Ялтироқ қўнғиз нега кечаси нур таратади?

Ялтироқ қўнғизларнинг шуъласидан ҳайратга тушмаган одам топилармикин? Кичкина тирик чироқчалар майин шуъла сочаётган пайти болакайлар уларни тутиб, шиша идишга солиш ёки қулида ушлаб туришга ғоят иштиёқманддирлар. Ялтироқ қўнғизларнинг сирли шуъласи нафақат сизни, балки олимларни ҳам ҳайратга солиб келмоқда. Бу ҳодиса охиригача ўрганилмаган ва унинг номаълум томонлари ҳам мўл.

Ялтироқ қўнғизлар шуъласи кўп жиҳатдан нур манбалариникига ўхшашдир, фақат улар иссиқлик билан таъминланмаган. Бу хил нурлар люминесценция (жисмнинг совуқ ҳолда нур сочиши) дейилади. Ялтироқ қўнғизнинг нури люциферин деган модда туфайли ҳосил қилади. У кислород билан бирикканда нурланиш пайдо бўлади.

Люциферейз деган модда бўлмаса, бу реакция амалга ошмайди. У катализатор вазифасини ўтайди, яъни кимёвий реакция амалга ошишига ёрдам беради ва ёнаётиб люцифериннинг нур ҳосил қилишига ёрдам беради.

Олимлар эндиликда бу нурни лабораторияда синаб кўришлари мумкин. Бунинг учун улар, аввало ҳашаротларнинг нур тарқатувчи аъзоларидан олишлари керак. Кимёгарлар бу ғаройиб ҳашаротнинг нурини мустақил ярата олмайдилар. Бу ҳамон табиат сири бўлиб қолмоқда.

Ялтироқ қўнгиз нима учун кечаси нур таратади? Бу ҳодисанинг изоҳлари бисёр. Улардан бири мана шундай: эркаги ва урғочисининг бир-бирини топиши учун. Яна бир сабаби: тунги нурдан қочадиган тунги қушларни қўрқитишдир. Бироқ олимлар ялтироқ қўнғизларга нима учун шуъла кераклигига аниқ жавоб беролмайдилар, нега десангиз, барча фаразлари тўла асосланмаган. Уларнинг фикрича, нур ялтироқ қўнғизлар танасида борадиган кимёвий реакцияларнинг иккиламчи самарасидир. Балки у шакллангани билан ҳаёти учун муҳим эмасдир. Бу ҳодисанинг сабаблари нима бўлишидан қатъи назар, кўпчилигимиз уларнинг яшаётганидан хурсандмиз, чунки қоронғи тунда ҳаракат килаётган бу тирик чироқларга, митти ҳашаротларга тикилиш ҳар биримизга завқ бағишлайди.