Тиллақўнғиз нега ерга кириб олади?

Куз ёки баҳор кунлари ўрмон четида ер кавлашингизга тўғри келса, унчалик чуқур бўлмаган жойда сизнинг ялтироқ қора қанот, анчагина йирик ҳашаротларга кўзингиз тушиши муқаррар. Бу энг хавфли зараркунандалардан бири тиллақўнғиздир. Улар қишни ерда ўтказади, баҳорда (кўпинча май ойида, шу боис уни май қўнғизи ҳам дейишади) ер юзига чиқади.

Мабодо баҳор кечикса, улар июнь ёки июль ойларида қанот қоқа бошлайди. Улар атиги 30 — 40 кун, совуқ ҳавода кўпроқ учади. Ана шу даврда улар дарахтларга анча-мунча зарар еткизади. Гап шундаки, қўнғизлар тоғтерак, эман, терак, тол, ўрмон ёнғоғи барглари билан озиқланади. Улар, айниқса, қайин баргларини хуш кўради. Мабода бирор йил қўнғизлар кўпайиб кетса, бутун бошли ўрмонларни шип-шийдам қилиб кетиши ҳеч гапмас.

Катта қўнғизлар келтирадиган зарарни уларнинг личинкалари келтирадиган зарар билан таққослаб бўлмайди. Ўрмончилар 4 — 5 та личинка бир квадрат метрдаги қарағай ниҳолларини еб қуритади, деб ҳисоблайдилар. Бу личинкалар ерда яшайди. Макиён қўнғиз ҳар йили тупроққа йирик-йирик 40 тагача тухум қўяди. Бир неча ҳафтадан кейин тухумдан личинкалар очиб чиқади.

Қўнғизчалар биринчи йили деярли зарар келтирмайди: улар чиринди ва майсаларнинг илдизчалари билан озиқланади. Личинкалар ер тагига бир ярим метрча чукурликка кириб, қишни ўтказадилар, баҳорда яна ер юзига яқинлашадилар. Икки йиллик личинка майсалар илдизлари билан озиқланади ва қишда яна ер тагига кириб кетади. Учинчи баҳор яна ер юзига чиқади. Личинкалар энди вояга етиб, узунлиги 5 — 6 сантиметр келиб қолади, айни шу ёшда улар жуда зарарлидир. Учинчи бор қишлагач, личинкалар ғумбак бўлади, бир-икки ойдан сўнг қўнғизга айланади. Бироқ бу қўнғизчалар ер юзига чиқмайди ва янаги баҳорга қадар ерда ётади.

Кунлар илиб, дарахтларда куртаклар пайдо бўлиши билан тиллақўнғизлар ўзининг хонавайрон этгувчи парвозларини бошлайди.