Канарейка боққан одам борки, «каракатица суякларини» билади. Улар, албатта, каракатицаники бўлади. Бу суяклар канарейка ва бошқа хонадон қушларига тумшуқларини ўткир қилиш учун берилади.
Шу ҳисобга олинмаса, биз каракатица ҳақида ҳеч нарса билмаймиз. Каракатица — балиқ эмас, моллюска. Улар моллюскаларнинг «бошоёқли» гуруҳига мансуб. Бундай аталишига пайпаслагичлари ёки оёқларининг оғиз атрофида жойлашгани сабаб бўлган. Бу гуруҳга саккизоёқлар ҳам киради.
Каракатица анчайин ғаройиб мавжудот. У сувда қалқонсимон баданига бириккан бир неча сузгичлари ёрдамида майин ва шовқинсиз ҳаракатланади. Баъзан, ҳаракатланаётган пайти у пайпаслагичларининг биринчи жуфтини кўтаради. Каракатица ўлжасига яқин бориб, кутилмаганда чақчайган кўзлари ортидаги хумдай бошида жойлашган қорнидан иккита узун пайпаслагичини отади.
У ўлжасини пайпаслагичлари учидаги сўрғичлари билан ўзига томон, боши атрофида жойлашган бошқа, калтароқ сўргичли пайпаслагичлари етадиган масофагача тортиб келади. Каракатицаларнинг тўтиқушникига ўхшаган тумшуғи ҳам бор; агар ўлжасининг чиғаноғи қаттиқ бўлса, у тумшуғи билан чиғаноқни ёради.
Бордию каракатицанинг ўзи бирор хавфдан қочиб қутулмоқчи бўлса, у бунинг уддасидан чиқа олади. У бунга «сифон» деб аталмиш найидан сувни тез чиқариб ташлаш эвазига эришади. Айрим ҳолларда, у душманига фириб бермоқчи бўлса, сувни «сепия» деб аталадиган тўқ жигарранг суюқлиги билан лойқалатади.
Айтганча, мана шу сепиядан инсон ҳам фойдаланади: ундан тўйинтирилган жигарранг пигмент ёки бўёвчи модда олинади. Каракатица гўштини қуритиб истеъмол қилиш мумкин, каракатица териси тагидаги чиғаноқ суягига ўхшаш суяги ун қилинади ва тиш пасталарини тайёрлашда ишлатилади.