. Зиё­дулла оддийгина инсон эмас… У айни пайтда асрлардан бери келаётган маданий қадриятлардир, анъаналардир, халқдир!
Мақоллар қисқа бўлишига қарамай, оғзаки адабиётнинг энг дидактик хусусиятга эга туридир. Бу қисқа жумлалар ичига улкан маъно сингдирилган. Тоғай Мурод мақолларнинг дидактик кучидан иложи борича кўпроқ фойдаланган.
Мақоллар ва иборалар адабий асарлар­нинг гултожидир. Асарнинг тилини яна ҳам ўқишли ва жозибали қилади. Маълумки Тоғай Муроднинг барча асарларида бўлгани каби ушбу қиссада ҳам ўзига хос ва ажойиб тили, услуби бор. Ўқувчини ўзига ром қилган бу гўзал ифода кўп ишлатилган мақоллар билан яна ҳам табиий, яна ҳам муҳташам қилинган.
Ушбу асарда жами қирқ иккита мақол қўлланилган бўлиб, уларнинг энг кўпини от билан боғлиқ мақоллар ташкил қилади. Бу эса асарнинг мавзуси билан бевосита боғлиқдир. Ўзбек халқи маданиятида от билан боғлиқ мақолларнинг сони, мақолга ўхшаш ибораларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда, юздан ортиқ. Ёзувчи булар орасидан айтилиши жуда осонларини танлаб олганини кўрдик. Кейинги навбатда уйланиш ва каллик билан боғлиқ мақоллар келади. Асарнинг орқа планида бу мавзулар ҳам ёритилгани учун ёзув­чи бу мақолларнинг маъно кучидан фойдаланган.
Қуйида келтирилган мақоллар асарда келиш навбатига кўра берилган. Иккинчи даражада жой олган мақолдан ташқари ҳаммаси асарда бир марта ишлатилган.

Камбағални туянинг устида ит қопади.

От олсанг, Обоқлидан ол, аёл олсанг, Ирғалидан ол.

От олсанг, ҳўкиз қориндан ол, ҳўкиз олсанг, от қориндан ол.

Оти борнинг қаноти бор.

От битди, қанот битди.

Отангни кўрдим – аҳмади фориғ, онангни кўрдим – товони ёриқ.

Кўрпангга қараб оёқ узат.

Бор бўлса кўролмайди, йўқ бўлса беролмайди.

Калнинг нимаси бор, темир тароғи бор.

Отга минсанг, бошингни ўйла, ерга тушсанг, отингни ўйла.

От тепкисини от кўтаради.

Одам сўзлашиб топишади, йилқи кишнашиб топишади.

Ошингни еса-да мард есин, бошингни еса-да мард есин.

Сут билан кирган жон билан чиқади.

Эшак йиқитса, туёғини тўшайди, от йиқитса, ёлини тўшайди.

Ёмондан қоч-да қутул, ё, тон-да қутул.

Ўзбек эли ўр келади, ўзи ўжар зўр келади.

Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир.

Ёлғиз отнинг чанги чиқмайди, чанги чиқса-да донғи чиқмайди.

Бир калнинг ҳийласи қирқ кишини чарчатади.

Ҳақ сақласа балойўқ, Ҳақ қарғаса даво йўқ.

Ўзинг яхши олам яхши, ўзинг ёмон олам ёмон.

Орачига олти таёқ.

Насиб этса келар Шом-у Ироқдан, насиб етса кетар қош-у қабоқдан.

Давлат-да эгиз-эгиз, меҳнат-да эгиз-эгиз.

Қазисан, қартасан, асли наслингга тортасан.

Куёвни пайғамбарлар-да сийлаган.

Бўйдоқнинг ақли икки кўзида бўлади.

Йигитнинг боши иккита бўлмагунича моли иккита бўлмайди.

Ёш йигит кўзи билан қиз олма.

Ёш болага иш буюр-у, изидан ўзинг югур.

Бир яхшига бир ёмон ҳар ерда бор.

Элнинг қулоғи элликта.

Индамагин калга, ўзи келар ҳолга.

Кал ўзини овутар, қўлтиғини совутар.

Яхши отдан йиқилса, ёмон таъначи бўлади.

Оғзинг қора қон бўлса-да, ғаниминг олдида тупурма.

Эшак эгасини танимайди, пишак бекасини танимайди.

Ёмон гап ракетадан олдин юради, яхши гап тошбақадан кейин юради.

Эл оғзига элак тутиб бўлмайди.

Куйган ўланчи бўлади, суйган лапарчи бўлади.

Осмон олис, ер қаттиқ.

Ҳусейин Байдемир,

филология фанлари доктори, Отатурк университети профессори

«Ёшлик» журнали, 2019 йил, 2-сон