Ғабит Мусрепов. Япон балладаси

Ногаҳоний туртки

Эсимни таниб, елкамдан бунчалик қаттиқ туртки еганимни ҳеч эслай олмайман. Бошим бориб нақ товонимга теккан бўлса керак. Худди камалакдек эгилиб қолдим. Яхшиямки спортдан сал-пал хабарим бор, бўлмаса ё бўйним, ё белим узилиб кетар экан…
Бундан уч-тўрт йил илгари, шубҳасиз, мен ҳам бошқа ўртоқларимни орқа томонидан келиб туртган бўлсам керак. Бунинг учун улар ҳам ҳақини юбормаган, албатта. Бироқ, мана бундай туртишдан Худо сақласин… Мен бу гал ўзимни худди бир машина кранининг хартуми келиб туртдимикан, деб ўйловдим, йўқ, бошқа нарса экан! Қаранг-а, тағин ҳам менинг ўрнимда бошқа бир бўшангроқ одам, ё аёл киши бўлмагани. Йўқса, нақ боши узилиб, кўчанинг ўртасида думалаб ётган бўларди.
Эҳтимол, ўша куни талай бошлар думалагандир…
Гавдам орқамга чайқалиб, йиқилиб бораётганимда, ҳалиги ўзимни туртиб юборган нарса ким ёки нима эканини билгим келиб, орқа томонимга қараб улгурдим. Аммо ҳеч ким ва ҳеч нарса кўринмади менинг кўзимга. Зотан, бу воқеа жуда тез – кўз очиб юмгунча бўлиб ўтганди. Бироқ инсон идроки ундан ҳам илдамроқ бўлгани учун, шу қисқагина муддат ичида мен анча нарсани илғаб қолишга улгурдим: орқа томонимдан бир-бири билан елка тирашиб турган муҳташам ғиштин бинолар бор бўлиб, энди эса бирортаси ҳам йўқ эди. Фақат уларнинг ўрнида қоракуяга беланган харобаларининг ўрнигина қолганди. Баъзан ёнғин ё зилзила бўлган вақтларда ҳам сарновлар қора кўмирга айланиб, чанг босган оғочлар, сўррайган тутун қувурлари, йиқилиб тушган деворлар кўзга ташланиб турарди-ю, лекин ҳеч қачон бунчалик бўлмасди. Аммо бу гал ер бетида ҳеч нарса қолмаганди: ялаб қўйгандек тап-тақир эди ҳаммаёқ. Илгарилари муҳташам бинолар ортида кўринмай турган тоғлар негадир бу гал нақ кўзим ўнгида турарди. Ҳа, фақат тоғларгина ўз ўрнида турарди…
Бир маҳал қарасам, осмондан ҳатто мен тасаввур қилолмайдиган даражада катта-катта тахталар қалқиб тушиб келаяпти. Гўё юзлаган уйларнинг шифтлари бир варакайига кўтарилган-у, энди эса бирин-кетин тушиб келаётгандек. Ундан ташқари, яна аллақандай нарсалар учиб юришарди.
Не кўз билан кўрайки, ўша осмондан учиб тушаётган тахталар ораларида ҳатто одамларнинг ҳам таналари кўзга чавлинар ва гўё улар ҳам уйларининг шифти билан бирга осмонга отилиб, олдинма-кетин бўлиниб-бўлиниб тушиб келарди. Баъзи таналарнинг қўллари худди бутга ўхшаб керилган, баъзилариникини эса – у одамнинг танасими ёки бошқа нарсаникими – таниб бўлмасди.
Мен бу воқеаларнинг ҳаммасини камалакдек эгилиб турган маҳалимда, қаддимни тиклашга уриниб, бошимни кўтараётганимда, лекин бунга мадорим етмай йиқилиб бораётганимда, сўнг йиқилиб, эс-ҳушим кирди-чиқди бўлиб, оқни қора, қорани оқ деб ҳис қила бошлаган пайтимда кўрдим. Ёнгинамга келиб тушган қора тош қип-қизил чўғ бўлиб ёниб турган маҳалда кўрдим. Бу ёғи қоронғилик, бу ёғи тилсимот, бу ёғи менинг учун англаб бўлмайдиган зулмат бўлди…
Мен, муҳташам ғиштин бинолари ҳозиргина бир-бири билан елка тирашиб турган даҳалар орасидан кесиб ўтган ва шаҳарнинг бир қаватли иморатлар қурилган чеккасига эндигина етиб келган эдим. Япон шаҳарларидаги бир қаватли иморатларда яшаш нақадар файзли ва роҳатбахш бўлади. Ундан ташқари, бу жойларни боболарнинг боболари ва бувиларнинг бувилари бунёд қилган. Бу ҳовлиларнинг биронта тоши йўқки, уни одам ўз қўли билан ўрнатмаган бўлсин. Ҳар бир ҳовлининг кўриниши ва ҳар бир тошнинг ўрнатилишидан япон географиясининг бир жилосини кўргандек бўласан. Кичик-кичик тоғлар, кафтдек-кафтдек кўллар, тарам-тарам сойлар ва уларга қурилган бежирим кўприклар… Маймунжон дарахтлари, тарвақайлаб ўсган пакана қайрағочлар, хризантема гуллари, туки ўсиқ гиламларга ўхшаш кўм-кўк майсали майдончаларни айтмайсизми?!. Ҳолбуки, япон аёллари ҳатто уруш йиллари ҳам ўзларининг қийналганига қарамай, бу ҳовлиларни гард юқтирмай авайлаб-асраб келишарди.
Япон мусиқаси ҳам, унинг дунёга машҳур рассомчилик санъати ҳам гўё ўз табиатидан кўчирилиб олинган каби гўзал экани ҳаммага маълум. Шунинг учун бўлса керак, япон болалари унинг ҳеч қайсисига путур етказмайди. Новда-ниҳолларни синдириб, майсаларини топтамайди.
Рўпарамдан мунгли япон мусиқаси эшитилди. Уруш азоб-уқубатларини тотиб кўрган япон халқи бу маҳалларда мунгли мусиқаларни, қўшиқларни куйлашарди. Ўша куни кун иссиқ эди. Қайсидир бир ҳовлидан мусиқа товуши келарди. Мени худди шу пайтда орқамдан туртиб юборишди. Бир лаҳзада ҳалиги бир қаватли даҳаларнинг қаёққа ғойиб бўлиб кетганини англамай қолдим. Чунки мен ногаҳоний кучли туртки зарбидан, ниҳоясиз… ҳушсиз йиқилган эдим…
Мен уйқудан уйғондимми ёки ўзимга келдимми, қаерда, қандай қилиб эсимни йиғиб олдим – буни шу кунгача англолмайман. Мен ҳамон ўралган, танғиб боғланган ҳолда ётардим. Наздимда, фақат бир кунгина ўзимни йўқотиб қўйган бўлсам керак, деб ўйлайман. Бироқ Америка институти ходимлари, айниқса, бир ҳарбий доктор икки ойдан бери мени: “бу қанақа қайсар одам ўзи!” деб куйиб-пишиб койирмиш. Орқасининг қандай куйганини ва бомба ёрилган жойдан қанча масофа нарида бўлганини нега тезроқ айтмайди? Наҳотки, бу гапларнинг қанчалик ҳарбий аҳамияти зўр эканига тушунмаса бу одам? Йўқ, чамамда яхши тушунадиганга ўхшайди. Фақат атайлабдан қайсарлик қилиб айтмаяпти. Гўё номус қилади, хўрлиги келади. Ҳм, мамлакати бош эгиб таслим бўлиб турибди-ю, номус қилганига ўласанми, бунинг! “Э, аҳмоқ, мамлакатинг таслим бўлди, императоринг бош эгди!..”
Лекин ўша дамларда хўрлигим келмаганди. Кейин хўрлигим келди. Куйган орқамнинг алами босилай деб қолганида хўрлигим келди. Эҳтимол, бу – орқамнинг куйгани учундир? Агар шундай бўлса, америкалик доктор мендан бекорга ранжибди…
Чунки мен у кезларда ҳаттоки нима учун танғилиб ётганимни ҳам билмас эдим. Бироқ кунлар, ойлар бўйи хаёлимга бир нарса элас-элас келар, у ҳам бўлса ҳалиги орқамдан туртилган кунларнинг хира хотираси эди. У ким эди ёки нима эди? Мен буни ҳамон тушунолмасдим. Фақат… кейинчалик тушундим.
Эсим инганидан кейин, оқ халатли доктордан бу ерда нима учун ётганимни сўрадим.
– Орқангиз Япониянинг географик харитасига ўхшайди, – деди у. – Ўнг кафтингизда Хаккайда оролининг сурати… Худди шу томонингизнинг ўзида яна улуғ Хансю… Биқинингизда Симўнасеки адири, пастроғида Кюсю… Худога шукур қилинг. Агар бу тасвирлар чап томонингизда бўлганида борми, унда уйғонишингиз амримаҳол эди…
У бу гапларни менга қачон айтди ва шунгача неча ой ўтган – буни ҳам аниқ билмайман. Лекин яна анча вақтгача аллақандай бир нарсани сўрагим келиб, бироқ сўрашга тилим келмай ётганим эсимда.
Доктор кейинги сафар келганида менинг орқамни анча мақтаброқ тасвир қилди:
– Мана, энди орқангиз мақтаса арзигудек орқа бўлибди! Энди унда Фудзиама тоғи ҳам, Асаки тоғи ҳам бор. Тюгўку, Кюсю адирлари ҳам бор. Хиросима, Нагасаки шаҳарлари ҳам ўз ўрнида… Уруш йилларида чиққан хариталар орасида бундан яхшисини топиш қийин…
– Доктор, буларнинг ҳаммаси нимадан бўлди! Шуни айтиб беринг-чи? – деб сўрадим ундан.
Докторнинг кўзойнаги синиб кетай деди. Японларнинг кўзи у қадар катта бўлмайди. Буни сиз яхши биласиз. Уларнинг кўзи кўпинча ўйчан ва мунглироқ келади. Мен билан ҳазил қилиб ўтирган докторнинг хўрлиги келди, шекилли, кўзлари чақнаб, кўзойнагини тешиб юборай деди. Сўнг у:
– Таека Ўрикў! – деб хитоб қилди-да, эшик томонга бурилиб, тез-тез юриб чиқиб кетди. – Шу вақтгача айтмаганмидингиз?
Эшикдан кириб келган ўрта ёшли Ўрикў-Сан деган аёл:
– Айтиб боққанман. Эси ўзида эмас эди, – деб жавоб қилди унга.
Ҳа, эсим ўзимда эмаслиги рост эди. Иккита катта шаҳарнинг халқи кўз очиб юмгунча қирилиб, йўқ бўлиб кетди, дейишганида, ўзимни йўқотиб қўйган эдим. Энди англасам, шунга ҳам анча вақт бўлган экан.
Доктор бошини чайқаб, ёнимга келиб ўтирди-да, гап бошлади:
– Сиз энди эркакларга хос чидам билан тингланг. Икки шаҳримиз устига америкаликлар атом бомбаси ташлаган, – деди у менга. Сўнг бир зум сукут қилиб, яна давом этди: – Нега дейсизми?.. Ҳалигина чидам билан тингланг демадимми сизга?.. Тажриба учун ташлашган бўлса керак. Олдингиси тажриба учун, кейингиси эса ўша тажрибанинг тўғри эканини аниқлаш учун, шекилли… Ҳа. Ҳозирча икки хил фикр бор: бири – Япония таслим бўлиб, бош эгса ҳам, бир йўла бош кўтармайдиган қилиб қўйиш, иккинчиси – унинг иттифоқчиларини ҳам чўчитиб қўйиш масаласи бўлса керак… Уруш тамом бўлганидан кейин, яна нималарнидир бўлиб олиш ёки шунга ўхшаш жанжалли нарсалар ҳам бўлади-ку, ана ўшаларга барҳам бериш каби нарсалар бор эмасми?.. Одамларнинг тахминий фикрича шундай. Энди ётиб дамингизни олинг…
– Менинг онам бор эди, синглим бор эди… Улар билан учрашсам бўлармикин?
– Фамилиянгиз нима? Қайси даҳада турар эдингиз?
– Ёзги тонг даҳасида…
– Э, бечора, у даҳа энди йўқ бутунлай…
– Онам марказий боғчада ишлар эди…
– Марказий боғчанинг ўрнигина қолган қора кукун бўлиб… Энди ётиб дамингизни олинг. Товушингизни чиқарманг…
Доктор тўғри айтибди. Товушимни чиқармаслигим керак экан… Хор-зор бўлган халқ қайғуриб, йиғи-сиғи қилиб ўтирса – бундан нима фойда!
Шундан бери ҳам мана, йигирма йил ўтиб кетди. Мен касалхонада ўн олти марта ётиб чиқдим. Орқамни ҳам ўн олти марта яматдим. Ахир, Япониядек бутун бошли бир мамлакатнинг каттакон харитасини орқалаб юравериш осон гапми? Япон географиясининг бир томони Тинч океани, иккинчи томони Япон денгизи-ку. Худди ўшанга ўхшаб, хайриятки, менинг ҳам баданимда соғ жойларим қолган экан. Мен ҳар гал ўша соғ қолган жойлардан тилдириб олардим-у, кесиб ташланган жойларимни яматардим… Териси тилиб олинган жойларимда эса янги яралар пайдо бўларди…
Ҳозир мен оқ қонли одамман. Қизил қоним борган сайин озайиб бораяпти. Йигирма йил яшаш учун озмунча курашмадим. Мана, ҳали ҳам курашиб келяпман.
Ёшим ҳали қирққа етганича йўқ. Баъзан ҳатто уйлангим келади. Лекин кимга ҳам уйланардим? Агар икки оқ қонли қўшилсак – унда наслимиз нима бўлади? Қийшиқ-қинғир, чалажон фарзанд туғилса нима қиламиз?
Ҳақиқатан ҳам доктор тўғри айтган экан. Бу гапларга мардларча бардош керак, шекилли…

Оҳ, менинг кўзларим

Айкўни мен анча жойдан танидим. У ҳам мени таниб кутиб турарди. Бошқа қизлар бўлса машинага аллақачон ўтириб олишибди. Япон қизларнинг қичқириб чақириш одати йўқ. Дугонам Айкў мени тўр халтасини ҳавода айлантириб чақирарди.
Усиз ҳам ўзим ошиқиб келардим. Бугун бизлар бир қўшни мактабга ёрдамга боришимиз керак эди. Қарама-қарши келаётган икки трамвай рўпарадаги тўхтайдиган жойга яқинлашиб қолмаганда, мен аллақачон кўчадан кесиб ўтиб кетган бўлардим.
Трамвайлар ўтиб кетгач, мен дарҳол кўчадан ўтиб олиб, қадамимни тезлатдим. Айкў ҳамон қўлидаги тўр халтасини ҳавода айлантириб, мени чақиришда давом этарди. Мактабимиз боғ ичида, трамвайнинг шовқин-сурони эшитилмайдиган жойда эди. Машина устидаги қизлар чувуллашиб қўшиқ айта бошлашди, Айкўнинг ичига термос солиб олган тўр халтаси офтоб нурида ялтираб, ҳавода доира ясаб айланарди. Мен югургилаб борардим. Бирдан…
Бирдан бутун Япон осмони ёрилиб кетгандек бўлди. Ёки ўзимнинг қулоқларим ёрилиб кетдимикин?..
Мен ҳангу-манг бўлиб осмонга қарадим. Осмон билан шаҳар ўртасига қандайдир оқ-сариқ, қуюнга ўхшаш, бош томони қўзиқоринга ўхшаб кетадиган каттакон бир устун ўрнатиб қўйилибди. Устун ўзидан кўз қамаштирадиган даражада ўткир нур ва олов пуркаб турарди. Тепа томони худди қўзиқорин салласидек қайнаб, тобора кенгайиб борарди. Қуйи томони эса шаҳарнинг қоқ ўртасига қандай қадалганини пайқай олмай қолдим. Устуннинг йўғонлиги, нима десам экан, нақ шаҳримизнинг ўртасига қурилган дум-думалоқ саройча келарди…
Шошиб, мактаб томонга қарадим.
– Айкў, Айкў! – деб бақирдим. Бироқ ўз товушимни ўзим эшитмадим.
Айкўдан ҳам садо бўлмади. Машина ҳам йўқ, мактаб ҳам йўқ эди ўрнида. Гўё ҳаммаси учиб кетгандек. Кўз ўнгимда фақат қоп-қора бўлиб куйиб кетган далагина элас-элас гавдаланарди. Ҳамма ёқ кул, кукун эди…
Мактабнинг мен турган томонидаги дарахтлари ер бағирлаб ёнбошлаб қолганди. Нари-берида йиқилиб ётган дарахтлардан куйик ҳиди келарди. Мен бирдан кўйлагимнинг тугмалари қизиб бораётганини ва баданимга михдек қадала бошлаганини сезиб қолдим… Кейин гандираклаб кетдим ва бирдан тубсиз қоронғилик қаърига қулаб тушдим. Бошқа ҳеч нарсани эслолмайман…
Мана, шу қоронғиликда йигирма йилдан бери ётибман… Ҳалиги кўрдим деганларимнинг ҳаммаси одатдаги умумий бир тушунчагина, холос. Бинобарин, уларнинг ҳеч қайсисини кўз билан кўриш мумкин эмас. Фақат кўнгил билангина кўриб, фақат хирагина тасаввур қилиш мумкин. Чунки ҳали бу балонинг ҳаётда қиёси йўқ. Ҳатто ўлим, қирғин деган гаплар ҳам бу воқеанинг тугал маъносини беролмайди!..
Халқ орасида тош балқиди, темир эриди, деган иборалар бор. Хўш, кўз очиб юмгунча тош ва темирлар куйиб кул бўлиб кетса – буни нимага қиёс қиламиз? Каттакон бир шаҳар кўзингни очиб юмгунча ғойиб бўлиб кетса – буни нимага ўхшатамиз?..
Майли, бу менинг ишим эмас. Лекин гап шундаки – мен йигирма йилдан бери қоронғиликда ётибман. “Шаҳар қайта ўз аслига келди”, дейишади. “Ҳатто илгаригисидан ҳам бой, илгаригисидан ҳам кўркам бўлган”, дейишади. Ростми шу! Агар рост бўлса, кошки эди мен ҳам уни ақалли бир мартагина кўрсам! Ҳа, ҳеч бўлмаса бир мартагина!.. Шундан кейин яна кўзларимни юмиб олардим ва яна… қоронғилик бағрига чекинардим.
Негадир шу орзумдан ҳеч умидимни узгим келмайди. Уза олмасам ҳам керак. Дастлаб касалхонага тушган кезларимда ҳам доктордан шу ҳақда сўраган эдим:
– Жон янгажон, айтинг-чи, кўзимнинг аҳволи қалай?
– Нимасини сўрайсан, чироғим? Кўзинг чақнаб турибди? – деб жавоб берди доктор аёл.
– Кўр бўлиб қолганим йўқми?
– Йўқ, йўқ!.. Фақат кўрмай қолганинг рост, холос. Лекин бунинг ҳечқиси йўқ, кўп ўтмай тузалиб кетасан…
– Юзларим қалай?
– Ҳаммаси жойида, илгаригисидек оппоқ, худди оқ мармардек…
– Сочларим-чи?
– Сочларингни олиб ташлашга тўғри келди. Осонгина ўсиб чиқадиган сочни ҳам сўз қиласанми?..
Икки қўлим билан оёқларим қаёқда? Борми, йўқми – мен буни билолмасдим. Кўзларимни, юзларимни, сочларимни суриштирарканман, қўлларим билан силаб кўргим келарди. Лекин бунинг иложи йўқ эди. Икки қўлим танғиб қўйилганга ўхшарди. Эҳтимол, кесиб ташлашгандир қўл-оёқларимни?
Ҳаммаси ҳам майли-ку, бироқ ҳеч икки кўзимдан умид узолмайман. Кўзларим ўрнига келса, афтимни осонгина тузатиб олармидим… Ҳали доктор юзларинг мармардек оппоқ деди-ку. Аксари япон қизлари оққувдан келади. Айкў менинг юз-кўзларимга ҳавас қилар эди.
– Кўзларингнинг қорачиғи тип-тиниқ, чақнаб турибди. Киприкларинг қуюқ, сал юқори томонга қараб эгилган… – дерди у менга.
Йигирма йилдан бери хонамга одамлар кириб-чиқиб туришади. Лекин шулардан бирортаси ҳали мени, мана бу қиз басир экан, деганича йўқ. Ростини айтишса, биров уларга бир нима дермиди? Шунинг учун ҳам мен юзларимни очиб ўтираман. Товуш чиққан томонга ўгирилиб қарайман. Кўришгандек жилмаяман… Мана, сизларга ҳам шундай қилдим. Агар менинг кўзларим оқиб тушган ва юзларимни чандиқ босган бўлса, унда сизлар олдимга келишга жирканган бўлармидинглар, эҳтимол?..
– Йўқ, йўқ, кўзларингиз чақнаб турибди. Бу сизга чет эл кишиси сифатида айтаётган сипойи гапимиз эмас, ишонинг, фақат шундай чақнаб турган кўзингизнинг кўрмаслиги бизни ҳайратда қолдирди, холос. Чет эл кишиси бўлганимиз учун сал ийманиб турибмиз. Бўлмаса шу уйнинг ёруғлигида сизнинг кўзларингизнинг ҳам улуши бор, деган бўлардик…
– Мен ҳозир ўттиз беш ёшга кирдим. Ёруғ дунёдан маҳрум бўлганимда ўн беш ёшда эдим. Ўзим иштирок этмаган сўнгги йигирма йилни ҳеч ҳам ёшимга қўшгим келмайди. Ҳали ҳам ўн беш ёшдаман. Кўзларимдан умидим борлиги ҳам шунда. Шу умид мени олға чорлаб келяпти…
Кўзим тузалган куни мактабимизга бораман. Бояги айтганим, ёнбошлаб қолган мактабимиз боғининг дарахтлари қайтадан бош кўтаришиб, чиройли боғ бўлган, дейишади. Илгариги икки қаватли мактаб ўрнига эндиликда беш қаватли мактаб тушганмиш. Фотограф келиб суратимни олиб кетди. Уни мактабимизнинг каттакон залига илиб қўйганмиш.
Мактабни битиришимга фақат бир йилгина қолган эди. Тузалишим билан бориб, ўша чала қолган ўқишимни битириб олсам, дейман. Токиодаги университетларнинг бирида болаларни овқатлантириш факультети очилганмиш. Шунга ўқишга кирсам, дейман.
Мен бир марта кўриб қолганим вайрона шаҳар қайта аслига келган, дейишади. Албатта, харобага айланган, қайғуда қолган шаҳарни ким ҳам эслагиси келарди, дейсиз? Эҳтимол, шу сабабдан ҳам уни ҳамма унутган чиқар… Бироқ, одамлар уни унутмаслиги керак. Бахтим чопиб, кўзим очилса, ўша кунги кўрганларимни ёзиш ниятим ҳам йўқ эмас. Мен бу лаҳзани кўзларимни қурбон қилиб кўрганман, ахир. Ҳаммаси кўнглимда худди ҳозиргина бўлиб ўтгандек кўриниб турибди. Аммо илгарилари бундан ҳам равшанроқ туюларди улар менга. Лекин ке­йин­ги пайтларда баъзи нарсалар нима учундир ҳотирамда туманга айланиб бораётгандек туюлади. Агар кўзларим тезроқ тузалмаса, бу аҳволда баъзи нарсаларни унутиб ҳам қўядиганга ўхшайман… Қичқириб айтай десам – бунга ҳам товуш йўқ менда. Шунинг учун аста бир чеккадан қоғозга тушираверсаммикан ҳам дейман…
Хиросима тепасига атом бомбаси ташлангандан кейин бутун дунё норозилик билдирибди, дейишади. Бироқ у пайтларда мен ҳали қил устида ётган эдим. Норозиликлар қаттиқ бўлдими ё юмшоқ бўлдими – мен буни яхши билмайман. Сизлар нима қилдингиз ўшанда?..
Ҳа, ўзим ҳам шундай қилган бўлсангиз керак, деб ўйловдим…
Шаҳримиз аҳолисининг ярмиси бир неча сония ичида куйиб кулга айланиб кетди. Кул бўлиб кетмаганлари эса, қайтадан куйдирилиб кул қилинди. Ҳолбуки, шаҳримиз ҳарбий шаҳар ҳам эмасди. Аксинча, бола-чақалар, хотин-халаж, кампир-чоллар яшайдиган тинч шаҳар эди. Бировга ёмонликни ҳам раво кўрмасди, бунга ҳаракат ҳам қилмасди. Менинг нодон ақлим ҳалигача бир нарсага бовар қилолмайди: бизнинг нима айбимиз бор экан, кимга ёмонлик қилибмиз? Эркак зоти кам бўлгани учун қўшни мактабга ёрдамга бораётган қизларнинг нима ёзиғи бор экан шунчалик? Йигирма икки нафар қиз бир дақиқа ичида куйиб кул бўлди-қолди – тўзонга айланиб кетди. Йигирма учинчиси бўлиб менгина омон қолдим. Омон қолганмишман. Қанақа омонлик эканини мана ўзингиз кўриб турибсиз-ку, ахир…
Ў, Айкў қанақа қиз эди! Торгина хоналарда камбағалгина яшовчи тўрт-беш кампирга овунчоқ эди у. Ўзининг оқ кўнгиллилиги, шўхлиги билан уларни сира зериктирмасди. У шундай чаққон пазанда эдики, бир дона гуруч, бир ҳовуч жува, битта балиқдан бир уйга етгулик овқат пишира оларди… Ҳа, чиндан ҳам сен буюргунингча, у қилиб улгурарди ҳар қандай овқатни. Икки қўлидаги ўнта бармоғи ўнта қўлга арзигулик эди унинг. У менинг кўзимга ҳавас қилса, мен унинг қўлига ҳавас қилардим…
Баъзида бошимизга шундай ташвиш, шундай офат келтирганларга лаънатлар айтгим келади. Бизнинг ичиб ўтирган ошимизга тушган заҳар ўзларининг косаларига ҳам тушса экан, дейман уларнинг. Шундан сўнг бу ёғи маълум эди, албатта: туғиладиган болалари қийшиқ-қинғир, чалажон… Насл-насаблари ҳам шундай ногирон, майиб бўлиб етишармиди уларнинг ҳам…
Йўқ, бу ёвуз фикрни мен кашф қилган эмасман! Бироқ… бироқ бунақа ёвуз фикр ҳеч қачон менинг бошимга келган эмас ва келмайди ҳам десам – ишонманглар!.. Чунки талай марта келди, келганда ҳам алам билан келди. Бироқ мен уни йиллар бўйи яшириб келдим, мана эндигина ошкор айтяпман.
Ҳамма халқда ҳам: мен душманимга ҳам ёмонликни раво кўрмайман, деган гап бўлиши турган гап. Бу гап бизларда ҳам бор. Японлар меҳрибон, меҳмондўст халқ бўлади. Мен бу балони ҳеч кимга тиламайман. Айниқса, саксон, тўқсон, юз қаватли уйларнинг кунпаякун бўлишини сира-сира истамайман. Ҳа, ўша уйлардаги чумоли янглиғ одамларнинг куйиб кул бўлишини истамайман. Аксинча, мана шундай офатларнинг тезроқ йўқ бўлишини истаган кучларнинг ўсишини хоҳлайман мен!..
Эҳтимол, кўп кишилар билан гаплашаверганимдан, учрашаверга­нимдан гапларим ҳам худди биров ўргатиб қўйгандек бўлиб туюлар сизларга. Начора, ишонсангиз… ўзингиз биласиз…
Менинг борлиғим – умидимда… Умидим эса – ўз ихтиёримда эмас. Бошқаларнинг умиди нимада, уни ўзлари айтишар…
Оҳ, кўзларим тезроқ тузала қолсайди!..

Мен бир совуқ тошман

Мен бир қора тошман, қора мармар тошман. Одамларнинг қўлида сайқал топганим учун ойнадек силлиқман. Олдимдаги нарсаларнинг ҳаммасини кўраман, тугал кўраман. Одам кунга қарай олмайди, мен қарай оламан. Одам қизиқиб қарай олади, қўрқиб қарай олади. Аммо буларнинг ҳеч қайсиси дунёга тўғри қарай олиш эмас. Менда эса бу фазилатларнинг бирортаси ҳам йўқ. Мен фақат аниқ кўра оламан. Мен фақат кечасигина кўра олмайман, холос.
Мен бир қора тошман, қора мармар тошман. Кўрганларимнигина айта оламан. Мен одамларнинг қайғусини ҳам сезмайман, қувончини ҳам… Кўрганимда ҳам, барибир, унга бузиладиган кўнгил йўқ менда. Мен нимани қандай кўрсам, шундайгина айта оламан. Менинг шоҳидлигимдан одамлар қандай хулоса чиқаради – буни ўзлари билишади.
Йўқ, у кун байрам куни эмасди. Ҳатто байрамга ўхшаш ҳеч вақо йўқ эди у куни. Урушнинг зил-замбил оғирлигидан янчилган, мағлубият азасини эндигина ҳис эта бошлаган одамлар – мийиғида кулишга ҳам истиҳола қилишар эди. Менинг олдимдан улар доим фақат хафақон кайфиятда ўтиб туришарди. Уларнинг кўпчилиги ёш-яланглар, ўқувчилар, аёллар, чоллар бўларди… Емирилган пошналар, жулдур почалар тинмай ўтиб турарди. Менинг олдимдан қовоқлари солиқ, уст-бошига қора мой, кўк ва сариқ бўёқлар юққан, шимларининг тиззалари осилиб кетган ишчилар эса боя, эрталаб ўтиб кетишган эди.
Урушдан олдин қизлар менинг олдимдан ўтиб кетаётганида, кўзлари бир ярқ этиб кетгувчи эди, ҳозир эса уларда бу хусусиятдан асар ҳам кўринмасди. Болаларнинг бўйинлари ингичка тортиб, аёлларнинг қадди ёйдек букилиб, гўё ҳамма одамлар кичрайиб, чўкиб қолгандек ўтиб турарди. Илгариги мағрур ва киборона юришларнинг даври аллақачон ўтиб кетгандек туюларди.
Осмон булутсиз бўлиб, туш пайти эди. Шаҳар атрофини ўраб олган ўрмонли тоғлар қуёш тафтида мудраб тургандек кўринарди. Менинг юзимга ҳарир кўйлакнинг этаги селпиганича ҳам эпкин тегмасди. Кўча юзидаги дарахтлар ниманидир эшитишга чоғлангандек, гўё бутун жисми қулоққа айланиб қолгандек эди.
Тахминан шаҳарнинг ярим километрча тепасида нимадир портлади-ю, йўл-йўл, оппоқ устун ўрнатди: юқори томони бурқираб қайнаб, бамисоли оқ қалпоқ бўлди-қолди, пастки томони эса, шаҳар ўртасига қадалиб тушди. Теварак-атрофдан мен умримда кўрмаган, билмаган ўт, ёлқин тошқини гувиллаб отилди. Шаҳар аввал оловга ташланган қоғоз мисол буришди-ю, сўнг бирданига йўқ бўлди-қўйди. Темир ёниб кулга, тош ёниб тўзонга айланди. Ўт билан ёруғлик кўз очиб юмгунча шаҳарни шундай кул-талқон қилиб, сўнг уни гўё каттакон бир ўнгач сўриб бораётгандек, осмону фалакка олиб чиқиб кетди. Шаҳар ўрнида ғадир-будур куйик, қора куйиккина қолди. Агар қулоғим бўлса, осмони фалакнинг ёрилиб кетганини эшитдим ва шунинг зарбидан қулоқларим кар бўлиб қолди, дердим. Афсуски, мен бир қора тошман, қора мармар тошман, ҳеч нарсани эшитганим йўқ…
Осмони фалакдан ер бағрига устундек қадалган ўт тошқини менинг олдимга бир тўп одам жасадини олиб келиб, уюб ташлади. Ҳаммаси ҳам отилиб келиб тушди. Ҳаммаси ҳам худди замбаракнинг оғзидан отилгандек отилиб келиб тушди… Бошлари, оёқ-қўллари йўқ… Узилган, янчилган, мажақланган, эзилган… Одамзоднинг боши тошга келиб урилмасин экан… Менинг юзларимга уларнинг чуватилган ичаклари келиб ёпишди, одам қони сачради… Ичаклари менга ёпишган кўйи куйиб, қонлари ҳам сачраган заҳотиёқ ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетди. Ҳаво бамисоли жаҳаннам оташидек ёниб турарди.
Трамвай бекатида ҳам, трамвай ичида ҳам ғиж-ғиж одам эди. У энди жойидан қўзғалган маҳалда бирдан лоп этиб кетди. Ҳатто унинг темир рамалари ҳам бир дақиқагина кўзга чалинди-ю, сўнг йўқ бўлди-қўйди. Ғиж-ғиж одамлар ҳам ғойиб бўлди. Одамлар куйганларини ҳам, ўлганларини ҳам сезмай қолишди. Агар етмиш беш минг одамнинг куйганини сезсанг ё ўз кўзинг билан кўрсанг – чидай олармидинг? Минг-минглаб ёш гўдакларнинг жизғанак бўлаётганини кўрсанг – тоқат қила олармидинг? Минг-минглаб мактаб ўқувчиларининг устлари лоп этиб ёниб, яланғоч баданлари қовурдоқ мисол куяётганини кўрсанг – ҳолинг нима кечарди? Минг қатра шукурлар бўлсинки, мен у манзарани кўрганим йўқ. Илон тили лип этгудек вақт ичида шаҳар ғойиб бўлди. Бир лаҳзада кўркам, кўкаламзор шаҳар ўрнида ғадир-будур қора куйик дала пайдо бўлди-қолди. Рўпарадаги ўрмон япроқлари ҳам худди довул тургани каби бир юлқинди-ю, куз кунлари шохларга қўниб ўтирадиган қора тўрғайлар тўдаси каби “пар-р” этиб учди-кетди. Баайни тоғ этагида сон-саноқсиз фил ўликлари ётгандек, тўнкаларнинггина қора куйик ўринлари қолди сочилиб…
Гўё шаҳарни ёндириб, чанг-тўзонга айлантириб кетган офатни қувлагандек, бирдан шамол ҳам кучайиб кетди. Худди бирорта енгил-елпи бино дуч келса учириб кетгудек эди у. Қуюн кўтариб гувиллаб эсарди. Бурунлари шаҳарнинг талай-талай муаттар атрини ҳидлаб кетган шамол бугун куйик ҳидини ҳидлаб эсарди. Қора куйик сатҳи эса жуда кенг бўлиб, гўё бутун дунё юзига қора қилиб суртса етгудек қорайиб ётарди.
Тўс-тўполон тиниб бошлагач омон қолган одамлар ғимирлаб қолишди. Дастлаб нима бўлганини тушунолмай ҳайрон бўлиб қолган болалар бўй кўрсатишди. Нега ҳайрон бўлишмасин улар? Болалар бу ёқда турсин, ҳатто катталар ҳам бундай бўлади, деб сира ўйламаганди-да, ахир! Чунки бу дунё дунё бўлиб унинг биринчи марта кўрган офати эди! Бу офат – инсоннинг ўзи томонидан кашф этилиб, инсоннинг ўзини жазолаган офат эди!
Қора куйик атрофига болалардан сўнг аёллар, чоллар келишди. Улар атрофга ҳайрон бўлиб термилишар, ҳайрон бўлиб боқишар, ҳайрон бўлиб излашар, лекин ҳеч кимни, ҳеч нарсани ва ҳатто шаҳарни ҳам топиша олмасди. Ўзларига таниш бўлган жойларни таний олмай гаранг бўлишарди. Ҳа, топа олмайсан ҳам, таниёлмайсан ҳам энди уларни! Эй, инсон, сен уларни ортиқ излама, барибир топа олмайсан! Энди сен буларнинг ўрнига бу қоракуя нимадан бўлди – шуни изла! Зулм ва офат қаердан келди – шуни изла!
Қора куйик ўртасида фақат биттагина қора хароба қаққайиб турарди. Ён атрофи теп-теккис эди унинг… Бу беш қаватли, тепаси худди ўтовдек қуббали айланма уй эди илгари… Бояги ўт ва алангалар тошқини тўғри келиб тегмадими ё секингина ялаб ўтиб кетдими, ҳар қалай, каромат юз бериб, фақат шу биногина ўртада қорайганча омон қолибди.
Қоп-қора бўлиб куйган майдон узра ҳаёт бошланди. Одамлар баъзи жизғанак бўлиб куйиб ўлганларнинг узилиб ётган қўл-оёқлари қолдиқларини териб, қайта ёндиришга киришишди. Одамлар ёнган жойларни тозалашга киришишди. Баъзиларнинг қўлларини, баъзиларнинг оёқларини, бошларини топиб олишиб, бир жойга уюшиб, ҳа, қайта ёндиришга киришишди. Агар менда эшитар қулоқ бўлса, дунёдаги энг оғир азоб шу, дер эдим!
Кўп вақт ўтмай менинг олдимда анчагина ёзувли тахталар пайдо бўлди. Бўлиб ўтган жаҳаннам ўтининг ҳарорати – юз минг даража экан. Дўзах оташи келиб тушган ернинг айланаси эса – бир километр бўлиб, шу майдон ичидаги жон-жонивор, бино, қўйинг-чи, ҳамма нарса тугал йўқолиб кетибди. Ундан нарироққа бориб, офат кучи сал пасайибди. Тош билан темир аввалига балқиб, кейин қотиб қолибди. Аммо бу атрофда ҳам жон-жониворлар мутлақо қирилиб битибди.
Мен бир қора тошман, қора мармар тошман. Қанчадан-қанча ойлар ўтди, йиллар ўтди, мен уни санай олмайман. Мен мангулик вақтинигина биламан.
Ҳозир ўша йўқ бўлиб кетган шаҳар ўз ўрнига келди. У энди илгаргисидан ҳам юксакроқ, илгаргисидан ҳам чиройлироқ, кўчалари ҳам кенгроқ бўлиб келди. Қора куйик майдонлардан ном-нишон қол­ма­ди. Одамлар ёпирилиб ишлашди, тоғлар ёрдамга келди, сувлар ёрдамга келди. Боғ-роғлар қайтадан обод бўлди. Инсоннинг бу меҳнатини қўшиқ қилиб айтса арзийди. Бироқ мен айтмоқчи бўлган нарса – бу эмас! Мен айтмоқчи бўлган нарса, ҳў, ўша, даҳшатли – темирлар ўртанган, тошлар ўртанган кунлар эди! Мен ўша кунларни унутма, ўша балодан эҳтиёт бўл, одамзод, демоқчи эдим!
Ҳозир шаҳар марказида тошдан ясалган каттакон ёдгорлик ўрнатилган: унда одам ўнг қўлини баланд кўтариб, кўрсаткич бармоғи билан осмонни кўрсатиб турибди. Чап қўли билан эса гўё тинч меҳнатга чорлайди. Икки кўзини чирт юмиб олган, энди бундан буён осмондан офат келмасин, деган каби…
Мен айтмоқчи бўлган гапларим мана шу эди, холос. Бунинг учун нима қилиш кераклигини одамзод тошдан сўраб ўтирмаса керак, албатта!..

Нагасаки – Хиросима.
1966 йил, ноябрь ойи

Қозоқ тилидан Носир Фозилов таржимаси
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 3-сон