Бирор гал Атлантика океани соҳилларида, сувнинг пасайиш пайти сайр қилишингизга тўғри келса, ажойиб манзаранинг гувоҳи бўлишингиз мумкин. Саёз жойларда минглаб қора чиғаноқлар ётади. Уларни мидиялар дейишади.
Мидиялар кўп жиҳатдан қўштабақали моллюскаларга ўхшайди. Аммо уларнинг ажралиб турадиган бир хусусияти бор: улар ҳар хил нарсаларга, масалан, қояларга, бошқа чиғаноқларга ва қумларга ёпишиб қолади. Бу мидиянинг ўткир учида, «оёғида»ги безларидан ажралиб чиқадиган ва ип боғламига ўхшаш — «биссус» деб аталмиш мосламаси ёрдамида бажарилади.
Мидиялар қўштабақали, яъни икки табақали чиғаноқлардир. Бироқ устрицалардан фарқли ўлароқ, уларнинг табақаларни бирлаштириб турадиган мушаклари йўқ. Мидиянинг сирти устрицаларникидай ғадир-будур эмас, силлиқ.
Чучук сувда яшовчи мидияларнинг биссуси йўқ, шунинг учун ҳам улар қояларга ёпиша олмайди. Мидиялар пардевор билан иккига — устки ва пастки қисмларга бўлинган сифон — найлари орқали нафас олади ҳамда овқатланади. Сув сифонлар орқали ўтаётганда жабралар ундан кислород ютиб қолади, пировардида мидия нафас олади. Сифондаги кичкина «оғзи» ёнидаги овқатни тутади.
Урчиш пайти урғочи мидиялар миллионлаб увилдуруқ қўяди. Кичкинтой мидиялар чиқиб кетмагунга қадар улар бу қора увилдуруқларни жабралари тагида олиб юради. Ажралиб чиққан личинкалар бир неча кун суза оладилар, аммо тез орада шаклланадиган чиғаноқ анчагина оғирлашиб қолади ва чуқурликка чўкади.
Мидияларнинг минглаб тури бор, бироқ икки асосий турга — денгиз ва чучук сувли мидияларга бўлинади. Денгиз мидияларининг узунлиги тахминан беш сантиметрга етади, чучук сувдагилари эса улардан катта бўлади.
Мидиялар Европада саноат аҳамиятига эга. Уларнинг чиғаноғи ички томонидаги садаф қопламаси тугма тайёрлашда ишлатилади. Чучук сувда яшовчи мидиялардан мукаммал шаклга эга бўлмаган дур олишади.