Саккизоёқлар моллюскаларнинг «бошоёқлилар» гуруҳига мансуб бўлиб, уларнинг оёғи чўзинчоқдир, қўлга ўхшаш пайпаслагичлари боши атрофида ўсиб чиқади. Саккизоёқнинг исми жисмига монанд.
Гарчи саккизоёқ ҳайвонот дунёсининг «моллюскалар» деб аталган гуруҳига киритилса-да, у мана шу гуруҳга кирадиган венерка ва устрицаларга мутлақо ўхшамайди. Ҳаммасидан ҳам кальмар унга яқинроқ келади.
Унинг ҳам, бунинг ҳам чиғаноғи йўқ. Уларнинг танасини қоплаб турувчи юмшоқ мантияси бор, холос. Уларнинг пайпаслагичлари узун ва эгилувчан бўлиб, тагида сўргичи бор. Улар саккизоёқ нимани тутса, ўша нарсани қаттиқ ушлашига имкон яратади.
Саккизоёқнинг орқа томонида воронкасимон ҳужраси бўлиб, унга сув кириб туради. Саккизоёқ балиқ каби ундан кислород ажратиб олади. Ана шу ҳужра туфайли саккизоёқ тез ҳаракат қилади. Саккизоёқ ундан сувни шу қадар қаттиқ пуркаб чиқарадики, натижада унинг танаси шитоб билан ҳаракатланади. Шиддатли суратда якинлашиб келаётган душманларидан у шу тариқа қочиб қутулади ва саккизоёғи билан қояга судралиб чиқади ёки бирор ёриққа ўзини уради.
Саккизоёқ бемалол ётган пайти пайпаслагичлари чуқурлик томон осилиб туради. Душман яқинлашиб келаётган пайти у қочиб кетиши ёки пайпаслагичлари билан ҳарифини қаттиқ ўраб олиши мумкин. Агар иш жиддийлашиб кетгудай бўлса, у «тутун пардасини» пуркаб қочади. Танасининг таг қисмидаги идишдан сиёҳсимон суюқлик ажратиб, сувни лойқалатади.
Бундан ташқари, саккизоёқ атрофидаги муҳитга қараб, танасининг рангини ўзгартира олади. У қизил рангдан кулранг, сариқ, малла ёки кўм-кўк рангга кириши мумкин.