Cергей Иванов. Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони

(Таржимоннинг асл нусхани­ шарҳлаш тажрибаси)

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари бошлари эди, “Гулистон” журналида ишлардим. Кунлардан бирида устозим Ғайбулла ака Саломов қўнғироқ қилиб: “Абдуллажон, сизга таржима учун иккита мақола юбораман, зудлик билан тайёрлаб беринг, “Таржима санъати”нинг навбатдаги китобига киритамиз”, – дедилар. Орадан бир-икки кун ўтиб, дорулфунунимиздаги таржима назарияси ва амалиёти кафедраси домласи, таниқли шоир, укахоним Тилак Жўра одатдагидек юзи тўла кулги билан хонамга кириб келиб, қўлимга ўша иккита мақолани тутқазди. Улардан бири машҳур туркшунос олим ва Навоий асарлари таржимони Сергей Ивановнинг мақоласи эди. Биринчи бўлиб ана шу мақолани таржима қилишга киришдим. У илмий истилоҳларининг кўплиги, мумтоз ўзбек шеърияти назарияси билан йўғрилганлиги ва кўп ўринлари мумтоз ўзбек ҳамда рус шеъриятидаги бадиий воситаларнинг қиёсий таҳлилига бағишланганлиги туфайли таржима учун “ноқулай”, таржимондан муайян билим ва катта меҳнатни талаб қиларди. Ниҳоят, сурункали давом этган таҳрирлар билан таржимани бир нав эпладим. Машинкада икки нусхада кўчириб, Тилакжонга етказдим. Лекин нима учундир у чоп этилмади, мен ҳам суриштирмадим. Ҳар замон-ҳар замон, тўрт-беш йил оралаб ғилофжилдларни кавлаштирганимда унинг ўзимда сақланиб қолган қўлёзмасига кўзим тушиб қоларди, лекин уни эълон қилиш ҳақида ўйламасдим, бунинг устига шўролар даврида ўзбекни, унинг адабиётини кўкка кўтарадиган мақолаларни матбуот хуш кўрмасди. Фақат яқинда, “Жаҳон адабиёти” журналига қайта жон кирганидан кейингина уни эълон қилиш фикри туғилди ва мен мақолани таҳририятга топширдим.

Энди мақоланинг ўзига келсак, уни шўро даврида яратилган ва ҳозир ҳам заррача аҳамиятини йўқотмаган ноёб ҳодисалардан бири дейиш мумкин. Гап шундаки, унда фақат “Лисон ут-тайр” таржимаси тажрибалари эмас, балки Навоий даҳоси яратган бошқа асарларни ва жаҳон маданиятига тенгсиз ҳисса бўлиб қўшилган эски ўзбек тилидаги шеъриятни рус тилига ўгириш масалалари илк марта ўртага ташланади. Сергей Иванов ўзбек адабиётига улуғ бир ҳурмат билан қараган. Шу сабабдан унинг рус тилига ўзи таржима қилган ­Навоийнинг кўпдан-кўп лирик шеърлари, ўзи муҳаррирлик қилган даҳо шоиримиз насрий асарларига ёзган сўнгсўзи ҳам юксак маҳорат ва эҳтиром маҳсули сифатида эътиборга молик. “Лисон ут-тайр” таржимасига муҳаррирлик қилган ва унга сўнгсўз ёзган зукко адабиётшунос, ўзбек мумтоз адабиётининг билимдони Раҳмат Мажидий шундай дейди: “С.Н.Иванов – эски ўзбек тилини яхши биладиган, улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий ижодини бутун теранлиги билан тушунадиган шоир ҳамда тилшунос олим. Достон таржимаси муваффаққиятли чиққани шубҳасиз, таржимон Навоий асари моҳиятини, улуғ шоир шеърияти хуш бўйини китобхонга аниқ етказиб берган”.[1] Дарҳақиқат Сергей Иванов ўз таржимаси орқали улуғ Навоий шеъриятининг хуш бўйини рус ўқувчисига етказиб бера олган.

Айни пайтда мақоланинг икки ўрнида андак янглиш фикрлар ҳам бор. Чунончи, Сергей Иванов Навоийни ўзбек адабий тилининг асосчиси деб атайди. Ваҳоланки, ўзбек адабий тилига буюк мутасаввиф шоиримиз Ҳожа Аҳмад Яссавий ва унинг шогирди Сулаймон Боқирғонийлар XII асрда асос солганлар. Улар ўз ҳикматларида мураккаб қадимги туркийдан чекиниб, жонли ўзбек тилига устуворлик берганлар. Кейинчалик бу тил муайян даражада интеллектуаллашиб, унинг таъсир доираси кенгайиб, бир неча аср мобайнида умумтуркий адабий тил вазифасини бажарди: Насимий, Ҳасанўғли, Фузулий каби буюк озарбайжон шоирлари, Байрамхон, Андалиб, Залилий сингари улуғ туркман шоирлари асосан шу тилда ижод этганлар. Навоий эса бу адабий тилни мислсиз даражада бойитган даҳодир. Иккинчи янглиш фикр бундай: “Навоий даврида, ҳатто ундан кейинги даврларда ҳам бадиий таржима тушунчаси мавжуд эмасди”, – дейди С. Иванов. Аслида эса, XIV асрда буюк таржимон-шоиримиз Қутб Хоразмий Низомийнинг “Хусрав ва Ширин” достонини таржима қилар экан, унинг муқаддимасида таржиманинг асосий тамойили “кўнгил иши” эканини таъкидлаб, таржимонлик юмуши моҳиятини қуйидагича таърифлайди:

Қазонтек қайнаб уш савдо пишурдум,
Низомий болидин ҳалво пишурдим.

Бу “назарий” муқаддимадан кейин яна ўша XIV асрда  Сайфи Саройи томонидан амалга оширилган Саъдий “Гулистон”и таржимаси муқаддимасида ҳам таржима хусусида сўз боради. Сал кейинроқ Ҳайдар Хоразмий Низомий “Хамса”сидан “Махзан ул-асрор” достонини ўзбекчага ўгирди. Хуллас, XIV асрдаёқ ўзбек адабиётида бир неча йирик бадиий асарлар таржима қилинган ва, шеърий йўлда бўлса-да, таржиманинг назарий томонларига эътибор қаратилган эди.

Умуман, бу нуқсонлар муайян маънода жузъий табиатга эга. Агар мус­тамлакачилик даврида ўзбек мумтоз адабиётига нохолис, шовинистик ёндашув ҳукмрон бўлганини ва бундай ёндашув давлат сиёсати даражасига кўтарилганини ҳисобга олсак, бу хатолар табиий бир ҳолдек туюлади. Муҳими, Сергей Иванов рус таржимашунослигида ўзбек адабиётига бағишланган жиддий тадқиқот, ҳар жиҳатдан эътиборга лойиқ илмий асар яратган. Унинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, ҳозирги пайтда шеърий таржимага осон иш деб, худди косибнинг бир қолипдаги юмушига қарагандек муносабатда бўлаётган баъзи бир таржимонларимизга бу илмий тадқиқот қайсидир маънод­а ўгит бўлиши мумкин. Мақолани ўқиб, бунга ўзингиз ишонч ҳосил қиласиз.

Таржимондан

 

Туркий тиллардан таржималар ҳақидаги назарий ва танқидий адабиёт бой эмас. Шунингдек, адабиётимизда совет таржимонлари томонидан ўзбек мумтоз адабиётининг даҳо намояндаси ва ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий (1401–1501) шеърий меросини рус тилида қайтадан яратиш таҳлилига бағишланган ишлар ҳам йўқ.

Навоийнинг шеърий мероси улкан: олти эпик достон (50 минг мисра атрофида) ҳамда ўзида 50 минг мисрадан ортиқроқ ҳажмдаги (ғазаллар, рубоийлар ва бошқа мумтоз жанрлардаги) лирик шеърларни жамлаган девондан иборат. Навоий шеъриятини рус тилида яратиш тарихи ўттиз йиллик муддатни ўз ичига олади. Шу давр ичида бениҳоя бой улуғ шоир меросининг ярмидан сал кўпроғи – олти достони ва лирикасидан кичик бир қисмгина таржима қилинган. Шу сабабли Навоийни рус тилида яратишдек мушкул ва мураккаб масала ҳал этилди, деб ҳисоблаш мумкин эмас: ҳали шоир лирикасининг катта қисми таржима қилинмаган, унинг шеъриятидаги лирик жанрларни рус тилида яратиш масалаларига ёндашиш тамойиллари ишлаб чиқилмаган, эпик асарлари таржималари борасидаги тажрибалар умумлаштирилмаган ҳамда ўрганилмаган, эпос таржимаси амалиёти ва услубларига доир кўпгина жиҳатлар танқидий ёндашишга, ҳаттоки қайта кўриб чиқишга муҳтож. Ушбу мақола Навоий шеърияти таржимони олдида кўндаланг бўладиган муаммоларнинг ижодий муҳокамасига муаллиф томонидан қўлдан келганча қўшиладиган ҳисса сифатида ўйланган ва “Лисон ут-тайр”[2] достони таржимаси устида ўзи олиб борган иш тажрибасини умумлаштиришга асосланган.

Навоий эпоси таржимаси устидаги ишнинг қийинчиликлари ниҳоятда ўзига хос ва шу сабабдан ҳам муаллиф изланишларидаги ўгитнамолик эҳтимоли унинг ўз тажрибасини китобхон ҳукмига ҳавола этиши билан “оқланиши” мумкин. Зеро, Навоий шеърий асарларининг таржимони ҳам мазмунан, ҳам шаклан ўзига хос ва кутилмаган улкан шеърият дунёсига киради. У бу дунёни тасаввур қила билиши, матнни тушунмоғи ва унинг оҳангига қулоқ тутмоғи, Навоий шеърий услуби ҳамда тасвирий воситалари силсиласидаги бутун назокатни илғаб олмоғи, ундаги тимсоллар тузилиши, бадиий ўзига хосликни англамоғи, қофиялар табиатини ўрганмоғи ва шундан кейингина асл нусхага яқин бўлган маром (ритм) ва Навоий шеъриятига рус китобхонини қадрдонлаштирадиган тасвирий воситалар эквивалентини топмоғи лозим.

Кўриб чиқилиши мумкин бўлган кўпдан-кўп муаммоларнинг ҳаммаси орасидан мен биттасини – таржимоннинг матн шарҳчиси сифатидаги ўрни масаласини алоҳида ажратиб олмоқчиман. Матнни шарҳлаш деган анъанавий тушунча филологик шарҳлаш деб аталадиган, яъни матннинг бадиий ўзига хосликларига алоқасиз ҳолда, айнан, унинг мазмунини берувчи таржима тушунчаси билан ўхшашдир. Шу боис асарнинг таржимасига матннинг бадиий шарҳи сифатида қараш мумкин: модомики, таржимон матнни тушуниши керак экан, унинг матн шарҳловчиси бўлмаслиги мумкин эмас, модомики, таржимон матнни қайта яратиши лозим экан, унинг матн бадиий тузилиши шарҳловчисига айланмаслиги ҳам мумкин эмас.

 

Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достони ҳақида

“Лисон ут-тайр” достони 1499 йили – Навоий ҳаётининг сўнгги пайтларида яратилган (Навоий 1501 йил январь ойининг бошларида вафот этган). У фақат Навоий шеърий ижодининг сарҳисобигина бўлмай, балки айни пайтда шоир ҳаёт йўлининг бадиий умумлашмаси, кўпгина ҳасби ҳол ва лирик ўринларни ўзида мужассам қилган асардир. “Лисон ут-тайр”нинг сўнгги бобларида биз достон ижодий нияти баёнини ва унинг яратилиш тарихини, шунингдек, ўз шеърий ижодига Навоий берган билвосита баҳони учратамиз. Демак, достон Навоий ижодини бутунисича тушунишда ҳам муайян аҳамиятга эга.

“Лисон ут-тайр” достони “назира” жанрида, яъни бошқа муаллиф асарига тақлидий жавоб тарзида битилган. Бу жанр Яқин ва Ўрта Шарқ халқлари адабиётларида кенг тарқалган. Маълумки, кўпдан-кўп “Хамса”лар – беш достондан ташкил топган, ўз ичида Лайли ва Мажнун, Хусрав (Фарҳод) ва Ширин сингари асарларни мужассам этган анъанавий туркумлар Низомий достонлари туркумига назиралардан иборатдир. Назира жанри муайян асарнинг ўз прототипига боғлиқлиги даражасининг турлича бўлишига йўл қўяди. Унда фабула деталларини ишлаш, сюжетни қўшимча ҳикоятлар билан бойитиш ва ўзгартириш, бадиий қиёфаларни ижодий янгилаш, янги сюжет ҳамда мотивлар киритиш борасида муаллиф мустақил бўлгани ҳолда, фақат сюжетнинг ташқи асоси ҳамда асар вазнигагина риоя қилиши мажбурийдир. Маълумки, ижоднинг бу турига таржима сифатида қараш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Навоий даврида, ҳатто ундан анча кейинги даврларда ҳам бадиий таржима тушунчаси мавжуд эмасди. Назираларнинг баъзи намуналари ўзининг дастлабки манбаидан шу қадар узоқлашиб кетар эдики, бунда муаллиф тобелиги борасида фақат, Оврўпада Дон Жуан ҳақидаги сюжетнинг Мольер, Байрон ва Пушкин томонидан ишланишидаги қиёсийлик маъносидагина гапириш мумкин.

“Лисон ут-тайр” достонини яратишда Навоийга назира объекти бўлиб буюк форс шоири Фаридиддин Атторнинг (XII аср) “Мантиқ ут-тайр” достони хизмат қилган. Навоий ўз достонининг умумий тузилишини яратиш жараёнида кенг қамровли мустақиллик билан иш кўрган. Профессор Е.Э.Бертельснинг ҳисоблаб чиқишича, достондаги 63 қўшимча ҳикоятнинг фақат 12 тасигина Аттор ҳикоятлари билан мос келади, қолган 51 ҳикоят эса Навоий ижодий хаёлотининг мустақил мевасидир[3].

“Лисон ут-тайр” достонида сюжет асосини ер юзидаги барча паррандаларнинг афсонавий ҳукмдори Симурғни излаб йўлга тушган қушлар саргузаштлари ҳақидаги ҳикоя ташкил этади. Қушлар жуда кўп, турли-туман мусибат ва мушкулотларга учраб, атиги ўттизта қолганларидагина, аслида Симурғнинг йўқлигини, уларнинг ўзлари Симурғ эканликларини англайдилар: “си” форсча “ўттиз”, “мурғ” – “қуш” демакдир.

Навоий достонида тасаввуф ғоялари – исломдаги сўфийлик оқими бадиий шаклда ўз ифодасини топган. Симурғ, бу – бутун коинотда ўзини намоён этувчи Яратган – Худо тимсолидир. Ерда ҳаёт кечираётган одамлар – Худонинг кўланкаси, унинг инъикоси. Худога ҳақиқий етишмоқ – унга бўлган муҳаббатда, ўз “мен”идан кечиш воситасида у билан мулоқотга киришишдадир. Бироқ достоннинг сўфийлик асоси атиги бир фон холос, Навоий унда, аниқроғи, достоннинг кўпгина қисмида икки хил – ҳам тариқатнинг муайян томонини таърифлаш билан боғлиқ, ҳам унга алоқаси йўқ оҳанг билан йўғрилган қизиқарли ҳикояни ривожлантириб боради. Барча тасаввуфий ҳикматлар жонли ва ёрқин қўшимча ҳикоятлар билан безалган.

Достон композицияси чуқур ўйланган. Худо, пайғамбар, чаҳорёр ҳамда мазкур сюжетни ўзидан аввал ишлаган салафи (Аттор)га бағишланган анъанавий киришдан сўнг қушлар йиғини, улар орасидаги “ҳокимлик ва тобелик” борасидаги ҳикоя бошланади. Бу йиғинда тождор Ҳудҳуд Симурғга етишиш йўлида қушларни саёҳатга даъват этган йўлбошчи сифатида намоён бўлади. Дастлабки йўл қийинчиликлари тасвиридан сўнг, сафар мушкулотларидан чўчиган қушларнинг баҳоналари ва уларга Ҳудҳуднинг ҳикоятлар билан берган жавоблари акс этади. Бу қисмлар асарнинг тахминан учдан бир бўлагини ташкил этувчи композицион бошланишдир (икки минг мисрадан ортиқроқ). Композиция занжирининг навбатдаги ҳалқаси олий муҳаббатнинг (Худога муҳаббатнинг) моҳияти борасида қушлар саволига Ҳудҳуд берган киноявий жавоб – шайх Санъон ҳақидаги машҳур қолипловчи ҳикоядир (минг мисрадан зиёдроқ). Шундан кейин достоннинг энг катта қисми (уч ярим минг мисра атрофида) бошланади. Унда қушлар навбатма-навбат ўз шубҳа ва қўрқувларини билдирадилар, Ҳудҳуд эса уларга яна гапининг исботи учун мос тушадиган ҳикоятлар келтирган ҳолда жавоб беради. Достоннинг бу қисми етти водийни (Талаб, Ишқ, Маърифат, Истиғно, Тавҳид, Ҳайрат, Фақр ва Фано водийларини) – киши ўз “мен”ининг “боқий моҳият”га сингиб кетишига оид сўфийликнинг етти босқичи ҳақидаги мажозий ҳикоя билан тугалланади. Кейин сюжет кульминацияси – қушларнинг сафар сўнгида кўзгуда номаълум Симурғнинг кўзни қамаштирувчи қиёфасини эмас, балки ўз аксларини кўрганлари ҳақидаги ҳикоя келади. Достон хотимаси – лирик қисмда (етти юз мисра атрофида) Навоий ўзида болалигидан бошлаб Аттор достонига назира ёзиш орзуси бўлганини, олтмиш ёшга қадам қўйганида эса ана шу ниятини қандай амалга оширганини ҳикоя қилади. Асар анъанавий “ибтидога қайтиш” – Оллоҳга ҳамд билан тугайди.

Сюжет ривожи ўзининг эпик вазминлиги билан ажралиб кўзга ташланади, у доимий равишда қолипловчи ҳикоятлар билан “бўлиниб” туради, бироқ айни шу усул туфайли бадиий синтезнинг мўъжизасига эришилади: сюжетга бевосита алоқадор бўлмаган, кўпинча жанрий лавҳалардан иборат ҳикоятлар достоннинг алоҳида қисмларини бўлиб эмас, балки бирлаштириб туради ва унинг такрорланмас “контра пункти” ҳамда маромини яратади. Достоннинг бундай композицион ўзига хослиги таржима пайтида маълум вазн ва маром танлаш масаласига бевосита алоқадордир.

 

Матнни шарҳлаш қийинчиликлари ҳақида

Навоий асарларини асл нусхада ўқийдиган киши матнда мазмун борасида оқилона шарҳ талаб этадиган кўпгина “дақиқ” ўринларга дуч келади. Матнни ўқиш ва тушунишда ҳатто мазкур соҳада ихтисослашган ҳамда кўп асрлик қадимий матнларни ўқиш тажрибасига эга бўлган филолог ҳам қийналиши мумкин. Шеърий матндаги маънони “чиқариш” кўпинча филологик тадқиқий табиатга эга бўлган катта иш билан боғлиқ. Достон матнидан[4] асл нусханинг баъзи ўринларини шарҳлашда таржимон учун маълум қарорга келиш зарурати туғилганини кўрсатадиган сон-саноқсиз мисоллар мавжуд. Шулардан фақат бир нечасинигина келтираман.

Достонда араб алифбосидаги уч ундош билан белгиланган ва “соф” (“тоза”, “равшан”, “озодалик”, “шаффофлик”, “равшанлик”, “қувонч”) сўзига қарши қўйилган д – р – д[5] сўзи уч марта (уч хил байтда) учрайди. Ундошлар билан ёзилган д – р – д сўзи “дурд” (“қуюқ”, “қуюқлик”, “қуйқа”) тарзида ҳам ва “дард” (“изтироб”, “қайғу”) тарзида ҳам ўқилиши мумкин. Зикр этилган сўзларнинг бир-бирига қарама-қарши қўйилиши дастлаб қуйидаги парчада учрайди (асл нусха ва сўзма-сўз таржимани келтираман):

Мундин айтибдур набийи раҳбар,
Ким улусқа ҳақ сари бўлса сафар, 

Истасанг йўл касратиға адду ҳад,
Халқ анфоси била тенг бил адад. 

Ҳам бари д-р-д эмас, ҳам барча соф,
Биззарурадур улусқа ихтилоф. 

Бу маҳалда гар гадодир, гар мулук,
Ҳар бир ўзга йўл била айлар сулук[6].  

Об этом сказал пророк-предводитель:
Если людям доводится быть путниками к истине, 

И ты хочешь знать число и предел обилию путей,
Знай, число это равно количеству человеческих душ.

Не всё – “д-р-д”, есть и “соф”,
Различия в людях – необходимость. 

В этом месте и нищие и властители –
Каждый следует особой дорогой.

Бу ўринда “д-р-д” сўзини қандай тушуниш керак – “дурд” тарзидами ёки “дард” тарзидами? Умумий мазмуни ва матндаги ўрнидан келиб чиқилса, бу парча – матннинг бир бўлагини хулосалайдиган панд, ўзидан аввалги бўлакнинг умумлашмаси. Агар бу байтни “ўзича”, яъни мазкур сўзни достоннинг бошқа ўринларидан ҳамда Навоий ва ўзга муаллифлар томонидан қўлланиш тарзининг умумий табиатидан ажратган тарзда олиб кўрилса, у ҳолда икки хил вариантнинг эҳтимоли бор:

1. Не всё – гуща, бывает и прозрачное…
Не всё – страдание, бывает и радость…

Мазкур матннинг бўлаги ҳикматли хулоса бўлиши учун униси ҳам, буниси ҳам тўғри келади, лекин таржимон уларнинг биттасини танлаши лозим. Ундаги кўп жиҳатлар бир қарашда иккинчи вариант фойдасига овоз бераётгандек кўринади. Биринчидан, ўн уч байтдан сўнг худди шундай “д-р-д” ва “соф” сўзларини (араб ёзувида) ўз ичига олган қуйидаги матн келади:

Топтилар ҳар кимки чекмиш эрди ранж
Ўз сулуку ранжининг хурдида ганж. 

Чун сулук ичра кўп эрди ихтилоф,
Кўпраги д-р-д эрди, лекин ози соф. 

Все, кто претерпевал мучения, обретали
В возмещение мучений своего пути сокровища. 

Ведь на пути много было различий
И большинство из них – страдание (“дард”) и лишь меньшая часть – радость (“соф”).

Бу ерда вариантни саралаб олиш аниқ-равшанликни талаб қилади. “Дард” (“изтироб”) сўзига унинг “азоблар” (улар бошқа – “ранж” сўзи билан ифодаланган) ҳақида борадиган аввалги байтга боғлиқлиги туфайли афзаллик берилиши лозим. Иккинчидан, “Соқийнома”лардан биридаги “дард” ва “соф” сўзларининг жуда яққол қарама-қарши қўйилиши ҳам ана шундай шарҳлаш кераклигига ишонтиради:

Будь то страдание (“дард”) или чистое (“соф”) единение,
По любой причине я становлюсь немощным[7].

Мавжуд рус ва Оврўпа луғатларида “д-р-д” ва “соф”га тўғридан-тўғри нисбат бериш мумкин бўлган сўзлар йўқ. Бироқ Е.Э.Бертельс томонидан эълон қилинган номаълум муаллифга тегишли тасаввуф истилоҳлари форсий луғати “Миръоти ушшоқ”да (“Ошиқлар кўзгуси”) бу сўзларнинг алоқадорлигига дастак мавжуд. Унда “дурд” сўзи (ўзгача ўқилиши мумкин эмаслигига таъкид бор) қуйидагича тушунтирилади:

“Ҳиссиётни тасвирлашнинг баъзи бир ҳолатлари ҳақида шундай де­йилади”. Сўнг шу ҳолатга мисол тариқасида қуйидаги байт келади: “Мен қуйқани (“дурд”ни) нўш этувчилар билан шунчалик дўстлашиб кетдимки, лаззатнинг тоза (“соф”) майини ичимлик ҳисобламайман”[8]. Май қуйқасини (“дурд”ни) тилга олиш Навоий ғазалларида ҳам учрайди[9].

Шундай қилиб, бизни қизиқтираётган икки сўзни қўллаш мисолларига ва уларни шарҳлаш манбаларига мурожаат қилиш таржимонни “д-р-д” сўзи ўқилишининг эслатиб ўтилган икки эҳтимолига қайтаради! Хўш, нима қилиш керак? Қайси вариантни афзал кўрмоқ лозим? Биринчи ҳолатда “дурд” тарзида ўқиш мақсадга мувофиқ кўринади. Бундай тушунтириш, бизнинг назаримизда, жиддий асосга эга. Бу асос – форсийзабон ва туркигўй шоирлар шеърий усулларининг ўзига хослигида. Мазкур ҳолатда “ийҳом” (“икки маънолилик”, “ғалатликка киритувчи”) деб аталадиган шеърий усул назарда тутилмоқда. Бу усулнинг моҳияти шундан иборатки, унда шоир ўз асарининг бир жойида маълум бирикмани ёки сўзларни зидлаб, бошқа бир ўринда, худди шундай ўқиладиган сўзларга бир қадар ўзгача маъно бергани ҳолда, матннинг мазмунан аввалги парчасига ўхшаш бўлагида ўқувчини “тутади”. Менинг назаримда келтирилган мисоллардаги биринчи ҳолатда “қуйқа” ва “шаффоф”, иккинчи ҳолатда эса – “изтироб” ва “қувонч” сўзларининг таққосланганини кўриш асослидир. Айни мана шу сўнгги парчада Навоий “ийҳом” усулини қўллайди: аввалги матн бўлагида юқоридаги сўзларни “қуйқа” ва “шаффоф” маъносида қабул қилишга тайёрланган китобхонга у кутилмаганда мазкур таққослашни ўзгача маъно бергани ҳолда тақдим этади.

“Д-р-д” ва “соф” сўзларини бириктириш яна бошқа бир байтда ҳам учрайди:

Сизда ҳам гар ишқдин бор эрса лоф,
Айш этинг гар келса ондин д-р-ду соф. 

Если уж у вас так много балтовни о любви,
Радуйтесь, даже если от нее достанется “д-р-д” и “соф”.

Бу байтдаги бизни қизиқтираётган бирикма мен томонимдан биргина “муки” сўзи билан таржима қилинганки, бу (учинчи!) вариант таржимоннинг ўзбошимчалиги эмас, балки матнни асосли шарҳлашга уринишидир. Асл нусханинг келтирилган байтида “д-р-д” ва “соф” сўзлари, уларни қўллаш борасида юқорида кўриб ўтилган икки мисолдан фарқли ўлароқ, бир-биридан ажратилмаган, аксинча, бирикма тарзида – улар орасига бириктирувчи боғловчи қўйилган ҳолда тақдим этилган. Бу хилдаги форс-тожик тилидан ўзлаштириб олинган ёки асл туркий тилдаги мураккаб сўзлар, бир-бирига зид тушунчаларни бириктириш воситаси орқали ташкил топган ҳолда, кўпинча бириктирилган сўзлар йиғиндиси билан белгиланадиган аҳамиятга эмас, балки қисмлардан фақат биттасининггина семантикасини умумлаштирувчи жамлама тарзидаги аҳамиятга эга. “Бор-йўқ” (туркий) ва “буду-нобуд” (форс-тожик) сингари мураккаб сўзларни “нимаики бор бўлса” маъносида таққослаб кўринг (ҳар икки ҳолда ҳам “бор” ва “йўқ” маъносидаги сўзлар бирикади).

Араб алифбосида ёзилган, ўқилиш эҳтимоли турлича бўлган кўпгина сўзлар таржимон учун анча-мунча қийинчилик туғдиради. Шу маънода ўзбек тилидаги (ҳозирги ўзбек имлосига асосланган) Навоий асарларининг 15 томлигида эълон қилинган “Лисон ут-тайр” достони матнининг транскрипциясида йўл қўйилган хатолар диққатни тортади:

“Кун” тарзида босилган, “кавн” бўлиши керак эди; “кимки қилса” тарзида босилган, “ким на қилса” бўлиши керак эди; “уқоб” тарзида босилган, “иқоб” бўлиши керак эди; “қавм” тарзида босилган “қум” бўлиши керак эди; “ҳар бири” тарзида босилган, “ҳар пари” бўлиши керак эди ва ҳ.к.

Ҳаттоки, ҳозирги ўзбек имлосига асосланган нашрлардаги тўғри транскрипцияда ҳам омоним сўзларни нотўғри ўқиш натижасида шунга ўхшаш хатоларга йўл қўйилиш эҳтимоли мавжуд. Чунончи, “сўз” сўзи қуйидаги маъноларни билдиради: 1) “слово”, “речь”; 2) “горение”. Шу сабабли 3347-байтдаги биринчи мисра икки хил ўқилиши мумкин: 1) После него никто не обрёл таких же слов, как я… 2) После него никто не обрёл такого горения, как я… (“Сўнгра ондин кимса топмай менча сўз…”). Таржимон барибир тағин ўзи танлаган вариантини асослаши керак!

Шунга ўхшаш ҳолатлар ва бошқа ғалатликларни ҳал этишда таржиманинг тайёр матни устида муҳаррир Р.М.Мажидий билан ҳамкорликда ишлашим менга катта ёрдам берди. Таржима маъносини аниқлаш борасида бизнинг ҳамкорликда олиб борган ишимизда турли вазиятлар вужудга келган эди: баъзи ҳолларда мен муҳаррир таклиф қилган нисбатан тўғри ўқиш вариантига сўзсиз кўнар, бошқа бир ҳолатда ўз вариантимда қаттиқ туриб олар эдим, учинчи ҳолатда эса достон матнининг дақиқ парчаларини англаш имкониятларини биргалашиб излар эдик. Муҳаррир ёрдамининг қанчалик аҳамиятга эга эканини тавсифлаш учун баъзи рақамларни келтираман. Умумий сони 3598 байтдан иборат матндаги икки юздан ортиқроқ ҳолатда ўртамизда муайян мисрага сингдирилган маъно ҳақида баҳс қўзғалди. Мен етмишга яқин байтни Р.М.Мажидий мулоҳазаларига кўра ўзгартирдим. Саксондан ортиқроқ байтни, муҳарриримни ўзимнинг тўғри ўқиганимга ишонтириб, аввалги ҳолида қолдирдим. Элликдан ортиқроқ байтнинг маъносини тушунишга эса иккимизнинг ҳамкорликдаги изланишларимиз, баҳслар ва мулоҳазаларимиз туфайли эришдик.

Келтирилган далиллар, бизнингча, бизни асрлар ажратиб турган давр имлосининг тушунарли эмаслиги, бизнинг кунларда аллақачон ҳеч ким сўзлашмайдиган тилнинг қийинчиликлари, қадимий қўлёзмаларни кўчирган хаттотларнинг эътиборсизлиги ёки ўзлари нусха кўчираётган матнни тушунмасликлари натижасида (бундай ҳодисалар ҳам рўй берган) матнга кириб қолган ғалатликлар туфайли вужудга келган, достоннинг ҳозирги замон китобхонига “қоронғи” бўлган ўринлари маъносини юзага чиқариш борасида таржимоннинг меҳнати нақадар заҳматли эканини кўрсатиши учун етарлидир. Бошқача қилиб айтганда, таржимон ҳали аслиятни ўз тилида бадиий қайта яратишга киришмасидан аввал ундан матннинг “имзосиз” маъносини англаш учун зўр бериб меҳнат қилишини талаб этади. Мазкур иш бажарилганидан кейин беихтиёр киши хаёлига шундай фикр келади: аслиятдан эмас, балки сўзма-сўз таржимадан ўгиришда фақат маъно борасидагина йўл қўйиладиган хато қанчалик кўп бўлиши мумкин! Сўзма-сўз таржиманинг тузувчиси барча ҳолатларда ҳам аслият матнини етарли даражада омилкорлик билан шарҳлаб бера билиши ва ундан муаллиф томонидан шеърга солинган маънонинг айнан ўзини чиқариб олиши мумкин эканини фараз қилиш қийин.

 

Матннинг бадиий тузилиши

Бироқ таржимонга асосий иш – асарни бадиий қайта яратиш учун биргина матнни “имзосиз” тушунишнинг ўзигина, ишнинг бу босқичи нечоғли мураккаб ва масъулиятли бўлмасин, етарли эмас. Бунинг учун яна асар бадиий тузилиши барча унсурларининг табиати ва вазифаларини англаб етмоқ зарур.

Шарқ шоирлари шеърлари интонациясини тушуниш билан боғлиқ масалалар фавқулодда муҳимдир. Бунда интонацияга унинг шеър оҳангига муносабати томонидан кириб бориш ҳам, интонациянинг ўз асарида сўзланаётган воқеага шоирнинг муайян ҳаяжонли муносабати сифатидаги ўзига хослиги ҳам бир хилда аҳамиятлидир. Интонацияни аниқлашнинг фақат биргина йўли бор, бу – “ўзи учун” аввалданоқ тушунарли бўлган, шарҳланган матннинг тил тузилишини, маромини, оҳангини зўр бериб ўрганиш ҳамда мазкур муаллиф шеъриятининг руҳи ва у мансуб бўлган халқ шеърий ижодининг анъаналарини тушунишдир.

Кўпинча таржимон томонидан бутунлай ўзгача интонация берилган ғазаллар ва Шарқ шеъриятининг бошқа анъанавий жанрларидаги асарларни ўқишга тўғри келади. Уларда босиқ, фақат гоҳ-гоҳ жилва бериб қолувчи енгил муғомбирлик билан айтилган гап ўрнига муаллифда бутунлай учрамайдиган жўн шоирона “кўтаринкилик” ҳукм суради; ғуссанамо-хаёлий маъюслик ўрнига таржимада мазкур муаллиф ва асар учун кутилмаган ҳамда ножоиз фожеий зўриқиш каби ҳолатлар юзага келади; маъно таркиби бўйича мусиқий, аниқ маромга солинган мисра ўрнига ногаҳон интонацияси матндан ҳам, умуман, мазкур жанрга тааллуқли интонацияни тушунишдан ҳам келиб чиқмаган, балки гўё, Шарқ шеъриятига хос оҳангдорлик ҳамда эҳтирослилик, деб ҳисобланган, аслида эса қандайдир ташқи, кўпчилиги ўйлаб топилган тасаввурдан ёки муайян сўзда қандай интонация “бўлиши керак”лиги ҳақидаги таржимоннинг хомхаёлидан юзага келган сатр лоп этиб пайдо бўлади; ёрқин, эҳтимол, бироз соддароқ шоироналик ўрнига қандайдир қуруқ хабар рўёбга чиқади ёки аксинча, шоироналик бутунлай “ўзгача калит билан” бураб юборилади.

Борди-ю, таржимон, бир-бири билан қўшилиб, асар шеърий тўқимасини яратадиган энг кичик шеърий “ҳалқа” – байтдаги характерли ўзига хосликнинг охиригача чуқур кириб бормас экан, унга юқоридагидан камроқ хавф таҳдид қилади, деб бўлмайди.

Байт табиати борасида таржимон учун ҳаммадан аввал унинг мураккаб уйғунлигини назарда тутмоқлик зарур. Ҳар бир байт, айниқса, ғазалларда ички маҳдудликка, “ўзида” тугалликка, маълум фикрий мустақилликка ва матндан ажралиб туришга интилади. Шу сабабли ҳам қадимдан ғазалнинг марварид-байтлар терилган ип билан тенглаштирилиши бежиз эмас. Бироқ шоирнинг омилкорлиги ва маҳорати марваридларни деярли кўзга кўринмайдиган ипга тера билиши билан белгиланади. Менинг наздимда алоҳида байтлар ўзаро боғланган ёки боғланмагани ҳақидаги адабиётшунослар баҳсларининг фақат бир хилдаги дефиницияларга ружу қўйилгандагина эҳтимоли бор. Улар ҳам боғланган, ҳам боғланмаган – ҳамма гап мана шунда! Бунинг устига, байтлардаги ўзаро боғлиқлик даражасининг турланиб туришини таъминлай билиш шоирлар ижодида энг муҳим бадиий усуллардан бири сифатида хизмат қилиб келган.

Буларни эгаллаш маҳорати маснавий жанрида яратилган эпик асарларда алоҳида аҳамият касб этади. Мазкур жанрнинг ўзига хослиги – банднинг қурилишида, унда байтнинг иккала мисраси ўзаро қофияланади. Бу ўринда биз байт – иккилик диалектик иккиёқламалигининг намоён бўлишини кўрамиз: фақат байт доирасидагина мисраларнинг қофияланиши унда байтлари ўзаро қофияланадиган ғазалдагига нисбатан “маҳдудлик”ни кўпроқ таъминлайди; бироқ бошқа томондан маснавий (унинг эпик хилма-хиллиги билан олганда), бу – кўламли ҳикоядирки, унда байтлар ўзларининг мумкин бўлган барча ажралиб туришларига қарамай, сюжет мантиқий изчиллиги ва ривожининг ягона занжирига киришиб кетмоғи керак.

Маснавий жанрида ёзилган бошқа асарларда бўлгани сингари “Лисон ут-тайр” достонига ҳам бир-бири билан боғланган оз сонли ёки кўп сонли байтларнинг изчиллиги ўзида мўлжалланган яхлитликни мужассам этувчи байт-ҳикматлар билан кесилиб туриши – шеърий оқимнинг шундай бўлиниб туриши характерлидир. Баъзи ҳолларда, сюжетнинг мазмуний вазифасига кўра, матнда тугалланган байт-ҳикматларнинг бутун бир занжири учраши мумкин. Бундай фикрий парчаларни ажрата билиш ва уларнинг қонуний кетма-кетлигини ўзига хос бадиий усул сифатида тушуниш таржимон учун шартдир, зотан, фақат таржима тилида уларнинг бадиий нусхасини яратиш билангина эпик асардаги мураккаб архитектоникани қайта тиклашга эришиш мумкин.

 

Вазн ва маром

Вазн ва маром (ритм) шеърни “бошлаб беради”. Уларни китобхон барча бошқа унсурлардан, маълум маънода ҳатто мазмундан ҳам аввалроқ қабул қилади, чунки вазн ва маромда равшанлашувчи мазмунни билиш учун кўпинча бир неча мисра ёки бандни кўздан кечиришга тўғри келади. Бундан шеърдаги маромий-мусиқий тузилишнинг калитмонанд аҳамиятга эга экани тушунарли: вазн сайлашга асосланиши, тўғри оҳанг танланиши зарур. Лекин уни қандай топиш керак? Шеърий таржиманинг тўғри оҳанги деб нимани ҳисоблаш мумкин? Вазн ва маромни тўғри танлашнинг бирор-бир аниқ-ҳаққоний андозаси борми? “Асл нусха вазни билан” ёки аксинча, китобхоннинг она тилига мос вазн билан қилинган таржималар ҳақида аллақачон бир-бирига зид мулоҳазалар бутун-бутун жилдларни ташкил этса ажаб эмас. Таржима борасидаги назарий ишлар аслиятни маромий жиҳатдан қайта яратишнинг турли эҳтимолини таҳлил қилади, лекин таржимон-амалиётчилар ўзлари томонидан бошқа вазнни эмас, балки айни мана шу вазнни танлаганликларининг сабаблари ҳақида жуда кам гапирадилар. Таржималарнинг бундай йўналишда баҳоланиш қамрови чексиз, тўғри, лекин улар ҳеч нимани ривожлантирмайдиган “ғолибларни суд қилмайдилар”, деган ҳикмат чегарасидан нари ўтолмайди.

Яқин ҳамда Ўрта Шарқ шоирлари эпик асарларини таржима қилишнинг ўттиз йилдан ортиқроқ вақт мобайнидаги амалиётида туркигўй ва форсигўй шоирлар эпик маромининг ўзига хослигини рус просодиялари воситасида бериш учун мумкин бўлган эквивалентларни қатъий жиҳатдан англаб етмоқ борасида фақат онда-сонда учрайдиган уринишларгина юзага келди. Бу масалалар Л.М.Пеньковский таржима қилган “Фарҳод ва Ширин” достонига таржимоннинг сўз боши тарзида ёзган мақоласида Навоий эпик ижодига татбиқ этилгани ҳолда кўриб чиқилади[10]. Мазкур мақолада муаллиф ўзи танлаган мажбурий эркакча[11] қофияли беш туроқли ямб вазнининг жоизлигини унинг аслият вазнига функционал мос келишини таъкидлаш билан асослайди. В.С.Соколова эса Фирдавсий вазнини рус тилида қайта яратиш мумкин бўлган тамойиллар ҳақидаги масалага бағишланган мақоласида аслият вазнининг русча эквиваленти сифатида амфибрахий негизли тўрт туроқли дольник[12]ни тавсия этади[13].

Туркий ва форс-тожик тилидаги эпосларни таржима қилишнинг бой амалиёти муаммони ҳал этишга турли эмпирик ёндашув намунасини беради. Низомий “Хамса”си достонлари таржимасида қуйидаги вазнлар қўлланилган: анапестик тўқима ва эркакча қофияли тўрт ҳижоли дольник (Г.Птицин, Н.Лебедь), сўнгги туроғи кесилган ва эркакча қофияли тўрт туроқли амфибрахий (М.Шагинян), эркакча ва аёлча қофиялар тартибсиз келувчи икки дольникли вазнлар – олти туроқли ямб[14] (К.Липскеров), беш туроқли ямб (П.Антокольский), етти туроқли хорей[15] (В.Державин)[16]. Ўша туркумдаги Навоийнинг (“Хамса”даги) достонлари таржимасида эса бир хил йўл қўлланилган: эркакча қофияли беш туроқли ямб (Л.Пеньковский, С.Липкин, В.Державин)[17]. Туркумнинг беш достони ҳам турли вазнда ёзилгани учун Навоий эпоси таржимаси вазнининг бундай бир хиллиги шартли табиатга эга.

Навоий эпик вазнини таржимада бериш учун беш туроқли ямб танланишининг кўзда тутиладиган исботи сифатида ёмон ном чиқарган эквиритмиклик тамойили олинган: эркакча қофияли беш туроқли ямб бўғинларининг сони (10) аслият бўғинлари сонига (11) яқин. Аслиятнинг барча беш хил вазнида ҳижолар сони бир хил, бу ҳолат аруз вазнидаги маълум ҳодиса – бўғинлар сонини тобе аҳамиятга, узун ва қисқа ҳижоларнинг навбатма-навбат келиш табиати ҳамда рукнлар изчиллиги эса ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлиги билан изоҳланади.

Навоий қўллаган эпик вазнларга беш туроқли ямб функционал мос келади, деган даъво баҳсталаб ва заифдир. Туркий тилдаги шеъриятда эпик асарнинг ҳар бир мисраси катта оҳангдорлик, текис ва кенг “нафас” билан характерланади. Беш туроқли ямбнинг бундай нафас учун кенглик бериши маҳол. Агар рус тилидаги сўзлар туркий тиллардаги сўзларга қараганда, ўртача олганда, катта экани ҳисобга олинадиган бўлса, бу фикрнинг яна ҳам асосли экани ойдинлашади. Мана шу бир ҳолатнинг ўзиёқ аслият мисрасидагига қараганда русча таржима мисрасида бўғинлар сони кўп бўлиши кераклигини таъкидлайди[18].

Таржимада сатрнинг “эркинлиги” ва мисранинг кенг “нафас олиши” ҳақидаги масалага қофиянинг табиати масаласи ҳам бевосита алоқадор. Туркий тиллардаги урғунинг сўнгги бўғинга тушиши қонуниятига асосланган ҳолда, русча таржималарда фақат биргина эркакча қофияларнинг танланишини етарлича асосланган, деб ҳисоблаш мумкин эмас. Таржимада нуқул эркакча турловчи қўшимчали беш туроқли қисқа мисра улкан эпик ҳикоя давомида (Навоий достонлари 7 мингдан то 10 минг мисрагача) Навоий эпосига аслиятда учрамайдиган оҳангдаги бир хиллилик ва “муд­ратувчилик” хусусиятини бахш этади. Бу факт танқидий адабиётда бир неча бор таъкидланган. Бундан ташқари, мадомики, таржимада аслиятга тахминий маромий яқинлик яратишга уриниш ҳақида сўз кетар экан, у ҳолда айтиш керакки, туркий шеърлар мисрасининг охири ўзининг узун сўнгги бўғини билан рус тингловчисида эркакча – ямб қўшимчасидан кўра, аёлча – хорей қўшимчаси таассуротини қолдиради. Буларнинг ҳаммаси туркий эпик шеъриятни русча таржимада қайта яратиш воситалари ҳақидаги назарий масала нафақат ҳал этилмаганидан, балки ҳатто у барча мавжуд жиҳатлари нуқтаи назаридан қараб ҳам чиқилмаганидан далолат беради.

Бироқ таржима амалиётига қайтайлик. Мазкур мақола муаллифи олдида “рамал” баҳрида ёзилган “Лисон ут-тайр” достони мисраларини рус тилида бериш учун муайян вазнни танлаш масаласи турар эди. Бу ўлчов аслиятда уч рукндан – икки тўрт ҳижоли ҳамда бир уч ҳижоли рукндан иборат бўлиб, узун ва қисқа ҳижоларнинг кетма-кет келиши қуйидаги тартибда: – v – – / – v – – / v –. Мен тинишсиз эркакча ва аёлча қофиялар билан алмашиниб келувчи тўрт туроқли анапестни танладим (мисрада 12-13 бўғин). Танлаган йўлимнинг маълум маънода шартлилигини ва бошқа нуқтаи назарлар ҳам асосланиши мумкинлигини англаганим ҳолда, мен айни пайтда ўз танлаган вазнимнинг ҳимояси учун баъзи бир далиллар келтираман.

Достон шу пайтгача тўлиқ таржима қилинмаган. Н.Лебедев[19] ва К.Липскеров[20] таржимасида биргина парча бор. Н.Лебедев сўнгги туроғи кесилган (яъни эркакча қофияли) ва тоқ (биринчи, учинчи ва бешинчи) туроқларининг биринчи ҳижоси доимий пиррихияли олти туроқли хорейни танлаган (ᵨ – / — – / ᵨ – / — – / ᵨ – / -):

Эта мысль была в мектебе рождена
В дни, когда твердил я божьи имена, 

В дни, когда с детьми другими свой урок
Я учил, запоминая ходы строк.

 Но когда от повторенья слов одних
Голос детский становился слаб и тих,

 Наш учитель, просветляя бедных нас,
Заставлял читать поэта стройный сказ…

Худди шу парчанинг ўзи К.Липскеров томонидан ҳам пиррихийлар тақсимоти бошқача ва тинишли (дастлабки икки байтдан ташқари) ўша вазнда таржима қилинган:

Все это восходит в памяти моей:
Помню издалека время детских дней.

 Громко голосила в школе детвора,
Свой урок твердила с самого утра.

 И когда всех обессиливал урок,
И в словах аллаха был уж малый прок, –

 То учитель, чтоб узнать учеников
Вызывал ребят на чтение стихов…

Таржимада вазннинг бундай ўзига хослиги мисраларга вазмин эпик интонация эмас, балки қандайдир “ўйинқароқ” бетиним интонация бергани сабабли бу вазннинг ҳар иккала кўриниши ҳам менга бутунлай номақбул туюлди. Менимча, бу таржималар муаллифларига, агар биргина парчани эмас, балки бутун достонни таржима қилишга тўғри келганида, эҳтимол, улар мазкур ўлчовдан воз кечган бўлур эдилар.

Таржимада вазн танлашнинг ягона асосли йўли, менимча, функци­онал мослик тамойилидир. Бунда аслият тингловчиларига асл нусханинг вазни қандай таассурот қолдирса, рус тингловчиларида ҳам тахминан худди шундай таассурот қолдирадиган бир неча рус ўлчовларидан жуда бўлмаганда аслиятга маромий жиҳатдан минимал ўхшашлиги борини танлаш лозим. Функционал мослик тамойилига кўра, туркий эпосни рус тилида бериш учун менга икки дольникли вазнлар эмас, балки аслиятнинг вазмин интонацияси осон амалга ошадиган уч дольникли вазнлар кўпроқ мақбул кўринади. Рус уч дольникли вазнларидаги урғули ва урғусиз бўғинларнинг кескин қарама-қарши қўйилиши мисранинг равонлигини кўпроқ таъминлайди. Б.В.Томашевский уч ҳижоли ўлчовлардаги урғу икки ҳижоли ўлчовлардагига нисбатан анча равон эканини ҳаққоний таъкидлаган эди[21]. Айни мана шу уч ҳижоли рус вазнларидан узун ва қисқа бўғинлар кетма-кет келувчи туркий шеърнинг маромий эквивалентини изламоқ лозим, чунки бу ўлчовлардаги урғули бўғиннинг ажралиб туриши ва шунга яраша урғули унлининг чўзиқлиги туркий аслият чўзиқлигига самарали ўхшашлик яратади. Уч дольникли вазнлар ичидан “Лисон ут-тайр” достонида учрайдиган турли хил – патетик, жанрга хос, киноявий, лирик интонацион маъно урғуларини беришда кўпроқ қўл келадиган кўрингани учун мен анапестни маъқул кўрдим. Бундан ташқари, афтидан, анапестда эпик бошланишнинг интонацияси ёрқинроқ акс этган, унда урғу мисра бошида эмас – учинчи ҳижода.

Мен танлаган ўлчовдаги мисранинг узунлиги (12-13 бўғин) достоннинг 11 бўғиндан иборат туркий мисрасига тахминан мос келади (рус ва эски ўзбек тилларидаги сўзлар узунлигининг қиёси ҳақида юқорида айтилган фикрни эслайлик). Мисранинг бундай узунлиги, менимча, интонациянинг оҳангдорлигини ҳам, керакли маънони сингдиришни ҳам ва, табиийки, “нафас” эркинлигини ҳам таъминлай олади.

Алоҳида сарлавҳага эга бўлган ҳар бир парча доирасида байтлардаги қофиялар менинг таржимамда қуйидаги тартибда: ҳар бирида мисралар аёлча қофиялар билан боғланган икки байтдан кейин эркакча қофияли байт келади. Қофияланишнинг бундай тартиби маълум даражада шартли табиатга эга ва мисра оқимига хилма-хиллик киритиш мақсадини назарда тутади. Менга аёлча қофиялар аслиятнинг сўнгги узун унлисига маромий ўхшашлик яратиш учун кўпроқ мос кўринди, бироқ нуқул фақатгина аёлча қофияларнинг кетма-кет жойлашуви оҳанг бир хиллигини келтириб чиқариши мумкин эди ва мен шу сабабдан ҳам уларни эркакча қофиялар билан 2:1 нисбатида алмашиниб келадиган қилдим. Мен бу тартибимда бошқа таржималар тажрибасига суяндим[22].

Вазн танлаш, юқорида айтилган барча ҳолатлардан ташқари, мисра интонациясини қайта яратиш вазифасига бўйсундирилиши лозим. Навоий достонида мисра вазни интонацион “тўлдирилиши”нинг умумий қурилиши ниҳоятда босиқ. Навоий ҳеч қаерда “юксак” шеърият услубидаги ошириб юборишларга йўл қўймайди (зотан, бу Навоий салафларидан бошлаб давом этиб келаётган энг яхши шеърий анъаналарнинг бузилиши бўлур эди). Навоий шеърининг мисралари ортида доимо донишмандларча фикрни бир жойга тўплаш, ақл билан назорат қилинган туйғу, энг тежалган воситаларни изловчи ўткир зеҳн кўриниб туради.

Бу борада, умуман шуни айтиш керакки, Яқин Шарқ шеъриятидаги “дабдабалилик”, “бежамадорлик” ва шунга ўхшаш бошқа аломатлар ҳақидаги кенг тарқалган фикр муболағага асосланган ҳамда моҳиятан нотўғридир. Бу фикрнинг келиб чиқиши – мумтоз форсигўй ва туркигўй шоирлар ижоди устидан эмас, балки Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатлари бадиий сўз санъати тараққиётининг барча даврларида ҳам керагидан ортиқроқ бўлган тақлидгўй-назмбозлар асарлари устидан кузатиш оқибатидир. Шарқ муаллифларидаги юксак сўз маданияти (маълум маънода ҳатто сўзга сиғиниш) жамиятдаги хилма-хил доираларда шеъриятнинг кенг оммалашгани, мактабларда тилни кўпроқ шеърий нутқ намуналари асосида ўргатиш тартиби, шеър техникасидаги юксак тараққиёт таълимдаги муайян босқични ўтган деярли ҳар бири киши шеъриятнинг ташқи белгилари ва зарур бўлган “ўқишга қулайликлари”ни сақлагани ҳолда, шеър тўқиши мумкинлигини таъминлар эди. Маълумки, шеър билан шаклбозлик қилиш Темурийлар даври (XV аср) форс-тожик шеъриятига бамисоли тўлқиндек тошиб кирган.

Бироқ Навоий улкан истеъдодга эга шоир эди ва унинг асарларида, хусусан, эпик ижодида ёрқин доҳиёна миқёсийлик белгилари мавжуд: унга шаклбозлик найранглари ва атайин вужудга келтирилган баландпарвозлик керак эмасди, унинг қудрати қулоқ йиртар жаранг-журунгларга зор бўлмаган ҳақиқий шоироналикда эди. Мен Навоий шеъриятидаги вазмин интонацияни қайта яратишни ўзимнинг бош вазифаларимдан бири, деб билдим.

 

Банд ва тимсол

Юқорида Навоий эпик ижодидаги байтнинг табиатини тушунишга доир масалалар ҳақида гапирилган эди. Энди мана шу масалаларга байт – иккиликни бандий бирлик сифатида қайта яратиш тамойиллари билан боғлиқ ҳолда, қисқача тўхталиб ўтиш зарур. Таржимон томонидан байтга синчиклаб эътибор берилишининг зарурлиги унинг бадиий вазифалари хилма-хил эканлиги билан белгиланади. Байт – матндаги банд қурилишининг бирлиги ва бадиий тимсол “қобиғи”, айни пайтда у ҳикоя қилишдаги фикр бирлиги ҳамдир. Деярли ҳамма вақт байт, бу – тугалланган, маълум маънода ўзи билан чекланган тимсол. Умумлаштириб айтганда, байтни қайта яратиш – тимсолни қайта яратишдир. Навоийда анъанавий тимсоллар (лаблар – ёқут, кўзлар – наргис; ақлдан озган бебахтга тош отаётган болалар; тилсим-хазиналарни қўриқловчи бойқушлар ва ҳ.к.) билан бир қаторда ҳайратланарли даражада бақувват ва янги тимсоллар бор. Мана, масалан, пайғамбарнинг меърожга чиқишини ҳикоя қилувчи парча:[23]

И ещё миновал он два неба сверх мрака,
И предстал ему купол высот зодиака.

И предстал ему Овен в том горнем полёте,
И настиг он Тельца, словно лев на охоте.

И склонились пред ним Близнецы для услуг,
Даже Рак распрямился и двинулся вдруг.

Лег к ногам его Лев, как собака, покорно,
И Колосья, как жемчуг, рассыпали зерна.

И Весы равновесье душе его дали,
И отраву убил Скорпион в своем жале.

Полумесяцем лук свой поставил Стрелок,
Золотою газелью предстал Козерог.

Водолей взял в речах его влагу живую,
И для Рыб в них журчали живящие струи…

Ҳикматлилик – байтнинг ўзига хос идеали. Бу хусусиятини байт фақат эпик асарда сюжет ривожини тезлаштириш зарурати туфайлигина йўқотиши мумкин. Шунинг учун ҳам байт маъносини очиш қийин бўлган ҳолларда ундан, қонуний тарзда, ҳикматли фикр қидириш лозим, зотан, кўп ҳолатларда ундан айнан ана шундай фикр юзага чиқади:

Искра к небу взвивается смелым полетом,
А ничтожную муху влечет к нечистотам…

Разве всякий, кто хвалится славою, славен?
Разве муж похвальбою неправою славен?..

Если пастырь не знает, где корм, где вода,
Значит паства погибнет, погибнут стада…

Навоий услубининг соддалиги тасаввуфий мазмундаги тимсоллар учун ҳам характерлидир. Тасаввуф рамзийлигининг бутун ўзига хослигига қарамай, Навоийда бу тимсоллар содда, ҳатто равшан ифодаланган, дейиш мумкин: рамзийликнинг ифодаси эмас, балки унинг ўзи мураккаб.

Сўздан ва уни кашф этиш имкониятларидан завқланиш яна шунда кўринадики, шоир байт доирасида тез-тез сўз ўйини қилади. Табиийки, матннинг бундай ўзига хослигини қайта яратиш таржимондан ўшанга мос ўриндош талаб этади.

 

Қофия

Эски ўзбек тилидаги шеърият қофиялари орасида турли сўзларнинг бир хил грамматик кўринишларидан – келишикларнинг ўхшаш шаклларидан, муайян бир замонга тааллуқли феъл шаклларидан, равишдошларнинг бир хил кўринишлари ва ҳ.к.лардан иборат қофиялар каттагина ўрин эгаллайди. Бундай қофияланиш фақат маснавий (яъни, икки мисра доирасидаги жуфт қофияли) жанрида ёзилган асарларгагина эмас, балки бир хил грамматик шакллар 7-11 (баъзан эса бундан ҳам кўпроқ) байт давомида қофияланган ғазалларга ҳам тааллуқли.

Бунга ўхшаш қофияларни русча таржимада қайта яратиш эстетик мулоҳазалар туфайли мақсадга номувофиқ ва грамматик сабабларга кўра мураккабдир. Маълумки, рус шеъри морфологик жиҳатдан бир хил қофиялардан қочади, зотан, таржимада қофияларни бундай тизиш (ходил – просил – вонзил… домами – садами – прудами… сверкая – слагая – считая…) таржиманинг бадиий савиясини ниҳоятда тушириб юборган бўлур эди. Лекин гап фақат бундагина эмас. Ҳатто таржимон, гарчанд, бундай зарурат билан келишса-да, бу хилдаги қофияларни қайта яратиш тилнинг грамматик қурилишидаги адабий фарқ туфайли ҳам рўёбга чиқмас эди. Зотан, агглютинатив эски ўзбек тилидаги сўзлар қўшимчаларининг табиати флектив тузилишга эга рус тилидаги сўзлар қўшимчалари табиатидан катта фарқ қилади. Агар, масалан, эски ўзбек тилидаги барча отлар кўплик ҳамда бирликда бир хил турланса, шундан келиб чиққан ҳолда, келишик биргина мазкур шаклида бир-бири билан қофияланиши мумкин бўлса, рус тилида эса, маълумки, турлашнинг бир неча хили мавжуд ва турли сўзларнинг бир хилдаги келишик шакллари уларни қофия тарзида қўллаш имконини истисно қилувчи ҳар хил қўшимчаларга эга.

Бироқ бир хил грамматик шаклларни қофиялаш эски ўзбек тилида қофиялашнинг ягона имконияти эмас. Чунончи, Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонида табиати жиҳатидан рус шеъри учун одатий бўлган мана бундай морфологик фарқланадиган қофиялар ҳам учрайди: сингил – онглагил (сестра – пойми), кичик – жуссалик (маленький – дородность), иттифоқ – яхшироқ (союз – лучше), бил – тил (знай – язык) ва ҳ.к.

Шундай савол туғилади: хўш, Навоий қандай қофияларни қўлламайди? Бу саволга жавоб тамоман қатъий бўлиши мумкин: у просодияларнинг ўзига хосликлари туфайли мумкин бўлмаган (чунончи, узун бўғин билан қисқа бўғинни қофияламайди) ва ноаниқ қофияларни қўлламайди. Бу далиллар, менимча, русча таржимада қофия танлашнинг мумкин бўлган тамойилини асослаш – рус тилидаги тил йўл қўйган доирада аниқ қофиялашнинг барча имкониятларини қўллаш иложини беради.

Навоий шеъри учун, хусусан, ўткир ва равон қофияларда намоён бўладиган юксак даражадаги шаклий мукаммаллик хос. Бу – Навоийдек бениҳоят ёрқин истеъдодга эга шоир ижодидаги бадиийликнинг алоҳида савиясини ташкил этган форсий ва туркий тиллардаги шеърият анъаналаридир. Навоий аниқ қофиялар орасидан энг аниқларини танлаб оладики, таржимон шоирнинг мисра сўнгига шунчаки қофияланган сўзларни эмас, балки катта аниқлик билан қофияланувчи сўзларни қўйиш техникасидаги ўзига хосликни қайта яратишга интилиши лозим. Менинг назаримда, Навоий шеърияти руҳи ва услубига кўпроқ мос келадигани – бир хилдаги таянч ундошли қофиялардир:

Знайте: все я сказала, моля о защите,
Погубите меня или средство сыщите…

И сложенью стихов положил я начало,
И напевность их тюрксою речью звучала…

Навоий баъзан қофияланишнинг кутилмаган имкониятларига мурожаат қилади ва шу сабабли ҳам менга рус классик шеърияти учун эмас, балки энг янги замон шеърияти учун характерли бўлган аниқ қофияларни қўллаш (муайян доирада) мумкин кўринади:

И поведал другой – тот, что голову щупал:
«Вроде как бы скала, а вершина – что купол»…

Зазвучал их рассказ и различие выдал:
Схоже один с божеством, а другой – словно идол…

Как-то, немощным телом к поклание приладясь,
В город брел этот муж – высших помыслов кладезь…

Будет сердце таким – называй его сердцем,
А не будет – нет веры подобным зловерцам…

Навоий анъаналар руҳига риоя қилган ҳолда қофиялар ўйинига асосланган шоирона усулларни кенг қўллаган. Таркибий ва омоним қофиялар ўша давр шеърият ҳаваскорлари томонидан юксак баҳоланар эди. Бундай қофиялар яратиш учун рус шеъри кенг имконият беради:

Я не мог речь иную постичь и слова,
Другом сердца мне были лишь птичьи слова…

Ты сокрыть это дело покоишь стремленье,
Ну и нами владеет такое ж стремленье…

Жаль трудов, жаль надежд – не далось их сберечь нам,
Жаль нам помыслов наших о счастии вечном

Лишь в покорности смог бы достичь я его –
У подножия трона величья его…

Шедший люд издевался отвратно и зло,
Он же смог бы стерпеть и стократное зло

 

Радиф

Форсий ва туркий шеъриятдаги шоирона воситалар тизимида радиф санъати – қофияланган мисралардаги қофиядан сўнг қандайдир бир сўз ёки сўзлар гуруҳининг такрорланиши катта ўрин эгаллайди. Радиф энг оддий кўринишида синтактик параллелизмга асосланган қофиянинг унсури сифатида намоён бўлади:

То словами униженной лести он клянчил,
То слезами обиженной чести он клянчил…

То мне любы повадки развратных друзей,
То мне любы дела благодатных друзей…

Лекин радифнинг ўрни ва аҳамияти унинг шу вазифаси билангина барҳам топмайди. Агар радифнинг хизматини маснавий жанридаги эпик ҳикояга энг умумий тарзда қўллашга уринилар экан, у ҳолда радиф – қофияланишнинг ич-ичидаги фарқлари нуқтаи назаридан матннинг байт қурилишини ўзгартириш имконини берадиган бадиий-тасвирий восита эканини айтиш керак бўлади. Русча таржимада байтнинг қайта яратилишини радифсиз ва радиф теранлигининг турличалиги билан қиёсланг:

Так приходит на память мне быль моей доли –
Времена малолетства, учение в школе…

В ней ни умысла злого, ни жалобы нет,
Ничего, что укор выражало бы, нет… (1 бўғин)

И сказали они: «Не созрел он еще,
Он к древам своим крепко приделан ещё…» (2 бўғин)

И камнями разбил он кувшинов немало,
Драгоценных осколков раскинув немало… (3 бўғин)

Ведь трудней всех речей винеречет эта повесть:
Языком бессловесных речет эта повесть… (4 бўғин)

Шу билан бирга, радиф асарга такрорланмас миллий колорит берадиган байтнинг характерли ўзига хослигини намоён этади. Шунингдек, у фикрий ва экспрессив вазифани ҳам бажаради: диққатни фикрнинг муайян “парча”ларига тортади ва мисрага алоҳида мусиқийлик бахш этади. Буларнинг ҳаммаси аслият поэтикасининг бу қадар маънодор воситасига таржимоннинг менсимай қараши мумкин эмаслигидан далолат беради, бунинг устига, рус тили жуда кўп ҳолларда радифни қайта яратиш имконига йўл қўяди.

Бироқ шундай ҳоллар борки, унда тиллар қурилишидаги фарқлар туфайли таржимон учун аслиятда радифни ташкил этган сўзлар эквивалентини радифда қайта яратиш мумкин бўлмай қолади. Туркий тилларда баъзан радиф ниҳоятда кенг қўлланиладиган отлар ва “делать” маъносини берадиган кўмакчи феълдан таркиб топган мураккаб феъллар ҳисобига яратилади. Бундай мураккаб феълларни рус тилига сўзма-сўз таржима қилинса, у ҳолда “сделать улыбку”, “сделать упрёк” ва ҳ.к. сингари сўзлар юзага келар эди. Шунга ўхшаш қийинчиликлар аслиятда рус тилига оид қўшимчаларга вазифаси жиҳатидан мос, лекин ўзлари бошқараётган сўзлардан кейин турадиган кўмакчилар – кўмакчи сўзларнинг радиф сифатида қўлланилишидан келиб чиқади. Демак, кўп ҳолларда радифни ташкил этган сўзларни бошқаси билан алмаштириш шарт бўлиб қолади. Мана, радифни алмаштиришга мисол (сўзма-сўз таржимада аслиятда радиф бўлиб келган сўз ажратиб кўрсатилган):

1. Кўз очиб бедил тааммул айлади,
 Ўтган аҳволин тахайюл айлади.

Открыв глаза, несчастный поразмыслил (= «размышление сделал»),
Приследшие обстоятельства припомнил (= «припоминание сделал»).

И очнулся, подумал несчастный, припомнил,
Происшедшее памятью ясной припомнил…

2. Роҳзанлиқ айламак исён сари,
Бошламоқ йўл водийл нуқсон сари.

«Направлять их ко смутам,
Возглавлять их на пути к пустыне порока».

Наставлять их ко смутом жестоко, всечасно,
Направлять их в пустыню порока всечасно…

Радифни қайта яратиш борасидаги таржимоннинг муҳим вазифаларидан бири – уни ўқувчи томонидан мисрага худди экзотик “қўшимча” тарзида қабул қилинмаслигига эришишдир. Шоирларда радиф санъатини эгаллаш – унинг мисра фикрий ва вазний тўқимасига юксак даражадаги табиийлик билан чирмашиб кетишини таъминлашдан иборат эди. Радиф бадиийлигининг намунали томони фақат унинг теранлиги эмас, яъни мисраларни қамраш даражасигина эмас, балки ўзидан аввалги сўзлар билан қўшилиб кетиш характери ҳамдир: қофияланган икки мисрада радиф ўзига алоқадор сўзлар билан ҳар хил уйғунлашуви керак. Радиф қўллашнинг зикр этилган ўзига хослиги Навоийнинг русча таржимасида шундай кўриниш касб этади:

Птичьей речью слагал он созвучия слова –
О разлуке и счастье певучее слово…

Его сердцу любезны цветы и узоры –
На одежде смиренья пустые узоры!..

Жгучим жаром любви дал ты душам огонь,
Всем, кто счастлив, кто бедствием рушим, – огонь…

И за падших, за все их грехи он просил,
За деянья, что злы и лихи, он просил…

Радифни русча таржимада қайта яратиш таржимон учун фақат ҳисоблашиши мажбурий бўлган “ёқимсиз зарурат”гина эмас. Радиф рус шеърига осон чирмашиб кетади ва айни пайтда матннинг байт қурилишига хилма-хиллик бағишлайди. Радифни қўллаш, шунингдек, қофияларни ҳам хилма-хиллаштириш – эркакча ва аёлча қофиялар билан бир қаторда дактилик қофияларни ҳам қўллаш имконини беради. Мисра сўнгида келганида ноқулай бўлган дактилик қофиялар радиф олдидан бутунлай табиий жаранглайди:

Если счастье в судьбе им радетелем будет,
Если рок вожаком к добродетелям будет…

И ему выси неба «подножием стали»,
Кущи рая – деянием божиим стали…

А Симург – его имя, известное всюду, –
На земле и под ширью небесною, – всюду…

Таржимон томонидан Навоий эпосини шарҳлаш муаммоларининг кўриб чиқилиши лозим бўлган жиҳатлари, умуман олганда, мана шулардир. Бу масалаларнинг кўпчилиги муайян даражада аллақачон Навоий достонлари таржимонлари олдида ўзини кўрсатган ва улар томонидан турлича ҳал этилган. Ушбу сатрлар муаллифига ўз тажрибалари асосида Яқин ва Ўрта Шарқ эпик шеърияти таржимаси борасидаги баъзи қийин жиҳатларни англашдаги мумкин бўлган йўлларга ўқувчилар диққатини қаратиш фойдали кўринди, мақоладан мақсад шу.

Рус тилидан Абдулла Шер таржимаси

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 8-сон

[1] Алишер Навои. Сочинения в десяти томах. Т. VII. Издательство “Фан”, Т., 1970. С 341.

[2] Алишер Навои. Сочинения в 10-та томах, Т. VIII. – Ташкент, “Фан”, 1970.

[3] Қаранг: Бертельс Е.Э. Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. – М., Издательство восточной литературы, 1965. С. 417.

[4] Достон таржимаси Ш.Эшонхўжаев томонидан нашр этилган илмий-танқидий матн бўйича бажарилган: Алишер Навоий. Лисон ут-тайр (“Қуш тили”). – Тошкент, “Ўзбекистон”, 1965.

[5] Араб алифбосида фақат ундошлар ва чўзиқ унлиларгина белгиланади (қисқа унлиларни араб ёзуви кўрсатмайди).

[6] Кўчирма ҳозирги замон ўзбек алифбоси бўйича олинди. Қаранг: Алишер Навоий. Асарлар. 15 томлик. 11-т. – Тошкент, Ўзадабийнашр, 1966.

[7] Алишер Навоий. Хазойин ул-маоний, IV т. – Тошкент, 1960, 720-б.

[8] Бертельс Е.Э. Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. С. 148. (Таржима меники – С.И.)

[9] Алишер Навоий. Хазойин ул-маоний. III т. – Тошкент, 1960, 48-б.

[10] Алишер Наваи. Фархад и Ширин. Перевод Льва Пеньковского. – М., Гослитиздат, 1946. С. 29-33.

[11] Эркакча, аёлча, дактиль – рус шеърий нутқидаги қофиялар турлари. Эркакча қофияда урғу қофия бўлиб келган сўздаги сўнгги ҳижога; аёлча қофияда – сўз охиридаги иккинчи ҳижога, дактилда эса сўз охиридан учинчи ҳижога тушади. Эркакча қофия – қофия бўлиб келган сўзнинг эркакча тур (мужской род)да тугаши билан, аёлча қофия аёлча тур (женской род)да тугаши билан белгиланади, дактиль қофия эса рус шеърий нутқида уч бўғинли туроқлар билан ёзилган шеърларда қўлланилади.

[12] Дольник – рус шеърий нутқидаги мисрада урғуларнинг тенг келишини таъминлайдаган вазн. Урғулар оралиғида одатда бир-икки урғусиз ҳижо иштирок этади.

[13] Соколова В.С. Опыт поэтического перевода «Шах-намэ». Вестник Ленинградского университета. 1947. №2. С. 107-120.

[14] Ямб – рус шеърий нутқидаги урғу ҳижолар оралаб қатъий тартибда такрорланадиган вазн.

[15] Хорей – рус шеърий нутқидаги урғусиз ҳижо, урғули ҳижодан кейин келадиган икки бўғинли туроқлардан иборат вазн.

[16] Низами. Избранные произведения. «Библиотека поэта». Большая серия. – М. – Л., «Советский писатель», 1947.

[17] Алишер Наваи. Сочинения в 10-ти томах. Т. III-VIII.

[18] Шуниси ҳам борки, ғазаллар таржимаси борасида бу тамойилдан чекиниш, афтидан, муқаррар, чунки ғазаллардаги қофиясиз тоқ сатрларнинг узунлиги русча таржимада шеърни деярли вайрон қилади. Лекин бу – алоҳида мавзу.

[19] Навои. Стихотворения и поэмы. «Библиотека поэта». Малая серия. – М. – Л., «Советский писатель», 1965. С.605-611.

[20] Антология узбекской поэзии. – М., Гослитиздат, 1950. С.156.

[21] Томашевский Б.В. Стих и язык. Филологические очерки. – М. – Л., Гослитиздат, 1959. С. 57.

[22] “Йўлбарс терисини ёпинган паҳлавон”нинг Н.Заболоцкий таржимасидаги эркакча ва аёлча қофияли бандлар тартибини қиёсланг.

[23] Бу ерда ва бундан кейин, ўз таржимасидан баъзи мисоллар келтирар экан, мақола муаллифи, маълумки, уларни намунали деб ҳисоблашдан йироқ: бу – фақат мақолада баён қилинган тамойилларни қўллаш асосида таржимага оид вазифаларни ҳал этишга яқинлашиш йўлидаги уринишдир, холос (тарж.).