Агар сиз денгизда олти юз метр қуйига шўнғисангиз, сувости қояларида наутилуснинг чиройли бежирим бурама чиғаноқлари ёки садафдор кемачаларни кўрасиз. Улар олимлар диққатини нафақат чиройи, балки шакли билан ҳам қизиқтириб келади. Наутилус чиғаноғи елкаси томонга буралган ва кўндаланг тўсиқлар билан бир нечта ҳужраларга ажралган. Моллюсканинг ўзи энг катта ҳужайрага жойлашади, қолган ҳужралар эса газ билан тўлдирилади.
Наутилус улғайиб бораркан, чиғаноқ оғзи томонидан ўсиб борадиган яна ҳам каттароқ янги ҳужрага кўчиб ўтади. Чиғаноқнинг ички тарафи сирти садаф билан, ташқи тарафи эса ялтироқ, оқ, чиннисимон, эгик қўнғир чизиқчалар билан бежалган. Наутилуслар газга тўлдирилган чиғаноқ ҳужралари туфайли суза олади. Уларга жойланган суюқлик аста-секин наутилус танасига бириккан сифон-най орқали ҳужрадан ҳужрага ўтиб, чиқиб кетади. Наутилус ривожланган сайин унинг соф оғирлиги ошиб, чиғаноғи эса каттариб бораверади. Денгизда мувозанат сақлаб туриши учун кемача ҳужраларидаги суюқликдан халос бўлиб туради. Бу тартиб наутилуснинг оғирлигини сақлаган ҳолда чиғаноғи ўлчамининг каттариб боришига имкон яратади.
Кемачалар ҳаётининг асосий қисмини қоронғиликда ўтказишади. Агар унга чироқ қаратсангиз, дарров кўздан ғойиб бўлади. Наутилуслар «ўлаксахўр» бўлиб, денгиз тубидаги ҳайвонлар жасади ва нимталари билан озиқланади. Садафдор кемачалар Тинч океанининг ғарбий қисмида ва Ҳинд океанининг баъзи минтақаларида ҳаёт кечиради.