Варварлар кимлар?

«Варвар» номи Қадимги Юнонистонда келиб чиққан. Юнонлар ўзлари яратган барча нарса, шу жумладан тил ҳам энг яхшиси деб ишонардилар. Шу боис юнон тилини билмайдиган барча ёт кишиларни варварлар, яъни ғўлдировчилар деб аташарди. Қадимги римликлар ҳам қадимги юнонлардан шу номни ўзлаштирганлар. Эрамиздан аввалги 1 асрда Рим империясининг чегараси бўлиб қолган мудофаа девори олинганда, ундан ташқарида яшайдиган барча халқларга варварлар деган ном берилган.

Булар, аввало, герман қабилалари, шунингдек, келтлар ва славянлар эди. Улар кенг ҳудудларда яшашар ва деҳқончилик, чорвачилик, турли металларни эритиш билан шуғулланишарди.

Бу қабилалар ўз меҳнати билан яратган маҳсулотларни Рим империясининг чегарадош шаҳарларига олиб келишар, у ерда қулларга, зеб-зийнат буюмларига, қурол-яроққа, шароб ва зираворларга алмашишарди.

Римликлар варварларнинг жасурлигини ва қурол ишлатиш маҳоратини қадрлашарди. Озод варвар эркаклар Рим армиясига кириши мумкин эди. Маълум вақт ўтгач, рим жамоасида яхши маълумотли бой варварлар ҳам етишиб чиққанлар, улар ҳатто император саройида муҳим лавозимларни ҳам эгаллаганлар.

Варварлар ўз даври маданиятига ҳам таъсир кўрсатишган. Уларнинг кийим-кечаклари, соч турмаклашлари кўпинча кенг тарқалиб кетарди. Император Марк Аврелий Антоний Каракалла номи билан тарихда қолган. Унинг варварлар кийимига ўчлиги шундай лақаб берилишига сабаб бўлган (германлар узун плашчни каракалла деб аташарди).

Рим империяси барҳам топгач, варварларнинг ҳоли не кечган? Оддий халқ янги ҳукмдорлар ҳукми остида қолган, Рим аслзодалари эса кечагина ўзлари нафратланиб, варварлар дебу атаган кишиларга хизмат қила бошлашган. Аввалги варварларнинг антик шаҳарларни нафрат билан «тилла суви юритилган мақбара» деб атаган фарзандлари ва неваралари эса дабдабада қолишмайдиган пойтахтлар, қалъалар, саройлар қура бошлашган. Варварлар шу тариқа варварликдан чиқишган.

Ўхшаш мақолалар: